📅 2017-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 22 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 ноября 2017 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 November 2017 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
РЎЙХАТИ
намунавий тузилмаси
УСТАВИ
НАМУНАВИЙ НИЗОМИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Эл-юртимиз озодлиги, эркинлиги ва мустақиллиги учун олиб борилган кўп йиллик машаққатли курашларни ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Республика Маънавият ва маърифат марказининг:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейини (кейинги ўринларда Музей деб аталади);
ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қатағон қурбонлари хотираси музейларини (кейинги ўринларда ҳудудий музейлар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
а) Музейнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатининг сабаблари ва фожиали оқибатларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳаққоний ёритиш мақсадида музей экзпозициясини ташкил этиш;
музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги қатағон сиёсати билан боғлиқ турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;
қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;
қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ижодий меросини тўплаш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
ҳудудий музейларга услубий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
б) ҳудудий музейларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ҳудудларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган, қатағон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозициялари орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш;
музей фондини бойитиш мақсадида ҳудудларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари иштирокида мунтазам равишда экспедициялар ташкил этиш;
ҳудудлардаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мавзули экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва кўргазмалар ўтказиш;
музей экспозицияларини ташкил этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этиладиган ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг устави 4-иловага мувофиқ;
Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларининг намунавий низоми 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Музей директорига, зарур бўлганда, Музей тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Қуйидагилар Музей ва ҳудудий музейлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
а) Музей бўйича:
Музейни сақлаш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
фаолият ихтисослиги бўйича кўрсатиладиган хизматлардан олинган даромадлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) ҳудудий музейлар бўйича:
олий таълим муассасаларининг ҳудудий музейларни сақлаш учун ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми);
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
фаолият ихтисослиги бўйича кўрсатиладиган хизматлардан олинган даромадлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудий музейларга уларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига мос бинолар ажратилишини ва уларга ҳудудий музейлар белгиланган тартибда жойлаштирилишини таъминласинлар.
Белгилаб қўйилсинки, зарур ҳолларда ҳудудий музейлар учун ажратилган биноларни таъмирлаш ҳамда уларни мебель ва замонавий техник воситалар, шу жумладан интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва тегишли олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Музей Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзархив» агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар ҳудудий музейлар экспозицияларини яратиш, мустамлакачилик ва қатағон даврига оид ҳужжатлар, кино, фоно, фотоматериаллар ва ашёлар билан тўлдиришни таъминласин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Музей Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Музей директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Музей юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
ҳудудий музейлар фаолиятини амалга ошириш учун тегишли олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича алоҳида ғазначилик шахсий ҳисобварақлари очилади, белгиланган тартибда даромадлар ва харажатлар сметаси тасдиқланади;
Музей ҳамда олий таълим муассасалари тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейлари раҳбар ва илмий ходимларининг иш ҳақлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат илмий дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорларига тенглаштирилади. Музей директори ўринбосарларининг базавий лавозим маоши Музей директорининг лавозим маошига нисбатан 5 фоизга камайтирилган ҳолда белгиланади.
Музей тузилмасидаги бошқарув, маъмурий-хўжалик ва мутахассис ходимларнинг иш ҳақлари Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг бошқарув ва ёрдамчи ходимларининг базавий лавозим маоши миқдорларига, бошқа ходимларнинг лавозим маошлари эса давлат музейлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорларига тенглаштирилсин.
ҳудудий музейлар идоравий мансублик жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, услубий жиҳатдан Музейга бўйсунади;
ҳудудий музейлар директорлари тегишли олий таълим муассасаси ректори томонидан Музей директори ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Музей билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудий музейларни малакали кадрлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ҳудудидаги бино Музейга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Маданият вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2018-2019 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Музейни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уни реконструкция қилиш учун зарур марказлашган капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.
11. Белгилаб қўйилсинки, Музейни замонавий техник воситалар, шу жумладан интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар Музейни асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Музейни замонавий техник воситалар, шу жумладан, интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш ва 1 та автотранспорт воситасини харид қилиш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йилги параметрларида назарда тутсин.
13. Музейга 2 та, жумладан, 1 та шахсий бириктирилган ва 1 та махсус автотранспорт воситалари учун лимит ажратсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
бир ой муддатда Музейни зарур алоқа турлари ва воситалари, жумладан, Ҳукумат телефон алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин, шунингдек, кенг қамровли интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратсин;
икки ой муддатда Музей ва ҳудудий музейларга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда мавзуга оид виртуал экскурсиялар ташкил этиш, Музей ва ҳудудий музейлар экспозицияларида сенсорли ахборот киоскларини ўрнатиш ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси виртуал музейини ташкил этиш чораларини кўрсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Музей ва ҳудудий музейларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш, моддий-техника базасини ривожлантириш, экспозицияларни доимий тўлдириб бориш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов, Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг
Директор Музей ва ҳудудий музейлар директорлари кенгаши Илмий кенгаш Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари Директорнинг умумий ишлар бўйича ўринбосари Юрисконсульт Фонд бўлими 3 Бухгалтерия 2 Ходимлар бўлими 1 Экскурсоводлар бўлими 4 Маъмурий-хўжалик бўлими 4 Халқаро алоқалар бўлими 1 Илмий бўлим 5 Музей кузатувчилари 5 Биринчи бўлим 1 Экспозиция бўлими 4
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарорига 2-ИЛОВА
Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этиладиган ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг
Т /р Ҳудуд номи Музей ташкил этиладиган олий таълим муассасаси номи 1. Қорақалпоғистон Республикаси Қорақалпоқ давлат университети 2. Андижон вилояти Андижон давлат университети 3. Бухоро вилояти Бухоро давлат университети 4. Жиззах вилояти Жиззах давлат педагогика институти 5. Навоий вилояти Навоий давлат педагогика институти 6. Наманган вилояти Наманган давлат университети 7. Самарқанд вилояти Самарқанд давлат университети 8. Сирдарё вилояти Гулистон давлат университети 9. Сурхондарё вилояти Термиз давлат университети 10. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти 11. Фарғона вилояти Фарғона давлат университети 12. Хоразм вилояти Урганч давлат университети 13. Қашқадарё вилояти Қарши давлат университети
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларининг
Олий таълим муассасаси ректори Музей директори Илмий ва мутахассис ходимлар бўлими 2 Фондлар бўлими 1 Экскурсовод ва музей назоратчилари бўлими 2
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг (кейинги ўринларда Музей деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Музей ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.
3. Музей ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради ва бўйсунади.
4. Музей ўз фаолиятида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.
5. Музей юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
6. Музей жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, «Шаҳидлар хотираси» майдони, 100184.
7. Музейнинг расмий номи:
давлат тилида — Oʼzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʼon qurbonlari xotirasi davlat muzeyi;
рус тилида — Государственный музей Памяти жертв репрессий при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
инглиз тилида — State museum in memory of the victims of the repressions under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.
2-боб. Музейнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Музейнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатининг сабаблари ва фожиали оқибатларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳаққоний ёритиш мақсадида музей экспозициясини ташкил этиш;
музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги қатағон сиёсати билан боғлиқ турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;
қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;
қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг ижодий меросини тўплаш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қатағон қурбонлари хотираси музейларига (кейинги ўринларда ҳудудий музейлар деб аталади) услубий ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.
