UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 31 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 июля 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 July 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Фуқаролар вакилларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида »ги ва « Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида »ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармонига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, фуқаролар вакилларининг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда уларнинг фуқаролар йиғини фаолиятидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фуқаролар вакилларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар билан биргаликда икки ой муддатда:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар вакилларининг фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва фаоллар, фуқаролар вакилларининг малакасини оширишга доир ўқув семинарларни ўтказиш тавсия этилсин.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлдаги 561-сон қарорига ИЛОВА

Фуқаролар вакилларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг « Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида »ги ва « Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ фуқаролар вакилларининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Фуқаролар шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларда, шунингдек шаҳарларда, шаҳарчаларда, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллаларда ўзини ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади.

Фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бевосита ёки ўзларининг сайланадиган вакиллари орқали ўзини ўзи бошқаришда тенг ҳуқуқларга эга.

3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

фуқаролар вакили — фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан белгиланган вакиллик нормаси асосида фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг умумий йиғилишларида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган ҳамда манфаатларини ифодалайдиган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси;

вакиллик нормаси — фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан фуқаролар йиғинлари учун белгиланадиган фуқаролар вакилларининг сони. Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак;

вакиллик нормаси — фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан фуқаролар йиғинлари учун белгиланадиган фуқаролар вакилларининг сони.

4. Фуқаролар вакиллари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

2-боб. Фуқаролар вакилларининг сайловини ташкил этиш

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари навбатдаги сайлови эълон қилингандан сўнг қонунда белгиланган тартибда тузилган Фуқаролар йиғинлари раиси сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) фуқаролар вакилларининг сайловини ташкил қилиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади.

6. «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ишчи гуруҳ:

ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этади ва ўтказади;

ҳовлилар, уйлар, кўчалар фуқаролар вакиллари йиғилишининг иштирокчиларини рўйхатга олади ҳамда фуқароларнинг сайланган вакиллари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда фуқаролар вакиллари йиғилиши баённомасини тузади;

Ишчи гуруҳ фуқаролар вакилларининг сайловини ташкил этиш ва ўтказишда тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғини кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боради.

7. Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғинлари раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар томонидан белгиланган вакиллик нормасига асосан фуқаролар йиғинидаги фуқаролар вакилларининг сонини аниқлайди ва фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилишини ўтказиш жойи, куни ва вақтини белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида беш кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади.

8. Фуқаролар вакилларининг сайлови бўйича фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилишини ўтказиш учун Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси тегишли ҳудудларга бириктирилади.

9. Ишчи гуруҳнинг бириктирилган аъзоси фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилишининг иштирокчиларини рўйхатга олади ва имзо варақасини тайёрлайди.

10. Фуқаролар вакилларига номзодлар фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилиши томонидан кўрсатилади ҳамда тегишли ҳудудлар аҳолиси томонидан очиқ овоз бериш орқали сайланади.

Фуқаролар вакилларига номзодлар ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшовчи, обрў-эътиборга, ҳаётий тажрибага эга бўлган фуқаролар орасидан кўрсатилади.

11. Овоз бериш натижаларига кўра фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилишида иштирок этган фуқароларнинг оддий кўпчилик овозини олган номзод фуқаролар вакили сифатида сайланган ҳисобланади.

Овозлар тенг бўлган тақдирда энг кўп овоз олган икки номзод орасида такрорий овоз бериш шу куннинг ўзида ўтказилади. Такрорий овоз беришда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод фуқаролар вакили этиб сайланган ҳисобланади.

12. Сайлов натижалари фуқароларнинг сайланган вакиллари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилиши баённомаси билан тасдиқланади. Баённома Ишчи гуруҳ аъзоси ҳамда қоида тариқасида ҳар бир ҳудуддан камида биттадан фуқаро томонидан имзоланади.

Баённомага сайловда иштирок этган фуқароларнинг имзо варақалари илова қилинади.

