UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 4-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 4 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 мая 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 May 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 30 июндаги ПҚ-4768-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Институтга истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш курси бўйича бир ўқув йилига мўлжалланган қабул квотаси 120 нафар (биринчи ярим йилликда 60 нафар тингловчилар қабул қилинади) ва ўқув жараёни тўрт ой этиб белгиланади ҳамда малака ошириш курсларининг қабул квотаси буюртма асосида ташкил этилиб, унинг ўқув жараёни муддати бир ойгачани ташкил қилади;

қабул квоталарига мувофиқ тингловчиларни қайта тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги буюртмаси асосида ташкил этиладиган малака ошириш ўқув курслари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Институтда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат ташкилотларининг буюртмаси, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Институтнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув режалари ҳамда дастурларини шакллантиришда амалий ёрдам берилишини таъминласин.

4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги 336-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига (кейинги ўринларда Институт деб аталади) ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Институтга тингловчиларни ўқишга қабул қилиш қайта тайёрлаш (тўрт ойлик) ва малака ошириш (бир ойгача) шаклида амалга оширилади.

3. Институтга тингловчиларни қайта тайёрлаш бўйича қабул қилишнинг ҳар йилги квотаси 120 нафар (биринчи ярим йилликда 60 нафар тингловчилар қабул қилинади) этиб белгиланади.

4. Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига тингловчиларни қабул қилишнинг ҳар йилги квотаси Институт билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан белгиланади.

5. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курслари битирувчилари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари тизимларидаги раҳбар кадрлар захирасига киритилади ҳамда Институт ва Агентлик томонидан уларнинг лавозими ошиши мониторинги юритилади.

Малака ошириш ўқув курслари битирувчилари иш фаолиятидан келиб чиққан ҳолда юқори лавозимларга тавсия этилиши мумкин.

2-боб. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилиш

6. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, олий маълумотли ва олий таълим муассасасини тугатгандан кейин камида 2 йил иш стажига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари раҳбар ходимлари ва мутахассислари тест синови ва суҳбат орқали очиқ танлов асосида қабул қилинади.

7. Тингловчиларни Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.

Тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш қабул квотаси умумий бир ўқув йилига мўлжалланган қабул квотасидан ташқари белгиланади ҳамда бу кўрсаткич бир ўқув йилига мўлжалланган қабул квотаси умумий сонининг 50 фоизидан ошмайди.

8. Тингловчиларнинг Институтдаги ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

9. Қайта тайёрлаш ўқув курсларига очиқ танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар қабул қилинади. Тингловчиларни қабул қилиш Институт директорининг буйруғи билан амалга оширилади.

10. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ўқув курслари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

11. Қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилишни ташкил этиш учун Қабул комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) тузилади.

Комиссия аъзоларининг сони, таркиби ва унинг иш регламенти Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

12. Комиссия тингловчиларни тест синови ва суҳбат ўтказиш йўли билан қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилишни ташкил этади.

13. Номзодлар Комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг биринчи раҳбарлари имзоси билан тавсиянома;

Институт директори номига ёзилган ариза;

сўровнома, маълумотнома-объективка (яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда);

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

Номзоднинг олий маълумоти тўғрисидаги диплом маълумотлари, меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси маълумотлари ва фотосурати «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

Ҳужжатларга номзоднинг фаолияти давомидаги муайян ютуқларини (мукофотлари, ихтиро патентлари ва бошқа эришган ютуқларини) акс эттирувчи ҳужжатлар нусхалари илова қилиниши мумкин.

Институтга ўқишга тавсия этишда номзодларнинг ўзига ва уларнинг ҳужжатларига нисбатан қўйилган талабларга қатъий риоя этиш, ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги бўйича масъулият тавсия этаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юкланади.

14. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш бўйича эълон Институт ва Агентликнинг веб-сайтларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

15. Комиссия номзодларнинг ҳужжатларини ҳужжатларни қабул қилиш эълон қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида қабул қилади.

