UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 6-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 6 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 апреля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 April 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 7 августдаги ПҚ-3176-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги (кейинги ўринларда «Ўзбеккино» МА деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «Ўзбеккино» МА тизимида «Республика кинопрокат маркази» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда «Республика кинопрокат маркази» ДУК деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини (кейинги ўринларда кинопрокат тизими деб аталади) ташкил этиш;

кинопрокат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш бўйича мақсадли дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

фильмларни намойиш қилиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини кинопрокат тизимига ихтиёрий жалб қилишни ташкил этиш, ушбу тизимга жалб қилинган тадбиркорлик субъектларини фильмлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, миллий фильмларни халқаро кинопрокатга олиб чиқиш;

замонавий халқаро андозаларга мувофиқ кинотеатр ва кинозалларда ягона технологик стандартларни шакллантириш ва жорий қилишда иштирок этиш.

3. Қуйидагилар:

Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

2018-2019 йилларда миллий кинопрокат тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзбеккино» МА билан биргаликда:

бир ой муддатда «Республика кинопрокат маркази» ДУК базасида «Ўзбеккино» МА тизимидаги кинотеатрларнинг бирлаштирилиши ва хусусий кинотеатрларнинг ўзаро манфаатли шартлар асосида ихтиёрий киришини назарда тутувчи ягона республика кинопрокат электрон тармоғини ишлаб чиқиш;

2018 йил 1 июндан бошлаб фильмларнинг кинотеатрларга рақамли етказилишини таъминлаш мақсадида ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган кинотеатрларни оптик толали алоқа линияси орқали ягона республика кинопрокат электрон тармоғига босқичма-босқич улаш;

2019 йил 1 январдан бошлаб ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган кинотеатрларда электрон киночипталарнинг тезкор ҳисобини юритиш ва сотишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича чоралар кўрсин.

5. Белгилансинки, ҳудудларда ягона репертуар сиёсатини амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш «Ўзбеккино» МАнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

6. «Ўзбеккино» МА ва «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг «Республика кинопрокат маркази» ДУК таркибида кинопрокат тизимининг йиллик репертуар режасига киритиладиган миллий ва хорижий фильмларнинг мақбул нисбатини белгилаб берувчи методик кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

7. «Ўзбеккино» МА ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри Миробод тумани Миробод кўчаси 25-уй манзилида жойлашган биноларни тегишли ҳудуди билан биргаликда фасад ва ташқи муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш бўйича илгари ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари нархини ҳисобга олган ҳолда «Республика кинопрокат маркази» ДУКга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу бинолар топширилишини, «Республика кинопрокат маркази» ДУК қабул қилиб олинишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминласин.

8. «Ўзбеккино» МА бир ой муддатда «Республика кинопрокат маркази» ДУК устави ва тузилмасининг тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ««Ўзбеккино» Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 28 декабрдаги 1030-сон қарорига 3-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

10. «Ўзбеккино» МА бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш «Ўзбеккино» МА Бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорига 1-ИЛОВА

Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, аҳолига киновидео хизматини кўрсатувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда киновидео-томоша ташкилотлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

киновидео-томоша ташкилотлари — фильмларни оммавий намойиши учун кинотехнологик ускуналар билан жиҳозланган бино ёки унинг бир қисмига эга бўлган ташкилот;

киновидео хизмати — киновидео-томоша ташкилотлари томонидан оммавий намойишга мўлжалланган фильмларни ва бошқа аудиовизуал асарларни томошабинларга тақдим қилиш;

киносеанс — фильмларни ёки маълум бир фильмлар дастурини муайян вақт ичида танаффуссиз бир марталик намойиш қилиш вақти;

томошабин — киновидео-томоша ташкилотлари томонидан тақдим этилган киновидео хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;

фильм — кинотеатр ва кинозалларда оммавий намойиш қилишга мўлжалланган аудиовизуал асар, телевидениеда намойиш қилишга мўлжалланган телефильм ёки телесериал бундан мустасно.

2-боб. Киновидео хизмати кўрсатишнинг асосий қоидалари

5. Муайян киносеанс учун кириш чиптасининг (шу жумладан, электрон шаклда) сотилиши билан киновидео-томоша ташкилоти ва томошабин ўртасида киновидео хизмати кўрсатишга шартнома тузилган деб ҳисобланади. Кириш чиптасида киновидео-томоша ташкилотининг номи, киносеанс вақти ва санаси, ўриндиқ жойи ва чипта нархи кўрсатилган бўлиши шарт.

