📅 2017-yil 27-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Moliya vazirligi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017-yil 27-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Moliya vazirligi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2017 йил 27 декабрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 декабря 2017 г. · Документы министерств и ведомств · Министерства высшего и среднего специального образования Министерства финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 December 2017 · Ministry and agency documents · Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Moliya vazirligi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 18 июлдаги ПҚ-3138-сон «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2017 йил 27 декабрдаги 30-2017 ва 186-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 18 июлдаги ПҚ-3138-сон «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (бундан буён матнда Иттифоқ деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом қоидалари олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида тўлов-контракт асосида ўқишнинг кундузги бўлимида (иккинчи мутахассислик, сиртқи ва кечки таълим бундан мустасно) таҳсил олаётган талабаларга қўлланилади.
2. Мазкур Низомга мувофиқ тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватланади.
Моддий қўллаб-қувватлаш Иттифоқ томонидан талабанинг ўқиши учун тўланадиган йиллик тўлов-контракт миқдорининг 35 фоизини тўлаб бериш орқали амалга оширилади. Бунда талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш улар томонидан шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаш шарти билан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабалар иккинчи босқичдан бошлаб моддий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм Қўмондонлигининг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ва Иттифоқ томонидан моддий ёрдам кўрсатилаётган талабаларга мазкур Низомда белгиланган моддий қўллаб-қувватлаш имтиёзлари татбиқ этилмайди.
2-боб. Моддий қўллаб-қувватланадиган даъвогарларга қўйиладиган талаблар
5. Моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этилаётган талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврда (биринчи босқич талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестр натижаларини) 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши лозим. Бунда талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврдаги ўқув фанлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари йиғиндисини ўтилган ҳар бир семестрдаги ўқув фанларининг умумий сонига бўлиш орқали аниқланади.
6. Иттифоқнинг олий таълим муассасасидаги Ёшлар Кенгаши (бундан буён матнда Ёшлар Кенгаши деб юритилади) даъвогар талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда даъвогар талабаларнинг қуйидаги асосий кўрсаткичларини (биринчи босқичдаги даъвогар талабалар учун ўқув йилининг биринчи семестр натижаларини) инобатга олади:
даъвогар талабанинг Иттифоқ ва олий таълим муассасаси фаолиятидаги маънавий-маърифий ва жамоат ишларида Иттифоқнинг бошланғич ташкилоти, маҳаллий ва ҳудудий Кенгашлари, Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ташкил этиладиган лойиҳа ва тадбирларидаги фаол иштироки;
даъвогар талабанинг фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларидаги натижалари;
даъвогар талабанинг ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари;
даъвогар талабанинг илмий ва ижодий фаолияти натижалари;
даъвогар талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиши (талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги юзасидан фақат олий таълим муассасаси ректори буйруғи асосида берилган ҳайфсан Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши томонидан даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлашни рад этиш учун асос сифатида қабул қилинади).
Даъвогар талабаларнинг асосий кўрсаткичларини баҳолаш мезонлари Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
3-боб. Моддий қўллаб-қувватланадиган даъвогар талабаларни саралаш
7. Ҳар йили 1 февраль кунидан кечикмаган ҳолда Ёшлар Кенгаши олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз фаолиятини бошлаши лозим.
8. Ҳар йили 10 февраль кунига қадар мазкур Низомнинг 2-бандида кўзда тутилган талабалар Ёшлар Кенгашига Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватлаш кўрсатилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
9. Ҳар йили 10 февралдан 15 февралга қадар Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.
10. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши талабани моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш ёки рад этиш ҳуқуқига эга.
Даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлаш рад этилган ҳолларда, Ёшлар Кенгашининг тегишли мажлиси баёнида унинг сабаблари кўрсатилади.
11. Ёшлар Кенгашининг моддий қўллаб-қувватлашга талабаларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори жорий ўқув йили мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
12. Ёшлар Кенгашининг тегишли мажлиси баёни нусхалари уч иш куни мобайнида олий таълим муассасасига ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига тақдим этилади.
Иттифоқнинг Марказий Кенгашига юбориладиган мажлис баённомасининг нусхасига моддий ёрдам кўрсатишга тавсия этилган талабаларнинг рўйхати илова қилинади.
Мазкур Низом асосида тақдим этилган барча ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳақиқийлиги учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) ҳамда Ёшлар Кенгаши жавобгар ҳисобланади.
13. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши Ёшлар Кенгашлари қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани Ёшлар Кенгашининг тегишли ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг, ўн иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқади.
