📅 2016-yil 27-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016-yil 27-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016 йил 27 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 октября 2016 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 October 2016 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1-СХЕМАСИ
2-СХЕМАСИ
3-СХЕМАСИ
Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида
Фуқаролар ва ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида 2014 йил декабрь ойида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг мақсади ва моҳияти, унинг ижросини амалга ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонун ижросининг қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлардаги аҳволи мақсадли ўрганилди. Хусусан, 2016 йил учун тасдиқланган иш режа асосида «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотларда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор шаҳар ва туманлар ҳокимликларида мақсадли ўрганишлар амалга оширилди.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш масаласи танқидий муҳокама этиб борилган, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган, уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган ва ҳақли талаблари қаноатлантирилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўрилган.
Шу билан бирга, таҳлиллар натижаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
2016 йилнинг 9 ойида республикадаги барча давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 338,2 мингта мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпайган. Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасида мурожаатлар сони — 16,3 мингтани, вилоят ҳокимликларида — 50,0 мингтани, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида — 200,8 мингтани ҳамда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқарув органларида — 71,2 мингтани ташкил этган.
Ҳудудлар кесими бўйича жисмоний ва юридик шахслардан энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳар (14,8 мингта ёки 29,9%), Тошкент (5,9 мингта ёки 12,0%), Самарқанд (4,1 мингта ёки 8,3%), Андижон (3,5 мингта ёки 7,2%), Наманган (3,3 мингта ёки 6,8%), Қашқадарё (2,8 мингта ёки 5,7%) ва Сурхондарё (2,7 мингта ёки 5,6%) вилоятлари ҳокимликларига тушган.
Вазирлик, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларига келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми Адлия (10,0 мингта), Меҳнат (4,4 мингта), Молия (3,8 мингта), Халқ таълими (2,1 мингта) вазирликларига, Давлат солиқ (6,2 мингта), Давлат рақобат (3,7 мингта) қўмиталарига, «Ўзтрансгаз» (4,3 мингта), «Ўзавтосаноат» (3,1 мингта) компанияларига тўғри келган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг аксарият мурожаатларида маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларнинг бевосита ваколатларига дахлдор бўлган масалалар кўтарилган бўлиб, уларнинг тизимида йўл қўйилаётган айрим муаммо ва камчиликлар, мурожаатларни ўз вақтида қонуний кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида важлари кўрсатилган.
Вилоятлар ҳокимликларига банк — кредит масалалари бўйича мурожаатлар (2,4 бараварга), маҳалла (58,7 фоиз), ички ишлар (48,5 фоиз), нафақа (48,0 фоиз), агросаноат инфратузилмаси (46,2 фоиз), тадбиркорликни ривожлантириш (34,6 фоиз), давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишлари (32,8 фоиз), халқ таълими (26,0 фоиз), иш, иш ҳақи (21,3 фоиз), соғлиқни сақлаш (16,6 фоиз), маданият ишлари, оила (ҳар бири 16,0 фоиз), олий ва ўрта махсус таълим (10,0 фоиз), қурилиш (9,0 фоиз), уй-жой ва ер олиш (7,0 фоиз), ёқилғи-энергетика (6,4 фоиз) ошган.
Маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларда мурожаатларни кўриб чиқишнинг аҳволини ўрганиш натижалари, ҳақиқатан ҳам жойларда жиддий муаммолар мавжудлигини, уларнинг ечимлари ўз вақтида топилмаганлигини, мурожаатларни кўриб чиқишдек долзарб масалага раҳбарлар томонидан панжа орасидан қаралаётганлиги ҳамда масъулиятсизлик ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатди.
2016 йил 24 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига республиканинг барча ҳудудларидан жами 77,1 мингта мурожаат келиб тушган. Жумладан, ишонч телефони орқали 34,9 мингта, веб-сайт — 40,3 мингта ва ЎзЛиДеп — 1,9 мингта мурожаат қабул қилиниб, ижрога юборилган.
Жами мурожаатлардан 20,9 мингтаси вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан кўриб чиқиш жараёнида, 33,0 мингтаси ижрога юборилган, 23,2 мингтаси ҳал этилган.
Қисқа муддатда электрон қабулхонага кўп сонли мурожаатларнинг келиб тушиши жойлардаги, айниқса шаҳар ва туман миқёсидаги мутасадди раҳбарлар халқнинг таклиф ва муаммолари билан қизиқмаслигини, аксарият ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборсиз эканлигини кўрсатди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (27,0 мингта), Тошкент (10,0 мингта ), Фарғона (5,8 мингта), Қашқадарё (5,3 мингта) ва Андижон вилоятлари (4,2 мингта) фуқароларидан келиб тушган.
Жами келиб тушаётган мурожаатларни, уларда кўтарилган масалалар бўйича таҳлил қилинган, энг кўп Ички ишлар (8,6 мингта), Меҳнат (2,7 мингта), Соғлиқни сақлаш (1,2 мингта), Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари (626 та), Марказий банк ва тижорат банклари (3,4 мингта), Суд департаменти (2,0 мингта), Пенсия жамғармаси (1,6 мингта), «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси (2,2 мингта), «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси (692 та) ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятига (967 та) келиб тушганлиги аниқланди.
Хусусан, уй-жой ва ер масаласи тўғрисидаги мурожаатлар (ипотека кредити, таъмирлаш, олди-сотди, ички йўлларни таъмирлаш масалалари) — 10,8 мингта, меҳнат ва бандлик масалалари — 4,5 мингта, табиий газ, электр энергияси, ичимлик ва иссиқ сув масалалари — 4,6 мингта, таълим соҳасидаги масалалар — 2,6 мингта, фуқаролик паспорти масалалари — 1,5 мингта, соғлиқни сақлаш соҳаси масалалари — 1,4 мингта, суд жараёни, ҳуқуқ-тартибот ходимлари хатти-ҳаракатлари масаласи бўйича — 5,4 мингтани ташкил этади.
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг натижадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Ариповнинг жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши, уларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И. Абдуллаевнинг вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларида электрон қабулхонага келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
I. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали маҳаллий ҳокимлик органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича
3. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг ижроси сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги қайд этилсин.
5. Қуйидагиларга:
Тошкент шаҳар ҳокими (Усмонов)га Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан энг кўп ариза ва шикоятлар тушганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатларини асоссиз бузилишига йўл қўйганлиги;
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи (Эргашходжаев)га вилоятда яшовчи фуқаролардан меҳнат ва бандлик масаласи бўйича энг кўп мурожаатлар тушганлиги ҳамда уларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилмаганлиги;
Қашқадарё вилояти ҳокими (Рузиев)га мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларининг асоссиз чўзиб юборилганлиги, юқори турувчи давлат органларига норозилик мурожаатлари кўпайганлиги;
Андижон вилояти ҳокими (Абдурахманов)га шаҳар ва туманлар ҳокимликларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, уларга нисбатан талабчанлик етарли даражада оширилмаганлиги;
Фарғона вилояти ҳокими (Ғаниев)га электрон мурожаатлар сони ортиб бораётганлиги, уларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш юзасидан етарли даражада назорат ўрнатилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
6. Наманган вилояти Поп тумани ҳокими (Юлдашев)га электрон қабулхонага келиб тушган мурожаатларни ҳал қилишда тегишли ҳужжатларни қалбакилаштиришга йўл қўйганлиги учун ҳайфсан эълон қилинсин.
7. Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е. Каравайкинадан иссиқлик қуввати билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокими (Кадиров)га ҳайфсан эълон қилинсин ва «Тошиссиқликқуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари (Мухаммедов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари:
уч кун муддатда халқ депутатлари Кенгаши сессияларида барча масъуллар иштирокида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушаётган ҳар бир мурожаатнинг ижобий ҳал этилишини муҳокама қилиб, натижаси бўйича қабул қилган ўз қарорларини Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласинлар;
уч ҳафта муддатда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан биргаликда жойларда халқ қабулхоналарини ташкил этиш мақсадида шаҳар ва туманлар марказларида намунали кўриниш ҳамда аҳоли келишига қулай бўлган биноларни ажратиб, уларга барча шароитлар яратилишини таъминласинлар;
бир ой муддатда маҳаллий ҳокимлик тизимидаги тегишли давлат органлари билан биргаликда юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда халқ қабулхоналарининг самарали ва доимий фаолиятини ташкил этсинлар;
амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот (фото материаллар) киритсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали маҳаллий ҳокимлик органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш 1-схемаси ( 1-иловага мувофиқ) тасдиқлансин.
1-схеманинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:
Вазирлар Маҳкамасининг Ишчи гуруҳига:
келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиқиб, рўйхатга олиш, тегишли маҳаллий ҳокимликка муддатини белгилаб, назоратга олиш ва ижрога юбориш;
жавоб хати билан танишиб чиқиш ва назоратдан олиш, зарурат туғилганда мурожаатчи билан телефон орқали боғланиб, мурожаатнинг қаноатлантирилганлигига аниқлик киритиш;
қонунга хилоф равишда ечимини топмаган ёхуд кўриб чиқиш муддати бузилган мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига маълумот киритиш;
мурожаатларни рўйхатга олиш, масалалар кесимида таҳлили ва назоратини юритиш бўйича электрон базани шакллантириш;
таҳлилий маълумотларни шакллантириб, тегишли Комплекс раҳбарларига, Бош вазирга ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига муҳокама учун киритиш.
Маҳаллий ҳокимлик органларига:
мурожаатни бевосита кўриб чиқиш ёки тегишлиги бўйича шаҳар ва туманлар ҳокимликларига, шунингдек ҳудудий идораларга биринчи раҳбар резолюцияси билан назоратга олиш ва ижрога юбориш;
мурожаат тегишли ташкилотларга юборилганлиги тўғрисида мурожаат этувчини ёзма ёхуд электрон шаклда хабардор қилиш;
мурожаатларни кўриб чиқиш ва натижаси бўйича жавоб хатини Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига ва мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон (далолатнома) шаклда юбориш;
қўшимча ўрганиш ва текшириш талаб этилган ҳолатларда, мурожаат этувчини хабардор қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига мурожаат этувчига муддатини узайтириш юзасидан электрон қабулхона тизими орқали сўров жўнатиш.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабулларни ташкил қилиш чораларини кўрсинлар , бунда:
жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг муаммолари ва эътирозларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш;
аҳоли ва тадбиркорлар томонидан мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасигача олиб чиқмаслик мақсадида ўзларининг веб-сайтлари ва ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш тизимини тубдан яхшилаш;
фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида мурожаатлар статистикасининг таҳлили асосида тегишли давлат хизматларини интерактив кўринишга ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига киритишни таъминласинлар.
11. Аҳоли ва тадбиркорларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларида кўтарилган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ўтказишнинг муҳим вазифаларидан бири эканлигини инобатга олиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (Мирзахидов):
ҳудудларда ташкил этиладиган халқ қабулхоналарини тегишли замонавий компьютер техника жиҳозлари билан таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига улаш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилишининг доимий назоратини ўрнатиш мақсадида шаҳар ва туман прокуратура органларига тегишли замонавий компьютер техника жиҳозларини ажратиш чораларини кўрсин.
II. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали вазирлик ва идораларга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича
12. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш вазирлик ва идораларнинг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали вазирлик ва идораларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг ижроси сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги қайд этилсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари (Худаяров)га Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига Урганч ва Қўнғирот туманларида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари Ю. Жуманиёзова ва Д. Махмуровалардан келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда сансалорликка йўл қўйганлиги учун ҳайфсан эълон қилинсин.
15. Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори (Султанов)га Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи М. Ходжаханова фарзанди 14 ёшидан бери оёғида металл протез билан юришини ва ҳар йили комиссия кўригидан ўтиш жуда оғирлигини кўрсатиб, доимий ногиронлик масаласини ҳал этишда ёрдам сўраб қилган мурожаатини узил-кесил ҳал қилиш ўрнига расмиятчилик билан жавоб берганлиги учун ҳайфсан эълон қилинсин.
16. Меҳнат вазири (Абдухакимов) Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи У. Маированинг мурожаатини телефон орқали боғланиш имкони бўлмаганлиги баҳонаси билан аноним деб топилишига сабабчи бўлган ҳамда масалани узил-кесил ҳал қилиш чорасини кўрмаган вазирлик масъул ходимини аниқлаш бўйича хизмат текшируви ўтказсин ва айбдор масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилсин.
17. Халқ таълими вазири (Иноятов) фуқаро Ф. Ҳакимованинг Тошкент шаҳар 111-сон мактабгача таълим муассасасидан асоссиз ишдан бўшатилганлиги, унинг ўрнига сохта дипломга эга бўлган Ш. Жабборова ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқишда унинг дипломи қалбакилиги тўғрисидаги важи ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилмаганлиги ҳамда етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмаганлиги ҳолати юзасидан хизмат текшируви ўтказсин ва айбдор масъул ходимга нисбатан тегишли интизомий жазо чорасини қўлласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали вазирлик ва идораларга келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш 2-схемаси ( 2-иловага мувофиқ) тасдиқлансин.