6. Киновидео-томоша ташкилотлари томошабинларга киновидео хизмати кўрсатиш вақтида киносеансдан ташқари қўшимча хизматларни (мусиқий дастур, киножурнал ва ҳ.к.) ҳам кўрсатиши мумкин.

7. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тизимидаги киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталари нархи Агентлик томонидан, бошқа киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталарининг нархи ушбу ташкилотларнинг ўзлари томонидан мустақил белгиланади.

8. Киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеансга аввалдан чипталар савдосини ташкил қилиши мумкин.

9. Киновидео-томоша ташкилотлари жамоа бўлиб фильм томоша қилишга келувчилар учун чипта буюртма қилинишига имконият яратиб бериши лозим.

10. Киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеанс бошланишидан камида 30 дақиқа аввал белгиланган киносеансга чипталар савдосини бошлаши шарт. Кинозалга кириш сеансдан камида 15 дақиқа олдин бошланади.

11. Етти ёшгача бўлган болалар вояга етган кузатувчи ҳамроҳлигида, болалар учун белгиланган нархларда кириш чиптаси билан кинозалга киритилади.

12. Болалар учун мўлжалланган махсус киносеансларга ташриф буюрган катта ёшдаги томошабинлар катталар учун белгиланган нархларда чипта сотиб олади.

13. Репертуарда режалаштирилган фильмларнинг алмаштирилишига фақат техник бузилишлар, фильмнинг ишдан чиқиши ёки йўқолиши, шунингдек, белгиланган муддатда фильм киновидео-томоша ташкилотига етиб келмаган ҳолатларда рухсат берилади.

14. Репертуарда режалаштирилган фильм киносеанс учун кинозалга йиғилган томошабинларнинг сонидан қатъи назар чипта сотилган бўлса намойиш қилиниши шарт.

15. Киносеанс вақтида видеокамера, телефон, планшет ва бошқа рақамли электрон жиҳозлардан фойдаланиш, намойиш этилаётган фильмни видео-фото тасвирга олиш, баланд овозда гаплашиш ва бошқа томошабинларга халақит бериш тақиқланади.

16. 2019 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча киновидео-томоша ташкилотларида намойиш қилинадиган миллий фильмлар ҳажмлари – суткада иккитадан кам бўлмаслиги, 2021 йил 1 январдан эса шу каби тўлиқ метражли фильмлар ойлик экран вақтининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги, байрам кунлари 40 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

3-боб. Киновидео-томоша ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

17. Киновидео-томоша ташкилотлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

томошабинлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзига тегишли бино ва иншоот ҳудудига, шу жумладан, кинозалларга кузатув камераларини ўрнатиш, бунда кузатув камерасидан томошабиннинг шахсий ҳаётига дахлдор видеоёзувлардан нусха олиш, кўпайтириш ва тарқатиш қатъиян тақиқланади;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тақиқларни бузган томошабинни чипта учун тўланган маблағни қайтармаган ҳолда кинозалга киритмаслик ёки кинозалдан чиқариб юбориш.

Киновидео-томоша ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

18. Киновидео-томоша ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдир:

кириш чипталари сотиладиган кассаси ва кириш жойида кинотеатр номи, жойлашган жойи (почта манзили), телефон рақами, иш вақти, раҳбариятининг фамилияси, исми ва отасининг исмининг бош ҳарфлари каби маълумотларни акс эттириш;

ушбу Низомни ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, жамоат жойлари, махсус стендлар, бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган бошқа жойларига осиб қўйиш йўли билан томошабинларнинг танишишларига имконият яратиш;

кинофильмларни сифатли намойиш қилиш, зарур кинотехнологик ускуналар мавжудлигини таъминлаш, томошабинларга сифатли хизмат кўрсатиш, қулайликлар яратиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

томошабинлар учун ҳожатхона, она ва бола хонаси, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш воситаларидан бепул фойдаланишга имконият яратиб бериш;

ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш.

Киновидео-томоша ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

19. Киновидео-томоша ташкилотлари томошабинларга қуйидагилар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумот бериб бориши шарт:

намойиш қилинаётган ва намойиши режалаштирилаётган фильмлар (фильм ишлаб чиқарилган йил, ишлаб чиқарувчи мамлакат, киностудия, бош роль ижрочилари ва хоказолар) ҳақидаги маълумотлар;

чипталар нархи;

болаларга мўлжалланган киносеанслар учун чипталар нархи;

кинозал ўриндиқларининг жойлашуви чизмаси;

киносеанснинг аниқ бошланиш вақти ва давомийлиги;

томошабинларга кўрсатиладиган қўшимча хизматлар (пуллик хизматлар учун уларнинг нархлари);

айрим тоифадаги томошабинлар учун белгиланган имтиёзлар.

