UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 26-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 26 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 сентября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 September 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг « Ички ишлар органлари тўғрисида »ги ҳамда « Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ ички ишлар органларида ҳарбий-тиббий экспертиза ва тиббий гувоҳлантириш масалаларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг « Ички ишлар органлари тўғрисида »ги ҳамда « Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланиши бўйича ички ишлар органларининг шаҳодатланган лавозимларида хизматга яроқлилигини аниқлаш;

ички ишлар органлари шаҳодатланган ходимларининг соғлиғи бўйича хизматни давом эттиришга яроқлилигини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) кириш учун номзодларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланишига кўра таҳсил олишга яроқлилигини аниқлаш;

таълим муассасаларида курсант ва тингловчиларнинг соғлиғи бўйича таҳсил олишни давом эттиришга яроқлилигини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимларига касаллиги сабабли таътил бериш ёки уларни хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;

ички ишлар органлари захирадаги ёки собиқ ходимларининг касалланиши, ярадорлиги, контузиялари, жароҳатланишини уруш ҳаракатларида иштирок этиши натижасида орттирилганлиги, ички ишлар органларида хизматни ўташи, хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқлиги сабабларини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимларининг тан жароҳатларини оғирлик даражасини баҳолаш;

ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароити оғир ва ноқулай ҳудудларида хизматни ўташи муносабати билан уларнинг оила аъзолари яшаши учун соғлиғи бўйича тиббий зид кўрсатмаларни мавжудлигини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимлари оила аъзоларининг узоқ муддат даволаниши ҳамда тиббий кузатувда бўлиши заруратини аниқлаш.

2 1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ходимлар хизмат қиладиган лавозимларга қабул қилинаётган номзодларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг захирадаги ёки собиқ ходимларини тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш, ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар ҳамда ички ишлар органларининг захирадаги ёки собиқ ходимлари учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий-тиббий комиссия томонидан амалга оширилади.

3. Ички ишлар органлари тизимида тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тиббиёт бошқармасида ташкил этиладиган Марказий ҳарбий-тиббий комиссия (кейинги ўринларда МҲТК деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Тиббиёт бўлимларида ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда ҲТК деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг марказий госпиталида даволанаётган ходимларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тиббий кўрсатма асосида ушбу госпиталда ташкил этилган ҳарбий-тиббий комиссия томонидан амалга оширилади.

Таълим муассасаларида тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказиш учун мазкур муассасаларда вақтинча ҳаракатдаги ҳарбий-тиббий комиссиялар ташкил этилади.

ҲТКлар таркиби ва уларнинг ишини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

2-боб. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказишнинг объектлари

4. Қуйидагилар ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилади:

а) ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар;

б) ички ишлар органлари ходимлари;

в) таълим муассасаларига кириш учун номзодлар;

г) таълим муассасалари курсант ва тингловчилари;

д) ички ишлар органларининг захирадаги ёки собиқ ходимлари;

е) ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари;

ж) Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига кириш учун номзодлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмаларининг ҳарбий хизматчиларини ва уларнинг оила аъзоларини, таълим муассасасига кириш учун номзодларни ҳамда курсантларни ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида амалда бўлган ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

3-боб. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тартиби

6. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ички ишлар органларининг ёки ушбу органларнинг кадрлар бўлими раҳбарлари йўлланмалари ёхуд суд қарори асосида амалга оширилади.

7. Назорат қилиш тартибида қайта тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ёки қуйи ҲТК қарорини қайта кўриб чиқиш МҲТК томонидан амалга оширилади.

8. Ушбу Низомнинг 4-банди «а» — «г» кичик бандларида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тегишли ҲТКлар томонидан ушбу шахсларда ички ишлар органларида хизматни ўташга (хизматни ўташни давом эттиришга) ёки таълим муассасаларида таҳсил олишга (таҳсил олишни давом эттиришга) тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонларнинг бор ёки йўқлигини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.

Ички ишлар органларида хизматни ўташга ёки таълим муассасаларида таҳсил олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар (кейинги ўринда касалликлар ва жисмоний нуқсонлар деб аталади) мазкур Низомга иловадаги рўйхатга мувофиқ аниқланади.

9. Ушбу Низомнинг 4-банди «д» кичик бандида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ушбу шахсларнинг касалланиши, ярадорлиги, контузиялари, жароҳатланишини уруш ҳаракатларида иштирок этиши натижасида орттирилганлиги, ички ишлар органларида хизматни ўташи, хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслиги сабабларини аниқлаш, шунингдек улардаги тан жароҳатларининг оғирлик даражасини баҳолаш йўли билан амалга оширилади.

10. Ушбу Низомнинг 4-банди «е» кичик бандида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароити оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларида хизматни ўташи муносабати билан ушбу ҳудудларда уларнинг оила аъзолари яшаши учун соғлиғи бўйича тиббий зид кўрсатмаларнинг бор ёки йўқлиги, шунингдек ушбу кичик бандда назарда тутилган шахсларнинг узоқ муддат даволаниши ҳамда тиббий кузатувда бўлиши заруратини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.

11. Ушбу Низомнинг 4-банди «а» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган шахсларнинг амбулатор шароитдаги тиббий текшируви тиббий кўрсатмаларга кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда тиббий текширув натижалари расмийлаштирилиб, тегишли хулоса тиббий текширувдан ўтган шахсга ҲТКга тақдим этиш учун берилади.

