UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 6-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 6 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 ноября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 November 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Миллий маънавиятимизнинг такомил босқичларида асосий ўрин тутувчи ўзбек халқ оғзаки ижодиёти ва ёзма адабиётининг тарихан шаклланган адабий мактаблари, буюк аждодларимизнинг бадиий сўз санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси, илмий мероси, ўзбек фольклори ва адабиётининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, бошқа халқлар адабиётлари билан алоқалари, фольклор ва адабиётнинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиш орқали кенг жамоатчилик, энг аввало, ёш авлод ўртасида ватанпарварлик, аждодлар меросига ворислик, азалий анъаналарга содиқлик, келажакка ишонч ғояларини тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (кейинги ўринларда Музей деб аталади) ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналари, ёзма адабиётининг энг қадимги давридан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур тадқиқ қилиш ва уни турли экспозициялар кўринишида тарғиб қилиш орқали халқимиз, авваломбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий муассаса эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Музейнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўзбек халқ оғзаки ижодиёти дурдоналари, ёзма адабиётининг қадимги даврдан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур ўрганиш, уни мамлакатимиз тарихининг таркибий қисми сифатида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда экспозиция заллари орқали акс эттириш;

ўзбек адабиёти билан боғлиқ янги кашф этилган манба, архив ҳужжатлари ва тарихий ашёларни илмий тадқиқ этиш;

музей фондида сақланаётган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг қўлёзмаларини илмий тавсифлаш, тадқиқ этиш, улар асосида электрон каталоглар тайёрлаш, уларнинг илмий-танқидий матнларини яратиш ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимиль нашрларини амалга ошириш;

музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги ўзбек фольклори ва адабиёти билан боғлиқ турли ҳужжатлар, экспонатлар ва бошқа ашёлар билан мунтазам бойитиб бориш;

ўзбек адабиётини тарғиб қилган шоир ва олимлар таваллуди, ўзбек адабиёти тарихи билан боғлиқ муҳим саналарни нишонлаш бўйича республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказиш, ўзбек адабиётини ўрганган республикамиз ва хорижлик таниқли олимлар иштирокида семинарлар, халқаро анжуманлар ташкил қилиш;

таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда Музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ишига кўмаклашиш;

хорижий музейлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш, адабиёт соҳасида нашр этилган илмий-бадиий, тарихий ҳужжатлар, интернет тармоғидаги материалларни ўрганиш ва таҳлил этиш.

3. Қуйидагилар Музей фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Музейни сақлаш ва фаолият юритиши билан боғлиқ маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

ҳомийлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзархив» агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Музей экспозицияларини янгилаш, фольклор ва ёзма адабиёт, ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига оид манба ва қўлёзмалар, ҳужжатлар, кино, фото материаллар ва ашёлар билан доимий тўлдириб боришни таъминлаш;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Музейни сайёҳлар ташриф буюрадиган маконга айлантириш чораларини кўрсин;

Музейнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018-2019 йилларда Музей биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Музей биносига туташ ҳудудни ободонлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Музей биносини реконструкция қилиш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш ишлари бўйича:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясини буюртмачи этиб белгилаш;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2018-2019 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Музейни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва Музейни реконструкция қилиш учун зарур капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Музей биносига туташ, шу жумладан Алишер Навоий ҳайкали жойлашган ҳудудни ободонлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан;

Музейни замонавий техник воситалар, шу жумладан интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий муассасалар объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси белгиланган тартибда Музей биносини реконструкция қилиш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Молия вазирлиги билан биргаликда Музейда реконструкция ва жиҳозлаш ишлари тугагандан сўнг Музей тузилмасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

белгиланган тартибда Музейни зарур алоқа турлари ва воситалари, жумладан интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратсин;

Музейга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда мавзуга оид виртуал экскурсиялар ташкил этиш, Музей экспозицияларида замонавий ахборот киоскларини ўрнатиш ҳамда виртуал музейни ташкил этиш чораларини кўрсин.

