📅 2017-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 21 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2017 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НИЗОМ
Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1 -иловага мувофиқ;
Олий таълим муассасасида кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарорига 1-ИЛОВА
Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153-сон ҳамда « Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида » 2017 йил 9 августдаги ПҚ-3183-сон қарорлари асосида олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича сиртқи (махсус сиртқи) таълимни (кейинги ўринларда сиртқи (махсус сиртқи) таълим деб аталади) ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълим Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади.
3. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим қуйидаги шаклларда олиб борилади: сиртқи шакл, махсус сиртқи шакл, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шакли.
4. Ушбу Низом соғлиқни сақлаш, Ал-Хоразмий университети, таълим соҳаси ва ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
2-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил қилиш
5. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш:
сиртқи шаклда — умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан) муваффақиятли ўтган;
махсус сиртқи шаклда — фақат тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовларидан (кириш имтиҳонлари ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган;
иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шаклда — олий маълумотга эга бўлган (агар хорижий олий таълим муассасасини тугатган бўлса, олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати белгиланган тартибда тан олинган (нострификация қилишган) бўлиши керак) ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади.
6. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
7. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш муддати:
сиртқи шаклда — камида 5 йил;
махсус сиртқи шаклда — камида 3 йил;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълим негизидаги сиртқи шаклда — камида 3 йил. Бунда, ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан бошланади.
8. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларига талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчаси бепул берилади.
9. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини ўқув адабиётлар ва материаллар билан олий таълим муассасаси таъминлайди ва билим олиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланади.
10. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати 1:20 этиб белгиланади.
Таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари қонунчилик ҳужжатлари асосида белгиланади.
11. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
12. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга рухсат берилади.
3-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёнини ташкил қилиш
13. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёни таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва тегишли таълим йўналишлари малака талаблари асосида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан кундузги таълим учун тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ташкил этилади.
14. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим йўналишларининг ишчи ўқув режаси ва фан дастурлари белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда таянч олий таълим муассасалари билан келишган ҳолда тасдиқланади.
15. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёни жадвали белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси асосида ишлаб чиқилган ишчи ўқув режасида қайд этилади.
16. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси учун ўқишга қабул қилинган ўқув йили бошида (одатда, сентябрь-октябрь ойларида) бевосита олий таълим муассасасида 10 кунлик ўқув жараёни билан дастлабки таништирув ҳамда семестр давомида ўқитиладиган фанлар бўйича қисқача (ишчи ўқув режасида белгиланган ҳажмда) маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари ўтказилади. Талабаларга мавзулар бўйича топшириқлар ва уларни бажариш юзасидан методик кўрсатмалар берилади.
17. Ўқув сессиясигача бўлган муддатда сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш мустақил, жумладан, масофадан туриб таълим олиш шаклида амалга оширилади.
Бунда талаба методик кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда ишчи ўқув режада семестр учун режалаштирилган фанларнинг дастурларида белгиланган мавзуларни мустақил ўзлаштиради.
18. Талаба фан бўйича топшириқларни бажаргандан сўнг, уни фан ўқитувчисига белгиланган муддатларда (одатда, масофадан туриб Интернет орқали) юборади ҳамда қайддан ўтказади. Фан ўқитувчиси талаба юборган материалларни текшириб, оралиқ иши сифатида баҳолайди. Фан ўқитувчиси мавзулар бўйича навбатдаги топшириқлар ва кўрсатмаларни юбориши, шунингдек, он-лайн режимида ўқув машғулотларини ўтказиши мумкин.
19. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси ҳар бир семестр давомида бир марта олий таълим муассасасига ўқув сессиясига чақирилади. Бунинг учун унга ўқув сессияси бошланишига қадар (камида 10 кун олдин) белгиланган шаклда хабарнома юборилади.
20. Ўқув сессияси давомида:
талаба семестр учун берилган топшириқларни ҳимоя қилади. Фан бўйича барча топшириқлар ижобий баҳоланган тақдирда талабага фан бўйича якуний баҳолашга кириш ҳуқуқи берилади;
фанлар бўйича якуний баҳолашлар ўтказилади;
навбатдаги семестр давомида ўқитиладиган фанлар қисқача (ишчи ўқув режасида белгиланган ҳажмда) маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари орқали таништирилади. Ушбу машғулотлар талабага навбатдаги семестр давомида фанларни ўзлаштириши ва топшириқларни бажариши учун асосий ва қўшимча адабиётлар билан ишлаш усуллари ва технологияларини ўргатишга қаратилади. Мавзулар бўйича топшириқлар билан уларни бажариш юзасидан методик кўрсатмалар берилади.
21. Ўқув сессияси давомида ўтказиладиган маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотларида илғор усул ва технологиялардан (жумладан, муаммоли, интерактив, ижодий фаолиятни ривожлантириш, ижодий вазифаларни гуруҳ бўлиб ҳал этиш, ҳамкорлик педагогикаси, табақалаштириш, индивидуаллаштириш ва бошқалардан) фойдаланилади.
22. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда талаба тасдиқланган ишчи ўқув режасидаги барча ўқув фанларини ўзлаштириши шарт. Талабалар билимини баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
23. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда оралиқ ва якуний баҳолаш турлари жорий қилинади.
Оралиқ баҳолашнинг мазмуни, уни бажариш усул ва тартиблари ҳамда сони (бир ўқув семестри давомида икки мартагача) ҳар бир фан бўйича сиртқи (махсус сиртқи) таълим учун тайёрланган ишчи фан дастурларида белгилаб берилади ва қуйидаги мустақил иш турларидан иборат бўлади:
курс (лойиҳаси) иши;
назорат саволлари ва топшириқлари;
тест-синов саволлари;
кейслар, машқлар, мисол ва масалалар;
тажриба натижалари;
ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган махсус методик ишланмалар ва тавсиялар;
ҳисоб-жадвал ишлари ва бошқалар.
Оралиқ баҳолаш масофавий алоқа орқали он-лайн режимида ўтказилиши ҳам мумкин.
24. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларининг малакавий амалиётлари ишчи ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Одатда, битирув малакавий иши олди амалиётидан бошқа амалиётлар (таълим йўналишига мос бўлган ҳолда) талабанинг ишлаб турган иш жойида мустақил равишда ўтказилади.
Битирув малакавий иши олди амалиёти талабанинг иш жойи таълим йўналишига мос бўлмаган ҳолда, шунингдек, ишламаётган талабалар учун барча малакавий амалиётлар олий таълим муассасаси томонидан белгиланган объектда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Малакавий амалиётларнинг ҳисоботлари ўқув сессияси даврида белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.
25. Муайян курсдаги фанларни тўлиқ ўзлаштирган талаба олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан кейинги курсга ўтказилади.
26. Узрли сабаблар (касаллик, табиий офат, хизмат сафари, оғир оилавий аҳвол, турмуш қуриш, фарзанд кўриш, суд ёки тергов органлари томонидан чақирув) туфайли муайян курсдаги фанларни белгиланган муддатларда ўзлаштира олмаган талабаларга муддати қўйилган шахсий жадвал берилади. Шахсий жадвал тегишли проректор томонидан тасдиқланади ва ундаги муддат навбатдаги ўқув йилига ўтмаслиги лозим.