2-схеманинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:
Вазирлар Маҳкамасининг Ишчи гуруҳига:
келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиқиб, рўйхатга олиш, тегишли вазирлик ва идораларга муддатини белгилаб, назоратга олиш ва ижрога юбориш;
жавоб хати билан танишиб чиқиш ва назоратдан олиш, зарурат туғилганда мурожаатчи билан телефон орқали боғланиб, мурожаатнинг қаноатлантирилганлигига аниқлик киритиш;
қонунга хилоф равишда ечимини топмаган ёхуд кўриб чиқиш муддати бузилган мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига маълумот киритиш;
мурожаатларни рўйхатга олиш, масалалар кесимида таҳлили ва назоратини юритиш бўйича электрон базани шакллантириш;
таҳлилий маълумотларни шакллантириб, тегишли Комплекс раҳбарларига, Бош вазирга ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига муҳокама учун киритиш.
Вазирлик ва идораларга:
мурожаатни бевосита кўриб чиқиш ёки тегишлиги бўйича ҳудудий бошқармалар, бўлимлар, бошқа ташкилотларга биринчи раҳбар резолюцияси билан назоратга олиш ва ижрога юбориш;
мурожаат тегишли ташкилотларга юборилганлиги тўғрисида мурожаат этувчини ёзма ёхуд электрон шаклда хабардор қилиш;
мурожаатларни кўриб чиқиш ва натижаси бўйича жавоб хатини Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига ва мурожаатчига ёзма ёхуд электрон (далолатнома) шаклда юбориш;
қўшимча ўрганиш ва текшириш талаб этилган ҳолларда, мурожаат этувчини хабардор қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига мурожаат муддатини узайтириш юзасидан тизим орқали сўров жўнатиш.
19. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабулларни ташкил қилиш чораларини кўрсинлар, бунда:
жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг муаммолари ва эътирозларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш;
аҳоли ва тадбиркорлар томонидан мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасигача олиб чиқмаслик мақсадида ўзларининг веб-сайтлари ва ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш тизимини тубдан яхшилаш;
фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида мурожаатлар статистикасининг таҳлили асосида тегишли давлат хизматларини интерактив кўринишга ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига киритиш чораларини кўрсинлар.
IIа. Вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларида мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш
20. Ички ишлар (Ахмедбаев), Соғлиқни сақлаш (Алимов), Меҳнат (Абдухакимов), Олий ва ўрта махсус таълим (Қосимов), Адлия (Икрамов) вазирликлари, Марказий банк (Муллажонов) ва тижорат банклари, «Ўзтрансгаз» АК (Махмудов), «Ўзбекэнерго» АЖ (Саломов), Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси (Султанов), «Ўзавтосаноат» АК (Азимов):
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашга қаратилган ҳайъат йиғилишларини ўтказсинлар;
аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларини кескин камайтириш мақсадида уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганган ҳолда, муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига ўз таклифларини киритилишини таъминласинлар.
21. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Қосимов) ўн кун муддатда республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига тест синовларида қатнашиб, талабаликка қабул қилиниш учун етарли балл тўплай олмаган абитуриентлардан келиб тушаётган мурожаатлар сони кўпайиб бораётганлигини эътиборга олган ҳолда улар учун ҳар бир олий таълим муассасасида таълим йўналишларига мос тайёрлов курсларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.
22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтрансгаз» АК (Махмудов), «Ўзбекэнерго» АЖ (Саломов) билан биргаликда қиш мавсуми арафасида аҳолидан тушаётган мурожаатларни зудлик билан жойига чиқиб, ҳал этилишини таъминлаш мақсадида бир ҳафта муддатда махсус гуруҳлар фаолиятини ташкил этсинлар.
23. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликларида ташкил этилган раҳбарларнинг шахсий қабулларини марказий ва ҳудудий телеканалларида тизимли ёритиб борилишини таъминласин.
III. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни назоратга олиш ва ҳисоботини юритиш бўйича
24. «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари аппаратлари, Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати, АТД ва бошқа таркибий бўлинмаларининг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблансин.
25. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали Бош вазир ва унинг ўринбосарлари аппаратлари, Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати, АТД ва бошқа таркибий бўлинмаларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг ижросини сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги қайд этилсин.
26. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш ва ҳисоботини юритиш бўйича 3-схема ( 3-иловага мувофиқ) тасдиқлансин.
3-схеманинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:
Вазирлар Маҳкамасининг Ишчи гуруҳига:
келиб тушган мурожаатни ўрганиб чиқиб, рўйхатга олиш, тегишли ахборот-таҳлил департаментларига муддатини белгилаб, назоратга олиш ва ижрога юбориш;
жавоб хати билан танишиб чиқиш ва назоратдан олиш, зарурат туғилганда мурожаат этувчи билан телефон орқали боғланиб, мурожаатнинг қаноатлантирилганлигига аниқлик киритиш;
мурожаатларни рўйхатга олиш, масалалар кесимида таҳлили ва назоратини юритиш бўйича электрон базани шакллантириш.
Бош вазир ва унинг ўринбосарлари аппаратлари, Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати, АТД ва бошқа таркибий бўлинмаларга:
жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш, мурожаатларни бевосита кўриб чиқиш, Комплекс раҳбарига маълумот бериб, тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимликларга Бош вазир ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамасининг аппарати бошқарувчиси, Бош вазир аппарати раҳбари, АТД ва бошқа таркибий бўлинма раҳбарлари резолюцияси билан ижрога юбориш ва назоратга олиш;
мурожаатни кўриб чиқилаётганлиги ёки тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимликларга юборилганлиги тўғрисида мурожаат этувчини ёзма ёхуд электрон шаклда хабардор қилиш;
мурожаатларни кўриб чиқиш ва натижаси бўйича жавоб хатини Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига ва мурожаатчига ёзма ёхуд электрон шаклда юбориш;
қўшимча ўрганиш ва текшириш талаб этилган ҳолатларда, мурожаат этувчини хабардор қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳига мурожаат муддатини узайтириш юзасидан тизим орқали сўров жўнатиш.
Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратига:
Вазирлар Маҳкамаси Ишчи гуруҳи маълумотлари асосида таҳлилий маълумот, мурожаатларни доимий назоратини тизимли олиб борилиши аҳволи ва электрон қабулхонани ривожлантириш таклифлари билан бирга таҳлилий маълумотларни шакллантириб, тегишли Комплекс раҳбарларига, Бош вазирга ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига муҳокама учун киритиш.
27. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими (Мирзаев) уч кун муддатда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларининг, Ахборот-таҳлил департаменти мудирларининг жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалларини тайёрласин ва тасдиқлаш учун киритсин.
28. Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари департаменти (Содиқов), Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими (Мирзаев), Йиғма ахборот-таҳлил департаменти (Боқиев, Тошпўлатов):
ахборот-таҳлил департаментлари билан биргаликда вазирлик, идора, маҳаллий ҳокимликларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг аҳволини мунтазам таҳлил қилиб борсин;
тизимли равишда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликларда мақсадли ўрганишлар ўтказсин ва уларга амалий ёрдамлар кўрсатсин.
29. Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот таъминоти ва компьютер тизимлари бўлими (Караханов) ахборот-таҳлил департаментлари мудирлари билан биргаликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг масъул ходимларини барча давлат ахборот ресурсларига (расмий веб-сайтларга) уланиш имкониятини таъминласин.
30. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари:
ҳар ҳафта якуни бўйича ўзлари масъул бўлган вазирлик, идора, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг йиғилишларида мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини муҳокама этиб бориш ва тегишли чоралар кўриш юзасидан назорат ўрнатсин;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонун талабларининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриб борсин;
мурожаатларда кўтарилган масалаларни доимий таҳлили асосида иқтисодиёт соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминласин.
31. Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратурасига (Абдуллаев):
республика ҳудудларидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларни тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш назоратини таъминлаш учун вилоят, шаҳар ва туман прокурорларини жалб этиш;
аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлардаги масалалар юзасидан қайта мурожаатлар келиб тушган ҳолатда, такрорий мурожаатга йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш тавсия этилсин.
32. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (Арипов), Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (Абдуллаев) Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари департаменти (Содиқов), Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими (Мирзаев), Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси (Тойчиев) билан биргаликда прокурорлар раҳбарлигида ҳудудларда тузилган ишчи гуруҳлар билан доимий узвий алоқада бўлиб, улар томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан 2016 йил якунига қадар ҳафталик ахборот бериб борсин.
33. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (Арипов)га қабул қилинган схемаларга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш механизмларини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштиришни таъминлаш юзасидан жорий йилнинг 15 ноябрида селектор мажлисини ўтказиш чораларини кўрсин.
34. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Аппарати бошқарувчиси (Абдуқодиров) зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги 366-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали маҳаллий ҳокимликларга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги 366-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали вазирлик ва идораларга келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги 366-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни назоратга олиш ва ҳисоботини юритишнинг
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 27 октябрь,
366-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
1-SXEMASI
2-SXEMASI
3-SXEMASI
Vazirlik va idoralar, xoʻjalik birlashmalari rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, shahar va tumanlari hokimlarining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonun talablarini soʻzsiz bajarish yuzasidan javobgarligi toʻgʻrisida
Fuqarolar va tashkilotlarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha davlat organlarining masʼuliyatini oshirish maqsadida 2014-yil dekabr oyida “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni qabul qilindi. Qonunning maqsadi va mohiyati, uning ijrosini amalga oshirish boʻyicha bir qator chora-tadbirlar belgilandi.
Vazirlar Mahkamasi tomonidan ushbu Qonun ijrosining qator vazirlik va idoralar, mahalliy hokimliklardagi ahvoli maqsadli oʻrganildi. Xususan, 2016-yil uchun tasdiqlangan ish reja asosida “Oʻzstandart” agentligi, “Oʻzneftmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi, Oʻzbekiston avtomobil va daryo transporti agentligi, Oʻrta maxsus kasb-hunar taʼlimi markazi, Oziq-ovqat sanoati korxonalari uyushmasi va ularning tizimidagi tashkilotlarda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Toshkent shahar hokimligi hamda qator shahar va tumanlar hokimliklarida maqsadli oʻrganishlar amalga oshirildi.
Vazirlik va idoralar, mahalliy hokimliklarda murojaatlar bilan ishlash masalasi tanqidiy muhokama etib borilgan, jismoniy shaxslar va yuridik shaxslarning vakillari qabul qilingan, ularning murojaatlari koʻrib chiqilgan va haqli talablari qanoatlantirilgan hamda tegishli chora-tadbirlar koʻrilgan.
Shu bilan birga, tahlillar natijasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, shahar va tumanlar hokimliklari, vazirliklar, idoralar va xoʻjalik boshqaruvi organlari tizimida jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash borasida jiddiy kamchiliklar mavjudligini koʻrsatdi.
2016-yilning 9 oyida respublikadagi barcha davlat organlari va mahalliy hokimliklarga jismoniy va yuridik shaxslardan jami 338,2 mingta murojaatlar kelib tushgan boʻlib, oʻtgan yilning mos davriga nisbatan 3,1 foizga koʻpaygan. Shu jumladan, Vazirlar Mahkamasida murojaatlar soni — 16,3 mingtani, viloyat hokimliklarida — 50,0 mingtani, shahar va tumanlar hokimliklarida — 200,8 mingtani hamda vazirliklar, idoralar va xoʻjalik boshqaruv organlarida — 71,2 mingtani tashkil etgan.
Hududlar kesimi boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslardan eng koʻp murojaatlar Toshkent shahar (14,8 mingta yoki 29,9%), Toshkent (5,9 mingta yoki 12,0%), Samarqand (4,1 mingta yoki 8,3%), Andijon (3,5 mingta yoki 7,2%), Namangan (3,3 mingta yoki 6,8%), Qashqadaryo (2,8 mingta yoki 5,7%) va Surxondaryo (2,7 mingta yoki 5,6%) viloyatlari hokimliklariga tushgan.
Vazirlik, idoralar va xoʻjalik boshqaruvi organlariga kelib tushgan murojaatlarning asosiy qismi Adliya (10,0 mingta), Mehnat (4,4 mingta), Moliya (3,8 mingta), Xalq taʼlimi (2,1 mingta) vazirliklariga, Davlat soliq (6,2 mingta), Davlat raqobat (3,7 mingta) qoʻmitalariga, “Oʻztransgaz” (4,3 mingta), “Oʻzavtosanoat” (3,1 mingta) kompaniyalariga toʻgʻri kelgan.
Jismoniy va yuridik shaxslarning aksariyat murojaatlarida mahalliy hokimliklar, vazirliklar va idoralarning bevosita vakolatlariga daxldor boʻlgan masalalar koʻtarilgan boʻlib, ularning tizimida yoʻl qoʻyilayotgan ayrim muammo va kamchiliklar, murojaatlarni oʻz vaqtida qonuniy koʻrib chiqilmaganligi toʻgʻrisida vajlari koʻrsatilgan.
Viloyatlar hokimliklariga bank — kredit masalalari boʻyicha murojaatlar (2,4 baravarga), mahalla (58,7 foiz), ichki ishlar (48,5 foiz), nafaqa (48,0 foiz), agrosanoat infratuzilmasi (46,2 foiz), tadbirkorlikni rivojlantirish (34,6 foiz), davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari ishlari (32,8 foiz), xalq taʼlimi (26,0 foiz), ish, ish haqi (21,3 foiz), sogʻliqni saqlash (16,6 foiz), madaniyat ishlari, oila (har biri 16,0 foiz), oliy va oʻrta maxsus taʼlim (10,0 foiz), qurilish (9,0 foiz), uy-joy va yer olish (7,0 foiz), yoqilgʻi-energetika (6,4 foiz) oshgan.