9. Музей ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатининг сабаблари ва фожиали оқибатларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳаққоний ёритиш мақсадида музей экспозициясини ташкил этиш соҳасида:
Ўзбекистоннинг мустабид тузум давридаги тарихини бирламчи манбалар, архив ҳужжатлари, матбуот материаллари асосида атрофлича тадқиқ этади;
илмий изланишлар натижасида жамланган тарихий материаллар ва музей ашёлари асосида музей экспозициясини яратади ва такомиллаштиради;
музей экспозицияларини ташкил қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланади;
хорижий мутахассислар томонидан нашр этилган қатағон даврига оид замонавий илмий ва сиёсий, бадиий адабиётлар электрон базасини яратади;
республиканинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб боради;
хорижий мамлакатларнинг турдош музейлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан биргаликда белгиланган тартибда илмий изланишлар олиб боради;
қатағонлар туфайли қурбон бўлган мутафаккирлар, машҳур фан ва адабиёт арбоблари шарафига бағишланган республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар, семинарларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;
б) музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги қатағон сиёсати билан боғлиқ турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш соҳасида:
республика ва хорижий мамлакатларнинг архивлари ҳамда кутубхоналарида сақланаётган ҳужжатлар ва бирламчи манбалар бўйича илмий изланишлар олиб боради;
республиканинг турли ҳудудлари ҳамда хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш асосида янги музей ашёларини тўплайди;
қатағон қурбонлари авлодларининг хотиралари ва оғзаки тарих материаллари асосида монографиялар, илмий рисолалар тайёрлайди;
в) қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, республика ва халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш соҳасида:
музей йўналиши бўйича ўтказилиши режалаштирилган анжуманлар ва турли тарихий саналар муносабати билан кўргазмалар ташкил этади;
қатағон қурбонлари авлодлари ва ёшлар иштирокида хотира кечалари ҳамда давра суҳбатлари уюштиради ва ўтказади;
алоҳида буюртмалар асосида қатағон этилган ватандошларимизнинг уй-музейлари экспозицияларини ташкил этишда иштирок этади;
хорижий мамлакатларда музейшунослик соҳаси ва тарихий мавзуларда ўтказиладиган халқаро анжуманларда иштирок этади;
г) қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг ижодий меросини тўплаш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш соҳасида:
қатағон қурбонлари бўлган давлат ва жамоат арбоблари, фан, адабиёт намоёндаларининг республика ва хориждаги мавжуд илмий, адабий, публицистик меросини аниқлайди ва жамлайди;
мустамлакачилик, шу жумладан қатағон сиёсати ва унинг қурбонларига бағишланган монографиялар, альбомлар, китоблар нашр этади, ҳужжатли фильмларни суратга олади, матбуотда мақолалар эълон қилади, тўпланган материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилади;
д) республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш соҳасида:
таълим муассасалари билан инновацион-корпоратив ҳамкорлик шартномаларини тузади ва улар асосида музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлайди.
музей етакчи олимларининг олий таълим муассасаларида ўқув жараёнида қатнашишлари, талаба ва докторантларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилишлари учун зарур чораларни кўради;
қатағон даври тарихига оид илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчиларга музей фонди материалларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;
олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби малакасини оширишни ташкил этишда иштирок этади;
е) ҳудудий музейларга услубий ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш:
ҳудудий музейлар учун экспозициянинг намунавий концепцияси ва намунавий тематик режасини ишлаб чиқади ҳамда шу асосда тайёрланган ҳар бир ҳудудий музей экспозицияси концепцияси ва тематик режасини тасдиқлайди;
ҳудудий музей экспозициясини яратишда, уни бойитиб боришда услубий ва амалий ёрдам беради;
ҳудудий музейларнинг йиллик иш режаларини кўриб чиқади ва зарур тавсияларни беради.
3-боб. Музейнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Музей ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш ҳамда бундай тадбирларда иштирок этиш;
илмий-тадқиқот ишларига республикадаги ва хориждаги мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
Музей ходимлари ва жалб қилинган мутахассисларни хорижий илмий-тадқиқот ҳамда таълим муассасаларига илмий тадқиқотларни амалга ошириши учун юбориш;
Музей фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техника базасини ривожлантириш, асосий фондларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
ҳудудий музейлар фаолиятини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш;
Музейда ходимларнинг моддий рағбатлантириш фондини тузиш.
Музей қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Музейнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
Музей ашёлари ва коллекцияларининг жисман бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;
Музей ашёлари ва коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;
Музей ашёлари ва коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаш.
12. Музей ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва унинг ихтиёридаги бошқа маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.
4-боб. Музей фаолиятини ташкил этиш
13. Музейга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари бўлади.
14. Музей директори:
Музей фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Музей номидан вакиллик қилади;
Музей ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Музейнинг илмий, илмий-техникавий, маъмурий фаолиятининг йўналишларини белгилайди, унинг йиллик ва истиқболдаги иш режаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди, илмий-тадқиқот ва бошқа жараёнларни ташкил этади;
аниқ мақсадга йўналтирилган дастур ва танлов мавзуларини, шунингдек, алоҳида топшириқ ва буюртмаларни амалга ошириш мақсадида Музейда вақтинчалик тадқиқот гуруҳини ташкил этади;
Музейда ижро интизоми ҳолати бўйича бевосита раҳбарликни амалга оширади;
Музей таркибий бўлинмалари низомини ва Музей ходимларининг функционал вазифаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ўз ваколати доирасида ходимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
зарур бўлганда, Музейнинг таркибий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритади;
ўз ваколати доирасида Музей ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқларни қабул қилади;
Музей фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
15. Музей директори вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини бажариш директор ўринбосарларидан бирининг зиммасига юкланади.
16. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари:
Музей таркибий бўлинмаларининг ишларини ташкил қилади ҳамда Музейга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши ҳамда бўлимларда ижро интизоми ҳолати учун шахсан жавоб беради;
ўзига бириктирилган масалалар бўйича ҳужжатлар лойиҳасини ва материалларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни ташкил этади, топшириқларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;
Музей иш режасида, шунингдек мутахассисларнинг шахсий иш режаларида назарда тутилган тадбирларни талаб қилинадиган давр мобайнида амалга ошириш ва мувофиқлаштиришни таъминлайди ҳамда ўрганилган масалаларнинг танқидий таҳлили асосида Музей директорига муҳокама учун таклифлар киритади;
Музей директорига бўлимлар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, мукофотлаш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади;
вазифалар тақсимотига кўра бошқа тегишли ваколатларни ҳам амалга оширади.
17. Директорнинг умумий ишлар бўйича ўринбосари:
Музей хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради. Музей биноси, автотранспорт воситаси, асбоб-ускуналар, техника воситаларини сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш ва ўрнини тўлдириб бориш, шунингдек бинолар ва уларнинг атрофидаги тозаликка риоя этилишини таъминлайди;
Музей директорига ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларнинг малакасини ошириш, уларни мукофотлаш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади.