13. Фуқаролар йиғинидаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолиси умумий йиғилиши баённомаси фуқаролар вакилларининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

14. Фуқаролар вакиллари ўз ваколатини фуқаролар йиғини раиси навбатдаги сайлови бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.

3-боб. Фуқаролар вакилларининг йиғилишини чақириш ва ўтказиш тартиби, фуқаролар вакилларининг ваколатлари

15. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалардаги фуқароларнинг вакиллари юборилади. Бунда фуқаролар вакилларининг йиғилиши қонунга мувофиқ фуқаролар йиғинини ўтказиш тартиби асосида ўтказилади.

16. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши унда ушбу вакилларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.

17. Фуқаролар вакилларининг йиғилишини олиб бориш учун раёсат сайланади. Фуқаролар вакилларининг йиғилишини фуқаролар йиғинининг раиси ёки раиснинг маслаҳатчиларидан бири олиб боради. Барча масалалар бўйича қарорлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

18. Фуқаролар вакилларининг йиғилишида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари ўз фаолиятларига доир масалалар бўйича маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.

19. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши тегишли баённома билан расмийлаштирилади. Унда йиғилишнинг ўтказилган санаси, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва йиғилиш юзасидан қабул қилинган қарорлар акс эттирилади.

20. Фуқаролар вакилларининг йиғилишида қабул қилинган қарорлар фуқаролар йиғини қарорларига тенглаштирилади.

21. Фуқаролар вакиллари фуқаролар вакилларининг йиғилишида иштирок этиш орқали шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларга тааллуқли бўлган ваколатларни амалга оширади.

4-боб Фуқаролар вакилининг асосий вазифалари

22. Қуйидагилар фуқаролар вакилининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш;

фуқаролар йиғинини комплекс ривожлантиришни таъминлашга, ўзи сайланган ҳудуд доирасида ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режаларининг амалга оширилишига кўмаклашиш;

қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шу жумладан ўзи сайланган ҳудуд доирасида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиш;

коммунал тўловлар ундирилишини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш бўйича тадбирлар ўтказишда, ўзи сайланган ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уйлар ва ҳовлиларни намунали сақлашга доир ишларни ихтиёрийлик асосида ташкил этишда кўмаклашиш;

ўзи сайланган ҳудудда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар томонидан тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда ҳамкорлик қилиш.

Фуқаролар вакили ўзи сайланган ҳудуд аҳолиси манфаатларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

5-боб. Фуқаролар вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

23. Фуқаролар вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллий аҳамиятга молик масалаларини кўриб чиқиш ҳақида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳамда фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ўзи сайланган ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш зарурлиги ҳақида фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғинининг фаолият дастурини ва харажатлар сметасини, ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашга, ўзи сайланган ҳудуд доирасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришга ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар режалари лойиҳаларига таклифлар тақдим этиш;

ўзи сайланган ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган ёшларга, шу жумладан уларга никоҳ тўйи тадбирларини ўтказишда қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳамда фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

ушбу Низомга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни бажаришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳамда фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш.

24. Фуқаролар вакилининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари)да фаол иштирок этиш;

ҳар чоракда ўз зиммасига юкланган вазифалар ижроси ҳақида ўзи айланган ҳудуд аҳолисига ҳисобот тақдим этиш;

ўзи сайланган ҳудудда истиқомат қилаётган оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилишига, вояга етмаганлар ва ёшларнинг қадр-қиммати камситилишига, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига йўл қўймаслик;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар йиғинининг қарорлари ўзи сайланган ҳудудда татбиқ этилишига кўмаклашиш орқали маҳалланинг нуфузи, обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва таъсирини ошириш;

ўзи сайланган ҳудудда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарорларининг тарғибот ишларини самарали ва мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

25. Фуқаролар вакили қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда мажбуриятларни бажариши мумкин.

