📅 2018-yil 29-mart · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 29-mart · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 29 март · Президент фармонлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 марта 2018 г. · Указы Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 March 2018 · Presidential decrees
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«Обод қишлоқ» дастури тўғрисида
Мамлакатимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади.
Шу билан биргаликда, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан. улар учун зарурий шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, сўнгги йилларда пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ҳиссаси юқори бўлган деҳқон-фермерларнинг ва бошқа тоифадаги аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмаган.
Бундай ҳолат қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Хусусан, ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳалла ва хонадонларга кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчидан, мазкур ишлар маҳаллий ҳокимликлар, «Давархитектқурилиш» қўмитасининг ҳудудий органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмаслиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси эскича кўринишда қолмоқда.
Иккинчидан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖнинг қуйи тизим корхоналари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари, трансформатор пунктларини эксплуатация қилиш қониқарсиз аҳволда олиб борилиши оқибатида зарур инфратузилмалар эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган.
Учинчидан, шаҳарсозлик меъёр ва қоидалари ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилмаганлиги оқибатида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хусусан, мазкур ҳудудларда автомобиль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаси барпо этиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимларини барпо этиш тартибсиз равишда олиб борилмоқда.
Тўртинчидан, маҳаллий бюджетлар ва тармоқ ташкилотлари томонидан қишлоқ аҳоли пунктларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини комплекс тарзда амалга ошириш учун молиялаштириш тизими йўлга қўйилмаган.
Бешинчидан, энг ачинарлиси шуки, аҳолининг айрим қисмлари шу аҳвол билан кўниккан боқимандалик кайфиятига берилиб кетганлиги оқибатида ўзининг уй-жойлари, ҳовлиси ва томорқасини сақлашга эътибор қаратмай қўйилган. Халқимизнинг «қуш инида кўрганини қилади» деган нақлни эсдан чиқариб, ўз остонасини осойишта ва саранжом қилмаслик фарзандларимиз ва невараларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Олтинчидан, ободонлаштириш ишларида фаоллар, кенг жамоатчилик ва фуқароларни жалб қилишга етарлича эътибор қаратилмаяпти ва аниқ бир тизимли самарали ишлар олиб борилмаяпти. Айниқса, мазкур ишлар сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари эътиборидан чиқиб кетган ва бу борада қатъий ташаббускорлик ва мувофиқлаштириш етишмайди.
Еттинчидан, ҳудудларда анъанавий бўлиб қолган ҳашарларни фақатгина «хўжа кўрсин» учун байрам кунларига яқин саналарда юзаки ўтказиш одат тусига айланиб қолган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳрида, авваламбор олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури (кейинги ўринларда дастур деб аталади) амалга оширилади.
2. Қуйидагилар дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
биринчидан, республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман марказига улайдиган йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;
иккинчидан, маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўлбўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
учинчидан, халқаро молиявий институтларнинг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
тўртинчидан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;
бешинчидан, бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;
олтинчидан, уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, авваламбор, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, бу жараёнда кенг миқёсда ҳашар усулларини қўллаш ҳисобига ҳовли ва атроф-ҳудудларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, оқова сув хандақларини барпо этиш ҳамда муҳтож оилалар учун ҳомийлар ва иш берувчи корхоналар маблағлари ҳисобидан уй қуриб бериш (таъмирлаш) ва бошқалар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида «Обод қишлоқ» жамғармалари тузилсин.
Иқтисодиёт вазирлиги Инвестиция бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда «Обод қишлоқ» жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритсин.
Қуйидагилар «Обод қишлоқ» дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари;
маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;
тармоқ корхоналарининг маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;
«Маҳалла» жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;
ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;
ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик давлат бюджети, шу жумладан маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
Бунда, дастур доирасида «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбектелеком» АК, Республика йўл жамғармаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг, ташкилот ва корхоналар ўз маблағларининг тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилиши белгилаб қўйилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур Фармон билан «Обод қишлоқ» дастурининг белгилаб берилган асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, барча ташкилий чора-тадбирлар изчиллиги, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари, моддий ресурслар таъминоти билан узвий ва чамбарчас боғланган 2018 йил учун чора-тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
«Обод қишлоқ» дастури доирасида марказлашган манбалар ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган ишлар бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари белгилансин.
Барча объектлар бўйича бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.
Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик «Давархитектқурилиш» қўмитаси раиси Б. Закиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юклансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари дастурни амалга ошириш доирасида қамраб олинадиган жорий ва келгуси даврларга мўлжалланган қишлоқ ва маҳаллаларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун қуйидаги қатъий шартлар асосида шакллантиришни таъминласинлар:
ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан тезкор махсус штабларни жорий этиш, шу жумладан ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, молиялаштириладиган қисми бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, шу жумладан солиқ йиғувчанлигини ошириш ва қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини ошириш;
архитектура, санитария ва техник талаблар асосида шахсий мулк эгалари ўз уй-жойини сақлаш, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш ва қарздорликка йўл қўймаслик, ҳашар фуқароларнинг бевосита шахсий иштирокини акс эттирувчи жамоа шартномаларинн тузиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва «Давархитектқурилиш» қўмитаси ҳузуридаги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси уй-жой, бино-иншоотлар ва томорқа хўжаликлари мулкдорлари томонидан амалдаги талаб ва қоидалар бузилиши ва уларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий кодексига мувофиқ тегишли чоралар кўрсинлар.
7. Белгилаб қўйилсинки, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган объектларни сифатли ва арзон қурилиш материаллари билан таъминлаш мақсадида, металл прокати, цемент, норуда материаллари, ғишт, темир-бетон маҳсулотлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ, шифер ва шу каби бошқа асосий турдаги маҳаллий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун корхоналарга газ ва электр энергияси 2018 йил 1 майдан бошлаб, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда цемент, металл прокати, ғишт, темир-бетон буюмлари, эшик, дераза ромлари, лок-бўёқ маҳсулотлари каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш учун фирма дўконлари тармоқларини ташкил этиш чораларини кўрсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, тегишли лойиҳа институтлари билан биргаликда:
«Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини батафсил режалаштириш лойиҳалари билан биргаликда олдиндан ишлаб чиқишни;
2019 йил 1 январга қадар қишлоқ аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш мақсадида шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, зарур ҳолларда янги стандарт ва мезонларни ишлаб чиқишни;
ҳар бир объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.
Белгилаб қўйилсинки, «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлик харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.
11. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 март,
ПФ-5386-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Farmoni
“Obod qishloq” dasturi toʻgʻrisida
Mamlakatimizning boy va qadimiy tarixidan maʼlumki, ajdodlarimiz tomonidan mahallalarni obodonlashtirish va bunyodkorlik ishlarini amalga oshirish eng bebaho qadriyat va anʼanalardan hisoblanadi. Mazkur qadriyatlarimizni izchil davom ettirgan holda keng koʻlamli bunyodkorlik ishlarini barcha hududlarda amalga oshirish orqali qishloq aholisi uchun munosib sharoitlar yaratish va ularning turmush madaniyatini yanada yuksaltirish, eng asosiysi, yoshlarni xayrli ishlarga daʼvat etish alohida ahamiyat kasb etadi.
Har kim oʻzi yashaydigan uy, mahalla va qishloqni obodonlashtirishda hissasini qoʻshsa, yurtimiz obod boʻladi, obod yurtda yashaydigan odamlar kayfiyati yaxshi boʻlishi taʼminlanadi.
Shu bilan birgalikda, mamlakatimiz aholisining 49 foizi yashaydigan qishloq joylarda salmoqli demografik, mehnat va iqtisodiy salohiyat jamlanishiga qaramasdan. ular uchun zaruriy sharoitlar yaratib berilmagan, turmush darajasi va sifatini oshirishga yetarlicha eʼtibor qaratilmagan. Jumladan, soʻnggi yillarda paxta, gʻalla va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishga hissasi yuqori boʻlgan dehqon-fermerlarning va boshqa toifadagi aholining hayotiy-maishiy ehtiyojlari toʻliq taʼminlanmagan.
Bunday holat qishloq aholi punktlarini tubdan qayta yangilamasdan va uni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirmasdan, mamlakatimizni zamonaviy rivojlangan davlatga aylantirishga toʻsiq boʻlmoqda. Xususan, hududlarga tashriflar jarayonida joylardagi haqiqiy ahvol bilan tanishish, bevosita mahalla va xonadonlarga kirib borish hamda aholi bilan muloqot natijalari quyidagi tizimli muammolar mavjudligini koʻrsatmoqda.
Birinchidan, mazkur ishlar mahalliy hokimliklar, “Davarxitektqurilish” qoʻmitasining hududiy organlari va xususiy uy-joy mulkdorlari shirkatlari tomonidan shaharsozlik meʼyor va qoidalariga amal qilmagan holda, bino-inshootlar va uy-joylarni tartibsiz va oʻzboshimchalik bilan qurish holatlariga chek qoʻyilmayapti. Qurilish ishlarining qishloq va mahalla darajasida kompleks yondashuvlar asosida olib borilmasligi oqibatida qishloq aholi punktlarining meʼmoriy qiyofasi eskicha koʻrinishda qolmoqda.