18. Бош муҳофиз (фонд бўлими бошлиғи):
барча музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибга мувофиқ ҳисобга олади;
Музей ашёлари ва музей коллекцияларини нобуд бўлиш ва ўғирланишдан ҳимояланган ҳолда сақлаш чораларини кўради;
музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва уларни сақлашга оид барча ҳужжатларни юритади;
музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлашнинг ички тартибларини ишлаб чиқади;
музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш, сақлаш, таъмирлаш ва қўриқлаш, уларни жойдан-жойга кўчириш ишларининг тўғри олиб борилиши устидан назоратни таъминлайди;
Бош муҳофиз (фонд бўлими бошлиғи) музей директорининг қонун ҳужжатларига зид бўлган топшириғини олган тақдирда, уни бажаришдан олдин топшириқ зид эканлигини директорга ёзма равишда билдиради.
Агар, директор ўз топшириғини ёзма равишда қайта тасдиқласа, бош муҳофиз дарҳол бу ҳақда Музей бевосита бўйсунадиган юқори бошқарув органини хабардор қилиши шарт.
19. Музейнинг илмий-тадқиқот ва экспозиция масалаларини ҳал этиш учун жамоатчилик асосида Илмий кенгаш тузилади.
20. Илмий кенгаш таркибига директор (кенгаш раиси), унинг ўринбосарлари, бўлим мудирлари, шунингдек илмий ходимлар ҳамда бошқа илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган (илмий даражаси бор ёки йўқлигидан қатъи назар) соҳа мутахассислари киради.
21. Ушбу Кенгаш музейнинг фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига мақбул тарзда мувофиқлаштириб борадиган коллегиал орган ҳисобланади.
22. Қуйидагилар Музей фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Музейни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;
халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5-боб. Якунловчи қоида
23. Музейни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарорига 5-ИЛОВА
Ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейларини (кейинги ўринларда ҳудудий музейлар деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ҳудудий музейлар идоравий мансублик жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, услубий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига (кейинги ўринларда Музей деб аталади) бўйсунади.
3. Ҳудудий музейлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Ҳудудий музейлар ўз фаолиятида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
5. Ҳудудий музейлар юридик шахс мақомига эга бўлмайди, ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг тузилмасида ташкил этилади.
2-боб. Ҳудудий музейларнинг асосий вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар ҳудудий музейларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳудудларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган, қатағон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозициялари орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш;
музей фондини бойитиш мақсадида ҳудудларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари иштирокида мунтазам равишда экспедициялар ташкил этиш;
ҳудудлардаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мавзули экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва кўргазмалар ўтказиш;
музей экспозицияларини ташкил этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш.
7. Ҳудудий музейлар ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ҳудудларда мустамлакачилик ва мустабид тузум даврида ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган, қатағон этилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозициялари орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш;
ҳудудда қатағон сиёсатининг сабаблари ва оқибатларини, эрк ва озодлик йўлида зулм ва зўровонликка қарши халқ кураши тарихини тадқиқ этиб, тадқиқот натижаларини ҳудудда истиқомат қилаётган оммага етказади ва уни ҳудуд тарихининг таркибий қисми сифатида акс эттиради, уларда аждодлар хотирасига нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантиради;
алоҳида буюртмалар асосида қатағон этилган ватандошларимизнинг уй-музейлари экспозицияларини ташкил этишда иштирок этади;
мустамлакачилик, шу жумладан қатағон сиёсати ва унинг қурбонларига бағишланган монографиялар, альбомлар, китоблар нашр этади, ҳужжатли фильмларни суратга олади, матбуотда мақолалар эълон қилади, тўпланган материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилади;
б) музей фондини бойитиш мақсадида ҳудудларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талабалари иштирокида мунтазам равишда экспедициялар ташкил этиш соҳасида:
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий ва илмий-техник муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳудуддаги бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли илмий ҳамкорликни ривожлантиради ва такомиллаштиради;
музейнинг етакчи олим ва мутахассислари томонидан ҳудуддаги олий таълим муассасаларида маъруза машғулотлари ўтказилишини, музейда талабаларнинг малакавий амалиёт ўташи ва битирув малакавий ишлари тайёрланишини ташкил этади;
ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан инновацион-корпоратив ҳамкорлик шартномаларини тузади ва уларнинг асосида ҳудудий музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказилишини таъминлайди;
ҳудуддаги қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларни ёд этиш, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини шакллантириш билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширади ва тарғиб этади.
в) ҳудудлардаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мавзули экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва кўргазмалар ўтказиш соҳасида:
фуқароларни ва айниқса, ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда иштирок этади;
эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш юзасидан тадбирлар ташкил этади;
ҳудудий музей фондлари ва экспозицияларини мамлакатимиз ва ҳудуддаги ҳамда хориждаги турли ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб боришни таъминлайди.
г) музей экспозицияларини ташкил этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш соҳасида:
музей экспозицияларини ташкил қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланади;
жаҳондаги машҳур музейларнинг бой тажрибасини таҳлил қилади ва улардан амалиётда фойдаланиш чораларини кўради;
ҳудудий музейлар экспозицияларини ташкил қилиш ва тарғиб этишда инновацион технологиялардан фойдаланиш усулларини ишлаб чиқади.
3-боб. Ҳудудий музейларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Ҳудудий музейлар ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ўз ваколатлари доирасида мустамлакачилик даври тарихида эрк ва озодлик йўлида ўз жонини фидо қилган аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ўрганиш ва музей экспозицияси орқали кенг жамоатчиликка тарғиб этиш масалаларини мувофиқлаштириш;
ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун шартнома асосида ташкилотларни, олим ва мутахассисларни, шу жумладан чет эллик олимлар ва мутахассисларни жалб этиш;
ўз фаолиятида ҳудудий олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамғармалар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорликни амалга ошириш;
Ҳудудий музейлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Ҳудудий музейларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
музей ашёлари ва коллекцияларининг жисман бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;
музей ашёлари ва коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;
музей ашёлари ва коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаш.
4-боб. Ҳудудий музейлар фаолиятини ташкил этиш
10. Ҳудудий музейлар директорлари Музей директорининг Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда тақдим этган тавсиясига асосан тегишли олий таълим муассасаси ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Ҳудудий музейлар фаолиятини амалга ошириш учун тегишли олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича алоҳида ғазначилик шахсий ҳисобварақлари очилади, белгиланган тартибда даромадлар ва харажатлар сметаси тасдиқланади.
