UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 11-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 11 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 декабря 2017 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 December 2017 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТАРКИБИ

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармасининг низомини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3176-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси кузатув кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 976-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма миллий кино маҳсулотларини яратишнинг белгиланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларининг тегишли қисмини молиялаштириш, Агентлик тизимидаги кинематография объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кинематография соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ягона шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва мазкур Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларнинг кинопрокатидан тушадиган маблағлар;

давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларни намойиш этиш мобайнида жойлаштириладиган тижорат эълонларидан тушадиган маблағларнинг 10 (ўн) фоизига тенг миқдордаги мажбурий ажратмалар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

Агентлик томонидан кино ва бошқа маданий-ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ бўлган фаолиятдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш

5. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ амалга оширилади.

6. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.

7. Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларни молиялаштириш учун сарфланади:

миллий кино маҳсулотларини яратишнинг белгиланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларининг тегишли қисмини молиялаштириш;

кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш;

ёш, истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорларнинг етакчи хорижий таълим муассасаларида таҳсил олиши билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;

республика, ҳудудий ва давлатлараро аҳамиятга эга маданий-ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, миллий кинематографияни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва режаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар;

Агентлик тизимидаги кинематография ташкилотларини модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шу жумладан, миллий кино маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун замонавий кино технологиялар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар харид қилиш;

Агентлик ҳузуридаги Бадиий кенгаш аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

миллий фильмларни хорижда кенг тарғиб қилиш ва халқаро кинофестиваллардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар;

Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган кинематографияни ривожлантиришга доир хорижий ва халқаро тадбирлар ҳамда учрашувларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар;

Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган миқдорларда Агентлик ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш.

Жамғарма маблағлари «Ўзбеккино» Миллий агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун ҳам ишлатилади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш

8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Агентлик бош директори раислик қилувчи Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Кузатув кенгаши таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Кузатув кенгаши унинг мажлисида ушбу Кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

9. Кузатув кенгаши:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди;

ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тадбирлар Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилишини белгилайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади.

10. Кузатув кенгаши мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.

11. Жамғарма маблағларини бошқариш, шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш Агентликнинг Иқтисодий таҳлил, молиялаштириш ва жамғарма маблағларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) томонидан амалга оширилади.

12. Бошқарма:

Жамғарманинг маблағлари ҳисоби юритилишини таъминлайди;

Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди;

Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини молиялаштириш тўғрисида таклифлар киритади.

5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисобот, назорат ва жавобгарлик

13. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва харажатлари ҳисоби Агентлик томонидан алоҳида юритилади.

14. Агентлик томонидан ҳар чоракда кейинги ойнинг 15-кунигача Жамғарма маблағларининг жамланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашига тақдим этади.

15. Ҳисоботлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунигача Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

16. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

17. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Агентлик:

Жамғарма маблағлари бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.

18. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

19. Жамғарма маблағларининг тўғри шакллантирилиши ва фойдаланилиши юзасидан назорат белгиланган тартибда давлат молиявий назорат органи томонидан амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20. Жамғармани тугатиш ёки қайта тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

21. Жамғарма маблағларидан фойдаланишда келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 976-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгашининг

Ф.Ш. Закиров — «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори, Кенгаш раиси Н.Ж. Маҳмудов — «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари А.А. Турдиев — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими А.А. Фозилов — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармасининг бошлиғи О.А. Абдушукуров — Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ёш кино ижодкорлар кенгаши раиси М.М. Мухторов — «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Кино лойиҳаларни тематик режалаштириш, фильмларни эксперт баҳолаш ва лицензиялаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ш.О. Келдибоев — «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг Иқтисодий таҳлил, молиялаштириш ва жамғарма маблағларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, Кенгаш котиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 11 декабрь,

976-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.12.2017 й., 09/17/976/0399-сон; 20.08.2019 й., 09/19/695/3595-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TARKIBI

“Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasining nizomini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy kinematografiyani yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 7-avgustdagi PQ-3176-son qarorini bajarish yuzasidan, shuningdek, “Oʻzbekkino” Milliy agentligi faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

“Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

“Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi kuzatuv kengashining tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish “Oʻzbekkino” Milliy agentligining bosh direktori F.Sh. Zokirov zimmasiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 11-dekabrdagi 976-son qaroriga 1-ILOVA

“Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma milliy kino mahsulotlarini yaratishning belgilangan yillik ishlab chiqarish hajmlari prognoz koʻrsatkichlarining tegishli qismini moliyalashtirish, Agentlik tizimidagi kinematografiya obyektlarining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash va kinematografiya sohasini rivojlantirishga koʻmaklashish maqsadida tashkil etiladi.

3. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida ochilgan “Oʻzbekkino” Milliy agentligining (keyingi oʻrinlarda Agentlik deb ataladi) yagona shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi va mazkur Nizomda belgilangan maqsadlarga sarflanadi.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

4. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

davlat buyurtmasi va Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ishlab chiqarilgan filmlarning kinoprokatidan tushadigan mablagʻlar;

davlat buyurtmasi va Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ishlab chiqarilgan filmlarni namoyish etish mobaynida joylashtiriladigan tijorat eʼlonlaridan tushadigan mablagʻlarning 10 (oʻn) foiziga teng miqdordagi majburiy ajratmalar;

Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini qonun hujjatlariga muvofiq bank depozitlari shaklida va boshqa shakllarda joylashtirishdan tushadigan daromadlar;

Agentlik tomonidan kino va boshqa madaniy-ijtimoiy tadbirlarni tashkil etish hamda oʻtkazish bilan bogʻliq boʻlgan faoliyatdan olinadigan daromadlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning, shuningdek, xalqaro tashkilotlarning homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish

5. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish uning Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasiga muvofiq amalga oshiriladi.

6. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi budjet tashkilotlari uchun budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tuziladi.

7. Jamgʻarmaning mablagʻlari quyidagilarni moliyalashtirish uchun sarflanadi:

milliy kino mahsulotlarini yaratishning belgilangan yillik ishlab chiqarish hajmlari prognoz koʻrsatkichlarining tegishli qismini moliyalashtirish;

kinematografiya sohasida faoliyat koʻrsatayotgan ijodkorlarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, shu jumladan, ularni moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirish;

yosh, isteʼdodli va istiqbolli kino ijodkorlarning yetakchi xorijiy taʼlim muassasalarida tahsil olishi bilan bogʻliq chora-tadbirlarni moliyalashtirish;

respublika, hududiy va davlatlararo ahamiyatga ega madaniy-ijtimoiy tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish, milliy kinematografiyani rivojlantirishga qaratilgan dasturlar va rejalarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar;

Agentlik tizimidagi kinematografiya tashkilotlarini modernizatsiya qilish, ularning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash va rivojlantirish, shu jumladan, milliy kino mahsulotlari ishlab chiqarish uchun zamonaviy kino texnologiyalar, asbob-uskunalar, jihozlar xarid qilish;

Agentlik huzuridagi Badiiy kengash aʼzolari mehnatiga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar;

milliy filmlarni xorijda keng targʻib qilish va xalqaro kinofestivallardagi ishtirokini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar;

Oʻzbekiston Respublikasida boʻlib oʻtadigan kinematografiyani rivojlantirishga doir xorijiy va xalqaro tadbirlar hamda uchrashuvlarni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar;

Jamgʻarma Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan miqdorlarda Agentlik xodimlarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, shu jumladan, ularni moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirish.

Jamgʻarma mablagʻlari “Oʻzbekkino” Milliy agentligiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa maqsadlar uchun ham ishlatiladi.

4-bob. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish

8. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash Agentlik bosh direktori raislik qiluvchi Kuzatuv kengashi tomonidan amalga oshiriladi.

Kuzatuv kengashi tarkibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi. Kuzatuv kengashi uning majlisida ushbu Kengash aʼzolarining yarmidan koʻpi qatnashgan taqdirda vakolatli boʻladi. Koʻrib chiqilayotgan masalalar boʻyicha qarorlar oddiy koʻpchilik ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi. Qabul qilingan qaror bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.

9. Kuzatuv kengashi:

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini tasdiqlaydi;

ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan tadbirlar Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga moliyalashtirilishini belgilaydi;

zarur hollarda tasdiqlangan xarajatlar smetalariga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.

10. Kuzatuv kengashi majlisi har chorakda bir marotaba, zarur boʻlganda navbatdan tashqari chaqiriladi.

11. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish, shakllantirish va ulardan foydalanish monitoringini olib borish Agentlikning Iqtisodiy tahlil, moliyalashtirish va jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni muvofiqlashtirish boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda Boshqarma deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.

12. Boshqarma:

Jamgʻarmaning mablagʻlari hisobi yuritilishini taʼminlaydi;

Jamgʻarma faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotni tayyorlaydi;

Kuzatuv kengashiga Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishning asosiy yoʻnalishlarini moliyalashtirish toʻgʻrisida takliflar kiritadi.

5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan hisobot, nazorat va javobgarlik

13. Jamgʻarma boʻyicha mablagʻlar tushumi va xarajatlari hisobi Agentlik tomonidan alohida yuritiladi.

14. Agentlik tomonidan har chorakda keyingi oyning 15-kunigacha Jamgʻarma mablagʻlarining jamlanishi va xarajatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Kuzatuv kengashiga taqdim etadi.

15. Hisobotlar hisobot choragidan keyingi oyning 20-kunigacha Agentlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etiladi.

16. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi ustidan nazorat Kuzatuv kengashi tomonidan amalga oshiriladi.

17. Jamgʻarma mablagʻlarining sarflanishida Agentlik:

Jamgʻarma mablagʻlari buxgalteriya hisobi toʻgʻri yuritilishi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi uchun javob beradi.

18. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmay qolgan mablagʻlari keyingi yilga oʻtadi va olib qoʻyilmaydi.

19. Jamgʻarma mablagʻlarining toʻgʻri shakllantirilishi va foydalanilishi yuzasidan nazorat belgilangan tartibda davlat moliyaviy nazorat organi tomonidan amalga oshiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Jamgʻarmani tugatish yoki qayta tuzish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

21. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishda kelib chiqadigan nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 11-dekabrdagi 976-son qaroriga 2-ILOVA

“Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi Kuzatuv kengashining

F.Sh. Zakirov — “Oʻzbekkino” Milliy agentligi bosh direktori, Kengash raisi N.J. Mahmudov — “Oʻzbekkino” Milliy agentligi bosh direktori oʻrinbosari, Kengash raisi oʻrinbosari A.A. Turdiyev — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining masʼul xodimi A.A. Fozilov — Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Ijtimoiy soha va fanni moliyalashtirish bosh boshqarmasining boshligʻi O.A. Abdushukurov — Oʻzbekiston Yoshlar ittifoqi Yosh kino ijodkorlar kengashi raisi M.M. Muxtorov — “Oʻzbekkino” Milliy agentligi Kino loyihalarni tematik rejalashtirish, filmlarni ekspert baholash va litsenziyalash boshqarmasi boshligʻining oʻrinbosari Sh.O. Keldiboyev — “Oʻzbekkino” Milliy agentligining Iqtisodiy tahlil, moliyalashtirish va jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni muvofiqlashtirish boshqarmasi boshligʻi, Kengash kotibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2017-yil 11-dekabr,

976-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 12.12.2017-y., 09/17/976/0399-son; 20.08.2019-y., 09/19/695/3595-son)

lex.uz