12. Ушбу Низомнинг 4-банди «б» ва «е» кичик бандларида назарда тутилган шахсларнинг стационар ёки амбулатор шароитдаги тиббий текшируви Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг даволаш-профилактика муассасаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказишда иштирок этган ҳар бир шифокор ўз йўналиши бўйича тиббий кўрикни амалга оширади ва тиббий хулоса беради.

14. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтишга ходим саломатлиги ҳолати сабабли ҲТКга кела олмайдиган ҳолларда, ҲТК томонидан сайёр тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказилади ҳамда бу ҳақдаги маълумот тегишли тиббий далолатномага қайд қилинади.

15. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш жараёнида шахслар, заруратга кўра, тиббиётнинг ихтисослашган соҳалари бўйича шифокорларга (фтизиатр, эндокринолог, уролог, онколог ва бошқалар) ўрнатилган тартибда тиббий маслаҳат ва текширув учун юборилади.

16. Тиббий хулоса ҲТКда кўриб чиқилади ва тиббий текширув ҳамда ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтувчи шахсларнинг саломатлиги тўғрисидаги барча маълумотлар ва унинг жисмоний ривожланиши ҳисобга олинган ҳолда хизматга яроқли ёки яроқсизлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

17. ҲТК ўз қарорларини тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилаётган ҳар бир шахс бўйича индивидуал тарзда баҳолаш усулидан фойдаланган ҳолда коллегиал тарзда чиқаради. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилаётган шахснинг ҳолатига индивидуал баҳо бериш вақтида касаллик ва жисмоний нуқсоннинг хусусияти, ривожланиш даражаси, бошқа тана аъзолари ҳисобига компенсация қилиниши, тана аъзолари фаолиятининг бузилиши, бузилишларнинг келиб чиқиши ва касаллик прогнози, шахснинг мутахассислиги, хизмат тури инобатга олинади.

Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза натижаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклга мувофиқ ҲТК далолатномаси орқали расмийлаштирилади.

18. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза далолатномасига ҲТК томонидан қарорни чиқаришга асос бўлган тиббий ҳужжатлардан кўчирма ва бошқа тегишли хулосалар ҳамда ҳужжатлар илова қилинади.

Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза далолатномасида махфий ҳужжатлардан кўчирмалар қолдирилмайди. Лозим бўлганда далолатномада фақатгина махфий ҳужжатлар сақланадиган йиғма жилд рақами кўрсатилади.

19. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш натижасида шахс хизматга яроқсиз деб топилганда, уларни қайта ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш учун кўриб чиқиш муддати ҲТК томонидан белгиланади.

20. Ушбу Низомнинг 4-банди «а» кичик бандида назарда тутилган шахсларга расмийлаштирилган хизматга яроқлилик тўғрисидаги ҲТК далолатномаси, улар тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилган кундан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддатда, ушбу Низомнинг 4-банди «б» кичик бандида назарда тутилган шахсларга нисбатан эса бир йил муддатда амалда бўлади.

Ушбу Низомнинг 4-банди «а» — «г» кичик бандларида назарда тутилган шахсларда ҲТК далолатномаларида белгиланган муддат ичида соғлиғида сезиларли ўзгаришлар рўй берганлиги аниқланганда, улар такрорий ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилади.

21. Ҳарбий-тиббий экспертизанинг хулосалари мансабдор шахслар ижро этиши учун мажбурийдир. Ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказган муассасанинг хулосаси устидан фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили судга шикоят қилиши мумкин.

4-боб. Якуний қоида

22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ички ишлар органларида хизматни ўташга ёки таълим муассасаларида таҳсил олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар

1. Юқумли ва паразитар касалликлар. 2. Нафас аъзоларининг сил касаллиги. 3. Бошқа аъзолар ва тизимларнинг сил касаллиги. 4. Захм ва асосан жинсий йўл билан юқадиган, бошқа аниқланган касалликлар. 5. Микозлар. 6. Ўсмалар. 7. Хавфли ўсмалар (лимфа, қон яратувчи ва уларга турдош тўқималарнинг ўсмалари бундан истисно). 8. Лимфа, қон яратувчи ва уларга турдош тўқималарнинг хавфли ўсмалари. 9. Хавфсиз ўсмалар (бош ва орқа мия ўсмалари бундан истисно), in situ ўсмалар. 10. Қон, қон яратувчи аъзоларнинг касалликлари ва иммун механизмини (тизимини) жалб қилувчи алоҳида бузилишлар. 11. Эндокрин тизимининг касалликлари, озиқланиш ва моддалар алмашинувининг бузилишлари. 12. Руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари. 13. Органик руҳий бузилишлар. 14. Эндоген психозлар: шизофрения, шизотипик бузилишлар, шизоаффектив, васвасали, ўткир ва ўткинчи психотик бузилишлар ва аффектив бузилишлар (кайфият бузилишлари). 15. Симптоматик ва бошқа экзоген этиологияли руҳий бузилишлар. 16. Стресс билан боғлиқ невротик ва соматик шаклдаги бузилишлар. 17. Шахс бузилишлари. 18. Руҳиятга фаол таъсир этувчи воситаларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари. 19. Ақлий қолоқлик (заифлик). 20. Асаб тизими касалликлари. 21. Эпилепсия ва эпилептик тутқаноқлар. 22. Марказий асаб тизимининг яллиғланишлари, миелинсизлантирувчи касалликлари ва уларнинг асоратлари. 23. Кўпроқ марказий асаб тизимини зарарловчи тизимли атрофиялар, экстрапирамидал, бошқа асаб тизимининг дегенератив касалликлар, асаб-мушак синапс ва мушак касалликлари, болаларнинг церебрал фалажи, асаб тизимининг туғма аномалиялари (ривожланишнинг нуқсонлари), бош ва орқа мия ўсмалари. 24. Бош ва орқа мияларнинг томир касалликлари. 25. Бош ва орқа мия жароҳатланишлари ва уларнинг асоратлари. Ташқи таъсир омилларидан бўлган марказий асаб тизимининг зараланиши асоратлари. 26. Периферик нервлари касалликлари. 27. Периферик нервлар жароҳати ва асоратлари. 28. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг ҳуружидан, жароҳат ва жарроҳлик йўли билан даволанишдан кейинги марказий ва периферик асаб тизимлари фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 29. Қовоқларнинг касалликлари ва шикастланиш оқибатлари. 30. Конъюнктива, кўз ёши йўллари, кўз косасининг касалликлари, жароҳатлар ва куйиш оқибатлари. 31. Кўзнинг склераси, шоҳ пардаси, томирли пардаси, гавҳари, шишасимон танаси, тўр пардаси, кўрув нервининг касалликлари, жароҳатлар ва куйишларнинг асоратлари. 32. Кўз тўр пардасининг кўчиши. 33. Глаукома. 34. Кўз мушаклари касалликлари, икки кўзнинг ҳамкорликда баробар кўриш фаолиятини бузилиши. 35. Рефракция ва аккомодациянинг бузилишлари. 36. Кўрлик, кўриш ўткирлигининг пасайиши, ранг ажратиш аномалиялари. 37. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг ҳуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги кўриш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 38. Қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқнинг касалликлари. 39. Ташқи қулоқ (шу жумладан туғма) касалликлари. 40. Ўрта қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқнинг касалликлари. 41. Организм вестибуляр қобилиятининг бузилиши. 42. Карлик, карсоқовлик, эшитиш қобилиятининг пасайиши. 43. Ўткир касаллик, сурункали касаллик ҳуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қўлоқ ва сўрғичсимон ўсиқ фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 44. Қон айланиш тизими касалликлари. 45. Ревматизм, юракнинг бошқа ревматик ва ревматик бўлмаган (шу жумладан туғма) касалликлари. 46. Гипертония (ҳафақонлик) касаллиги. 47. Юракнинг ишемик касаллиги. 48. Аорта, периферик йирик артерия, вена ва лимфа томирлари касалликлари, ривожланишнинг туғма аномалиялари ва шикастланишлар асоратлари. 49. Геморрой (бавосил). 50. Нейроциркулятор астения. 51. Ўткир касаллик, сурункали касаллик ҳуружи, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қон айланиш тизими фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 52. Нафас аъзолари касалликлари. 53. Бурун бўшлиғи, бурунниинг ёндош бўшлиқлари ва ҳиқилдоқ касалликлари. 54. Ҳиқилдоқ ва трахеянинг бўйин қисми касалликлари ва шикастланишлари. 55. Нафас олиш аъзоларининг бошқа касалликлари (шу жумдан туғма). 56. Бронхиал астма. 57. Ўткир касаллик, сурункали касаллик ҳуружи, жароҳат, жарроҳлик амалиётидан кейинги нафас аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 58. Тишларнинг ривожланиши ва чиқиш илдизидаги бузилишлар, тишнинг қаттиқ тўқималари ва юмшоқ қисми касалликлари. 59. Периапикал тўқималар, милклар ва пародонт, сўлак безлари, оғиз бўшлиғи юмшоқ тўқималари, тилнинг (шу жумладан туғма) касалликлари. 60. Юз-жағ аномалиялари, нуқсонлари, шакл ўзгаришлари, жароҳат асоратлари, бошқа касалликлар ва тишларнинг таянч воситаларидаги ўзгаришлар, жағларнинг касалликлари. 61. Қизилўнгач, ичакларнинг (ўн икки бармоқли ичакдан ташқари) ва қоринпарданинг (шу жумладан туғма) касалликлари. 62. Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллиги. 63. Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг бошқа касалликлари, жигарнинг, ўт қопининг, ўт ажратиш йўллари ва меъда ости безининг касалликлари. 64. Чурралар. 65. Ўткир касаллик, сурункали касалликларининг ҳуружлари ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 66. Тери ва тери ости қавати сурункали, тизимли касалликлари. 67. Терининг ва тери ости қаватининг ўткир касалликлари асоратлари ва сурункали касалликларининг қайталанишидан кейин фаолиятнинг бузилиши. 68. Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқималарнинг касалликлари. 69. Юқумли, яллиғланиш, аутоиммун ва бошқа сабаблардан келиб чиққан артритлар ва артропатиялар, бириктирувчи тўқиманинг тизимли касалликлари. 70. Суяклар, йирик бўғимлар, тоғайларнинг жарроҳлик касалликлари ва зарарланиши. 71. Умуртқанинг касалликлари ва уларнинг асоратлари. 72. Кафтнинг, бармоқларнинг шакл ўзгаришлари ва умуман йўқлиги. 73. Яссиоёқлилик, оёқ панжасининг бошқа шакл ўзгаришлари ва бармоқларининг нуқсонлари. 74. Оёқ-қўлнинг фаолиятини ўзгартирувчи ва (ёки) хизмат кийимлар, оёқ кийимлар кийишни ва камарлар тақишни қийинлаштирувчи туғма ва орттирилган шакл ўзгаришлари. 75. Оёқ ёки қўлнинг йўқлиги. 76. Жинсий ва сийдик чиқариш аъзолари касалликлари. 77. Буйракларнинг сурункали касалликлари. 78. Буйрак ва сийдик тоши касаллиги. 79. Сийдик чиқариш йўлларида сийдик чиқаришининг бузилиши (гидронефроз), пиелонефрит (иккиламчи), буйрак ва сийдик чиқариш йўлларининг бошқа касалликлари, қовуқнинг яллиғланиши ва бошқа касалликлари, таносил касалликларига алоқаси бўлмаган уретрит, сийдик чиқариш йўлининг торайиши ва унинг бошқа касалликлари. 80. Эркакларнинг жинсий аъзолари касалликлари (шу жумладан туғма бўлган). 81. Аёлларнинг жинсий аъзолари сурункали яллиғланишлар билан кечадиган касалликлари. 82. Эндометриоз. 83. Генитал пролапс, сийдикни тутаолмаслик, оқмалар, аёллар жинсий аъзоларининг бошқа яллиғланишсиз кечадиган касалликлари (шу жумладан туғма бўлган). 84. Ҳайз кўриш фаолиятининг бузилишлари. 85. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг ҳуружи ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги сийдик чиқариш ва жинсий аъзоларнинг фаолиятининг вақтинча бузилишлари. 86. Ҳомиладорлик, туғишдан кейинги давр ва унинг асоратлари. 87. Жароҳатлар, заҳарланишлар ва бошқа ташқи омиллар таъсири оқибатлари. 88. Бош суякларининг жароҳат ва жарроҳлик амалиётидан кейинги нуқсонлари. 89. Умуртқа поғонаси, гавда, оёқ ва қўллар суяклари синиқларининг асоратлари (чаноқ суяклари, курак, ўмров, тўш, қовурғалар, елка, тирсак ва билак, сон суяги бўйинчаси ва сон, кичик ва катта болдир, тизза қопқоғи суяги ва бошқа суякларининг синиқлари). 90. Кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи, ва чаноқ ички аъзоларининг жароҳатлари (жароҳат туфайли юзага келган пневмо- ва гемоторакс, юрак, ўпка, меъда ичак йўли, жигар, талоқ, буйраклар, чаноқ аъзолари, қорин бўшлиғининг бошқа аъзолари жароҳатлари, кўп тармоқли оғир жароҳатлар), юқорида қайд этилган аъзоларнинг касалликлари туфайли ўтказилган жарроҳлик амалиётлари асоратлари. 91. Тери ва тери ости қавати тўқималарининг жароҳатлари асоратлари. 92. Дори, тиббий ва биологик воситалар билан заҳарланиш, тиббиётга даҳли бўлмаган моддаларнинг токсик таъсири, ташқи омилларнинг таъсири (радиация, паст ёки юқори ҳарорат ва ёруғлик, ҳавонинг ёки сувнинг ортиқча босими ва бошқалар). 93. Суяк-мушак тизимининг, бириктирувчи тўқиманинг, тери ва тери ости қаватининг касалликларидан даволанишдан кейин, жароҳатлар, заҳарланишлар ва ташқи омилларнинг бошқа таъсирларидан кейинги фаолиятнинг вақтинча бузилишлари. 94. Жисмоний ривожланиш етишмовчилиги. 95. Сийдик тутолмаслик (энурез). 96. Нутқнинг бузилиши.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 26 сентябръ,

