UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 2-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 2 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 августа 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 August 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

УСТАВИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) раҳбар ва бошқарув ходимларининг (илмий йўналишдаги бўлимлар ва Ахборот-мультимедиа бўлимидан ташқари) базавий лавозим маоши миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги 366-сон қарорига 30-иловада келтирилган тегишли лавозимлар учун белгиланган миқдорларга мувофиқ белгиланади;

«реставратор», «ишлов берувчи» лавозимлари ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга (Ахборот-мультимедиа бўлимидан ташқари) эса ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари 1,5 баравар оширилган ҳолда қўлланилади.

3. Марказ бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети билан биргаликда хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мазкур йўналишда фаолият юритаётган хориждаги марказлар тажрибасини чуқур ўрганиш асосида Марказнинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети билан биргаликда Марказга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Марказни сақлаб туришга зарур маблағларни назарда тутсин;

Марказга 2 та автотранспорт воситасига, шу жумладан 1 та енгил хизмат ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасига лимит ажратсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг директори Ш.Ш. Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.О. Юсупов ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги 572-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарорига асосан ташкил этилган.

2. Марказ ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.

3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.

4. Марказ ўз фаолиятини қонунийлик, ошкоралик, коллегиаллик ҳамда жамоат фикрини ҳисобга олиш принциплари асосида юритади.

5. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган чет эл валютасидаги депозит ҳисоб рақамларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.

6. Марказнинг тўлиқ номи:

давлат (ўзбек) тилида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази;

рус тилида — Центр исламской цивилизации в Узбекистане при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

инглиз тилида — Center of Islamic Civilization in Uzbekistan under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

араб тилида — لدي مجلس الوزراء لجمهورية أوزبكستان مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان .

7. Марказда иш юритиш давлат тилида олиб борилади. Марказ рус, инглиз ва араб тилларида ҳам иш юритиши мумкин.

8. Марказнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй, 100002.

2-боб. Марказнинг асосий мақсади ва вазифалари

9. Марказ фаолиятининг асосий мақсади эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборат.

10. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;

Марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;

ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз - Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;

жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;

ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарларимиз, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;

Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;

Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали Марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;

жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси» деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;

бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Марказ ўзига юклатилган асосий вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ва ўз ваколатлари доирасида хорижий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;

жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш асосида семинар-тренинглар ўтказиш;

ислом дини ва маданиятига ҳисса қўшган юртимиз мутафаккирларининг фаолиятини ўрганиш бўйича илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;

Марказнинг бюджетдан ташқари маблағларини Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишга йўналтириш;

ижтимоий ташаббуслар билан чиқиш ва ушбу масалада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда мультимедия маҳсулотларини чиқариш;

фаолиятига алоқадор бўлган конференциялар, симпозиумлар, семинар-тренинглар, кўчма мажлислар ташкил қилиш;

илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб борадиган илмий кенгаш тузиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

12. Марказ қуйидагиларга мажбур:

ўзига юкланган вазифаларни самарали бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.

Марказга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

4-боб. Марказнинг фаолиятини ташкил этиш

13. Марказга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

14. Директор ўз ваколатлари доирасида:

Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Марказ номидан буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;

Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, тақдим этиладиган таҳлилий материаллар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги учун шахсан жавоб беради;

таркибий бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштиради, бўлимлар ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, юкланган топшириқлар бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

белгиланган тартибда Марказ ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Васийлик кенгаши мажлиси муҳокамасига киритади.

Марказ директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15. Директор ўринбосарлари Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Директорнинг ўринбосарлари директор томонидан берилган топшириқлар, шунингдек, Марказнинг кутубхона ва музейи, илмий тадқиқот ишлари ва халқаро алоқаларига, Марказнинг ўзларига бириктирилган асосий таркибий бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қилади.

16. Васийлик кенгашининг мажлиси Марказнинг раҳбар органи ҳисобланади.

17. Васийлик кенгашининг мажлиси ўз ваколатлари доирасида:

Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради ва унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади;

Марказнинг фаолияти юзасидан умумий назоратни амалга оширади ва йиллик режаларини тасдиқлайди;

Марказнинг йиллик харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Марказ фаолияти юзасидан Марказ директорининг ҳисоботини эшитади ва муҳокама қилади;

Марказ томонидан ишлаб чиқариладиган нашр-матбаа маҳсулотлари ва кўрсатилган хизматларга нархлар ва тарифларни белгилайди;

қонун ҳужжатларига ва мазкур Уставга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

Мажлис бир йилда камида бир марта чақирилади. Марказ Васийлик кенгаши мажлисининг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби ҳақидаги маълумот мажлис чақириладиган санадан бир ой олдин эълон қилинади.

