📅 2017-yil 20-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi bosh direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 20-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi bosh direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 20 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 июня 2017 г. · Документы министерств и ведомств · Генерального директора Узбекского агентства стандартизации, метрологии и сертификации
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 June 2017 · Ministry and agency documents · Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi bosh direktori
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг
буйруғи
НИЗОМ
Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 июлдаги 370-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш чоралари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги Бош директорининг 2017 йил 20 июндаги 411-сон буйруғига ИЛОВА
Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом сифат бўйича эксперт-аудиторларни ҳамда сифат бўйича эксперт-аудиторликка номзодларни (бундан буён матнда номзод деб юритилади) аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аккредитация — мувофиқликни баҳолаш органларининг муайян фаолият соҳасида мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга ваколатлилигини аккредитация органи томонидан расман тасдиқлаш;
аттестация — номзодларнинг назарий билим ва касбий тайёргарлик даражасини баҳолаш жараёни;
сифат бўйича эксперт-аудитор — мазкур Низомда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ишларни олиб бориш учун тегишли малакага эга бўлган мутахассис;
даврий баҳолаш — аккредитация қилинган субъект фаолиятининг аккредитация даврида белгиланган талабларга мувофиқлигини аккредитация циклида қайта баҳолаш тартиб-таомили;
2. Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестацияси (бундан буён матнда аттестация деб юритилади) уларнинг профессионал малакаси ва касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, зиммасига юкланган вазифалар, функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини, сифатни баҳолаш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда сифат бўйича эксперт-аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш мақсадида амалга оширилади.
3. Олий маълумотли, мувофиқлик сертификати ва сифатни баҳолаш соҳасида уч йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган, сифатни баҳолаш соҳасида малака оширган, шунингдек сертификатлаштиришдан ўтган соҳаси бўйича жами 4 марта аккредитация ва даврий баҳолашларда иштирок этган мутахассислар сифат бўйича эксперт-аудиторликка аттестациядан ўтказилади.
4. Сифат бўйича эксперт-аудиторлар ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.
5. Аттестация ҳаққонийлик, даврийлик, ошкоралик ва холислик принципларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилади.
6. Аттестация мазкур Низомда назарда тутилган тартибда тузиладиган Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш комиссияси (бундан буён матнда аттестация комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
2-боб. Аттестация комиссиясини тузиш ва фаолиятини ташкил этиш
7. Аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) директорининг буйруғига асосан Агентлик, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси, «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасаси, «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси, «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасаси ва «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси мутахассислари орасидан камида тўққиз аъзодан иборат таркибда тузилади.
8. Агентлик директори аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади.
9. Агентликнинг Мувофиқликни баҳолаш бўйича техник сиёсатни амалга ошириш бошқармаси аттестация комиссиясининг ишини ташкил қилувчи ишчи органи ҳисобланади.
10. Ишчи орган қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
аттестациядан ўтиш учун ариза топширган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади ва кўриб чиқади;
аттестациядан ўтиш учун ариза топширган номзодларни аттестация ўтказиш жойи ва куни ҳақида хабардор қилади;
суҳбат ўтказиш учун номзодларга бериладиган тахминий саволларни тузади ва аттестация комиссиясига киритади;
Сифат бўйича экспертлар-аудиторлар давлат реестрини юритади;
аттестация комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.
11. Аттестация комиссиясининг йиғилиши ҳар уч ойда бир маротаба ўтказилади, аттестациядан ўтиш учун аризалар келиб тушмаган ҳоллар бундан мустасно.
12. Аттестация комиссиясининг йиғилиши аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
13. Аттестация натижалари аттестация комиссиясининг қарори билан қабул қилинади. Аттестация комиссиясининг қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ва аттестация комиссияси аъзолари томонидан имзоланади.
3-боб. Аттестациядан ўтиш учун ҳужжатлар тақдим этиш
14. Номзод аттестациядан ўтиш учун аттестациядан ўтиш ҳақидаги ариза билан Агентликка мурожаат қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича анкетаси;
аккредитация ва даврий баҳолашларда иштирок этганлигини тасдиқловчи буйруқ нусхалари;
иш жойидан тавсифнома;
ходимни сертификатлаштирилганлиги тўғрисидаги мувофиқлик сертификати нусхаси.
Мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
15. Сифат бўйича эксперт-аудитор Сифат бўйича эксперт-аудиторнинг аттестациядан ўтганлиги ҳақида гувоҳноманинг (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) амал қилиш муддати тугашидан икки ой олдин аттестациядан ўтиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилади.