14. Моддий қўллаб-қувватлаш жараёни Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори асосида амалга оширилади.
15. Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорининг бир нусхаси уч иш куни ичида тегишли олий таълим муассасасига, яна бир нусхаси Ёшлар Кенгашига юборилади.
16. Иттифоқ Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин беш банк куни мобайнида, лекин йилнинг 1 мартидан кечиктирилмай олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига моддий ёрдам кўрсатиш пули ўтказилади.
17. Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда даъвогар талабаларни моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш муддатларига ўзгартириш киритилиши мумкин.
4-боб. Моддий ёрдам кўрсатиш пулининг қайтарилиши
18. Талабалар сафидан чиқарилган ёки академик таътилга чиққан талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 28 ва 29-бандларига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилган моддий ёрдам кўрсатиш пули қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига қайтарилиши лозим.
19. Олий таълим муассасаси талабалари сафидан чиқарилган талаба Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) 27-бандига мувофиқ ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолларда Иттифоқнинг Марказий Кенгаши тўланган моддий ёрдам кўрсатиш пулини талабадан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундиради.
20. Талаба моддий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқидан воз кечса, олий таълим муассасаси талаба учун тўланган маблағни Иттифоқнинг Марказий Кенгашига ўн банк куни ичида қайтаради.
21. Мазкур Низомнинг 19 — 21-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юз берган тақдирда Ёшлар Кенгаши Иттифоқнинг Марказий Кенгашини ўн календарь куни мобайнида хабардор қилиши шарт.
5-боб. Якуний қоидалар
22. Мазкур Низом қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватланган талабаларнинг ўқув жараёнидаги иштироки, ўзлаштириши, интизоми ва Иттифоқ фаолиятидаги иштироки устидан назорат қилиш тегишли олий таълим муассасаси ҳамда Ёшлар Кенгаши зиммасига юклатилади.
23. Ушбу Низом Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан келишилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. МАДЖИДОВ
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ. ҚУРАНБАЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 27 декабрь,
Тошкент ш.,
2017 йил 27 декабрь,
2017 йил 27 декабрь
30-2017-сон
186-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining
Qarori
NIZOM
Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi tomonidan oliy taʼlim muassasalarida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining faol aʼzosi boʻlgan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 5-iyuldagi PF-5106-son “Yoshlarga oid davlat siyosati samaradorligini oshirish va Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisida”gi Farmoni va 2017-yil 18-iyuldagi PQ-3138-son “Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi faoliyatini takomillashtirishga doir kompleks chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi va Moliya vazirligi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi tomonidan oliy taʼlim muassasalarida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining faol aʼzosi boʻlgan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi va Moliya vazirligining 2017-yil 27-dekabrdagi 30-2017 va 186-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi tomonidan oliy taʼlim muassasalarida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining faol aʼzosi boʻlgan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 5-iyuldagi PF-5106-son “Yoshlarga oid davlat siyosati samaradorligini oshirish va Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisida”gi Farmoni va 2017-yil 18-iyuldagi PQ-3138-son “Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi faoliyatini takomillashtirishga doir kompleks chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq ishlab chiqilgan boʻlib, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi (bundan buyon matnda Ittifoq deb yuritiladi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining faol aʼzosi boʻlgan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom qoidalari oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat va magistratura bosqichlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqishning kunduzgi boʻlimida (ikkinchi mutaxassislik, sirtqi va kechki taʼlim bundan mustasno) tahsil olayotgan talabalarga qoʻllaniladi.
2. Mazkur Nizomga muvofiq toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan talabalar Ittifoqning oliy taʼlim muassasalaridagi boshlangʻich tashkiloti faoliyatida faol qatnashgan taqdirda Ittifoq tomonidan moddiy qoʻllab-quvvatlanadi.
Moddiy qoʻllab-quvvatlash Ittifoq tomonidan talabaning oʻqishi uchun toʻlanadigan yillik toʻlov-kontrakt miqdorining 35 foizini toʻlab berish orqali amalga oshiriladi. Bunda talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash ular tomonidan shartnomada belgilangan toʻlov miqdorining 65 foizini belgilangan muddatlarda toʻlash sharti bilan amalga oshiriladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha Davlat komissiyasining qarori asosida qoʻshimcha toʻlov-kontrakt asosida bakalavriat bosqichiga oʻqishga qabul qilingan talabalar ikkinchi bosqichdan boshlab moddiy qoʻllab-quvvatlanish huquqiga ega boʻladilar.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli harbiy xizmatni oʻtab, harbiy qism Qoʻmondonligining tavsiyanomasi asosida oliy taʼlim muassasalariga toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilingan va Ittifoq tomonidan moddiy yordam koʻrsatilayotgan talabalarga mazkur Nizomda belgilangan moddiy qoʻllab-quvvatlash imtiyozlari tatbiq etilmaydi.