Mahalliy hokimliklar, vazirliklar va idoralarda murojaatlarni koʻrib chiqishning ahvolini oʻrganish natijalari, haqiqatan ham joylarda jiddiy muammolar mavjudligini, ularning yechimlari oʻz vaqtida topilmaganligini, murojaatlarni koʻrib chiqishdek dolzarb masalaga rahbarlar tomonidan panja orasidan qaralayotganligi hamda masʼuliyatsizlik va sansalorlik holatlariga yoʻl qoʻyilganligini koʻrsatdi.
2016-yil 24-sentabrdan boshlab aholi va tadbirkorlar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga respublikaning barcha hududlaridan jami 77,1 mingta murojaat kelib tushgan. Jumladan, ishonch telefoni orqali 34,9 mingta, veb-sayt — 40,3 mingta va OʻzLiDep — 1,9 mingta murojaat qabul qilinib, ijroga yuborilgan.
Jami murojaatlardan 20,9 mingtasi vazirlik va idoralar, mahalliy hokimlik organlari tomonidan koʻrib chiqish jarayonida, 33,0 mingtasi ijroga yuborilgan, 23,2 mingtasi hal etilgan.
Qisqa muddatda elektron qabulxonaga koʻp sonli murojaatlarning kelib tushishi joylardagi, ayniqsa shahar va tuman miqyosidagi mutasaddi rahbarlar xalqning taklif va muammolari bilan qiziqmasligini, aksariyat hollarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga eʼtiborsiz ekanligini koʻrsatdi.
Hududlar kesimida eng koʻp murojaatlar Toshkent shahri (27,0 mingta), Toshkent (10,0 mingta ), Fargʻona (5,8 mingta), Qashqadaryo (5,3 mingta) va Andijon viloyatlari (4,2 mingta) fuqarolaridan kelib tushgan.
Jami kelib tushayotgan murojaatlarni, ularda koʻtarilgan masalalar boʻyicha tahlil qilingan, eng koʻp Ichki ishlar (8,6 mingta), Mehnat (2,7 mingta), Sogʻliqni saqlash (1,2 mingta), Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirliklari (626 ta), Markaziy bank va tijorat banklari (3,4 mingta), Sud departamenti (2,0 mingta), Pensiya jamgʻarmasi (1,6 mingta), “Oʻztransgaz” aksiyadorlik kompaniyasi (2,2 mingta), “Oʻzavtosanoat” aksiyadorlik kompaniyasi (692 ta) va “Oʻzbekenergo” aksiyadorlik jamiyatiga (967 ta) kelib tushganligi aniqlandi.
Xususan, uy-joy va yer masalasi toʻgʻrisidagi murojaatlar (ipoteka krediti, taʼmirlash, oldi-sotdi, ichki yoʻllarni taʼmirlash masalalari) — 10,8 mingta, mehnat va bandlik masalalari — 4,5 mingta, tabiiy gaz, elektr energiyasi, ichimlik va issiq suv masalalari — 4,6 mingta, taʼlim sohasidagi masalalar — 2,6 mingta, fuqarolik pasporti masalalari — 1,5 mingta, sogʻliqni saqlash sohasi masalalari — 1,4 mingta, sud jarayoni, huquq-tartibot xodimlari xatti-harakatlari masalasi boʻyicha — 5,4 mingtani tashkil etadi.
“Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablaridan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushayotgan murojaatlarni koʻrib chiqishda yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish, murojaatlar bilan ishlashning natijadorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A. Aripovning jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushgan murojaatlarning koʻrib chiqilishi, ularda koʻtarilgan masalalarning hal etilishi yuzasidan amalga oshirilayotgan ishlari toʻgʻrisidagi axboroti maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasining Bosh prokurori I. Abdullayevning vazirlik, idoralar va mahalliy hokimliklarida elektron qabulxonaga kelib tushgan jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish jarayonida yoʻl qoʻyilayotgan kamchiliklar toʻgʻrisidagi axboroti maʼlumot uchun qabul qilinsin.
I. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali mahalliy hokimlik organlariga kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish boʻyicha
3. “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablarini soʻzsiz va oʻz vaqtida bajarish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, shaharlar va tumanlar hokimliklarining asosiy vazifalaridan biri deb hisoblansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, shaharlar va tumanlar hokimliklariga jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushgan murojaatlarning ijrosi soʻzsiz bajarilishini taʼminlash va yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish yuzasidan amalga oshirilgan ishlari yetarli darajada tashkil etilmaganligi qayd etilsin.
5. Quyidagilarga:
Toshkent shahar hokimi (Usmonov)ga Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga aholi va tadbirkorlardan eng koʻp ariza va shikoyatlar tushganligi, murojaatlarni koʻrib chiqish va hal etish muddatlarini asossiz buzilishiga yoʻl qoʻyganligi;
Toshkent viloyati hokimi vazifasini bajaruvchi (Ergashxodjayev)ga viloyatda yashovchi fuqarolardan mehnat va bandlik masalasi boʻyicha eng koʻp murojaatlar tushganligi hamda ularning oʻz vaqtida va sifatli koʻrib chiqilmaganligi;
Qashqadaryo viloyati hokimi (Ruziyev)ga murojaatlarni koʻrib chiqish muddatlarining asossiz choʻzib yuborilganligi, yuqori turuvchi davlat organlariga norozilik murojaatlari koʻpayganligi;
Andijon viloyati hokimi (Abduraxmanov)ga shahar va tumanlar hokimliklarida jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash talab darajasida tashkil etilmaganligi, ularga nisbatan talabchanlik yetarli darajada oshirilmaganligi;
Fargʻona viloyati hokimi (Gʻaniyev)ga elektron murojaatlar soni ortib borayotganligi, ularni belgilangan muddatlarda koʻrib chiqish yuzasidan yetarli darajada nazorat oʻrnatilmaganligi koʻrsatib oʻtilsin.
6. Namangan viloyati Pop tumani hokimi (Yuldashev)ga elektron qabulxonaga kelib tushgan murojaatlarni hal qilishda tegishli hujjatlarni qalbakilashtirishga yoʻl qoʻyganligi uchun hayfsan eʼlon qilinsin.
7. Toshkent shahar Mirobod tumanida istiqomat qiluvchi fuqaro E. Karavaykinadan issiqlik quvvati bilan taʼminlash masalasida kelib tushgan murojaatni koʻrib chiqishda yoʻl qoʻygan kamchiliklari uchun Mirobod tumani hokimi (Kadirov)ga hayfsan eʼlon qilinsin va “Toshissiqlikquvvati” ishlab chiqarish birlashmasi Mirobod tumani filiali rahbari (Muxammedov) egallab turgan lavozimidan ozod etilsin.
