UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 23-iyun · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 23 июнь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 июня 2017 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 June 2017 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

ТУЗИЛМАСИ

ТАРКИБИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

[Кўчирма]

Ўз миллий тарихи ва маданиятига, дунёда энг катта бойлик бўлган интеллектуал ва маънавий салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш, уни асраб-авайлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш жаҳондаги ҳар бир давлат ва жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.

Шу борада дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври — Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Хусусан, IX — XI асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси ва «Байт ул-ҳикма», яъни, «Донишмандлик уйи» деган ном билан шуҳрат қозонган Бағдод академиясида, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида самарали меҳнат қилган олимлар, ўтмишда юртимизда ислом динининг мазмун-моҳиятини чуқур тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш бўйича бетакрор асарлар яратган уламолар бутун дунёга донг таратганлар.

Ўрта асрларнинг илк даврида улуғ аждодларимиз томонидан математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ фанлар билан бирга, тарих, география, фалсафа, маданият ва санъат, архитектура соҳаларида яратилган буюк илмий ғоя ва кашфиётлар жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожида кескин бурилиш ясади.

Ўз давридаги барча қийинчилик ва оғир синовларга қарамасдан, бу аллома ва мутафаккирлар илму фан равнақи йўлидаги ўз бурчига, гуманизм ва маърифат ғояларига ҳамиша содиқ қолиб, ҳақиқий маънавий жасорат намунасини кўрсатдилар ва уларнинг халқимиз ва башарият олдидаги буюк хизматлари айниқса мустақиллик йилларида муносиб ҳурмат ва эътибор топиб келмоқда.

Улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, бу бебаҳо бойлик янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Айни вақтда таъкидлаш лозимки, ана шу бетакрор илмий мероснинг барча қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Биргина мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган, асосий қисми ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар ҳам шундан далолат беради.

Халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ана шундай ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан аҳолимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, инсон қалби ва онгини эгаллаш учун турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Республика Миллий ғоя ва мафкура маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;

Марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;

ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;

жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;

ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида — жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хева, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарларимиз, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, «Шашмақом» намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;

Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;

Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали Марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;

жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси» деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;

бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда хамда ўқитувчи ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Марказ директорига, зарур ҳолларда, Марказнинг ташкилий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгашининг таркиби 2-иловага биноан тасдиқлансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

2021 йил 1 августдан бошлаб Марказ директори, унинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари, илмий маслаҳатчиси ва илмий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 августдаги «Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 233-сонли қарорида назарда тутилган базавий лавозим маошлари 2,3 баравар оширилган ҳолда татбиқ этилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармонида назарда тутилган оширилган коэффициентлар Марказ директори, унинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари, илмий маслаҳатчиси ва илмий ходимларига татбиқ этилмайди.

Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг уставини тасдиқласин;

Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини (кейинги ўринларда — объект деб аталади), унинг таркибидаги кутубхона ва музейни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ёндош ҳудудда қуриш, унинг зарур моддий-техник базаси ва инфратузилмаларини барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, Марказ фаолиятига юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини тасдиқласин.

Қарорда қуйидаги вазифалар белгиланиши назарда тутилсин:

объектнинг қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишларида қўлланадиган ҳамда пудрат ташкилоти ва буюртмачи томонидан олиб келинадиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни ўрнатилган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиш;

мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган ва чет элдан келтириладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни тендер ўтказмасдан, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг энг яхши намуналар бўйича таклифлари асосида сотиб олиш;

объект учун мўлжалланган, чет элдан келтириладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни бош пудратчининг омбор майдонларида (ИМ-74) (божхона омбори) божхона режимида жойлаштиришга рухсат бериш;

Марказнинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш, унинг музей ва кутубхонаси фаолиятини ва фондларини шакллантириш, экспозицияларини ташкил қилиш тартибларини белгилаш;

Илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб этиш ва бу борадаги илғор чет эл тажрибасини ўрганиш.

