UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 6-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Ichki ishlar vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 6 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Ички ишлар вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 сентября 2017 г. · Документы министерств и ведомств · Министр внутренних дел

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 September 2017 · Ministry and agency documents · Ichki ishlar vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2896-сонли «Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ 2017 йил 1 октябрдан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 6 сентябрдаги 193-сонли буйруғига ИЛОВА

Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ички ишлар органларининг таянч пунктлари профилактика инспекторларининг (бундан буён матнда профилактика инспекторлари деб юритилади) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартибини белгилайди.

2. Профилактика инспекторлари ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуд бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар ой якуни бўйича ҳисобот беради.

3. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш фуқаролар йиғини раиси, унинг маслаҳатчилари, таълим муассасалари, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари вакиллари, фуқаролар йиғинидаги хонадонларда, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари иштирокида амалга оширилади.

4. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш куни фуқаролар йиғини кенгаши томонидан ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари билан келишилган ҳолда белгиланади. Йиғин ўтказилишидан уч кун олдин бу ҳақда фуқаролар йиғинида кўринарли жойга эълон осиб қўйилади ҳамда аҳолига етказиш чоралари кўрилади.

5. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган йиғин фуқаролар йиғини раиси томонидан олиб борилади. Йиғин баённомаси фуқаролар йиғини раиси, фуқаролар йиғини масъул котиби, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари томонидан имзоланади.

6. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ва муассасалар вакиллари профилактика инспекторларининг ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган йиғинга фуқаролар йиғини томонидан таклиф этилади.

2-боб. Профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинларида ҳисоботини эшитиш

7. Профилактика инспекторлари қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш;

маҳалла ҳудудидаги криминоген вазиятни мунтазам равишда ўрганиб бориш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли, айниқса, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга ҳимоя ордерини бериш ва назоратни ўрнатиш;

вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш;

бириктирилган ҳудудида паспорт режими қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

пробация ҳисобида турган шахсларни хулқ-атворини назорат қилиш, ўрнатилган чекловларга риоя этишини текшириш, шунингдек, янги жиноят содир этишининг олдини олишда пробация инспекторларига кўмаклашиш;

узоқ муддатга кетган шахслар ҳисобини юритиш, уларнинг қариндошлари билан ишлаш, узоқ муддат мобайнида чет элда бўлиб қайтган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш.

8. Профилактика инспекторлари ҳисобот бериш жараёнида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўриқланадиган давлат ва хизмат сирларини ҳимоя қилиши ҳамда инсонларнинг шахсий ва оилавий сирларининг дахлсизлигини таъминлаши лозим.

9. Профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериши муайян сабабларга кўра мумкин бўлмай қолган ҳолларда (профилактика инспектори вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда, бошқа лавозимга ўтганда, нафақага чиққанда) ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган ички ишлар органи раҳбари фуқаролар йиғини раиси билан келишилган ҳолда ҳисобот бериш учун бошқа кунни белгилайди.

10. Ҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори лавозимига янги ходим тайинланса, ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган ички ишлар органи раҳбари фуқаролар йиғини раиси иштирокида аҳолига профилактика инспектори лавозимига янги тайинланган ходимни таништиради.

11. Профилактика инспектори лавозимга тайинланган кундан бошлаб амалга оширган ишлари юзасидан фуқаролар йиғинида ҳисобот беради.

12. Профилактика инспекторлари фаолиятига аҳоли томонидан ҳаққоний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчалар ва маҳаллалардаги аҳоли (уларнинг вакиллари) қатнашишини таъминлайди. Ўтказиладиган йиғинга фуқароларни турли сабаблар билан қатнашишини тақиқлашга йўл қўйилмайди.

13. Профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш якунларига кўра улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади ҳамда эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади ҳамда ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади.

14. Профилактика инспекторининг фаолиятига баҳо бериш йиғин қарори билан белгиланади. Фуқаролар йиғини унда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда ваколатли.

15. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаганда фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказилади. Фуқаролар вакилларининг йиғилиши унда фуқароларнинг ҳовлилар, уйлар, кўчалар ва маҳаллалардаги вакилларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли.

16. Фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) қарор унда қатнашганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда йиғинни олиб борувчи масъулларнинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

3-боб. Якуний қоидалар

17. Профилактика инспекторлари ҳисобот беришга тайёргарлик кўриш жараёнида ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуддаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи орган ва муассасалардан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни олади.

18. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

19. Мазкур Низом Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан келишилган.

Вазир П. БОБОЖОНОВ

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш. ЖАВЛОНОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 6 сентябрь,

2017 йил 6 сентябрь

193-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 1021-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 16.10.2024 й., 10/24/2930-1/0823-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirining

buyrugʻi

NIZOM

Ichki ishlar organlari tayanch punktlari profilaktika inspektorlarining hisobotini fuqarolar yigʻinlarida eshitish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 18-apreldagi PQ-2896-sonli “Ichki ishlar organlarining huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlinmalari faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Ichki ishlar organlari tayanch punktlari profilaktika inspektorlarining hisobotini fuqarolar yigʻinlarida eshitish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq 2017-yil 1-oktabrdan kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining 2017-yil 6-sentabrdagi 193-sonli buyrugʻiga ILOVA

Ichki ishlar organlari tayanch punktlari profilaktika inspektorlarining hisobotini fuqarolar yigʻinlarida eshitish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom ichki ishlar organlarining tayanch punktlari profilaktika inspektorlarining (bundan buyon matnda profilaktika inspektorlari deb yuritiladi) huquqbuzarliklar profilaktikasi va huquqbuzarliklarni oldini olish holati toʻgʻrisidagi hisobotini fuqarolar yigʻinlarida eshitish tartibini belgilaydi.

2. Profilaktika inspektorlari oʻzlariga biriktirilgan maʼmuriy hudud boʻyicha tegishli fuqarolar yigʻinlarida har oy yakuni boʻyicha hisobot beradi.

3. Profilaktika inspektorining hisobotini eshitish fuqarolar yigʻini raisi, uning maslahatchilari, taʼlim muassasalari, oilaviy poliklinikalar, oilaviy shifokor punktlari vakillari, fuqarolar yigʻinidagi xonadonlarda, koʻp qavatli uylarda istiqomat qiluvchi aholi, ichki ishlar organining ushbu hududga masʼul etib biriktirilgan rahbari ishtirokida amalga oshiriladi.

4. Profilaktika inspektorining hisobotini eshitish kuni fuqarolar yigʻini kengashi tomonidan ichki ishlar organining ushbu hududga masʼul etib biriktirilgan rahbari bilan kelishilgan holda belgilanadi. Yigʻin oʻtkazilishidan uch kun oldin bu haqda fuqarolar yigʻinida koʻrinarli joyga eʼlon osib qoʻyiladi hamda aholiga yetkazish choralari koʻriladi.

5. Profilaktika inspektorining hisobotini eshitish boʻyicha oʻtkaziladigan yigʻin fuqarolar yigʻini raisi tomonidan olib boriladi. Yigʻin bayonnomasi fuqarolar yigʻini raisi, fuqarolar yigʻini masʼul kotibi, ichki ishlar organining ushbu hududga masʼul etib biriktirilgan rahbari tomonidan imzolanadi.

6. Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi organ va muassasalar vakillari profilaktika inspektorlarining hisobotini eshitish boʻyicha oʻtkaziladigan yigʻinga fuqarolar yigʻini tomonidan taklif etiladi.

2-bob. Profilaktika inspektorlarining fuqarolar yigʻinlarida hisobotini eshitish

7. Profilaktika inspektorlari quyidagi asosiy yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

mahallada huquqbuzarliklarning oldini olish, jamoat tartibini saqlash va xavfsiz muhitni taʼminlash;

mahalla hududidagi kriminogen vaziyatni muntazam ravishda oʻrganib borish, huquqbuzarliklarni aniqlash va ularga barham berish boʻyicha qonunchilikda belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirish;

aholi, ayniqsa, yoshlar va voyaga yetmaganlar oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshirish;

tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan fuqarolarga himoya orderini berish va nazoratni oʻrnatish;

voyaga yetmaganlar va yoshlarni Vatanga muhabbat, milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash, terrorizm, ekstremizm, zoʻravonlik va shafqatsizlik gʻoyalaridan himoyalashga yoʻnaltirilgan ishlarni amalga oshirish;

biriktirilgan hududida pasport rejimi qoidalariga rioya etilishini nazorat qilish;

probatsiya hisobida turgan shaxslarni xulq-atvorini nazorat qilish, oʻrnatilgan cheklovlarga rioya etishini tekshirish, shuningdek, yangi jinoyat sodir etishining oldini olishda probatsiya inspektorlariga koʻmaklashish;

uzoq muddatga ketgan shaxslar hisobini yuritish, ularning qarindoshlari bilan ishlash, uzoq muddat mobaynida chet elda boʻlib qaytgan shaxslar bilan profilaktik ishlarni amalga oshirish.

