📅 2017-yil 2-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 2-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 2 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 сентября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 September 2017 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросининг ёрқин намунаси сифатида ҳунармандчиликни кенг қўллаб-қувватлаш, Фарғона вилоятининг халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг тарихий марказлари бўлган Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида кўп асрлик анъаналарни асраб-авайлаш ва давом эттириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу асосда ишсиз аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги билан шуғулланувчи фуқаролар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
иккинчидан, ҳунармандлар марказлари ва мавзеларини ташкил этиш, уларни туристлар йўналишларига киритиш ёки янги туристик йўналишлар тузиш таклифларини ишлаб чиқиш;
учинчидан, ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш учун моддий-техника базани яратиш, шу жумладан, ҳунармандларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникациялари тармоқларига улаш, асбоб-ускуналар ва хом ашё материаллари билан узлуксиз таъминлаш, уларга имтиёзли кредит ва лизинг маблағлари ажратиш бўйича аниқ чоралар кўриш;
тўртинчидан, ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича тегишли бозор инфратузилмасини яратиш, шу жумладан, барпо этиладиган ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш марказларида кўргазма-савдолар ташкил этиш, ҳунармандларга бозорлар ва савдо мажмуаларида савдо расталари ажратиш;
бешинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш тизимини шакллантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлар хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма, фестивал, ярмаркаларда намойиш қилинишига кўмаклашиш;
олтинчидан, ноёб, ўтмишда авлоддан авлодга ўтиб келаётган, лекин ҳозирда йўқолиб бориш хавфи остидаги ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш чораларини кўриш, ушбу йўналишлар бўйича фаолият юритаётган ҳунармандларга тегишли имтиёзлар ва шароитлар яратиш;
еттинчидан, «Усто-шогирд» мактаблари фаолиятини доимий таҳлил қилиб бориш, уларни янада такомиллаштириш чораларини кўриш, ҳунармандларни шогирдликка олиш ва ҳунарга ўргатишни рағбатлантирувчи чоралар кўриш, янгидан етишиб чиқаётган ҳунармандларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ҳар томонлама кўмаклашиш.
2. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Давлат солиқ қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қуйидагиларни ўз ичига олувчи Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин, жумладан:
Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантириш комплекс чора-тадбирлар дастури 1-иловага * мувофиқ;
Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича манзилли дастур 2-иловага * мувофиқ;
Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши (кейинги ўринларда Республика мувофиқлаштирувчи кенгаш деб аталади) таркиби 3-иловага * мувофиқ.
3. Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши Дастурнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шу жумладан, Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари амалга оширилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин.
4. Фарғона вилояти ҳудудида чуқур тарихий илдизларга эга бўлган, анъанавий тарзда сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қуйидаги ҳунармандчилик турларини:
Марғилон шаҳрида — атлас, адрас тўқимачилиги, читкарлик, ёғоч ўймакорлиги, косибчилик ва ипакдан гилам тўқишни;
Қўқон шаҳрида — ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, заргарлик, кандакорлик ва темирчиликни;
Риштон туманида — кулолчилик, чинни маҳсулотлари ва мусаввирликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилсин.
5. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида қуйидагиларни ўз ичига олувчи ҳунармандчилик ва туризм марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) қуриш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифи маъқуллансин:
а) марказларни қуриш ва улар фаолиятини ташкил этиш бўйича:
марказлар қадимги миллий меъморчилик услублари ва шаклида қурилган бўлиб, замонавий инфратузилма ва коммуникациялар билан жиҳозланган бўлиши;
марказларга миллий матолар (адрас, атлас ва бошқалар), миллий пойабзал ишлаб чиқариш, ёғочсозлик ва ёғоч ўймакорлиги, дўппичилик, гиламчилик, тўнчилик, темирчилик, мисгарлик, заргарлик, кулолчилик ва бошқа йўналишлар бўйича ҳунармандларни, айниқса, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлар сулолаларини жалб этиш;
марказларга жалб этилган ҳунармандлар учун ушбу марказларда қуриладиган ва уларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида ажратиладиган уй-жойларнинг 1-қаватида ҳунармандлар устахоналари ва дўконлари, 2-қаватида эса ҳунармандларнинг хонадонлари жойлаштирилиши;
марказларда туристлар учун карвонсаройлар (меҳмонхоналар), ошхоналар, ресторанлар, қаҳвахоналар ва бошқа кўнгилочар хизматлар кўрсатувчи жойлар ташкил этилиши;
марказлар ҳудудларида «қадимги шарқий бозор» услубида қурилган бозор расталари, миллий санъаткорлар (аскиячилар, дорбозлар, масхарабозлар ва бошқалар)нинг ўз маҳоратларини намойиш қилишлари учун жойлар, мавзе ҳудуди бўйлаб ва бошқа мавзелар билан боғлайдиган замонавий техник ечимлар асосида ишлаб чиқарилган тарихий кўринишдаги транспорт воситалари (фойтун ва арава) қатновининг йўлга қўйилиши;
б) марказларни жойлаштириш манзиллари бўйича:
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри Хиёбон кўчасида Марғилон ҳунармандлари маркази — «Карвонсарой-ҳунармандлар маркази»ни ташкил этиш;
Қўқон шаҳри Боғистон кўчаси ҳудудида Ҳунармандчилик ва туризм марказини, «Жомеъ» тарихий ёдгорлиги масжидида «Қўқон адабий бадиий, маънавий-марифий муҳити» марказини ташкил этиш, Тинчлик кўчасида жойлашган «Дастурхончи» мадрасасида тикувчилик йўналишидаги ҳунармандларни жойлаштириш.
