UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 8-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 8 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 января 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 January 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ролини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясига ( П.Р. Бобожонов) юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига ИЛОВА

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан диний ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини (кейинги ўринларда жамоат ташкилотлари деб аталади) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун моддий ва бошқа тарзда рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартибини белгилайди.

2. Қуйидагилар фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш (кейинги ўринларда — фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш деб аталади)нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаоллигини янада ошириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш;

фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қўшаётган ҳиссалари учун муносиб тақдирлаш.

фуқаролар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга қўшаётган ҳиссаси учун уларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига тажовуз қилинишининг олдини олишга қаратилган, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоя қилиниши чораларини ўз ичига оладиган чора-тадбирлар тизимини белгилаш.

3. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш:

қонунийлик;

адолатлилик;

холислик;

ошкоралик;

фуқаролар, жамоат ташкилотлари вакилларининг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.

4. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисидаги таклифлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларга (кейинги ўринларда идоралараро комиссиялар деб аталади) фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тақдимнома киритиш орқали амалга оширилади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар тизимига:

ички ишлар органлари;

прокуратура органлари;

миллий хавфсизлик хизмати органлари;

адлия органлари;

давлат божхона хизмати органлари;

давлат солиқ хизмати органлари;

меҳнат органлари;

таълимни давлат томонидан бошқариш органлари;

давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари;

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари киради.

5. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисидаги таклифлар республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳолатлар ҳақида икки ва ундан ортиқ фуқаро ёки жамоат ташкилоти ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органларга хабар берган тақдирда, бу ҳақда биринчи бўлиб хабар берган фуқаро ёки жамоат ташкилоти рағбатлантирилади.

2-боб. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш асослари

6. Қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда фуқаролар ва жамоат ташкилотлари рағбатлантирилиши мумкин:

қасддан содир этилиши режалаштирилаётган ёки содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг олдини олиши ёхуд тўхтатиши;

тайёргарлик кўрилаётган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши натижасида жиноят содир этилишининг олди олиниши;

қасддан содир этилаётган жиноятни тўхтатиши ва уни тўлиқ фош этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;

фош этилмаган жиноят бўйича уни фош этишга кўмаклашувчи далилларни аниқлаши ёки уни содир этган шахслар ёхуд уларнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши натижасида жиноятнинг фош этилиши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахснинг яширинган манзили ҳақида хабар бериши, уни ушлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;

бедарак йўқолган шахс ҳақида берган маълумоти асосида унинг аниқланиши;

аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиши ва уни бевосита амалга ошириши;

жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш борасида таклиф ва ташаббусларни амалга жорий этиши.

7. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш юзасидан зарур ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштириш мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, рағбатлантириш тўғрисидаги таклиф билан чиққан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар томонидан бажарилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туман (шаҳар) даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар рағбатлантириш ташаббуси билан ҳудудий идоралараро комиссияга, республика даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар эса республика идоралараро комиссиясига таклиф билан чиқадилар.

8. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар раҳбарларининг фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш бўйича тақдимномаси ва унга илова қилинган асослантирувчи ҳужжатлар, рағбатлантириш учун асослар юзага келган кундан бошлаб уч кун муддатда республика ёки ҳудудий идоралараро комиссияларга тақдим этилади.

9. Тақдимномага рағбатлантириш учун асос бўлувчи қуйидаги ҳужжатлардан бири илова қилинади:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома;

жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор;

ушланган қидирувдаги шахсга нисбатан қидирувнинг бекор қилинганлиги тўғрисида прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг қарори ёки суднинг ажрими;

мазкур Низомнинг 6-банди саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича йиғилиш баённомаси нусхалари.

10. Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан тақдимнома ва бошқа асослантирувчи ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.

11. Республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялар раислари комиссия қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва холислиги учун масъул ҳисобланадилар.

12. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

13. Мазкур Низом талаблари ушбу Низом 6-бандининг еттинчи ва 16-бандининг иккинчи хатбошиларида кўрсатилган бедарак йўқолган шахсларнинг яқин қариндошларига (ота-она, ака-ука, ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-ука ва опа-сингиллари) нисбатан татбиқ этилмайди.

3-боб. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш турлари

14. Фуқароларни пул маблағлари билан рағбатлантириш тегишли идоралараро комиссиялар томонидан қуйидаги миқдордаги тўловларни тўлаш йўли билан амалга оширилади:

туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,52 бараваригача;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар идоралараро комиссиялари — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,30 бараваригача;

Республика идоралараро комиссияси — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7,05 бараваригача миқдорда.

