📅 2017-yil 10-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 10-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 10 август · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 августа 2017 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 August 2017 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ТАРКИБИ
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 июндаги ПҚ-3031-сон қарори ижросини таъминлаш, республикада жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнини замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш учун зарур моддий-техник базани яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олмалиқ конметаллургия комбинатининг:
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Спортчилар кўчаси, 19-уй ва Чирчиқ олимпия захиралари коллежини Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Чирчиқ 50 йиллик кўчаси, 14-уй манзилига жойлаштириш;
Чирчиқ шаҳар В. Хайдаров кўчаси, 1-уйда жойлашган «Олмалиқ конметаллургия комбинати» АЖнинг бино ва иншоотларини ҳамда истироҳат боғини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Чирчиқ олимпия захиралари коллежини қайта жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича комиссия таркиби (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Комиссия ўн кун муддатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Чирчиқ олимпия захиралари коллежини қайта жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва амалга оширилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи бўлими ташкил этилишига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси янги ўқув йили бошлангунга қадар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида ташкил этиладиган таълимнинг сиртқи шакли бўйича ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.
4. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олаётган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, терма жамоа аъзолигига номзодларга уларнинг хоҳиш-истакларига кўра ўқиш муддати ҳамда курси сақланган ҳолда таълимнинг сиртқи шаклига ўтказишга рухсат берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ўн кун муддатда:
Чирчиқ олимпия захиралари коллежига тегишли Чирчиқ шаҳар, Спортчилар кўчаси, 19-уйда ҳамда Чирчиқ шаҳар В. Хайдаров кўчаси, 1-уйда жойлашган «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг бино ва иншоотларини ҳудудлари билан биргаликда ҳамда истироҳат боғини бепул оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига;
Чирчиқ саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Чирчиқ 50 йиллик кўчаси, 14-уй манзилида жойлашган бинолари ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда бепул оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Чирчиқ олимпия захиралари коллежига берилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Тошкент вилояти ҳокимлиги Чирчиқ саноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи фаолияти тугатилишини ҳамда коллеж ўқувчилари ва педагог кадрларини Чирчиқ шаҳридаги бошқа касб-ҳунар коллежларига йўналишлари бўйича жойлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Спорт вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари асосида:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Чирчиқ олимпия захиралари коллежига берилаётган объектларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш мақсадида 2017 йилда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун зарур маблағларни ажратсин;
2018 йил ва кейинги йиллар Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Чирчиқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати объектларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, қўшимча бино ва иншоотлар қуриш ҳамда жиҳозлаш учун Жамғармадан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
8. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Чирчиқ олимпия захиралари коллежи учун бино ва иншоотларни қуриш ҳамда уларга берилаётган тегишли бинолар ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича:
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб;
«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» АЖ — бош лойиҳачи ташкилот этиб;
«Қурилишбирлашмаси» АЖ — бош пудратчи ташкилот этиб белгилансин.
9. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига 2017 йил 15 октябрга кадар қурилиш ва жиҳозлаш ишлари тугалланишини таъминлаган, белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда қурилиш монтаж ишларини лойиҳалаштириш билан бир вақтда амалга оширишга истисно тариқасида рухсат берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини электрон таълим миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Тошкент шаҳридан қатнаб ишловчи профессор-ўқитувчилари ва ходимлари ҳамда талабаларни бориш-келиши учун тегишли шарт-шароитлар яратсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Д. Қурбонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ва Тошкент вилояти ҳокими Ш.Х. Бабаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги ПҚ-3197-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Чирчиқ олимпия захиралари коллежини қайта жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича комиссия
Арипов А.Н. — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, комиссия раиси Қурбонов Р.Д. — Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Бабаев Ш.Х. — Тошкент вилояти ҳокими Маджидов И.У. — олий ва ўрта махсус таълим вазири Саидова Г.К. — иқтисодиёт вазири Хўжаев Б.А. — молия вазири Гулямов Р.А. — Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Закиров Б.И. — Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Холмухамедов М.М. — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Турдиев Ф.К. — Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исраилов Ш.Х. — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ректори Рашитов Қ.Б. — Чирчиқ шаҳар ҳокими Акрамов И.Э — Чирчиқ олимпия захиралари коллежи директори Баязитов К.Ф. — Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментининг шуъба мудири, комиссия котиби
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 10 август,
ПҚ-3197-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Qarori
TARKIBI
Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jismoniy tarbiya va ommaviy sportni yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-iyundagi PQ-3031-son qarori ijrosini taʼminlash, respublikada jismoniy tarbiya va sport sohasida malakali kadrlar tayyorlash sifatini tubdan oshirish, Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti faoliyatini yanada takomillashtirish, oʻquv jarayonini zamonaviy talablar va xalqaro standartlarga muvofiq tashkil etish uchun zarur moddiy-texnik bazani yaratish maqsadida:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi, Toshkent viloyati hokimligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Olmaliq konmetallurgiya kombinatining:
Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutini Toshkent viloyati, Chirchiq shahri, Sportchilar koʻchasi, 19-uy va Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejini Toshkent viloyati, Chirchiq shahri, Chirchiq 50 yillik koʻchasi, 14-uy manziliga joylashtirish;
Chirchiq shahar V. Xaydarov koʻchasi, 1-uyda joylashgan “Olmaliq konmetallurgiya kombinati” AJning bino va inshootlarini hamda istirohat bogʻini Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutiga berish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti hamda Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejini qayta joylashtirish va faoliyatini tashkil etishni takomillashtirish bilan bogʻliq kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha komissiya tarkibi (keyingi oʻrinlarda Komissiya deb ataladi) ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Komissiya oʻn kun muddatda Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti hamda Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejini qayta joylashtirish va faoliyatini tashkil etish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar rejasini tasdiqlasin va amalga oshirilishini taʼminlasin.
3. Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universitetida 2017/2018 oʻquv yilidan boshlab taʼlimning sirtqi boʻlimi tashkil etilishiga rozilik berilsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi yangi oʻquv yili boshlangunga qadar Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutida tashkil etiladigan taʼlimning sirtqi shakli boʻyicha oʻquv reja va dasturlarni ishlab chiqsin va amaliyotga joriy etsin.
4. Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutida tahsil olayotgan sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston milliy terma jamoasi aʼzolari, terma jamoa aʼzoligiga nomzodlarga ularning xohish-istaklariga koʻra oʻqish muddati hamda kursi saqlangan holda taʼlimning sirtqi shakliga oʻtkazishga ruxsat berilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Toshkent viloyati hokimligi, Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi oʻn kun muddatda:
Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejiga tegishli Chirchiq shahar, Sportchilar koʻchasi, 19-uyda hamda Chirchiq shahar V. Xaydarov koʻchasi, 1-uyda joylashgan “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” AJning bino va inshootlarini hududlari bilan birgalikda hamda istirohat bogʻini bepul operativ boshqarish huquqi asosida Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutiga;
Chirchiq sanoat-iqtisodiyot kasb-hunar kollejining Toshkent viloyati, Chirchiq shahri, Chirchiq 50 yillik koʻchasi, 14-uy manzilida joylashgan binolari va inshootlarini tegishli hududi bilan birgalikda bepul operativ boshqarish huquqi asosida Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejiga berilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Toshkent viloyati hokimligi Chirchiq sanoat-iqtisodiyot kasb-hunar kolleji faoliyati tugatilishini hamda kollej oʻquvchilari va pedagog kadrlarini Chirchiq shahridagi boshqa kasb-hunar kollejlariga yoʻnalishlari boʻyicha joylashtirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Sport vazirligining asoslangan hisob-kitoblari asosida:
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari taʼlim va tibbiyot muassasalarining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlari hisobidan Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti hamda Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejiga berilayotgan obyektlarni rekonstruksiya qilish va mukammal taʼmirlash maqsadida 2017-yilda loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va qurilish-montaj ishlarini boshlash uchun zarur mablagʻlarni ajratsin;
2018-yil va keyingi yillar Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirishda Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti hamda Chirchiq ixtisoslashtirilgan olimpiya zaxiralari maktab-internati obyektlarini rekonstruksiya qilish, mukammal taʼmirlash, qoʻshimcha bino va inshootlar qurish hamda jihozlash uchun Jamgʻarmadan mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin.
8. Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti hamda Chirchiq olimpiya zaxiralari kolleji uchun bino va inshootlarni qurish hamda ularga berilayotgan tegishli binolar va inshootlarni taʼmirlash va rekonstruksiya qilish boʻyicha:
Toshkent viloyati hokimligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi — buyurtmachi etib;
“OʻzshaharsozlikLITI” AJ — bosh loyihachi tashkilot etib;
“Qurilishbirlashmasi” AJ — bosh pudratchi tashkilot etib belgilansin.
9. Toshkent viloyati hokimligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasiga 2017-yil 15-oktabrga kadar qurilish va jihozlash ishlari tugallanishini taʼminlagan, belgilangan shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etgan holda qurilish montaj ishlarini loyihalashtirish bilan bir vaqtda amalga oshirishga istisno tariqasida ruxsat berilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi bilan birgalikda Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya institutini elektron taʼlim milliy tarmogʻiga ulash choralarini koʻrsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar siyosati va sport vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universitetining Toshkent shahridan qatnab ishlovchi professor-oʻqituvchilari va xodimlari hamda talabalarni borish-kelishi uchun tegishli shart-sharoitlar yaratsin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov, Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi raisi R.D. Qurbonov, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov va Toshkent viloyati hokimi Sh.X. Babayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 10-avgustdagi PQ-3197-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti hamda Chirchiq olimpiya zaxiralari kollejini qayta joylashtirish va faoliyatini tashkil etishni takomillashtirish bilan bogʻliq kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha komissiya
Aripov A.N. — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri, komissiya raisi Qurbonov R.D. — Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi raisi Babayev Sh.X. — Toshkent viloyati hokimi Madjidov I.U. — oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri Saidova G.K. — iqtisodiyot vaziri Xoʻjayev B.A. — moliya vaziri Gulyamov R.A. — Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi Zakirov B.I. — Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi raisi Xolmuxamedov M.M. — Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi direktori Turdiyev F.K. — Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi raisi oʻrinbosari Israilov Sh.X. — Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya instituti rektori Rashitov Q.B. — Chirchiq shahar hokimi Akramov I.E — Chirchiq olimpiya zaxiralari kolleji direktori Bayazitov K.F. — Vazirlar Mahkamasi Sogʻliqni saqlash, ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish, jismoniy tarbiya va sport masalalari axborot-tahlil departamentining shuʼba mudiri, komissiya kotibi
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2017-yil 10-avgust,
PQ-3197-son