2-bob. Moddiy qoʻllab-quvvatlanadigan daʼvogarlarga qoʻyiladigan talablar
5. Moddiy qoʻllab-quvvatlashga tavsiya etilayotgan talabaning oʻrtacha oʻzlashtirish koʻrsatkichi oʻrganilayotgan davrda (birinchi bosqich talabalari uchun oʻquv yilining birinchi semestr natijalarini) 86 foiz va undan yuqori boʻlishi lozim. Bunda talabaning oʻrtacha oʻzlashtirish koʻrsatkichi oʻrganilayotgan davrdagi oʻquv fanlari boʻyicha oʻzlashtirish koʻrsatkichlari yigʻindisini oʻtilgan har bir semestrdagi oʻquv fanlarining umumiy soniga boʻlish orqali aniqlanadi.
6. Ittifoqning oliy taʼlim muassasasidagi Yoshlar Kengashi (bundan buyon matnda Yoshlar Kengashi deb yuritiladi) daʼvogar talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlashga tavsiya etish toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqishda daʼvogar talabalarning quyidagi asosiy koʻrsatkichlarini (birinchi bosqichdagi daʼvogar talabalar uchun oʻquv yilining birinchi semestr natijalarini) inobatga oladi:
daʼvogar talabaning Ittifoq va oliy taʼlim muassasasi faoliyatidagi maʼnaviy-maʼrifiy va jamoat ishlarida Ittifoqning boshlangʻich tashkiloti, mahalliy va hududiy Kengashlari, Ittifoqning Markaziy Kengashi tomonidan tashkil etiladigan loyiha va tadbirlaridagi faol ishtiroki;
daʼvogar talabaning fan olimpiadalari va sport musobaqalaridagi natijalari;
daʼvogar talabaning tashkilotchilik va yetakchilik qobiliyatlari;
daʼvogar talabaning ilmiy va ijodiy faoliyati natijalari;
daʼvogar talabaning oliy taʼlim muassasasida belgilangan ichki tartib-qoidalarga rioya etishi (talabaning oliy taʼlim muassasasida belgilangan ichki tartib-qoidalariga rioya etmaganligi yuzasidan faqat oliy taʼlim muassasasi rektori buyrugʻi asosida berilgan hayfsan Ittifoqning Yoshlar Kengashi tomonidan daʼvogar talabani moddiy qoʻllab-quvvatlashni rad etish uchun asos sifatida qabul qilinadi).
Daʼvogar talabalarning asosiy koʻrsatkichlarini baholash mezonlari Ittifoqning Markaziy Kengashi tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
3-bob. Moddiy qoʻllab-quvvatlanadigan daʼvogar talabalarni saralash
7. Har yili 1-fevral kunidan kechikmagan holda Yoshlar Kengashi oliy taʼlim muassasasida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining faol aʼzosi boʻlgan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash boʻyicha oʻz faoliyatini boshlashi lozim.
8. Har yili 10-fevral kuniga qadar mazkur Nizomning 2-bandida koʻzda tutilgan talabalar Yoshlar Kengashiga Ittifoq tomonidan moddiy qoʻllab-quvvatlash koʻrsatilishini soʻrab ariza bilan murojaat qilish huquqiga ega.
9. Har yili 10-fevraldan 15-fevralga qadar Yoshlar Kengashi daʼvogar talabalarning arizalarini koʻrib chiqadi hamda moddiy qoʻllab-quvvatlash uchun tavsiya etish boʻyicha qaror qabul qiladi.
10. Ittifoqning Yoshlar Kengashi talabani moddiy qoʻllab-quvvatlashga tavsiya etish yoki rad etish huquqiga ega.
Daʼvogar talabani moddiy qoʻllab-quvvatlash rad etilgan hollarda, Yoshlar Kengashining tegishli majlisi bayonida uning sabablari koʻrsatiladi.
11. Yoshlar Kengashining moddiy qoʻllab-quvvatlashga talabalarni tavsiya etish toʻgʻrisidagi qarori joriy oʻquv yili mobaynida haqiqiy hisoblanadi.
12. Yoshlar Kengashining tegishli majlisi bayoni nusxalari uch ish kuni mobaynida oliy taʼlim muassasasiga va Ittifoqning Markaziy Kengashiga taqdim etiladi.