Васийлик кенгашининг мажлиси кенгаш аъзоларининг камида тўртдан уч қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлис қарори иштирокчиларнинг ярмидан кўпроқ овозини олиш йўли билан қабул қилинади.

Васийлик кенгашининг қарорлари унинг аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва кенгаш мажлислари баёни билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлганда раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

5-боб. Марказ таркибидаги музей ва кутубхона

18. Марказ таркибида ислом дини ва маданиятига оид музей фаолият юритади.

19. Музей тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва Марказ директори томонидан тасдиқланади.

20. Музей ашёлари ва коллекциялари давлат мулки ҳисобланади ва тезкор бошқариш ҳуқуқи билан Марказга бириктирилади.

21. Музей ашёлари ва коллекциялари Ўзбекистон Республикаси миллий музей фондининг таркибий қисми ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси миллий музей фондининг Давлат каталоги рўйхатидан ўтказилиши керак.

22. Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, бутлаш, ҳисобга олиш, оммавий намойиш қилиш ва улардан фойдаланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ Марказ томонидан амалга оширилади.

23. Музей коллекцияси Марказ директори томонидан музей коллекциясига кирган музей ашёлари рўйхати тасдиқланганидан кейин шакллантирилган деб ҳисобланади.

Марказнинг музей ашёлари ва коллекцияларини тўлдириш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек улар билан боғлиқ материалларни эълон қилиш Марказ директорининг ёзма рухсатномаси билан амалга оширилади.

24. Музей ашёлари ва коллекцияларининг алоҳида режимда сақланадиган ашёлари (кенг жамоатчилик учун эълон қилишга мўлжалланмаган ахборот мавжуд бўлган архив ҳужжатлари) ҳисобланган таркибий қисмлари махсус ҳисобга олиш ҳужжатларида алоҳида ҳисобга олинади.

25. Марказда кутубхона фондини сақлаш, бутлаш, ҳисобга олиш ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган кутубхона фаолият кўрсатади.

Марказнинг кутубхонаси тўғрисидаги низом Марказ томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

6-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш

26. Марказ ўзининг кўчмас ва кўчар мулклари, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.

27. Марказ фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушган ихтиёрий бадаллар;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатларнинг жисмоний ва юридик шахсларидан тушган ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари доирасида Марказнинг ўз фаолиятидан олинадиган даромадлар, шу жумладан маблағларни тижорат банкларида депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган грантлар олиш танловлари натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

28. Марказнинг ўз фаолиятидан (ноширлик фаолияти, ўқув-маслаҳат курслари, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган фаолият турларидан) оладиган даромадлари, унинг фаолияти ва ривожланишига йўналтирилишини ҳисобга олиб, фойда солиғидан озод қилинади.

29. Марказнинг маблағларини шакллантириш ва сарфлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

30. Марказ белгиланган тартибда ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботини юритади.

7-боб. Якунловчи қоида

31. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 2 август,

572-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 782-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2018 й., 09/18/23/0576-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.12.2021 й., 09/21/756/1171-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

USTAVI

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 23-iyundagi PQ-3080-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining ustavi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi (keyingi oʻrinlarda Markaz deb yuritiladi) rahbar va boshqaruv xodimlarining (ilmiy yoʻnalishdagi boʻlimlar va Axborot-multimedia boʻlimidan tashqari) bazaviy lavozim maoshi miqdorlari Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ilmiy tashkilotlarini moliyalashtirish tizimini takomillashtirish hamda samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi 366-son qaroriga 30-ilovada keltirilgan tegishli lavozimlar uchun belgilangan miqdorlarga muvofiq belgilanadi;

“restavrator”, “ishlov beruvchi” lavozimlari hamda texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarga (Axborot-multimedia boʻlimidan tashqari) esa yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlariga koʻra tarif koeffitsiyentlari 1,5 baravar oshirilgan holda qoʻllaniladi.