Ikkinchidan, Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, “Oʻzbekenergo” AJ va “Oʻztransgaz” AJning quyi tizim korxonalari tomonidan qishloq aholi punktlarida ichimlik suvi, gaz va elektr tarmoqlari, transformator punktlarini ekspluatatsiya qilish qoniqarsiz ahvolda olib borilishi oqibatida zarur infratuzilmalar eskirgan va yaroqsiz ahvolga kelib qolgan.
Uchinchidan, shaharsozlik meʼyor va qoidalari hududlarning oʻziga xos xususiyatlariga moslashtirilmaganligi oqibatida qishloq aholi punktlarining meʼmoriy qiyofasini yaxshilash, xususan, mazkur hududlarda avtomobil yoʻllari va yoʻlboʻyi infratuzilmasi barpo etish, obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirish va irrigatsiya tizimlarini barpo etish tartibsiz ravishda olib borilmoqda.
Toʻrtinchidan, mahalliy budjetlar va tarmoq tashkilotlari tomonidan qishloq aholi punktlarida bunyodkorlik va obodonlashtirish ishlarini kompleks tarzda amalga oshirish uchun moliyalashtirish tizimi yoʻlga qoʻyilmagan.
Beshinchidan, eng achinarlisi shuki, aholining ayrim qismlari shu ahvol bilan koʻnikkan boqimandalik kayfiyatiga berilib ketganligi oqibatida oʻzining uy-joylari, hovlisi va tomorqasini saqlashga eʼtibor qaratmay qoʻyilgan. Xalqimizning “qush inida koʻrganini qiladi” degan naqlni esdan chiqarib, oʻz ostonasini osoyishta va saranjom qilmaslik farzandlarimiz va nevaralarimiz tarbiyasiga salbiy taʼsir koʻrsatmoqda.
Oltinchidan, obodonlashtirish ishlarida faollar, keng jamoatchilik va fuqarolarni jalb qilishga yetarlicha eʼtibor qaratilmayapti va aniq bir tizimli samarali ishlar olib borilmayapti. Ayniqsa, mazkur ishlar sektor rahbarlari, mahalla fuqarolar yigʻinlari, xotin-qizlar qoʻmitalari va yoshlar ittifoqining hududiy boʻgʻinlari eʼtiboridan chiqib ketgan va bu borada qatʼiy tashabbuskorlik va muvofiqlashtirish yetishmaydi.
Ettinchidan, hududlarda anʼanaviy boʻlib qolgan hasharlarni faqatgina “xoʻja koʻrsin” uchun bayram kunlariga yaqin sanalarda yuzaki oʻtkazish odat tusiga aylanib qolgan.
Yuqoridagilardan kelib chiqqan holda, qishloq aholi punktlarining meʼmoriy qiyofasini tubdan yangilash, yoʻl-transport, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi hamda ijtimoiy soha obyektlarini barpo etish va shu asosda aholining turmush madaniyatini yuksaltirish va dunyoqarashini kengaytirish maqsadida:
1. Belgilab qoʻyilsinki, joriy yilning 1-aprelidan boshlab respublikaning har bir tumani va shahrida, avvalambor olis va tabiiy-iqlim sharoiti ogʻir hududlarda 2018-yilda 2 tadan va kelgusi yillarda 3 tadan qishloq (mahalla)da aholining yashash sharoitlarini tubdan yaxshilash, turmush tarzi va darajasida sezilarli ijobiy oʻzgarishlarni taʼminlashga, mazkur qishloq (mahalla)larning qiyofasini zamonaviylashtirishga va unda istiqomat qiluvchilar uchun ish oʻrinlarini yaratishga qaratilgan “Obod qishloq” dasturi (keyingi oʻrinlarda dastur deb ataladi) amalga oshiriladi.