6-боб. Фуқаролар вакили ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

26. Фуқаролар вакилининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тугатилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаганлиги сабабли у вакил этиб сайланган ҳудуд аҳолисининг камида учдан бир қисми ташаббусига асосан;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

27. Фуқаролар вакили ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, тегишли ҳудудда бир ой ичида Ишчи гуруҳ томонидан ушбу Низом талабларига риоя этилган ҳолда янги сайлов ўтказилади.

7-боб. Якунловчи қоида

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 31 июль,

561-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 776-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 09/19/33/2485-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 01.08.2023 й., 09/23/327/0549-сон; 04.10.2023 й., 09/23/524/0750-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Fuqarolar vakillarining faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari toʻgʻrisida ”gi va “ Fuqarolar yigʻini raisi saylovi toʻgʻrisida ”gi qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahalla institutini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-fevraldagi PF-4944-son Farmoniga muvofiq hamda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatining tashkiliy asoslarini yanada takomillashtirish, fuqarolar vakillarining faoliyatini huquqiy tartibga solish hamda ularning fuqarolar yigʻini faoliyatidagi oʻrni va ahamiyatini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Fuqarolar vakillarining faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashiga Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar, tumanlar va shaharlar fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha hududiy kengashlar bilan birgalikda ikki oy muddatda:

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida fuqarolar vakillarining faoliyatini samarali tashkil etishga koʻmaklashish;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari xodimlari va faollar, fuqarolar vakillarining malakasini oshirishga doir oʻquv seminarlarni oʻtkazish tavsiya etilsin.

3. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, ilm-fan va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 31-iyuldagi 561-son qaroriga ILOVA

Fuqarolar vakillarining faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “ Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari toʻgʻrisida ”gi va “ Fuqarolar yigʻini raisi saylovi toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq fuqarolar vakillarining faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Fuqarolar shaharchalar, qishloqlar, ovullarda, shuningdek shaharlarda, shaharchalarda, qishloqlardagi va ovullardagi mahallalarda oʻzini oʻzi boshqarishga doir oʻz konstitutsiyaviy huquqini fuqarolarning saylov huquqlari kafolatlariga muvofiq fuqarolar yigʻinlari (fuqarolar vakillarining yigʻilishlari) orqali amalga oshiradi.

Fuqarolar jinsi, irqi, millati, tili, dini, ijtimoiy kelib chiqishi, eʼtiqodi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar, bevosita yoki oʻzlarining saylanadigan vakillari orqali oʻzini oʻzi boshqarishda teng huquqlarga ega.

3. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

fuqarolar vakili — fuqarolar yigʻinlari raislari saylovini tashkil etish va oʻtkazishga koʻmaklashuvchi komissiyalar tomonidan belgilangan vakillik normasi asosida fuqarolar yigʻini hududidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisining umumiy yigʻilishlarida saylangan va ular nomidan fuqarolar yigʻinida faoliyat olib boradigan hamda manfaatlarini ifodalaydigan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi;

vakillik normasi — fuqarolar yigʻinlari raislari saylovini tashkil etish va oʻtkazishga koʻmaklashuvchi komissiyalar tomonidan fuqarolar yigʻinlari uchun belgilanadigan fuqarolar vakillarining soni. Bunda fuqarolar vakillarining soni saylovda ishtirok etish huquqiga ega boʻlgan fuqarolar umumiy sonining kamida oʻn ikki foizini tashkil etishi kerak;

vakillik normasi — fuqarolar yigʻinlari raislari va ularning maslahatchilari saylovini tashkil etish hamda oʻtkazishga koʻmaklashuvchi komissiyalar tomonidan fuqarolar yigʻinlari uchun belgilanadigan fuqarolar vakillarining soni.

