📅 2017-yil 7-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 7-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 7 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 июня 2017 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 June 2017 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган фуқаролар рўйхатининг «Ҳаж ва Умра» ягона портали (кейинги ўринларда — Портал) холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантирилишини ҳамда муқаддас зиёратларни ташкил қилишда белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини таъминласинлар.
2 1 . Белгилансинки, фуқароларга хорижда сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ҳаж» тадбирига, 2026 йил 1 майдан бошлаб «Умра» тадбирига олиб бориш Порталда мажбурий рўйхатга олиш орқали амалга оширилади. Зиёратчилар тўғрисидаги маълумотларни Порталга киритмасдан ушбу тадбирларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
2 2 . Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси 2026 йил 1 апрелга қадар «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясига эга юридик шахсларни ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасини Порталга уланишини ва ундан фойдаланишини таъминласин. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясини олган юридик шахсларни Порталга проактив тарзда уланишини таъминлаб борсин. Бунда:
Порталга киритиладиган маълумотлар ва уларга қўйиладиган талаблар, юбориладиган СМС-хабарномалар шакли Жамоатчилик кенгашининг тавсияси асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан белгиланади;
Порталдан фойдаланиш ҳамда унга уланиш учун қўйиладиган техник, дастурий ва ахборот хавфсизлиги талаблари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Жамоатчилик кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
4. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, фуқаролар ихтиёрига кўра уларнинг аввалги манзили бўйича навбати сақланиб қолиши ёки янги манзилда янгидан рўйхатга қўйилиши мумкинлиги белгилаб қўйилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Ҳаж» тадбирига борадиган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичлари (руҳий-асаб, наркология, тери-таносил, сил касалликлари ҳамда «Ҳаж» мавсумида Саудия Арабистони Подшоҳлигига киришни чекловчи касалликлар юзасидан тиббий кўрик, эмлаш ва бошқаларни) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлиникаларида, шунингдек, мураккаб ва зиддиятли ҳолатларда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органи томонидан белгиланадиган марказий поликлиникаларидан бирида бепул амалга оширишни таъминласин.
«Умра» тадбирига юборишда тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий бўлиб, фуқаронинг хоҳишига кўра давлат ёки хусусий тиббиёт муассасаларида ўзларининг ҳисобидан амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airways» АЖ ва бошқа авиакомпаниялар билан биргаликда авиақатновларида фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш-келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур тадбирлар учун авиачипталар нархини арзонлаштириш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизимини шакллантирилишини ва мазкур онлайн тизимини доимий равишда янгилаб борилишини таъминласин.
8. Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ҳар йилги «Ҳаж» тадбирига борадиган фуқароларни навбатда турган фуқароларнинг умумий сонидан келиб чиқиб, Портал орқали тақсимланиши ва танлаб олинишини таъминласин.
9. Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳайъатлар «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари ҳамда «Ҳаж» ва «Умра» сафарларига борадиган фуқароларнинг квотаси ва унинг ҳудудлар бўйича тақсимоти ҳақида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борсинлар. «Ҳаж» ва «Умра» зиёратлари билан боғлиқ тадбирлар, Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилишига, хусусан «Маҳалла» телеканали имкониятидан кўпроқ фойдаланишга эътибор қаратсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон қарорига ИЛОВА
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг (кейинги ўринларда Саудия Арабистони деб аталади) Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
«Умра» тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга юридик шахслар (кейинги ўринларда — тегишли лицензияга эга юридик шахслар) томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган «Умра» тадбири унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сон Фармони билан ташкил қилинган Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) билан келишган ҳолда ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ Ушбу Низом талаблари асосида амалга оширилади.
Юридик шахслар томонидан «Умра» тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан тартибга солинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини адо этувчи диндорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2008 йил 20 майдаги ПҚ-869-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги (Саудия Арабистони) Бош консулхонанинг «Ҳаж» ва «Умра» ишлари бўйича атташеси (кейинги ўринларда Бош консулхонанинг атташеси деб аталади) Саудия Арабистонида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борган фуқароларнинг (кейинги ўринларда зиёратчилар деб аталади) тадбирларни тўлиқ бажаришида ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади.
4. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.
5. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари билан боғлиқ ташкилий ишларни ва зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатилишини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъулдир.
6. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
2-боб. Жамоатчилик кенгаши, ҳайъатлар ва ташкилий гуруҳларнинг ташкил этилиши, уларнинг таркиби, вазифалари
7. Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари:
республика миқёсида Жамоатчилик кенгаши;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳайъатлар (кейинги ўринларда ҳайъатлар деб аталади);
туман (шаҳар)лар миқёсида туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ташкилий гуруҳлар (кейинги ўринларда ташкилий гуруҳлар деб аталади) томонидан ташкил этилади.
8. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сон Фармонига мувофиқ амалга оширади.
9. Ҳайъатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан 9 кишидан иборат таркибда тузилади.
Ҳайъатлар қуйидаги ташкилотлар масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари (ҳайъат раиси);
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари;
Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари раҳбарлари;
Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги вакили;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари бошлиқлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари;
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари бошлиқлари;
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
10. Қуйидагилар ҳайъатларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
«Ҳаж» тадбирига боришга навбати келган номзодларни зиёратга тайёргарлик ишларини Ҳаж мавсумидан камида олти ой аввал бошлашни ташкил этиш;
«Ҳаж» тадбирига боришга номзодларни саралашни ушбу Низомда белгиланган талаблар асосида ижтимоий адолат тамойилига амал қилган ҳолда, «Ҳаж ва Умра» ягона портали (кейинги ўринларда — Портал) орқали амалга оширилишини таъминлаш;
«Ҳаж» тадбирига борувчи зиёратчиларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш. Бунда «Ҳаж» мавсумида Саудия Арабистонига киришни чекловчи касалликлари мавжуд фуқароларни барвақт аниқлаш ва уларга тушунтиришлар бериш;
жамиятдаги ижтимоий муҳитни янада соғломлаштиришда ҳамда маҳаллалардаги йўлдан адашганларни соғлом эътиқодга қайтаришда алоҳида намуна кўрсатган имом-хатибларнинг имтиёзли равишда Ҳаж сафарига гуруҳ раҳбари сифатида боришига тавсия бериш;
тегишли ҳудудда давлат ва нодавлат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилишини назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, мазкур зиёратларни ташкил этиш ва амалга оширишда хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга, бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш;
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни мониторингини олиб бориш ҳамда таҳлил қилиш;
тегишли ҳудудда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларининг амалга оширилиш вақти ва тартиби юзасидан тушунтириш бериш ҳамда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, аниқланган салбий ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш;
Жамоатчилик кенгашининг қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига тақдим этиладиган квоталар доирасида Портал орқали танлаб олинган «Ҳаж» тадбирига бориш учун навбати келган зиёратчилардан тегишли маблағлар ундирилишини ташкил этиш, уларнинг ҳисобини юритиш;
зиёратчиларнинг бошқа ҳудудларга келиш-кетиши, яшаши, овқатланиши, транспорт харажатларининг қопланиши учун Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланган ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметасига қўшимча тарзда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича алоҳида смета ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
тегишли ҳудудда диний ва конфессиялараро бағрикенгликни тарғиб этиш, исломнинг анъанавий ҳанафий мазҳабига зид бўлган радикал-экстремистик мафкураларнинг ўз моҳияти бўйича бузғунчи эканлигини фош қилишга доир Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни зиёратчиларга етказиш чораларини кўриш.
11. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари ҳайъатнинг ишчи органи функциясини бажарадилар.
12. Ишчи орган қуйидаги ишларни ташкил этади:
Портал орқали аниқланган навбати келган зиёратчиларнинг хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилишини таъминлаш;
тўловларни (Саудия Арабистонида ҳар бир «Ҳаж» ва «Умра» зиёратчиси учун шартномага кўра сарфланадиган харажат, авиачипталар, тиббий дори қутичаси учун дори воситалари, «Ҳаж» ва «Умра» қўлланмаси, зиёратчилар камзули, сумка ва бошқалар учун сарфланадиган харажатларни) зиёратчилар томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва Умра тўловлари бўйича банк ҳисобварағига нақд ёки нақд пулсиз тартибда миллий валютада ўтказилишини таъминлаш;
зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, улар билан сафар олди машғулотларини ўтказиш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш ишларини амалга ошириш.
13. Ташкилий гуруҳлар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан 7 кишидан иборат таркибда тузилади.
Ташкилий гуруҳлар таркибига, қоида тариқасида, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари (ташкилий гуруҳ раиси), туман (шаҳар) бош имом-хатиби, туман (шаҳар) ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари киритилади.
14. Қуйидагилар ташкилий гуруҳларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
тегишли туман (шаҳар)да давлат ва нодавлат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» ибодатлари билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилишини назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, мазкур зиёратларни ташкил этиш ва амалга оширишда хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга, бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш;
тегишли туман (шаҳар)да зиёратларни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёни мониторингини олиб бориш ҳамда таҳлил қилиш;
тегишли туман (шаҳар)да «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларининг амалга оширилиши вақти, тартиби юзасидан тушунтириш бериш ҳамда йўл қўйилаётган қонун бузилишлари юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, аниқланган салбий ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш;
Портал орқали танланган ва тегишли йилда «Ҳаж» тадбирига борадиган зиёратчилар рўйхатини тузиш ва тасдиқлаш ҳамда Ҳайъатларга тақдим этиш;
тегишли туман (шаҳар)да диний ва конфессиялараро бағрикенгликни тарғиб этиш, исломнинг анъанавий ҳанафий мазҳабига зид бўлган радикал-экстремистик мафкураларнинг ўз моҳияти бўйича бузғунчи эканлигини фош қилишга доир Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган чора-тадбирларни ахборот билан таъминлаш ишларини амалга ошириш.
14 1 . «Ҳаж» тадбирига боришга навбати келган ва Портал орқали танлаб олинган фуқаролар билан манзилли ишлаш, «Ҳаж» тадбири учун зарур пул маблағларни ундириш ва бошқа ташкилий ишларни амалга ошириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 5 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади.
Ишчи гуруҳ таркибига, қоида тариқасида, туман бош имом-хатиби, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси киритилади.
15. Жамоатчилик кенгаши, ҳайъатлар, ташкилий гуруҳлар ва ишчи гуруҳлар ўзларига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун масъулдирлар.
3-боб. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларининг ташкил этилиши ва ўтказилишида давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг иштироки
16. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
вазирликлар, идоралар ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари билан боғлиқ фаолияти мониторингини олиб бориш ҳамда бу ҳақда Жамоатчилик кенгашига ахборот бериш;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси лойиҳаларининг тайёрланишида иштирок этиш;
ҳайъатлар томонидан тегишли йилда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган зиёратчилар рўйхатининг тузилишини, зиёратчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини, эмланишини, уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилишини ва «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда ислом аҳкомлари ва шариат қонун-қоидаларини биладиган, жамоат ишларида фаол бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари орасидан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар ва зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари, шунингдек, тиббий ходимлар, тажрибали ошпазлар рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш учун Жамоатчилик кенгашига киритиш;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан сафаролди учрашувлари ҳамда машғулотлари ўтказилишини ташкил қилиш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумида ҳудудларда зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини белгилаш, шу жумладан зиёратчиларнинг тасдиқланган жадвал асосида Саудия Арабистонига бориши, у ерда бўлиши ва у ердан қайтиб келишларини назорат қилиш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсуми давомида зиёратчиларнинг соғ-саломат ва ибодатларни тўла-тўкис бажариб келишини таъминлаш мақсадида Саудия Арабистонидаги тегишли ташкилотлар билан доимий алоқада бўлиш, зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, зиёратчилар гуруҳ раҳбарларининг фаолиятини назорат қилиш;
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда Портални узлуксиз ишлашини таъминлаш, жараёнларни рақамлаштириш, зарур ҳолларда молиялаштириш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориши учун Портал орқали ариза бериш имкониятини доимий таъминлаб бориш;
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёни мониторингини олиб бориш, таҳлил қилиш, ваколатли органлар билан келишиш, ушбу жараёндаги ишларни манзилли ва самарали ташкил этиш.
17. Қуйидагилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Бош консулхонанинг атташеси ёрдамида Саудия Арабистонида «Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи меҳмонхона, транспорт озиқ-овқат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш;
ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси лойиҳаларини тайёрлаш ва Жамоатчилик кенгашига тасдиқлаш учун киритиш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумлари бошланишидан камида бир ой олдин зиёратчилар учун камзул ва сумка тайёрлаб берувчи ташкилотларни танлаш учун тендер (танлов) ўтказиш ва тендер (танлов) хулосаларини Жамоатчилик кенгашига киритиб, Жамоатчилик кенгаши қарорига асосан тендер (танлов)да ғолиб чиққан ташкилотлар билан шартномалар тузиш;
зиёратчиларни эмлаш учун зарур миқдордаги вакциналарнинг тегишли ташкилотлар томонидан ҳайъатлар белгилайдиган тиббиёт муассасаларига ўз вақтида етказилишини ва зиёратчиларни эмлашни ташкил этиш;
жойларда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун зиёратчилар томонидан амалга оширилган тўловларнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси депозит ҳисобварғига қабул қилинишини таъминлаш;
зиёратчилар учун хизмат кўрсатадиган хорижий ташкилотларга тўланадиган маблағларнинг ўз вақтида конвертация қилинишини ҳамда ушбу маблағларнинг Бош консулхонанинг атташеси томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси берган ишончнома асосида бошқариладиган ва Саудия Арабистонида Ўзбекистон Ҳаж миссияси учун очилган ҳисобварағига белгиланган муддатдан кечиктирмай ўтказилишини таъминлаш;
зиёратчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси орқали визалар олинишини таъминлаш;
зиёратчиларнинг Ўзбекистон Республикасидан Саудия Арабистонига ва Саудия Арабистонидан Ўзбекистон Республикасига бориш-келишлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда авиақатновлар жадвалларини ишлаб чиқиш, авиакомпаниялар билан тегишли шартномаларни имзолаш ҳамда зиёратчиларнинг сафардан камида ўн беш кун олдин ушбу авиақатновлар жадвали билан таништирилишини таъминлаш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари рўйхатини тузиб, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига тақдим этиш;
зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан сафаролди учрашувлар ҳамда машғулотлар ўтказиш;
зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари томонидан зиёратчиларнинг «Ҳаж» ва «Умра» амалларини тўлиқ адо этишлари мақсадида зиёрат жойларининг макетлари ёрдамида ҳамда тақдимот шаклида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлаш;
тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари тўғрисида босма ва видео қўлланмаларни тайёрлаш ҳамда зиёратчиларга сафардан камида ўн беш кун олдин етказиб бериш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига бориши ва у ердан қайтиши жадвалига қатъий риоя этишларини таъминлаш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумлари олдидан оммавий ахборот воситалари орқали муқаддас жойларга зиёратга бориш тартиб-қоидалари, зиёратларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, шунингдек фуқароларнинг ноқонуний йўллар билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига боришга уринишларининг олдини олишга доир кенг кўламли тушунтириш ишларини ташкил этиш;
Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Портал ва унинг мобиль иловасини доимий такомиллаштириб бориш, зарур ҳолларда Портал фаолиятини молиялаштириш, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва тўғри ишлашини таъминлаш;
фуқароларни Портал орқали навбатга ёзилиши учун зарур шароитлар яратиш.
18. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
зиёратчиларга белгиланган тартибда хорижга чиқиш биометрик паспортини ўз вақтида расмийлаштириш;
зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш вақтида, шунингдек зиёратчилар ва зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари билан сафаролди учрашувлари ва ўқув машғулотлари ўтказиладиган жойларда ҳаракат хавфсизлигини ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш. Зиёратчиларнинг белгиланган йўналишларда ҳаракатланишини йўл-патруль хизмати кузатувида амалга ошириш;
зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш вақтида Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган фуқароларни кузатиш ва кутиб олиш гуруҳи билан бевосита ҳамкорликда иш олиб борилишини таъминлаш.
19. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган тиббий талабларни ва Саудия Арабистонининг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, «Ҳаж» тадбирига борадиган зиёратчиларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш, ушбу зиёратчиларда «Ҳаж» мавсумида Саудия Арабистонига кириши чекловчи касалликлар мавжуд эмаслигини аниқлашга алоҳида эътибор қаратиш. Бунда зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичлари (руҳий-асаб, наркология, тери-таносил, сил касалликлари юзасидан тиббий кўрик, эмлаш ва бошқаларни) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмаларининг марказий кўп тармоқли поликлиникаларида, шунингдек, мураккаб ва зиддиятли ҳолатларда ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланадиган марказий поликлиникаларидан бирида бепул амалга оширилишини таъминлаш;
зиёратчилар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси маблағлари ҳисобига харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини тайёрлаш, ҳамда мазкур дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг ишчи гуруҳ вакиллари кўмагида Саудия Арабистонига зиёратчилар билан бирга юборилишини таъминлаш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида Саудия Арабистонида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи тиббий ходимлар номзодлари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига тақдим этиш. «Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида Саудия Арабистонида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи тиббий ходимлар рўйхати Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқлангандан сўнг мазкур тиббий ходимлар билан сафаролди ўқув машғулотларини ўтказиш ва уларнинг хизмат сафарини ташкил этиш;
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари давомида зиёратчиларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишини, профилактика ишлари амалга оширилишини ташкил этиш.
20. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ҳар йилги Жидда шаҳрига сафари билан боғлиқ ташкилий ишларда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорлик қилиш;
зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси томонидан визалар расмийлаштирилишида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига амалий ёрдам кўрсатиш;
Бош консулхонанинг атташеси иштирокида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари бўйича тузиладиган шартномаларни ўз вақтида легаллаштиришни амалга ошириш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумлари давомида зиёратчиларнинг соғ-саломат ва ибодатларни тўла-тўкис бажариб келишини таъминлаш мақсадида Саудия Арабистонидаги мутасадди ташкилотлар билан доимий алоқада бўлиш.
21. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва АТ Алоқабанк Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мурожаатига биноан жойларда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун зиёратчилардан қабул қилинган маблағларни ўз вақтида конвертация қилиб, Бош консулхонанинг атташеси томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси берган ишончнома асосида бошқариладиган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг депозит ҳисобварағига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилотининг ҳисобварақларига ўз вақтида ўтказишни ташкил этади.
22. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
миллий ва Саудия Арабистони авиакомпаниялари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида зиёратчиларни ташиш юзасидан шартномалар тузиш, шунингдек, белгиланган муддатда Саудия Арабистонига зиёратчиларни олиб бориш ва олиб келиш бўйича авиақатновлар жадвалларини Саудия Арабистонининг масъул ташкилотлари билан мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш, авиакомпаниялар томонидан ушбу жадвалларга риоя қилинишини ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларни тегишли йўналишларда ташишни ташкил қилиш;
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари йил давомида доимий амалга оширилишини ҳамда мазкур зиёратларга борадиган фуқароларнинг сони кўплигини инобатга олиб, зиёратчилар учун турли ноқулайликлар ва қийинчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида аэропортда зиёратчиларга самолётнинг учиш вақтини кутиш, дам олиш, овқатланиш, ибодат қилиш имконини берадиган алоҳида жойлар ажратилишини таъминлаш;
«Ҳаж» мавсумида меҳмонхоналарда зиёратдан қайтаётган зиёратчиларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг юкларини қабул қилиш чораларини кўриш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан сафаролди учрашувларида иштирок этиш.
23. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
аэропортларда зиёратчиларнинг юкларини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказиш;
«Ҳаж» ва «Умра» мавсумларида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан сафаролди учрашувларида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлаш;
аэропортлар орқали ҳаракатланаётган «Ҳаж» ва «Умра» зиёратчиларининг республикадан учиб кетишлари ва унга учиб келишларида қулайликлар яратиш, божхона назорати зонасида узоқ вақт туриб қолишларининг олдини олиш мақсадида аэропортларнинг учиб кетиш ва учиб келиш залларида алоҳида йўлакчалар ажратилиб, божхона назорати ва расмийлаштирувини белгиланган тартибда тезкорлик билан амалга ошириш;
«Ҳаж» ва «Умра» зиёратига учиб кетаётган зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида олдиндан тарқатилишини таъминлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига зарур миқдорда Йўловчи божхона декларацияси бланкаларини ажратиш;
«Ҳаж» зиёратчиларининг учиб келишларида божхона расмийлаштирувини ҳаво кемасининг ўзида амалга ошириш учун гуруҳ ташкил этиш ва уни тасдиқлаш.
Божхона ходимлари ҳаво кемасида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига учиб бориб келишида ушбу божхона ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 30 октябрдаги 299-сон қарори талаблари татбиқ этилмайди.
24. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси аҳолига «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириш ҳамда ноқонуний йўллар билан зиёратга боришнинг олдини олишга доир тушунтириш ишларини олиб боришда иштирок этиши мумкин.
25. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ўзларига юкланган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларининг ташкил этилиши ва ўтказилиши билан боғлиқ барча вазифаларнинг самарали бажарилиши учун масъулдир.
4-боб. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган зиёратчиларни рўйхатга олиш ва тегишли йилда квотага киритиладиган фуқароларнинг сонини аниқлаш. Тадбирларга юбориш вақтида қўйиладиган қўшимча шартлар
26. Ҳар йили «Ҳаж» тадбирига борадиган фуқароларнинг квоталари Жамоатчилик кенгашининг қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига тақдим этиладиган квоталар доирасида Ҳайъатларнинг тавсияларини кўриб чиққан ҳолда рўйхатда турган фуқароларнинг умумий сонидан келиб чиқиб Портал орқали тақсимланади.
Жамоатчилик кенгаши квоталарни Порталдаги рўйхатга мувофиқ белгилайди.
27. Фуқаролар «Ҳаж» тадбирига бориш учун доимий яшаш манзили бўйича навбатга ёзилади, «Умра» тадбирига бориш учун доимий ёки вақтинча яшаш манзилидан қатъи назар, мурожаат қилиши мумкин.
28. Порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, техник қўллаб-қувватлаш ҳамда доимий такомиллаштириб бориш мақсадида фуқароларни Порталда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига рўйхатга олишда Жамоатчилик кенгаши томонидан белгиланган миқдорда бир марталик йиғим ундирилади. Йиғим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус ҳисобварағига йўналтирилади.
30. Фуқаро Порталда навбатга ёзилганидан сўнг унга аризаси муваффақиятли қабул қилингани тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан СМС-хабарнома юборилади.
31. Порталда рўйхатга олинган фуқаро ўзининг қайси маҳалла фуқаролар йиғинида рўйхатга олинганлигини кўриш имконияти яратилади.
32. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳар йилги «Ҳаж» мавсумида Порталда шаклланган ва ташкилий гуруҳ томонидан тақдим этилган рўйхат асосида фуқаролар билан манзилли ишлайди ҳамда «Ҳаж» тадбири учун тўловлар ундирилишини ташкил этади. Бунда жорий йилги рўйхатга кирган, лекин Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хабарномасида белгиланган муддатда тўловни амалга ошириш имкониятига эга бўлмаган фуқароларни аниқлаб, улар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудидаги «Ҳаж» тадбири учун тўловларни амалга ошириш имкониятига эга навбатдаги фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ташкилий гуруҳга тақдим этиб боради.
34. Жорий йилда навбати келган фуқаролар Портал орқали ҳажга навбати келганлиги ҳамда Жамоатчилик кенгаши томонидан белгиланган муддатда ва миқдорда тўловларни амалга ошириши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан СМС-хабарнома орқали хабардор қилинади.
35. СМС-хабарнома орқали навбати келгани ҳамда тўловни амалга ошириши тўғрисида хабардор қилинган фуқаро унда белгиланган муддатда ва миқдорда тўловларни тўлиқ амалга ошириши ёки «Ҳаж» тадбирига боришга имкони бўлмаган тақдирда, мазкур бандда ҳамда ушбу Низомнинг 36 ва 37-бандларида белгиланган тартибда «Ҳаж» тадбирига бориш навбатини бир йил муддатга кейинга қолдириши мумкин.
Бунда фуқаро Портал орқали ўзининг навбатини кейинги йилга қолдириш тўғрисида электрон ариза берган ҳолда ёки Ташкилий гуруҳга ёзма ариза бериш орқали навбатини кейинги йилга қолдириши мумкин.
36. Фуқаро навбатини кейинги йилга қолдириш тўғрисида ариза берган ҳолларда, Порталда унинг навбати бир маротаба автоматик тарзда кейинги Ҳаж мавсумига қолдирилади ҳамда ушбу фуқародан кейинги навбатда турган фуқарога (агар ушбу маҳаллада навбатда турганлар мавжуд бўлмаса, бошқа маҳаллага, бошқа маҳаллада ҳам навбат мавжуд бўлмаса, бошқа туман (шаҳар)даги маҳаллада энг аввал рўйхатга ёзилганларга) навбати келганлиги ва тўловни амалга ошириши лозимлиги тўғрисида СМС-хабарнома юборилади.
Агарда фуқаро Жамоатчилик кенгаши томонидан белгиланган муддатда ёки миқдордаги тўловларни тўлиқ амалга оширмаса ҳамда Портал орқали ёки ўзи мустақил равишда навбатини кейинга қолдириш тўғрисида ариза бермаса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юборилган СМС-хабарномада белгиланган муддат тугагандан сўнг, ушбу фуқаронинг розилигисиз Портал орқали унинг навбати кейинги йилга кўчирилади.
Бунда мазкур фуқародан кейин навбатда турган фуқарога (агар ушбу маҳаллада навбатда турганлар мавжуд бўлмаса, бошқа маҳаллага, бошқа маҳаллада ҳам навбат мавжуд бўлмаса, бошқа туман (шаҳар)даги маҳаллада энг аввал рўйхатга ёзилганлардан танлаб) навбати келганлиги ва тўловни амалга ошириши лозимлиги тўғрисида СМС-хабарнома юборилади.
37. «Ҳаж» тадбирига бориш имкони бўлмаган ёки бормаётган фуқаронинг навбати фақат бир маротаба кейинги йилга кўчирилиши мумкин.
Навбати кейинги йилга кўчирилган фуқаро кейинги йилда ҳам Жамоатчилик кенгаши томонидан белгиланган муддатда тўловларни тўлиқ амалга оширмаса ёки бошқа сабабларга кўра «Ҳаж» тадбирига бормаса, ўзининг аризасига асосан, ариза ёзиб бермаган тақдирда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юборилган СМС-хабарномада белгиланган муддат тугагандан сўнг, фуқаронинг розилигисиз унинг навбати бекор қилинади.