8. Profilaktika inspektorlari hisobot berish jarayonida qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻriqlanadigan davlat va xizmat sirlarini himoya qilishi hamda insonlarning shaxsiy va oilaviy sirlarining daxlsizligini taʼminlashi lozim.

9. Profilaktika inspektorlarining fuqarolar yigʻinlarida hisobot berishi muayyan sabablarga koʻra mumkin boʻlmay qolgan hollarda (profilaktika inspektori vaqtincha mehnatga layoqatsiz boʻlganda, boshqa lavozimga oʻtganda, nafaqaga chiqqanda) ushbu hududga masʼul etib biriktirilgan ichki ishlar organi rahbari fuqarolar yigʻini raisi bilan kelishilgan holda hisobot berish uchun boshqa kunni belgilaydi.

10. Hududga xizmat koʻrsatuvchi profilaktika inspektori lavozimiga yangi xodim tayinlansa, ushbu hududga masʼul etib biriktirilgan ichki ishlar organi rahbari fuqarolar yigʻini raisi ishtirokida aholiga profilaktika inspektori lavozimiga yangi tayinlangan xodimni tanishtiradi.

11. Profilaktika inspektori lavozimga tayinlangan kundan boshlab amalga oshirgan ishlari yuzasidan fuqarolar yigʻinida hisobot beradi.

12. Profilaktika inspektorlari faoliyatiga aholi tomonidan haqqoniy baho berilishini taʼminlash maqsadida fuqarolar yigʻini raisi hududdagi hovlilar, uylar, koʻchalar va mahallalardagi aholi (ularning vakillari) qatnashishini taʼminlaydi. Oʻtkaziladigan yigʻinga fuqarolarni turli sabablar bilan qatnashishini taqiqlashga yoʻl qoʻyilmaydi.

13. Profilaktika inspektorlarining hisobotlarini eshitish yakunlariga koʻra ular zimmasiga yuklatilgan vazifalarning bajarilishi yuzasidan koʻrilayotgan choralar va ish natijalari tanqidiy muhokama qilinadi, ular faoliyatining samaradorligiga alohida baho beriladi hamda egallab turgan lavozimiga loyiq yoki noloyiqligi haqida tavsiyalar qabul qilinadi hamda ichki ishlar organi boshligʻiga taqdim etiladi.

14. Profilaktika inspektorining faoliyatiga baho berish yigʻin qarori bilan belgilanadi. Fuqarolar yigʻini unda qatnashish huquqiga ega boʻlgan barcha aholining yarmidan koʻprogʻi hozir boʻlgan taqdirda vakolatli.

15. Fuqarolar yigʻinini chaqirishning imkoni boʻlmaganda fuqarolar vakillarining yigʻilishi oʻtkaziladi. Fuqarolar vakillarining yigʻilishi unda fuqarolarning hovlilar, uylar, koʻchalar va mahallalardagi vakillarining kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlgan taqdirda vakolatli.

16. Fuqarolar yigʻinida (fuqarolar vakillarining yigʻilishida) qaror unda qatnashganlarning koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda yigʻinni olib boruvchi masʼullarning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

3-bob. Yakuniy qoidalar

17. Profilaktika inspektorlari hisobot berishga tayyorgarlik koʻrish jarayonida oʻzlariga biriktirilgan maʼmuriy hududdagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi organ va muassasalardan huquqbuzarliklar profilaktikasi sohasida amalga oshirilgan ishlar yuzasidan maʼlumotlarni oladi.

18. Mazkur Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

19. Mazkur Nizom Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi bilan kelishilgan.

Vazir P. BOBOJONOV

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha Respublika kengashi raisining birinchi oʻrinbosari Sh. JAVLONOV

Toshkent sh.,

2017-yil 6-sentabr,

2017-yil 6-sentabr

193-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 37-son, 1021-modda; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 16.10.2024-y., 10/24/2930-1/0823-son)

lex.uz