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 20-сон, 371-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Йўлдошев зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 ноябрдаги 891-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

1. 2-бандда :

ўзбек тилидаги матннинг ўнинчи хатбошисидаги «институтининг» сўзи «институтининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин» сўзлари билан алмаштирилсин.

ўн биринчи хатбоши чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 6 ноябрь,

891-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2017 й., 09/17/891/0216-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Milliy maʼnaviyatimizning takomil bosqichlarida asosiy oʻrin tutuvchi oʻzbek xalq ogʻzaki ijodiyoti va yozma adabiyotining tarixan shakllangan adabiy maktablari, buyuk ajdodlarimizning badiiy soʻz sanʼati rivojiga qoʻshgan ulkan hissasi, ilmiy merosi, oʻzbek folklori va adabiyotining xalqaro miqyosdagi oʻrni va nufuzi, boshqa xalqlar adabiyotlari bilan aloqalari, folklor va adabiyotning rivojlanish istiqbollari bilan bogʻliq ilmiy muammolarni tadqiq etish orqali keng jamoatchilik, eng avvalo, yosh avlod oʻrtasida vatanparvarlik, ajdodlar merosiga vorislik, azaliy anʼanalarga sodiqlik, kelajakka ishonch gʻoyalarini targʻib etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi (keyingi oʻrinlarda Muzey deb ataladi) oʻzbek xalq ogʻzaki ijodi durdonalari, yozma adabiyotining eng qadimgi davridan shu kungacha boʻlgan tarixiy taraqqiyot bosqichlarini chuqur tadqiq qilish va uni turli ekspozitsiyalar koʻrinishida targʻib qilish orqali xalqimiz, avvalombor, yoshlarimizning madaniy-maʼrifiy saviyasini yuksaltirishga xizmat qiladigan ilmiy muassasa ekanligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar Muzeyning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

oʻzbek xalq ogʻzaki ijodiyoti durdonalari, yozma adabiyotining qadimgi davrdan shu kungacha boʻlgan tarixiy taraqqiyot bosqichlarini chuqur oʻrganish, uni mamlakatimiz tarixining tarkibiy qismi sifatida zamonaviy axborot texnologiyalaridan keng foydalangan holda ekspozitsiya zallari orqali aks ettirish;

oʻzbek adabiyoti bilan bogʻliq yangi kashf etilgan manba, arxiv hujjatlari va tarixiy ashyolarni ilmiy tadqiq etish;

muzey fondida saqlanayotgan Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur kabi allomalarimizning qoʻlyozmalarini ilmiy tavsiflash, tadqiq etish, ular asosida elektron kataloglar tayyorlash, ularning ilmiy-tanqidiy matnlarini yaratish va noyob qoʻlyozmalarning faksimil nashrlarini amalga oshirish;

muzey fondlari va eksponatlarini mamlakatimiz va xorijdagi oʻzbek folklori va adabiyoti bilan bogʻliq turli hujjatlar, eksponatlar va boshqa ashyolar bilan muntazam boyitib borish;

oʻzbek adabiyotini targʻib qilgan shoir va olimlar tavalludi, oʻzbek adabiyoti tarixi bilan bogʻliq muhim sanalarni nishonlash boʻyicha respublika va xalqaro miqyosda ilmiy anjumanlar oʻtkazish, oʻzbek adabiyotini oʻrgangan respublikamiz va xorijlik taniqli olimlar ishtirokida seminarlar, xalqaro anjumanlar tashkil qilish;

taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan hamkorlikda Muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari, talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashini taʼminlash, Muzeyning ilmiy bazasidan foydalangan holda yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlash ishiga koʻmaklashish;

xorijiy muzeylar, taʼlim muassasalari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro manfaatli aloqalar oʻrnatish, ularning tajribalaridan foydalanish, adabiyot sohasida nashr etilgan ilmiy-badiiy, tarixiy hujjatlar, internet tarmogʻidagi materiallarni oʻrganish va tahlil etish.