2. Quyidagilar dasturning ustuvor maqsadlari va xarajatlarning asosiy manbalari etib belgilansin:
birinchidan, respublika budjeti va davlat maqsadli jamgʻarmalaridan ajratiladigan mablagʻlar hisobiga aholini ishonchli tarzda ichimlik suvi bilan taʼminlash, sizot suvlar sathini pasaytirish, qishloqlarni tuman markaziga ulaydigan yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash, shuningdek, lizing asosida qishloq va tuman markazi orasida avtobus qatnovini yoʻlga qoʻyish;
ikkinchidan, mahalliy budjetlar mablagʻlari hisobidan qishloq ichki yoʻllari va piyodalar yoʻlaklarini barpo etish va taʼmirlash, yoʻlboʻylarini obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, sanitariya inshootlari va irrigatsiya tizimlarini barpo etish, transport toʻxtash bekatlarini qurish;
uchinchidan, xalqaro moliyaviy institutlarning kreditlari hamda korxonalarning oʻz mablagʻlari hisobiga elektr taʼminotini yaxshilash, aloqa tizimini modernizatsiya qilish, aholiga suyultirilgan gaz va koʻmir yoqilgʻisini uzluksiz yetkazib berish;
toʻrtinchidan, ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan xizmatlarni tubdan yaxshilashga eʼtibor qaratish, bunda bogʻcha, maktab va oilaviy poliklinikalarni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini amalga oshirish hamda tegishli xarajatlarning yarmini respublika budjeti va maqsadli jamgʻarmalar hamda qolgan qismini mahalliy budjet va mahalliy homiylar hisobidan moliyalashtirish;
beshinchidan, bozor infratuzilmasi obyektlarini va servis shoxobchalarini, jumladan, hammom va kichik bozor shoxobchalarini tadbirkorlarning oʻz mablagʻlari, tijorat banklarining kreditlari va xalqaro moliya institutlarining kreditlari hisobidan barpo etish;
oltinchidan, uy-joylarni taʼmirlashda xonadon egalariga amaliy yordam koʻrsatish, avvalambor, qurilish materiallari bilan markazlashgan holda taʼminlash, bu jarayonda keng miqyosda hashar usullarini qoʻllash hisobiga hovli va atrof-hududlarni obodonlashtirish, ariqlarni tozalash, oqova suv xandaqlarini barpo etish hamda muhtoj oilalar uchun homiylar va ish beruvchi korxonalar mablagʻlari hisobidan uy qurib berish (taʼmirlash) va boshqalar.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzurida “Obod qishloq” jamgʻarmalari tuzilsin.
Iqtisodiyot vazirligi Investitsiya boʻyicha davlat qoʻmitasi va Moliya vazirligi bilan birgalikda oʻn kun muddatda “Obod qishloq” jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasini tayyorlab, tasdiqlash uchun kiritsin.
Quyidagilar “Obod qishloq” dasturida belgilangan tadbirlarni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
respublika budjeti va maqsadli jamgʻarmalar mablagʻlari;
mahalliy budjet va uning qoʻshimcha mablagʻlari;
tarmoq korxonalarining mablagʻlari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy davlatlarning grant mablagʻlari;
“Mahalla” jamgʻarmasining va boshqa tashkilotlarning homiylik xayriyalari;
tashabbuskor tadbirkorlar mablagʻlari;
hasharlar va xayriya tadbirlarini oʻtkazish hisobidan tushadigan mablagʻlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi huzuridagi Jamoat ishlari jamgʻarmasi mablagʻlari;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining har yillik davlat budjeti, shu jumladan mahalliy budjetlar parametrlarini tasdiqlashda “Obod qishloq” dasturini amalga oshirish uchun zarur miqdorda mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin.
Bunda, dastur doirasida “Oʻzbekenergo” AJ, “Oʻztransgaz” AJ, “Oʻzbektelekom” AK, Respublika yoʻl jamgʻarmasi, Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasining, tashkilot va korxonalar oʻz mablagʻlarining tegishli maqsadlar uchun toʻgʻridan-toʻgʻri moliyalashtirilishi belgilab qoʻyilsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi va Moliya vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda mazkur Farmon bilan “Obod qishloq” dasturining belgilab berilgan asosiy yoʻnalishlaridan kelib chiqqan holda, barcha tashkiliy chora-tadbirlar izchilligi, loyihalarni moliyalashtirish manbalari, moddiy resurslar taʼminoti bilan uzviy va chambarchas bogʻlangan 2018-yil uchun chora-tadbirlar rejasini oʻn kun muddatda ishlab chiqib, oʻrnatilgan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti qarori loyihasini tasdiqlash uchun kiritsin.
“Obod qishloq” dasturi doirasida markazlashgan manbalar va mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan bajariladigan ishlar boʻyicha buyurtmachi etib Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyalari belgilansin.
Barcha obyektlar boʻyicha bosh loyihachi va pudratchi tashkilotlarni eng maqbul takliflar tanlovi orqali aniqlashga ruxsat berilsin.