764-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2017 й., 09/17/764/0019-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2021 й., 09/21/363/0549-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 07.04.2023 й., 09/23/143/0199-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Ichki ishlar organlari toʻgʻrisida ”gi hamda “ Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq ichki ishlar organlarida harbiy-tibbiy ekspertiza va tibbiy guvohlantirish masalalarini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 26-sentabrdagi 764-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “ Ichki ishlar organlari toʻgʻrisida ”gi hamda “ Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza quyidagi maqsadlarda oʻtkaziladi:

ichki ishlar organlariga xizmatga qabul qilinayotgan nomzodlarning sogʻligʻi va jismoniy rivojlanishi boʻyicha ichki ishlar organlarining shahodatlangan lavozimlarida xizmatga yaroqliligini aniqlash;

ichki ishlar organlari shahodatlangan xodimlarining sogʻligʻi boʻyicha xizmatni davom ettirishga yaroqliligini aniqlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining taʼlim muassasalariga (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasalari deb ataladi) kirish uchun nomzodlarning sogʻligʻi va jismoniy rivojlanishiga koʻra tahsil olishga yaroqliligini aniqlash;

taʼlim muassasalarida kursant va tinglovchilarning sogʻligʻi boʻyicha tahsil olishni davom ettirishga yaroqliligini aniqlash;

ichki ishlar organlari xodimlariga kasalligi sababli taʼtil berish yoki ularni xizmat vazifalarini bajarishdan ozod etish;

ichki ishlar organlari zaxiradagi yoki sobiq xodimlarining kasallanishi, yaradorligi, kontuziyalari, jarohatlanishini urush harakatlarida ishtirok etishi natijasida orttirilganligi, ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtashi, xizmat vazifasini bajarishi bilan bogʻliqligi sabablarini aniqlash;

ichki ishlar organlari xodimlarining tan jarohatlarini ogʻirlik darajasini baholash;

ichki ishlar organlari xodimlarining Oʻzbekiston Respublikasining tabiiy iqlim sharoiti ogʻir va noqulay hududlarida xizmatni oʻtashi munosabati bilan ularning oila aʼzolari yashashi uchun sogʻligʻi boʻyicha tibbiy zid koʻrsatmalarni mavjudligini aniqlash;

ichki ishlar organlari xodimlari oila aʼzolarining uzoq muddat davolanishi hamda tibbiy kuzatuvda boʻlishi zaruratini aniqlash.