15. Фуқаролар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳар бир тасдиқланган хабар учун мазкур Низомнинг 14-бандида белгиланган рағбатлантириш миқдорининг:

маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун — 50 фоизигача;

унча оғир бўлмаган жиноятлар учун — 75 фоизигача;

оғир жиноятлар учун — 100 фоизигача;

ўта оғир жиноятлар учун — 150 фоизигача;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам берганлиги учун фуқароларга бериладиган рағбатлантиришнинг миқдори, ушбу шахслар содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, юқоридагиларга мос равишда, 50 фоиздан 150 фоизгача пул маблағлари билан рағбатлантирилади.

16. Қуйидагилар учун фуқаролар ташаккурнома ва бошқа эсдалик совғалар билан тақдирланади:

бедарак йўқолган шахсларни аниқлашда ёрдам кўрсатилиши;

аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиш ва уни бевосита амалга оширилиши;

жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш борасида таклиф ва ташаббусларнинг амалга жорий этилиши.

17. Жамоат ташкилотлари мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган барча ҳолатлар бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

3 1 -боб. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш

17 1 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

17 2 . Фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ўртача оғир ва оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ёхуд ҳалок бўлганида (вафот этганида) унинг ижтимоий ҳимояси таъминланади.

17 3 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш юзасидан зарур ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш мазкур Низомнинг 17 2 -бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун бевосита масъул бўлган органлар томонидан амалга оширилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар)лар даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш таклифи билан ҳудудий идоралараро комиссияга, республика даражасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар эса — республика идоралараро комиссияга мурожаат қиладилар.

17 4 . Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар раҳбарларининг фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар, ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асослар юзага келган кундан бошлаб уч кун муддатда республика ёки ҳудудий идоралараро комиссияларга тақдим этилади.

17 5 . Тақдимномага ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асос бўлувчи қуйидаги ҳужжатлардан бири илова қилинади:

суд-тиббий экспертизаси хулосаси;

вафот этганлик тўғрисида маълумотнома.

17 6 . Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар тақдимнома ва бошқа асословчи ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласини кўриб чиқади.

17 7 . Республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялар раислари комиссия қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва холислиги учун шахсан масъул ҳисобланадилар.

17 8 . Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш қуйидагича амалга оширилади:

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ўртача оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади;

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида оғир тан жароҳати олган (етказилган)да ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади;

фуқаро жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки вақтида ҳалок бўлганида (вафот этганида) ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг тақдимномаси асосида чиқарилган идоралараро комиссия қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик нафақа тайинланади.

4-боб. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тартиби

18. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун тақдирлаш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, фуқаролар, шу жумладан жамоат ташкилотлари вакилларининг шахсий хавфсизлигини таъминлашни ҳамда уларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда, кенг жамоатчилик иштирокида, республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан, тантанали равишда амалга оширилади.

Тақдирлаш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ тантанали маросимлар оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин.

19. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотларига ҳам тавсия этилиши мумкин.

20. Эсдалик совғалар фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш таклифи билан чиққан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва уларнинг миқдори ҳамда қиймати ушбу органлар томонидан белгиланади.

21. Фуқароларни пул мукофотлари билан тақдирлаш харажатлари рағбатлантириш таклифи билан чиққан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

22. Рағбатлантирилган ҳамда ижтимоий ҳимояси таъминланганларнинг фуқаролар ва жамоат ташкилотларининг ҳисоби республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан олиб борилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

23. Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш

Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирларнинг номи Бажариш муддатлари 1-босқич Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган раҳбарининг ижтимоий ҳимояни таъминлаш тўғрисидаги тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатларни тегишлича республика ёки ҳудудий идоралараро комиссияга тақдим этади. Ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун асослар юзага келган кундан бошлаб уч кун муддатда 2-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Тақдимнома ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда 3-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Қабул қилинган қарор ҳақида ижтимоий ҳимояни таъминлаш тўғрисидаги таклиф билан чиққан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органга хабар беради. Қарор қабул қилинган куннинг ўзида 4-босқич Республика ёки ҳудудий идоралараро комиссиялар Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади (фуқароларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги иштироки вақтида ўртача оғирликдаги ёки оғир тан жароҳати етказилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади, вафот этганда унинг оила аъзоларига ва қарамоғида бўлган шахсларга бир йўла бериладиган нафақа тўланади) Комиссия томонидан белгиланган муддатда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 8 январь,