16. Ҳужжатлар келиб тушган кунидан бошлаб икки кун муддатда аттестация комиссиясининг ишчи органи томонидан кўриб чиқилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда ишчи орган томонидан номзодга аттестациядан ўтишга қўйишни рад этиш асослари кўрсатилган жавоб хати юборилади.
17. Аттестациядан ўтишга қўйишни рад этиш учун асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим қилиниши мумкин.
18. Қуйидагилар аттестациядан ўтишга қўйишнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади:
зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этиш ёки мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этмаслик;
тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганда.
Аттестациядан ўтишга қўйишни бошқа асослар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Номзодларни аттестациядан ўтказиш
19. Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида номзод аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин хабардор қилинади.
20. Аттестациядан ўтиш учун ҳужжатлар тақдим этган ҳамда аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган номзодлар аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади, бу ҳақда номзод хабардор қилинади.
Аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келмаган номзод аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади ва унга гувоҳнома бериш рад этилади.
21. Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади.
Номзод билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳаси, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш соҳасида иш юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади.
Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва номзоднинг жавоблари (ип ўтказиб белгиланган тартибда тикилган ва муҳр билан тасдиқланган) махсус журналда қайд этилади.
22. Аттестация комиссияси номзоднинг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб:
номзодни аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;
номзодни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
23. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисда ҳозир бўлган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади. Овоз бериш номзоднинг иштирокисиз ўтказилади.
24. Аттестация натижалари овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.
25. Аттестация комиссияси қароридан норози бўлган номзодлар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида Агентлик директорининг буйруғига мувофиқ тузиладиган апелляция комиссиясига ариза (шикоят) билан мурожаат қилишлари мумкин.
26. Апелляция комиссияси аттестация комиссияси таркибига кирмаган Агентлик, «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасаси, «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси, «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасаси мувофиқликни баҳолаш органларининг мутахассисларидан беш кишидан иборат таркибда тузилади.
27. Номзоднинг аризаси (шикояти) рўйхатга олинган кундан бошлаб етти кунлик муддатда кўриб чиқилади. Аризани (шикоятни) кўриб чиқиш жараёнида номзод иштирок этиши мумкин. Номзоднинг аризани (шикоятни) кўриб чиқиш жараёнида иштирок этмаслиги уни кўриб чиқмасликка асос бўлмайди.
Апелляция комиссияси аттестация комиссияси қарорини ўзгаришсиз қолдириш ёки уни бекор қилиб, номзод аризасини (шикоятини) қаноатлантириш ҳақида қарор чиқаради.
Апелляция комиссияси қарори нусхаси номзодга ва аттестация комиссиясига апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан икки кун муддатда тақдим этилади.
5-боб. Гувоҳномани бериш, уни қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш
28. Сифат бўйича эксперт-аудиторликка аттестациядан ўтган ходимга икки кун муддатда ушбу Низомга 2-иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади ва Сифат бўйича экспертлар-аудиторлар давлат реестрига киритилади.
Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — уч йил.
Гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади.
29. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш сифат бўйича эксперт-аудиторининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, унинг аризаси асосида ишчи орган томонидан амалга оширилади.
Гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар сифат бўйича эксперт-аудитор ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.
30. Қайта расмийлаштирилган гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак. Олдин берилган гувоҳнома бекор қилинади.
31. Гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда сифат бўйича эксперт-аудиторининг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.
32. Дубликатни беришда сифат бўйича эксперт-аудиторга Агентлик томонидан «Дубликат» белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак.
33. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилиши ва дубликати берилиши учун аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.
6-боб. Якуний қоидалар
34. Аттестация комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
(Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби) Сифат бўйича эксперт-аудиторнинг аттестациядан ўтганлиги ҳақида ГУВОҲНОМА __________ №____________________ (серияси) (миллий мувофиқлик белгиси) Сифат бўйича экспертлар-аудиторлар давлат реестрида қуйидаги рақам билан рўйхатдан ўтказилди: Ушбу билан _________________________________________________________ (сифат бўйича эксперт-аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми) ____________________________________________________________________________________________ «Техник жиҳатдан тартибга солиш» агентлигида аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади _____________________________________________________ (сифатни баҳолаш соҳасининг номи) ва у сифат бўйича эксперт-аудиторлик фаолиятини юритиши мумкин. Гувоҳнома _______________________________гача амал қилади. (йил, кун ва ой) Аттестация комиссияси раиси: _________________________________________________________ (имзо) (фамилияси, исми, отасининг исми) М.Ў.