3. Markaz bir oy muddatda:

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Madaniyat vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Toshkent islom universiteti bilan birgalikda xorijiy mutaxassislarni jalb etgan holda mazkur yoʻnalishda faoliyat yuritayotgan xorijdagi markazlar tajribasini chuqur oʻrganish asosida Markazning ilmiy-tarixiy konsepsiyasini ishlab chiqsin;

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi, Fanlar akademiyasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Toshkent islom universiteti bilan birgalikda Markazga yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish choralarini koʻrsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetini shakllantirishda Markazni saqlab turishga zarur mablagʻlarni nazarda tutsin;

Markazga 2 ta avtotransport vositasiga, shu jumladan 1 ta yengil xizmat va 1 ta navbatchi avtotransport vositasiga limit ajratsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom madaniyati markazining direktori Sh.Sh. Minovarov, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi O.O. Yusupov va Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, ilm-fan va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 2-avgustdagi 572-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom madaniyati markazi (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom madaniyati markazini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 23-iyundagi PQ-3080-son qaroriga asosan tashkil etilgan.

2. Markaz oʻzining faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga boʻysunadi va hisobot beradi.

3. Markaz oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga, shuningdek ushbu Ustavga amal qiladi.

4. Markaz oʻz faoliyatini qonuniylik, oshkoralik, kollegiallik hamda jamoat fikrini hisobga olish prinsiplari asosida yuritadi.

5. Markaz davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻaznachilik hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasi tijorat banklarida talab qilib olinadigan chet el valyutasidagi depozit hisob raqamlariga, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga ega.

6. Markazning toʻliq nomi:

davlat (oʻzbek) tilida — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi;

rus tilida — Sentr islamskoy sivilizatsii v Uzbekistane pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;

ingliz tilida — Center of Islamic Civilization in Uzbekistan under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

arab tilida — لدي مجلس الوزراء لجمهورية أوزبكستان مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان .

7. Markazda ish yuritish davlat tilida olib boriladi. Markaz rus, ingliz va arab tillarida ham ish yuritishi mumkin.

8. Markazning joylashgan yeri (pochta manzili): Toshkent shahri, Olmazor tumani, Qorasaroy koʻchasi, 47-uy, 100002.

2-bob. Markazning asosiy maqsadi va vazifalari

9. Markaz faoliyatining asosiy maqsadi eʼtiqodi islom dini bilan bogʻliq boy va noyob merosni ilmiy asosda har tomonlama chuqur oʻrganish, yurtimizdan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlarning hayoti va ilmiy-ijodiy faoliyati haqida yaxlit tasavvur uygʻotish, ular bilan xalqimiz va jahon jamoatchiligini keng tanishtirish, xalqaro miqyosda dinlararo va sivilizatsiyalararo muloqotni yoʻlga qoʻyish, islom dinining insonparvarlik mohiyatini ochib berish, jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashish, yosh avlodni gumanistik gʻoyalar, milliy gʻurur va iftixor ruhida tarbiyalashdan iborat.

10. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari hisoblanadi:

mamlakatimiz asrlar davomida jahon sivilizatsiyasining ajralmas qismi, islom madaniyati markazlaridan biri boʻlib kelganini aks ettiradigan ilmiy-tarixiy konsepsiyani ishlab chiqish va amalga oshirish;

Markaz tarkibidagi kutubxona va arxiv, qoʻlyozmalar fondlarini bugungi Oʻzbekiston zaminidan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlar, aziz-avliyolar, ular tomonidan asos solingan ilmiy va diniy maktablarga doir yurtimizda va chet ellarda saqlanayotgan qadimiy qoʻlyozma va toshbosma kitoblar, tarixiy dalil va hujjatlar, arxeologik topilmalar, osori-atiqalar, shu yoʻnalishdagi zamonaviy ilmiy-tadqiqot ishlari, kitob va toʻplamlar, video va foto hujjatlar hisobidan shakllantirish;

Markaz tarkibidagi muzey ekspozitsiyasining mavzu yoʻnalishlarini chuqur oʻylangan, ilmiy asoslangan aniq reja boʻyicha shakllantirish va uni eng zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari asosida namoyish etish;

islom dini rivojiga ulkan hissa qoʻshgan buyuk vatandoshlarimiz - Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Hakim Termiziy, Abu Mansur Moturudiy, Abu Muin Nasafiy, Qaffol Shoshiy, Abdulxoliq Gʻijduvoniy, Najmiddin Kubro, Burhoniddin Margʻinoniy, Bahouddin Naqshband, Xoʻja Ahror Valiy kabi allomalarning benazir merosini ilmiy asosda chuqur tadqiq etish, ularning ilmiy-maʼnaviy jasorati, ulugʻ insoniy fazilatlarini keng targʻib qilish;