Ҳудудий музейлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
Ҳудудий музейлар таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
11. Ҳудудий музейлар директори:
ҳудудий музейлар фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда ҳудудий музейларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ҳудудий музейлар ходимлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
ҳудудий музейлар ходимларининг ички меҳнат тартиби қоидаларига, лавозимлар йўриқномаси талабларига ҳамда хизматга оид ҳужжатлар билан ишлаш тартибига риоя этилишини таъминлайди;
давлат органларида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва судда, бошқа ташкилотларда ҳудудий музейлар номидан вакиллик қилади ва ҳудудий музейлар манфаатини ҳимоя қилади;
ҳудудий музейлар ходимларини ишга қабул қилиш ва озод қилиш бўйича тегишли олий таълим муассаса раҳбариятига таклиф киритади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
12. Қуйидагилар ҳудудий музейларни фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
олий таълим муассасаларининг ҳудудий музейларни сақлаш учун ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлари (тўлов-контракт асосида ўқитиш учун тушумларнинг фақат тўлов-контракт миқдорининг оширилган қисми);
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
фаолият ихтисослиги бўйича кўрсатиладиган хизматлардан олинган даромадлар;
халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5-боб. Якунловчи қоида
13. Ҳудудий музейларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 22 ноябрь,
936-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
ROʻYXATI
namunaviy tuzilmasi
USTAVI
NAMUNAVIY NIZOMI
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyi va hududlardagi oliy taʼlim muassasalari tuzilmasida Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
El-yurtimiz ozodligi, erkinligi va mustaqilligi uchun olib borilgan koʻp yillik mashaqqatli kurashlarni haqqoniy va toʻlaqonli aks ettirish, mustabid tuzum davridagi ommaviy qatagʻonlar tufayli qurbon boʻlgan, insoniylik shaʼni, qadr-qimmati toptalgan vatandoshlarimizning xotirasini abadiylashtirish, yosh avlod qalbida Vatanga muhabbat, istiqlol gʻoyalariga sadoqat tuygʻularini kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Madaniyat vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazining:
Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyi negizida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyini (keyingi oʻrinlarda Muzey deb ataladi);
hududlardagi oliy taʼlim muassasalari tuzilmasida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarini (keyingi oʻrinlarda hududiy muzeylar deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
a) Muzeyning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:
mustabid tuzum davridagi qatagʻon siyosatining sabablari va fojiali oqibatlarini chuqur oʻrganish hamda ularni haqqoniy yoritish maqsadida muzey ekzpozitsiyasini tashkil etish;
muzey fondlari va eksponatlarini mamlakatimiz va xorijdagi qatagʻon siyosati bilan bogʻliq turli hujjatlar va boshqa eksponatlar bilan muntazam boyitib borish;
qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish, ularni yod etish bilan bogʻliq maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni oʻtkazish, respublika va xalqaro miqyosda ilmiy-amaliy anjumanlar tashkil etish;
qatagʻon qurbonlarining hayoti va faoliyatini oʻrganish, ijodiy merosini toʻplash, nashrga tayyorlash va chop etish;
respublika taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari, talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashini taʼminlash, Muzeyning ilmiy bazasidan foydalangan holda yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlashga koʻmaklashish;
hududiy muzeylarga uslubiy yordam koʻrsatish va ularning faoliyatini muvofiqlashtirish;
b) hududiy muzeylarning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:
hududlarda mustamlakachilik va mustabid tuzum davrida vatanimiz ozodligi va mustaqilligi yoʻlida oʻz jonini fido qilgan, qatagʻon etilgan ajdodlarimiz hayoti va faoliyatini atroflicha oʻrganish va muzey ekspozitsiyalari orqali keng jamoatchilikka targʻib etish;
muzey fondini boyitish maqsadida hududlarda oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilari, doktorantlari va talabalari ishtirokida muntazam ravishda ekspeditsiyalar tashkil etish;
hududlardagi ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari hamda jamoat tashkilotlari bilan birgalikda qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish maqsadida mavzuli ekskursiyalar, maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar, ilmiy-amaliy anjumanlar va koʻrgazmalar oʻtkazish;
muzey ekspozitsiyalarini tashkil etishda axborot texnologiyalaridan samarali foydalanish.
3. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylari tashkil etiladigan hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining roʻyxati 2-ilovaga muvofiq;
Hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarining namunaviy tuzilmasi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining ustavi 4-ilovaga muvofiq;
Hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarining namunaviy nizomi 5-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Muzey direktoriga, zarur boʻlganda, Muzey tuzilmasiga xodimlarning tasdiqlangan cheklangan umumiy soni va ish haqi fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
4. Quyidagilar Muzey va hududiy muzeylar faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
a) Muzey boʻyicha:
Muzeyni saqlash uchun ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan davlat ilmiy dasturlarini amalga oshirish uchun ajratiladigan mablagʻlar;
faoliyat ixtisosligi boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlardan olingan daromadlar;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar, donor mamlakatlar va tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;
b) hududiy muzeylar boʻyicha:
oliy taʼlim muassasalarining hududiy muzeylarni saqlash uchun ajratiladigan budjetdan tashqari mablagʻlari (toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish uchun tushumlarning faqat toʻlov-kontrakt miqdorining oshirilgan qismi);
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan davlat ilmiy dasturlarini amalga oshirish uchun ajratiladigan mablagʻlar;
faoliyat ixtisosligi boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlardan olingan daromadlar;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar, donor mamlakatlar va tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda hududiy muzeylarga ularning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlariga mos binolar ajratilishini va ularga hududiy muzeylar belgilangan tartibda joylashtirilishini taʼminlasinlar.
Belgilab qoʻyilsinki, zarur hollarda hududiy muzeylar uchun ajratilgan binolarni taʼmirlash hamda ularni mebel va zamonaviy texnik vositalar, shu jumladan interaktiv infokiosk va monitorlar, stend va podiumlar bilan jihozlash Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oliy taʼlim muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi va tegishli oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
6. Muzey Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, “Oʻzarxiv” agentligi, “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, Fuqarolarning oʻzini-oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2018-yil 1-martga qadar hududiy muzeylar ekspozitsiyalarini yaratish, mustamlakachilik va qatagʻon davriga oid hujjatlar, kino, fono, fotomateriallar va ashyolar bilan toʻldirishni taʼminlasin.
7. Belgilab qoʻyilsinki:
Muzey Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining barcha huquq va majburiyatlari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;
Muzey direktori va uning oʻrinbosarlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;
Muzey yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan davlat muassasasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhr va blankalarga, mustaqil balansga, bank hisob raqamlariga va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;
hududiy muzeylar faoliyatini amalga oshirish uchun tegishli oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari boʻyicha alohida gʻaznachilik shaxsiy hisobvaraqlari ochiladi, belgilangan tartibda daromadlar va xarajatlar smetasi tasdiqlanadi;
Muzey hamda oliy taʼlim muassasalari tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylari rahbar va ilmiy xodimlarining ish haqlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan davlat ilmiy dasturlarini amalga oshirishda qatnashuvchi ilmiy-tadqiqot muassasalari rahbar va ilmiy xodimlarining bazaviy lavozim maoshlari miqdorlariga tenglashtiriladi. Muzey direktori oʻrinbosarlarining bazaviy lavozim maoshi Muzey direktorining lavozim maoshiga nisbatan 5 foizga kamaytirilgan holda belgilanadi.
Muzey tuzilmasidagi boshqaruv, maʼmuriy-xoʻjalik va mutaxassis xodimlarning ish haqlari Fanlar akademiyasi ilmiy-tadqiqot muassasalarining boshqaruv va yordamchi xodimlarining bazaviy lavozim maoshi miqdorlariga, boshqa xodimlarning lavozim maoshlari esa davlat muzeylari xodimlari mehnatiga haq toʻlash boʻyicha bazaviy lavozim maoshlari miqdorlariga tenglashtirilsin.
hududiy muzeylar idoraviy mansublik jihatidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga, uslubiy jihatdan Muzeyga boʻysunadi;
hududiy muzeylar direktorlari tegishli oliy taʼlim muassasasi rektori tomonidan Muzey direktori va Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi bilan kelishilgan holda lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Muzey bilan birgalikda bir oy muddatda hududiy muzeylarni malakali kadrlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Toshkent shahar, Yunusobod tumani, Amir Temur koʻchasi, “Shahidlar xotirasi” yodgorlik majmuasi hududidagi bino Muzeyga operativ boshqarish huquqi asosida berilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi va Moliya vazirligi Madaniyat vazirligining asoslangan hisob-kitoblari boʻyicha 2018-2019-yillar uchun Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirishda Muzeyni rekonstruksiya qilish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va uni rekonstruksiya qilish uchun zarur markazlashgan kapital qoʻyilmalar limitlarini nazarda tutsin.