15-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.01.2018 й., 09/18/15/0548-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.01.2023 й., 09/23/36/0062-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 14-martdagi PQ-2833-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishda fuqarolar va jamoat tashkilotlarining rolini yanada kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish boʻyicha respublika idoralararo komissiyasiga ( P.R. Bobojonov) yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga ILOVA

Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom fuqarolar, nodavlat notijorat tashkilotlari, shu jumladan diniy tashkilotlar hamda fuqarolik jamiyatining boshqa institutlarini (keyingi oʻrinlarda jamoat tashkilotlari deb ataladi) huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun moddiy va boshqa tarzda ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibini belgilaydi.

2. Quyidagilar fuqarolar va jamoat tashkilotlarining jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtirokini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash (keyingi oʻrinlarda — fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash deb ataladi)ning asosiy vazifalari hisoblanadi:

fuqarolar va jamoat tashkilotlarining huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faolligini yanada oshirish;

huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishda fuqarolar va jamoat tashkilotlarining huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar bilan oʻzaro hamkorligini yanada mustahkamlash;

fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishga qoʻshayotgan hissalari uchun munosib taqdirlash.

fuqarolar jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishga qoʻshayotgan hissasi uchun ularning hayoti, sogʻligʻi hamda mol-mulkiga tajovuz qilinishining oldini olishga qaratilgan, shuningdek, ularning xavfsizligi va ijtimoiy himoya qilinishi choralarini oʻz ichiga oladigan chora-tadbirlar tizimini belgilash.

3. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish:

qonuniylik;

adolatlilik;

xolislik;

oshkoralik;

fuqarolar, jamoat tashkilotlari vakillarining shaxsiy xavfsizligini taʼminlash va ularning xohish-istaklarini hisobga olish prinsiplari asosida amalga oshiriladi.

4. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash toʻgʻrisidagi takliflar huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar tomonidan huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish boʻyicha respublika va hududiy idoralararo komissiyalarga (keyingi oʻrinlarda idoralararo komissiyalar deb ataladi) fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash boʻyicha taqdimnoma kiritish orqali amalga oshiriladi.

Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar tizimiga:

ichki ishlar organlari;

prokuratura organlari;

milliy xavfsizlik xizmati organlari;

adliya organlari;

davlat bojxona xizmati organlari;

davlat soliq xizmati organlari;

mehnat organlari;

taʼlimni davlat tomonidan boshqarish organlari;

davlat sogʻliqni saqlash tizimini boshqarish organlari;

ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish organlari kiradi.

5. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash toʻgʻrisidagi takliflar respublika va hududiy idoralararo komissiyalar tomonidan koʻrib chiqiladi.

Ushbu Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan holatlar haqida ikki va undan ortiq fuqaro yoki jamoat tashkiloti huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organlarga xabar bergan taqdirda, bu haqda birinchi boʻlib xabar bergan fuqaro yoki jamoat tashkiloti ragʻbatlantiriladi.

2-bob. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish asoslari

6. Quyidagi asoslardan biri mavjud boʻlgan taqdirda fuqarolar va jamoat tashkilotlari ragʻbatlantirilishi mumkin:

qasddan sodir etilishi rejalashtirilayotgan yoki sodir etilayotgan maʼmuriy huquqbuzarlikning oldini olishi yoxud toʻxtatishi;

tayyorgarlik koʻrilayotgan jinoyat haqida huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar berishi natijasida jinoyat sodir etilishining oldi olinishi;

qasddan sodir etilayotgan jinoyatni toʻxtatishi va uni toʻliq fosh etishda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga koʻmaklashishi;

fosh etilmagan jinoyat boʻyicha uni fosh etishga koʻmaklashuvchi dalillarni aniqlashi yoki uni sodir etgan shaxslar yoxud ularning qayerda ekanligi haqidagi maʼlumotlarni taqdim etishi natijasida jinoyatning fosh etilishi;

qonun hujjatlariga muvofiq qidiruv eʼlon qilingan shaxsning yashiringan manzili haqida xabar berishi, uni ushlashda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga koʻmaklashishi;

bedarak yoʻqolgan shaxs haqida bergan maʼlumoti asosida uning aniqlanishi;

aholi oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish borasidagi targʻibot-tashviqot tadbirlarida faol ishtirok etishi va uni bevosita amalga oshirishi;

jinoyatlarning sodir etilishi sabablari va bunga imkon beruvchi shart-sharoitlarni bartaraf etish borasida taklif va tashabbuslarni amalga joriy etishi.

7. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish yuzasidan zarur hujjatlarni yigʻish va rasmiylashtirish mazkur Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan asoslar mavjud boʻlgan taqdirda, ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi taklif bilan chiqqan huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar tomonidan bajariladi.

Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri, shuningdek tuman (shahar) darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar ragʻbatlantirish tashabbusi bilan hududiy idoralararo komissiyaga, respublika darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar esa respublika idoralararo komissiyasiga taklif bilan chiqadilar.

8. Huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organlar rahbarlarining fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish boʻyicha taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslantiruvchi hujjatlar, ragʻbatlantirish uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab uch kun muddatda respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalarga taqdim etiladi.

9. Taqdimnomaga ragʻbatlantirish uchun asos boʻluvchi quyidagi hujjatlardan biri ilova qilinadi:

maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida bayonnoma;

jinoyat ishi qoʻzgʻatish toʻgʻrisida qaror;

ushlangan qidiruvdagi shaxsga nisbatan qidiruvning bekor qilinganligi toʻgʻrisida prokuratura, tergov, surishtiruv va tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organlarning qarori yoki sudning ajrimi;

mazkur Nizomning 6-bandi sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlar boʻyicha yigʻilish bayonnomasi nusxalari.

10. Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar tomonidan taqdimnoma va boshqa asoslantiruvchi hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish masalasi koʻrib chiqiladi.

11. Respublika va hududiy idoralararo komissiyalar raislari komissiya qarorining qonuniyligi, adolatliligi va xolisligi uchun masʼul hisoblanadilar.

12. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

13. Mazkur Nizom talablari ushbu Nizom 6-bandining yettinchi va 16-bandining ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan bedarak yoʻqolgan shaxslarning yaqin qarindoshlariga (ota-ona, aka-uka, va opa-singillar, er-xotin, farzand, shu jumladan farzandlikka olinganlar, nevaralar, shuningdek er-xotinning ota-onasi, aka-uka va opa-singillari) nisbatan tatbiq etilmaydi.

3-bob. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish turlari

14. Fuqarolarni pul mablagʻlari bilan ragʻbatlantirish tegishli idoralararo komissiyalar tomonidan quyidagi miqdordagi toʻlovlarni toʻlash yoʻli bilan amalga oshiriladi:

tuman (shahar) idoralararo komissiyalari — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 3,52 baravarigacha;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar idoralararo komissiyalari — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5,30 baravarigacha;

Respublika idoralararo komissiyasi — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 7,05 baravarigacha miqdorda.

15. Fuqarolar ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan har bir tasdiqlangan xabar uchun mazkur Nizomning 14-bandida belgilangan ragʻbatlantirish miqdorining:

maʼmuriy huquqbuzarliklar va ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyatlar uchun — 50 foizigacha;

uncha ogʻir boʻlmagan jinoyatlar uchun — 75 foizigacha;

ogʻir jinoyatlar uchun — 100 foizigacha;

oʻta ogʻir jinoyatlar uchun — 150 foizigacha;

qonun hujjatlariga muvofiq qidiruv eʼlon qilingan shaxslarni topishda yordam berganligi uchun fuqarolarga beriladigan ragʻbatlantirishning miqdori, ushbu shaxslar sodir etgan jinoyatning ijtimoiy xavflilik darajasiga qarab, yuqoridagilarga mos ravishda, 50 foizdan 150 foizgacha pul mablagʻlari bilan ragʻbatlantiriladi.

16. Quyidagilar uchun fuqarolar tashakkurnoma va boshqa esdalik sovgʻalar bilan taqdirlanadi:

bedarak yoʻqolgan shaxslarni aniqlashda yordam koʻrsatilishi;

aholi oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashish borasidagi targʻibot-tashviqot tadbirlarida faol ishtirok etish va uni bevosita amalga oshirilishi;

jinoyatlarning sodir etilishi sabablari va bunga imkon beruvchi shart-sharoitlarni bartaraf etish borasida taklif va tashabbuslarning amalga joriy etilishi.

17. Jamoat tashkilotlari mazkur Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan barcha holatlar boʻyicha tashakkurnoma va esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi.

3 1 -bob. Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash

17 1 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

17 2 . Fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻir va ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da yoxud halok boʻlganida (vafot etganida) uning ijtimoiy himoyasi taʼminlanadi.