3. Quyidagilar Muzey faoliyatini moliyalashtirishning asosiy manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining Muzeyni saqlash va faoliyat yuritishi bilan bogʻliq mablagʻlari;

Oʻzbekiston Respublikasi Fan va texnologiyalar agentligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlarning natijalari boʻyicha ajratiladigan grantlar;

tadbirkorlik faoliyatidan tushadigan mablagʻlar;

homiylar, xalqaro moliya institutlari va boshqa institutlarning, xorijiy hukumat tashkilotlarining grantlari;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va Madaniyat vazirligi:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, “Oʻzarxiv” agentligi, “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Mahalla” xayriya jamoat fondi va boshqa tegishli vazirlik va idoralar hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda Muzey ekspozitsiyalarini yangilash, folklor va yozma adabiyot, ijodkorlarning hayoti va ijodiga oid manba va qoʻlyozmalar, hujjatlar, kino, foto materiallar va ashyolar bilan doimiy toʻldirib borishni taʼminlash;

Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan hamkorlikda Muzeyni sayyohlar tashrif buyuradigan makonga aylantirish choralarini koʻrsin;

Muzeyning samarali faoliyatini yoʻlga qoʻyish va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish yuzasidan kompleks chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Madaniyat vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Moliya vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi va Toshkent shahar hokimligining 2018-2019-yillarda Muzey binosini rekonstruksiya qilish va jihozlash hamda Muzey binosiga tutash hududni obodonlashtirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va Toshkent shahar hokimligining Muzey binosini rekonstruksiya qilish va unga tutash hududni obodonlashtirish ishlari boʻyicha:

Toshkent shahar hokimligining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasini buyurtmachi etib belgilash;

bosh loyihachi va bosh pudratchi tashkilotlarni qonun hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlash toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi va Moliya vazirligi Toshkent shahar hokimligining asoslangan hisob-kitoblari boʻyicha 2018-2019-yillar uchun Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirishda Muzeyni rekonstruksiya qilish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va Muzeyni rekonstruksiya qilish uchun zarur kapital qoʻyilmalar limitlarini nazarda tutsin.

8. Belgilab qoʻyilsinki:

Muzey binosiga tutash, shu jumladan Alisher Navoiy haykali joylashgan hududni obodonlashtirish bilan bogʻliq barcha xarajatlar Toshkent shahar hokimligining mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan;

Muzeyni zamonaviy texnik vositalar, shu jumladan interaktiv infokiosk va monitorlar, stend va podiumlar bilan jihozlash uchun zarur mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining ilmiy muassasalar obyektlarini sotishdan tushadigan budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi belgilangan tartibda Muzey binosini rekonstruksiya qilish va unga tutash hududni obodonlashtirish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarining davlat ekspertizasidan oʻtkazilishi va qurilish-montaj ishlarining sifatli bajarilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatilishini taʼminlasin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Moliya vazirligi bilan birgalikda Muzeyda rekonstruksiya va jihozlash ishlari tugagandan soʻng Muzey tuzilmasini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi:

belgilangan tartibda Muzeyni zarur aloqa turlari va vositalari, jumladan internet tarmogʻidan foydalanish imkoniyatini yaratsin;

Muzeyga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilgan holda mavzuga oid virtual ekskursiyalar tashkil etish, Muzey ekspozitsiyalarida zamonaviy axborot kiosklarini oʻrnatish hamda virtual muzeyni tashkil etish choralarini koʻrsin.

12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining yangidan tashkil etilgan ilmiy-tadqiqot muassasalari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 18-maydagi 292-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2017-y., 20-son, 371-modda) ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi prezidenti B.S. Yoʻldoshev zimmasiga va Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, ilm-fan va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 6-noyabrdagi 891-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining yangidan tashkil etilgan ilmiy-tadqiqot muassasalari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 18-maydagi 292-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. 2-bandda :

oʻzbek tilidagi matnning oʻninchi xatboshisidagi “institutining” soʻzi “institutining asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin” soʻzlari bilan almashtirilsin.

oʻn birinchi xatboshi chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 6-noyabr,

891-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 07.11.2017-y., 09/17/891/0216-son)

lex.uz