Шахсий жадвални белгиланган муддатда бажара олмаган талаба қайта ўқиш учун курсда қолдирилади. Талаба биринчи курснинг биринчи семестридаги академик қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмаган тақдирда, талабалар сафидан четлаштирилади, касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан мустасно.
27. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ҳар бир талаба учун шахсий варақа очилади ҳамда унда олий таълим муассасасидаги фаолиятининг тўлиқ мониторинги юритилиб, қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
оралиқ ишларининг бажарилиши;
оралиқ ва якуний баҳолашлар натижалари;
давлат аттестацияси баҳолари;
битирув малакавий иши бўйича баҳо;
курсдан курсга ўтганлиги.
4-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланиш
28. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш талабаларнинг асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув режасидаги барча фан дастурларида белгиланган билимларни мустақил масофадан туриб ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.
29. Масофадан туриб ўқитиш он-лайн (масофадан туриб реал вақт режимида видеомаърузалар, консультациялар, назорат турларини ўтказиш) ва офф-лайн (масофадан туриб ўқитиш тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) режимларида ташкил этилади.
30. Масофадан туриб ўқитиш жадвали сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиғи томонидан белгиланади.
31. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланганда ўқув курсларининг сифати ва самарадорлигининг доимий назорати Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Масофадан туриб ўқитишнинг техник таъминоти олий таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.
32. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларини жорий этиш дастурий платформаси, регламенти ва тартиблари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.
33. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим фаолиятини амалга оширувчи кафедралар профессор-ўқитувчилари масофадан туриб ўқитишда ўқув материаллари, топшириқлар ва маслаҳат-консультатив ишларни олий таълим муассасаси сайтидаги «Сиртқи (махсус сиртқи) таълим» саҳифасига жойлаштиради ва уларнинг бажарилишини назорат қилиб боради.
Масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланган холда таълим берувчи профессор-ўқитувчилар учун ўқув юкламаси белгиланган тартибда белгиланади.
34. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими, сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиғи ва тегишли кафедра мудири масофадан туриб ўқитишни таъминлайди.
Масофадан туриб ўқитишда ўқув-методик жараённи такомиллаштириш ва илмий-методик масалалар олий таълим муассасаси ўқув-методик кенгаши йиғилишида муҳокама қилиб борилади.
5-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда давлат аттестациясини ташкил этиш
35. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда давлат аттестацияси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.
Давлат аттестациялари ўқув режасида кўрсатилган фан (фанлар мажмуаси) бўйича ўтказилади.
36. Ўқув режасида битирув малакавий ишини бажариш назарда тутилган тақдирда, битирув малакавий иши олий таълим муассасаси бакалавриатида ўқитишнинг якуний босқичи ҳисобланади ва сиртқи (махсус сиртқи) таълимда битирув малакавий иши мавзуси ва мазмуни асосан талабаларнинг амалий фаолияти билан боғлиқ ҳолда шакллантирилади.
37. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда таълим йўналиши ишчи ўқув режасини тўлиқ бажарган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган битирувчига Давлат аттестация комиссиясининг қарори асосида «бакалавр» даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги бакалавр дипломи иловаси билан берилади.
6-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларининг олий таълим муассасасида ўқув сессиясида иштирокини таъминлаш
38. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларига ўқув сессиясида иштирок этиш учун ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача ойлик маоши сақланган қўшимча таътил берилади. Курсда қолдирилган талабаларга эса ҳақ тўланмайдиган таклиф хабарномаси берилади.
39. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим битирувчисига якуний давлат аттестацияларидан ўтиш, битирув малакавий ишини ҳимоя қилиш учун таълим йўналиши ўқув режаси ва жадвалида белгиланган муддатларда ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача маоши сақланган қўшимча таътил берилади.
40. Битирув малакавий ишини якунлаш даврида битирувчи хизмат қилаётган муассаса унга 30 календарь кунлик маоши сақланмаган қўшимча таътил бериши мумкин. Талаба иш жойидан ташкилот раҳбари ва бухгалтери имзоси билан шу давр учун ҳақ тўланмайдиган таътилда эканлиги тўғрисидаги маълумотномани Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимга тақдим этади.
41. Битирув малакавий ишининг якунланганлиги тўғрисида унинг ҳимояси белгиланган кундан бир ҳафта муддат аввал сиртқи (махсус сиртқи) бўлим бошлиғи ва мутахассис тайёрловчи кафедра мудири номига билдирги ёзилади ва тегишли ҳужжатда қайд қилинади. Билдирги талаба ёки унинг илмий раҳбари томонидан берилиши мумкин.
7-боб. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёнини бошқариш
42. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим мавжуд бўлган олий таълим муассасаларида бўлим бошлиғи ва ўқув-методик ишлар бўйича методист лавозимларидан иборат бўлган Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим ташкил этилади. Бунда бўлим штат жадвали деканатлар учун белгиланган нормативларга мувофиқ шакллантирилади.
43. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимни олий таълим муассасаси факультетининг декани мақомига тенглаштирилган бошлиқ бошқаради.
Бўлим бошлиғи:
сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;
талабаларнинг малакавий амалиётларини ташкил қилиш бўйича иш берувчилар билан шартномалар тузади;
ўқитишнинг янги технологиялари татбиқ қилинишини ва талабалар ўзлаштириши назорат қилинишини таъминлайди;
талабаларнинг битирув малакавий ишлари мавзуларини мувофиқлаштиради ва тасдиқлайди;
талабалар билан ўқув ва тарбиявий ишлар олиб бориш самарадорлигини ошириш чораларини кўради;
меҳнат муҳофазаси, техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича тадбирларни, бўлим ходимларининг ички тартиб ва меҳнат интизоми қоидаларига риоя қилишини ташкил этади;
ўқув жараёнини таъминлайдиган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-методик, илмий ишларини режалаштиради, ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
олий таълим муассасаси илмий кенгаши мажлисларида, ректоратда, факультет ва кафедраларда сиртқи (махсус сиртқи) таълим манфаатларини ўз ваколати доирасида ҳимоя қилади ва амалга оширади;
талабаларнинг курс иши ва битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиш учун сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқув жараёнини таъминлайдиган профессор-ўқитувчиларни тақсимлайди;
Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимнинг олий таълим муассасасининг бошқа тузилмалари билан ўзаро алоқасини таъминлайди.
44. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим маъмурий бошқарув жиҳатдан олий таълим муассасаси ректорига ҳамда ўқув ва илмий-методик ишлар юзасидан олий таълим муассасасининг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорларига бўйсунади.
45. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлимни сақлаш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт маблағлари) ҳисобидан амалга оширилади.
46. Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим фаолияти ҳар бир ўқув семестри охирида тегишли факультетлар ўқув-методик кенгашида ва ўқув йили якунида олий таълим муассасаси кенгашида муҳокама этилади.
8-боб. Якунловчи қоида
47. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарорига 2-ИЛОВА
Олий таълим муассасасида кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153-сон қарори асосида олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Олий таълим муассасаларида кечки (сменали) таълим Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади.
3. Ушбу Низом соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси ва ҳарбий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.
2-боб. Кечки (сменали) таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил қилиш
4. Кечки (сменали) таълимга талабаларни қабул қилиш Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади/
5. Кечки (сменали) таълимда ўқиш муддати — камида 4,5 йил.