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat, shahar va tuman hokimliklari:
uch kun muddatda xalq deputatlari Kengashi sessiyalarida barcha masʼullar ishtirokida “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga kelib tushayotgan har bir murojaatning ijobiy hal etilishini muhokama qilib, natijasi boʻyicha qabul qilgan oʻz qarorlarini Vazirlar Mahkamasiga kiritilishini taʼminlasinlar;
uch hafta muddatda Oʻzbekiston Liberal-demokratik partiyasi bilan birgalikda joylarda xalq qabulxonalarini tashkil etish maqsadida shahar va tumanlar markazlarida namunali koʻrinish hamda aholi kelishiga qulay boʻlgan binolarni ajratib, ularga barcha sharoitlar yaratilishini taʼminlasinlar;
bir oy muddatda mahalliy hokimlik tizimidagi tegishli davlat organlari bilan birgalikda yuqori malakali mutaxassislarni jalb qilgan holda xalq qabulxonalarining samarali va doimiy faoliyatini tashkil etsinlar;
amalga oshirilgan ishlar yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga axborot (foto materiallar) kiritsinlar.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali mahalliy hokimlik organlariga kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish 1-sxemasi ( 1-ilovaga muvofiq) tasdiqlansin.
1-sxemaning asosiy vazifalari sifatida quyidagilar belgilansin:
Vazirlar Mahkamasining Ishchi guruhiga:
kelib tushgan murojaatni oʻrganib chiqib, roʻyxatga olish, tegishli mahalliy hokimlikka muddatini belgilab, nazoratga olish va ijroga yuborish;
javob xati bilan tanishib chiqish va nazoratdan olish, zarurat tugʻilganda murojaatchi bilan telefon orqali bogʻlanib, murojaatning qanoatlantirilganligiga aniqlik kiritish;
qonunga xilof ravishda yechimini topmagan yoxud koʻrib chiqish muddati buzilgan murojaatlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasiga maʼlumot kiritish;
murojaatlarni roʻyxatga olish, masalalar kesimida tahlili va nazoratini yuritish boʻyicha elektron bazani shakllantirish;
tahliliy maʼlumotlarni shakllantirib, tegishli Kompleks rahbarlariga, Bosh vazirga va Vazirlar Mahkamasi Rayosatiga muhokama uchun kiritish.
Mahalliy hokimlik organlariga:
murojaatni bevosita koʻrib chiqish yoki tegishligi boʻyicha shahar va tumanlar hokimliklariga, shuningdek hududiy idoralarga birinchi rahbar rezolyutsiyasi bilan nazoratga olish va ijroga yuborish;
murojaat tegishli tashkilotlarga yuborilganligi toʻgʻrisida murojaat etuvchini yozma yoxud elektron shaklda xabardor qilish;
murojaatlarni koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha javob xatini Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga va murojaat etuvchiga yozma yoxud elektron (dalolatnoma) shaklda yuborish;
qoʻshimcha oʻrganish va tekshirish talab etilgan holatlarda, murojaat etuvchini xabardor qilgan holda Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga murojaat etuvchiga muddatini uzaytirish yuzasidan elektron qabulxona tizimi orqali soʻrov joʻnatish.
10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat, shahar va tuman hokimliklari aholi va tadbirkorlar uchun kunlik soat 8 dan 11 gacha shaxsiy qabullarni tashkil qilish choralarini koʻrsinlar , bunda:
joylarda aholi va tadbirkorlik subyektlari bilan ishlashni tubdan qayta koʻrib chiqish, ularning muammolari va eʼtirozlarini joyida hal etish, aholi bilan ishlash madaniyatini oshirish;
aholi va tadbirkorlar tomonidan murojaatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasigacha olib chiqmaslik maqsadida oʻzlarining veb-saytlari va ishonch telefonlari orqali murojaat qilish tizimini tubdan yaxshilash;
fuqarolar tomonidan davlat xizmatlaridan foydalanishni osonlashtirish maqsadida murojaatlar statistikasining tahlili asosida tegishli davlat xizmatlarini interaktiv koʻrinishga oʻtkazish boʻyicha takliflarni ishlab chiqib, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligiga kiritishni taʼminlasinlar.
11. Aholi va tadbirkorlarning ogʻzaki va yozma murojaatlarida koʻtarilgan ijtimoiy-iqtisodiy masalalarni oʻz vaqtida va qonuniy hal etilishini taʼminlash, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti saylovini yuqori saviyada oʻtkazishning muhim vazifalaridan biri ekanligini inobatga olib, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarni rivojlantirish vazirligi (Mirzaxidov):
hududlarda tashkil etiladigan xalq qabulxonalarini tegishli zamonaviy kompyuter texnika jihozlari bilan taʼminlash va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga ulash;
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga kelib tushayotgan murojaatlar belgilangan tartibda koʻrib chiqilishining doimiy nazoratini oʻrnatish maqsadida shahar va tuman prokuratura organlariga tegishli zamonaviy kompyuter texnika jihozlarini ajratish choralarini koʻrsin.
II. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali vazirlik va idoralarga kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish boʻyicha
12. “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablarini soʻzsiz va oʻz vaqtida bajarish vazirlik va idoralarning asosiy vazifalaridan biri deb hisoblansin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali vazirlik va idoralarga jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushayotgan murojaatlarning ijrosi soʻzsiz bajarilishini taʼminlash va yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish yuzasidan amalga oshirilgan ishlari yetarli darajada tashkil etilmaganligi qayd etilsin.
14. Sogʻliqni saqlash vazirining birinchi oʻrinbosari (Xudayarov)ga Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga Urganch va Qoʻngʻirot tumanlarida yashovchi 1-guruh nogironlari Y. Jumaniyozova va D. Maxmurovalardan kelib tushgan murojaatlarni hal etishda sansalorlikka yoʻl qoʻyganligi uchun hayfsan eʼlon qilinsin.
15. Moliya vazirligi huzuridagi Pensiya jamgʻarmasi ijro etuvchi direktori (Sultanov)ga Toshkent shahar Shayxontohur tumanida yashovchi M. Xodjaxanova farzandi 14 yoshidan beri oyogʻida metall protez bilan yurishini va har yili komissiya koʻrigidan oʻtish juda ogʻirligini koʻrsatib, doimiy nogironlik masalasini hal etishda yordam soʻrab qilgan murojaatini uzil-kesil hal qilish oʻrniga rasmiyatchilik bilan javob berganligi uchun hayfsan eʼlon qilinsin.
16. Mehnat vaziri (Abduxakimov) Andijon viloyati Shahrixon tumanida yashovchi U. Mairovaning murojaatini telefon orqali bogʻlanish imkoni boʻlmaganligi bahonasi bilan anonim deb topilishiga sababchi boʻlgan hamda masalani uzil-kesil hal qilish chorasini koʻrmagan vazirlik masʼul xodimini aniqlash boʻyicha xizmat tekshiruvi oʻtkazsin va aybdor masʼul xodim bilan tuzilgan mehnat shartnomasini bekor qilsin.