11. Belgilab qoʻyilsinki, Muzeyni zamonaviy texnik vositalar, shu jumladan interaktiv infokiosk va monitorlar, stend va podiumlar bilan jihozlash uchun zarur mablagʻlar Muzeyni asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Muzeyni zamonaviy texnik vositalar, shu jumladan, interaktiv infokiosk va monitorlar, stend va podiumlar bilan jihozlash va 1 ta avtotransport vositasini xarid qilish uchun zarur mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining 2018-yilgi parametrlarida nazarda tutsin.
13. Muzeyga 2 ta, jumladan, 1 ta shaxsiy biriktirilgan va 1 ta maxsus avtotransport vositalari uchun limit ajratsin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi:
bir oy muddatda Muzeyni zarur aloqa turlari va vositalari, jumladan, Hukumat telefon aloqasi bilan belgilangan tartibda taʼminlasin, shuningdek, keng qamrovli internet tarmogʻidan foydalanish imkoniyatini yaratsin;
ikki oy muddatda Muzey va hududiy muzeylarga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilgan holda mavzuga oid virtual ekskursiyalar tashkil etish, Muzey va hududiy muzeylar ekspozitsiyalarida sensorli axborot kiosklarini oʻrnatish hamda Qatagʻon qurbonlari xotirasi virtual muzeyini tashkil etish choralarini koʻrsin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda Muzey va hududiy muzeylarning samarali faoliyatini yoʻlga qoʻyish, moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, ekspozitsiyalarni doimiy toʻldirib borish yuzasidan kompleks chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Majidov, Madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, ilm-fan va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-noyabrdagi 936-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining
Direktor Muzey va hududiy muzeylar direktorlari kengashi Ilmiy kengash Direktorning ilmiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari Direktorning umumiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari Yuriskonsult Fond boʻlimi 3 Buxgalteriya 2 Xodimlar boʻlimi 1 Ekskursovodlar boʻlimi 4 Maʼmuriy-xoʻjalik boʻlimi 4 Xalqaro aloqalar boʻlimi 1 Ilmiy boʻlim 5 Muzey kuzatuvchilari 5 Birinchi boʻlim 1 Ekspozitsiya boʻlimi 4
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-noyabrdagi 936-son qaroriga 2-ILOVA
Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylari tashkil etiladigan hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining
T /r Hudud nomi Muzey tashkil etiladigan oliy taʼlim muassasasi nomi 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qoraqalpoq davlat universiteti 2. Andijon viloyati Andijon davlat universiteti 3. Buxoro viloyati Buxoro davlat universiteti 4. Jizzax viloyati Jizzax davlat pedagogika instituti 5. Navoiy viloyati Navoiy davlat pedagogika instituti 6. Namangan viloyati Namangan davlat universiteti 7. Samarqand viloyati Samarqand davlat universiteti 8. Sirdaryo viloyati Guliston davlat universiteti 9. Surxondaryo viloyati Termiz davlat universiteti 10. Toshkent viloyati Chirchiq davlat pedagogika instituti 11. Fargʻona viloyati Fargʻona davlat universiteti 12. Xorazm viloyati Urganch davlat universiteti 13. Qashqadaryo viloyati Qarshi davlat universiteti
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-noyabrdagi 936-son qaroriga 3-ILOVA
Hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarining
Oliy taʼlim muassasasi rektori Muzey direktori Ilmiy va mutaxassis xodimlar boʻlimi 2 Fondlar boʻlimi 1 Ekskursovod va muzey nazoratchilari boʻlimi 2
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-noyabrdagi 936-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Ustav Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyining (keyingi oʻrinlarda Muzey deb ataladi) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquq va majburiyatlarini, shuningdek uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Muzey oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Ustavga amal qiladi.
3. Muzey oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi va boʻysunadi.
4. Muzey oʻz faoliyatida davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, xorijiy va xalqaro hamda boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikda amalga oshiradi.
5. Muzey yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan davlat muassasasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhr va blankalarga, mustaqil balansga, bank hisob raqamlariga va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.
6. Muzey joylashgan joy (pochta manzili): Toshkent shahri, Amir Temur koʻchasi, “Shahidlar xotirasi” maydoni, 100184.
7. Muzeyning rasmiy nomi:
davlat tilida — Oʼzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qatagʼon qurbonlari xotirasi davlat muzeyi;
rus tilida — Gosudarstvenniy muzey Pamyati jertv repressiy pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;
ingliz tilida — State museum in memory of the victims of the repressions under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.
2-bob. Muzeyning asosiy vazifalari va funksiyalari
8. Quyidagilar Muzeyning asosiy vazifalari hisoblanadi:
mustabid tuzum davridagi qatagʻon siyosatining sabablari va fojiali oqibatlarini chuqur oʻrganish hamda ularni haqqoniy yoritish maqsadida muzey ekspozitsiyasini tashkil etish;
muzey fondlari va eksponatlarini mamlakatimiz va xorijdagi qatagʻon siyosati bilan bogʻliq turli hujjatlar va boshqa eksponatlar bilan muntazam boyitib borish;
qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish, ularni yod etish bilan bogʻliq maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni oʻtkazish, respublika va xalqaro miqyosda ilmiy-amaliy anjumanlar tashkil etish;
qatagʻon qurbonlarining hayoti va faoliyatini oʻrganish, ularning ijodiy merosini toʻplash, nashrga tayyorlash va chop etish;
respublika taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari, talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashini taʼminlash, Muzeyning ilmiy bazasidan foydalangan holda yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlashga koʻmaklashish;
hududlardagi oliy taʼlim muassasalari tuzilmasida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylariga (keyingi oʻrinlarda hududiy muzeylar deb ataladi) uslubiy yordam berish va ularning faoliyatini muvofiqlashtirish.