16. Комиссия томонидан ҳужжатлар қабул қилиш тугагандан сўнг, беш иш куни мобайнида Низомнинг 12-бандига мувофиқ номзодлар ҳужжатларини ўрганади, кириш синовларига рухсат берилган номзодлар рўйхатини шакллантиради ҳамда Институт ва Агентликнинг веб-сайтларида эълон қилади.

17. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига кириш синовлари тест ва суҳбат шаклида ўтказилади.

19. Тест синови саволлари қайта тайёрлаш курси мақсад ва вазифалари асосида Институт томонидан тузилади.

Тест синовларини ўтказиш тартиби Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан қайта тайёрлаш курсига қўйиладиган давлат таълим талабларида белгиланади.

Тест синови натижалари бўйича умумий 100 баллдан 55 балл ва ундан юқори балл олган номзодлар суҳбатдан ўтишга тавсия этилади.

Тест синовидан ўтганлар сони квота бўйича ажратилган тингловчилар сонига тенг ёки ундан кам бўлганда суҳбат ўтказилмайди.

20. Тест синови натижалари тест ўтказилган кундан сўнг уч кун мобайнида эълон қилинади.

21. Номзодлар билан суҳбат Комиссия томонидан тест натижалари эълон қилинган кундан сўнг уч иш куни мобайнида ўтказилади.

22. Суҳбат номзодларнинг бошқарув қобилияти, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий даражаси, психологик барқарорлиги, ташкилотчилиги, етакчилиги, ватанпарварлик хусусиятларини ва жамоа билан ишлаш кўникмаларини аниқлашга қаратилади.

23. Суҳбат икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисмда номзоднинг вазиятлар таҳлили, муаммонинг қўйилиши, муаммонинг ечими, ҳаётийлиги, ижро механизми ва назорати, иккинчи қисмда ватанпарварлиги, етакчилиги, раҳбарлик касбий маҳорати, тизимли фикрлаши, креативлиги ва инновациялар билан самарали ишлаши баҳоланади.

Суҳбат жараёни ҳар бир номзод учун суҳбат варақаси билан баҳоланиб, комиссия аъзолари томонидан тасдиқланади.

Суҳбатда энг юқори балл — 100 балл этиб белгиланади.

Ҳар бир номзод учун суҳбатга 15 дақиқагача вақт ажратилади.

Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади.

24. Суҳбат ўтказилган кундан сўнг уч иш куни мобайнида тест синовлари ва суҳбат натижаси (балл) умумлаштирилиб, ҳар бир номзоднинг умумий баллари тегишли баҳолаш варақларида қайд этилади ҳамда Институт ва Агентликнинг веб-сайтида эълон қилинади.

25. Тест синовлари ва суҳбат натижалари бўйича энг юқори балл олган 60 нафар номзодлар уч иш куни мобайнида Комиссия қарори асосида Институт директорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

Қабул натижаларига кўра номзодлар тўплаган баллар тенг бўлган тақдирда, суҳбат натижаларига кўра юқори балл тўплаган номзод имтиёзга эга бўлади. Агар суҳбат натижасига кўра бир хил баллга эга бўлган номзодлар бўлса, уларнинг қўлга киритган ютуқлари эътиборга олинади.

26. Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига кириш тест синовлари ва суҳбат натижалари юзасидан номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун Институт директорининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси ташкил этилади.

27. Апелляция комиссиясига тест синови ҳамда суҳбат натижалари эълон қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Апелляция комиссияси раиси номига номзодлар томонидан шикоят берилиши мумкин.

Апелляция комиссияси тақдим этилган шикоятларни улар келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддатда кўриб чиқади.

3-боб. Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига қабул қилиш

28. Институтда Агентлик буюртмаси асосида қуйидаги малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг ёш истиқболли кадрлари малакасини ошириш;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари малакасини ошириш.

29. Малака ошириш ўқув курсларига тингловчиларни қабул қилиш Институт ва Агентлик томонидан белгиланган квота доирасида амалга оширилади.

Ҳар йил бошида Агентлик ва Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига белгиланган квотага мувофиқ тингловчилар контингентини аниқлайди ҳамда Институт томонидан йилнинг ҳар чораги якунига қадар тингловчиларнинг ўқиш йўналишлари ва эгаллаб турган лавозимига кўра режа — жадвал тасдиқланади.