4-боб. Томошабинларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

20. Томошабинлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

киновидео-томоша ташкилотлари томонидан томошабинларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотлар олиш;

киновидео хизмати ва бошқа қўшимча хизматлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

киновидео-томоша ташкилотининг айби билан репертуарда режалаштирилган фильм тўхтатилган, алмаштирилган ёки сифатсиз намойиш қилинган тақдирда кириш чиптаси учун тўланган маблағни тўлалигича қайтариб олиш;

киновидео-томоша ташкилотларидан муайян фильмни оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатномани кўрсатишни талаб қилиш;

фильм намойиши учун ёшга доир чекловнинг (ўз ёшига тааллуқли) мавжудлиги ҳақида маълумотнинг йўқлиги сабабли фильмни томоша қилишдан бош тортиш ва кириш чиптаси учун тўланган маблағни тўлалигича қайтариб олиш.

Томошабинлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

21. Томошабинлар қуйидагиларга мажбурдир:

киновидео-томоша ташкилотида ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тақиқларга ҳамда киновидео-томоша ташкилоти томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибга риоя қилиш;

чиптани киносеанс охиригача сақлаб қолиш ва назоратчи ёки маъмурият талаби билан кўрсатиш;

ўз чиптасида кўрсатилган ўриндиққа ўтириш.

5-боб. Якунловчи қоидалар

22. Ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, шунингдек, ваколати доирасида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва бошқа назорат органлари ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан амалга оширилади.

23. Киновидео-томоша ташкилотлари томонидан ушбу Низом талаблари бузилган тақдирда, бунинг оқибатида томошабинларга етказилган зарар киновидео-томоша ташкилоти ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

24. Томошабин ўзи сабабли киновидео-томоша ташкилотига етказилган моддий зарар бўйича белгиланган тартибда мулкий жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорига 2-ИЛОВА

2018-2019 йилларда миллий кинопрокат тизимини ривожлантириш бўйича комплекс

Т/р Тадбирлар номи Тақдим этиладиган ҳужжат шакли, амалга ошириш механизми Бажариш муддати Ижро учун масъуллар 1. Кино намойишига мўлжалланган объектларни хатловдан ўтказиш ҳамда республика ягона кинопрокат тармоғига кирувчи реконструкция қилинадиган ва қайта жиҳозланиши талаб этиладиган кинотеатрлар ва кинозалларнинг рўйхатини шакллантириш. 1. Тегишли вазирликлар ва идоралардан иборат ишчи гуруҳ тузиш. 2. Ишчи гуруҳ томонидан объектларнинг ҳолати, жиҳозланиш даражаси ва бошқа параметрлари ўрганилиши. 3. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда кино намойишига мўлжалланган объектларнинг кинофильмлар намойиши фаолиятини тиклаш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2018 йил март — июнь «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари 2. Республика ягона кинопрокат тармоғида кинофильмлар афишаси ва стендларнинг ягона стандартини ишлаб чиқиш ҳамда уларни республикадаги шаҳар марказлари ва бошқа аҳоли пунктларидаги қулай жойларга ўрнатиш. 1. Стендларнинг ягона стандарти эскизларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2. Стендлар ўрнатиладиган манзиллар дислокациясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2018 йил март — август «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари 3. «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг устави ва тузилмасини ишлаб чиқиш. «Республика кинопрокат маркази» ДУКнинг устави ва тузилмасини тасдиқлаш. 2018 йил апрель «Ўзбеккино» Миллий агентлиги «Республика кинопрокат маркази» ДУК таркибидаги методик кенгаш ҳақидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш. «Республика кинопрокат маркази» ДУК таркибидаги методик кенгаш ҳақидаги низомни тасдиқлаш. 2018 йил апрель «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК 4. Республика ягона кинопрокат тармоғида кинопрокатни амалга оширишни тартибга солишни назарда тутувчи низом лойиҳасини ишлаб чиқиш. Республика ягона кинопрокат тармоғида кинопрокатни амалга оширишни тартибга солишни назарда тутувчи низомни тасдиқлаш. 2018 йил апрель «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК 5. Республикадаги кинотеатрлар ва кинозалларни электрон киночипталарнинг тезкор ҳисобини юритиш ва сотишнинг автоматлаштирилган тизимига улаш учун зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлаш ва жорий қилишда ягона технологик талабларни ишлаб чиқиш. Ягона технологик талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2018 йил октябрь «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 6. Ягона технологик концепцияга асосан республика ягона кинопрокат тармоғидаги кинотеатр ва кинозалларнинг кинопроекцион техник ускуналарини унификация қилиш. 1. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва республика вилоятлари марказларидаги биринчи тоифали кинотеатрлар учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган техник талабларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш. 2. Республиканинг кичик шаҳарлари, туманлар марказлари ва бошқа алоҳида ҳудудлардаги иккинчи тоифали кинотеатрлар ва кинозалларни жиҳозлаш учун минимал техник талабларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш. 2018-2019 йиллар «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК 7. Миллий фильмларни халқаро кинопрокатга олиб чиқиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва хорижий давлатлар билан кинопрокат соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш. 1. Марказий Осиё мамлакатлари ва хорижий давлатларнинг дистрибьюторлик компаниялари билан алоқалар ўрнатиш чора-тадбирларини амалга ошириш. 2. Халқаро кинобозорларда миллий фильмларимиз иштирокини таъминлаш. 3. Кинопрокат соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари ва хорижий давлатлар билан шериклик алоқаларини ўрнатиш. 2018-2019 йиллар «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ДУК