Бош директор А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 20 июнь,
411-сон
Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi bosh direktorining
buyrugʻi
NIZOM
Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Qonuni va Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 1-iyuldagi 370-son “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va uning tizimidagi tashkilotlari faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish choralari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi Bosh direktorining 2017-yil 20-iyundagi 411-son buyrugʻiga ILOVA
Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni hamda sifat boʻyicha ekspert-auditorlikka nomzodlarni (bundan buyon matnda nomzod deb yuritiladi) attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
akkreditatsiya — muvofiqlikni baholash organlarining muayyan faoliyat sohasida muvofiqlikni baholashga doir ishlarni bajarishga vakolatliligini akkreditatsiya organi tomonidan rasman tasdiqlash;
attestatsiya — nomzodlarning nazariy bilim va kasbiy tayyorgarlik darajasini baholash jarayoni;
sifat boʻyicha ekspert-auditor — mazkur Nizomda belgilangan tartibda attestatsiyadan oʻtkazilgan, muvofiqlikni baholash sohasidagi ishlarni olib borish uchun tegishli malakaga ega boʻlgan mutaxassis;
davriy baholash — akkreditatsiya qilingan subyekt faoliyatining akkreditatsiya davrida belgilangan talablarga muvofiqligini akkreditatsiya siklida qayta baholash tartib-taomili;
2. Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyasi (bundan buyon matnda attestatsiya deb yuritiladi) ularning professional malakasi va kasbiga munosibligi darajasini xolisona baholash, zimmasiga yuklangan vazifalar, funksiyalarni bajarish yuzasidan masʼuliyatini, sifatni baholash faoliyatining samaradorligini oshirish hamda sifat boʻyicha ekspert-auditorlik faoliyati bilan shugʻullanish huquqini berish maqsadida amalga oshiriladi.
3. Oliy maʼlumotli, muvofiqlik sertifikati va sifatni baholash sohasida uch yildan kam boʻlmagan ish stajiga ega boʻlgan, sifatni baholash sohasida malaka oshirgan, shuningdek sertifikatlashtirishdan oʻtgan sohasi boʻyicha jami 4-marta akkreditatsiya va davriy baholashlarda ishtirok etgan mutaxassislar sifat boʻyicha ekspert-auditorlikka attestatsiyadan oʻtkaziladi.
4. Sifat boʻyicha ekspert-auditorlar har uch yilda bir marotaba attestatsiyadan oʻtkaziladi.
5. Attestatsiya haqqoniylik, davriylik, oshkoralik va xolislik prinsiplariga qatʼiy rioya qilingan holda oʻtkaziladi.
6. Attestatsiya mazkur Nizomda nazarda tutilgan tartibda tuziladigan Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish komissiyasi (bundan buyon matnda attestatsiya komissiya deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.
2-bob. Attestatsiya komissiyasini tuzish va faoliyatini tashkil etish
7. Attestatsiya komissiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) direktorining buyrugʻiga asosan Agentlik, Texnik jihatdan tartibga solish sohasida nazorat inspeksiyasi, “Oʻzbekiston standartlar instituti” davlat muassasasi, “Oʻzbekiston ilmiy-sinov va sifat nazorati markazi” davlat muassasasi, “Oʻzbekiston milliy metrologiya instituti” davlat muassasasi va “Oʻzbekiston akkreditatsiya markazi” davlat muassasasi mutaxassislari orasidan kamida toʻqqiz aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
8. Agentlik direktori attestatsiya komissiyasining raisi hisoblanadi.
9. Agentlikning Muvofiqlikni baholash boʻyicha texnik siyosatni amalga oshirish boshqarmasi attestatsiya komissiyasining ishini tashkil qiluvchi ishchi organi hisoblanadi.
10. Ishchi organ quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
attestatsiyadan oʻtish uchun ariza topshirgan nomzodlarning hujjatlarini qabul qiladi va koʻrib chiqadi;
attestatsiyadan oʻtish uchun ariza topshirgan nomzodlarni attestatsiya oʻtkazish joyi va kuni haqida xabardor qiladi;
suhbat oʻtkazish uchun nomzodlarga beriladigan taxminiy savollarni tuzadi va attestatsiya komissiyasiga kiritadi;
Sifat boʻyicha ekspertlar-auditorlar davlat reyestrini yuritadi;
attestatsiya komissiyasining faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq boshqa masalalarni koʻrib chiqadi.
11. Attestatsiya komissiyasining yigʻilishi har uch oyda bir marotaba oʻtkaziladi, attestatsiyadan oʻtish uchun arizalar kelib tushmagan hollar bundan mustasno.