9. Muzey oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) mustabid tuzum davridagi qatagʻon siyosatining sabablari va fojiali oqibatlarini chuqur oʻrganish hamda ularni haqqoniy yoritish maqsadida muzey ekspozitsiyasini tashkil etish sohasida:
Oʻzbekistonning mustabid tuzum davridagi tarixini birlamchi manbalar, arxiv hujjatlari, matbuot materiallari asosida atroflicha tadqiq etadi;
ilmiy izlanishlar natijasida jamlangan tarixiy materiallar va muzey ashyolari asosida muzey ekspozitsiyasini yaratadi va takomillashtiradi;
muzey ekspozitsiyalarini tashkil qilishda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan samarali foydalanadi;
xorijiy mutaxassislar tomonidan nashr etilgan qatagʻon davriga oid zamonaviy ilmiy va siyosiy, badiiy adabiyotlar elektron bazasini yaratadi;
respublikaning ilmiy-tadqiqot va taʼlim muassasalari, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikda ilmiy-tadqiqot ishlarini olib boradi;
xorijiy mamlakatlarning turdosh muzeylari, ilmiy-tadqiqot va taʼlim muassasalari bilan birgalikda belgilangan tartibda ilmiy izlanishlar olib boradi;
qatagʻonlar tufayli qurbon boʻlgan mutafakkirlar, mashhur fan va adabiyot arboblari sharafiga bagʻishlangan respublika va xalqaro ilmiy-amaliy anjumanlar, seminarlarni tashkil etish va oʻtkazishda ishtirok etadi;
b) muzey fondlari va eksponatlarini mamlakatimiz va xorijdagi qatagʻon siyosati bilan bogʻliq turli hujjatlar va boshqa eksponatlar bilan muntazam boyitib borish sohasida:
respublika va xorijiy mamlakatlarning arxivlari hamda kutubxonalarida saqlanayotgan hujjatlar va birlamchi manbalar boʻyicha ilmiy izlanishlar olib boradi;
respublikaning turli hududlari hamda xorijiy mamlakatlarga ilmiy ekspeditsiyalar uyushtirish asosida yangi muzey ashyolarini toʻplaydi;
qatagʻon qurbonlari avlodlarining xotiralari va ogʻzaki tarix materiallari asosida monografiyalar, ilmiy risolalar tayyorlaydi;
v) qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish, ularni yod etish bilan bogʻliq maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni oʻtkazish, respublika va xalqaro miqyosdagi ilmiy-amaliy anjumanlarni tashkil etish sohasida:
muzey yoʻnalishi boʻyicha oʻtkazilishi rejalashtirilgan anjumanlar va turli tarixiy sanalar munosabati bilan koʻrgazmalar tashkil etadi;
qatagʻon qurbonlari avlodlari va yoshlar ishtirokida xotira kechalari hamda davra suhbatlari uyushtiradi va oʻtkazadi;
alohida buyurtmalar asosida qatagʻon etilgan vatandoshlarimizning uy-muzeylari ekspozitsiyalarini tashkil etishda ishtirok etadi;
xorijiy mamlakatlarda muzeyshunoslik sohasi va tarixiy mavzularda oʻtkaziladigan xalqaro anjumanlarda ishtirok etadi;
g) qatagʻon qurbonlarining hayoti va faoliyatini oʻrganish, ularning ijodiy merosini toʻplash, nashrga tayyorlash va chop etish sohasida:
qatagʻon qurbonlari boʻlgan davlat va jamoat arboblari, fan, adabiyot namoyondalarining respublika va xorijdagi mavjud ilmiy, adabiy, publitsistik merosini aniqlaydi va jamlaydi;
mustamlakachilik, shu jumladan qatagʻon siyosati va uning qurbonlariga bagʻishlangan monografiyalar, albomlar, kitoblar nashr etadi, hujjatli filmlarni suratga oladi, matbuotda maqolalar eʼlon qiladi, toʻplangan materiallarni ommaviy axborot vositalari orqali targʻib qiladi;
d) respublika taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari, talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashini taʼminlash, Muzeyning ilmiy bazasidan foydalangan holda yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlashga koʻmaklashish sohasida:
taʼlim muassasalari bilan innovatsion-korporativ hamkorlik shartnomalarini tuzadi va ular asosida muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari, talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashini taʼminlaydi.
muzey yetakchi olimlarining oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayonida qatnashishlari, talaba va doktorantlarning ilmiy ishlariga rahbarlik qilishlari uchun zarur choralarni koʻradi;
qatagʻon davri tarixiga oid ilmiy faoliyat bilan shugʻullanayotgan tadqiqotchilarga muzey fondi materiallaridan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlar yaratadi;
oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari tarkibi malakasini oshirishni tashkil etishda ishtirok etadi;
e) hududiy muzeylarga uslubiy yordam berish va ularning faoliyatini muvofiqlashtirish:
hududiy muzeylar uchun ekspozitsiyaning namunaviy konsepsiyasi va namunaviy tematik rejasini ishlab chiqadi hamda shu asosda tayyorlangan har bir hududiy muzey ekspozitsiyasi konsepsiyasi va tematik rejasini tasdiqlaydi;
hududiy muzey ekspozitsiyasini yaratishda, uni boyitib borishda uslubiy va amaliy yordam beradi;
hududiy muzeylarning yillik ish rejalarini koʻrib chiqadi va zarur tavsiyalarni beradi.
3-bob. Muzeyning huquqlari va majburiyatlari
10. Muzey oʻziga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlaridan oʻz vakolatiga kiruvchi masalalarni hal etishga doir maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrash va olish;
oʻz vakolati doirasida konferensiyalar, seminarlar va boshqa tadbirlar oʻtkazish hamda bunday tadbirlarda ishtirok etish;
ilmiy-tadqiqot ishlariga respublikadagi va xorijdagi mutaxassislarni shartnoma asosida jalb qilish;
Muzey xodimlari va jalb qilingan mutaxassislarni xorijiy ilmiy-tadqiqot hamda taʼlim muassasalariga ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirishi uchun yuborish;
Muzey faoliyatini takomillashtirish, moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, asosiy fondlarni rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini amalga oshirish masalalari boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;
hududiy muzeylar faoliyatini uslubiy jihatdan muvofiqlashtirish;
Muzeyda xodimlarning moddiy ragʻbatlantirish fondini tuzish.
Muzey qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
11. Muzeyning majburiyatlari quyidagilardan iborat:
Muzey ashyolari va kolleksiyalarining jisman but saqlanishi hamda xavfsizligini;
Muzey ashyolari va kolleksiyalari bilan bogʻliq hisobga olish hujjatlarining yuritilishi hamda but saqlanishini;
Muzey ashyolari va kolleksiyalaridan ilmiy, madaniy, maʼrifiy hamda taʼlim maqsadlarida foydalanilishini taʼminlash.
12. Muzey oʻziga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarning samarali bajarilishi uchun budjetdan ajratiladigan mablagʻlar va uning ixtiyoridagi boshqa mablagʻlardan maqsadli foydalanilishi uchun javob beradi.
4-bob. Muzey faoliyatini tashkil etish
13. Muzeyga belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.
Direktorning Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod qilinadigan ikki nafar oʻrinbosari boʻladi.
14. Muzey direktori:
Muzey faoliyatiga umumiy rahbarlikni amalga oshiradi hamda Muzeyga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarida va boshqa tashkilotlarda, shuningdek, xalqaro tashkilotlar va xorijiy mamlakatlar vakillari ishtirokida oʻtkaziladigan rasmiy tadbirlarda Muzey nomidan vakillik qiladi;
Muzey vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha qarorlar qabul qiladi va Muzeyga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
Muzeyning ilmiy, ilmiy-texnikaviy, maʼmuriy faoliyatining yoʻnalishlarini belgilaydi, uning yillik va istiqboldagi ish rejalarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi, ilmiy-tadqiqot va boshqa jarayonlarni tashkil etadi;
aniq maqsadga yoʻnaltirilgan dastur va tanlov mavzularini, shuningdek, alohida topshiriq va buyurtmalarni amalga oshirish maqsadida Muzeyda vaqtinchalik tadqiqot guruhini tashkil etadi;
Muzeyda ijro intizomi holati boʻyicha bevosita rahbarlikni amalga oshiradi;
Muzey tarkibiy boʻlinmalari nizomini va Muzey xodimlarining funksional vazifalarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
oʻz vakolati doirasida xodimlarni qonun hujjatlarida belgilangan tartibda lavozimga tayinlaydi va lavozimdan ozod qiladi;
zarur boʻlganda, Muzeyning tarkibiy tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni doirasida oʻzgartirishlar kiritadi;
oʻz vakolati doirasida Muzey xodimlarining bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlarni qabul qiladi;
Muzey faoliyati yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.
