📅 2017-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 16 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 октября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 October 2017 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида
Халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг:
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) барпо этиш;
мажмуада Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини ўрнатиш, турли тарихий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган меъморий ансамблни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:
бир ой муддатда мажмуа қурилиши учун зарур ер участкасининг белгиланган тартибда ажратилишини;
мажмуа қурилиши учун ажратилган ҳудудда кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга пул компенсацияларини Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тўланишини таъминласин.
3. Мажмуани сақлаш, унинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси (кейинги ўринларда дирекция деб аталади) ташкил этилсин.
4. Қуйидагилар дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мажмуани лозим даражада муҳофаза қилиш, бут сақланишини таъминлаш ва белгиланган тартибда рухсатнома олган археологлар томонидан археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий археология тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
қадимий Ахсикент шаҳрига оид республикамиз ва хорижда сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда атрофлича тадқиқ этиш, улар ҳақидаги батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, нашр материалларини тайёрлаш ва уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш;
тарихий-илмий асослар бўйича қадимий Ахсикент шаҳрининг макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар. осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар каби бошқа манбалар ҳисобидан музейлаштирилган экспозиция-кўргазма яратиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш;
туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда мажмуанинг муҳофаза ҳудудидан ташқарисида замонавий комплекс дам олиш масканларини ташкил этиш ва мажмуанинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Маданият вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда дирекцияни малакали мутахассислар билан тўлдирилишини;
дирекциянинг хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларини ўрнатилишида амалий ёрдам кўрсатилишини;
қадимий Ахсикент шаҳри тарихи ва маданиятига оид хорижда сақланаётган маданий бойликларнинг асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирлари Ўзбекистон Республикасига олиб келинган тақдирда (қайтарилганида), зарур илмий-тадқиқот ишлари бажарилганидан сўнг, уларни дирекцияга текин берилишини таъминласин.
6. Наманган вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
дирекция уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
зарур алоқа турлари ва воситалари, шунингдек бутунжаҳон Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини таъминласин.
7. Мажмуани ташкил этиш, қайта тиклаш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва унинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлигида махсус жамғарма (кейинги ўринларда жамғарма деб аталади) ташкил этилсин.
Қуйидагилар жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
мажмуани сақлаш харажатлари учун Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари;
давлат буюртмаси асосида илмий тадқиқотларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратиладиган мақсадли грант маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида низомни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги дирекцияга маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2018 — 2021 йиллар учун тасдиқланадиган давлат буюртмасида белгиланган илмий тадқиқотлар учун Давлат илмий дастурлари доирасидаги илмий лойиҳаларга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажмуа объектида археология тадқиқотларини олиб бориш учун мақсадли грантлар ажратилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси мажмуани барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин ҳамда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дирекция фаолиятини ташкил этиш, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид, хорижда сақланаётган маданий бойликларнинг маълумотлар базаси — реестрини яратиш, уларнинг кўчирма нусхалари, фото ва видео тасвирларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш, турли анжуман, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан алоқалар ўрнатилишига амалий ёрдам кўрсатсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ мажмуани тегишли ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан ўрнатилган тартибда таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Наманган вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги мажмуага маҳаллий ҳамда хорижий зиёратчилар ва сайёҳларнинг кенг кўламли ташрифларини ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўрсинлар.
14. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига мажмуани барпо этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғ.С. Муродхўжаев заммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 октябрь,
831-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Namangan viloyatining Toʻraqoʻrgʻon tumanida “Axsikent” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish yodgorlik majmuasini tashkil etish toʻgʻrisida
Xalqimizning qadimiy tarixi va boy madaniyatini tiklash, muqaddas qadamjolarini obod qilish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni izchil davom ettirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Namangan viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Fanlar akademiyasining:
Namangan viloyati Toʻraqoʻrgʻon tumanida “Axsikent” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish yodgorlik majmuasini (keyingi oʻrinlarda majmua deb ataladi) barpo etish;
majmuada Zahiriddin Muhammad Bobur haykalini oʻrnatish, turli tarixiy-maʼrifiy tadbirlar oʻtkaziladigan meʼmoriy ansamblni tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Namangan viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi, Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi bilan birgalikda:
bir oy muddatda majmua qurilishi uchun zarur yer uchastkasining belgilangan tartibda ajratilishini;
majmua qurilishi uchun ajratilgan hududda koʻchmas mulk obyektlari mavjud boʻlgan taqdirda, ularning egalari boʻlgan fuqarolar va yuridik shaxslarga pul kompensatsiyalarini Vazirlar Mahkamasining 2006-yil 29-maydagi 97-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat va jamoat ehtiyojlari uchun yer uchastkalarining olib qoʻyilishi munosabati bilan fuqarolarga va yuridik shaxslarga yetkazilgan zararlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq toʻlanishini taʼminlasin.
3. Majmuani saqlash, uning ish faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida Namangan viloyati hokimligi muassisligida davlat unitar korxonasi shaklidagi “Axsikent” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish direksiyasi (keyingi oʻrinlarda direksiya deb ataladi) tashkil etilsin.