7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

объект қурилиши учун танланган ер майдонидаги турар-жой бинолари ва бошқа иншоотларни белгиланган тартибда бузиб олиш ва кўчириш ишларини икки ой муддатда амалга оширсин;

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;

«Давархитектқурилиш» қўмитаси ва «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси билан биргаликда объект қурилиши учун тегишли ер майдони ажратилишини икки ҳафта муддатда таъминласин;

8. «Давархитектқурилиш» қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Марказнинг маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлардаги мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган муассасалар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам берсин;

Марказнинг мурожаатига биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда келгусида ўтказиладиган тадбирларда (конференция, симпозиум, форум ва бошқалар) иштирок этадиган хорижий мутахассисларга визаларнинг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказ томонидан бериладиган буюртманомаларга биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган тегишли хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши ва унинг муддати узайтирилишини давлат божи ундирмасдан таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Марказнинг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

12. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушадиган ихтиёрий бадаллар;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари;

муайян лойиҳа ва грантлардан ажратилган маблағлар.

13. Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

14. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайрия маблағлари даромад солиғидан озод қилинсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги Ф-4891-сонли фармойиши асосида ташкил этилган Товарлар (ишлар, хизматлар) импорти ҳажмини ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича Комиссия билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида бош пудратчи томонидан Марказ учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозлар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

17. Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси мазкур объект қурилиши доирасида қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни сотиб олиш бўйича шартномаларни ўн кун муддатда экспертизадан ўтказсин.

18. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Марказ буюртманомаларига биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган юқори мартабали меҳмонларга Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг VIP зали орқали бепул хизмат кўрсатилишини, хорижий мутахассисларга мазкур аэропортнинг VIP зали орқали белгиланган тартибда хизмат кўрсатилишини таъминласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлигига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилсин.

21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х. Султонов, Р. Комилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг

Васийлик кенгаши Илмий маслаҳатчи Директор Илмий котиб Директорнинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари Директорнинг ахборот технологиялари масалалари бўйича ўринбосари Директорнинг эксплуатация ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Жамоатчилик билан алоқалар бўлими 3 Илмий-тадқиқотлар бўлими 4 Кадрлар бўлими 2 Компьютер ва ахборот-технологиялари бўлими 5 Хўжалик бўлими 8 Ислом дини меросини сақлаш бўлими 3 Юридик бўлим 2 Ахборот-мультимедиа бўлими 15 Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими 10 Халқаро алоқалар ва протокол бўлими 3 Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими 8 Ижро назорати ва девонхона бўлими 3 Зиёрат туризми илмий-тадқиқот бўлими 2 Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория Малака ошириш ва ўқув курслари Молия-ҳисоб бўлими 3 Музей ва экспонатлар илмий бўлими 19 Биринчи бўлим 1 Нашрлар бўлими 3 Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгашининг

1. А. Арипов — Бош вазир, Васийлик кенгаши раиси 2. Ш. Миноваров — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси 3. Х. Султонов — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси-Спичрайтери 4. Б. Мусаев — Бош вазир ўринбосари 5. Ж. Қўчқоров — Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири 6. С. Умурзаков — Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдовазири 7. А. Абдуҳакимов — Бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири 8. А. Комилов — ташқи ишлар вазири 9. О. Назарбеков — маданият вазири 10. А. Тошқулов — олий ва ўрта махсус таълим вазири 11. Т. Ишметов — молия вазири 13. Р. Давлетов — адлия вазири 12. Б. Зокиров — қурилиш вазири 13. М. Азимов — Давлат божхона қўмитаси раиси 14. Ж. Артикходжаев — Тошкент шаҳар ҳокими 15. А. Усмонов — Россиялик тадбиркор 16. С. Тошбоев — Дин ишлари бўйича қўмита раиси 17. У. Алимов — Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий 18. Б. Йўлдошев — Ўзбекистон Фанлар академияси президенти 19. Ж. Исмоилова — Ўзбекистон давлат тарихи музейи директори 20. М. Ходжиматов — Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 21. Лавозими бўйича — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари, Васийлик кенгаши котиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 23 июня,

ПҚ-3080-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Qarori

TUZILMASI

TARKIBI

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

[Koʻchirma]

Oʻz milliy tarixi va madaniyatiga, dunyoda eng katta boylik boʻlgan intellektual va maʼnaviy salohiyatga chuqur hurmat bilan yondashish, uni asrab-avaylash va boyitish, shu asosda yosh avlodni milliy va umuminsoniy qadriyatlar ruhida tarbiyalash jahondagi har bir davlat va jamiyatning moddiy va maʼnaviy taraqqiyotida, hech shubhasiz, hal qiluvchi oʻrin egallaydi.