Ташкил этиладиган малака ошириш ўқув курслари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

30. Тингловчиларни Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига қабул қилиш ушбу Низомнинг 2-иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.

31. Ўқув курсларини тугатган тингловчиларга белгиланган тартибда тегишли сертификат берилади.

32. Номзодлар Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига қабул қилиниши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

иш жойидан тавсиянома;

Институт директори номига ёзилган ариза;

сўровнома, маълумотнома-объективка (яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда);

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

Номзоднинг диплом маълумотлари, фотосурати ва паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

33. Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига тингловчиларни қабул қилиш директорнинг буйруғи билан амалга оширилади.

4-боб. Институтнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларига тўлов-контракт асосида қабул қилиш

34. Институтнинг малака ошириш ўқув курслари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг буюртмасига биноан тўлов-контракт шартномаси асосида ташкил этилади.

Тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш бўйича қабул ушбу низомнинг 2-бобида белгиланган Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қоидалари асосида амалга оширилади. Комиссия томонидан тест ва суҳбат натижаларининг умумий балини инобатга олган холда тўлов-контракт квоталари доирасида номзодларни тингловчиликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин Институт билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контрактлар расмийлаштирилади.

35. Шартнома шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўловларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланади.

36. Институт ва номзод (ташкилот) ўртасида тўлов-контракт асосида ўқиш юзасидан тегишли шартнома тузилади.

37. Тингловчиларни Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига қабул қилиш ушбу Низомнинг 3-иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.

38. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари билан боғлиқ харажатлар Институт ва номзод (ташкилот) билан келишилган ҳолда белгиланади ва номзод (ташкилот) томонидан қопланади.

39. Институтнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларига тингловчилар тегишли тўлов-контракт шартномасида назарда тутилган маблағни белгиланган муддатда тўлагандан сўнг директорнинг буйруғи билан қабул қилинади.

Қайта тайёрлаш ўқув курсларини битирган тингловчиларга 4-иловада келтирилган намунадаги диплом берилади.

Малака ошириш ўқув курсларини битирган тингловчиларга 5-иловада келтирилган намунадаги сертификат берилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

40. Мазкур Низомда белгиланган масалалар юзасидан низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

41. Тингловчи Институтнинг ўқув курсидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

ўқув интизомини ва Институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

ўқиши давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан (малака ошириш ўқув курслари учун 18 соат) ортиқ қолдирганлиги учун;

дарсларни ўзлаштира олмаганлиги учун;

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

42. Институт фаолиятини мувофиқлаштириб бориш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсларига қабул қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига қабул қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Институтнинг малака ошириш ўқув курсларига тўлов-контракт асосида қабул қилиш

Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ўқув курсларини битирганлик ҳақида ДИПЛОМ НАМУНАСИ Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI Qayta tayyorlash haqida DIPLOM QT № 000000 ___________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20_ _____ -yil « ______» - ___________________ dan 20 ______ -yil « ______» - ________________________ gacha ___________________________________________________________________________________________ (qayta tayyorlash taʼlim muassasasining nomi) _________________________________________________________________________________________ da ____________________________________________________ __ ___________________ soatga moʻljallangan ___________________________________________________________________________________________ (qayta tayyorlash kursining nomi) kursida taʼlim olib, ___________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________ mavzusida bitiruv ishini Yakuniy attestatsiya komissiyasida _____________________________ bahoga himoya qildi va qayta tayyorlash oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomladi. Yakuniy attestatsiya komissiyasi raisi ______________________ Direktor ______________________ muhr oʻrni ________________ Qayd raqami (sana) _________________

Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги дипломнинг

ТАВСИФИ

Қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда, эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби тасвири, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 30 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM» сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи — QT ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига тингловчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА

Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этиладиган малака ошириш ўқув курсларини битирганлик ҳақида СЕРТИФИКАТ НАМУНАСИ Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT MO № 000000 ____________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20 _____ -yil « _____»-___________________ dan 20 _____ -yil « _____»-_____________________________ gacha __________________________________________________________________________________________ da (malaka oshirish taʼlim muassasasining nomi) ____________________________________________________________________________________________ jami ___________________________________________________________________________________ soatli ____________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish kursining nomi) boʻyicha malakasini oshirdi. Direktor _________________________ muhr oʻrni _____________ Qayd raqami (sana) ________________________

Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификатнинг

ТАВСИФИ

Малака ошириш ҳақидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда, эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби тасвири, паст қисмида эса-35мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 30 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT» сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи — МО ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 4 май,

336-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2018 й., 09/18/336/1161-сон, 12.09.2019 й., 09/19/759/3730-сон; 12.03.2021 й., 09/21/132/0202-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522; 10.08.2024 й., 09/24/493/0600-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2020-yil 30-iyundagi PQ-4768-son qarorida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

Institutga istiqbolli kadrlarni qayta tayyorlash kursi boʻyicha bir oʻquv yiliga moʻljallangan qabul kvotasi 120 nafar (birinchi yarim yillikda 60 nafar tinglovchilar qabul qilinadi) va oʻquv jarayoni toʻrt oy etib belgilanadi hamda malaka oshirish kurslarining qabul kvotasi buyurtma asosida tashkil etilib, uning oʻquv jarayoni muddati bir oygachani tashkil qiladi;

qabul kvotalariga muvofiq tinglovchilarni qayta tayyorlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi buyurtmasi asosida tashkil etiladigan malaka oshirish oʻquv kurslari bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;

Institutda davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, jamoat tashkilotlarining buyurtmasi, shuningdek, qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan toʻlov-kontrakt asosida qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslari tashkil etiladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Institutning qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv rejalari hamda dasturlarini shakllantirishda amaliy yordam berilishini taʼminlasin.

4. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash, madaniyat, yoshlar, maʼnaviyat va jamoat tashkilotlari, mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash masalalari kotibiyati zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 4-maydagi 336-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga (keyingi oʻrinlarda Institut deb ataladi) oʻqishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Institutga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish qayta tayyorlash (toʻrt oylik) va malaka oshirish (bir oygacha) shaklida amalga oshiriladi.

3. Institutga tinglovchilarni qayta tayyorlash boʻyicha qabul qilishning har yilgi kvotasi 120 nafar (birinchi yarim yillikda 60 nafar tinglovchilar qabul qilinadi) etib belgilanadi.

4. Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga tinglovchilarni qabul qilishning har yilgi kvotasi Institut bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan belgilanadi.

5. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslari bitiruvchilari davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, jamoat tashkilotlari tizimlaridagi rahbar kadrlar zaxirasiga kiritiladi hamda Institut va Agentlik tomonidan ularning lavozimi oshishi monitoringi yuritiladi.

Malaka oshirish oʻquv kurslari bitiruvchilari ish faoliyatidan kelib chiqqan holda yuqori lavozimlarga tavsiya etilishi mumkin.

2-bob. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qilish

6. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga 30 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari, oliy maʼlumotli va oliy taʼlim muassasasini tugatgandan keyin kamida 2 yil ish stajiga ega boʻlgan davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, jamoat tashkilotlari rahbar xodimlari va mutaxassislari test sinovi va suhbat orqali ochiq tanlov asosida qabul qilinadi.

7. Tinglovchilarni Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qilish ushbu Nizomning 1-ilovasidagi sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

Toʻlov-kontrakt asosida qayta tayyorlash qabul kvotasi umumiy bir oʻquv yiliga moʻljallangan qabul kvotasidan tashqari belgilanadi hamda bu koʻrsatkich bir oʻquv yiliga moʻljallangan qabul kvotasi umumiy sonining 50 foizidan oshmaydi.

8. Tinglovchilarning Institutdagi ishlab chiqarishdan ajralgan holda oʻqish davrida egallab turgan lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi saqlanadi.

9. Qayta tayyorlash oʻquv kurslariga ochiq tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar qabul qilinadi. Tinglovchilarni qabul qilish Institut direktorining buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.

10. Tinglovchilarni qayta tayyorlash oʻquv kurslari bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

11. Qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qilishni tashkil etish uchun Qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda Komissiya deb ataladi) tuziladi.

Komissiya aʼzolarining soni, tarkibi va uning ish reglamenti Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.