6. Кечки (сменали) таълимга кирган шахсларга талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчаси бепул берилади.
7. Кечки (сменали) таълим талабаларини ўқув-методик адабиётлар, ўқув-методик ҳужжатлар, тарқатма материаллар билан олий таълим муассасаси таъминлайди ва билим олиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.
8. Кечки (сменали) таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланади.
9. Кечки (сменали) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати кундузги таълим билан бир хил нисбатда белгиланади.
10. Кечки (сменали) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
11. Кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди.
3-боб. Кечки (сменали) таълимда ўқув жараёнини ташкил қилиш
12. Кечки (сменали) таълимда ўқув жараёни таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва тегишли таълим йўналишлари малака талаблари асосида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан кундузги таълим учун тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ташкил этилади.
13. Кечки (сменали) таълим таълим йўналишларининг ишчи ўқув режаси ва фан дастурлари белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси ва фан дастурлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда таянч олий таълим муассасалари билан келишган ҳолда тасдиқланади.
14. Кечки (сменали) таълимда ўқув жараёни жадвали белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси асосида ишлаб чиқилган ишчи ўқув режаси таркибида қайд этилади.
15. Кечки (сменали) таълимда ўқув жараёни бир ўқув йилида икки семестрли бўлиб, ўқув машғулотларини ўтказиш кундузги таълим билан бир хил тартибда ташкил этилади.
16. Кечки (сменали) таълим талабаси тасдиқланган ишчи ўқув режасидаги барча ўқув фанларини ўзлаштириши шарт.
17. Кечки (сменали) таълимда ўқиш одатда кундузги смена меҳнат фаолиятидан кейинги вақтда аудитория машғулотлари (маъруза, амалий, лаборатория) шаклида ҳамда талабаларни асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда мустақил, жумладан, масофадан туриб ўқитиш шаклида амалга оширилади.
18. Ўқув машғулотлари олий таълим муассасаси ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг вақт ва имкониятларини инобатга олган ҳолда талабаларнинг меҳнат фаолияти сменасига мувофиқлаштирилиб куннинг биринчи ярмида ҳам ташкил қилиниши мумкин. Бунда мазкур талабалар сони академик гуруҳ шакллантириш даражасида бўлиши лозим.
19. Кечки (сменали) таълимда ўқиш (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада, одатда, беш кун амалга оширилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 академик соат қилиб белгиланади.
20. Кечки (сменали) таълимда маъруза ўқиш, амалий, лаборатория ва семинар машғулотларини ўтказишда илғор усул ва технологиялардан (жумладан, муаммоли, интерактив, ижодий фаолиятни ривожлантириш, ижодий вазифаларни гуруҳ бўлиб ечиш, ҳамкорлик педагогикаси, табақалаштириш, индивидуаллаштириш ва бошқалардан) фойдаланилади.
21. Кечки (сменали) таълимда талабалар билимини баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
22. Кечки (сменали) таълимда оралиқ ва якуний баҳолаш турлари жорий қилинади. Ўқув фанининг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб жорий баҳолаш тури жорий қилиниши мумкин.
Оралиқ иш мазмуни, уни бажариш усул ва тартиблари ҳар бир фан бўйича тайёрланган ишчи фан дастурларида белгилаб берилади ва қуйидаги мустақил иш турларидан иборат бўлади:
курс (лойиҳаси) иши;
назорат саволлари ва топшириқлари;
тест-синов саволлари;
кейслар, машқлар, мисол ва масалалар;
тажриба натижалари;
ишлаб чиқариш муаммоларини ечишга йўналтирилган махсус методик ишланмалар ва тавсиялар;
ҳисоб-жадвал ишлари ва бошқалар.
23. Кечки (сменали) таълим талабаларининг малакавий амалиётлари ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Одатда, битирув малакавий иши олди амалиётидан бошқа амалиётлар (таълим йўналишига мос бўлган ҳолда) талабанинг ишлаб турган иш жойида мустақил равишда ўтказилади.
Битирув малакавий иши олди амалиёти талабанинг иш жойи таълим йўналишига мос бўлмаган ҳолда, шунингдек, ишламаётган талабалар учун барча малакавий амалиётлар олий таълим муассасаси томонидан белгиланган объектда белгиланган тартибда ўтказилади.
24. Муайян курсдаги фанларни тўлиқ ўзлаштирган талаба олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан кейинги курсга ўтказилади.
25. Узрли сабаблар (касаллик, табиий офат, хизмат сафари, оғир оилавий аҳвол, турмуш қуриш, фарзанд кўриш, суд ёки тергов органлари томонидан чақирув) туфайли муайян курсдаги фанларни белгиланган муддатларда ўзлаштира олмаган талабаларга муддати қўйилган шахсий жадвал берилади. Шахсий жадвал тегишли проректор томонидан тасдиқланади, ундаги муддат навбатдаги ўқув йилига ўтмаслиги лозим.
Шахсий жадвални белгиланган муддатда бажара олмаган талаба қайта ўқиш учун курсда қолдирилади. Талаба биринчи курснинг биринчи семестридаги академик қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмаган тақдирда, талабалар сафидан четлаштирилади, касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан мустасно.
26. Кечки (сменали) таълимда ҳар бир талаба учун шахсий варақа очилади ҳамда унда олий таълим муассасасидаги фаолиятнинг тўлиқ мониторинги юритилиб, қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
оралиқ ишларининг бажарилиши;
оралиқ ва якуний баҳолашлар натижалари;
давлат аттестацияси баҳолари;
битирув малакавий иши бўйича баҳо;
курсдан курсга ўтганлиги.
4-боб. Кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланиш
27. Кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш талабаларнинг асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув режасидаги барча фан дастурларида белгиланган билимларни мустақил масофадан туриб ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.
28. Масофадан туриб ўқитиш он-лайн (масофадан туриб реал вақт режимида видеомаърузалар, консультациялар, назорат турларини ўтказиш) ва офф-лайн (масофадан туриб ўқитиш тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) режимларида ташкил этилади.
29. Масофадан туриб ўқитиш жадвали ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи томонидан белгиланади.
30. Кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланганда ўқув курсларининг сифати ва самарадорлигининг доимий назорати Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Масофадан туриб ўқитишнинг техник таъминоти олий таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.
31. Кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш элементларини жорий этиш дастурий платформаси, регламенти ва тартиблари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.
32. Кечки (сменали) таълимда таълим фаолиятини амалга оширувчи кафедралар профессор-ўқитувчилари масофадан туриб ўқитишда ўқув материаллари, топшириқлар ва маслаҳат-консультатив ишларини олий таълим муассасаси сайтидаги «Кечки (сменали) таълим» саҳифасига жойлаштиради ва уларнинг бажарилишини назорат қилиб боради.
Масофадан туриб ўқитиш элементларидан фойдаланган холда таълим берувчи профессор-ўқитувчилар учун ўқув юкламаси белгиланган тартибда амалга оширилади.
33. Таълим сифатини назорат қилиш бўлими, ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи ва тегишли кафедра мудири кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш амалга оширилишини таъминлайди.