4. Fuqarolar vakillari oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

2-bob. Fuqarolar vakillarining saylovini tashkil etish

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senati Kengashining qaroriga muvofiq fuqarolar yigʻinlari raislari navbatdagi saylovi eʼlon qilingandan soʻng qonunda belgilangan tartibda tuzilgan Fuqarolar yigʻinlari raisi saylovini tashkil etish hamda oʻtkazish boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda Ishchi guruh deb ataladi) fuqarolar vakillarining saylovini tashkil qilish va oʻtkazish uchun masʼul hisoblanadi.

6. “Fuqarolar yigʻini raisi saylovi toʻgʻrisida”gi Qonunga muvofiq Ishchi guruh:

hovlilar, uylar, koʻchalar aholisining fuqarolar vakillari saylovi boʻyicha umumiy yigʻilishlarini tashkil etadi va oʻtkazadi;

hovlilar, uylar, koʻchalar fuqarolar vakillari yigʻilishining ishtirokchilarini roʻyxatga oladi hamda fuqarolarning saylangan vakillari haqidagi maʼlumotlarni koʻrsatgan holda fuqarolar vakillari yigʻilishi bayonnomasini tuzadi;

Ishchi guruh fuqarolar vakillarining saylovini tashkil etish va oʻtkazishda tegishli hududdagi fuqarolar yigʻini kengashi bilan oʻzaro hamkorlikda faoliyat olib boradi.

7. Ishchi guruh fuqarolar yigʻinlari raisi saylovini tashkil etish va oʻtkazishga koʻmaklashuvchi komissiyalar tomonidan belgilangan vakillik normasiga asosan fuqarolar yigʻinidagi fuqarolar vakillarining sonini aniqlaydi va fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishini oʻtkazish joyi, kuni va vaqtini belgilaydi hamda uni oʻtkazishdan kamida besh kun oldin bu haqda tegishli hududda yashovchi fuqarolarni xabardor qiladi.

8. Fuqarolar vakillarining saylovi boʻyicha fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishini oʻtkazish uchun Ishchi guruhning har bir aʼzosi tegishli hududlarga biriktiriladi.

9. Ishchi guruhning biriktirilgan aʼzosi fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishining ishtirokchilarini roʻyxatga oladi va imzo varaqasini tayyorlaydi.

10. Fuqarolar vakillariga nomzodlar fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishi tomonidan koʻrsatiladi hamda tegishli hududlar aholisi tomonidan ochiq ovoz berish orqali saylanadi.

Fuqarolar vakillariga nomzodlar oʻn sakkiz yoshga toʻlgan va tegishli hududda doimiy yashovchi, obroʻ-eʼtiborga, hayotiy tajribaga ega boʻlgan fuqarolar orasidan koʻrsatiladi.

11. Ovoz berish natijalariga koʻra fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishida ishtirok etgan fuqarolarning oddiy koʻpchilik ovozini olgan nomzod fuqarolar vakili sifatida saylangan hisoblanadi.

Ovozlar teng boʻlgan taqdirda eng koʻp ovoz olgan ikki nomzod orasida takroriy ovoz berish shu kunning oʻzida oʻtkaziladi. Takroriy ovoz berishda boshqa nomzodga nisbatan koʻproq ovoz olgan nomzod fuqarolar vakili etib saylangan hisoblanadi.

12. Saylov natijalari fuqarolarning saylangan vakillari haqidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishi bayonnomasi bilan tasdiqlanadi. Bayonnoma Ishchi guruh aʼzosi hamda qoida tariqasida har bir hududdan kamida bittadan fuqaro tomonidan imzolanadi.

Bayonnomaga saylovda ishtirok etgan fuqarolarning imzo varaqalari ilova qilinadi.

13. Fuqarolar yigʻinidagi hovlilar, uylar, koʻchalar aholisi umumiy yigʻilishi bayonnomasi fuqarolar vakillarining vakolatini tasdiqlovchi hujjat hisoblanadi.

14. Fuqarolar vakillari oʻz vakolatini fuqarolar yigʻini raisi navbatdagi saylovi boshlanganligi eʼlon qilinguniga qadar amalga oshiradi.