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 272-сон қарорига 3-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг ««Ўзбеккино» Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 28 декабрдаги 1030-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 1-иловадаги «Дўрмон киноижодкорлар уйи» давлат унитар корхонаси блокидан кейин «Республика кинопрокат маркази» давлат унитар корхонаси» блоки қўшилсин.

2. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тўғрисида низомда :

а) 9-бандда :

қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши қўшилсин:

«Республика кинопрокат маркази» давлат унитар корхонаси»;

ўн учинчи ва ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 13-бандга қуйидаги мазмундаги 6-кичик банд қўшилсин:

«ҳудудларда ягона репертуар сиёсатини амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради ва назорат қилади, шунингдек, аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини таъминлайди».

6 — 12-кичик бандлар тегишли равишда 7 — 13-кичик бандлар деб ҳисоблансин

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 6 апрель,

272-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2018 й., 09/18/272/1044-сон, 17.12.2018 й., 09/18/1012/2321-сон. 20.08.2019 й., 09/19/695/3595-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

CHORA-TADBIRLAR REJASI

Respublikada yagona repertuar siyosati yuritilishini taʼminlashga yoʻnaltirilgan respublika kinoprokat tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy kinematografiyani yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 7-avgustdagi PQ-3176-son qaroriga muvofiq, shuningdek, respublikada yagona repertuar siyosati yuritilishini taʼminlashga yoʻnaltirilgan respublika kinoprokat tizimini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. “Oʻzbekkino” Milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda “Oʻzbekkino” MA deb ataladi) va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining “Oʻzbekkino” MA tizimida “Respublika kinoprokat markazi” davlat unitar korxonasini (keyingi oʻrinlarda “Respublika kinoprokat markazi” DUK deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar “Respublika kinoprokat markazi” DUKning asosiy vazifalari etib belgilansin:

respublikada yagona repertuar siyosati yuritilishini taʼminlashga yoʻnaltirilgan respublika kinoprokat tizimini (keyingi oʻrinlarda kinoprokat tizimi deb ataladi) tashkil etish;

kinoprokat tizimini rivojlantirish va takomillashtirish, aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish boʻyicha maqsadli dasturlar hamda loyihalarni ishlab chiqish va amalga oshirishda ishtirok etish;

filmlarni namoyish qilish faoliyatini amalga oshiruvchi tadbirkorlik subyektlarini kinoprokat tizimiga ixtiyoriy jalb qilishni tashkil etish, ushbu tizimga jalb qilingan tadbirkorlik subyektlarini filmlar bilan taʼminlash;

mamlakatimizda ishlab chiqarilgan va xorijdan olib kiriladigan filmlarning respublika hududidagi kinoprokati boʻyicha distribyuterlik faoliyatini amalga oshirish, shuningdek, milliy filmlarni xalqaro kinoprokatga olib chiqish;

zamonaviy xalqaro andozalarga muvofiq kinoteatr va kinozallarda yagona texnologik standartlarni shakllantirish va joriy qilishda ishtirok etish.