12. Komissiya tinglovchilarni test sinovi va suhbat oʻtkazish yoʻli bilan qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qilishni tashkil etadi.

13. Nomzodlar Komissiyaga quyidagi hujjatlarni taqdim etadilar:

davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, jamoat tashkilotlarining birinchi rahbarlari imzosi bilan tavsiyanoma;

Institut direktori nomiga yozilgan ariza;

soʻrovnoma, maʼlumotnoma-obyektivka (yaqin qarindoshlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda);

086-U shakl boʻyicha tibbiy maʼlumotnoma;

Nomzodning oliy maʼlumoti toʻgʻrisidagi diplom maʼlumotlari, mehnat daftarchasining nusxasi va pasport (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) nusxasi maʼlumotlari va fotosurati “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda olinadi.

Hujjatlarga nomzodning faoliyati davomidagi muayyan yutuqlarini (mukofotlari, ixtiro patentlari va boshqa erishgan yutuqlarini) aks ettiruvchi hujjatlar nusxalari ilova qilinishi mumkin.

Institutga oʻqishga tavsiya etishda nomzodlarning oʻziga va ularning hujjatlariga nisbatan qoʻyilgan talablarga qatʼiy rioya etish, hujjatlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligi boʻyicha masʼuliyat tavsiya etayotgan davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda jamoat tashkilotlari rahbarlari zimmasiga yuklanadi.

14. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga nomzodlar hujjatlarini qabul qilish boʻyicha eʼlon Institut va Agentlikning veb-saytlarida hamda ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

15. Komissiya nomzodlarning hujjatlarini hujjatlarni qabul qilish eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy mobaynida qabul qiladi.

16. Komissiya tomonidan hujjatlar qabul qilish tugagandan soʻng, besh ish kuni mobaynida Nizomning 12-bandiga muvofiq nomzodlar hujjatlarini oʻrganadi, kirish sinovlariga ruxsat berilgan nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi hamda Institut va Agentlikning veb-saytlarida eʼlon qiladi.

17. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga kirish sinovlari test va suhbat shaklida oʻtkaziladi.

19. Test sinovi savollari qayta tayyorlash kursi maqsad va vazifalari asosida Institut tomonidan tuziladi.

Test sinovlarini oʻtkazish tartibi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan qayta tayyorlash kursiga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablarida belgilanadi.

Test sinovi natijalari boʻyicha umumiy 100 balldan 55 ball va undan yuqori ball olgan nomzodlar suhbatdan oʻtishga tavsiya etiladi.

Test sinovidan oʻtganlar soni kvota boʻyicha ajratilgan tinglovchilar soniga teng yoki undan kam boʻlganda suhbat oʻtkazilmaydi.

20. Test sinovi natijalari test oʻtkazilgan kundan soʻng uch kun mobaynida eʼlon qilinadi.

21. Nomzodlar bilan suhbat Komissiya tomonidan test natijalari eʼlon qilingan kundan soʻng uch ish kuni mobaynida oʻtkaziladi.

22. Suhbat nomzodlarning boshqaruv qobiliyati, ijtimoiy va maʼnaviy-axloqiy darajasi, psixologik barqarorligi, tashkilotchiligi, yetakchiligi, vatanparvarlik xususiyatlarini va jamoa bilan ishlash koʻnikmalarini aniqlashga qaratiladi.

23. Suhbat ikki qismdan iborat boʻladi. Birinchi qismda nomzodning vaziyatlar tahlili, muammoning qoʻyilishi, muammoning yechimi, hayotiyligi, ijro mexanizmi va nazorati, ikkinchi qismda vatanparvarligi, yetakchiligi, rahbarlik kasbiy mahorati, tizimli fikrlashi, kreativligi va innovatsiyalar bilan samarali ishlashi baholanadi.

Suhbat jarayoni har bir nomzod uchun suhbat varaqasi bilan baholanib, komissiya aʼzolari tomonidan tasdiqlanadi.

Suhbatda eng yuqori ball — 100 ball etib belgilanadi.

Har bir nomzod uchun suhbatga 15 daqiqagacha vaqt ajratiladi.

Suhbat jarayoni videotasvirga olinadi.