6. «Ипотека-банк» АТИБга «Қишлоққурилишбанк» АТБ билан биргаликда ҳунармандлар учун уй-жойлар қуриш учун кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, З.Т. Мирзаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов ва «Ҳунарманд» уюшмаси раиси А.А. Хакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 2 сентябрь,
687-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida hunarmandchilikni yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekistonning boy tarixiy va madaniy merosining yorqin namunasi sifatida hunarmandchilikni keng qoʻllab-quvvatlash, Fargʻona viloyatining xalq badiiy hunarmandchiligi va amaliy sanʼatining tarixiy markazlari boʻlgan Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida koʻp asrlik anʼanalarni asrab-avaylash va davom ettirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, shu asosda ishsiz aholi, ayniqsa yoshlar, ayollar va kam taʼminlangan oilalarning bandligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida milliy hunarmandchilikni rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:
birinchidan, xalq amaliy sanʼati va hunarmandchiligi bilan shugʻullanuvchi fuqarolar va oilalarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, ularning faoliyatini tashkil etish, rivojlantirish, ishlab chiqarish jarayonini takomillashtirish va kengaytirish, shu asosda yangi ish oʻrinlari yaratilishini ragʻbatlantirish boʻyicha tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;
ikkinchidan, hunarmandlar markazlari va mavzelarini tashkil etish, ularni turistlar yoʻnalishlariga kiritish yoki yangi turistik yoʻnalishlar tuzish takliflarini ishlab chiqish;
uchinchidan, hunarmandchilik faoliyatini amalga oshirish uchun moddiy-texnika bazani yaratish, shu jumladan, hunarmandlarga yer maydonlari va binolar ajratish, muhandislik-kommunikatsiyalari tarmoqlariga ulash, asbob-uskunalar va xom ashyo materiallari bilan uzluksiz taʼminlash, ularga imtiyozli kredit va lizing mablagʻlari ajratish boʻyicha aniq choralar koʻrish;
toʻrtinchidan, hunarmandlar ishlab chiqargan mahsulotlarni xaridorlarga yetkazib berish boʻyicha tegishli bozor infratuzilmasini yaratish, shu jumladan, barpo etiladigan hunarmandchilikni qoʻllab-quvvatlash markazlarida koʻrgazma-savdolar tashkil etish, hunarmandlarga bozorlar va savdo majmualarida savdo rastalari ajratish;
beshinchidan, hunarmandchilik mahsulotlarini eksport qilish tizimini shakllantirish va har tomonlama ragʻbatlantirish, xalq hunarmandchiligi mahsulotlar xorijiy davlatlarda oʻtkaziladigan koʻrgazma, festival, yarmarkalarda namoyish qilinishiga koʻmaklashish;
oltinchidan, noyob, oʻtmishda avloddan avlodga oʻtib kelayotgan, lekin hozirda yoʻqolib borish xavfi ostidagi hunarmandchilik turlarini qayta tiklash va rivojlantirish choralarini koʻrish, ushbu yoʻnalishlar boʻyicha faoliyat yuritayotgan hunarmandlarga tegishli imtiyozlar va sharoitlar yaratish;
yettinchidan, “Usto-shogird” maktablari faoliyatini doimiy tahlil qilib borish, ularni yanada takomillashtirish choralarini koʻrish, hunarmandlarni shogirdlikka olish va hunarga oʻrgatishni ragʻbatlantiruvchi choralar koʻrish, yangidan yetishib chiqayotgan hunarmandlarga tadbirkorlik faoliyatini boshlashda har tomonlama koʻmaklashish.
2. Fargʻona viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, Savdo-sanoat palatasi, “Hunarmand” uyushmasi, Davlat soliq qoʻmitasi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi tomonidan ishlab chiqilgan quyidagilarni oʻz ichiga oluvchi Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida milliy hunarmandchilikni rivojlantirish dasturi (keyingi oʻrinlarda Dastur deb ataladi) maʼqullansin, jumladan:
Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida milliy hunarmandchilik, xalq badiiy hunarmandchiligi va amaliy sanʼatini yanada rivojlantirish kompleks chora-tadbirlar dasturi 1-ilovaga * muvofiq;
Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida hunarmandchilikni rivojlantirish boʻyicha manzilli dastur 2-ilovaga * muvofiq;
Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida milliy hunarmandchilikni rivojlantirish dasturi ijrosini taʼminlash boʻyicha Respublika muvofiqlashtiruvchi kengashi (keyingi oʻrinlarda Respublika muvofiqlashtiruvchi kengash deb ataladi) tarkibi 3-ilovaga * muvofiq.