3. Quyidagilar:

Aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

2018-2019-yillarda milliy kinoprokat tizimini rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar rejasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi “Oʻzbekkino” MA bilan birgalikda:

bir oy muddatda “Respublika kinoprokat markazi” DUK bazasida “Oʻzbekkino” MA tizimidagi kinoteatrlarning birlashtirilishi va xususiy kinoteatrlarning oʻzaro manfaatli shartlar asosida ixtiyoriy kirishini nazarda tutuvchi yagona respublika kinoprokat elektron tarmogʻini ishlab chiqish;

2018-yil 1-iyundan boshlab filmlarning kinoteatrlarga raqamli yetkazilishini taʼminlash maqsadida ushbu bandning ikkinchi xatboshida koʻrsatilgan kinoteatrlarni optik tolali aloqa liniyasi orqali yagona respublika kinoprokat elektron tarmogʻiga bosqichma-bosqich ulash;

2019-yil 1-yanvardan boshlab ushbu bandning ikkinchi xatboshida koʻrsatilgan kinoteatrlarda elektron kinochiptalarning tezkor hisobini yuritish va sotishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish boʻyicha choralar koʻrsin.

5. Belgilansinki, hududlarda yagona repertuar siyosatini amalga oshirish boʻyicha faoliyatni muvofiqlashtirish va nazorat qilish, shuningdek, aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish qoidalariga rioya etilishini taʼminlash “Oʻzbekkino” MAning hududiy boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi.

6. “Oʻzbekkino” MA va “Respublika kinoprokat markazi” DUKning “Respublika kinoprokat markazi” DUK tarkibida kinoprokat tizimining yillik repertuar rejasiga kiritiladigan milliy va xorijiy filmlarning maqbul nisbatini belgilab beruvchi metodik kengash faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

7. “Oʻzbekkino” MA va Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasining Toshkent shahri Mirobod tumani Mirobod koʻchasi 25-uy manzilida joylashgan binolarni tegishli hududi bilan birgalikda fasad va tashqi muhandislik kommunikatsiyalarini taʼmirlash boʻyicha ilgari ishlab chiqilgan loyiha-smeta hujjatlari narxini hisobga olgan holda “Respublika kinoprokat markazi” DUKga operativ boshqaruv huquqi bilan bepul berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi ushbu binolar topshirilishini, “Respublika kinoprokat markazi” DUK qabul qilib olinishini hamda ulardan samarali foydalanilishini taʼminlasin.

8. “Oʻzbekkino” MA bir oy muddatda “Respublika kinoprokat markazi” DUK ustavi va tuzilmasining tasdiqlanishini hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining ““Oʻzbekkino” Milliy agentligi faoliyatini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 28-dekabrdagi 1030-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.

10. “Oʻzbekkino” MA boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda ular tomonidan qabul qilingan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish “Oʻzbekkino” MA Bosh direktori F.Sh. Zokirov zimmasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 6-apreldagi 272-son qaroriga 1-ILOVA

Aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, aholiga kinovideo xizmatini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar (keyingi oʻrinlarda kinovideo-tomosha tashkilotlari deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

kinovideo-tomosha tashkilotlari — filmlarni ommaviy namoyishi uchun kinotexnologik uskunalar bilan jihozlangan bino yoki uning bir qismiga ega boʻlgan tashkilot;

kinovideo xizmati — kinovideo-tomosha tashkilotlari tomonidan ommaviy namoyishga moʻljallangan filmlarni va boshqa audiovizual asarlarni tomoshabinlarga taqdim qilish;

kinoseans — filmlarni yoki maʼlum bir filmlar dasturini muayyan vaqt ichida tanaffussiz bir martalik namoyish qilish vaqti;

tomoshabin — kinovideo-tomosha tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan kinovideo xizmatlaridan foydalanuvchi jismoniy shaxs;

film — kinoteatr va kinozallarda ommaviy namoyish qilishga moʻljallangan audiovizual asar, televideniyeda namoyish qilishga moʻljallangan telefilm yoki teleserial bundan mustasno.

2-bob. Kinovideo xizmati koʻrsatishning asosiy qoidalari

5. Muayyan kinoseans uchun kirish chiptasining (shu jumladan, elektron shaklda) sotilishi bilan kinovideo-tomosha tashkiloti va tomoshabin oʻrtasida kinovideo xizmati koʻrsatishga shartnoma tuzilgan deb hisoblanadi. Kirish chiptasida kinovideo-tomosha tashkilotining nomi, kinoseans vaqti va sanasi, oʻrindiq joyi va chipta narxi koʻrsatilgan boʻlishi shart.

6. Kinovideo-tomosha tashkilotlari tomoshabinlarga kinovideo xizmati koʻrsatish vaqtida kinoseansdan tashqari qoʻshimcha xizmatlarni (musiqiy dastur, kinojurnal va h.k.) ham koʻrsatishi mumkin.