Ittifoqning Markaziy Kengashiga yuboriladigan majlis bayonnomasining nusxasiga moddiy yordam koʻrsatishga tavsiya etilgan talabalarning roʻyxati ilova qilinadi.
Mazkur Nizom asosida taqdim etilgan barcha hujjatlarning toʻgʻriligi va haqiqiyligi uchun oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) hamda Yoshlar Kengashi javobgar hisoblanadi.
13. Ittifoqning Markaziy Kengashi Yoshlar Kengashlari qarorlarini tasdiqlash toʻgʻrisidagi masalani Yoshlar Kengashining tegishli hujjatlar taqdim qilingandan soʻng, oʻn ish kunidan kechiktirmasdan koʻrib chiqadi.
14. Moddiy qoʻllab-quvvatlash jarayoni Ittifoq Markaziy Kengashi Ijroiya qoʻmitasi qarori asosida amalga oshiriladi.
15. Ittifoq Markaziy Kengashi Ijroiya qoʻmitasi qarorining bir nusxasi uch ish kuni ichida tegishli oliy taʼlim muassasasiga, yana bir nusxasi Yoshlar Kengashiga yuboriladi.
16. Ittifoq Markaziy Kengashi Ijroiya qoʻmitasi tomonidan talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingandan keyin besh bank kuni mobaynida, lekin yilning 1-martidan kechiktirilmay oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga moddiy yordam koʻrsatish puli oʻtkaziladi.
17. Ittifoqning Markaziy Kengashi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda daʼvogar talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlashga tavsiya etish bilan bogʻliq masalani koʻrib chiqish muddatlariga oʻzgartirish kiritilishi mumkin.
4-bob. Moddiy yordam koʻrsatish pulining qaytarilishi
18. Talabalar safidan chiqarilgan yoki akademik taʼtilga chiqqan talaba Oliy va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida oʻqitishning toʻlov-kontrakt shakli va undan tushgan mablagʻlarni taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning (roʻyxat raqami 2431, 2013-yil 26-fevral) 28 va 29-bandlariga muvofiq oʻzining toʻlov-kontrakt asosida oʻqishi uchun toʻlagan mablagʻini qaytarib olish huquqiga ega boʻlgan hollarda Ittifoqning Markaziy Kengashi tomonidan oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga oʻtkazilgan moddiy yordam koʻrsatish puli qayta hisob-kitob qilinishi va Ittifoqning Markaziy Kengashiga qaytarilishi lozim.
19. Oliy taʼlim muassasasi talabalari safidan chiqarilgan talaba Oliy va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida oʻqitishning toʻlov-kontrakt shakli va undan tushgan mablagʻlarni taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning (roʻyxat raqami 2431, 2013-yil 26-fevral) 27-bandiga muvofiq oʻzining toʻlov-kontrakt asosida oʻqishi uchun toʻlagan mablagʻini qaytarib olish huquqiga ega boʻlmagan hollarda Ittifoqning Markaziy Kengashi toʻlangan moddiy yordam koʻrsatish pulini talabadan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiradi.
20. Talaba moddiy qoʻllab-quvvatlanish huquqidan voz kechsa, oliy taʼlim muassasasi talaba uchun toʻlangan mablagʻni Ittifoqning Markaziy Kengashiga oʻn bank kuni ichida qaytaradi.
21. Mazkur Nizomning 19 — 21-bandlarida koʻrsatilgan holatlar yuz bergan taqdirda Yoshlar Kengashi Ittifoqning Markaziy Kengashini oʻn kalendar kuni mobaynida xabardor qilishi shart.
5-bob. Yakuniy qoidalar
22. Mazkur Nizom qoidalariga rioya etilishi, shuningdek, Ittifoq tomonidan moddiy qoʻllab-quvvatlangan talabalarning oʻquv jarayonidagi ishtiroki, oʻzlashtirishi, intizomi va Ittifoq faoliyatidagi ishtiroki ustidan nazorat qilish tegishli oliy taʼlim muassasasi hamda Yoshlar Kengashi zimmasiga yuklatiladi.
23. Ushbu Nizom Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi Markaziy Kengashi bilan kelishilgan.
Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I. MADJIDOV
Moliya vaziri D. KUCHKAROV
Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi Markaziy Kengashi raisi Q. QURANBAYEV
Toshkent sh.,
2017-yil 27-dekabr,
Toshkent sh.,
2017-yil 27-dekabr,
2017-yil 27-dekabr
30-2017-son
186-son