Ушбу фуқаро умумий тартибда қайта рўйхатга туриши мумкин.
38. «Ҳаж» тадбирига бир нафар ҳамроҳи (отаси, онаси, акаси, укаси, опаси, синглиси, турмуш ўртоғи, фарзанди ва бошқа) билан бориш истагида бўлган фуқаролар, қоида тариқасида, биргаликда ариза беришлари лозим.
«Ҳаж» тадбирига борувчи шахс билан унинг ҳамроҳи (бир ҳудудда) турли саналарда навбатга ёзилган бўлса, олдинроқ навбатда турган шахснинг навбати ўзидан кейинроқ турган ҳамроҳи билан ёнма-ён ўринга кўчирилиши мумкин.
Порталда ҳамроҳи билан биргаликда рўйхатдан ўтган талабгорларнинг никоҳи қонуний бекор бўлган ёки «Ҳаж» зиёратини бажариш лаёқатини йўқотган тақдирда, ҳамроҳни танлаган шахс Порталда ариза бериш орқали ўзининг навбатда турган яқин қариндоши бўлган ҳамроҳини (бир ҳудудда бўлса) алмаштириши мумкин. Бунда дастлабки ҳамроҳининг навбати бекор қилиниб, унинг ўрнига янги ҳамроҳ киритилади.
Порталда навбатда турган фуқаро вафот этган тақдирда, унинг навбати бекор бўлади.
Навбатда турган фуқаро исталган вақтда ариза бериш орқали навбатини бекор қилиши мумкин, бунда навбат ундан кейин турган фуқарога ўтади.
40. «Ҳаж» тадбирига бориш учун навбат фақат доимий яшаш ҳудуди бўйича шакллантирилади.
«Ҳаж» тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчининг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, унинг ихтиёрига кўра аввалги манзили бўйича навбати сақланиб қолади. Фуқаро навбатини янги доимий яшаш ҳудудига ўзгартирмоқчи бўлса, унинг эски навбати бекор қилиниб, янги манзилда янгидан навбатга қўйилади.
«Ҳаж» тадбирига бориш учун рўйхатдан ўтишда доимий яшаш манзили тўғрисида маълумот олиш имкони бўлмаган тақдирда, Порталда талабгор бу ҳақида огоҳлантирилади.
Фуқаро яшаш манзили бўйича ноаниқликка туман (шаҳар) ички ишлар бўлимидан аниқлик киритгандан сўнг рўйхатдан ўтиш бўйича ариза бериши мумкин бўлади.
42. Ташкилий гуруҳлар тегишли йилда туман (шаҳар) миқёсида «Ҳаж» тадбирларига борадиган зиёратчилар рўйхати квота асосида Порталда тасдиқлангандан кейин ўн кун мобайнида умумлаштиради. Умумлаштирилган рўйхат икки нусхада тайёрланади ва тасдиқланади. Мазкур рўйхатнинг биринчи нусхаси электрон варианти билан бирга ҳайъатларга тақдим этилади. Рўйхатнинг иккинчи нусхаси ташкилий гуруҳда сақланади.
43. Ҳайъатлар Жамоатчилик кенгашидан ва (ёки) Порталдан олинган рўйхатлар асосида тегишли йилда ўзининг ҳудудидан «Ҳаж» тадбирига борадиган зиёратчилар рўйхатини умумлаштиради, уларнинг хорижга чиқиш биометрик паспорти мавжудлигини ва амал қилиш муддатини, чет элга чиқишга тақиқ йўқлигини текширади, зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини амалга оширади.
Умумлаштирилган рўйхат бир нусхада тасдиқланиб, ҳайъатларда сақланади.
44. Зиёратчиларни зиёратга юборишдан камида ўн кун олдин Жамоатчилик кенгаши Порталдан олинган рўйхатлар асосида тегишли йилда республика миқёсида «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган зиёратчилар рўйхатини умумлаштиради, зиёратчиларни гуруҳларга ажратади, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарларини тайинлайди, зиёратчиларнинг гуруҳларини тегишли авиақатновларга тақсимлайди, зиёратчиларни Саудия Арабистонига олиб бориш ва олиб келиш билан боғлиқ барча ишларни амалга оширади.
45. Жамоатчилик кенгаши ва ҳайъатлар томонидан зиёрат билан боғлиқ барча шарт-шароитлар (зиёрат тўловлари, шартлари ва муддати) ҳақида зиёратчиларга «Ҳаж» тадбири бошланишидан камида бир ой, «Умра» тадбири бошланишидан камида ўн тўрт кун олдин маълум қилинади.
46. Тегишли йилда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган фуқаролар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги қўшимча шартлар инобатга олинади:
«Ҳаж» тадбирига бормоқчи бўлган фуқаро навбатга ёзилиши учун сўнгги беш йилда «Ҳаж» тадбирига бормаган бўлиши (зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳи вакиллари ва гуруҳ раҳбарлари бундан мустасно);
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бормоқчи бўлган фуқаролар вояга етган бўлиши.
4 1 -боб. «Умра» хизматларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга юридик шахслар томонидан ташкил этиш
46 1 . Дин ишлари бўйича қўмита, Рақамли технологиялар вазирлиги:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли лицензияга эга юридик шахслар билан биргаликда улар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, «Умра» хизматларини амалга ошириш учун тавсия этилаётган «Умра» пакетлари ва нархлари, тадбирлар амалга ошириладиган кунлар тўғрисидаги маълумотларни Порталда жойлаштирилишини ва доимий янгилаб борилишини таъминлайди;
аҳолини «Умра» тадбирига олиб бориш билан боғлиқ шартномаларни Порталда электрон шаклда расмийлаштириш имкониятини яратади (Портал техник сабабларга кўра ишламаганда, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан расмий веб-сайтда эълон қилинган талаблар асосида «Умра» тадбирига олиб бориш билан боғлиқ шартномалар бошқа шаклда ҳам тузилиши мумкин).
46 2 . Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли лицензияга эга юридик шахслар:
«Умра» тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ барча ҳаракатларни Портал орқали амалга оширади, шу жумладан «Умра» тадбирига борадиган зиёратчилар тўғрисидаги маълумотларни сафардан олдин Порталда мажбурий қайд этиб боради;
Порталдаги фаолиятни шахсий кабинетлари орқали амалга оширади.
Порталга кириш ва шахсий кабинетларидан фойдаланиш ҳуқуқи Дин ишлари бўйича қўмита томонидан таъминланади.
Порталга киритилиши лозим бўлган маълумотлар Жамоатчилик кенгашининг тавсиялари асосида белгиланади.
46 3 . Фуқароларни, шу жумладан фуқаролиги бўлмаган шахсларни ёки хорижий давлатлар фуқароларини (кейинги ўринларда — «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахс) «Умра» тадбирига олиб бориш билан боғлиқ маълумотлари Порталга қуйидаги усулларда киритилади:
а) «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахс Портал орқали Ўзбекистон мусулмонлари идорасини (фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ёки тегишли лицензияга эга юридик шахсни ихтиёрий равишда танлаб шартнома тузиши мумкин. Бунда шартномани расмийлаштириш «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахслар томонидан Порталга киритилган телефон рақамига юборилган СМС-кодни Порталга киритиш орқали амалга оширилади.
Портал орқали юборилган мурожаатлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки тегишли лицензияга эга юридик шахс томонидан кўриб чиқилиб, танланган пакетдаги хизматлар мавжуд бўлганда раҳбар ёки ваколат берилган шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш орқали шартнома расмийлаштирилади.
Портал орқали келиб тушган мурожаатлар бўйича шартнома расмийлаштирилганда, хизматлар унда келишилган муддат ва шартларда бажарилади.
Танланган пакетдаги хизматлар мавжуд бўлмаганда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки тегишли лицензияга эга юридик шахс томонидан мурожаат шартнома расмийлаштирмасдан рад этилиши мумкин.
Шартнома тузиш рад этилганда бу ҳақда «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахснинг Порталга киритилган телефон рақамига СМС-хабар юборилади. Мурожаати рад этилган шахс тегишли лицензиясига эга бошқа юридик шахсни танлаши мумкин;
б) «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахс тегишли лицензияга эга юридик шахсга ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва Умра марказига (фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) шахсан мурожаат қилишлари мумкин. Бунда тегишли лицензияга эга юридик шахс ёки Ҳаж ва Умра маркази «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахсга оид маълумотларни Порталга мустақил равишда киритади.
Маълумотлар Порталга киритилгандан сўнг «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахснинг телефон рақамига СМС-код юборилади ва ушбу кодни Порталга киритиш орқали шартнома расмийлаштирилади. Шартнома тегишли лицензияга эга юридик шахс раҳбари ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ва Умра маркази раҳбари ёхуд улар ваколат берган шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
46 4 . «Умра» тадбирлари шартномаси Порталда расмийлаштирилгандан сўнг, тўлов учун инвойс шаклланади ҳамда «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахс(лар)нинг Порталга киритилган телефон рақамига тўлов суммаси кўрсатилган СМС-хабарнома юборилади.
Тўловлар амалга оширилгандан сўнг бу тўғрисида «Умра» тадбирига бормоқчи бўлган шахс(лар)га тасдиқловчи СМС-хабар юборилади. Ушбу тўловларни Портал орқали кўриш имконияти яратилади.
46 5 . Тегишли лицензияга эга юридик шахсларга қуйидаги ҳолларда Порталдан фойдаланиш имконияти тўлиқ ёки қисман тўхтатилади:
Порталдан фойдаланиш талаблари ва шартларига риоя қилинмаганда;
тегишли лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;
тегишли лицензияга эга юридик шахс вакилининг ёзма аризаси мавжуд бўлганда;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.
Порталдан фойдаланиш имкониятини тўлиқ ёки қисман тўхтатиш Дин ишлари бўйича қўмитанинг қарорига асосан амалга оширилади.
5-боб. Зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, тиббий ходимлар, ошпазлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан ўтказиладиган сафаролди учрашувлар ҳамда машғулотлар
47. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини тартибли ташкил қилиш, зиёратчиларнинг ибодатлари тўлиқ бўлиши мақсадида Жамоатчилик кенгаши томонидан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, тиббий ходимлар ва ошпазлар билан учрашувлар ўтказилади.
48. Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари учун Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида машғулотлар ташкил қилинади.
49. Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари жойларда зиёратчилар билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларининг одоблари, уларни амалга ошириш тартиби, сафарга бориш-келиш қоидалари, шартлари ва талаблари ҳақида учрашувлар ҳамда машғулотлар ўтказади.
Зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида уларни доимий равишда кузатиб бориш ва сафар давомида уларга амалий ёрдам бериш учун масъулдирлар.
50. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Транспорт вазирлиги ҳамда миллий ва хорижий авиакомпаниялар томонидан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлар, тиббий ходимлар, ошпазлар, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар билан якуний учрашувлар ўтказилади ҳамда бунда мазкур ташкилотлар вакиллари ўз соҳаларига оид тегишли тушунтириш ишларини амалга оширадилар.
6-боб. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини молиялаштириш
51. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллиги томонидан банкларда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун зиёратчилардан йиғиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш мақсадида депозит ҳисобварақлар очилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги зиёратчилардан олинадиган тўловлар белгиланган «Ҳаж» ва «Умра» мавсумидан камида икки ой олдин, бир йўла умумий суммани тўлиғича тўлаш йўли билан нақд пул ёки нақд пулсиз тартибда амалга оширилади.
Тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида очилган депозит ҳисобварақлар очилган банкнинг барча ҳудудий филиалларида амалга оширилиши мумкин.
Тўловлар Ҳайъатнинг ишчи органи томонидан очилган махсус ҳисобварақда тўпланади ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг депозит ҳисобварағига ўтказилади.
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари билан боғлиқ барча сарф-харажатлар ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси депозит ҳисобварағига йиғилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
52. Турли ташкилотлар вакилларидан иборат зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳларнинг Саудия Арабистонига бориш-келиши билан боғлиқ барча харажатлар ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг депозит ҳисобварағига йиғилган маблағлар ҳисобидан вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимларига Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги хизмат сафари харажатлари учун маблағлар беришнинг белгиланган тартибига мувофиқ қопланади.
53. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилликларининг «Ҳаж» ва «Умра» масалалари билан шуғулланувчи ходимларининг харажатлари, мазкур ходимларнинг иш ҳақлари ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси асосида белгиланган тартибда қопланади.
54. Зиёратчиларнинг Тошкент шаҳрига келиш-кетиши, яшаши, овқатланиши, транспорт харажатлари зиёратчилар ҳисобидан, ҳайъатлар томонидан тасдиқланадиган алоҳида сметалар асосида қопланади.
55. «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун тўловни амалга оширган, бироқ маълум сабабларга кўра мазкур тадбирларга бора олмаган ёки бора олмайдиган фуқарога шахсан Портал орқали ўзининг аризаси ёки унинг номидан ишончномага асосан ҳаракат қилаётган шахснинг аризасига мувофиқ тўланган тўловлар тўлалигича ариза тақдим этилган пайтдан бошлаб ўн иш кунида фуқаро (ишончли вакил) томонидан тақдим этилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади.
Фуқаронинг вафот этиши муносабати билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш учун тўланган тўловлар вафот этган фуқаро қонуний меросхўрининг аризасига асосан меросхўр тақдим қилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади.
