UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 16-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 16 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 сентября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 September 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Наманган шаҳрида замонавий маданият ва истироҳат боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, уларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда Наманган шаҳрининг туристик жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Наманган истиқлол боғи» МЧЖ умумий йиғилишининг «Наманган истиқлол боғи» МЧЖ (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) томонидан Наманган шаҳридаги собиқ «Машраб» боғи ўрнида замонавий маданият ва истироҳат боғини барпо этиш лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Наманган вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда собиқ «Машраб» боғи (кейинги ўринларда боғ деб аталади) ҳудудида жойлашган барча бино ва иншоотларни белгиланган тартибда бузилишини, бузишдан бўшаган ер участкаларини лойиҳани амалга ошириши учун инвесторга белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг:

боғ ҳудудига туташ ҳудудда жойлашган 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда (кейинги ўринларда объект деб аталади) Наманган шаҳар ҳокимлигига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида текин бериш;

Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилиб олинган объектни баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган бозор қийматида мулк ҳуқуқи асосида инвесторга бериш;

Подшоота-чодак ирригация тизимларига қарашли Ғирвонсой сел омбори гидротехника иншоотини тегишли ҳудуди билан бирга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида, лойиҳа тўлиқ амалга оширилиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг инвесторга бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Белгилансинки:

Наманган шаҳар ҳокимлиги инвесторга янги болалар спорти мактабининг қурилиши учун шаҳар ҳудудидан тегишли ер майдонининг белгиланган тартибда ажратилишини таъминлайди;

инвестор қабул қилиб олган объектнинг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган бозор қийматидан кам бўлмаган қийматдаги янги болалар спорти мактабини 2019 йил 1 сентябрга қадар қуриб битказилишини таъминлайди ва Наманган шаҳар ҳокимлигига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида давлат мулки сифатида топширади;

инвесторга ажратилган ҳудуддаги кўчмас мулк объектлари эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга пул компенсацияларини тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари доирасида амалга оширилади.

5. «Ўзбекэнерго» АЖ Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

электр энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигига риоя қилиш мақсадида боғ ҳудудидаги мавжуд 35/6 кВт Машраб нимстанциясини, 4 та темир устунли «Машраб» 35 кВ ҳаво электр узатиш тармоқ линияларини, 7 та бетон устунли 6 кВ ҳаво электр узатиш тармоқ линияларини ҳамда «Гулбоғ», «Мудофаа», «Олмос» фидерларидан келувчи ҳаво электр узатиш тармоқ линияларини ўз маблағлари ҳисобидан кўчириш;

боғ ҳудудини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Сардор» нимстанциясидан алоҳида 110 кВ линияли янги нимстанцияни ташаббускор маблағлари ҳисобидан қуриш чораларини кўрсин.

6. Наманган вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзтрансгаз» АЖ билан биргаликда икки ой муддатда боғ ўрнида ташкил этилаётган замонавий маданият ва истироҳат боғини тоза ичимлик суви ва табиий газ билан таъминласин;

«Ўзтрансгаз» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда боғ ҳудудидан ўтувчи табиий газ тармоғини боғ ҳудудидан ташқарига кўчириш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Наманган вилояти ҳокимлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Наманган вилояти ҳокимлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп маротабалик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойида рўйхатга олиш ва вақтинчалик рўйхатда туриш муддати узайтирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инвесторнинг талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга рухсатномаларни беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, юқорида қайд этилган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб боришга ҳуқуқ берадиган тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

10. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига инвесторга лойиҳани молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳани амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин ҳамда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзметкомбинат» АЖ, ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ инвесторнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган металл прокати ва цемент маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар ҳамда тартибга солинадиган нархлар асосида ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминласин.

«Ўзнефтмаҳсулот» АЖ инвесторнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган бензин, дизель ва битум маҳсулотларини ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминласин.

13. Наманган вилояти ҳокимлиги инвестор билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш ишларини 2019 йил 1 мартга қадар якунланишини, лойиҳанинг 2019 йил 21 март куни фойдаланишга топширилишини таъминласин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров ва Наманган шаҳар ҳокими Ш.Ш. Абдуразаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 16 сентябрь,

730-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 38-сон, 1039-модда)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Namangan shahrida zamonaviy madaniyat va istirohat bogʻini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Aholining madaniy hordiq chiqarishi, ularning boʻsh vaqtlarini sermazmun oʻtkazishi uchun qulay shart-sharoit yaratish hamda Namangan shahrining turistik jozibadorligini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Namangan viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi va “Namangan istiqlol bogʻi” MChJ umumiy yigʻilishining “Namangan istiqlol bogʻi” MChJ (keyingi oʻrinlarda investor deb ataladi) tomonidan Namangan shahridagi sobiq “Mashrab” bogʻi oʻrnida zamonaviy madaniyat va istirohat bogʻini barpo etish loyihasini (keyingi oʻrinlarda loyiha deb ataladi) amalga oshirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Namangan viloyati hokimligi bir oy muddatda sobiq “Mashrab” bogʻi (keyingi oʻrinlarda bogʻ deb ataladi) hududida joylashgan barcha bino va inshootlarni belgilangan tartibda buzilishini, buzishdan boʻshagan yer uchastkalarini loyihani amalga oshirishi uchun investorga belgilangan tartibda ajratilishini taʼminlasin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport davlat qoʻmitasi, Namangan viloyati hokimligi, Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi hamda Qishloq va suv xoʻjaligi vazirligining:

bogʻ hududiga tutash hududda joylashgan 2-son bolalar va oʻsmirlar sport maktabi bino va inshootlarini tegishli hududi bilan birgalikda (keyingi oʻrinlarda obyekt deb ataladi) Namangan shahar hokimligiga operativ boshqarish huquqi asosida tekin berish;