Direktor qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshiradi.
15. Muzey direktori vaqtinchalik boʻlmagan taqdirda uning vazifalarini bajarish direktor oʻrinbosarlaridan birining zimmasiga yuklanadi.
16. Direktorning ilmiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari:
Muzey tarkibiy boʻlinmalarining ishlarini tashkil qiladi hamda Muzeyga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi hamda boʻlimlarda ijro intizomi holati uchun shaxsan javob beradi;
oʻziga biriktirilgan masalalar boʻyicha hujjatlar loyihasini va materiallarni oʻz vaqtida va sifatli tayyorlashni tashkil etadi, topshiriqlarning bajarilishi yuzasidan nazoratni taʼminlaydi;
Muzey ish rejasida, shuningdek mutaxassislarning shaxsiy ish rejalarida nazarda tutilgan tadbirlarni talab qilinadigan davr mobaynida amalga oshirish va muvofiqlashtirishni taʼminlaydi hamda oʻrganilgan masalalarning tanqidiy tahlili asosida Muzey direktoriga muhokama uchun takliflar kiritadi;
Muzey direktoriga boʻlimlar xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod qilish, ularning malakasini oshirish, mukofotlash va intizomiy javobgarlikka tortish boʻyicha takliflar kiritadi;
vazifalar taqsimotiga koʻra boshqa tegishli vakolatlarni ham amalga oshiradi.
17. Direktorning umumiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari:
Muzey xoʻjalik faoliyati bilan bogʻliq ishlarni muvofiqlashtiradi. Muzey binosi, avtotransport vositasi, asbob-uskunalar, texnika vositalarini saqlash hamda ularni qayta tiklash va oʻrnini toʻldirib borish, shuningdek binolar va ularning atrofidagi tozalikka rioya etilishini taʼminlaydi;
Muzey direktoriga xodimlarni lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod qilish, ularning malakasini oshirish, ularni mukofotlash va intizomiy javobgarlikka tortish boʻyicha takliflar kiritadi.
18. Bosh muhofiz (fond boʻlimi boshligʻi):
barcha muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini belgilangan tartibga muvofiq hisobga oladi;
Muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini nobud boʻlish va oʻgʻirlanishdan himoyalangan holda saqlash choralarini koʻradi;
muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini hisobga olish va ularni saqlashga oid barcha hujjatlarni yuritadi;
muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini hisobga olish, saqlash, taʼmirlash va qoʻriqlashning ichki tartiblarini ishlab chiqadi;
muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini hisobga olish, saqlash, taʼmirlash va qoʻriqlash, ularni joydan-joyga koʻchirish ishlarining toʻgʻri olib borilishi ustidan nazoratni taʼminlaydi;
Bosh muhofiz (fond boʻlimi boshligʻi) muzey direktorining qonun hujjatlariga zid boʻlgan topshirigʻini olgan taqdirda, uni bajarishdan oldin topshiriq zid ekanligini direktorga yozma ravishda bildiradi.
Agar, direktor oʻz topshirigʻini yozma ravishda qayta tasdiqlasa, bosh muhofiz darhol bu haqda Muzey bevosita boʻysunadigan yuqori boshqaruv organini xabardor qilishi shart.
19. Muzeyning ilmiy-tadqiqot va ekspozitsiya masalalarini hal etish uchun jamoatchilik asosida Ilmiy kengash tuziladi.
20. Ilmiy kengash tarkibiga direktor (kengash raisi), uning oʻrinbosarlari, boʻlim mudirlari, shuningdek ilmiy xodimlar hamda boshqa ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari vakillari hamda yuqori malaka va tajribaga ega boʻlgan (ilmiy darajasi bor yoki yoʻqligidan qatʼi nazar) soha mutaxassislari kiradi.
21. Ushbu Kengash muzeyning faoliyatini mamlakatimizda amalga oshirilayotgan islohotlar jarayoniga maqbul tarzda muvofiqlashtirib boradigan kollegial organ hisoblanadi.
22. Quyidagilar Muzey faoliyatini moliyalashtirishning asosiy manbalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Muzeyni saqlash uchun ajratiladigan mablagʻlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan davlat ilmiy dasturlarini amalga oshirish uchun ajratiladigan mablagʻlar;
xoʻjalik faoliyatidan tushadigan mablagʻlar;
xalqaro moliyaviy institutlar, xorijiy tashkilotlar, donor mamlakatlar va tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5-bob. Yakunlovchi qoida
23. Muzeyni qayta tashkil etish va tugatish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 22-noyabrdagi 936-son qaroriga 5-ILOVA
Hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasidagi Qatagʻon qurbonlari xotirasi muzeylarini (keyingi oʻrinlarda hududiy muzeylar deb ataladi) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquq va majburiyatlarini, shuningdek uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Hududiy muzeylar idoraviy mansublik jihatidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga, uslubiy jihatdan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Qatagʻon qurbonlari xotirasi davlat muzeyiga (keyingi oʻrinlarda Muzey deb ataladi) boʻysunadi.
3. Hududiy muzeylar oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Nizomga, shuningdek boshqa qonun hujjatlariga amal qiladi.
4. Hududiy muzeylar oʻz faoliyatida davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.
5. Hududiy muzeylar yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmaydi, hududlardagi oliy taʼlim muassasalarining tuzilmasida tashkil etiladi.
2-bob. Hududiy muzeylarning asosiy vazifalari va funksiyalari
6. Quyidagilar hududiy muzeylarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
hududlarda mustamlakachilik va mustabid tuzum davrida vatanimiz ozodligi va mustaqilligi yoʻlida oʻz jonini fido qilgan, qatagʻon etilgan ajdodlarimiz hayoti va faoliyatini atroflicha oʻrganish va muzey ekspozitsiyalari orqali keng jamoatchilikka targʻib etish;
muzey fondini boyitish maqsadida hududlarda oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilari, doktorantlari va talabalari ishtirokida muntazam ravishda ekspeditsiyalar tashkil etish;
hududlardagi ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari hamda jamoat tashkilotlari bilan birgalikda qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish maqsadida mavzuli ekskursiyalar, maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar, ilmiy-amaliy anjumanlar va koʻrgazmalar oʻtkazish;
muzey ekspozitsiyalarini tashkil etishda axborot texnologiyalaridan samarali foydalanish.