17 3 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash yuzasidan zarur hujjatlarni toʻplash va rasmiylashtirish mazkur Nizomning 17 2 -bandida koʻrsatilgan asoslar mavjud boʻlganda, huquqbuzarliklar profilaktikasi uchun bevosita masʼul boʻlgan organlar tomonidan amalga oshiriladi.

Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar, shuningdek, tuman (shahar)lar darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash taklifi bilan hududiy idoralararo komissiyaga, respublika darajasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar esa — respublika idoralararo komissiyaga murojaat qiladilar.

17 4 . Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlar rahbarlarining fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash boʻyicha taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlar, ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab uch kun muddatda respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalarga taqdim etiladi.

17 5 . Taqdimnomaga ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asos boʻluvchi quyidagi hujjatlardan biri ilova qilinadi:

sud-tibbiy ekspertizasi xulosasi;

vafot etganlik toʻgʻrisida maʼlumotnoma.

17 6 . Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar taqdimnoma va boshqa asoslovchi hujjatlar tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash masalasini koʻrib chiqadi.

17 7 . Respublika va hududiy idoralararo komissiyalar raislari komissiya qarorining qonuniyligi, adolatliligi va xolisligi uchun shaxsan masʼul hisoblanadilar.

17 8 . Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash quyidagicha amalga oshiriladi:

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 20 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi;

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida ogʻir tan jarohati olgan (yetkazilgan)da huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi;

fuqaro jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki vaqtida halok boʻlganida (vafot etganida) huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining taqdimnomasi asosida chiqarilgan idoralararo komissiya qaroriga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 100 baravari miqdorida bir martalik nafaqa tayinlanadi.

4-bob. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash tartibi

18. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun taqdirlash hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash, fuqarolar, shu jumladan jamoat tashkilotlari vakillarining shaxsiy xavfsizligini taʼminlashni hamda ularning xohish-istaklarini hisobga olgan holda, keng jamoatchilik ishtirokida, respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar tomonidan, tantanali ravishda amalga oshiriladi.

Taqdirlash hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash bilan bogʻliq tantanali marosimlar ommaviy axborot vositalarida yoritilishi mumkin.

19. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarining vakillari huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishga munosib hissa qoʻshganligi uchun qonun hujjatlariga muvofiq davlat mukofotlariga ham tavsiya etilishi mumkin.

20. Esdalik sovgʻalar fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish taklifi bilan chiqqan huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organlarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi va ularning miqdori hamda qiymati ushbu organlar tomonidan belgilanadi.

21. Fuqarolarni pul mukofotlari bilan taqdirlash xarajatlari ragʻbatlantirish taklifi bilan chiqqan huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organlarning budjetdan tashqari mablagʻlari, shuningdek Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining mahalliy budjet mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

22. Ragʻbatlantirilgan hamda ijtimoiy himoyasi taʼminlanganlarning fuqarolar va jamoat tashkilotlarining hisobi respublika va hududiy idoralararo komissiyalar tomonidan olib boriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

23. Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini ragʻbatlantirish hamda fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash bilan bogʻliq nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

24. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA

Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish

Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Fuqarolarning ijtimoiy himoyasini taʼminlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlarning nomi Bajarish muddatlari 1-bosqich Huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organlar Huquqbuzarliklar profilaktikasini bevosita amalga oshiruvchi organ rahbarining ijtimoiy himoyani taʼminlash toʻgʻrisidagi taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlarni tegishlicha respublika yoki hududiy idoralararo komissiyaga taqdim etadi. Ijtimoiy himoyani taʼminlash uchun asoslar yuzaga kelgan kundan boshlab uch kun muddatda 2-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Taqdimnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi. Taqdimnoma va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlar tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda 3-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Qabul qilingan qaror haqida ijtimoiy himoyani taʼminlash toʻgʻrisidagi taklif bilan chiqqan huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi organga xabar beradi. Qaror qabul qilingan kunning oʻzida 4-bosqich Respublika yoki hududiy idoralararo komissiyalar Fuqarolarning ijtimoiy himoyasi taʼminlanadi (fuqarolarga jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi ishtiroki vaqtida oʻrtacha ogʻirlikdagi yoki ogʻir tan jarohati yetkazilganda bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi, vafot etganda uning oila aʼzolariga va qaramogʻida boʻlgan shaxslarga bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi) Komissiya tomonidan belgilangan muddatda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 8-yanvar,

15-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 12.01.2018-y., 09/18/15/0548-son; 29.12.2019-y., 09/19/1046/4242-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 31.01.2023-y., 09/23/36/0062-son)

lex.uz