2 1. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi xodimlari va ularning oila aʼzolarini hamda Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasiga xodimlar xizmat qiladigan lavozimlarga qabul qilinayotgan nomzodlarni, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining zaxiradagi yoki sobiq xodimlarini tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish, ichki ishlar organlari xodimlari, ularning oila aʼzolari, ichki ishlar organlariga xizmatga qabul qilinayotgan nomzodlar hamda ichki ishlar organlarining zaxiradagi yoki sobiq xodimlari uchun belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tizimidagi harbiy-tibbiy komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

3. Ichki ishlar organlari tizimida tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Tibbiyot boshqarmasida tashkil etiladigan Markaziy harbiy-tibbiy komissiya (keyingi oʻrinlarda MHTK deb ataladi), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari va Toshkent shahar ichki ishlar bosh boshqarmasining Tibbiyot boʻlimlarida tashkil etiladigan harbiy-tibbiy komissiyalar (keyingi oʻrinlarda HTK deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining markaziy gospitalida davolanayotgan xodimlarni tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish tibbiy koʻrsatma asosida ushbu gospitalda tashkil etilgan harbiy-tibbiy komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

Taʼlim muassasalarida tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza oʻtkazish uchun mazkur muassasalarda vaqtincha harakatdagi harbiy-tibbiy komissiyalar tashkil etiladi.

HTKlar tarkibi va ularning ishini tashkil etish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan belgilanadi.

2-bob. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazishning obyektlari

4. Quyidagilar harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkaziladi:

a) ichki ishlar organlariga xizmatga qabul qilinayotgan nomzodlar;

b) ichki ishlar organlari xodimlari;

v) taʼlim muassasalariga kirish uchun nomzodlar;

g) taʼlim muassasalari kursant va tinglovchilari;

d) ichki ishlar organlarining zaxiradagi yoki sobiq xodimlari;

e) ichki ishlar organlari xodimlarining oila aʼzolari;

j) Oʻzbekiston Respublikasi Huquqni muhofaza qilish akademiyasi bakalavriatiga kirish uchun nomzodlar.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi harbiy tuzilmalarining harbiy xizmatchilarini va ularning oila aʼzolarini, taʼlim muassasasiga kirish uchun nomzodlarni hamda kursantlarni harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi harbiy-tibbiy komissiyalari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida amalda boʻlgan harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.

3-bob. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish tartibi

6. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish ichki ishlar organlarining yoki ushbu organlarning kadrlar boʻlimi rahbarlari yoʻllanmalari yoxud sud qarori asosida amalga oshiriladi.

7. Nazorat qilish tartibida qayta tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish yoki quyi HTK qarorini qayta koʻrib chiqish MHTK tomonidan amalga oshiriladi.

8. Ushbu Nizomning 4-bandi “a” — “g” kichik bandlarida nazarda tutilgan shaxslarni tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish tegishli HTKlar tomonidan ushbu shaxslarda ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtashga (xizmatni oʻtashni davom ettirishga) yoki taʼlim muassasalarida tahsil olishga (tahsil olishni davom ettirishga) toʻsqinlik qiluvchi kasalliklar va jismoniy nuqsonlarning bor yoki yoʻqligini aniqlash yoʻli bilan amalga oshiriladi.

Ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtashga yoki taʼlim muassasalarida tahsil olishga toʻsqinlik qiluvchi kasalliklar va jismoniy nuqsonlar (keyingi oʻrinda kasalliklar va jismoniy nuqsonlar deb ataladi) mazkur Nizomga ilovadagi roʻyxatga muvofiq aniqlanadi.

9. Ushbu Nizomning 4-bandi “d” kichik bandida nazarda tutilgan shaxslarni tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish ushbu shaxslarning kasallanishi, yaradorligi, kontuziyalari, jarohatlanishini urush harakatlarida ishtirok etishi natijasida orttirilganligi, ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtashi, xizmat vazifasini bajarishi bilan bogʻliqligi yoki bogʻliq emasligi sabablarini aniqlash, shuningdek ulardagi tan jarohatlarining ogʻirlik darajasini baholash yoʻli bilan amalga oshiriladi.

10. Ushbu Nizomning 4-bandi “e” kichik bandida nazarda tutilgan shaxslarni tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish ichki ishlar organlari xodimlarining Oʻzbekiston Respublikasining tabiiy iqlim sharoiti ogʻir va noqulay boʻlgan hududlarida xizmatni oʻtashi munosabati bilan ushbu hududlarda ularning oila aʼzolari yashashi uchun sogʻligʻi boʻyicha tibbiy zid koʻrsatmalarning bor yoki yoʻqligi, shuningdek ushbu kichik bandda nazarda tutilgan shaxslarning uzoq muddat davolanishi hamda tibbiy kuzatuvda boʻlishi zaruratini aniqlash yoʻli bilan amalga oshiriladi.