7. Hududiy muzeylar oʻziga yuklangan vazifalardan kelib chiqib quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) hududlarda mustamlakachilik va mustabid tuzum davrida vatanimiz ozodligi va mustaqilligi yoʻlida oʻz jonini fido qilgan, qatagʻon etilgan ajdodlarimiz hayoti va faoliyatini atroflicha oʻrganish va muzey ekspozitsiyalari orqali keng jamoatchilikka targʻib etish;
hududda qatagʻon siyosatining sabablari va oqibatlarini, erk va ozodlik yoʻlida zulm va zoʻrovonlikka qarshi xalq kurashi tarixini tadqiq etib, tadqiqot natijalarini hududda istiqomat qilayotgan ommaga yetkazadi va uni hudud tarixining tarkibiy qismi sifatida aks ettiradi, ularda ajdodlar xotirasiga nisbatan yuksak hurmat va ehtirom tuygʻularini shakllantiradi;
alohida buyurtmalar asosida qatagʻon etilgan vatandoshlarimizning uy-muzeylari ekspozitsiyalarini tashkil etishda ishtirok etadi;
mustamlakachilik, shu jumladan qatagʻon siyosati va uning qurbonlariga bagʻishlangan monografiyalar, albomlar, kitoblar nashr etadi, hujjatli filmlarni suratga oladi, matbuotda maqolalar eʼlon qiladi, toʻplangan materiallarni ommaviy axborot vositalari orqali targʻib qiladi;
b) muzey fondini boyitish maqsadida hududlarda oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilari, doktorantlari va talabalari ishtirokida muntazam ravishda ekspeditsiyalar tashkil etish sohasida:
oliy va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalari, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, ilmiy va ilmiy-texnik muassasalar, nodavlat notijorat tashkilotlari va hududdagi boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro manfaatli ilmiy hamkorlikni rivojlantiradi va takomillashtiradi;
muzeyning yetakchi olim va mutaxassislari tomonidan hududdagi oliy taʼlim muassasalarida maʼruza mashgʻulotlari oʻtkazilishini, muzeyda talabalarning malakaviy amaliyot oʻtashi va bitiruv malakaviy ishlari tayyorlanishini tashkil etadi;
hududdagi oliy taʼlim muassasalari bilan innovatsion-korporativ hamkorlik shartnomalarini tuzadi va ularning asosida hududiy muzeyda ochiq darslar, maʼruza va seminar mashgʻulotlari oʻtkazilishini taʼminlaydi;
hududdagi qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish, ularni yod etish, oʻsib kelayotgan yosh avlod qalbi va ongida oʻtganlar xotirasiga hurmat va ehtirom tuygʻusini shakllantirish bilan bogʻliq maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni amalga oshiradi va targʻib etadi.
v) hududlardagi ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari hamda jamoat tashkilotlari bilan birgalikda qatagʻon qurbonlari xotirasini abadiylashtirish maqsadida mavzuli ekskursiyalar, maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar, ilmiy-amaliy anjumanlar va koʻrgazmalar oʻtkazish sohasida:
fuqarolarni va ayniqsa, yosh avlodni mustaqillik va adolat tantanasi uchun kurashgan fidoyi ota-bobolarimizning xotirasiga hurmat va ehtirom ruhida tarbiyalashda ishtirok etadi;
el-yurtimiz ozodligi va erkinligi yoʻlida, xalqimizning qadr-qimmati, or-nomusini, milliy anʼanalarimiz va urf-odatlarimizni himoya qilishda, bosqinchi va yovuz kuchlarga qarshi mashaqqatli kurashlarda qurbon boʻlganlar xotirasini yod etish yuzasidan tadbirlar tashkil etadi;
hududiy muzey fondlari va ekspozitsiyalarini mamlakatimiz va hududdagi hamda xorijdagi turli hujjatlar va boshqa eksponatlar bilan muntazam boyitib borishni taʼminlaydi.
g) muzey ekspozitsiyalarini tashkil etishda axborot texnologiyalaridan samarali foydalanish sohasida:
muzey ekspozitsiyalarini tashkil qilishda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan samarali foydalanadi;
jahondagi mashhur muzeylarning boy tajribasini tahlil qiladi va ulardan amaliyotda foydalanish choralarini koʻradi;
hududiy muzeylar ekspozitsiyalarini tashkil qilish va targʻib etishda innovatsion texnologiyalardan foydalanish usullarini ishlab chiqadi.
3-bob. Hududiy muzeylarning huquqlari va majburiyatlari
8. Hududiy muzeylar oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:
davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining hududiy boʻlinmalari, mahalliy davlat hokimiyati organlaridan oʻz vakolatiga kiruvchi masalalarni hal etishga doir maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrash va olish;
oʻz vakolatlari doirasida mustamlakachilik davri tarixida erk va ozodlik yoʻlida oʻz jonini fido qilgan ajdodlarimiz hayoti va faoliyatini atroflicha oʻrganish va muzey ekspozitsiyasi orqali keng jamoatchilikka targʻib etish masalalarini muvofiqlashtirish;
oʻz vakolatiga kiruvchi masalalarni hal etish uchun shartnoma asosida tashkilotlarni, olim va mutaxassislarni, shu jumladan chet ellik olimlar va mutaxassislarni jalb etish;
oʻz faoliyatida hududiy oliy taʼlim muassasalari, nodavlat notijorat tashkilotlar, jamgʻarmalar va ilmiy-tadqiqot tashkilotlari bilan oʻzaro ijodiy hamkorlikni amalga oshirish;
Hududiy muzeylar qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
9. Hududiy muzeylarning majburiyatlari quyidagilardan iborat:
muzey ashyolari va kolleksiyalarining jisman but saqlanishi hamda xavfsizligini;
muzey ashyolari va kolleksiyalari bilan bogʻliq hisobga olish hujjatlarining yuritilishi hamda but saqlanishini;
muzey ashyolari va kolleksiyalaridan ilmiy, madaniy, maʼrifiy hamda taʼlim maqsadlarida foydalanilishini taʼminlash.
4-bob. Hududiy muzeylar faoliyatini tashkil etish
10. Hududiy muzeylar direktorlari Muzey direktorining Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi bilan kelishilgan holda taqdim etgan tavsiyasiga asosan tegishli oliy taʼlim muassasasi rektori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
Hududiy muzeylar faoliyatini amalga oshirish uchun tegishli oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari boʻyicha alohida gʻaznachilik shaxsiy hisobvaraqlari ochiladi, belgilangan tartibda daromadlar va xarajatlar smetasi tasdiqlanadi.
Hududiy muzeylar xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ilmiy-tadqiqot muassasalarining tegishli lavozimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari qoʻllaniladi.
Hududiy muzeylar taʼminoti xarajatlarini mablagʻ bilan taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hamda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.
11. Hududiy muzeylar direktori:
hududiy muzeylar faoliyatiga rahbarlik qiladi hamda hududiy muzeylarga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
hududiy muzeylar xodimlari vakolatlarini belgilaydi, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlaydi;
hududiy muzeylar xodimlarining ichki mehnat tartibi qoidalariga, lavozimlar yoʻriqnomasi talablariga hamda xizmatga oid hujjatlar bilan ishlash tartibiga rioya etilishini taʼminlaydi;
davlat organlarida, shu jumladan huquqni muhofaza qilish organlar va sudda, boshqa tashkilotlarda hududiy muzeylar nomidan vakillik qiladi va hududiy muzeylar manfaatini himoya qiladi;
hududiy muzeylar xodimlarini ishga qabul qilish va ozod qilish boʻyicha tegishli oliy taʼlim muassasa rahbariyatiga taklif kiritadi;
qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshiradi.
12. Quyidagilar hududiy muzeylarni faoliyatini moliyalashtirishning asosiy manbalari hisoblanadi:
oliy taʼlim muassasalarining hududiy muzeylarni saqlash uchun ajratiladigan budjetdan tashqari mablagʻlari (toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish uchun tushumlarning faqat toʻlov-kontrakt miqdorining oshirilgan qismi);
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan davlat ilmiy dasturlarini amalga oshirish uchun ajratiladigan mablagʻlar;
faoliyat ixtisosligi boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlardan olingan daromadlar;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar, donor mamlakatlar va tashkilotlarning grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5-bob. Yakunlovchi qoida
13. Hududiy muzeylarni qayta tashkil etish va tugatish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2017-yil 22-noyabr,
936-son