Shu borada dunyo tarixida ilk Sharq Uygʻonish davri — Musulmon Renessansi deb nom olgan oʻrta asrlar va undan keyingi zamonlarda bugungi Oʻzbekiston zaminidan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlarning jahon ilm-fani va madaniyati, muqaddas islom dini rivojiga qoʻshgan bebaho hissasi dunyo ilmiy jamoatchiligi tomonidan haqli ravishda tan olingan. Xususan, IX — XI asrlarda Xorazmda tashkil etilgan Maʼmun akademiyasi va “Bayt ul-hikma”, yaʼni, “Donishmandlik uyi” degan nom bilan shuhrat qozongan Bagʻdod akademiyasida, XV asrda Samarqandda shakllangan Mirzo Ulugʻbekning ilmiy maktabida samarali mehnat qilgan olimlar, oʻtmishda yurtimizda islom dinining mazmun-mohiyatini chuqur tadqiq qilish va targʻib etish boʻyicha betakror asarlar yaratgan ulamolar butun dunyoga dong taratganlar.

Oʻrta asrlarning ilk davrida ulugʻ ajdodlarimiz tomonidan matematika, astronomiya, fizika, kimyo, geodeziya, farmakologiya, tibbiyot kabi aniq fanlar bilan birga, tarix, geografiya, falsafa, madaniyat va sanʼat, arxitektura sohalarida yaratilgan buyuk ilmiy gʻoya va kashfiyotlar jahon ilm-fani va sivilizatsiyasi rivojida keskin burilish yasadi.

Oʻz davridagi barcha qiyinchilik va ogʻir sinovlarga qaramasdan, bu alloma va mutafakkirlar ilmu fan ravnaqi yoʻlidagi oʻz burchiga, gumanizm va maʼrifat gʻoyalariga hamisha sodiq qolib, haqiqiy maʼnaviy jasorat namunasini koʻrsatdilar va ularning xalqimiz va bashariyat oldidagi buyuk xizmatlari ayniqsa mustaqillik yillarida munosib hurmat va eʼtibor topib kelmoqda.

Ulugʻ ajdodlarimiz tomonidan yaratilgan va bugungi kunda butun maʼrifatli dunyoni hayratga solib kelayotgan ilmiy meros faqat bir millat yoki xalqning emas, balki butun insoniyatning maʼnaviy mulki boʻlib, bu bebaho boylik yangi va yangi avlodlar uchun donishmandlik va bilim manbai, eng muhimi, yangi kashfiyotlar uchun mustahkam zamin boʻlib xizmat qilishi shubhasizdir.

Ayni vaqtda taʼkidlash lozimki, ana shu betakror ilmiy merosning barcha qatlamlari hali toʻliq oʻrganilmagan va oʻz tadqiqotchilarini kutmoqda. Birgina mamlakatimiz kitob fondlarida saqlanayotgan, asosiy qismi YUNESKOning madaniy meros roʻyxatiga kiritilgan 100 mingdan ziyod qoʻlyozma asarlar ham shundan dalolat beradi.

Xalqimizning yaratuvchilik dahosi bilan bunyod etilgan ana shunday noyob merosni ilmiy asosda har tomonlama chuqur oʻrganish, yurtimizdan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlarning hayoti va ilmiy-ijodiy faoliyati haqida yaxlit tasavvur uygʻotish, ular bilan aholimiz va jahon jamoatchiligini keng tanishtirish, xalqaro miqyosda dinlararo va sivilizatsiyalararo muloqotni yoʻlga qoʻyish, inson qalbi va ongini egallash uchun turli xavf-xatarlar kuchayib borayotgan bugungi murakkab davrda islom dinining insonparvarlik mohiyatini ochib berish, jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashish, yosh avlodni gumanistik gʻoyalar, milliy gʻurur va iftixor ruhida tarbiyalash maqsadida:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Madaniyat vazirligi, Fanlar akademiyasi, Respublika Milliy gʻoya va mafkura markazi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, Toshkent islom universiteti, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi, “Kamolot” yoshlar ijtimoiy harakati va jamoatchilik vakillari tomonidan bildirilgan takliflarni inobatga olgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida davlat muassasasi shaklidagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etilsin.

2. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:

mamlakatimiz asrlar davomida jahon sivilizatsiyasining ajralmas qismi, islom madaniyati markazlaridan biri boʻlib kelganini aks ettiradigan ilmiy-tarixiy konsepsiyani ishlab chiqish va amalga oshirish;

Markaz tarkibidagi kutubxona va arxiv, qoʻlyozmalar fondlarini bugungi Oʻzbekiston zaminidan yetishib chiqqan buyuk alloma va mutafakkirlar, aziz-avliyolar, ular tomonidan asos solingan ilmiy va diniy maktablarga doir yurtimizda va chet ellarda saqlanayotgan qadimiy qoʻlyozma va toshbosma kitoblar, tarixiy dalil va hujjatlar, arxeologik topilmalar, osori atiqalar, shu yoʻnalishdagi zamonaviy ilmiy tadqiqot ishlari, kitob va toʻplamlar, video va foto hujjatlar hisobidan shakllantirish;

Markaz tarkibidagi muzey ekspozitsiyasining mavzu yoʻnalishlarini chuqur oʻylangan, ilmiy asoslangan aniq reja boʻyicha shakllantirish va uni eng zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari asosida namoyish etish;

islom dini rivojiga ulkan hissa qoʻshgan buyuk vatandoshlarimiz — Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Hakim Termiziy, Abu Mansur Moturudiy, Abu Muin Nasafiy, Qaffol Shoshiy, Abdulxoliq Gʻijduvoniy, Najmiddin Kubro, Burhoniddin Margʻinoniy, Bahouddin Naqshband, Xoʻja Ahror Valiy kabi allomalarning benazir merosini ilmiy asosda chuqur tadqiq etish, ularning ilmiy-maʼnaviy jasorati, ulugʻ insoniy fazilatlarini keng targʻib qilish;

jahon ilm-fani tarixida oʻchmas iz qoldirgan Muhammad Xorazmiy, Ahmad Fargʻoniy, Abu Nasr Forobiy, Abu Rayhon Beruniy, Abu Ali Ibn Sino, Mahmud Zamahshariy, Mirzo Ulugʻbek, Ali Qushchi kabi olim va mutafakkirlar merosining tarixiy va zamonaviy sivilizatsiya taraqqiyotidagi oʻrni va ahamiyatini, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur, Kamoliddin Behzod, Mahmud Muzahhib singari mumtoz adabiyot va sanʼat namoyandalari ijodining insonparvarlik mohiyatini chuqur ochib berish;

islom dini odamlarni, barcha millat va xalqlarni hamisha nurli hayotga, ezgulik, oʻzaro doʻstlik va insoniylikka daʼvat etishini, uning asl, gumanistik mazmunini teran tahlil etishga qaratilgan ilmiy tadqiqotlar jahon ahlini bir maqsad yoʻlida — jaholatga qarshi maʼrifat bilan kurashish yoʻlida birlashishga chorlaydigan turli anjumanlar, maʼrifiy tadbirlarni amalga oshirish;

Oʻzbekistonning qadimiy tarixi va madaniyati, davlatchilik anʼanalari, xalqimizning turmush tarzi va dunyoqarashi islom sivilizatsiyasi bilan chambarchas bogʻliq holda shakllanib, rivojlanganini Samarqand, Buxoro, Xeva, Toshkent, Kesh, Nasaf, Termiz, Andijon, Margʻilon, Karmana, Qoʻqon singari qadimiy shaharlarimiz, ulugʻ allomalar va aziz-avliyolar xotirasiga bagʻishlab yurtimizda bunyod etilgan yodgorlik majmualari, muqaddas qadamjolar maketlari, ulugʻ siymolar, noyob qoʻlyozma va toshbosma asarlar, moddiy va nomoddiy meros, xususan, “Shashmaqom” namunalari kabi noyob eksponatlar orqali aks ettirish, shu yoʻnalishlarda ilmiy tadqiqotlar olib borish, ularning natijalari asosida qomuslar, katalog va albomlar, ilmiy-ommabop toʻplamlar, telekoʻrsatuv, film va boshqa materiallar tayyorlash;

Markazda, mahalliy va chet ellik mutaxassislarni keng jalb etgan holda, ilmiy tadqiqot ishlarini yoʻlga qoʻyish va ularning natijalaridan yurtimiz hamda jahon jamoatchiligini xabardor qilib borish;