7. “Oʻzbekkino” Milliy agentligi tizimidagi kinovideo-tomosha tashkilotlariga kirish chiptalari narxi Agentlik tomonidan, boshqa kinovideo-tomosha tashkilotlariga kirish chiptalarining narxi ushbu tashkilotlarning oʻzlari tomonidan mustaqil belgilanadi.

8. Kinovideo-tomosha tashkilotlari muayyan kinoseansga avvaldan chiptalar savdosini tashkil qilishi mumkin.

9. Kinovideo-tomosha tashkilotlari jamoa boʻlib film tomosha qilishga keluvchilar uchun chipta buyurtma qilinishiga imkoniyat yaratib berishi lozim.

10. Kinovideo-tomosha tashkilotlari muayyan kinoseans boshlanishidan kamida 30 daqiqa avval belgilangan kinoseansga chiptalar savdosini boshlashi shart. Kinozalga kirish seansdan kamida 15 daqiqa oldin boshlanadi.

11. Yetti yoshgacha boʻlgan bolalar voyaga yetgan kuzatuvchi hamrohligida, bolalar uchun belgilangan narxlarda kirish chiptasi bilan kinozalga kiritiladi.

12. Bolalar uchun moʻljallangan maxsus kinoseanslarga tashrif buyurgan katta yoshdagi tomoshabinlar kattalar uchun belgilangan narxlarda chipta sotib oladi.

13. Repertuarda rejalashtirilgan filmlarning almashtirilishiga faqat texnik buzilishlar, filmning ishdan chiqishi yoki yoʻqolishi, shuningdek, belgilangan muddatda film kinovideo-tomosha tashkilotiga yetib kelmagan holatlarda ruxsat beriladi.

14. Repertuarda rejalashtirilgan film kinoseans uchun kinozalga yigʻilgan tomoshabinlarning sonidan qatʼi nazar chipta sotilgan boʻlsa namoyish qilinishi shart.

15. Kinoseans vaqtida videokamera, telefon, planshet va boshqa raqamli elektron jihozlardan foydalanish, namoyish etilayotgan filmni video-foto tasvirga olish, baland ovozda gaplashish va boshqa tomoshabinlarga xalaqit berish taqiqlanadi.

16. 2019-yil 1-yanvardan boshlab, mulkchilik shaklidan qatʼiy nazar, barcha kinovideo-tomosha tashkilotlarida namoyish qilinadigan milliy filmlar hajmlari – sutkada ikkitadan kam boʻlmasligi, 2021-yil 1-yanvardan esa shu kabi toʻliq metrajli filmlar oylik ekran vaqtining 25 foizidan kam boʻlmasligi, bayram kunlari 40 foizdan kam boʻlmasligi kerak.

3-bob. Kinovideo-tomosha tashkilotlarining huquq va majburiyatlari

17. Kinovideo-tomosha tashkilotlari quyidagi huquqlarga ega:

tomoshabinlar xavfsizligini taʼminlash maqsadida oʻziga tegishli bino va inshoot hududiga, shu jumladan, kinozallarga kuzatuv kameralarini oʻrnatish, bunda kuzatuv kamerasidan tomoshabinning shaxsiy hayotiga daxldor videoyozuvlardan nusxa olish, koʻpaytirish va tarqatish qatʼiyan taqiqlanadi;

ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan taqiqlarni buzgan tomoshabinni chipta uchun toʻlangan mablagʻni qaytarmagan holda kinozalga kiritmaslik yoki kinozaldan chiqarib yuborish.

Kinovideo-tomosha tashkilotlari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

18. Kinovideo-tomosha tashkilotlari quyidagilarga majburdir:

kirish chiptalari sotiladigan kassasi va kirish joyida kinoteatr nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), telefon raqami, ish vaqti, rahbariyatining familiyasi, ismi va otasining ismining bosh harflari kabi maʼlumotlarni aks ettirish;

ushbu Nizomni oʻz rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilish, shuningdek, jamoat joylari, maxsus stendlar, binoning hamma koʻrishi mumkin boʻlgan boshqa joylariga osib qoʻyish yoʻli bilan tomoshabinlarning tanishishlariga imkoniyat yaratish;

kinofilmlarni sifatli namoyish qilish, zarur kinotexnologik uskunalar mavjudligini taʼminlash, tomoshabinlarga sifatli xizmat koʻrsatish, qulayliklar yaratish va ularning xavfsizligini taʼminlash;

tomoshabinlar uchun hojatxona, ona va bola xonasi, birinchi tez tibbiy yordam koʻrsatish vositalaridan bepul foydalanishga imkoniyat yaratib berish;

yongʻin xavfsizligi va sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga rioya etish.