11. Ushbu Nizomning 4-bandi “a” va “v” kichik bandlarida nazarda tutilgan shaxslarning ambulator sharoitdagi tibbiy tekshiruvi tibbiy koʻrsatmalarga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining davolash-profilaktika muassasalarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Bunda tibbiy tekshiruv natijalari rasmiylashtirilib, tegishli xulosa tibbiy tekshiruvdan oʻtgan shaxsga HTKga taqdim etish uchun beriladi.

12. Ushbu Nizomning 4-bandi “b” va “e” kichik bandlarida nazarda tutilgan shaxslarning statsionar yoki ambulator sharoitdagi tibbiy tekshiruvi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tizimidagi davolash-profilaktika muassasalarida yoki tegishli vazirlik va idoralarning davolash-profilaktika muassasalarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

13. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazishda ishtirok etgan har bir shifokor oʻz yoʻnalishi boʻyicha tibbiy koʻrikni amalga oshiradi va tibbiy xulosa beradi.

14. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtishga xodim salomatligi holati sababli HTKga kela olmaydigan hollarda, HTK tomonidan sayyor tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza oʻtkaziladi hamda bu haqdagi maʼlumot tegishli tibbiy dalolatnomaga qayd qilinadi.

15. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish jarayonida shaxslar, zaruratga koʻra, tibbiyotning ixtisoslashgan sohalari boʻyicha shifokorlarga (ftiziatr, endokrinolog, urolog, onkolog va boshqalar) oʻrnatilgan tartibda tibbiy maslahat va tekshiruv uchun yuboriladi.

16. Tibbiy xulosa HTKda koʻrib chiqiladi va tibbiy tekshiruv hamda harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtuvchi shaxslarning salomatligi toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlar va uning jismoniy rivojlanishi hisobga olingan holda xizmatga yaroqli yoki yaroqsizligi toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

17. HTK oʻz qarorlarini tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazilayotgan har bir shaxs boʻyicha individual tarzda baholash usulidan foydalangan holda kollegial tarzda chiqaradi. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazilayotgan shaxsning holatiga individual baho berish vaqtida kasallik va jismoniy nuqsonning xususiyati, rivojlanish darajasi, boshqa tana aʼzolari hisobiga kompensatsiya qilinishi, tana aʼzolari faoliyatining buzilishi, buzilishlarning kelib chiqishi va kasallik prognozi, shaxsning mutaxassisligi, xizmat turi inobatga olinadi.

Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza natijasi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan belgilanadigan shaklga muvofiq HTK dalolatnomasi orqali rasmiylashtiriladi.

18. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza dalolatnomasiga HTK tomonidan qarorni chiqarishga asos boʻlgan tibbiy hujjatlardan koʻchirma va boshqa tegishli xulosalar hamda hujjatlar ilova qilinadi.

Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertiza dalolatnomasida maxfiy hujjatlardan koʻchirmalar qoldirilmaydi. Lozim boʻlganda dalolatnomada faqatgina maxfiy hujjatlar saqlanadigan yigʻma jild raqami koʻrsatiladi.

19. Tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish natijasida shaxs xizmatga yaroqsiz deb topilganda, ularni qayta harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazish uchun koʻrib chiqish muddati HTK tomonidan belgilanadi.

20. Ushbu Nizomning 4-bandi “a” kichik bandida nazarda tutilgan shaxslarga rasmiylashtirilgan xizmatga yaroqlilik toʻgʻrisidagi HTK dalolatnomasi, ular tibbiy tekshiruv va harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkazilgan kundan boshlab olti oydan koʻp boʻlmagan muddatda, ushbu Nizomning 4-bandi “b” kichik bandida nazarda tutilgan shaxslarga nisbatan esa bir yil muddatda amalda boʻladi.

Ushbu Nizomning 4-bandi “a” — “g” kichik bandlarida nazarda tutilgan shaxslarda HTK dalolatnomalarida belgilangan muddat ichida sogʻligʻida sezilarli oʻzgarishlar roʻy berganligi aniqlanganda, ular takroriy harbiy-tibbiy ekspertizadan oʻtkaziladi.

21. Harbiy-tibbiy ekspertizaning xulosalari mansabdor shaxslar ijro etishi uchun majburiydir. Harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazgan muassasaning xulosasi ustidan fuqaroning oʻzi yoki uning qonuniy vakili sudga shikoyat qilishi mumkin.

4-bob. Yakuniy qoida

22. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtashga yoki taʼlim muassasalarida tahsil olishga toʻsqinlik qiluvchi kasalliklar va jismoniy nuqsonlar