Mazkur tanlovlarni tashkil etish, jarayonlarni nazorat qilish va ularning samaradorligini taʼminlash uchun shaxsiy javobgarlik “Davarxitektqurilish” qoʻmitasi raisi B. Zakirov, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari zimmasiga yuklansin.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va tuman (shahar) hokimliklari va sektor rahbarlari dasturni amalga oshirish doirasida qamrab olinadigan joriy va kelgusi davrlarga moʻljallangan qishloq va mahallalarning manzilli roʻyxatlarini Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi va Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun quyidagi qatʼiy shartlar asosida shakllantirishni taʼminlasinlar:
har bir qishloq kesimida tuman (shahar) hududiy tashkilotlari bilan birgalikda moʻljallanayotgan keng koʻlamli ishlarni tashkil etish va boshqarish yuzasidan tezkor maxsus shtablarni joriy etish, shu jumladan ishlarni hashar va xoʻjalik usulida bajarishni taʼminlash, yangi ish oʻrinlarini tashkil etish, moliyalashtiriladigan qismi boʻyicha mavjud barcha imkoniyatlarni jalb etish, shu jumladan soliq yigʻuvchanligini oshirish va qoʻshimcha aniqlanadigan manbalardan mahalliy budjet daromadini oshirish;
arxitektura, sanitariya va texnik talablar asosida shaxsiy mulk egalari oʻz uy-joyini saqlash, mavjud tomorqalardan unumli foydalanish, yer va mol-mulk soliqlarini hamda koʻrsatilgan kommunal xizmatlar uchun hisob-kitob qilish va qarzdorlikka yoʻl qoʻymaslik, hashar fuqarolarning bevosita shaxsiy ishtirokini aks ettiruvchi jamoa shartnomalarinn tuzish.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, “Davyergeodezkadastr” qoʻmitasi va “Davarxitektqurilish” qoʻmitasi huzuridagi Davlat arxitektura-qurilish nazorati inspeksiyasi uy-joy, bino-inshootlar va tomorqa xoʻjaliklari mulkdorlari tomonidan amaldagi talab va qoidalar buzilishi va ularga rioya etmaslik holatlariga yoʻl qoʻyilgan taqdirda, Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy kodeksiga muvofiq tegishli choralar koʻrsinlar.
7. Belgilab qoʻyilsinki, “Obod qishloq” dasturiga kiritilgan obyektlarni sifatli va arzon qurilish materiallari bilan taʼminlash maqsadida, metall prokati, sement, noruda materiallari, gʻisht, temir-beton mahsulotlari, eshik, deraza romlari, lok-boʻyoq, shifer va shu kabi boshqa asosiy turdagi mahalliy qurilish materiallarini ishlab chiqarish uchun korxonalarga gaz va elektr energiyasi 2018-yil 1-maydan boshlab, “Oʻztransgaz” AJ va “Oʻzbekenergo” AJ tomonidan aholi uchun belgilangan narxlarda yetkazib beriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, “Oʻzmetkombinat” AJ, “Oʻzqurilishmateriallari” AJ, boshqa tegishli vazirlik, idora va xoʻjalik birlashmalari bilan birgalikda sement, metall prokati, gʻisht, temir-beton buyumlari, eshik, deraza romlari, lok-boʻyoq mahsulotlari kabi asosiy turdagi mahalliy qurilish materiallari va jihozlarini yetkazib berish uchun firma doʻkonlari tarmoqlarini tashkil etish choralarini koʻrsinlar.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, tegishli loyiha institutlari bilan birgalikda:
“Obod qishloq” dasturiga kiritilgan qishloq aholi punktlarining bosh rejalarini batafsil rejalashtirish loyihalari bilan birgalikda oldindan ishlab chiqishni;
2019-yil 1-yanvarga qadar qishloq aholi punktlari meʼmoriy qiyofasini yaxshilash tizimini takomillashtirish maqsadida shaharsozlik meʼyor va qoidalariga oʻzgartirishlar kiritish, zarur hollarda yangi standart va mezonlarni ishlab chiqishni;
har bir obyekt boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarining davlat ekspertizasidan oʻtkazilishi va qurilish-montaj ishlarining sifatli bajarilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazorati oʻrnatilishini taʼminlasin.
Belgilab qoʻyilsinki, “Obod qishloq” dasturiga kiritilgan qishloq aholi punktlari bosh rejasi va batafsil rejalashtirish loyihasini ishlab chiqish bilan bogʻlik xarajatlar mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
10. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Milliy axborot agentligi, Matbuot va axborot agentligiga barcha turdagi ommaviy axborot vositalari bilan birgalikda “Obod qishloq” dasturi doirasida qishloq aholi punktlarida, ayniqsa, chekka va olis hududlarda amalga oshirilayotgan keng koʻlamli qurilish va obodonlashtirish ishlarini batafsil yoritib borish va keng xalq ommasi orasida targʻib qilish tavsiya etilsin.
11. Mazkur farmonning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchisi T.A. Xudaybergenov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2018-yil 29-mart,
PF-5386-son