Yevropa Renessansining shakllanishiga kuchli taʼsir koʻrsatgan Musulmon Renessansi davrida ilm-fan, madaniyat va sanʼat, meʼmorlik rivoji toʻgʻrisidagi keng qamrovli maʼlumotlar pavilyonlarini tashkil etish orqali Markazda namoyish etiladigan ekspozitsiyalarni mazkur davrlarga oid eksponat va koʻrgazmali manbalar bilan boyitish;

jahon tarixida “Amir Temur va temuriylar renessansi” degan nom bilan alohida oʻrin egallaydigan davrda yaratilgan ilm-fan, madaniyat va meʼmorlik durdonalarini islom madaniyatining nafaqat yurtimizdagi, balki butun musulmon olamidagi taraqqiyot va yuksalish davri sifatida koʻrsatish;

bugungi kunda tobora katta ahamiyat kasb etayotgan dinlararo va sivilizatsiyalararo muloqotni samarali yoʻlga qoʻyish maqsadida Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining jahondagi nufuzi xalqaro ilmiy muassasa va tuzilmalar, jumladan, YUNESKO, AYSESKO kabi xalqaro tashkilotlar bilan yaqin hamkorlik aloqalarini oʻrnatish.

Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tasarrufidagi diniy taʼlim muassasalariga ilmiy-tadqiqot va oʻquv-uslubiy masalalarda xamda oʻqituvchi va diniy xodimlarning malakasini oshirib borishda amaliy yordam koʻrsatish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Markaz direktoriga, zarur hollarda, Markazning tashkiliy tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni doirasida oʻzgartishlar kiritish huquqi berilsin.

4. Markaz faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va muvofiqlashtirish boʻyicha vasiylik kengashining tarkibi 2-ilovaga binoan tasdiqlansin.

5. Belgilab qoʻyilsinki:

Markaz direktori Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;

2021-yil 1-avgustdan boshlab Markaz direktori, uning ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha oʻrinbosari, ilmiy maslahatchisi va ilmiy xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2009-yil 18-avgustdagi “Ilmiy xodimlar mehnatini yanada ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi 233-sonli qarorida nazarda tutilgan bazaviy lavozim maoshlari 2,3 baravar oshirilgan holda tatbiq etiladi.

Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 16-apreldagi “Diniy-maʼrifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-5416-son Farmonida nazarda tutilgan oshirilgan koeffitsiyentlar Markaz direktori, uning ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha oʻrinbosari, ilmiy maslahatchisi va ilmiy xodimlariga tatbiq etilmaydi.

Markaz faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va muvofiqlashtirish boʻyicha vasiylik kengashi Markaz faoliyatini muvofiqlashtiradi, unga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda koʻmaklashadi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bir oy muddatda:

Oʻzbekistondagi Islom madaniyati markazining ustavini tasdiqlasin;

Markazning maʼmuriy va asosiy binolarini (keyingi oʻrinlarda — obyekt deb ataladi), uning tarkibidagi kutubxona va muzeyni hisobga olgan holda, Toshkent shahridagi Hazrati Imom (Hastimom) majmuasiga yondosh hududda qurish, uning zarur moddiy-texnik bazasi va infratuzilmalarini barpo etish hamda rivojlantirish loyihalarini tasdiqlash va amalga oshirish, Markaz faoliyatiga yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish boʻyicha Vazirlar Mahkamasi qarorini tasdiqlasin.

Qarorda quyidagi vazifalar belgilanishi nazarda tutilsin:

obyektning qurilish-montaj va jihozlash ishlarida qoʻllanadigan hamda pudrat tashkiloti va buyurtmachi tomonidan olib kelinadigan qurilish materiallari, asbob-uskunalar, butlovchi buyumlar, mebellar, inventar va jihozlarni oʻrnatilgan tartibda tasdiqlangan roʻyxatlar boʻyicha bojxona toʻlovlaridan (bojxona yigʻimlaridan tashqari) ozod etish;

mamlakatimizda ishlab chiqariladigan va chet eldan keltiriladigan qurilish materiallari, asbob-uskunalar, butlovchi buyumlar, mebellar, inventar va jihozlarni tender oʻtkazmasdan, ishlab chiqaruvchilar va yetkazib beruvchilarning eng yaxshi namunalar boʻyicha takliflari asosida sotib olish;

obyekt uchun moʻljallangan, chet eldan keltiriladigan qurilish materiallari, asbob-uskunalar, butlovchi buyumlar, mebellar, inventar va jihozlarni bosh pudratchining ombor maydonlarida (IM-74) (bojxona ombori) bojxona rejimida joylashtirishga ruxsat berish;

Markazning ilmiy-tarixiy konsepsiyasini ishlab chiqish, uning muzey va kutubxonasi faoliyatini va fondlarini shakllantirish, ekspozitsiyalarini tashkil qilish tartiblarini belgilash;

Ilmiy-tarixiy konsepsiyani ishlab chiqishga xorijiy mutaxassislarni jalb etish va bu boradagi ilgʻor chet el tajribasini oʻrganish.