1. Yuqumli va parazitar kasalliklar. 2. Nafas aʼzolarining sil kasalligi. 3. Boshqa aʼzolar va tizimlarning sil kasalligi. 4. Zaxm va asosan jinsiy yoʻl bilan yuqadigan, boshqa aniqlangan kasalliklar. 5. Mikozlar. 6. Oʻsmalar. 7. Xavfli oʻsmalar (limfa, qon yaratuvchi va ularga turdosh toʻqimalarning oʻsmalari bundan istisno). 8. Limfa, qon yaratuvchi va ularga turdosh toʻqimalarning xavfli oʻsmalari. 9. Xavfsiz oʻsmalar (bosh va orqa miya oʻsmalari bundan istisno), in situ oʻsmalar. 10. Qon, qon yaratuvchi aʼzolarning kasalliklari va immun mexanizmini (tizimini) jalb qiluvchi alohida buzilishlar. 11. Endokrin tizimining kasalliklari, oziqlanish va moddalar almashinuvining buzilishlari. 12. Ruhiy va xulq-atvor buzilishlari. 13. Organik ruhiy buzilishlar. 14. Endogen psixozlar: shizofreniya, shizotipik buzilishlar, shizoaffektiv, vasvasali, oʻtkir va oʻtkinchi psixotik buzilishlar va affektiv buzilishlar (kayfiyat buzilishlari). 15. Simptomatik va boshqa ekzogen etiologiyali ruhiy buzilishlar. 16. Stress bilan bogʻliq nevrotik va somatik shakldagi buzilishlar. 17. Shaxs buzilishlari. 18. Ruhiyatga faol taʼsir etuvchi vositalarni isteʼmol qilish natijasida kelib chiqqan ruhiy va xulq-atvor buzilishlari. 19. Aqliy qoloqlik (zaiflik). 20. Asab tizimi kasalliklari. 21. Epilepsiya va epileptik tutqanoqlar. 22. Markaziy asab tizimining yalligʻlanishlari, miyelinsizlantiruvchi kasalliklari va ularning asoratlari. 23. Koʻproq markaziy asab tizimini zararlovchi tizimli atrofiyalar, ekstrapiramidal, boshqa asab tizimining degenerativ kasalliklar, asab-mushak sinaps va mushak kasalliklari, bolalarning serebral falaji, asab tizimining tugʻma anomaliyalari (rivojlanishning nuqsonlari), bosh va orqa miya oʻsmalari. 24. Bosh va orqa miyalarning tomir kasalliklari. 25. Bosh va orqa miya jarohatlanishlari va ularning asoratlari. Tashqi taʼsir omillaridan boʻlgan markaziy asab tizimining zaralanishi asoratlari. 26. Periferik nervlari kasalliklari. 27. Periferik nervlar jarohati va asoratlari. 28. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallikning hurujidan, jarohat va jarrohlik yoʻli bilan davolanishdan keyingi markaziy va periferik asab tizimlari faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 29. Qovoqlarning kasalliklari va shikastlanish oqibatlari. 30. Konyunktiva, koʻz yoshi yoʻllari, koʻz kosasining kasalliklari, jarohatlar va kuyish oqibatlari. 31. Koʻzning sklerasi, shoh pardasi, tomirli pardasi, gavhari, shishasimon tanasi, toʻr pardasi, koʻruv nervining kasalliklari, jarohatlar va kuyishlarning asoratlari. 32. Koʻz toʻr pardasining koʻchishi. 33. Glaukoma. 34. Koʻz mushaklari kasalliklari, ikki koʻzning hamkorlikda barobar koʻrish faoliyatini buzilishi. 35. Refraksiya va akkomodatsiyaning buzilishlari. 36. Koʻrlik, koʻrish oʻtkirligining pasayishi, rang ajratish anomaliyalari. 37. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallikning hurujlari, jarohat yoki jarrohlik amaliyotidan keyingi koʻrish aʼzolari faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 38. Quloq va soʻrgʻichsimon oʻsiqning kasalliklari. 39. Tashqi quloq (shu jumladan tugʻma) kasalliklari. 40. Oʻrta quloq va soʻrgʻichsimon oʻsiqning kasalliklari. 41. Organizm vestibulyar qobiliyatining buzilishi. 42. Karlik, karsoqovlik, eshitish qobiliyatining pasayishi. 43. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallik hurujlari, jarohat yoki jarrohlik amaliyotidan keyingi qoʻloq va soʻrgʻichsimon oʻsiq faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 44. Qon aylanish tizimi kasalliklari. 45. Revmatizm, yurakning boshqa revmatik va revmatik boʻlmagan (shu jumladan tugʻma) kasalliklari. 46. Gipertoniya (hafaqonlik) kasalligi. 47. Yurakning ishemik kasalligi. 48. Aorta, periferik yirik arteriya, vena va limfa tomirlari kasalliklari, rivojlanishning tugʻma anomaliyalari va shikastlanishlar asoratlari. 49. Gemorroy (bavosil). 50. Neyrotsirkulyator asteniya. 51. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallik huruji, jarohat yoki jarrohlik amaliyotidan keyingi qon aylanish tizimi faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 52. Nafas aʼzolari kasalliklari. 53. Burun boʻshligʻi, burunniing yondosh boʻshliqlari va hiqildoq kasalliklari. 54. Hiqildoq va traxeyaning boʻyin qismi kasalliklari va shikastlanishlari. 55. Nafas olish aʼzolarining boshqa kasalliklari (shu jumdan tugʻma). 56. Bronxial astma. 57. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallik huruji, jarohat, jarrohlik amaliyotidan keyingi nafas aʼzolari faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 58. Tishlarning rivojlanishi va chiqish ildizidagi buzilishlar, tishning qattiq toʻqimalari va yumshoq qismi kasalliklari. 