📅 2017-yil 27-iyul · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 27-iyul · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 27 июль · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 июля 2017 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 July 2017 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида
Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида жами 1348 та таълим муассасалари, жумладан 406 та мактабгача таълим муассасалари, 871 та умумий ўрта таълим мактаблари, 2 та Меҳрибонлик уйлари, 31 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 19 та «Баркамол авлод» марказлари, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Қабул қилинган давлат дастурлари доирасида мазкур таълим муассасаларининг самарадорлигини ошириш, уларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш борасида таълим муассасаларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш йўналишларида қатор долзарб масалалар мавжуд.
Тошкент вилояти мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва таълим сифатини яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодиёт ва Молия вазирликларининг таклифларига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибида Чирчиқ давлат педагогика университети (кейинги ўринларда — Университет) ташкил этилсин.
2. Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун юқори малакали ўқитувчиларни талаб даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва Тошкент вилояти туманлари таълим муассасалари талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги етакчи республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига ёш истиқболли битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Университет илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.
5. Университетда вилоятдаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари ва олий таълим муассасалари ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг таълим мазмунини такомиллаштириш бўйича фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил қилинсин. Мувофиқлаштирувчи Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқлансин.
Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг асосий вазифалари этиб, қуйидагилар белгилансин:
Тошкент вилоятидаги мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, педагогик кадрлар ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларининг илмий-методик базаларини шакллантиришни мувофиқлаштириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш;
педагогика соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажриба, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, вилоят таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни амалга ошириш;
вилоятдаги педагогика соҳасида илмий-услубий ишлар, жумладан фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланишлар олиб боришни мувофиқлаштириш;
вилоят таълим муассасалари илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, жумладан олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни мақсадли тайёрлаш асосида, педагогика соҳасини ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, вилоятдаги таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва мутахассислари малакасини сифатли ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилишини таъминлаш.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университет учун зарур педагог кадрларни жалб қилиш учун соатбай асосида ҳақ тўлаш ва ўқув адабиётлари билан таъминланишини молиялаштиришнинг аниқ чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент кимё технология институти қошидаги Чирчиқ академик лицейига тегишли Чирчиқ шаҳар, Истиқбол кўчаси, 2-А уй ва Чирчиқ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига тегишли Чирчиқ шаҳар, Амир Темур кўчаси, 104-уйда жойлашган бинолари ва иншоотлари ҳудудлари билан Университетга оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул фойдаланишга бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
12. Белгилаб қўйилсинки, Университетни сақлаш харажатлари 2017 йилда «Маориф» соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
13. Қуйидагилар Университетнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Университетга 2 та, шу жумладан 1 та хизмат, 1 та махсус енгил автотранспорт воситаси сақлашга лимит ажратсин.
16. Университетда Тошкент шаҳридан қатнаб ишловчи профессор-ўқитувчи ва ишчи ходимларга бориш келиши учун тегишли шароитлар ташкил этилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 27 июль,
ПҚ-3152-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Qarori
Toshkent viloyati Chirchiq davlat pedagogika institutini tashkil etish toʻgʻrisida
Bugungi kunda Toshkent viloyati xalq taʼlimi tizimida jami 1348 ta taʼlim muassasalari, jumladan 406 ta maktabgacha taʼlim muassasalari, 871 ta umumiy oʻrta taʼlim maktablari, 2 ta Mehribonlik uylari, 31 ta bolalar musiqa va sanʼat maktablari, 19 ta “Barkamol avlod” markazlari, 19 ta bolalar va oʻsmirlar sport maktablari faoliyat koʻrsatmoqda. Qabul qilingan davlat dasturlari doirasida mazkur taʼlim muassasalarining samaradorligini oshirish, ularni moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha tizimli ishlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga, viloyatda maktabgacha taʼlim tizimini yanada takomillashtirish, bolalarni maktabga tayyorlash darajasini tubdan yaxshilash, taʼlim-tarbiya jarayoniga zamonaviy taʼlim dasturlarini tatbiq etish, yoshlarni har tomonlama intellektual, axloqiy, estetik va jismoniy qobiliyatlarini rivojlantirish borasida taʼlim muassasalarini malakali pedagog kadrlar bilan taʼminlash yoʻnalishlarida qator dolzarb masalalar mavjud.
Toshkent viloyati maktabgacha, maktab va maktabdan tashqari taʼlim muassasalarining tarbiyachilar, boshlangʻich sinf oʻqituvchilari, ayniqsa aniq fanlar va chet tillari boʻyicha oʻqituvchilarga boʻlgan ehtiyojlarini qondirish, tumanlar va qishloq joylaridagi taʼlim muassasalarini yuqori malakali pedagog kadrlar bilan taʼminlash hamda xalqaro standartlar darajasiga mos oliy maʼlumotli pedagogik kadrlar tayyorlash tizimini joylarda tashkil etishni yanada takomillashtirish va taʼlim sifatini yaxshilash maqsadida:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim, Iqtisodiyot va Moliya vazirliklarining takliflariga muvofiq Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tarkibida Chirchiq davlat pedagogika universiteti (keyingi oʻrinlarda — Universitet) tashkil etilsin.