7. Toshkent shahar hokimligi:

obyekt qurilishi uchun tanlangan yer maydonidagi turar-joy binolari va boshqa inshootlarni belgilangan tartibda buzib olish va koʻchirish ishlarini ikki oy muddatda amalga oshirsin;

loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va qurilish-montaj ishlarini belgilangan muddatlarda amalga oshirish uchun barcha zarur shart-sharoitlar yaratilishini taʼminlasin;

“Davarxitektqurilish” qoʻmitasi va “Yergeodezkadastr” davlat qoʻmitasi bilan birgalikda obyekt qurilishi uchun tegishli yer maydoni ajratilishini ikki hafta muddatda taʼminlasin;

8. “Davarxitektqurilish” qoʻmitasi loyiha-smeta hujjatlari belgilangan tartibda davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini va qurilish-montaj ishlarini belgilangan muddatlarda amalga oshirish uchun barcha zarur shart-sharoitlar yaratilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi:

Markazning madaniy-gumanitar sohadagi nufuzli xalqaro tashkilotlar hamda xorijiy mamlakatlardagi mazkur yoʻnalishda faoliyat koʻrsatayotgan muassasalar bilan ilmiy hamkorlik oʻrnatish va rivojlantirishda amaliy yordam bersin;

Markazning murojaatiga binoan Markazni tashkil etish, uning faoliyatini rivojlantirish hamda kelgusida oʻtkaziladigan tadbirlarda (konferensiya, simpozium, forum va boshqalar) ishtirok etadigan xorijiy mutaxassislarga vizalarning konsullik va boshqa yigʻimlar undirilmasdan rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Markaz tomonidan beriladigan buyurtmanomalarga binoan Markazni tashkil etish, uning faoliyatini rivojlantirish hamda ushbu muassasa tomonidan kelgusida oʻtkaziladigan tadbirlarda ishtirok etadigan tegishli xorijiy mutaxassislarga koʻp martalik vizalar berilishi va ularning muddati uzaytirilishini, shuningdek, ularning Oʻzbekiston Respublikasida turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilishi va uning muddati uzaytirilishini davlat boji undirmasdan taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bir oy muddatda Markazning shtat jadvalini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin.

12. Quyidagilar Markazni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

Islom hamkorlik tashkilotiga aʼzo davlatlardan tushadigan ixtiyoriy badallar;

Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy mamlakatlar jismoniy va yuridik shaxslarining homiylik xayriya mablagʻlari;

muayyan loyiha va grantlardan ajratilgan mablagʻlar.

13. Markazning maʼmuriy va asosiy binolarini qurish, uning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash borasidagi ishlar mashhur vatandoshimiz, rossiyalik tadbirkor Alisher Usmonovning homiylik xayriya mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishi inobatga olinsin.

14. Mahalliy va xorijiy yuridik hamda jismoniy shaxslarning Markazni tashkil etish va uning moddiy-texnik bazasini mustahkamlashga yoʻnaltirilgan homiylik xayriya mablagʻlari daromad soligʻidan ozod qilinsin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 6-apreldagi F-4891-sonli farmoyishi asosida tashkil etilgan Tovarlar (ishlar, xizmatlar) importi hajmini va tarkibini tanqidiy tahlil qilish, import oʻrnini bosadigan mahsulotlarni ishlab chiqarishni mahalliylashtirishni chuqurlashtirish boʻyicha Komissiya bilan kelishilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxat asosida bosh pudratchi tomonidan Markaz uchun olib kelinadigan, Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilmaydigan qurilish materiallari, asbob-uskunalar, butlovchi buyumlar, mebellar, inventar va jihozlar 2022-yil 1-yanvarga qadar bojxona toʻlovlaridan (bojxona yigʻimlaridan tashqari) ozod qilinsin.