Kinovideo-tomosha tashkilotlari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

19. Kinovideo-tomosha tashkilotlari tomoshabinlarga quyidagilar toʻgʻrisida toʻliq va aniq maʼlumot berib borishi shart:

namoyish qilinayotgan va namoyishi rejalashtirilayotgan filmlar (film ishlab chiqarilgan yil, ishlab chiqaruvchi mamlakat, kinostudiya, bosh rol ijrochilari va xokazolar) haqidagi maʼlumotlar;

chiptalar narxi;

bolalarga moʻljallangan kinoseanslar uchun chiptalar narxi;

kinozal oʻrindiqlarining joylashuvi chizmasi;

kinoseansning aniq boshlanish vaqti va davomiyligi;

tomoshabinlarga koʻrsatiladigan qoʻshimcha xizmatlar (pullik xizmatlar uchun ularning narxlari);

ayrim toifadagi tomoshabinlar uchun belgilangan imtiyozlar.

4-bob. Tomoshabinlarning huquq va majburiyatlari

20. Tomoshabinlar quyidagi huquqlarga ega:

kinovideo-tomosha tashkilotlari tomonidan tomoshabinlarga koʻrsatiladigan xizmatlar toʻgʻrisida toʻliq va aniq maʼlumotlar olish;

kinovideo xizmati va boshqa qoʻshimcha xizmatlardan belgilangan tartibda foydalanish;

kinovideo-tomosha tashkilotining aybi bilan repertuarda rejalashtirilgan film toʻxtatilgan, almashtirilgan yoki sifatsiz namoyish qilingan taqdirda kirish chiptasi uchun toʻlangan mablagʻni toʻlaligicha qaytarib olish;

kinovideo-tomosha tashkilotlaridan muayyan filmni ommaviy namoyishini amalga oshirish uchun bir martalik ruxsatnomani koʻrsatishni talab qilish;

film namoyishi uchun yoshga doir cheklovning (oʻz yoshiga taalluqli) mavjudligi haqida maʼlumotning yoʻqligi sababli filmni tomosha qilishdan bosh tortish va kirish chiptasi uchun toʻlangan mablagʻni toʻlaligicha qaytarib olish.

Tomoshabinlar qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

21. Tomoshabinlar quyidagilarga majburdir:

kinovideo-tomosha tashkilotida ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan taqiqlarga hamda kinovideo-tomosha tashkiloti tomonidan qonun hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibga rioya qilish;

chiptani kinoseans oxirigacha saqlab qolish va nazoratchi yoki maʼmuriyat talabi bilan koʻrsatish;

oʻz chiptasida koʻrsatilgan oʻrindiqqa oʻtirish.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Ushbu Nizomda belgilangan talablarga rioya etilishini nazorat qilish “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, shuningdek, vakolati doirasida isteʼmolchilar huquqini himoya qilish va boshqa nazorat organlari hamda jamoatchilik vakillari tomonidan amalga oshiriladi.

23. Kinovideo-tomosha tashkilotlari tomonidan ushbu Nizom talablari buzilgan taqdirda, buning oqibatida tomoshabinlarga yetkazilgan zarar kinovideo-tomosha tashkiloti hisobidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladi.

24. Tomoshabin oʻzi sababli kinovideo-tomosha tashkilotiga yetkazilgan moddiy zarar boʻyicha belgilangan tartibda mulkiy javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 6-apreldagi 272-son qaroriga 2-ILOVA