2. Universitetning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
maktabgacha, maktab va maktabdan tashqari taʼlim muassasalari uchun yuqori malakali oʻqituvchilarni talab darajasida sifatli tayyorlashni taʼminlash;
pedagogik taʼlim sohasini rivojlantirishning ilmiy-metodik vazifalarini hal etishga, ilgʻor xorijiy pedagogik texnologiyalarni joriy etishga yoʻnaltirilgan ilmiy tadqiqotlarni olib borish va iqtidorli talaba-yoshlarni ilmiy faoliyat bilan shugʻullanishga keng jalb etish;
yurtimizning pedagogika fani boʻyicha qadimdan rivojlanib kelgan yutuqlari, xorijiy mamlakatlar taʼlim muassasalarining tajribasi va Toshkent viloyati tumanlari taʼlim muassasalari talab-ehtiyojlarini hisobga olgan holda tegishli yoʻnalishlar hamda mutaxassisliklar boʻyicha oʻquv-uslubiy adabiyotlarni yaratish;
oʻquv va ilmiy loyihalarni amalga oshirish, taʼlim va ilmiy izlanishlar jarayoniga mutaxassislarni jalb etish maqsadida pedagogika sohasidagi yetakchi respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlari bilan hamkorlik aloqalarini rivojlantirish;
xorijiy oliy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlariga yosh istiqbolli bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Universitet ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish.
5. Universitetda viloyatdagi maktabgacha, maktab va maktabdan tashqari va oliy taʼlim muassasalari hamda pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining taʼlim mazmunini takomillashtirish boʻyicha faoliyatini Muvofiqlashtiruvchi Kengash tashkil qilinsin. Muvofiqlashtiruvchi Kengash tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlansin.
Muvofiqlashtiruvchi Kengashning asosiy vazifalari etib, quyidagilar belgilansin:
Toshkent viloyatidagi maktabgacha, maktab va maktabdan tashqari taʼlim muassasalari uchun pedagog kadrlar tayyorlash, shuningdek, pedagogik kadrlar va soha mutaxassislarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish muassasalarining ilmiy-metodik bazalarini shakllantirishni muvofiqlashtirish va oʻquv-metodik rahbarlikni amalga oshirish;
pedagogika sohasidagi talab va ilgʻor xorijiy tajriba, oʻquv jarayoniga zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etishni hisobga olgan holda, viloyat taʼlim muassasalarida davlat taʼlim standartlari, oʻquv reja va dasturlarini tizimli ravishda takomillashtirishni amalga oshirish;
viloyatdagi pedagogika sohasida ilmiy-uslubiy ishlar, jumladan fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy izlanishlar olib borishni muvofiqlashtirish;
viloyat taʼlim muassasalari ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirish, jumladan oliy malakali ilmiy va ilmiy-pedagogik kadrlarni maqsadli tayyorlash asosida, pedagogika sohasini rivojlantirishning strategik vazifalaridan kelib chiqqan holda, viloyatdagi taʼlim muassasalari rahbar xodimlari va mutaxassislari malakasini sifatli oshirish va qayta tayyorlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirilishini taʼminlash.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi 2017/2018 oʻquv yilidan boshlab Universitet uchun zarur pedagog kadrlarni jalb qilish uchun soatbay asosida haq toʻlash va oʻquv adabiyotlari bilan taʼminlanishini moliyalashtirishning aniq choralarini koʻrsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Toshkent viloyati hokimligi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Toshkent kimyo texnologiya instituti qoshidagi Chirchiq akademik litseyiga tegishli Chirchiq shahar, Istiqbol koʻchasi, 2-A uy va Chirchiq ijtimoiy-iqtisodiyot kasb-hunar kollejiga tegishli Chirchiq shahar, Amir Temur koʻchasi, 104-uyda joylashgan binolari va inshootlari hududlari bilan Universitetga operativ boshqarish huquqi bilan bepul foydalanishga berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
12. Belgilab qoʻyilsinki, Universitetni saqlash xarajatlari 2017-yilda “Maorif” sohasi boʻyicha tasdiqlangan budjet parametrlari doirasida, 2018-yildan boshlab esa mazkur sohaga har yili ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.
13. Quyidagilar Universitetning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;
xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari va maqsadli badallari;
xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Universitetga 2 ta, shu jumladan 1 ta xizmat, 1 ta maxsus yengil avtotransport vositasi saqlashga limit ajratsin.
16. Universitetda Toshkent shahridan qatnab ishlovchi professor-oʻqituvchi va ishchi xodimlarga borish kelishi uchun tegishli sharoitlar tashkil etilsin.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda:
qonun hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsinlar;
oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
18. Mazkur qarorning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchisi A.N. Yunusxodjayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2017-yil 27-iyul,
PQ-3152-son