Namangan shahar hokimligi tomonidan qabul qilib olingan obyektni baholovchi tashkilot tomonidan aniqlangan bozor qiymatida mulk huquqi asosida investorga berish;

Podshoota-chodak irrigatsiya tizimlariga qarashli Gʻirvonsoy sel ombori gidrotexnika inshootini tegishli hududi bilan birga tekin foydalanish huquqi asosida, loyiha toʻliq amalga oshirilib, foydalanishga topshirilgandan soʻng investorga berish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

4. Belgilansinki:

Namangan shahar hokimligi investorga yangi bolalar sporti maktabining qurilishi uchun shahar hududidan tegishli yer maydonining belgilangan tartibda ajratilishini taʼminlaydi;

investor qabul qilib olgan obyektning baholovchi tashkilot tomonidan aniqlangan bozor qiymatidan kam boʻlmagan qiymatdagi yangi bolalar sporti maktabini 2019-yil 1-sentabrga qadar qurib bitkazilishini taʼminlaydi va Namangan shahar hokimligiga operativ boshqarish huquqi asosida davlat mulki sifatida topshiradi;

investorga ajratilgan hududdagi koʻchmas mulk obyektlari egalari boʻlgan fuqarolar va yuridik shaxslarga pul kompensatsiyalarini toʻlash Vazirlar Mahkamasining 2006-yil 29-maydagi 97-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat va jamoat ehtiyojlari uchun yer uchastkalarining olib qoʻyilishi munosabati bilan fuqarolarga va yuridik shaxslarga yetkazilgan zararlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari doirasida amalga oshiriladi.

5. “Oʻzbekenergo” AJ Namangan viloyati hokimligi bilan birgalikda bir oy muddatda:

elektr energiyasidan foydalanish xavfsizligiga rioya qilish maqsadida bogʻ hududidagi mavjud 35/6 kVt Mashrab nimstansiyasini, 4 ta temir ustunli “Mashrab” 35 kV havo elektr uzatish tarmoq liniyalarini, 7 ta beton ustunli 6 kV havo elektr uzatish tarmoq liniyalarini hamda “Gulbogʻ”, “Mudofaa”, “Olmos” fiderlaridan keluvchi havo elektr uzatish tarmoq liniyalarini oʻz mablagʻlari hisobidan koʻchirish;

bogʻ hududini elektr energiyasi bilan taʼminlash maqsadida “Sardor” nimstansiyasidan alohida 110 kV liniyali yangi nimstansiyani tashabbuskor mablagʻlari hisobidan qurish choralarini koʻrsin.

6. Namangan viloyati hokimligi:

Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, “Oʻztransgaz” AJ bilan birgalikda ikki oy muddatda bogʻ oʻrnida tashkil etilayotgan zamonaviy madaniyat va istirohat bogʻini toza ichimlik suvi va tabiiy gaz bilan taʼminlasin;

“Oʻztransgaz” AJ bilan birgalikda bir oy muddatda bogʻ hududidan oʻtuvchi tabiiy gaz tarmogʻini bogʻ hududidan tashqariga koʻchirish choralarini koʻrsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Namangan viloyati hokimligining talabnomalariga koʻra, loyihani amalga oshirish doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislarga konsullik va boshqa yigʻimlar undirilmagan holda kirish vizalari rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Namangan viloyati hokimligining talabnomalariga koʻra, loyihani amalga oshirish doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislarga belgilangan tartibda davlat boji undirilmagan holda koʻp marotabalik vizalar berish va muddatini uzaytirish, shuningdek, vaqtinchalik yashash joyida roʻyxatga olish va vaqtinchalik roʻyxatda turish muddati uzaytirilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi investorning talabnomalariga koʻra, loyihani amalga oshirishda qatnashayotgan yuqori malakali xorijiy mutaxassislarni Oʻzbekiston Respublikasiga jalb qilishga ruxsatnomalarni berishni (muddatini uzaytirishni), shuningdek, yuqorida qayd etilgan fuqarolarga Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini olib borishga huquq beradigan tasdiqnomalar berilishini (muddati uzaytirilishini) taʼminlasin.

10. Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy bankiga investorga loyihani moliyalashtirish, respublikada ishlab chiqarilmaydigan asbob-uskunalar va ularga butlovchi buyumlarni xarid qilish uchun belgilangan tartibda kreditlar, shu jumladan chet el valyutasidagi kreditlar ajratish tavsiya etilsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi loyihani amalga oshirish doirasida loyiha-smeta hujjatlarining davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini belgilangan tartibda taʼminlasin hamda bajarilayotgan qurilish-montaj ishlarining sifati, shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, “Oʻzmetkombinat” AJ, va “Oʻzqurilishmateriallari” AJ investorning asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq loyihani amalga oshirish uchun talab etiladigan metall prokati va sement mahsulotlarini toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar hamda tartibga solinadigan narxlar asosida oʻrnatilgan tartibda ajratilishini taʼminlasin.

“Oʻzneftmahsulot” AJ investorning asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq loyihani amalga oshirish uchun talab etiladigan benzin, dizel va bitum mahsulotlarini oʻrnatilgan tartibda ajratilishini taʼminlasin.

13. Namangan viloyati hokimligi investor bilan birgalikda loyihani amalga oshirish ishlarini 2019-yil 1-martga qadar yakunlanishini, loyihaning 2019-yil 21-mart kuni foydalanishga topshirilishini taʼminlasin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruvi raisi A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov, Namangan viloyati hokimi X.X. Bozarov va Namangan shahar hokimi Sh.Sh. Abdurazakov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 16-sentabr,

730-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 38-son, 1039-modda)

lex.uz