12. Attestatsiya komissiyasining yigʻilishi attestatsiya komissiyasi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.
13. Attestatsiya natijalari attestatsiya komissiyasining qarori bilan qabul qilinadi. Attestatsiya komissiyasining qarori bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi va attestatsiya komissiyasi aʼzolari tomonidan imzolanadi.
3-bob. Attestatsiyadan oʻtish uchun hujjatlar taqdim etish
14. Nomzod attestatsiyadan oʻtish uchun attestatsiyadan oʻtish haqidagi ariza bilan Agentlikka murojaat qiladi.
Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
nomzodning mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakl boʻyicha anketasi;
akkreditatsiya va davriy baholashlarda ishtirok etganligini tasdiqlovchi buyruq nusxalari;
ish joyidan tavsifnoma;
xodimni sertifikatlashtirilganligi toʻgʻrisidagi muvofiqlik sertifikati nusxasi.
Mazkur bandda nazarda tutilmagan hujjatlar talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Sifat boʻyicha ekspert-auditor Sifat boʻyicha ekspert-auditorning attestatsiyadan oʻtganligi haqida guvohnomaning (bundan buyon matnda guvohnoma deb yuritiladi) amal qilish muddati tugashidan ikki oy oldin attestatsiyadan oʻtish haqidagi ariza bilan murojaat qiladi.
16. Hujjatlar kelib tushgan kunidan boshlab ikki kun muddatda attestatsiya komissiyasining ishchi organi tomonidan koʻrib chiqiladi. Taqdim etilgan hujjatlarda kamchiliklar aniqlangan taqdirda ishchi organ tomonidan nomzodga attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishni rad etish asoslari koʻrsatilgan javob xati yuboriladi.
17. Attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishni rad etish uchun asos boʻlgan kamchiliklar bir oy muddatda bartaraf etilgan taqdirda hujjatlar takroran koʻrib chiqish uchun taqdim qilinishi mumkin.
18. Quyidagilar attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishning rad etilishi uchun asos hisoblanadi:
zarur darajada rasmiylashtirilmagan hujjatlarni taqdim etish yoki mazkur Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan hujjatlar taqdim etmaslik;
taqdim etilgan hujjatlarda ishonchsiz yoki notoʻgʻri maʼlumotlar mavjudligi aniqlanganda.
Attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishni boshqa asoslar bilan rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
4-bob. Nomzodlarni attestatsiyadan oʻtkazish
19. Attestatsiyaning oʻtkazilish joyi va vaqti toʻgʻrisida nomzod attestatsiya oʻtkaziladigan sanadan kamida oʻn kun oldin xabardor qilinadi.
20. Attestatsiyadan oʻtish uchun hujjatlar taqdim etgan hamda attestatsiyaga uzrsiz sababga koʻra kelmagan nomzodlar attestatsiya komissiyasining navbatdagi majlisida attestatsiyadan oʻtkaziladi, bu haqda nomzod xabardor qilinadi.
Attestatsiyaga uzrsiz sabab bilan takroran kelmagan nomzod attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblanadi va unga guvohnoma berish rad etiladi.
21. Attestatsiya suhbat shaklida oʻtkaziladi.
Nomzod bilan uning kasb faoliyatiga bogʻliq boʻlgan qonunchilik sohasi, shu jumladan muvofiqlikni baholash sohasida ish yuritish asoslari boʻyicha suhbat oʻtkaziladi.
Suhbat jarayonida berilgan savollar va nomzodning javoblari (ip oʻtkazib belgilangan tartibda tikilgan va muhr bilan tasdiqlangan) maxsus jurnalda qayd etiladi.
22. Attestatsiya komissiyasi nomzodning bilimlari va ish tajribasini hisobga olib:
nomzodni attestatsiyadan oʻtgan deb eʼtirof etish va unga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani berish haqida;
nomzodni attestatsiyadan oʻtmagan deb eʼtirof etish va unga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani berishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.
23. Attestatsiya komissiyasining qarorlari attestatsiya komissiyasining majlisda hozir boʻlgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda raisning ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi. Ovoz berish nomzodning ishtirokisiz oʻtkaziladi.
24. Attestatsiya natijalari ovoz berish jarayoni tamom boʻlgandan keyin darhol eʼlon qilinadi.
25. Attestatsiya komissiyasi qaroridan norozi boʻlgan nomzodlar attestatsiya natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab oʻn kun ichida Agentlik direktorining buyrugʻiga muvofiq tuziladigan apellyatsiya komissiyasiga ariza (shikoyat) bilan murojaat qilishlari mumkin.