7-боб. Якунловчи қоида
56. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Ҳаж» тадбирларини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Талабгор («Ҳаж» тадбирига бормоқчи бўлган жисмоний шахс) 1. «Ҳаж» тадбирига борувчи талабгор «Ҳаж»га боришга сўровнома юбориш учун «Ҳаж ва Умра» ягона порталига киради. 2. Талабгор «Ҳаж» тадбирига бориш сўровномасини тўлдиради ва тасдиқлаб юборади. 3. Талабгорнинг паспорт маълумотлари ва рўйхатда турган жойи ва бошқа маълумотлари электрон тизим орқали текшириб олинади. 4. «Ҳаж» тадбирига навбатга ёзилиш учун белгиланган миқдорда тўловни амалга оширади. Ўз хоҳишига кўра йил давомида ↓ 2-босқич «Ҳаж ва Умра» ягона портали 1. Тўлов амалга оширилгандан сўнг талабгор сўровномада кўрсатган доимий рўйхатда турган жойидаги маҳалласида навбат бўйича рўйхатга олинади. Бу ҳақида сўровномадаги телефон рақамига СМС-хабарнома юборилади. 2. Навбатга қўйилган талабгор тўғрисидаги маълумотлар «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ташкилий гуруҳда, Ҳайъатда ва Жамоатчилик кенгашида кўринади. Автоматик тарзда, йил давомида ↓ 3-босқич «Ҳаж ва Умра» ягона портали Талабгор «Ҳаж» тадбирига бориш учун рўйхатга олингандан кейин унинг доимий рўйхатда турган манзили ўзгарса ва у ушбу маҳаллада доимий рўйхатда турган бўлса, талабгор аввалги маҳалладаги навбатини сақлаб қолади ёки янги манзили бўйича қайтадан (проактив шаклда) навбатга туриш учун сўровнома юборади. Талабгорнинг хоҳишига кўра, йил давомида ↓ 4-босқич «Ҳаж ва Умра» ягона портали 1. Рўйхат бўйича навбати келган талабгорларга Саудия Арабистонига жўнашдан камида олти ой (жорий мавсумда бориш имконияти бўлмаган фуқаро ўрнига кейинги навбатдаги талабгорлар учун муддат ўзгариши мумкин) олдин тизимга киритилган телефон рақамига СМС-хабарнома юборилади. Автоматик тарзда Ташкилий гуруҳ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари 2. Техник сабабларга кўра, СМС-хабарнома юбориш имкони бўлмаганда, талабгор ёзма шаклда почта орқали ёки яшаш манзилига борган ҳолда хабардор қилинади. Почта орқали ёки яшаш манзилига борган ҳолда ↓ 5-босқич «Ҳаж ва Умра» ягона портали 1. Рўйхат бўйича навбати келган талабгорга «Ҳаж ва Умра» ягона порталига кириб, ўзининг шахсий маълумотлари саҳифасида ўзига тегишли маълумотларини, қанча тўлов амалга ошириши лозимлигини ёки қанча тўлов амалга оширганлигини ҳамда QR-кодли тўлов чекини кўриш ва юклаб олиш имконияти яратилади. 2. Талабгор QR-кодли чекда кўрсатилган маблағни тўлаганидан сўнг унга тўланган маблағ миқдори кўрсатилган СМС-хабарнома юборилади. Автоматик тарзда ↓ 6-босқич Талабгор СМС-хабарномада ёки QR-кодли чекда кўрсатилган маблағни тўлайди. СМС-хабарномада кўрсатилган муддатда ↓ 7-босқич Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари 1. Ташкилий гуруҳ томонидан тақдим қилинган рўйхатга асосан тегишли йилда ўз ҳудудидан зиёратга борадиган фуқароларни яшаш манзилига борган ҳолда огоҳлантиради. 2. Ташкилий гуруҳ билан биргаликда фуқароларнинг зиёратга боришини ташкиллаштиради. Ташкилий гуруҳ томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича белгиланган муддатларда ↓ 8-босқич Ташкилий гуруҳ 1. Ҳайъат томонидан тақдим этилган тегишли йилда зиёратга борувчилар рўйхатини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кесимида уларга етказади. 2. Квотага мувофиқ тегишли йилда туман (шаҳар) миқёсида зиёратга борадиган фуқаролар рўйхатини умумлаштиради, уларнинг боришини аниқлаштиради, тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкиллаштиради. Квота аниқланганидан кейин беш кун муддатда 3. Квота бўйича рўйхатга кирган, лекин жорий йилда зиёратга бора олмайдиган шахсларни аниқлаб, бу тўғрисидаги таклифларни ҳайъатга тақдим этади. 4. Ҳайъат билан биргаликда зиёратга бора олмайдиган шахслар ўрнига навбатдаги фуқароларнинг рўйхатга киритилишини таъминлайди ҳамда якуний рўйхатни шакллантириб, Ҳайъатга тақдим қилади. Ҳайъатлар квотани тасдиқлаганидан кейин қирқ беш кун мобайнида ↓ 9-босқич Ҳайъатлар 1. Квотага мувофиқ зиёратчиларнинг ҳужжатларини текширади. Ўз ҳудудидан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) тегишли йилда зиёратга борадиган фуқароларнинг рўйхатини умумлаштиради. 2. Квота бўйича рўйхатга кирган, лекин жорий йилда зиёратга бора олмайдиган шахслар аниқланганда, ташкилий гуруҳ билан ишлаб, уларнинг ўрнига навбатдаги фуқароларни рўйхатга киритиш масаласини Жамоатчилик кенгаши билан келишади. Жамоатчилик кенгаши квотани тасдиқлаганидан кейин олтмиш кун мобайнида 3. Зиёратга борадиган фуқароларнинг якуний рўйхатини шакллантиради, тасдиқлайди ва Жамоатчилик кенгашига тақдим қилади. 4. Зиёратга бориб-келиш учун белгиланган тўловлар тўланишини, зиёратчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилишини, эмлаш, улар билан сафаролди машғулотлари ўтказилишини ташкил этади. Зиёратга юборишдан бир ой олдин ↓ 10-босқич Жамоатчилик кенгаши 1. Зиёратга борадиган талабгорлар рўйхатини умумлаштиради, зиёратчиларни гуруҳларга ажратади, зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбарларини тайинлайди, зиёратчиларнинг гуруҳларини тегишли авиақатновлар бўйича тақсимлайди. Зиёратга юборишдан камида ўн кун олдин 2. Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигига олиб бориш ва у ердан олиб келиш билан боғлиқ барча ишларни амалга оширади. Зиёратлар давомида
«Ҳаж» ва «Умра» зиёратларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
МАЪЛУМОТНОМА Ушбу маълумотнома шу ҳақда берилдики, __________________ вилояти (шаҳри) ______________ тумани ________________________ фуқаролар йиғини, мазкур фуқаролар йиғинидаги _____________ кўчаси _____ уйда истиқомат қилувчи фуқаро ___________________________________________ 20____ йил _________________ да «Ҳаж» («Умра») тадбирига борувчилар журналида ______________ тартиб рақами билан рўйхатга олинди. Фуқаролар йиғини раиси _____________________________________________ (Ф.И.Ш.) ________________ (имзо) М.Ў.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 июнь,
364-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
“Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazishni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Fuqarolarning vijdon erkinligi va diniy eʼtiqodga boʻlgan konstitutsiyaviy huquqlarini toʻliq taʼminlash, “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq ishlarning samaradorligini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida Nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan fuqarolar roʻyxatining “Haj va Umra” yagona portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) xolisona va ijtimoiy adolat mezonlari asosida shakllantirilishini hamda muqaddas ziyoratlarni tashkil qilishda belgilangan tartibga qatʼiy rioya etilishini taʼminlasinlar.
2 1 . Belgilansinki, fuqarolarga xorijda sifatli xizmat koʻrsatilishini taʼminlash maqsadida 2026-yil 1-fevraldan boshlab “Haj” tadbiriga, 2026-yil 1-maydan boshlab “Umra” tadbiriga olib borish Portalda majburiy roʻyxatga olish orqali amalga oshiriladi. Ziyoratchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Portalga kiritmasdan ushbu tadbirlarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
2 2 . Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi 2026-yil 1-aprelga qadar “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish litsenziyasiga ega yuridik shaxslarni hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasini Portalga ulanishini va undan foydalanishini taʼminlasin. 2026-yil 1-apreldan boshlab “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish litsenziyasini olgan yuridik shaxslarni Portalga proaktiv tarzda ulanishini taʼminlab borsin. Bunda:
Portalga kiritiladigan maʼlumotlar va ularga qoʻyiladigan talablar, yuboriladigan SMS-xabarnomalar shakli Jamoatchilik kengashining tavsiyasi asosida Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan belgilanadi;
Portaldan foydalanish hamda unga ulanish uchun qoʻyiladigan texnik, dasturiy va axborot xavfsizligi talablari Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan Jamoatchilik kengashi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
4. “Haj” va “Umra” tadbirlariga borish uchun navbatda turgan ziyoratchilarning doimiy yashash joyi oʻzgargan taqdirda, fuqarolar ixtiyoriga koʻra ularning avvalgi manzili boʻyicha navbati saqlanib qolishi yoki yangi manzilda yangidan roʻyxatga qoʻyilishi mumkinligi belgilab qoʻyilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi “Haj” tadbiriga boradigan fuqarolarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazishning barcha bosqichlari (ruhiy-asab, narkologiya, teri-tanosil, sil kasalliklari hamda “Haj” mavsumida Saudiya Arabistoni Podshohligiga kirishni cheklovchi kasalliklar yuzasidan tibbiy koʻrik, emlash va boshqalarni) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahri hamda tuman (shahar)lar tibbiyot birlashmalarining markaziy koʻp tarmoqli poliklinikalarida, shuningdek, murakkab va ziddiyatli holatlarda hududiy sogʻliqni saqlash boshqaruv organi tomonidan belgilanadigan markaziy poliklinikalaridan birida bepul amalga oshirishni taʼminlasin.
“Umra” tadbiriga yuborishda tibbiy koʻrikdan oʻtish ixtiyoriy boʻlib, fuqaroning xohishiga koʻra davlat yoki xususiy tibbiyot muassasalarida oʻzlarining hisobidan amalga oshiriladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi “Uzbekistan Airways” AJ va boshqa aviakompaniyalar bilan birgalikda aviaqatnovlarida fuqarolarning “Haj” va “Umra” tadbirlariga borish-kelishlari uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, mazkur tadbirlar uchun aviachiptalar narxini arzonlashtirish choralarini koʻrsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi, Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Oʻzbekiston musulmonlari idorasining rasmiy veb-saytida “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan ziyoratchilarning yagona onlayn navbat tizimini shakllantirilishini va mazkur onlayn tizimini doimiy ravishda yangilab borilishini taʼminlasin.
8. Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha Jamoatchilik kengashi har yilgi “Haj” tadbiriga boradigan fuqarolarni navbatda turgan fuqarolarning umumiy sonidan kelib chiqib, Portal orqali taqsimlanishi va tanlab olinishini taʼminlasin.
9. Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari huzuridagi Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha hayʼatlar “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi Nizom talablari hamda “Haj” va “Umra” safarlariga boradigan fuqarolarning kvotasi va uning hududlar boʻyicha taqsimoti haqida aholi oʻrtasida keng tushuntirish ishlarini olib borsinlar. “Haj” va “Umra” ziyoratlari bilan bogʻliq tadbirlar, Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashi tomonidan qabul qilingan qarorlar ommaviy axborot vositalari orqali yoritib borilishiga, xususan “Mahalla” telekanali imkoniyatidan koʻproq foydalanishga eʼtibor qaratsinlar.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, axborot tizimlari va telekommunikatsiyalar masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 7-iyundagi 364-son qaroriga ILOVA
“Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. “Haj” tadbiri Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi va Saudiya Arabistoni Podshohligining (keyingi oʻrinlarda Saudiya Arabistoni deb ataladi) Haj va umra vazirligi oʻrtasida har yili imzolanadigan shartnoma asosida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan amalga oshiriladi hamda bunday faoliyat bilan boshqa tashkilotlarning shugʻullanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
“Umra” tadbiri Oʻzbekiston musulmonlari idorasi va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyaga ega yuridik shaxslar (keyingi oʻrinlarda — tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslar) tomonidan amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan tashkil etiladigan “Umra” tadbiri uning Saudiya Arabistonidagi hamkor tashkiloti oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashini tashkil etish toʻgʻrisida” 2006-yil 28-avgustdagi PF-3793-son Farmoni bilan tashkil qilingan Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashi (keyingi oʻrinlarda Jamoatchilik kengashi deb ataladi) bilan kelishgan holda har yili imzolanadigan shartnomaga muvofiq Ushbu Nizom talablari asosida amalga oshiriladi.
Yuridik shaxslar tomonidan “Umra” tadbirini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq faoliyat Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining alohida qarori bilan tartibga solinadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Haj” va “Umra” tadbirlarini ado etuvchi dindorlarni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2008-yil 20-maydagi PQ-869-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining Jidda shahridagi (Saudiya Arabistoni) Bosh konsulxonaning “Haj” va “Umra” ishlari boʻyicha attashesi (keyingi oʻrinlarda Bosh konsulxonaning attashesi deb ataladi) Saudiya Arabistonida “Haj” va “Umra” tadbirlariga borgan fuqarolarning (keyingi oʻrinlarda ziyoratchilar deb ataladi) tadbirlarni toʻliq bajarishida hamda ularning xavfsizligini taʼminlashda amaliy yordam koʻrsatadi.