3. Respublika muvofiqlashtiruvchi kengashi Dasturning toʻliq, sifatli va oʻz vaqtida bajarilishi, shu jumladan, Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida milliy hunarmandchilikni rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari amalga oshirilishi ustidan doimiy monitoring oʻrnatsin.
4. Fargʻona viloyati hududida chuqur tarixiy ildizlarga ega boʻlgan, anʼanaviy tarzda saqlanib, avloddan-avlodga oʻtib kelayotgan quyidagi hunarmandchilik turlarini:
Margʻilon shahrida — atlas, adras toʻqimachiligi, chitkarlik, yogʻoch oʻymakorligi, kosibchilik va ipakdan gilam toʻqishni;
Qoʻqon shahrida — yogʻoch oʻymakorligi, pichoqchilik, zargarlik, kandakorlik va temirchilikni;
Rishton tumanida — kulolchilik, chinni mahsulotlari va musavvirlikni rivojlantirishga alohida eʼtibor berilsin.
5. Fargʻona viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, “Hunarmand” uyushmasi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasining Fargʻona viloyatining Margʻilon, Qoʻqon shaharlari va Rishton tumanida quyidagilarni oʻz ichiga oluvchi hunarmandchilik va turizm markazlarini (keyingi oʻrinlarda markazlar deb ataladi) qurish va ularning faoliyatini tashkil etish boʻyicha taklifi maʼqullansin:
a) markazlarni qurish va ular faoliyatini tashkil etish boʻyicha:
markazlar qadimgi milliy meʼmorchilik uslublari va shaklida qurilgan boʻlib, zamonaviy infratuzilma va kommunikatsiyalar bilan jihozlangan boʻlishi;
markazlarga milliy matolar (adras, atlas va boshqalar), milliy poyabzal ishlab chiqarish, yogʻochsozlik va yogʻoch oʻymakorligi, doʻppichilik, gilamchilik, toʻnchilik, temirchilik, misgarlik, zargarlik, kulolchilik va boshqa yoʻnalishlar boʻyicha hunarmandlarni, ayniqsa, avloddan avlodga oʻtib kelayotgan hunarmandlar sulolalarini jalb etish;
markazlarga jalb etilgan hunarmandlar uchun ushbu markazlarda quriladigan va ularga imtiyozli ipoteka kreditlari asosida ajratiladigan uy-joylarning 1-qavatida hunarmandlar ustaxonalari va doʻkonlari, 2-qavatida esa hunarmandlarning xonadonlari joylashtirilishi;
markazlarda turistlar uchun karvonsaroylar (mehmonxonalar), oshxonalar, restoranlar, qahvaxonalar va boshqa koʻngilochar xizmatlar koʻrsatuvchi joylar tashkil etilishi;
markazlar hududlarida “qadimgi sharqiy bozor” uslubida qurilgan bozor rastalari, milliy sanʼatkorlar (askiyachilar, dorbozlar, masxarabozlar va boshqalar)ning oʻz mahoratlarini namoyish qilishlari uchun joylar, mavze hududi boʻylab va boshqa mavzelar bilan bogʻlaydigan zamonaviy texnik yechimlar asosida ishlab chiqarilgan tarixiy koʻrinishdagi transport vositalari (foytun va arava) qatnovining yoʻlga qoʻyilishi;
b) markazlarni joylashtirish manzillari boʻyicha:
Fargʻona viloyatining Margʻilon shahri Xiyobon koʻchasida Margʻilon hunarmandlari markazi — “Karvonsaroy-hunarmandlar markazi”ni tashkil etish;
Qoʻqon shahri Bogʻiston koʻchasi hududida Hunarmandchilik va turizm markazini, “Jomeʼ” tarixiy yodgorligi masjidida “Qoʻqon adabiy badiiy, maʼnaviy-marifiy muhiti” markazini tashkil etish, Tinchlik koʻchasida joylashgan “Dasturxonchi” madrasasida tikuvchilik yoʻnalishidagi hunarmandlarni joylashtirish.
6. “Ipoteka-bank” ATIBga “Qishloqqurilishbank” ATB bilan birgalikda hunarmandlar uchun uy-joylar qurish uchun kreditlar ajratish tavsiya etilsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari J.A. Qoʻchqorov, Z.T. Mirzayev, Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri A.A. Xaitov va “Hunarmand” uyushmasi raisi A.A. Xakimov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2017-yil 2-sentabr,
687-son