17. Xalq taʼlimi vaziri (Inoyatov) fuqaro F. Hakimovaning Toshkent shahar 111-son maktabgacha taʼlim muassasasidan asossiz ishdan boʻshatilganligi, uning oʻrniga soxta diplomga ega boʻlgan Sh. Jabborova ishga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi murojaatini koʻrib chiqishda uning diplomi qalbakiligi toʻgʻrisidagi vaji huquqiy baho berish uchun huquqni muhofaza qilish organlariga yuborilmaganligi hamda yetkazilgan zararni undirish choralari koʻrilmaganligi holati yuzasidan xizmat tekshiruvi oʻtkazsin va aybdor masʼul xodimga nisbatan tegishli intizomiy jazo chorasini qoʻllasin.
18. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali vazirlik va idoralarga kelib tushadigan murojaatlarni koʻrib chiqish 2-sxemasi ( 2-ilovaga muvofiq) tasdiqlansin.
2-sxemaning asosiy vazifalari sifatida quyidagilar belgilansin:
Vazirlar Mahkamasining Ishchi guruhiga:
kelib tushgan murojaatni oʻrganib chiqib, roʻyxatga olish, tegishli vazirlik va idoralarga muddatini belgilab, nazoratga olish va ijroga yuborish;
javob xati bilan tanishib chiqish va nazoratdan olish, zarurat tugʻilganda murojaatchi bilan telefon orqali bogʻlanib, murojaatning qanoatlantirilganligiga aniqlik kiritish;
qonunga xilof ravishda yechimini topmagan yoxud koʻrib chiqish muddati buzilgan murojaatlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasiga maʼlumot kiritish;
murojaatlarni roʻyxatga olish, masalalar kesimida tahlili va nazoratini yuritish boʻyicha elektron bazani shakllantirish;
tahliliy maʼlumotlarni shakllantirib, tegishli Kompleks rahbarlariga, Bosh vazirga va Vazirlar Mahkamasi Rayosatiga muhokama uchun kiritish.
Vazirlik va idoralarga:
murojaatni bevosita koʻrib chiqish yoki tegishligi boʻyicha hududiy boshqarmalar, boʻlimlar, boshqa tashkilotlarga birinchi rahbar rezolyutsiyasi bilan nazoratga olish va ijroga yuborish;
murojaat tegishli tashkilotlarga yuborilganligi toʻgʻrisida murojaat etuvchini yozma yoxud elektron shaklda xabardor qilish;
murojaatlarni koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha javob xatini Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga va murojaatchiga yozma yoxud elektron (dalolatnoma) shaklda yuborish;
qoʻshimcha oʻrganish va tekshirish talab etilgan hollarda, murojaat etuvchini xabardor qilgan holda Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga murojaat muddatini uzaytirish yuzasidan tizim orqali soʻrov joʻnatish.
19. Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari aholi va tadbirkorlar uchun kunlik soat 8 dan 11 gacha shaxsiy qabullarni tashkil qilish choralarini koʻrsinlar, bunda:
joylarda aholi va tadbirkorlik subyektlari bilan ishlashni tubdan qayta koʻrib chiqish va ularning muammolari va eʼtirozlarini joyida hal etish, aholi bilan ishlash madaniyatini oshirish;
aholi va tadbirkorlar tomonidan murojaatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasigacha olib chiqmaslik maqsadida oʻzlarining veb-saytlari va ishonch telefonlari orqali murojaat qilish tizimini tubdan yaxshilash;
fuqarolar tomonidan davlat xizmatlaridan foydalanishni osonlashtirish maqsadida murojaatlar statistikasining tahlili asosida tegishli davlat xizmatlarini interaktiv koʻrinishga oʻtkazish boʻyicha takliflarni ishlab chiqib, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligiga kiritish choralarini koʻrsinlar.
IIa. Vazirlik, idora va xoʻjalik birlashmalarida murojaatlarni koʻrib chiqishda yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni bartaraf etish
20. Ichki ishlar (Axmedbayev), Sogʻliqni saqlash (Alimov), Mehnat (Abduxakimov), Oliy va oʻrta maxsus taʼlim (Qosimov), Adliya (Ikramov) vazirliklari, Markaziy bank (Mullajonov) va tijorat banklari, “Oʻztransgaz” AK (Maxmudov), “Oʻzbekenergo” AJ (Salomov), Moliya vazirligi huzuridagi Pensiya jamgʻarmasi (Sultanov), “Oʻzavtosanoat” AK (Azimov):
bir hafta muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga kelib tushayotgan murojaatlarning oʻz vaqtida va sifatli ijrosini taʼminlashga qaratilgan hayʼat yigʻilishlarini oʻtkazsinlar;
aholi va tadbirkorlar murojaatlarini keskin kamaytirish maqsadida ularning kelib chiqish sabablarini chuqur oʻrgangan holda, muammolarni bartaraf etish yuzasidan tegishli normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga oʻz takliflarini kiritilishini taʼminlasinlar.
21. Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi (Qosimov) oʻn kun muddatda respublika oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga test sinovlarida qatnashib, talabalikka qabul qilinish uchun yetarli ball toʻplay olmagan abituriyentlardan kelib tushayotgan murojaatlar soni koʻpayib borayotganligini eʼtiborga olgan holda ular uchun har bir oliy taʼlim muassasasida taʼlim yoʻnalishlariga mos tayyorlov kurslarini tashkil qilish choralarini koʻrsin.
22. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari “Oʻztransgaz” AK (Maxmudov), “Oʻzbekenergo” AJ (Salomov) bilan birgalikda qish mavsumi arafasida aholidan tushayotgan murojaatlarni zudlik bilan joyiga chiqib, hal etilishini taʼminlash maqsadida bir hafta muddatda maxsus guruhlar faoliyatini tashkil etsinlar.
23. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi (Xadjayev) davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy hokimliklarida tashkil etilgan rahbarlarning shaxsiy qabullarini markaziy va hududiy telekanallarida tizimli yoritib borilishini taʼminlasin.
III. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali kelib tushgan murojaatlarni nazoratga olish va hisobotini yuritish boʻyicha
24. “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablarini soʻzsiz va oʻz vaqtida bajarish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri va uning oʻrinbosarlari apparatlari, Vazirlar Mahkamasining Ijro etuvchi apparati, ATD va boshqa tarkibiy boʻlinmalarining asosiy vazifalaridan biri deb hisoblansin.
25. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali Bosh vazir va uning oʻrinbosarlari apparatlari, Vazirlar Mahkamasining Ijro etuvchi apparati, ATD va boshqa tarkibiy boʻlinmalariga jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushayotgan murojaatlarning ijrosini soʻzsiz bajarilishini taʼminlash va yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish yuzasidan amalga oshirilgan ishlari yetarli darajada tashkil etilmaganligi qayd etilsin.
26. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali kelib tushadigan murojaatlarni nazoratga olish va hisobotini yuritish boʻyicha 3-sxema ( 3-ilovaga muvofiq) tasdiqlansin.
3-sxemaning asosiy vazifalari sifatida quyidagilar belgilansin:
Vazirlar Mahkamasining Ishchi guruhiga:
kelib tushgan murojaatni oʻrganib chiqib, roʻyxatga olish, tegishli axborot-tahlil departamentlariga muddatini belgilab, nazoratga olish va ijroga yuborish;
javob xati bilan tanishib chiqish va nazoratdan olish, zarurat tugʻilganda murojaat etuvchi bilan telefon orqali bogʻlanib, murojaatning qanoatlantirilganligiga aniqlik kiritish;
murojaatlarni roʻyxatga olish, masalalar kesimida tahlili va nazoratini yuritish boʻyicha elektron bazani shakllantirish.
Bosh vazir va uning oʻrinbosarlari apparatlari, Vazirlar Mahkamasining Ijro etuvchi apparati, ATD va boshqa tarkibiy boʻlinmalarga:
jismoniy shaxslarni va yuridik shaxslar vakillarini qabul qilish, murojaatlarni bevosita koʻrib chiqish, Kompleks rahbariga maʼlumot berib, tegishli vazirlik va idoralarga, mahalliy hokimliklarga Bosh vazir oʻrinbosarlari, Vazirlar Mahkamasining apparati boshqaruvchisi, Bosh vazir apparati rahbari, ATD va boshqa tarkibiy boʻlinma rahbarlari rezolyutsiyasi bilan ijroga yuborish va nazoratga olish;
murojaatni koʻrib chiqilayotganligi yoki tegishli vazirlik va idoralarga, mahalliy hokimliklarga yuborilganligi toʻgʻrisida murojaat etuvchini yozma yoxud elektron shaklda xabardor qilish;
murojaatlarni koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha javob xatini Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga va murojaatchiga yozma yoxud elektron shaklda yuborish;
qoʻshimcha oʻrganish va tekshirish talab etilgan holatlarda, murojaat etuvchini xabardor qilgan holda Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhiga murojaat muddatini uzaytirish yuzasidan tizim orqali soʻrov joʻnatish.
Vazirlar Mahkamasi Ijro etuvchi apparatiga:
Vazirlar Mahkamasi Ishchi guruhi maʼlumotlari asosida tahliliy maʼlumot, murojaatlarni doimiy nazoratini tizimli olib borilishi ahvoli va elektron qabulxonani rivojlantirish takliflari bilan birga tahliliy maʼlumotlarni shakllantirib, tegishli Kompleks rahbarlariga, Bosh vazirga va Vazirlar Mahkamasi Rayosatiga muhokama uchun kiritish.
27. Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻlimi (Mirzayev) uch kun muddatda Bosh vazirning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlarining, Axborot-tahlil departamenti mudirlarining jismoniy shaxslarni va yuridik shaxslarning vakillarini qabul qilish jadvallarini tayyorlasin va tasdiqlash uchun kiritsin.
28. Vazirlar Mahkamasi Yoshlar siyosati, madaniyat, axborot tizimlari va telekommunikatsiyalar masalalari departamenti (Sodiqov), Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻlimi (Mirzayev), Yigʻma axborot-tahlil departamenti (Boqiyev, Toshpoʻlatov):
axborot-tahlil departamentlari bilan birgalikda vazirlik, idora, mahalliy hokimliklarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqishning ahvolini muntazam tahlil qilib borsin;
tizimli ravishda vazirlik, idora va mahalliy hokimliklarda maqsadli oʻrganishlar oʻtkazsin va ularga amaliy yordamlar koʻrsatsin.
29. Vazirlar Mahkamasining Axborot taʼminoti va kompyuter tizimlari boʻlimi (Karaxanov) axborot-tahlil departamentlari mudirlari bilan birgalikda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash holatini monitoring va tahlil qilib borish maqsadida Vazirlar Mahkamasi Ijro etuvchi apparatining masʼul xodimlarini barcha davlat axborot resurslariga (rasmiy veb-saytlarga) ulanish imkoniyatini taʼminlasin.
30. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari:
har hafta yakuni boʻyicha oʻzlari masʼul boʻlgan vazirlik, idora, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining yigʻilishlarida murojaatlarni koʻrib chiqish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijalarini muhokama etib borish va tegishli choralar koʻrish yuzasidan nazorat oʻrnatsin;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqishda qonun talablarining buzilishiga yoʻl qoʻygan mansabdor shaxslarga nisbatan qatʼiy choralar koʻrib borsin;
murojaatlarda koʻtarilgan masalalarni doimiy tahlili asosida iqtisodiyot sohalarini isloh qilish boʻyicha takliflar ishlab chiqilishini taʼminlasin.
31. Oʻzbekiston Respublikasining Bosh prokuraturasiga (Abdullayev):
respublika hududlaridan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasiga aholi va tadbirkorlardan kelib tushayotgan murojaatlarni tegishli vazirliklar, idoralar va mahalliy hokimlik organlari tomonidan oʻz vaqtida va sifatli koʻrib chiqish nazoratini taʼminlash uchun viloyat, shahar va tuman prokurorlarini jalb etish;
aholi va tadbirkorlardan kelib tushayotgan murojaatlardagi masalalar yuzasidan qayta murojaatlar kelib tushgan holatda, takroriy murojaatga yoʻl qoʻygan masʼul rahbarlarga nisbatan taʼsirchan choralar koʻrish tavsiya etilsin.
32. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari (Aripov), Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori (Abdullayev) Yoshlar siyosati, madaniyat, axborot tizimlari va telekommunikatsiyalar masalalari departamenti (Sodiqov), Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻlimi (Mirzayev), Huquqiy ekspertiza va xalqaro shartnomalar boshqarmasi (Toychiyev) bilan birgalikda prokurorlar rahbarligida hududlarda tuzilgan ishchi guruhlar bilan doimiy uzviy aloqada boʻlib, ular tomonidan amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan 2016-yil yakuniga qadar haftalik axborot berib borsin.
33. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari (Aripov)ga qabul qilingan sxemalarga muvofiq jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash mexanizmlarini amalga oshirish ishlarini muvofiqlashtirishni taʼminlash yuzasidan joriy yilning 15-noyabrida selektor majlisini oʻtkazish choralarini koʻrsin.
34. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari va Vazirlar Mahkamasining Apparati boshqaruvchisi (Abduqodirov) zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 27-oktabrdagi 366-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali mahalliy hokimliklarga kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish
Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 27-oktabrdagi 366-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali vazirlik va idoralarga kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish
Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 27-oktabrdagi 366-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining elektron qabulxonasi orqali kelib tushgan murojaatlarni nazoratga olish va hisobotini yuritishning
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2016-yil 27-oktabr,
366-son