4. “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
5. “Haj” va “Umra” tadbirlari bilan bogʻliq tashkiliy ishlarni va ziyoratchilarga sifatli xizmat koʻrsatilishini muvofiqlashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi masʼuldir.
6. “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq maʼlumotlar (fuqarolarning haj va umra safarlariga navbati, safar uchun ajratilgan oʻrinlar, toʻlovlarning miqdori va boshqalar) muntazam ravishda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.
2-bob. Jamoatchilik kengashi, hayʼatlar va tashkiliy guruhlarning tashkil etilishi, ularning tarkibi, vazifalari
7. Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlari:
respublika miqyosida Jamoatchilik kengashi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari huzuridagi har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha hayʼatlar (keyingi oʻrinlarda hayʼatlar deb ataladi);
tuman (shahar)lar miqyosida tuman (shahar)lar hokimliklari huzuridagi har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha tashkiliy guruhlar (keyingi oʻrinlarda tashkiliy guruhlar deb ataladi) tomonidan tashkil etiladi.
8. Jamoatchilik kengashi oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashini tashkil etish toʻgʻrisida” 2006-yil 28-avgustdagi PF-3793-son Farmoniga muvofiq amalga oshiradi.
9. Hayʼatlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari huzurida tegishli ravishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari tomonidan 9 kishidan iborat tarkibda tuziladi.
Hayʼatlar quyidagi tashkilotlar masʼul xodimlaridan iborat tarkibda shakllantiriladi:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining jamoat va diniy tashkilotlar bilan aloqalar boʻyicha oʻrinbosari (hayʼat raisi);
Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Qoraqalpogʻiston musulmonlari qoziyoti, viloyatlar va Toshkent shahar vakilliklari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, viloyatlar va Toshkent shahri ichki ishlar bosh boshqarmalarining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari rahbarlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri, viloyatlar va Toshkent shahri sogʻliqni saqlash boshqarmalari boshliqlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi vakili;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boshqarmalari boshliqlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisi, viloyatlar va Toshkent shahri oila va xotin-qizlar boshqarmalari boshliqlari;
Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boshqarmalari boshliqlari;
Oʻzbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash “Nuroniy” jamgʻarmasining hududiy boʻlinmasi rahbari.
10. Quyidagilar hayʼatlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
“Haj” tadbiriga borishga navbati kelgan nomzodlarni ziyoratga tayyorgarlik ishlarini Haj mavsumidan kamida olti oy avval boshlashni tashkil etish;
“Haj” tadbiriga borishga nomzodlarni saralashni ushbu Nizomda belgilangan talablar asosida ijtimoiy adolat tamoyiliga amal qilgan holda, “Haj va Umra” yagona portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) orqali amalga oshirilishini taʼminlash;
“Haj” tadbiriga boruvchi ziyoratchilarni toʻliq tibbiy koʻrikdan oʻtishini taʼminlash. Bunda “Haj” mavsumida Saudiya Arabistoniga kirishni cheklovchi kasalliklari mavjud fuqarolarni barvaqt aniqlash va ularga tushuntirishlar berish;
jamiyatdagi ijtimoiy muhitni yanada sogʻlomlashtirishda hamda mahallalardagi yoʻldan adashganlarni sogʻlom eʼtiqodga qaytarishda alohida namuna koʻrsatgan imom-xatiblarning imtiyozli ravishda Haj safariga guruh rahbari sifatida borishiga tavsiya berish;
tegishli hududda davlat va nodavlat tashkilotlari mansabdor shaxslari tomonidan fuqarolarning “Haj” va “Umra” tadbirlari bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlari talablari bajarilishini nazorat qilish hamda muvofiqlashtirish, mazkur ziyoratlarni tashkil etish va amalga oshirishda xizmat mavqeyini suiisteʼmol qilishga, boshqa huquqbuzarliklarga yoʻl qoʻyilmasligini taʼminlash;
“Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish jarayoni monitoringini olib borish hamda tahlil qilish;
tegishli hududda “Haj” va “Umra” tadbirlarining amalga oshirilish vaqti va tartibi yuzasidan tushuntirish berish hamda “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq qonun buzilishi holatlari yuzasidan fuqarolarning murojaatlarini belgilangan tartibda koʻrib chiqish, aniqlangan salbiy holatlarni oʻz vaqtida bartaraf etish;
Jamoatchilik kengashining qarori asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahriga taqdim etiladigan kvotalar doirasida Portal orqali tanlab olingan “Haj” tadbiriga borish uchun navbati kelgan ziyoratchilardan tegishli mablagʻlar undirilishini tashkil etish, ularning hisobini yuritish;
ziyoratchilarning boshqa hududlarga kelish-ketishi, yashashi, ovqatlanishi, transport xarajatlarining qoplanishi uchun Jamoatchilik kengashi tomonidan tasdiqlangan har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasiga qoʻshimcha tarzda Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar boʻyicha alohida smeta ishlab chiqish va tasdiqlash;
tegishli hududda diniy va konfessiyalararo bagʻrikenglikni targʻib etish, islomning anʼanaviy hanafiy mazhabiga zid boʻlgan radikal-ekstremistik mafkuralarning oʻz mohiyati boʻyicha buzgʻunchi ekanligini fosh qilishga doir Oʻzbekistonda diniy sohada olib borilayotgan islohotlarni ziyoratchilarga yetkazish choralarini koʻrish.
11. Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Qoraqalpogʻiston musulmonlari qoziyoti, viloyatlar va Toshkent shahar vakilliklari hayʼatning ishchi organi funksiyasini bajaradilar.
12. Ishchi organ quyidagi ishlarni tashkil etadi:
Portal orqali aniqlangan navbati kelgan ziyoratchilarning xorijga chiqish biometrik pasporti rasmiylashtirilishini taʼminlash;
toʻlovlarni (Saudiya Arabistonida har bir “Haj” va “Umra” ziyoratchisi uchun shartnomaga koʻra sarflanadigan xarajat, aviachiptalar, tibbiy dori qutichasi uchun dori vositalari, “Haj” va “Umra” qoʻllanmasi, ziyoratchilar kamzuli, sumka va boshqalar uchun sarflanadigan xarajatlarni) ziyoratchilar tomonidan Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Haj va Umra toʻlovlari boʻyicha bank hisobvaragʻiga naqd yoki naqd pulsiz tartibda milliy valyutada oʻtkazilishini taʼminlash;
ziyoratchilarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish, emlash, ular bilan safar oldi mashgʻulotlarini oʻtkazish;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarni kuzatish va kutib olish ishlarini amalga oshirish.
13. Tashkiliy guruhlar tuman (shahar) hokimliklari huzurida tuman (shahar) hokimlari tomonidan 7 kishidan iborat tarkibda tuziladi.
Tashkiliy guruhlar tarkibiga, qoida tariqasida, tuman (shahar) hokimining oʻrinbosari (tashkiliy guruh raisi), tuman (shahar) bosh imom-xatibi, tuman (shahar) ichki ishlar organining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmasi, tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi, Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Oʻzbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash “Nuroniy” jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari rahbarlari kiritiladi.
14. Quyidagilar tashkiliy guruhlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
tegishli tuman (shahar)da davlat va nodavlat tashkilotlari mansabdor shaxslari tomonidan fuqarolarning “Haj” va “Umra” ibodatlari bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlari talablari bajarilishini nazorat qilish hamda muvofiqlashtirish, mazkur ziyoratlarni tashkil etish va amalga oshirishda xizmat mavqeyini suiisteʼmol qilishga, boshqa huquqbuzarliklarga yoʻl qoʻyilmasligini taʼminlash;
tegishli tuman (shahar)da ziyoratlarni tashkil etish va amalga oshirish jarayoni monitoringini olib borish hamda tahlil qilish;
tegishli tuman (shahar)da “Haj” va “Umra” tadbirlarining amalga oshirilishi vaqti, tartibi yuzasidan tushuntirish berish hamda yoʻl qoʻyilayotgan qonun buzilishlari yuzasidan fuqarolarning murojaatlarini belgilangan tartibda koʻrib chiqish, aniqlangan salbiy holatlarni oʻz vaqtida bartaraf etish;
Portal orqali tanlangan va tegishli yilda “Haj” tadbiriga boradigan ziyoratchilar roʻyxatini tuzish va tasdiqlash hamda Hayʼatlarga taqdim etish;
tegishli tuman (shahar)da diniy va konfessiyalararo bagʻrikenglikni targʻib etish, islomning anʼanaviy hanafiy mazhabiga zid boʻlgan radikal-ekstremistik mafkuralarning oʻz mohiyati boʻyicha buzgʻunchi ekanligini fosh qilishga doir Oʻzbekistonda diniy sohada olib borilayotgan chora-tadbirlarni axborot bilan taʼminlash ishlarini amalga oshirish.
14 1 . “Haj” tadbiriga borishga navbati kelgan va Portal orqali tanlab olingan fuqarolar bilan manzilli ishlash, “Haj” tadbiri uchun zarur pul mablagʻlarni undirish va boshqa tashkiliy ishlarni amalga oshirish maqsadida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida tuman (shahar) hokimi tomonidan 5 kishidan iborat tarkibda ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda ishchi guruh deb ataladi) tuziladi.
Ishchi guruh tarkibiga, qoida tariqasida, tuman bosh imom-xatibi, mahallaga biriktirilgan imom, mahalla fuqarolar yigʻini raisi, mahalladagi xotin-qizlar faoli, fuqarolar yigʻini raisining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha maslahatchisi kiritiladi.
15. Jamoatchilik kengashi, hayʼatlar, tashkiliy guruhlar va ishchi guruhlar oʻzlariga yuklangan vazifalarning samarali bajarilishi uchun masʼuldirlar.
3-bob. “Haj” va “Umra” tadbirlarining tashkil etilishi va oʻtkazilishida davlat hamda nodavlat tashkilotlarining ishtiroki
16. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
vazirliklar, idoralar hamda boshqa davlat va nodavlat tashkilotlarining “Haj” va “Umra” tadbirlari bilan bogʻliq faoliyati monitoringini olib borish hamda bu haqda Jamoatchilik kengashiga axborot berish;
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasi loyihalarining tayyorlanishida ishtirok etish;
hayʼatlar tomonidan tegishli yilda “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan ziyoratchilar roʻyxatining tuzilishini, ziyoratchilarning tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishini, emlanishini, ularga xorijga chiqish biometrik pasporti rasmiylashtirilishini va “Haj” va “Umra” tadbirlari uchun toʻlovlarning oʻz vaqtida amalga oshirilishini nazorat qilish;
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan birgalikda islom ahkomlari va shariat qonun-qoidalarini biladigan, jamoat ishlarida faol boʻlgan davlat va nodavlat tashkilotlari vakillari orasidan ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar va ziyoratchilarning guruh rahbarlari, shuningdek, tibbiy xodimlar, tajribali oshpazlar roʻyxatini shakllantirish va tasdiqlash uchun Jamoatchilik kengashiga kiritish;
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan birgalikda ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan safaroldi uchrashuvlari hamda mashgʻulotlari oʻtkazilishini tashkil qilish;
“Haj” va “Umra” mavsumida hududlarda ziyoratchilarni kuzatish va kutib olish ishlarini tashkil etish chora-tadbirlarini belgilash, shu jumladan ziyoratchilarning tasdiqlangan jadval asosida Saudiya Arabistoniga borishi, u yerda boʻlishi va u yerdan qaytib kelishlarini nazorat qilish;
“Haj” va “Umra” mavsumi davomida ziyoratchilarning sogʻ-salomat va ibodatlarni toʻla-toʻkis bajarib kelishini taʼminlash maqsadida Saudiya Arabistonidagi tegishli tashkilotlar bilan doimiy aloqada boʻlish, ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, ziyoratchilar guruh rahbarlarining faoliyatini nazorat qilish;
Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan birgalikda Portalni uzluksiz ishlashini taʼminlash, jarayonlarni raqamlashtirish, zarur hollarda moliyalashtirish va texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash;
fuqarolarning “Haj” va “Umra” tadbirlariga borishi uchun Portal orqali ariza berish imkoniyatini doimiy taʼminlab borish;
“Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish jarayoni monitoringini olib borish, tahlil qilish, vakolatli organlar bilan kelishish, ushbu jarayondagi ishlarni manzilli va samarali tashkil etish.