Масофадан туриб ўқитишда ўқув-методик жараённи такомиллаштириш ва илмий-методик масалалар олий таълим муассасаси ўқув-методик кенгаши йиғилишида муҳокама қилиб борилади.
5-боб. Кечки (сменали) таълимда давлат аттестациясини ташкил этиш
34. Кечки (сменали) таълимда давлат аттестацияси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.
35. Давлат аттестациялари ўқув режасида кўрсатилган фан (фанлар мажмуаси) бўйича ўтказилади.
36. Битирув малакавий иши олий таълим муассасаси бакалавриатида ўқитишнинг якуний босқичи ҳисобланади ва кечки (сменали) таълимда битирув малакавий иши мавзуси ва мазмуни асосан талабаларнинг амалий фаолияти билан боғлиқ ҳолда шакллантирилади.
37. Кечки (сменали) таълимда таълим йўналиши ишчи ўқув режасини тўлиқ бажарган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган битирувчига Давлат аттестация комиссиясининг қарори асосида «бакалавр» даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги бакалавр дипломи иловаси билан берилади.
6-боб. Кечки (сменали) таълимда ўқув жараёнини бошқариш
38. Кечки (сменали) таълим ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи томонидан тегишли таълим йўналишлари деканлари билан биргаликда бошқарилади.
39. Кечки (сменали) таълим ташкил этилган олий таълим муассасаларида ўқув-методик бўлим (бошқарма) таркибида кечки (сменали) таълим учун ўқув-методик ишлар бўйича қўшимча методист лавозимлари жорий этилади.
40. Ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи:
кечки (сменали) таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;
иш берувчилар, давлат ва жамоат органлари, таълим тизимини бошқарувчи органлар, ташкилотлар, муассасалар, корхоналар билан ўзаро алоқаларни амалга оширади, талабаларнинг малакавий амалиётлари бўйича шартномаларини расмийлаштиради;
ўқитишнинг янги технологиялари татбиқ қилинишини ва талабалар ўзлаштириши назорат қилинишини таъминлайди;
талабалар билан ўқув ва тарбиявий ишлар олиб бориш самарадорлигини ошириш чораларини кўради;
меҳнат муҳофазаси, техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича тадбирларни, бўлим ходимларининг ички тартиб ва меҳнат интизоми қоидаларига риоя қилишини ташкил этади;
ўқув жараёнини таъминлайдиган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-методик, илмий ишларини режалаштиради, ташкил этади ва мувофиқлаштиради; олий таълим муассасаси илмий кенгаши мажлисларида, ректоратда, факультет ва кафедраларда кечки (сменали) таълим манфаатларини ўз ваколати доирасида ҳимоя қилади ва амалга оширади;
кечки (сменали) таълим масалалари бўйича олий таълим муассасасининг бошқа тузилмалари билан ўзаро алоқасини таъминлайди.
41. Кечки (сменали) таълим маъмурий бошқарув жиҳатдан олий таълим муассасаси ректорига ҳамда ўқув ва илмий-методик ишлар юзасидан олий таълим муассасаси ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорларига бўйсунади.
42. Кечки (сменали) таълим билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт маблағлари) ҳисобидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоида
43. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 21 ноябрь,
930-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NIZOM
Oliy taʼlim muassasasida sirtqi (maxsus sirtqi) va kechki (smenali) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Toshkent viloyatida sanoat ishlab chiqarish sohasi uchun muhandis-texnik kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3153-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oliy taʼlim muassasasida sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1 -ilovaga muvofiq;
Oliy taʼlim muassasasida kechki (smenali) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, ilm-fan va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 21-noyabrdagi 930-son qaroriga 1-ILOVA
Oliy taʼlim muassasasida sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Toshkent viloyatida sanoat ishlab chiqarish sohasi uchun muhandis-texnik kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3153-son hamda “ Oliy taʼlim muassasalarida pedagogika yoʻnalishida maxsus sirtqi boʻlimlarni tashkil etish toʻgʻrisida ” 2017-yil 9-avgustdagi PQ-3183-son qarorlari asosida oliy taʼlim muassasasida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimni (keyingi oʻrinlarda sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim deb ataladi) tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Oliy taʼlim muassasalarida sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli qarori bilan tasdiqlangan qabul kvotalariga muvofiq tashkil etiladi.
3. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim quyidagi shakllarda olib boriladi: sirtqi shakl, maxsus sirtqi shakl, ikkinchi va undan keyingi oliy maʼlumot berishning sirtqi shakli.
4. Ushbu Nizom sogʻliqni saqlash, Al-Xorazmiy universiteti, taʼlim sohasi va harbiy oliy taʼlim muassasalariga tatbiq etilmaydi.
2-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimga qabul qilish va oʻqitishni tashkil qilish
5. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimga talabalarni qabul qilish:
sirtqi shaklda — umumiy oʻrta (10-11-sinflar negizida), oʻrta maxsus, kasb-hunar maʼlumoti toʻgʻrisidagi tegishli hujjatga ega boʻlgan va test sinovlaridan (kirish imtihonlaridan) muvaffaqiyatli oʻtgan;
maxsus sirtqi shaklda — faqat tegishli yoki turdosh taʼlim yoʻnalishi boʻyicha oʻrta maxsus, kasb-hunar maʼlumotiga va taʼlim yoʻnalishiga muvofiq soha, kasb, lavozimlarda kamida uch yillik amaliy ish stajiga (pedagogika yoʻnalishlari uchun pedagogik stajga) ega boʻlgan, tegishli vazirliklar va idoralar tomonidan berilgan tavsiyanomaga ega, test sinovlaridan (kirish imtihonlari yoki kasbiy suhbatdan) muvaffaqiyatli oʻtgan;
ikkinchi va undan keyingi oliy maʼlumot berishning sirtqi shaklda — oliy maʼlumotga ega boʻlgan (agar xorijiy oliy taʼlim muassasasini tugatgan boʻlsa, oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjati belgilangan tartibda tan olingan (nostrifikatsiya qilishgan) boʻlishi kerak) va test sinovlaridan (kirish imtihonlaridan yoki kasbiy suhbatdan) muvaffaqiyatli oʻtgan abituriyentlar hisobidan amalga oshiriladi.
6. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimga talabalarni qabul qilish Oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
7. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻqish muddati:
sirtqi shaklda — kamida 5 yil;
maxsus sirtqi shaklda — kamida 3 yil;
ikkinchi va undan keyingi oliy taʼlim negizidagi sirtqi shaklda — kamida 3 yil. Bunda, oʻqish oʻquv rejalaridagi fanlar farqidan qatʼi nazar, bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-kursidan boshlanadi.
8. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalariga talabalik guvohnomasi va reyting daftarchasi bepul beriladi.
9. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalarini oʻquv adabiyotlar va materiallar bilan oliy taʼlim muassasasi taʼminlaydi va bilim olish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratadi.
Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalari oliy taʼlim muassasasining barcha oʻquv jihozlari, auditoriyasi, laboratoriyasi, kutubxonasi, axborot-resurs markazlari hamda oʻquv-yordamchi tuzilmalari xizmatidan bepul foydalanadi.
10. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻqish boʻyicha oliy taʼlim yoʻnalishlariga qarab bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbati 1:20 etib belgilanadi.
Taʼlim sohalari bloklari va shakllari boʻyicha bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining normativlari qonunchilik hujjatlari asosida belgilanadi.
11. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalarini talabalar safidan chetlashtirish va oʻqishini qayta tiklash Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan amalga oshiriladi.
12. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimdan kunduzgi taʼlimga hamda sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimning bir taʼlim sohasidan ikkinchisiga koʻchirishga ruxsat beriladi.
3-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻquv jarayonini tashkil qilish
13. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻquv jarayoni taʼlim sohalarining davlat taʼlim standartlari va tegishli taʼlim yoʻnalishlari malaka talablari asosida tayyorlangan hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan kunduzgi taʼlim uchun tasdiqlangan oʻquv rejasi va fan dasturlari asosida tashkil etiladi.
14. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda taʼlim yoʻnalishlarining ishchi oʻquv rejasi va fan dasturlari belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻquv rejasi va fan dasturlari asosida ishlab chiqiladi hamda tayanch oliy taʼlim muassasalari bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.
15. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻquv jarayoni jadvali belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻquv rejasi asosida ishlab chiqilgan ishchi oʻquv rejasida qayd etiladi.
16. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabasi uchun oʻqishga qabul qilingan oʻquv yili boshida (odatda, sentabr-oktabr oylarida) bevosita oliy taʼlim muassasasida 10 kunlik oʻquv jarayoni bilan dastlabki tanishtiruv hamda semestr davomida oʻqitiladigan fanlar boʻyicha qisqacha (ishchi oʻquv rejasida belgilangan hajmda) maʼruza, amaliy, laboratoriya va seminar mashgʻulotlari oʻtkaziladi. Talabalarga mavzular boʻyicha topshiriqlar va ularni bajarish yuzasidan metodik koʻrsatmalar beriladi.
17. Oʻquv sessiyasigacha boʻlgan muddatda sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻqish mustaqil, jumladan, masofadan turib taʼlim olish shaklida amalga oshiriladi.
Bunda talaba metodik koʻrsatmalardan foydalangan holda ishchi oʻquv rejada semestr uchun rejalashtirilgan fanlarning dasturlarida belgilangan mavzularni mustaqil oʻzlashtiradi.
18. Talaba fan boʻyicha topshiriqlarni bajargandan soʻng, uni fan oʻqituvchisiga belgilangan muddatlarda (odatda, masofadan turib Internet orqali) yuboradi hamda qayddan oʻtkazadi. Fan oʻqituvchisi talaba yuborgan materiallarni tekshirib, oraliq ishi sifatida baholaydi. Fan oʻqituvchisi mavzular boʻyicha navbatdagi topshiriqlar va koʻrsatmalarni yuborishi, shuningdek, on-layn rejimida oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazishi mumkin.
19. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabasi har bir semestr davomida bir marta oliy taʼlim muassasasiga oʻquv sessiyasiga chaqiriladi. Buning uchun unga oʻquv sessiyasi boshlanishiga qadar (kamida 10 kun oldin) belgilangan shaklda xabarnoma yuboriladi.
20. Oʻquv sessiyasi davomida:
talaba semestr uchun berilgan topshiriqlarni himoya qiladi. Fan boʻyicha barcha topshiriqlar ijobiy baholangan taqdirda talabaga fan boʻyicha yakuniy baholashga kirish huquqi beriladi;
fanlar boʻyicha yakuniy baholashlar oʻtkaziladi;
navbatdagi semestr davomida oʻqitiladigan fanlar qisqacha (ishchi oʻquv rejasida belgilangan hajmda) maʼruza, amaliy, laboratoriya va seminar mashgʻulotlari orqali tanishtiriladi. Ushbu mashgʻulotlar talabaga navbatdagi semestr davomida fanlarni oʻzlashtirishi va topshiriqlarni bajarishi uchun asosiy va qoʻshimcha adabiyotlar bilan ishlash usullari va texnologiyalarini oʻrgatishga qaratiladi. Mavzular boʻyicha topshiriqlar bilan ularni bajarish yuzasidan metodik koʻrsatmalar beriladi.
21. Oʻquv sessiyasi davomida oʻtkaziladigan maʼruza, amaliy, laboratoriya va seminar mashgʻulotlarida ilgʻor usul va texnologiyalardan (jumladan, muammoli, interaktiv, ijodiy faoliyatni rivojlantirish, ijodiy vazifalarni guruh boʻlib hal etish, hamkorlik pedagogikasi, tabaqalashtirish, individuallashtirish va boshqalardan) foydalaniladi.
22. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda talaba tasdiqlangan ishchi oʻquv rejasidagi barcha oʻquv fanlarini oʻzlashtirishi shart. Talabalar bilimini baholash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
23. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oraliq va yakuniy baholash turlari joriy qilinadi.
Oraliq baholashning mazmuni, uni bajarish usul va tartiblari hamda soni (bir oʻquv semestri davomida ikki martagacha) har bir fan boʻyicha sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim uchun tayyorlangan ishchi fan dasturlarida belgilab beriladi va quyidagi mustaqil ish turlaridan iborat boʻladi:
kurs (loyihasi) ishi;
nazorat savollari va topshiriqlari;
test-sinov savollari;
keyslar, mashqlar, misol va masalalar;
tajriba natijalari;
ishlab chiqarish muammolarini hal etishga yoʻnaltirilgan maxsus metodik ishlanmalar va tavsiyalar;
hisob-jadval ishlari va boshqalar.
Oraliq baholash masofaviy aloqa orqali on-layn rejimida oʻtkazilishi ham mumkin.
24. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalarining malakaviy amaliyotlari ishchi oʻquv rejasida belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi. Odatda, bitiruv malakaviy ishi oldi amaliyotidan boshqa amaliyotlar (taʼlim yoʻnalishiga mos boʻlgan holda) talabaning ishlab turgan ish joyida mustaqil ravishda oʻtkaziladi.
Bitiruv malakaviy ishi oldi amaliyoti talabaning ish joyi taʼlim yoʻnalishiga mos boʻlmagan holda, shuningdek, ishlamayotgan talabalar uchun barcha malakaviy amaliyotlar oliy taʼlim muassasasi tomonidan belgilangan obyektda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Malakaviy amaliyotlarning hisobotlari oʻquv sessiyasi davrida belgilangan tartibda himoya qilinadi.
25. Muayyan kursdagi fanlarni toʻliq oʻzlashtirgan talaba oliy taʼlim muassasasi rektorining buyrugʻi bilan keyingi kursga oʻtkaziladi.
26. Uzrli sabablar (kasallik, tabiiy ofat, xizmat safari, ogʻir oilaviy ahvol, turmush qurish, farzand koʻrish, sud yoki tergov organlari tomonidan chaqiruv) tufayli muayyan kursdagi fanlarni belgilangan muddatlarda oʻzlashtira olmagan talabalarga muddati qoʻyilgan shaxsiy jadval beriladi. Shaxsiy jadval tegishli prorektor tomonidan tasdiqlanadi va undagi muddat navbatdagi oʻquv yiliga oʻtmasligi lozim.
Shaxsiy jadvalni belgilangan muddatda bajara olmagan talaba qayta oʻqish uchun kursda qoldiriladi. Talaba birinchi kursning birinchi semestridagi akademik qarzdorlikni belgilangan muddatda bartaraf etmagan taqdirda, talabalar safidan chetlashtiriladi, kasallik tufayli akademik taʼtil berilgan holatlar bundan mustasno.
27. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda har bir talaba uchun shaxsiy varaqa ochiladi hamda unda oliy taʼlim muassasasidagi faoliyatining toʻliq monitoringi yuritilib, quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:
oraliq ishlarining bajarilishi;
oraliq va yakuniy baholashlar natijalari;
davlat attestatsiyasi baholari;
bitiruv malakaviy ishi boʻyicha baho;
kursdan kursga oʻtganligi.
4-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalanish
28. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda masofadan turib oʻqitish talabalarning asosiy ish joyidan ajralmagan holda oʻquv rejasidagi barcha fan dasturlarida belgilangan bilimlarni mustaqil masofadan turib oʻzlashtirish asosida amalga oshirilishi mumkin.
29. Masofadan turib oʻqitish on-layn (masofadan turib real vaqt rejimida videomaʼruzalar, konsultatsiyalar, nazorat turlarini oʻtkazish) va off-layn (masofadan turib oʻqitish tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) rejimlarida tashkil etiladi.
30. Masofadan turib oʻqitish jadvali sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim boshligʻi tomonidan belgilanadi.
31. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalanganda oʻquv kurslarining sifati va samaradorligining doimiy nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.
Masofadan turib oʻqitishning texnik taʼminoti oliy taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladi.
32. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlarini joriy etish dasturiy platformasi, reglamenti va tartiblari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi.
33. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda taʼlim faoliyatini amalga oshiruvchi kafedralar professor-oʻqituvchilari masofadan turib oʻqitishda oʻquv materiallari, topshiriqlar va maslahat-konsultativ ishlarni oliy taʼlim muassasasi saytidagi “Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim” sahifasiga joylashtiradi va ularning bajarilishini nazorat qilib boradi.
Masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalangan xolda taʼlim beruvchi professor-oʻqituvchilar uchun oʻquv yuklamasi belgilangan tartibda belgilanadi.
34. Taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimi, sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim boshligʻi va tegishli kafedra mudiri masofadan turib oʻqitishni taʼminlaydi.
Masofadan turib oʻqitishda oʻquv-metodik jarayonni takomillashtirish va ilmiy-metodik masalalar oliy taʼlim muassasasi oʻquv-metodik kengashi yigʻilishida muhokama qilib boriladi.
5-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda davlat attestatsiyasini tashkil etish
35. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda davlat attestatsiyasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etiladi.
Davlat attestatsiyalari oʻquv rejasida koʻrsatilgan fan (fanlar majmuasi) boʻyicha oʻtkaziladi.
36. Oʻquv rejasida bitiruv malakaviy ishini bajarish nazarda tutilgan taqdirda, bitiruv malakaviy ishi oliy taʼlim muassasasi bakalavriatida oʻqitishning yakuniy bosqichi hisoblanadi va sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda bitiruv malakaviy ishi mavzusi va mazmuni asosan talabalarning amaliy faoliyati bilan bogʻliq holda shakllantiriladi.
37. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda taʼlim yoʻnalishi ishchi oʻquv rejasini toʻliq bajargan, yakuniy davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtgan bitiruvchiga Davlat attestatsiya komissiyasining qarori asosida “bakalavr” darajasi beriladi va davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi bakalavr diplomi ilovasi bilan beriladi.
6-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalarining oliy taʼlim muassasasida oʻquv sessiyasida ishtirokini taʼminlash
38. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim talabalariga oʻquv sessiyasida ishtirok etish uchun ishlab turgan joyidan kamida 30 kalendar kunlik oʻrtacha oylik maoshi saqlangan qoʻshimcha taʼtil beriladi. Kursda qoldirilgan talabalarga esa haq toʻlanmaydigan taklif xabarnomasi beriladi.
39. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim bitiruvchisiga yakuniy davlat attestatsiyalaridan oʻtish, bitiruv malakaviy ishini himoya qilish uchun taʼlim yoʻnalishi oʻquv rejasi va jadvalida belgilangan muddatlarda ishlab turgan joyidan kamida 30 kalendar kunlik oʻrtacha maoshi saqlangan qoʻshimcha taʼtil beriladi.
40. Bitiruv malakaviy ishini yakunlash davrida bitiruvchi xizmat qilayotgan muassasa unga 30 kalendar kunlik maoshi saqlanmagan qoʻshimcha taʼtil berishi mumkin. Talaba ish joyidan tashkilot rahbari va buxgalteri imzosi bilan shu davr uchun haq toʻlanmaydigan taʼtilda ekanligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomani Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlimga taqdim etadi.
41. Bitiruv malakaviy ishining yakunlanganligi toʻgʻrisida uning himoyasi belgilangan kundan bir hafta muddat avval sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim boshligʻi va mutaxassis tayyorlovchi kafedra mudiri nomiga bildirgi yoziladi va tegishli hujjatda qayd qilinadi. Bildirgi talaba yoki uning ilmiy rahbari tomonidan berilishi mumkin.
7-bob. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻquv jarayonini boshqarish
42. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim mavjud boʻlgan oliy taʼlim muassasalarida boʻlim boshligʻi va oʻquv-metodik ishlar boʻyicha metodist lavozimlaridan iborat boʻlgan Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim tashkil etiladi. Bunda boʻlim shtat jadvali dekanatlar uchun belgilangan normativlarga muvofiq shakllantiriladi.
43. Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlimni oliy taʼlim muassasasi fakultetining dekani maqomiga tenglashtirilgan boshliq boshqaradi.
Boʻlim boshligʻi:
sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimni rivojlantirish dasturini ishlab chiqadi;
talabalarning malakaviy amaliyotlarini tashkil qilish boʻyicha ish beruvchilar bilan shartnomalar tuzadi;
oʻqitishning yangi texnologiyalari tatbiq qilinishini va talabalar oʻzlashtirishi nazorat qilinishini taʼminlaydi;
talabalarning bitiruv malakaviy ishlari mavzularini muvofiqlashtiradi va tasdiqlaydi;
talabalar bilan oʻquv va tarbiyaviy ishlar olib borish samaradorligini oshirish choralarini koʻradi;
mehnat muhofazasi, texnika va yongʻin xavfsizligi boʻyicha tadbirlarni, boʻlim xodimlarining ichki tartib va mehnat intizomi qoidalariga rioya qilishini tashkil etadi;
oʻquv jarayonini taʼminlaydigan professor-oʻqituvchilarning oʻquv-metodik, ilmiy ishlarini rejalashtiradi, tashkil etadi va muvofiqlashtiradi;
oliy taʼlim muassasasi ilmiy kengashi majlislarida, rektoratda, fakultet va kafedralarda sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim manfaatlarini oʻz vakolati doirasida himoya qiladi va amalga oshiradi;
talabalarning kurs ishi va bitiruv malakaviy ishlariga rahbarlik qilish uchun sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimda oʻquv jarayonini taʼminlaydigan professor-oʻqituvchilarni taqsimlaydi;
Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlimning oliy taʼlim muassasasining boshqa tuzilmalari bilan oʻzaro aloqasini taʼminlaydi.
44. Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim maʼmuriy boshqaruv jihatdan oliy taʼlim muassasasi rektoriga hamda oʻquv va ilmiy-metodik ishlar yuzasidan oliy taʼlim muassasasining oʻquv va ilmiy ishlar boʻyicha prorektorlariga boʻysunadi.
45. Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlimni saqlash bilan bogʻliq xarajatlar oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari (toʻlov-kontrakt mablagʻlari) hisobidan amalga oshiriladi.
46. Sirtqi (maxsus sirtqi) boʻlim faoliyati har bir oʻquv semestri oxirida tegishli fakultetlar oʻquv-metodik kengashida va oʻquv yili yakunida oliy taʼlim muassasasi kengashida muhokama etiladi.
8-bob. Yakunlovchi qoida
47. Ushbu Nizomda qayd etilgan masalalar yuzasidan kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 21-noyabrdagi 930-son qaroriga 2-ILOVA
Oliy taʼlim muassasasida kechki (smenali) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Toshkent viloyatida sanoat ishlab chiqarish sohasi uchun muhandis-texnik kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 27-iyuldagi PQ-3153-son qarori asosida oliy taʼlim muassasalarida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha kechki (smenali) taʼlimni tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Oliy taʼlim muassasalarida kechki (smenali) taʼlim Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli qarori bilan tasdiqlangan qabul kvotalariga muvofiq tashkil etiladi.
3. Ushbu Nizom sogʻliqni saqlash, taʼlim sohasi va harbiy oliy taʼlim muassasalariga tatbiq etilmaydi.
2-bob. Kechki (smenali) taʼlimga qabul qilish va oʻqitishni tashkil qilish
4. Kechki (smenali) taʼlimga talabalarni qabul qilish Oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi/
5. Kechki (smenali) taʼlimda oʻqish muddati — kamida 4,5 yil.
6. Kechki (smenali) taʼlimga kirgan shaxslarga talabalik guvohnomasi va reyting daftarchasi bepul beriladi.
7. Kechki (smenali) taʼlim talabalarini oʻquv-metodik adabiyotlar, oʻquv-metodik hujjatlar, tarqatma materiallar bilan oliy taʼlim muassasasi taʼminlaydi va bilim olish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratadi.
8. Kechki (smenali) taʼlim talabalari oliy taʼlim muassasasining barcha oʻquv jihozlari, auditoriyasi, laboratoriyasi, kutubxonasi, axborot-resurs markazlari hamda oʻquv-yordamchi tuzilmalari xizmatidan bepul foydalanadi.
9. Kechki (smenali) taʼlimda oʻqish boʻyicha oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklariga qarab bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbati kunduzgi taʼlim bilan bir xil nisbatda belgilanadi.
10. Kechki (smenali) taʼlim talabalarini talabalar safidan chetlashtirish va oʻqishini qayta tiklash Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan amalga oshiriladi.
11. Kechki (smenali) taʼlimdan sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimga hamda kechki (smenali) taʼlimning bir taʼlim sohasidan ikkinchisiga koʻchirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
3-bob. Kechki (smenali) taʼlimda oʻquv jarayonini tashkil qilish
12. Kechki (smenali) taʼlimda oʻquv jarayoni taʼlim sohalarining davlat taʼlim standartlari va tegishli taʼlim yoʻnalishlari malaka talablari asosida tayyorlangan hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan kunduzgi taʼlim uchun tasdiqlangan oʻquv rejasi va fan dasturlari asosida tashkil etiladi.
13. Kechki (smenali) taʼlim taʼlim yoʻnalishlarining ishchi oʻquv rejasi va fan dasturlari belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻquv rejasi va fan dasturlari asosida ishlab chiqiladi hamda tayanch oliy taʼlim muassasalari bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.
14. Kechki (smenali) taʼlimda oʻquv jarayoni jadvali belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻquv rejasi asosida ishlab chiqilgan ishchi oʻquv rejasi tarkibida qayd etiladi.
15. Kechki (smenali) taʼlimda oʻquv jarayoni bir oʻquv yilida ikki semestrli boʻlib, oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish kunduzgi taʼlim bilan bir xil tartibda tashkil etiladi.
16. Kechki (smenali) taʼlim talabasi tasdiqlangan ishchi oʻquv rejasidagi barcha oʻquv fanlarini oʻzlashtirishi shart.
17. Kechki (smenali) taʼlimda oʻqish odatda kunduzgi smena mehnat faoliyatidan keyingi vaqtda auditoriya mashgʻulotlari (maʼruza, amaliy, laboratoriya) shaklida hamda talabalarni asosiy ish joyidan ajralmagan holda mustaqil, jumladan, masofadan turib oʻqitish shaklida amalga oshiriladi.
18. Oʻquv mashgʻulotlari oliy taʼlim muassasasi hamda professor-oʻqituvchilarning vaqt va imkoniyatlarini inobatga olgan holda talabalarning mehnat faoliyati smenasiga muvofiqlashtirilib kunning birinchi yarmida ham tashkil qilinishi mumkin. Bunda mazkur talabalar soni akademik guruh shakllantirish darajasida boʻlishi lozim.
19. Kechki (smenali) taʼlimda oʻqish (kunduzgi taʼlimdan farqli ravishda) bir haftada, odatda, besh kun amalga oshiriladi va haftalik oʻquv soati hajmi 20 akademik soat qilib belgilanadi.
20. Kechki (smenali) taʼlimda maʼruza oʻqish, amaliy, laboratoriya va seminar mashgʻulotlarini oʻtkazishda ilgʻor usul va texnologiyalardan (jumladan, muammoli, interaktiv, ijodiy faoliyatni rivojlantirish, ijodiy vazifalarni guruh boʻlib yechish, hamkorlik pedagogikasi, tabaqalashtirish, individuallashtirish va boshqalardan) foydalaniladi.
21. Kechki (smenali) taʼlimda talabalar bilimini baholash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
22. Kechki (smenali) taʼlimda oraliq va yakuniy baholash turlari joriy qilinadi. Oʻquv fanining oʻziga xos xususiyatidan kelib chiqib joriy baholash turi joriy qilinishi mumkin.
Oraliq ish mazmuni, uni bajarish usul va tartiblari har bir fan boʻyicha tayyorlangan ishchi fan dasturlarida belgilab beriladi va quyidagi mustaqil ish turlaridan iborat boʻladi:
kurs (loyihasi) ishi;
nazorat savollari va topshiriqlari;
test-sinov savollari;
keyslar, mashqlar, misol va masalalar;
tajriba natijalari;
ishlab chiqarish muammolarini yechishga yoʻnaltirilgan maxsus metodik ishlanmalar va tavsiyalar;
hisob-jadval ishlari va boshqalar.
23. Kechki (smenali) taʼlim talabalarining malakaviy amaliyotlari oʻquv rejasida belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi. Odatda, bitiruv malakaviy ishi oldi amaliyotidan boshqa amaliyotlar (taʼlim yoʻnalishiga mos boʻlgan holda) talabaning ishlab turgan ish joyida mustaqil ravishda oʻtkaziladi.
Bitiruv malakaviy ishi oldi amaliyoti talabaning ish joyi taʼlim yoʻnalishiga mos boʻlmagan holda, shuningdek, ishlamayotgan talabalar uchun barcha malakaviy amaliyotlar oliy taʼlim muassasasi tomonidan belgilangan obyektda belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
24. Muayyan kursdagi fanlarni toʻliq oʻzlashtirgan talaba oliy taʼlim muassasasi rektori buyrugʻi bilan keyingi kursga oʻtkaziladi.