jahon ilm-fani tarixida oʻchmas iz qoldirgan Muhammad Xorazmiy, Ahmad Fargʻoniy, Abu Nasr Forobiy, Abu Rayhon Beruniy, Abu Ali Ibn Sino, Mahmud Zamahshariy, Mirzo Ulugʻbek, Ali Qushchi kabi olim va mutafakkirlar merosining tarixiy va zamonaviy sivilizatsiya taraqqiyotidagi oʻrni va ahamiyatini, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur, Kamoliddin Behzod, Mahmud Muzahhib singari mumtoz adabiyot va sanʼat namoyandalari ijodining insonparvarlik mohiyatini chuqur ochib berish;

islom dini odamlarni, barcha millat va xalqlarni hamisha nurli hayotga, ezgulik, oʻzaro doʻstlik va insoniylikka daʼvat etishini, uning asl, gumanistik mazmunini teran tahlil etishga qaratilgan ilmiy tadqiqotlar, jahon ahlini bir maqsad yoʻlida — jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashish yoʻlida birlashishga chorlaydigan turli anjumanlar, maʼrifiy tadbirlarni amalga oshirish;

Oʻzbekistonning qadimiy tarixi va madaniyati, davlatchilik anʼanalari, xalqimizning turmush tarzi va dunyoqarashi islom sivilizatsiyasi bilan chambarchas bogʻliq holda shakllanib, rivojlanganini Samarqand, Buxoro, Xiva, Toshkent, Kesh, Nasaf, Termiz, Andijon, Margʻilon, Karmana, Qoʻqon singari qadimiy shaharlarimiz, ulugʻ allomalar va aziz-avliyolar xotirasiga bagʻishlab yurtimizda bunyod etilgan yodgorlik majmualari, muqaddas qadamjolar maketlari, ulugʻ siymolar, noyob qoʻlyozma va toshbosma asarlar, moddiy va nomoddiy meros, xususan, “Shashmaqom” namunalari kabi noyob eksponatlar orqali aks ettirish, shu yoʻnalishlarda ilmiy tadqiqotlar olib borish, ularning natijalari asosida qomuslar, katalog va albomlar, ilmiy-ommabop toʻplamlar, telekoʻrsatuv, film va boshqa materiallar tayyorlash;

Markazda, mahalliy va chet ellik mutaxassislarni keng jalb etgan holda, ilmiy-tadqiqot ishlarini yoʻlga qoʻyish va ularning natijalaridan yurtimiz hamda jahon jamoatchiligini xabardor qilib borish;

Yevropa Renessansining shakllanishiga kuchli taʼsir koʻrsatgan Musulmon Renessansi davrida ilm-fan, madaniyat va sanʼat, meʼmorlik rivoji toʻgʻrisidagi keng qamrovli maʼlumotlar pavilyonlarini tashkil etish orqali Markazda namoyish etiladigan ekspozitsiyalarni mazkur davrlarga oid eksponat va koʻrgazmali manbalar bilan boyitish;

jahon tarixida “Amir Temur va temuriylar renessansi” degan nom bilan alohida oʻrin egallaydigan davrda yaratilgan ilm-fan, madaniyat va meʼmorlik durdonalarini islom madaniyatining nafaqat yurtimizdagi, balki butun musulmon olamidagi taraqqiyot va yuksalish davri sifatida koʻrsatish;

bugungi kunda tobora katta ahamiyat kasb etayotgan dinlararo va sivilizatsiyalararo muloqotni samarali yoʻlga qoʻyish maqsadida Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining jahondagi nufuzi xalqaro ilmiy muassasa va tuzilmalar, jumladan, YUNESKO, AYSESKO kabi xalqaro tashkilotlar bilan yaqin hamkorlik aloqalarini oʻrnatish.