2018-2019-yillarda milliy kinoprokat tizimini rivojlantirish boʻyicha kompleks

T/r Tadbirlar nomi Taqdim etiladigan hujjat shakli, amalga oshirish mexanizmi Bajarish muddati Ijro uchun masʼullar 1. Kino namoyishiga moʻljallangan obyektlarni xatlovdan oʻtkazish hamda respublika yagona kinoprokat tarmogʻiga kiruvchi rekonstruksiya qilinadigan va qayta jihozlanishi talab etiladigan kinoteatrlar va kinozallarning roʻyxatini shakllantirish. 1. Tegishli vazirliklar va idoralardan iborat ishchi guruh tuzish. 2. Ishchi guruh tomonidan obyektlarning holati, jihozlanish darajasi va boshqa parametrlari oʻrganilishi. 3. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish hamda kino namoyishiga moʻljallangan obyektlarning kinofilmlar namoyishi faoliyatini tiklash boʻyicha manzilli dasturlarni ishlab chiqish va tasdiqlash. 2018-yil mart — iyun “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari 2. Respublika yagona kinoprokat tarmogʻida kinofilmlar afishasi va stendlarning yagona standartini ishlab chiqish hamda ularni respublikadagi shahar markazlari va boshqa aholi punktlaridagi qulay joylarga oʻrnatish. 1. Stendlarning yagona standarti eskizlarini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2. Stendlar oʻrnatiladigan manzillar dislokatsiyasini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2018-yil mart — avgust “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari 3. “Respublika kinoprokat markazi” DUKning ustavi va tuzilmasini ishlab chiqish. “Respublika kinoprokat markazi” DUKning ustavi va tuzilmasini tasdiqlash. 2018-yil aprel “Oʻzbekkino” Milliy agentligi “Respublika kinoprokat markazi” DUK tarkibidagi metodik kengash haqidagi nizom loyihasini ishlab chiqish. “Respublika kinoprokat markazi” DUK tarkibidagi metodik kengash haqidagi nizomni tasdiqlash. 2018-yil aprel “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK 4. Respublika yagona kinoprokat tarmogʻida kinoprokatni amalga oshirishni tartibga solishni nazarda tutuvchi nizom loyihasini ishlab chiqish. Respublika yagona kinoprokat tarmogʻida kinoprokatni amalga oshirishni tartibga solishni nazarda tutuvchi nizomni tasdiqlash. 2018-yil aprel “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK 5. Respublikadagi kinoteatrlar va kinozallarni elektron kinochiptalarning tezkor hisobini yuritish va sotishning avtomatlashtirilgan tizimiga ulash uchun zarur boʻlgan uskunalar bilan jihozlash va joriy qilishda yagona texnologik talablarni ishlab chiqish. Yagona texnologik talablarni ishlab chiqish va tasdiqlash. 2018-yil oktabr “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 6. Yagona texnologik konsepsiyaga asosan respublika yagona kinoprokat tarmogʻidagi kinoteatr va kinozallarning kinoproyeksion texnik uskunalarini unifikatsiya qilish. 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Nukus shahri va respublika viloyatlari markazlaridagi birinchi toifali kinoteatrlar uchun jahon standartlariga javob beradigan texnik talablarni ishlab chiqish va joriy qilish. 2. Respublikaning kichik shaharlari, tumanlar markazlari va boshqa alohida hududlardagi ikkinchi toifali kinoteatrlar va kinozallarni jihozlash uchun minimal texnik talablarni ishlab chiqish va joriy qilish. 2018-2019 yillar “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK 7. Milliy filmlarni xalqaro kinoprokatga olib chiqish maqsadida Markaziy Osiyo mamlakatlari va xorijiy davlatlar bilan kinoprokat sohasida hamkorlik aloqalarini oʻrnatish. 1. Markaziy Osiyo mamlakatlari va xorijiy davlatlarning distribyutorlik kompaniyalari bilan aloqalar oʻrnatish chora-tadbirlarini amalga oshirish. 2. Xalqaro kinobozorlarda milliy filmlarimiz ishtirokini taʼminlash. 3. Kinoprokat sohasida Markaziy Osiyo mamlakatlari va xorijiy davlatlar bilan sheriklik aloqalarini oʻrnatish. 2018-2019 yillar “Oʻzbekkino” Milliy agentligi, “Respublika kinoprokat markazi” DUK

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 6-apreldagi 272-son qaroriga 3-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining ““Oʻzbekkino” Milliy agentligi faoliyatini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 28-dekabrdagi 1030-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 1-ilovadagi “Doʻrmon kinoijodkorlar uyi” davlat unitar korxonasi blokidan keyin “Respublika kinoprokat markazi” davlat unitar korxonasi” bloki qoʻshilsin.

2. “Oʻzbekkino” Milliy agentligi toʻgʻrisida nizomda :

a) 9-bandda :

quyidagi mazmundagi oʻn uchinchi xatboshi qoʻshilsin:

“Respublika kinoprokat markazi” davlat unitar korxonasi”;

oʻn uchinchi va oʻn toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha oʻn toʻrtinchi va oʻn beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 13-bandga quyidagi mazmundagi 6-kichik band qoʻshilsin:

“hududlarda yagona repertuar siyosatini amalga oshirish boʻyicha faoliyatni muvofiqlashtiradi va nazorat qiladi, shuningdek, aholiga kinovideo xizmati koʻrsatish qoidalariga rioya etilishini taʼminlaydi”.

6 — 12-kichik bandlar tegishli ravishda 7 — 13-kichik bandlar deb hisoblansin

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 6-aprel,

272-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.04.2018-y., 09/18/272/1044-son, 17.12.2018-y., 09/18/1012/2321-son. 20.08.2019-y., 09/19/695/3595-son)

lex.uz