17. Quyidagilar Oʻzbekiston musulmonlari idorasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Bosh konsulxonaning attashesi yordamida Saudiya Arabistonida “Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi mehmonxona, transport oziq-ovqat tashkilotlari va boshqa tashkilotlar bilan shartnomalar tuzish;
har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasi loyihalarini tayyorlash va Jamoatchilik kengashiga tasdiqlash uchun kiritish;
“Haj” va “Umra” mavsumlari boshlanishidan kamida bir oy oldin ziyoratchilar uchun kamzul va sumka tayyorlab beruvchi tashkilotlarni tanlash uchun tender (tanlov) oʻtkazish va tender (tanlov) xulosalarini Jamoatchilik kengashiga kiritib, Jamoatchilik kengashi qaroriga asosan tender (tanlov)da gʻolib chiqqan tashkilotlar bilan shartnomalar tuzish;
ziyoratchilarni emlash uchun zarur miqdordagi vaksinalarning tegishli tashkilotlar tomonidan hayʼatlar belgilaydigan tibbiyot muassasalariga oʻz vaqtida yetkazilishini va ziyoratchilarni emlashni tashkil etish;
joylarda “Haj” va “Umra” tadbirlari uchun ziyoratchilar tomonidan amalga oshirilgan toʻlovlarning Oʻzbekiston musulmonlari idorasi depozit hisobvargʻiga qabul qilinishini taʼminlash;
ziyoratchilar uchun xizmat koʻrsatadigan xorijiy tashkilotlarga toʻlanadigan mablagʻlarning oʻz vaqtida konvertatsiya qilinishini hamda ushbu mablagʻlarning Bosh konsulxonaning attashesi tomonidan Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bergan ishonchnoma asosida boshqariladigan va Saudiya Arabistonida Oʻzbekiston Haj missiyasi uchun ochilgan hisobvaragʻiga belgilangan muddatdan kechiktirmay oʻtkazilishini taʼminlash;
ziyoratchilarning hujjatlarini rasmiylashtirish va ziyoratchilar uchun Saudiya Arabistonining Oʻzbekiston Respublikasidagi elchixonasi orqali vizalar olinishini taʼminlash;
ziyoratchilarning Oʻzbekiston Respublikasidan Saudiya Arabistoniga va Saudiya Arabistonidan Oʻzbekiston Respublikasiga borish-kelishlari yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi bilan birgalikda aviaqatnovlar jadvallarini ishlab chiqish, aviakompaniyalar bilan tegishli shartnomalarni imzolash hamda ziyoratchilarning safardan kamida oʻn besh kun oldin ushbu aviaqatnovlar jadvali bilan tanishtirilishini taʼminlash;
“Haj” va “Umra” mavsumida ziyoratchilarning guruh rahbarlari roʻyxatini tuzib, Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasiga taqdim etish;
ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan safaroldi uchrashuvlar hamda mashgʻulotlar oʻtkazish;
ziyoratchilarning guruh rahbarlari tomonidan ziyoratchilarning “Haj” va “Umra” amallarini toʻliq ado etishlari maqsadida ziyorat joylarining maketlari yordamida hamda taqdimot shaklida tushuntirish ishlari olib borilishini taʼminlash;
tegishli tashkilotlar bilan belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalar asosida “Haj” va “Umra” tadbirlari toʻgʻrisida bosma va video qoʻllanmalarni tayyorlash hamda ziyoratchilarga safardan kamida oʻn besh kun oldin yetkazib berish;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarning Saudiya Arabistoniga borishi va u yerdan qaytishi jadvaliga qatʼiy rioya etishlarini taʼminlash;
“Haj” va “Umra” mavsumlari oldidan ommaviy axborot vositalari orqali muqaddas joylarga ziyoratga borish tartib-qoidalari, ziyoratlarning mazmun-mohiyati haqida, shuningdek fuqarolarning noqonuniy yoʻllar bilan “Haj” va “Umra” tadbirlariga borishga urinishlarining oldini olishga doir keng koʻlamli tushuntirish ishlarini tashkil etish;
Din ishlari boʻyicha qoʻmita hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda Portal va uning mobil ilovasini doimiy takomillashtirib borish, zarur hollarda Portal faoliyatini moliyalashtirish, texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash va toʻgʻri ishlashini taʼminlash;
fuqarolarni Portal orqali navbatga yozilishi uchun zarur sharoitlar yaratish.
18. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining asosiy vazifalari hisoblanadi:
ziyoratchilarga belgilangan tartibda xorijga chiqish biometrik pasportini oʻz vaqtida rasmiylashtirish;
ziyoratchilarni kuzatish va kutib olish vaqtida, shuningdek ziyoratchilar va ziyoratchilarning guruh rahbarlari bilan safaroldi uchrashuvlari va oʻquv mashgʻulotlari oʻtkaziladigan joylarda harakat xavfsizligini va jamoat xavfsizligini taʼminlash. Ziyoratchilarning belgilangan yoʻnalishlarda harakatlanishini yoʻl-patrul xizmati kuzatuvida amalga oshirish;
ziyoratchilarni kuzatish va kutib olish vaqtida Jamoatchilik kengashi tomonidan tasdiqlangan “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan fuqarolarni kuzatish va kutib olish guruhi bilan bevosita hamkorlikda ish olib borilishini taʼminlash.
19. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Saudiya Arabistonining Haj va umra vazirligi tomonidan qoʻyilgan tibbiy talablarni va Saudiya Arabistonining iqlim sharoitlarini hisobga olgan holda, “Haj” tadbiriga boradigan ziyoratchilarni oʻz vaqtida tibbiy koʻrikdan oʻtkazish, ushbu ziyoratchilarda “Haj” mavsumida Saudiya Arabistoniga kirishi cheklovchi kasalliklar mavjud emasligini aniqlashga alohida eʼtibor qaratish. Bunda ziyoratchilarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazishning barcha bosqichlari (ruhiy-asab, narkologiya, teri-tanosil, sil kasalliklari yuzasidan tibbiy koʻrik, emlash va boshqalarni) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman (shahar)lar tibbiyot birlashmalarining markaziy koʻp tarmoqli poliklinikalarida, shuningdek, murakkab va ziddiyatli holatlarda hududiy sogʻliqni saqlash organlari tomonidan belgilanadigan markaziy poliklinikalaridan birida bepul amalga oshirilishini taʼminlash;
ziyoratchilar uchun Oʻzbekiston musulmonlari idorasi mablagʻlari hisobiga xarid qilinadigan dori vositalari va tibbiy jihozlar roʻyxatini tayyorlash, hamda mazkur dori vositalari va tibbiy jihozlarning ishchi guruh vakillari koʻmagida Saudiya Arabistoniga ziyoratchilar bilan birga yuborilishini taʼminlash;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida Saudiya Arabistonida ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi tibbiy xodimlar nomzodlari roʻyxatini Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasiga taqdim etish. “Haj” va “Umra” mavsumlarida Saudiya Arabistonida ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi tibbiy xodimlar roʻyxati Jamoatchilik kengashi tomonidan tasdiqlangandan soʻng mazkur tibbiy xodimlar bilan safaroldi oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish va ularning xizmat safarini tashkil etish;
“Haj” va “Umra” tadbirlari davomida ziyoratchilarga oʻz vaqtida va sifatli tibbiy yordam koʻrsatilishini, profilaktika ishlari amalga oshirilishini tashkil etish.
20. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Saudiya Arabistoni Haj va umra vazirligining taklifiga binoan Oʻzbekiston Respublikasi delegatsiyasining har yilgi Jidda shahriga safari bilan bogʻliq tashkiliy ishlarda Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi va Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan hamkorlik qilish;
ziyoratchilar uchun Saudiya Arabistonining Oʻzbekiston Respublikasidagi elchixonasi tomonidan vizalar rasmiylashtirilishida Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi va Oʻzbekiston musulmonlari idorasiga amaliy yordam koʻrsatish;
Bosh konsulxonaning attashesi ishtirokida “Haj” va “Umra” tadbirlari boʻyicha tuziladigan shartnomalarni oʻz vaqtida legallashtirishni amalga oshirish;
“Haj” va “Umra” mavsumlari davomida ziyoratchilarning sogʻ-salomat va ibodatlarni toʻla-toʻkis bajarib kelishini taʼminlash maqsadida Saudiya Arabistonidagi mutasaddi tashkilotlar bilan doimiy aloqada boʻlish.
21. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki va AT Aloqabank Oʻzbekiston musulmonlari idorasining murojaatiga binoan joylarda “Haj” va “Umra” tadbirlari uchun ziyoratchilardan qabul qilingan mablagʻlarni oʻz vaqtida konvertatsiya qilib, Bosh konsulxonaning attashesi tomonidan Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bergan ishonchnoma asosida boshqariladigan Oʻzbekiston musulmonlari idorasining depozit hisobvaragʻiga va Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Saudiya Arabistonidagi hamkor tashkilotining hisobvaraqlariga oʻz vaqtida oʻtkazishni tashkil etadi.
22. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining asosiy vazifalari hisoblanadi:
milliy va Saudiya Arabistoni aviakompaniyalari hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi oʻrtasida ziyoratchilarni tashish yuzasidan shartnomalar tuzish, shuningdek, belgilangan muddatda Saudiya Arabistoniga ziyoratchilarni olib borish va olib kelish boʻyicha aviaqatnovlar jadvallarini Saudiya Arabistonining masʼul tashkilotlari bilan muvofiqlashtirish va tasdiqlash, aviakompaniyalar tomonidan ushbu jadvallarga rioya qilinishini hamda sifatli xizmatlar koʻrsatilishini taʼminlash;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarni tegishli yoʻnalishlarda tashishni tashkil qilish;
“Haj” va “Umra” tadbirlari yil davomida doimiy amalga oshirilishini hamda mazkur ziyoratlarga boradigan fuqarolarning soni koʻpligini inobatga olib, ziyoratchilar uchun turli noqulayliklar va qiyinchiliklar kelib chiqishining oldini olish maqsadida aeroportda ziyoratchilarga samolyotning uchish vaqtini kutish, dam olish, ovqatlanish, ibodat qilish imkonini beradigan alohida joylar ajratilishini taʼminlash;
“Haj” mavsumida mehmonxonalarda ziyoratdan qaytayotgan ziyoratchilarni roʻyxatdan oʻtkazish va ularning yuklarini qabul qilish choralarini koʻrish;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan safaroldi uchrashuvlarida ishtirok etish.
23. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
aeroportlarda ziyoratchilarning yuklarini belgilangan tartibda bojxona koʻrigidan oʻtkazish;
“Haj” va “Umra” mavsumlarida ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan safaroldi uchrashuvlarida tegishli tushuntirish ishlari olib borilishini taʼminlash;
aeroportlar orqali harakatlanayotgan “Haj” va “Umra” ziyoratchilarining respublikadan uchib ketishlari va unga uchib kelishlarida qulayliklar yaratish, bojxona nazorati zonasida uzoq vaqt turib qolishlarining oldini olish maqsadida aeroportlarning uchib ketish va uchib kelish zallarida alohida yoʻlakchalar ajratilib, bojxona nazorati va rasmiylashtiruvini belgilangan tartibda tezkorlik bilan amalga oshirish;
“Haj” va “Umra” ziyoratiga uchib ketayotgan ziyoratchilarga qulayliklar yaratish maqsadida oldindan tarqatilishini taʼminlash uchun Oʻzbekiston musulmonlari idorasiga zarur miqdorda Yoʻlovchi bojxona deklaratsiyasi blankalarini ajratish;
“Haj” ziyoratchilarining uchib kelishlarida bojxona rasmiylashtiruvini havo kemasining oʻzida amalga oshirish uchun guruh tashkil etish va uni tasdiqlash.
Bojxona xodimlari havo kemasida bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirish uchun Saudiya Arabistoniga uchib borib kelishida ushbu bojxona xodimlariga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga xizmat safarlarini tashkil etish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2014-yil 30-oktabrdagi 299-son qarori talablari tatbiq etilmaydi.
24. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Oʻzbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash “Nuroniy” jamgʻarmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi aholiga “Haj” va “Umra” tadbirlarini qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq amalga oshirish hamda noqonuniy yoʻllar bilan ziyoratga borishning oldini olishga doir tushuntirish ishlarini olib borishda ishtirok etishi mumkin.
25. Vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar oʻzlariga yuklangan “Haj” va “Umra” tadbirlarining tashkil etilishi va oʻtkazilishi bilan bogʻliq barcha vazifalarning samarali bajarilishi uchun masʼuldir.
4-bob. “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan ziyoratchilarni roʻyxatga olish va tegishli yilda kvotaga kiritiladigan fuqarolarning sonini aniqlash. Tadbirlarga yuborish vaqtida qoʻyiladigan qoʻshimcha shartlar
26. Har yili “Haj” tadbiriga boradigan fuqarolarning kvotalari Jamoatchilik kengashining qarori asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahriga taqdim etiladigan kvotalar doirasida Hayʼatlarning tavsiyalarini koʻrib chiqqan holda roʻyxatda turgan fuqarolarning umumiy sonidan kelib chiqib Portal orqali taqsimlanadi.
Jamoatchilik kengashi kvotalarni Portaldagi roʻyxatga muvofiq belgilaydi.
27. Fuqarolar “Haj” tadbiriga borish uchun doimiy yashash manzili boʻyicha navbatga yoziladi, “Umra” tadbiriga borish uchun doimiy yoki vaqtincha yashash manzilidan qatʼi nazar, murojaat qilishi mumkin.
28. Portalning uzluksiz ishlashini taʼminlash, texnik qoʻllab-quvvatlash hamda doimiy takomillashtirib borish maqsadida fuqarolarni Portalda “Haj” va “Umra” tadbirlariga roʻyxatga olishda Jamoatchilik kengashi tomonidan belgilangan miqdorda bir martalik yigʻim undiriladi. Yigʻim Oʻzbekiston musulmonlari idorasining maxsus hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.
30. Fuqaro Portalda navbatga yozilganidan soʻng unga arizasi muvaffaqiyatli qabul qilingani toʻgʻrisida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan SMS-xabarnoma yuboriladi.
31. Portalda roʻyxatga olingan fuqaro oʻzining qaysi mahalla fuqarolar yigʻinida roʻyxatga olinganligini koʻrish imkoniyati yaratiladi.
32. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi har yilgi “Haj” mavsumida Portalda shakllangan va tashkiliy guruh tomonidan taqdim etilgan roʻyxat asosida fuqarolar bilan manzilli ishlaydi hamda “Haj” tadbiri uchun toʻlovlar undirilishini tashkil etadi. Bunda joriy yilgi roʻyxatga kirgan, lekin Oʻzbekiston musulmonlari idorasining xabarnomasida belgilangan muddatda toʻlovni amalga oshirish imkoniyatiga ega boʻlmagan fuqarolarni aniqlab, ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi hududidagi “Haj” tadbiri uchun toʻlovlarni amalga oshirish imkoniyatiga ega navbatdagi fuqarolar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tashkiliy guruhga taqdim etib boradi.
34. Joriy yilda navbati kelgan fuqarolar Portal orqali hajga navbati kelganligi hamda Jamoatchilik kengashi tomonidan belgilangan muddatda va miqdorda toʻlovlarni amalga oshirishi toʻgʻrisida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan SMS-xabarnoma orqali xabardor qilinadi.
35. SMS-xabarnoma orqali navbati kelgani hamda toʻlovni amalga oshirishi toʻgʻrisida xabardor qilingan fuqaro unda belgilangan muddatda va miqdorda toʻlovlarni toʻliq amalga oshirishi yoki “Haj” tadbiriga borishga imkoni boʻlmagan taqdirda, mazkur bandda hamda ushbu Nizomning 36 va 37-bandlarida belgilangan tartibda “Haj” tadbiriga borish navbatini bir yil muddatga keyinga qoldirishi mumkin.
Bunda fuqaro Portal orqali oʻzining navbatini keyingi yilga qoldirish toʻgʻrisida elektron ariza bergan holda yoki Tashkiliy guruhga yozma ariza berish orqali navbatini keyingi yilga qoldirishi mumkin.
36. Fuqaro navbatini keyingi yilga qoldirish toʻgʻrisida ariza bergan hollarda, Portalda uning navbati bir marotaba avtomatik tarzda keyingi Haj mavsumiga qoldiriladi hamda ushbu fuqarodan keyingi navbatda turgan fuqaroga (agar ushbu mahallada navbatda turganlar mavjud boʻlmasa, boshqa mahallaga, boshqa mahallada ham navbat mavjud boʻlmasa, boshqa tuman (shahar)dagi mahallada eng avval roʻyxatga yozilganlarga) navbati kelganligi va toʻlovni amalga oshirishi lozimligi toʻgʻrisida SMS-xabarnoma yuboriladi.
Agarda fuqaro Jamoatchilik kengashi tomonidan belgilangan muddatda yoki miqdordagi toʻlovlarni toʻliq amalga oshirmasa hamda Portal orqali yoki oʻzi mustaqil ravishda navbatini keyinga qoldirish toʻgʻrisida ariza bermasa, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan yuborilgan SMS-xabarnomada belgilangan muddat tugagandan soʻng, ushbu fuqaroning roziligisiz Portal orqali uning navbati keyingi yilga koʻchiriladi.
Bunda mazkur fuqarodan keyin navbatda turgan fuqaroga (agar ushbu mahallada navbatda turganlar mavjud boʻlmasa, boshqa mahallaga, boshqa mahallada ham navbat mavjud boʻlmasa, boshqa tuman (shahar)dagi mahallada eng avval roʻyxatga yozilganlardan tanlab) navbati kelganligi va toʻlovni amalga oshirishi lozimligi toʻgʻrisida SMS-xabarnoma yuboriladi.
37. “Haj” tadbiriga borish imkoni boʻlmagan yoki bormayotgan fuqaroning navbati faqat bir marotaba keyingi yilga koʻchirilishi mumkin.
Navbati keyingi yilga koʻchirilgan fuqaro keyingi yilda ham Jamoatchilik kengashi tomonidan belgilangan muddatda toʻlovlarni toʻliq amalga oshirmasa yoki boshqa sabablarga koʻra “Haj” tadbiriga bormasa, oʻzining arizasiga asosan, ariza yozib bermagan taqdirda, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan yuborilgan SMS-xabarnomada belgilangan muddat tugagandan soʻng, fuqaroning roziligisiz uning navbati bekor qilinadi.
Ushbu fuqaro umumiy tartibda qayta roʻyxatga turishi mumkin.
38. “Haj” tadbiriga bir nafar hamrohi (otasi, onasi, akasi, ukasi, opasi, singlisi, turmush oʻrtogʻi, farzandi va boshqa) bilan borish istagida boʻlgan fuqarolar, qoida tariqasida, birgalikda ariza berishlari lozim.
“Haj” tadbiriga boruvchi shaxs bilan uning hamrohi (bir hududda) turli sanalarda navbatga yozilgan boʻlsa, oldinroq navbatda turgan shaxsning navbati oʻzidan keyinroq turgan hamrohi bilan yonma-yon oʻringa koʻchirilishi mumkin.
Portalda hamrohi bilan birgalikda roʻyxatdan oʻtgan talabgorlarning nikohi qonuniy bekor boʻlgan yoki “Haj” ziyoratini bajarish layoqatini yoʻqotgan taqdirda, hamrohni tanlagan shaxs Portalda ariza berish orqali oʻzining navbatda turgan yaqin qarindoshi boʻlgan hamrohini (bir hududda boʻlsa) almashtirishi mumkin. Bunda dastlabki hamrohining navbati bekor qilinib, uning oʻrniga yangi hamroh kiritiladi.
Portalda navbatda turgan fuqaro vafot etgan taqdirda, uning navbati bekor boʻladi.
Navbatda turgan fuqaro istalgan vaqtda ariza berish orqali navbatini bekor qilishi mumkin, bunda navbat undan keyin turgan fuqaroga oʻtadi.
40. “Haj” tadbiriga borish uchun navbat faqat doimiy yashash hududi boʻyicha shakllantiriladi.
“Haj” tadbiriga borish uchun navbatda turgan ziyoratchining doimiy yashash joyi oʻzgargan taqdirda, uning ixtiyoriga koʻra avvalgi manzili boʻyicha navbati saqlanib qoladi. Fuqaro navbatini yangi doimiy yashash hududiga oʻzgartirmoqchi boʻlsa, uning eski navbati bekor qilinib, yangi manzilda yangidan navbatga qoʻyiladi.
“Haj” tadbiriga borish uchun roʻyxatdan oʻtishda doimiy yashash manzili toʻgʻrisida maʼlumot olish imkoni boʻlmagan taqdirda, Portalda talabgor bu haqida ogohlantiriladi.
Fuqaro yashash manzili boʻyicha noaniqlikka tuman (shahar) ichki ishlar boʻlimidan aniqlik kiritgandan soʻng roʻyxatdan oʻtish boʻyicha ariza berishi mumkin boʻladi.
42. Tashkiliy guruhlar tegishli yilda tuman (shahar) miqyosida “Haj” tadbirlariga boradigan ziyoratchilar roʻyxati kvota asosida Portalda tasdiqlangandan keyin oʻn kun mobaynida umumlashtiradi. Umumlashtirilgan roʻyxat ikki nusxada tayyorlanadi va tasdiqlanadi. Mazkur roʻyxatning birinchi nusxasi elektron varianti bilan birga hayʼatlarga taqdim etiladi. Roʻyxatning ikkinchi nusxasi tashkiliy guruhda saqlanadi.
43. Hayʼatlar Jamoatchilik kengashidan va (yoki) Portaldan olingan roʻyxatlar asosida tegishli yilda oʻzining hududidan “Haj” tadbiriga boradigan ziyoratchilar roʻyxatini umumlashtiradi, ularning xorijga chiqish biometrik pasporti mavjudligini va amal qilish muddatini, chet elga chiqishga taqiq yoʻqligini tekshiradi, ziyoratchilarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish ishlarini amalga oshiradi.
Umumlashtirilgan roʻyxat bir nusxada tasdiqlanib, hayʼatlarda saqlanadi.
44. Ziyoratchilarni ziyoratga yuborishdan kamida oʻn kun oldin Jamoatchilik kengashi Portaldan olingan roʻyxatlar asosida tegishli yilda respublika miqyosida “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan ziyoratchilar roʻyxatini umumlashtiradi, ziyoratchilarni guruhlarga ajratadi, ziyoratchilarning guruh rahbarlarini tayinlaydi, ziyoratchilarning guruhlarini tegishli aviaqatnovlarga taqsimlaydi, ziyoratchilarni Saudiya Arabistoniga olib borish va olib kelish bilan bogʻliq barcha ishlarni amalga oshiradi.
45. Jamoatchilik kengashi va hayʼatlar tomonidan ziyorat bilan bogʻliq barcha shart-sharoitlar (ziyorat toʻlovlari, shartlari va muddati) haqida ziyoratchilarga “Haj” tadbiri boshlanishidan kamida bir oy, “Umra” tadbiri boshlanishidan kamida oʻn toʻrt kun oldin maʼlum qilinadi.
46. Tegishli yilda “Haj” va “Umra” tadbirlariga boradigan fuqarolar roʻyxatini shakllantirishda quyidagi qoʻshimcha shartlar inobatga olinadi:
“Haj” tadbiriga bormoqchi boʻlgan fuqaro navbatga yozilishi uchun soʻnggi besh yilda “Haj” tadbiriga bormagan boʻlishi (ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhi vakillari va guruh rahbarlari bundan mustasno);
“Haj” va “Umra” tadbirlariga bormoqchi boʻlgan fuqarolar voyaga yetgan boʻlishi.
4 1 -bob. “Umra” xizmatlarini Oʻzbekiston musulmonlari idorasi va tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslar tomonidan tashkil etish
46 1 . Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Raqamli texnologiyalar vazirligi:
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi hamda tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslar bilan birgalikda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek, “Umra” xizmatlarini amalga oshirish uchun tavsiya etilayotgan “Umra” paketlari va narxlari, tadbirlar amalga oshiriladigan kunlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Portalda joylashtirilishini va doimiy yangilab borilishini taʼminlaydi;
aholini “Umra” tadbiriga olib borish bilan bogʻliq shartnomalarni Portalda elektron shaklda rasmiylashtirish imkoniyatini yaratadi (Portal texnik sabablarga koʻra ishlamaganda, Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan rasmiy veb-saytda eʼlon qilingan talablar asosida “Umra” tadbiriga olib borish bilan bogʻliq shartnomalar boshqa shaklda ham tuzilishi mumkin).
46 2 . Oʻzbekiston musulmonlari idorasi hamda tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslar:
“Umra” tadbirlarini tashkil etish bilan bogʻliq barcha harakatlarni Portal orqali amalga oshiradi, shu jumladan “Umra” tadbiriga boradigan ziyoratchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni safardan oldin Portalda majburiy qayd etib boradi;
Portaldagi faoliyatni shaxsiy kabinetlari orqali amalga oshiradi.
Portalga kirish va shaxsiy kabinetlaridan foydalanish huquqi Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan taʼminlanadi.
Portalga kiritilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar Jamoatchilik kengashining tavsiyalari asosida belgilanadi.
46 3 . Fuqarolarni, shu jumladan fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni yoki xorijiy davlatlar fuqarolarini (keyingi oʻrinlarda — “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxs) “Umra” tadbiriga olib borish bilan bogʻliq maʼlumotlari Portalga quyidagi usullarda kiritiladi:
a) “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxs Portal orqali Oʻzbekiston musulmonlari idorasini (faqat Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari) yoki tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxsni ixtiyoriy ravishda tanlab shartnoma tuzishi mumkin. Bunda shartnomani rasmiylashtirish “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxslar tomonidan Portalga kiritilgan telefon raqamiga yuborilgan SMS-kodni Portalga kiritish orqali amalga oshiriladi.
Portal orqali yuborilgan murojaatlar Oʻzbekiston musulmonlari idorasi yoki tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxs tomonidan koʻrib chiqilib, tanlangan paketdagi xizmatlar mavjud boʻlganda rahbar yoki vakolat berilgan shaxsning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlash orqali shartnoma rasmiylashtiriladi.
Portal orqali kelib tushgan murojaatlar boʻyicha shartnoma rasmiylashtirilganda, xizmatlar unda kelishilgan muddat va shartlarda bajariladi.
Tanlangan paketdagi xizmatlar mavjud boʻlmaganda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi yoki tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxs tomonidan murojaat shartnoma rasmiylashtirmasdan rad etilishi mumkin.
Shartnoma tuzish rad etilganda bu haqda “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxsning Portalga kiritilgan telefon raqamiga SMS-xabar yuboriladi. Murojaati rad etilgan shaxs tegishli litsenziyasiga ega boshqa yuridik shaxsni tanlashi mumkin;
b) “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxs tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxsga yoki Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Haj va Umra markaziga (faqat Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari) shaxsan murojaat qilishlari mumkin. Bunda tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxs yoki Haj va Umra markazi “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxsga oid maʼlumotlarni Portalga mustaqil ravishda kiritadi.
Maʼlumotlar Portalga kiritilgandan soʻng “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxsning telefon raqamiga SMS-kod yuboriladi va ushbu kodni Portalga kiritish orqali shartnoma rasmiylashtiriladi. Shartnoma tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxs rahbari yoki Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Haj va Umra markazi rahbari yoxud ular vakolat bergan shaxsning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.
46 4 . “Umra” tadbirlari shartnomasi Portalda rasmiylashtirilgandan soʻng, toʻlov uchun invoys shakllanadi hamda “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxs(lar)ning Portalga kiritilgan telefon raqamiga toʻlov summasi koʻrsatilgan SMS-xabarnoma yuboriladi.
Toʻlovlar amalga oshirilgandan soʻng bu toʻgʻrisida “Umra” tadbiriga bormoqchi boʻlgan shaxs(lar)ga tasdiqlovchi SMS-xabar yuboriladi. Ushbu toʻlovlarni Portal orqali koʻrish imkoniyati yaratiladi.