25. Uzrli sabablar (kasallik, tabiiy ofat, xizmat safari, ogʻir oilaviy ahvol, turmush qurish, farzand koʻrish, sud yoki tergov organlari tomonidan chaqiruv) tufayli muayyan kursdagi fanlarni belgilangan muddatlarda oʻzlashtira olmagan talabalarga muddati qoʻyilgan shaxsiy jadval beriladi. Shaxsiy jadval tegishli prorektor tomonidan tasdiqlanadi, undagi muddat navbatdagi oʻquv yiliga oʻtmasligi lozim.
Shaxsiy jadvalni belgilangan muddatda bajara olmagan talaba qayta oʻqish uchun kursda qoldiriladi. Talaba birinchi kursning birinchi semestridagi akademik qarzdorlikni belgilangan muddatda bartaraf etmagan taqdirda, talabalar safidan chetlashtiriladi, kasallik tufayli akademik taʼtil berilgan holatlar bundan mustasno.
26. Kechki (smenali) taʼlimda har bir talaba uchun shaxsiy varaqa ochiladi hamda unda oliy taʼlim muassasasidagi faoliyatning toʻliq monitoringi yuritilib, quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:
oraliq ishlarining bajarilishi;
oraliq va yakuniy baholashlar natijalari;
davlat attestatsiyasi baholari;
bitiruv malakaviy ishi boʻyicha baho;
kursdan kursga oʻtganligi.
4-bob. Kechki (smenali) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalanish
27. Kechki (smenali) taʼlimda masofadan turib oʻqitish talabalarning asosiy ish joyidan ajralmagan holda oʻquv rejasidagi barcha fan dasturlarida belgilangan bilimlarni mustaqil masofadan turib oʻzlashtirish asosida amalga oshirilishi mumkin.
28. Masofadan turib oʻqitish on-layn (masofadan turib real vaqt rejimida videomaʼruzalar, konsultatsiyalar, nazorat turlarini oʻtkazish) va off-layn (masofadan turib oʻqitish tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) rejimlarida tashkil etiladi.
29. Masofadan turib oʻqitish jadvali oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) boshligʻi tomonidan belgilanadi.
30. Kechki (smenali) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalanganda oʻquv kurslarining sifati va samaradorligining doimiy nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.
Masofadan turib oʻqitishning texnik taʼminoti oliy taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladi.
31. Kechki (smenali) taʼlimda masofadan turib oʻqitish elementlarini joriy etish dasturiy platformasi, reglamenti va tartiblari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi.
32. Kechki (smenali) taʼlimda taʼlim faoliyatini amalga oshiruvchi kafedralar professor-oʻqituvchilari masofadan turib oʻqitishda oʻquv materiallari, topshiriqlar va maslahat-konsultativ ishlarini oliy taʼlim muassasasi saytidagi “Kechki (smenali) taʼlim” sahifasiga joylashtiradi va ularning bajarilishini nazorat qilib boradi.
Masofadan turib oʻqitish elementlaridan foydalangan xolda taʼlim beruvchi professor-oʻqituvchilar uchun oʻquv yuklamasi belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
33. Taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimi, oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) boshligʻi va tegishli kafedra mudiri kechki (smenali) taʼlimda masofadan turib oʻqitish amalga oshirilishini taʼminlaydi.
Masofadan turib oʻqitishda oʻquv-metodik jarayonni takomillashtirish va ilmiy-metodik masalalar oliy taʼlim muassasasi oʻquv-metodik kengashi yigʻilishida muhokama qilib boriladi.
5-bob. Kechki (smenali) taʼlimda davlat attestatsiyasini tashkil etish
34. Kechki (smenali) taʼlimda davlat attestatsiyasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etiladi.
35. Davlat attestatsiyalari oʻquv rejasida koʻrsatilgan fan (fanlar majmuasi) boʻyicha oʻtkaziladi.
36. Bitiruv malakaviy ishi oliy taʼlim muassasasi bakalavriatida oʻqitishning yakuniy bosqichi hisoblanadi va kechki (smenali) taʼlimda bitiruv malakaviy ishi mavzusi va mazmuni asosan talabalarning amaliy faoliyati bilan bogʻliq holda shakllantiriladi.
37. Kechki (smenali) taʼlimda taʼlim yoʻnalishi ishchi oʻquv rejasini toʻliq bajargan, yakuniy davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtgan bitiruvchiga Davlat attestatsiya komissiyasining qarori asosida “bakalavr” darajasi beriladi va davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi bakalavr diplomi ilovasi bilan beriladi.
6-bob. Kechki (smenali) taʼlimda oʻquv jarayonini boshqarish
38. Kechki (smenali) taʼlim oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) boshligʻi tomonidan tegishli taʼlim yoʻnalishlari dekanlari bilan birgalikda boshqariladi.
39. Kechki (smenali) taʼlim tashkil etilgan oliy taʼlim muassasalarida oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) tarkibida kechki (smenali) taʼlim uchun oʻquv-metodik ishlar boʻyicha qoʻshimcha metodist lavozimlari joriy etiladi.
40. Oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) boshligʻi:
kechki (smenali) taʼlimni rivojlantirish dasturini ishlab chiqadi;
ish beruvchilar, davlat va jamoat organlari, taʼlim tizimini boshqaruvchi organlar, tashkilotlar, muassasalar, korxonalar bilan oʻzaro aloqalarni amalga oshiradi, talabalarning malakaviy amaliyotlari boʻyicha shartnomalarini rasmiylashtiradi;
oʻqitishning yangi texnologiyalari tatbiq qilinishini va talabalar oʻzlashtirishi nazorat qilinishini taʼminlaydi;
talabalar bilan oʻquv va tarbiyaviy ishlar olib borish samaradorligini oshirish choralarini koʻradi;
mehnat muhofazasi, texnika va yongʻin xavfsizligi boʻyicha tadbirlarni, boʻlim xodimlarining ichki tartib va mehnat intizomi qoidalariga rioya qilishini tashkil etadi;
oʻquv jarayonini taʼminlaydigan professor-oʻqituvchilarning oʻquv-metodik, ilmiy ishlarini rejalashtiradi, tashkil etadi va muvofiqlashtiradi; oliy taʼlim muassasasi ilmiy kengashi majlislarida, rektoratda, fakultet va kafedralarda kechki (smenali) taʼlim manfaatlarini oʻz vakolati doirasida himoya qiladi va amalga oshiradi;
kechki (smenali) taʼlim masalalari boʻyicha oliy taʼlim muassasasining boshqa tuzilmalari bilan oʻzaro aloqasini taʼminlaydi.
41. Kechki (smenali) taʼlim maʼmuriy boshqaruv jihatdan oliy taʼlim muassasasi rektoriga hamda oʻquv va ilmiy-metodik ishlar yuzasidan oliy taʼlim muassasasi oʻquv va ilmiy ishlar boʻyicha prorektorlariga boʻysunadi.
42. Kechki (smenali) taʼlim bilan bogʻliq xarajatlar oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari (toʻlov-kontrakt mablagʻlari) hisobidan amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
43. Ushbu Nizomda qayd etilgan masalalar yuzasidan kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2017-yil 21-noyabr,
930-son