3-bob. Markazning huquqlari va majburiyatlari

11. Markaz oʻziga yuklatilgan asosiy vazifalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:

vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlardan Markaz vakolatiga taalluqli masalalar boʻyicha maʼlumotlarni olish;

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda va oʻz vakolatlari doirasida xorijiy tashkilotlar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqa oʻrnatish va oʻzaro hamkorlik toʻgʻrisida shartnomalar va boshqa hujjatlarni imzolash;

jahondagi nufuzli ilmiy-tadqiqot markazlari va oliy taʼlim muassasalarining ilmiy, diniy-maʼnaviy qadriyatlarni tadqiq etish yoʻnalishidagi tajribasini oʻrganish hamda xalqaro tashkilotlar bilan aloqalar oʻrnatish va ilmiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyishda yordam berish, ilmiy-tadqiqot ishlarini zamon talablari darajasida tashkil etish yuzasidan amaliy tavsiyalar berish asosida seminar-treninglar oʻtkazish;

islom dini va madaniyatiga hissa qoʻshgan yurtimiz mutafakkirlarining faoliyatini oʻrganish boʻyicha ilmiy va ekspert ishlarini amalga oshirish, dolzarb masalalarni ishlab chiqish uchun vazirliklar, idoralar, xoʻjalik birlashmalari, taʼlim muassasalari va boshqa tashkilotlar, shu jumladan chet ellardan yuqori malakali mutaxassislarni shartnoma asosida ishga taklif etish;

Markazning budjetdan tashqari mablagʻlarini Markaz tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlarni tashkil etishga yoʻnaltirish;

ijtimoiy tashabbuslar bilan chiqish va ushbu masalada tegishli davlat organlariga takliflar kiritish;

oʻz faoliyati toʻgʻrisida axborot tarqatish va belgilangan tartibda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan matbaa va noshirlik faoliyatini amalga oshirish hamda multimediya mahsulotlarini chiqarish;

faoliyatiga aloqador boʻlgan konferensiyalar, simpoziumlar, seminar-treninglar, koʻchma majlislar tashkil qilish;

ilmiy-tadqiqot ishlarini rivojlantirish maqsadida oʻz faoliyatini Markaz direktori tomonidan tasdiqlanadigan nizom asosida olib boradigan ilmiy kengash tuzish.

Markaz qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

12. Markaz quyidagilarga majbur:

oʻziga yuklangan vazifalarni samarali bajarilishini taʼminlash;

oʻz faoliyati toʻgʻrisida axborot bilan tanishish erkinligini taʼminlash;

qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli davlat organlariga oʻz faoliyati toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etish.

Markazga qonun hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

4-bob. Markazning faoliyatini tashkil etish

13. Markazga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarori bilan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor boshchilik qiladi.

14. Direktor oʻz vakolatlari doirasida:

Markaz faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;

Markaz nomidan buyruqlar chiqaradi, ishonchnomalar beradi;

Markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarning samarali bajarilishi, taqdim etiladigan tahliliy materiallar va hujjatlarning toʻliqligi uchun shaxsan javob beradi;

tarkibiy boʻlimlar faoliyatini muvofiqlashtiradi, boʻlimlar xodimlari oʻrtasida funksional vazifalarni taqsimlaydi, yuklangan topshiriqlar bajarilishi uchun har bir xodimning javobgarligi darajasini belgilaydi;

belgilangan tartibda Markaz xodimlari bilan mehnat shartnomalarini tuzadi va bekor qiladi;

Markaz faoliyatini takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi va Vasiylik kengashi majlisi muhokamasiga kiritadi.

Markaz direktori qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.

15. Direktor oʻrinbosarlari Markaz direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.

Direktorning oʻrinbosarlari direktor tomonidan berilgan topshiriqlar, shuningdek, Markazning kutubxona va muzeyi, ilmiy tadqiqot ishlari va xalqaro aloqalariga, Markazning oʻzlariga biriktirilgan asosiy tarkibiy boʻlinmalari faoliyatiga rahbarlik qiladi.

16. Vasiylik kengashining majlisi Markazning rahbar organi hisoblanadi.

17. Vasiylik kengashining majlisi oʻz vakolatlari doirasida:

Markaz faoliyatini muvofiqlashtiradi va unga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda koʻmaklashadi;

Markazning faoliyati yuzasidan umumiy nazoratni amalga oshiradi va yillik rejalarini tasdiqlaydi;

Markazning yillik xarajatlar smetasini tasdiqlaydi;

Markaz faoliyati yuzasidan Markaz direktorining hisobotini eshitadi va muhokama qiladi;

Markaz tomonidan ishlab chiqariladigan nashr-matbaa mahsulotlari va koʻrsatilgan xizmatlarga narxlar va tariflarni belgilaydi;

qonun hujjatlariga va mazkur Ustavga muvofiq boshqa vazifalarni amalga oshiradi.