59. Periapikal toʻqimalar, milklar va parodont, soʻlak bezlari, ogʻiz boʻshligʻi yumshoq toʻqimalari, tilning (shu jumladan tugʻma) kasalliklari. 60. Yuz-jagʻ anomaliyalari, nuqsonlari, shakl oʻzgarishlari, jarohat asoratlari, boshqa kasalliklar va tishlarning tayanch vositalaridagi oʻzgarishlar, jagʻlarning kasalliklari. 61. Qiziloʻngach, ichaklarning (oʻn ikki barmoqli ichakdan tashqari) va qorinpardaning (shu jumladan tugʻma) kasalliklari. 62. Meʼda va oʻn ikki barmoq ichakning yara kasalligi. 63. Meʼda va oʻn ikki barmoq ichakning boshqa kasalliklari, jigarning, oʻt qopining, oʻt ajratish yoʻllari va meʼda osti bezining kasalliklari. 64. Churralar. 65. Oʻtkir kasallik, surunkali kasalliklarining hurujlari yoki jarrohlik amaliyotidan keyingi ovqat hazm qilish aʼzolari faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 66. Teri va teri osti qavati surunkali, tizimli kasalliklari. 67. Terining va teri osti qavatining oʻtkir kasalliklari asoratlari va surunkali kasalliklarining qaytalanishidan keyin faoliyatning buzilishi. 68. Suyak-mushak tizimi va biriktiruvchi toʻqimalarning kasalliklari. 69. Yuqumli, yalligʻlanish, autoimmun va boshqa sabablardan kelib chiqqan artritlar va artropatiyalar, biriktiruvchi toʻqimaning tizimli kasalliklari. 70. Suyaklar, yirik boʻgʻimlar, togʻaylarning jarrohlik kasalliklari va zararlanishi. 71. Umurtqaning kasalliklari va ularning asoratlari. 72. Kaftning, barmoqlarning shakl oʻzgarishlari va umuman yoʻqligi. 73. Yassioyoqlilik, oyoq panjasining boshqa shakl oʻzgarishlari va barmoqlarining nuqsonlari. 74. Oyoq-qoʻlning faoliyatini oʻzgartiruvchi va (yoki) xizmat kiyimlar, oyoq kiyimlar kiyishni va kamarlar taqishni qiyinlashtiruvchi tugʻma va orttirilgan shakl oʻzgarishlari. 75. Oyoq yoki qoʻlning yoʻqligi. 76. Jinsiy va siydik chiqarish aʼzolari kasalliklari. 77. Buyraklarning surunkali kasalliklari. 78. Buyrak va siydik toshi kasalligi. 79. Siydik chiqarish yoʻllarida siydik chiqarishining buzilishi (gidronefroz), piyelonefrit (ikkilamchi), buyrak va siydik chiqarish yoʻllarining boshqa kasalliklari, qovuqning yalligʻlanishi va boshqa kasalliklari, tanosil kasalliklariga aloqasi boʻlmagan uretrit, siydik chiqarish yoʻlining torayishi va uning boshqa kasalliklari. 80. Erkaklarning jinsiy aʼzolari kasalliklari (shu jumladan tugʻma boʻlgan). 81. Ayollarning jinsiy aʼzolari surunkali yalligʻlanishlar bilan kechadigan kasalliklari. 82. Endometrioz. 83. Genital prolaps, siydikni tutaolmaslik, oqmalar, ayollar jinsiy aʼzolarining boshqa yalligʻlanishsiz kechadigan kasalliklari (shu jumladan tugʻma boʻlgan). 84. Hayz koʻrish faoliyatining buzilishlari. 85. Oʻtkir kasallik, surunkali kasallikning huruji yoki jarrohlik amaliyotidan keyingi siydik chiqarish va jinsiy aʼzolarning faoliyatining vaqtincha buzilishlari. 86. Homiladorlik, tugʻishdan keyingi davr va uning asoratlari. 87. Jarohatlar, zaharlanishlar va boshqa tashqi omillar taʼsiri oqibatlari. 88. Bosh suyaklarining jarohat va jarrohlik amaliyotidan keyingi nuqsonlari. 89. Umurtqa pogʻonasi, gavda, oyoq va qoʻllar suyaklari siniqlarining asoratlari (chanoq suyaklari, kurak, oʻmrov, toʻsh, qovurgʻalar, yelka, tirsak va bilak, son suyagi boʻyinchasi va son, kichik va katta boldir, tizza qopqogʻi suyagi va boshqa suyaklarining siniqlari). 90. Koʻkrak qafasi, qorin boʻshligʻi, va chanoq ichki aʼzolarining jarohatlari (jarohat tufayli yuzaga kelgan pnevmo- va gemotoraks, yurak, oʻpka, meʼda ichak yoʻli, jigar, taloq, buyraklar, chanoq aʼzolari, qorin boʻshligʻining boshqa aʼzolari jarohatlari, koʻp tarmoqli ogʻir jarohatlar), yuqorida qayd etilgan aʼzolarning kasalliklari tufayli oʻtkazilgan jarrohlik amaliyotlari asoratlari. 91. Teri va teri osti qavati toʻqimalarining jarohatlari asoratlari. 92. Dori, tibbiy va biologik vositalar bilan zaharlanish, tibbiyotga dahli boʻlmagan moddalarning toksik taʼsiri, tashqi omillarning taʼsiri (radiatsiya, past yoki yuqori harorat va yorugʻlik, havoning yoki suvning ortiqcha bosimi va boshqalar). 93. Suyak-mushak tizimining, biriktiruvchi toʻqimaning, teri va teri osti qavatining kasalliklaridan davolanishdan keyin, jarohatlar, zaharlanishlar va tashqi omillarning boshqa taʼsirlaridan keyingi faoliyatning vaqtincha buzilishlari. 94. Jismoniy rivojlanish yetishmovchiligi. 95. Siydik tutolmaslik (enurez). 96. Nutqning buzilishi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 26-sentabrʼ,

764-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 28.09.2017-y., 09/17/764/0019-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.06.2021-y., 09/21/363/0549-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 07.04.2023-y., 09/23/143/0199-son)

lex.uz