3-bob. Fuqarolar vakillarining yigʻilishini chaqirish va oʻtkazish tartibi, fuqarolar vakillarining vakolatlari

15. Fuqarolar yigʻinini chaqirishning imkoni boʻlmagan taqdirda fuqarolar yigʻini kengashi fuqarolar vakillarining yigʻilishini oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Fuqarolar vakillarining yigʻilishiga hovlilar, uylar, koʻchalardagi fuqarolarning vakillari yuboriladi. Bunda fuqarolar vakillarining yigʻilishi qonunga muvofiq fuqarolar yigʻinini oʻtkazish tartibi asosida oʻtkaziladi.

16. Fuqarolar vakillarining yigʻilishi unda ushbu vakillarning kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlgan taqdirda vakolatlidir.

17. Fuqarolar vakillarining yigʻilishini olib borish uchun rayosat saylanadi. Fuqarolar vakillarining yigʻilishini fuqarolar yigʻinining raisi yoki raisning maslahatchilaridan biri olib boradi. Barcha masalalar boʻyicha qarorlar ochiq yoki yashirin ovoz berish orqali oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi.

18. Fuqarolar vakillarining yigʻilishida tegishli hududda joylashgan korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning vakillari oʻz faoliyatlariga doir masalalar boʻyicha maslahat ovozi bilan ishtirok etishga haqlidir.

19. Fuqarolar vakillarining yigʻilishi tegishli bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Unda yigʻilishning oʻtkazilgan sanasi, hozir boʻlgan fuqarolar soni, kun tartibi va yigʻilish yuzasidan qabul qilingan qarorlar aks ettiriladi.

20. Fuqarolar vakillarining yigʻilishida qabul qilingan qarorlar fuqarolar yigʻini qarorlariga tenglashtiriladi.

21. Fuqarolar vakillari fuqarolar vakillarining yigʻilishida ishtirok etish orqali shaharchalar, qishloqlar va ovullarda, shuningdek shaharlar, shaharchalar, qishloqlar va ovullardagi mahallalarga taalluqli boʻlgan vakolatlarni amalga oshiradi.

4-bob Fuqarolar vakilining asosiy vazifalari

22. Quyidagilar fuqarolar vakilining asosiy vazifalari hisoblanadi:

kam taʼminlangan va ehtiyojmand oilalarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlarini amalga oshirishda ishtirok etish;

fuqarolar yigʻinini kompleks rivojlantirishni taʼminlashga, oʻzi saylangan hudud doirasida obodonlashtirishga, koʻkalamzorlashtirishga va sanitariya holatini yaxshilashga qaratilgan tadbirlar rejalarining amalga oshirilishiga koʻmaklashish;

qonunlar va boshqa qonun hujjatlarining ijro etilishi, shu jumladan oʻzi saylangan hudud doirasida tadbirkorlik faoliyati subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlariga rioya etilishi, kommunal xizmat koʻrsatish tashkilotlari tomonidan kommunal xizmatlar koʻrsatish sifati, imoratlar qurish hamda hovlilar va uylar atrofidagi hududlarni saqlash qoidalariga rioya etilishi, yerlardan foydalanish va ularni muhofaza etish ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirishda ishtirok etish;

kommunal toʻlovlar undirilishini taʼminlash, issiqlik va elektr energiyasidan, issiq va sovuq suvdan tejamli foydalanish boʻyicha tadbirlar oʻtkazishda, oʻzi saylangan hududni obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, uylar va hovlilarni namunali saqlashga doir ishlarni ixtiyoriylik asosida tashkil etishda koʻmaklashish;

oʻzi saylangan hududda fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) faoliyatining asosiy yoʻnalishlari boʻyicha komissiyalar tomonidan tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazishda hamkorlik qilish.

Fuqarolar vakili oʻzi saylangan hudud aholisi manfaatlaridan kelib chiqib, qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.