4. Quyidagilar direksiyaning asosiy vazifalari etib belgilansin:
majmuani lozim darajada muhofaza qilish, but saqlanishini taʼminlash va belgilangan tartibda ruxsatnoma olgan arxeologlar tomonidan arxeologiya qidiruvlari, arxeologiya qazishmalari va arxeologiya nazoratini tashkil etish, chuqur ilmiy arxeologiya tadqiqot natijalari asosida majmuaning ilmiy-tarixiy konsepsiyasini ishlab chiqish va uni amalga oshirish;
qadimiy Axsikent shahriga oid respublikamiz va xorijda saqlanayotgan manbalarni malakali mutaxassis va ekspertlar, olimlarni jalb etgan holda atroflicha tadqiq etish, ular haqidagi batafsil maʼlumotlar bazasini yaratish va muntazam yangilab borish, xalqaro ilmiy anjumanlar tashkil etish, nashr materiallarini tayyorlash va ularni ommaviy axborot vositalari orqali keng targʻib etish;
tarixiy-ilmiy asoslar boʻyicha qadimiy Axsikent shahrining maketlarini tayyorlash, arxeologiya ashyolari, qadimiy qoʻlyozma va toshbosma kitoblar, tarixiy dalil va hujjatlar. osori-atiqalar, zamonaviy ilmiy-tadqiqot ishlari, kitob va toʻplamlar, video va foto hujjatlar kabi boshqa manbalar hisobidan muzeylashtirilgan ekspozitsiya-koʻrgazma yaratish, yuqori texnologiyalarga asoslangan axborot-resurs markazi faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish;
turistlar, ilmiy tadqiqotchilar va tashrif buyuruvchilar uchun qulay shart-sharoit yaratish, tarixiy koʻrinishni saqlagan holda majmuaning muhofaza hududidan tashqarisida zamonaviy kompleks dam olish maskanlarini tashkil etish va majmuaning turistik salohiyatini oshirish yuzasidan boshqa zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Madaniyat vazirligi va Namangan viloyati hokimligi bilan birgalikda:
bir oy muddatda direksiyani malakali mutaxassislar bilan toʻldirilishini;
direksiyaning xorijiy davlatlardagi muzey va fondlar, arxivlar, ilmiy-madaniy muassasalar bilan oʻzaro madaniy aloqalarini oʻrnatilishida amaliy yordam koʻrsatilishini;
qadimiy Axsikent shahri tarixi va madaniyatiga oid xorijda saqlanayotgan madaniy boyliklarning asl yoki koʻchirma nusxalari, foto va videotasvirlari Oʻzbekiston Respublikasiga olib kelingan taqdirda (qaytarilganida), zarur ilmiy-tadqiqot ishlari bajarilganidan soʻng, ularni direksiyaga tekin berilishini taʼminlasin.
6. Namangan viloyati hokimligi bir oy muddatda:
direksiya ustavini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
zarur aloqa turlari va vositalari, shuningdek butunjahon Internet tarmogʻidan foydalanish imkoniyatini taʼminlasin.
7. Majmuani tashkil etish, qayta tiklash va rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va uning faoliyatini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Namangan viloyati hokimligida maxsus jamgʻarma (keyingi oʻrinlarda jamgʻarma deb ataladi) tashkil etilsin.
Quyidagilar jamgʻarmani shakllantirish manbalari etib belgilansin:
majmuani saqlash xarajatlari uchun Namangan viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha mablagʻlari;
davlat buyurtmasi asosida ilmiy tadqiqotlarni bajarish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan ajratiladigan maqsadli grant mablagʻlari;
xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy donorlarning hamda jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Namangan viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish toʻgʻrisida nizomni ishlab chiqib, belgilangan tartibda tasdiqlansin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi direksiyaga madaniy-gumanitar sohadagi nufuzli xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan ilmiy hamkorlik oʻrnatish va rivojlantirishda amaliy yordam koʻrsatsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan 2018 — 2021-yillar uchun tasdiqlanadigan davlat buyurtmasida belgilangan ilmiy tadqiqotlar uchun Davlat ilmiy dasturlari doirasidagi ilmiy loyihalarga ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan majmua obyektida arxeologiya tadqiqotlarini olib borish uchun maqsadli grantlar ajratilishini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi majmuani barpo etish loyihasini amalga oshirish doirasida loyiha-smeta hujjatlarining davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini belgilangan tartibda taʼminlasin hamda bajarilayotgan qurilish-montaj ishlarining sifati, shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda direksiya faoliyatini tashkil etish, mamlakatimiz tarixi va madaniyatiga oid, xorijda saqlanayotgan madaniy boyliklarning maʼlumotlar bazasi — reyestrini yaratish, ularning koʻchirma nusxalari, foto va video tasvirlarini Oʻzbekiston Respublikasiga olib kelish, turli anjuman, konferensiya va koʻrgazmalar tashkil etish uchun imtiyozli xorijiy kreditlar va grantlarni jalb qilish boʻyicha xalqaro moliyaviy institutlar va xorijiy donorlar bilan aloqalar oʻrnatilishiga amaliy yordam koʻrsatsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasi, “Oʻzbekenergo” AJ, “Oʻztransgaz” AJ majmuani tegishli tashqi muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl-transport infratuzilmasi bilan oʻrnatilgan tartibda taʼminlasin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Namangan viloyati hokimligi va Madaniyat vazirligi majmuaga mahalliy hamda xorijiy ziyoratchilar va sayyohlarning keng koʻlamli tashriflarini tashkil etish uchun barcha zarur shart-sharoitlarni yaratish choralarini koʻrsinlar.
14. Oʻzbekiston Matbuot va axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga majmuani barpo etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq ishlarni ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borish tavsiya etilsin.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyati boshqaruvi raisi A.J. Ramatov, Namangan viloyati hokimi X.X. Bozarov va Toʻraqoʻrgʻon tumani hokimi Gʻ.S. Murodxoʻjayev zammasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2017-yil 16-oktabr,
831-son