26. Apellyatsiya komissiyasi attestatsiya komissiyasi tarkibiga kirmagan Agentlik, “Oʻzbekiston standartlar instituti” davlat muassasasi, “Oʻzbekiston ilmiy-sinov va sifat nazorati markazi” davlat muassasasi, “Oʻzbekiston standartlar instituti” davlat muassasasi muvofiqlikni baholash organlarining mutaxassislaridan besh kishidan iborat tarkibda tuziladi.
27. Nomzodning arizasi (shikoyati) roʻyxatga olingan kundan boshlab yetti kunlik muddatda koʻrib chiqiladi. Arizani (shikoyatni) koʻrib chiqish jarayonida nomzod ishtirok etishi mumkin. Nomzodning arizani (shikoyatni) koʻrib chiqish jarayonida ishtirok etmasligi uni koʻrib chiqmaslikka asos boʻlmaydi.
Apellyatsiya komissiyasi attestatsiya komissiyasi qarorini oʻzgarishsiz qoldirish yoki uni bekor qilib, nomzod arizasini (shikoyatini) qanoatlantirish haqida qaror chiqaradi.
Apellyatsiya komissiyasi qarori nusxasi nomzodga va attestatsiya komissiyasiga apellyatsiya komissiyasi qarori chiqqan kundan eʼtiboran ikki kun muddatda taqdim etiladi.
5-bob. Guvohnomani berish, uni qayta rasmiylashtirish va dublikatini berish
28. Sifat boʻyicha ekspert-auditorlikka attestatsiyadan oʻtgan xodimga ikki kun muddatda ushbu Nizomga 2-ilovasiga muvofiq shaklda guvohnoma beriladi va Sifat boʻyicha ekspertlar-auditorlar davlat reyestriga kiritiladi.
Guvohnomaning amal qilish muddati — uch yil.
Guvohnoma blankalari qatʼiy hisobot beriladigan hujjatlar hisoblanadi, himoyalanganlik darajasiga, hisobga olish seriyasiga va tartib raqamiga ega boʻladi.
29. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani qayta rasmiylashtirish sifat boʻyicha ekspert-auditorining familiyasi, ismi yoki otasining ismi oʻzgargan taqdirda, uning arizasi asosida ishchi organ tomonidan amalga oshiriladi.
Guvohnoma qayta rasmiylashtirilgunga qadar sifat boʻyicha ekspert-auditor oʻz faoliyatini ilgari berilgan guvohnoma asosida amalga oshiradi.
30. Qayta rasmiylashtirilgan guvohnomada oldingi guvohnomada koʻrsatilgan amal qilish muddati qayd etilgan boʻlishi kerak. Oldin berilgan guvohnoma bekor qilinadi.
31. Guvohnoma yoʻqolgan yoki yaroqsiz holga kelgan taqdirda sifat boʻyicha ekspert-auditorining arizasiga koʻra uning dublikati berilishi mumkin.
32. Dublikatni berishda sifat boʻyicha ekspert-auditorga Agentlik tomonidan “Dublikat” belgisi qoʻyilgan attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi yangi guvohnoma beriladi, ushbu guvohnomada oldingi guvohnomada koʻrsatilgan amal qilish muddati qayd etilgan boʻlishi kerak.
33. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma qayta rasmiylashtirilishi va dublikati berilishi uchun attestatsiyadan oʻtish talab qilinmaydi.
6-bob. Yakuniy qoidalar
34. Attestatsiya komissiyasi qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.
35. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Sifat boʻyicha ekspert-auditorlarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
(Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi) Sifat boʻyicha ekspert-auditorning attestatsiyadan oʻtganligi haqida GUVOHNOMA __________ №____________________ (seriyasi) (milliy muvofiqlik belgisi) Sifat boʻyicha ekspertlar-auditorlar davlat reyestrida quyidagi raqam bilan roʻyxatdan oʻtkazildi: Ushbu bilan _________________________________________________________ (sifat boʻyicha ekspert-auditorning familiyasi, ismi, otasining ismi) ____________________________________________________________________________________________ “Texnik jihatdan tartibga solish” agentligida attestatsiyadan oʻtganligi tasdiqlanadi _____________________________________________________ (sifatni baholash sohasining nomi) va u sifat boʻyicha ekspert-auditorlik faoliyatini yuritishi mumkin. Guvohnoma _______________________________gacha amal qiladi. (yil, kun va oy) Attestatsiya komissiyasi raisi: _________________________________________________________ (imzo) (familiyasi, ismi, otasining ismi) M.Oʻ.
Bosh direktor A. XAITOV
Toshkent sh.,
2017-yil 20-iyun,
411-son