5-bob. Fuqarolar vakilining huquq va majburiyatlari

23. Fuqarolar vakili quyidagi huquqlarga ega:

mahalliy ahamiyatga molik masalalarini koʻrib chiqish haqida fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi)ga hamda fuqarolar yigʻini kengashiga takliflar kiritish;

oʻzi saylangan hududdagi kam taʼminlangan va ehtiyojmand oilalarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlarini amalga oshirish zarurligi haqida fuqarolar yigʻiniga (fuqarolar vakillarining yigʻilishiga) takliflar kiritish;

fuqarolar yigʻinining faoliyat dasturini va xarajatlar smetasini, hududni kompleks rivojlantirishni taʼminlashga, oʻzi saylangan hudud doirasida obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirishga va sanitariya holatini yaxshilashga qaratilgan tadbirlar rejalari loyihalariga takliflar taqdim etish;

oʻzi saylangan hududdagi kam taʼminlangan va ehtiyojmand oilalardan boʻlgan yoshlarga, shu jumladan ularga nikoh toʻyi tadbirlarini oʻtkazishda qoʻshimcha moddiy yordam koʻrsatish zarurligi haqida fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi)ga hamda fuqarolar yigʻini kengashiga takliflar kiritish;

ushbu Nizomga hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vazifalarni bajarishga doir chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi)ga hamda fuqarolar yigʻini kengashiga takliflar kiritish.

24. Fuqarolar vakilining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

oʻz faoliyatida qonunchilik hujjatlariga va ushbu Nizom talablariga qatʼiy rioya qilish;

fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishlari)da faol ishtirok etish;

har chorakda oʻz zimmasiga yuklangan vazifalar ijrosi haqida oʻzi aylangan hudud aholisiga hisobot taqdim etish;

oʻzi saylangan hududda istiqomat qilayotgan oilalardagi maʼnaviy muhit barqarorligining buzilishiga, voyaga yetmaganlar va yoshlarning qadr-qimmati kamsitilishiga, huquq va erkinliklarining poymol etilishiga yoʻl qoʻymaslik;

fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) faoliyatida faol ishtirok etish, fuqarolar yigʻinining qarorlari oʻzi saylangan hududda tatbiq etilishiga koʻmaklashish orqali mahallaning nufuzi, obroʻ-eʼtiborini mustahkamlash va taʼsirini oshirish;

oʻzi saylangan hududda fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) qarorlarining targʻibot ishlarini samarali va maqsadli tarzda muntazam ravishda amalga oshirish;

25. Fuqarolar vakili qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi hamda majburiyatlarni bajarishi mumkin.

6-bob. Fuqarolar vakili vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish

26. Fuqarolar vakilining vakolatlari quyidagi hollarda muddatidan oldin tugatiladi:

oʻz vakolatlarini zimmasidan soqit qilganda;

oʻz vazifalarini muntazam ravishda uzrli sabablarsiz bajarmaganligi sababli u vakil etib saylangan hudud aholisining kamida uchdan bir qismi tashabbusiga asosan;

belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz deb topilganda;

unga nisbatan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganda;

sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori asosida bedarak yoʻqolgan deb topilgan yoxud vafot etgan deb eʼlon qilinganda;

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligini yoʻqotganda;

sogʻligʻi holati yoki boshqa uzrli sabablarga koʻra uch oy davomida oʻz vazifalarini bajara olmay qolganda;

vafot etganda;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.

27. Fuqarolar vakili vakolatlari muddatidan ilgari tugatilgan taqdirda, tegishli hududda bir oy ichida Ishchi guruh tomonidan ushbu Nizom talablariga rioya etilgan holda yangi saylov oʻtkaziladi.

7-bob. Yakunlovchi qoida

28. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 31-iyul,

561-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 31-son, 776-modda; Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 16.01.2019-y., 09/19/33/2485-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 01.08.2023-y., 09/23/327/0549-son; 04.10.2023-y., 09/23/524/0750-son)

lex.uz