17. Oʻzbekiston Respublikasining Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi mazkur obyekt qurilishi doirasida qurilish materiallari, asbob-uskunalar, butlovchi buyumlar, mebellar, inventar va jihozlarni sotib olish boʻyicha shartnomalarni oʻn kun muddatda ekspertizadan oʻtkazsin.

18. “Oʻzbekiston havo yoʻllari” MAK Markaz buyurtmanomalariga binoan Markazni tashkil etish, uning faoliyatini rivojlantirish hamda ushbu muassasa tomonidan kelgusida oʻtkaziladigan tadbirlarda ishtirok etadigan yuqori martabali mehmonlarga Islom Karimov nomidagi Toshkent xalqaro aeroportining VIP zali orqali bepul xizmat koʻrsatilishini, xorijiy mutaxassislarga mazkur aeroportning VIP zali orqali belgilangan tartibda xizmat koʻrsatilishini taʼminlasin.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita Adliya vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qonun hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisidagi takliflarni ikki oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

20. Oʻzbekiston Matbuot va axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, “Jahon” axborot agentligiga Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazini barpo etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq ishlarni ommaviy axborot vositalarida yoritib borish tavsiya etilsin.

21. Mazkur qarorning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchilari X. Sultonov, R. Komilov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 23-iyundagi PQ-3080-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining

Vasiylik kengashi Ilmiy maslahatchi Direktor Ilmiy kotib Direktorning ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha oʻrinbosari Direktorning axborot texnologiyalari masalalari boʻyicha oʻrinbosari Direktorning ekspluatatsiya va xoʻjalik ishlari boʻyicha oʻrinbosari Jamoatchilik bilan aloqalar boʻlimi 3 Ilmiy-tadqiqotlar boʻlimi 4 Kadrlar boʻlimi 2 Kompyuter va axborot-texnologiyalari boʻlimi 5 Xoʻjalik boʻlimi 8 Islom dini merosini saqlash boʻlimi 3 Yuridik boʻlim 2 Axborot-multimedia boʻlimi 15 Qadimiy yozma manbalar davlat reyestrini yuritish boʻlimi 10 Xalqaro aloqalar va protokol boʻlimi 3 Kutubxona va arxiv hujjatlari boʻlimi 8 Ijro nazorati va devonxona boʻlimi 3 Ziyorat turizmi ilmiy-tadqiqot boʻlimi 2 Samarqand qogʻozi, muqovasozlik va xattotlikning qadimiy anʼanalarini tiklash boʻyicha ustaxona-laboratoriya Malaka oshirish va oʻquv kurslari Moliya-hisob boʻlimi 3 Muzey va eksponatlar ilmiy boʻlimi 19 Birinchi boʻlim 1 Nashrlar boʻlimi 3 Qadimiy yozma manbalarni konservatsiya va restavratsiya qilish laboratoriyasi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 23-iyundagi PQ-3080-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va muvofiqlashtirish boʻyicha vasiylik kengashining

1. A. Aripov — Bosh vazir, Vasiylik kengashi raisi 2. Sh. Minovarov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti maslahatchisi 3. X. Sultonov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti maslahatchisi-Spichrayteri 4. B. Musayev — Bosh vazir oʻrinbosari 5. J. Qoʻchqorov — Bosh vazir oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri 6. S. Umurzakov — Bosh vazir oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdovaziri 7. A. Abduhakimov — Bosh vazir oʻrinbosari — turizm va sport vaziri 8. A. Komilov — tashqi ishlar vaziri 9. O. Nazarbekov — madaniyat vaziri 10. A. Toshqulov — oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri 11. T. Ishmetov — moliya vaziri 13. R. Davletov — adliya vaziri 12. B. Zokirov — qurilish vaziri 13. M. Azimov — Davlat bojxona qoʻmitasi raisi 14. J. Artikxodjayev — Toshkent shahar hokimi 15. A. Usmonov — Rossiyalik tadbirkor 16. S. Toshboyev — Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi 17. U. Alimov — Oʻzbekiston musulmonlari idorasi raisi, muftiy 18. B. Yoʻldoshev — Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi prezidenti 19. J. Ismoilova — Oʻzbekiston davlat tarixi muzeyi direktori 20. M. Xodjimatov — Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 21. Lavozimi boʻyicha — Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi direktorining ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha oʻrinbosari, Vasiylik kengashi kotibi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2017-yil 23-iyunya,

PQ-3080-son

lex.uz