46 5 . Tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslarga quyidagi hollarda Portaldan foydalanish imkoniyati toʻliq yoki qisman toʻxtatiladi:
Portaldan foydalanish talablari va shartlariga rioya qilinmaganda;
tegishli litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda;
tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxs vakilining yozma arizasi mavjud boʻlganda;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa holatlarda.
Portaldan foydalanish imkoniyatini toʻliq yoki qisman toʻxtatish Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning qaroriga asosan amalga oshiriladi.
5-bob. Ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, tibbiy xodimlar, oshpazlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan oʻtkaziladigan safaroldi uchrashuvlar hamda mashgʻulotlar
47. “Haj” va “Umra” tadbirlarini tartibli tashkil qilish, ziyoratchilarning ibodatlari toʻliq boʻlishi maqsadida Jamoatchilik kengashi tomonidan ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, tibbiy xodimlar va oshpazlar bilan uchrashuvlar oʻtkaziladi.
48. Ziyoratchilarning guruh rahbarlari uchun Jamoatchilik kengashi raisi tomonidan tasdiqlangan oʻquv dasturi asosida mashgʻulotlar tashkil qilinadi.
49. Ziyoratchilarning guruh rahbarlari joylarda ziyoratchilar bilan “Haj” va “Umra” tadbirlarining odoblari, ularni amalga oshirish tartibi, safarga borish-kelish qoidalari, shartlari va talablari haqida uchrashuvlar hamda mashgʻulotlar oʻtkazadi.
Ziyoratchilarning guruh rahbarlari ziyoratchilarga qulay sharoitlar yaratish maqsadida ularni doimiy ravishda kuzatib borish va safar davomida ularga amaliy yordam berish uchun masʼuldirlar.
50. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi, Transport vazirligi hamda milliy va xorijiy aviakompaniyalar tomonidan ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlar, tibbiy xodimlar, oshpazlar, ziyoratchilarning guruh rahbarlari va ziyoratchilar bilan yakuniy uchrashuvlar oʻtkaziladi hamda bunda mazkur tashkilotlar vakillari oʻz sohalariga oid tegishli tushuntirish ishlarini amalga oshiradilar.
6-bob. “Haj” va “Umra” tadbirlarini moliyalashtirish
51. Oʻzbekiston musulmonlari idorasi va uning Qoraqalpogʻiston musulmonlari qoziyoti hamda viloyatlar va Toshkent shahri vakilligi tomonidan banklarda “Haj” va “Umra” tadbirlari uchun ziyoratchilardan yigʻiladigan mablagʻlarning maqsadli ishlatilishini taʼminlash maqsadida depozit hisobvaraqlar ochiladi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahridagi ziyoratchilardan olinadigan toʻlovlar belgilangan “Haj” va “Umra” mavsumidan kamida ikki oy oldin, bir yoʻla umumiy summani toʻligʻicha toʻlash yoʻli bilan naqd pul yoki naqd pulsiz tartibda amalga oshiriladi.
Toʻlovlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida ochilgan depozit hisobvaraqlar ochilgan bankning barcha hududiy filiallarida amalga oshirilishi mumkin.
Toʻlovlar Hayʼatning ishchi organi tomonidan ochilgan maxsus hisobvaraqda toʻplanadi hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasining depozit hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
“Haj” va “Umra” tadbirlari bilan bogʻliq barcha sarf-xarajatlar har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasi asosida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi depozit hisobvaragʻiga yigʻilgan mablagʻlar hisobidan qoplanadi.
52. Turli tashkilotlar vakillaridan iborat ziyoratchilarga xizmat koʻrsatuvchi ishchi guruhlarning Saudiya Arabistoniga borish-kelishi bilan bogʻliq barcha xarajatlar har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasi asosida Oʻzbekiston musulmonlari idorasining depozit hisobvaragʻiga yigʻilgan mablagʻlar hisobidan vazirliklar, idoralar, korxonalar va tashkilotlar xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasidan tashqaridagi xizmat safari xarajatlari uchun mablagʻlar berishning belgilangan tartibiga muvofiq qoplanadi.
53. Oʻzbekiston musulmonlari idorasining Qoraqalpogʻiston musulmonlari qoziyoti, viloyatlar va Toshkent shahridagi vakilliklarining “Haj” va “Umra” masalalari bilan shugʻullanuvchi xodimlarining xarajatlari, mazkur xodimlarning ish haqlari har bir ziyoratchi uchun safar xarajatlari smetasi asosida belgilangan tartibda qoplanadi.
54. Ziyoratchilarning Toshkent shahriga kelish-ketishi, yashashi, ovqatlanishi, transport xarajatlari ziyoratchilar hisobidan, hayʼatlar tomonidan tasdiqlanadigan alohida smetalar asosida qoplanadi.
55. “Haj” va “Umra” tadbirlari uchun toʻlovni amalga oshirgan, biroq maʼlum sabablarga koʻra mazkur tadbirlarga bora olmagan yoki bora olmaydigan fuqaroga shaxsan Portal orqali oʻzining arizasi yoki uning nomidan ishonchnomaga asosan harakat qilayotgan shaxsning arizasiga muvofiq toʻlangan toʻlovlar toʻlaligicha ariza taqdim etilgan paytdan boshlab oʻn ish kunida fuqaro (ishonchli vakil) tomonidan taqdim etilgan maxsus hisobvaraqqa oʻtkazib beriladi.
Fuqaroning vafot etishi munosabati bilan “Haj” va “Umra” tadbirlariga borish uchun toʻlangan toʻlovlar vafot etgan fuqaro qonuniy merosxoʻrining arizasiga asosan merosxoʻr taqdim qilgan maxsus hisobvaraqqa oʻtkazib beriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
56. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
“Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Haj” tadbirlarini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Talabgor (“Haj” tadbiriga bormoqchi boʻlgan jismoniy shaxs) 1. “Haj” tadbiriga boruvchi talabgor “Haj”ga borishga soʻrovnoma yuborish uchun “Haj va Umra” yagona portaliga kiradi. 2. Talabgor “Haj” tadbiriga borish soʻrovnomasini toʻldiradi va tasdiqlab yuboradi. 3. Talabgorning pasport maʼlumotlari va roʻyxatda turgan joyi va boshqa maʼlumotlari elektron tizim orqali tekshirib olinadi. 4. “Haj” tadbiriga navbatga yozilish uchun belgilangan miqdorda toʻlovni amalga oshiradi. Oʻz xohishiga koʻra yil davomida ↓ 2-bosqich “Haj va Umra” yagona portali 1. Toʻlov amalga oshirilgandan soʻng talabgor soʻrovnomada koʻrsatgan doimiy roʻyxatda turgan joyidagi mahallasida navbat boʻyicha roʻyxatga olinadi. Bu haqida soʻrovnomadagi telefon raqamiga SMS-xabarnoma yuboriladi. 2. Navbatga qoʻyilgan talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tuzilgan tegishli tuman (shahar) hokimliklari huzuridagi tashkiliy guruhda, Hayʼatda va Jamoatchilik kengashida koʻrinadi. Avtomatik tarzda, yil davomida ↓ 3-bosqich “Haj va Umra” yagona portali Talabgor “Haj” tadbiriga borish uchun roʻyxatga olingandan keyin uning doimiy roʻyxatda turgan manzili oʻzgarsa va u ushbu mahallada doimiy roʻyxatda turgan boʻlsa, talabgor avvalgi mahalladagi navbatini saqlab qoladi yoki yangi manzili boʻyicha qaytadan (proaktiv shaklda) navbatga turish uchun soʻrovnoma yuboradi. Talabgorning xohishiga koʻra, yil davomida ↓ 4-bosqich “Haj va Umra” yagona portali 1. Roʻyxat boʻyicha navbati kelgan talabgorlarga Saudiya Arabistoniga joʻnashdan kamida olti oy (joriy mavsumda borish imkoniyati boʻlmagan fuqaro oʻrniga keyingi navbatdagi talabgorlar uchun muddat oʻzgarishi mumkin) oldin tizimga kiritilgan telefon raqamiga SMS-xabarnoma yuboriladi. Avtomatik tarzda Tashkiliy guruh, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari 2. Texnik sabablarga koʻra, SMS-xabarnoma yuborish imkoni boʻlmaganda, talabgor yozma shaklda pochta orqali yoki yashash manziliga borgan holda xabardor qilinadi. Pochta orqali yoki yashash manziliga borgan holda ↓ 5-bosqich “Haj va Umra” yagona portali 1. Roʻyxat boʻyicha navbati kelgan talabgorga “Haj va Umra” yagona portaliga kirib, oʻzining shaxsiy maʼlumotlari sahifasida oʻziga tegishli maʼlumotlarini, qancha toʻlov amalga oshirishi lozimligini yoki qancha toʻlov amalga oshirganligini hamda QR-kodli toʻlov chekini koʻrish va yuklab olish imkoniyati yaratiladi. 2. Talabgor QR-kodli chekda koʻrsatilgan mablagʻni toʻlaganidan soʻng unga toʻlangan mablagʻ miqdori koʻrsatilgan SMS-xabarnoma yuboriladi. Avtomatik tarzda ↓ 6-bosqich Talabgor SMS-xabarnomada yoki QR-kodli chekda koʻrsatilgan mablagʻni toʻlaydi. SMS-xabarnomada koʻrsatilgan muddatda ↓ 7-bosqich Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari 1. Tashkiliy guruh tomonidan taqdim qilingan roʻyxatga asosan tegishli yilda oʻz hududidan ziyoratga boradigan fuqarolarni yashash manziliga borgan holda ogohlantiradi. 2. Tashkiliy guruh bilan birgalikda fuqarolarning ziyoratga borishini tashkillashtiradi. Tashkiliy guruh tomonidan taqdim etilgan roʻyxat boʻyicha belgilangan muddatlarda ↓ 8-bosqich Tashkiliy guruh 1. Hayʼat tomonidan taqdim etilgan tegishli yilda ziyoratga boruvchilar roʻyxatini fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari kesimida ularga yetkazadi. 2. Kvotaga muvofiq tegishli yilda tuman (shahar) miqyosida ziyoratga boradigan fuqarolar roʻyxatini umumlashtiradi, ularning borishini aniqlashtiradi, toʻlovlarning oʻz vaqtida toʻlanishini tashkillashtiradi. Kvota aniqlanganidan keyin besh kun muddatda 3. Kvota boʻyicha roʻyxatga kirgan, lekin joriy yilda ziyoratga bora olmaydigan shaxslarni aniqlab, bu toʻgʻrisidagi takliflarni hayʼatga taqdim etadi. 4. Hayʼat bilan birgalikda ziyoratga bora olmaydigan shaxslar oʻrniga navbatdagi fuqarolarning roʻyxatga kiritilishini taʼminlaydi hamda yakuniy roʻyxatni shakllantirib, Hayʼatga taqdim qiladi. Hayʼatlar kvotani tasdiqlaganidan keyin qirq besh kun mobaynida ↓ 9-bosqich Hayʼatlar 1. Kvotaga muvofiq ziyoratchilarning hujjatlarini tekshiradi. Oʻz hududidan (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) tegishli yilda ziyoratga boradigan fuqarolarning roʻyxatini umumlashtiradi. 2. Kvota boʻyicha roʻyxatga kirgan, lekin joriy yilda ziyoratga bora olmaydigan shaxslar aniqlanganda, tashkiliy guruh bilan ishlab, ularning oʻrniga navbatdagi fuqarolarni roʻyxatga kiritish masalasini Jamoatchilik kengashi bilan kelishadi. Jamoatchilik kengashi kvotani tasdiqlaganidan keyin oltmish kun mobaynida 3. Ziyoratga boradigan fuqarolarning yakuniy roʻyxatini shakllantiradi, tasdiqlaydi va Jamoatchilik kengashiga taqdim qiladi. 4. Ziyoratga borib-kelish uchun belgilangan toʻlovlar toʻlanishini, ziyoratchilarning tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishini, emlash, ular bilan safaroldi mashgʻulotlari oʻtkazilishini tashkil etadi. Ziyoratga yuborishdan bir oy oldin ↓ 10-bosqich Jamoatchilik kengashi 1. Ziyoratga boradigan talabgorlar roʻyxatini umumlashtiradi, ziyoratchilarni guruhlarga ajratadi, ziyoratchilarning guruh rahbarlarini tayinlaydi, ziyoratchilarning guruhlarini tegishli aviaqatnovlar boʻyicha taqsimlaydi. Ziyoratga yuborishdan kamida oʻn kun oldin 2. Ziyoratchilarni Saudiya Arabistoni Podshohligiga olib borish va u yerdan olib kelish bilan bogʻliq barcha ishlarni amalga oshiradi. Ziyoratlar davomida
“Haj” va “Umra” ziyoratlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
MAʼLUMOTNOMA Ushbu maʼlumotnoma shu haqda berildiki, __________________ viloyati (shahri) ______________ tumani ________________________ fuqarolar yigʻini, mazkur fuqarolar yigʻinidagi _____________ koʻchasi _____ uyda istiqomat qiluvchi fuqaro ___________________________________________ 20____ yil _________________ da “Haj” (“Umra”) tadbiriga boruvchilar jurnalida ______________ tartib raqami bilan roʻyxatga olindi. Fuqarolar yigʻini raisi _____________________________________________ (F.I.Sh.) ________________ (imzo) M.Oʻ.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2017-yil 7-iyun,
364-son