Majlis bir yilda kamida bir marta chaqiriladi. Markaz Vasiylik kengashi majlisining chaqirilishi hamda uning kun tartibi haqidagi maʼlumot majlis chaqiriladigan sanadan bir oy oldin eʼlon qilinadi.

Vasiylik kengashining majlisi kengash aʼzolarining kamida toʻrtdan uch qismi hozir boʻlgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.

Majlis qarori ishtirokchilarning yarmidan koʻproq ovozini olish yoʻli bilan qabul qilinadi.

Vasiylik kengashining qarorlari uning aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va kengash majlislari bayoni bilan rasmiylashtiriladi. Ovozlar teng boʻlganda raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

5-bob. Markaz tarkibidagi muzey va kutubxona

18. Markaz tarkibida islom dini va madaniyatiga oid muzey faoliyat yuritadi.

19. Muzey toʻgʻrisidagi nizom Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bilan kelishilgan holda ishlab chiqiladi va Markaz direktori tomonidan tasdiqlanadi.

20. Muzey ashyolari va kolleksiyalari davlat mulki hisoblanadi va tezkor boshqarish huquqi bilan Markazga biriktiriladi.

21. Muzey ashyolari va kolleksiyalari Oʻzbekiston Respublikasi milliy muzey fondining tarkibiy qismi hisoblanadi va Oʻzbekiston Respublikasi milliy muzey fondining Davlat katalogi roʻyxatidan oʻtkazilishi kerak.

22. Muzey ashyolari va kolleksiyalarini saqlash, butlash, hisobga olish, ommaviy namoyish qilish va ulardan foydalanish qonun hujjatlariga muvofiq Markaz tomonidan amalga oshiriladi.

23. Muzey kolleksiyasi Markaz direktori tomonidan muzey kolleksiyasiga kirgan muzey ashyolari roʻyxati tasdiqlanganidan keyin shakllantirilgan deb hisoblanadi.

Markazning muzey ashyolari va kolleksiyalarini toʻldirish, hisobga olish va ulardan foydalanish, shuningdek ular bilan bogʻliq materiallarni eʼlon qilish Markaz direktorining yozma ruxsatnomasi bilan amalga oshiriladi.

24. Muzey ashyolari va kolleksiyalarining alohida rejimda saqlanadigan ashyolari (keng jamoatchilik uchun eʼlon qilishga moʻljallanmagan axborot mavjud boʻlgan arxiv hujjatlari) hisoblangan tarkibiy qismlari maxsus hisobga olish hujjatlarida alohida hisobga olinadi.

25. Markazda kutubxona fondini saqlash, butlash, hisobga olish va undan foydalanishni taʼminlaydigan kutubxona faoliyat koʻrsatadi.

Markazning kutubxonasi toʻgʻrisidagi nizom Markaz tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

6-bob. Markaz faoliyatini moliyalashtirish

26. Markaz oʻzining koʻchmas va koʻchar mulklari, pul mablagʻlari, shu jumladan chet el valyutasidagi pul mablagʻlari, qimmatli qogʻozlari va boshqa mol-mulkiga ega boʻlishi mumkin.

27. Markaz faoliyati quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

Islom hamkorlik tashkilotiga aʼzo davlatlardan tushgan ixtiyoriy badallar;

Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy mamlakatlarning jismoniy va yuridik shaxslaridan tushgan homiylik xayriyalari;

qonun hujjatlari doirasida Markazning oʻz faoliyatidan olinadigan daromadlar, shu jumladan mablagʻlarni tijorat banklarida depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Fan va texnologiyalar agentligi tomonidan oʻtkaziladigan grantlar olish tanlovlari natijalari boʻyicha ajratiladigan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning grantlari;

qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

28. Markazning oʻz faoliyatidan (noshirlik faoliyati, oʻquv-maslahat kurslari, sayyohlarga xizmat koʻrsatish va boshqa qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan faoliyat turlaridan) oladigan daromadlari, uning faoliyati va rivojlanishiga yoʻnaltirilishini hisobga olib, foyda soligʻidan ozod qilinadi.

29. Markazning mablagʻlarini shakllantirish va sarflash qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

30. Markaz belgilangan tartibda oʻz faoliyati natijalarining buxgalteriya hisobini amalga oshiradi, statistika hisobotini yuritadi.

7-bob. Yakunlovchi qoida

31. Markazni qayta tashkil etish va tugatish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 2-avgust,

572-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 31-son, 782-modda; Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 17.01.2018-y., 09/18/23/0576-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.12.2021-y., 09/21/756/1171-son)

lex.uz