24. Suhbat oʻtkazilgan kundan soʻng uch ish kuni mobaynida test sinovlari va suhbat natijasi (ball) umumlashtirilib, har bir nomzodning umumiy ballari tegishli baholash varaqlarida qayd etiladi hamda Institut va Agentlikning veb-saytida eʼlon qilinadi.

25. Test sinovlari va suhbat natijalari boʻyicha eng yuqori ball olgan 60 nafar nomzodlar uch ish kuni mobaynida Komissiya qarori asosida Institut direktorining buyrugʻi bilan oʻqishga qabul qilinadi.

Qabul natijalariga koʻra nomzodlar toʻplagan ballar teng boʻlgan taqdirda, suhbat natijalariga koʻra yuqori ball toʻplagan nomzod imtiyozga ega boʻladi. Agar suhbat natijasiga koʻra bir xil ballga ega boʻlgan nomzodlar boʻlsa, ularning qoʻlga kiritgan yutuqlari eʼtiborga olinadi.

26. Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga kirish test sinovlari va suhbat natijalari yuzasidan nomzodlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Institut direktorining buyrugʻiga asosan Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

27. Apellyatsiya komissiyasiga test sinovi hamda suhbat natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab ikki ish kuni mobaynida Apellyatsiya komissiyasi raisi nomiga nomzodlar tomonidan shikoyat berilishi mumkin.

Apellyatsiya komissiyasi taqdim etilgan shikoyatlarni ular kelib tushgan kundan boshlab uch kun muddatda koʻrib chiqadi.

3-bob. Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga qabul qilish

28. Institutda Agentlik buyurtmasi asosida quyidagi malaka oshirish oʻquv kurslari tashkil etiladi:

davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, jamoat tashkilotlarining yosh istiqbolli kadrlari malakasini oshirish;

Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari hamda tuman (shahar) boʻlimlari xodimlari malakasini oshirish.

29. Malaka oshirish oʻquv kurslariga tinglovchilarni qabul qilish Institut va Agentlik tomonidan belgilangan kvota doirasida amalga oshiriladi.

Har yil boshida Agentlik va Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga belgilangan kvotaga muvofiq tinglovchilar kontingentini aniqlaydi hamda Institut tomonidan yilning har choragi yakuniga qadar tinglovchilarning oʻqish yoʻnalishlari va egallab turgan lavozimiga koʻra reja — jadval tasdiqlanadi.

Tashkil etiladigan malaka oshirish oʻquv kurslari bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

30. Tinglovchilarni Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga qabul qilish ushbu Nizomning 2-ilovasidagi sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

31. Oʻquv kurslarini tugatgan tinglovchilarga belgilangan tartibda tegishli sertifikat beriladi.

32. Nomzodlar Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga qabul qilinishi uchun quyidagi hujjatlarni taqdim etadilar:

ish joyidan tavsiyanoma;

Institut direktori nomiga yozilgan ariza;

soʻrovnoma, maʼlumotnoma-obyektivka (yaqin qarindoshlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda);

086-U shakl boʻyicha tibbiy maʼlumotnoma;

Nomzodning diplom maʼlumotlari, fotosurati va pasport (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) nusxasi “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda olinadi.

33. Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga tinglovchilarni qabul qilish direktorning buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.

4-bob. Institutning qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslariga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish

34. Institutning malaka oshirish oʻquv kurslari davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, jamoat tashkilotlarining buyurtmasiga binoan toʻlov-kontrakt shartnomasi asosida tashkil etiladi.

Toʻlov-kontrakt asosida qayta tayyorlash boʻyicha qabul ushbu nizomning 2-bobida belgilangan Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qoidalari asosida amalga oshiriladi. Komissiya tomonidan test va suhbat natijalarining umumiy balini inobatga olgan xolda toʻlov-kontrakt kvotalari doirasida nomzodlarni tinglovchilikka tavsiya etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin Institut bilan yuridik yoki jismoniy shaxslar oʻrtasida belgilangan tartibda kontraktlar rasmiylashtiriladi.

35. Shartnoma shartlari, tomonlarning huquq va majburiyatlari, toʻlovlarni amalga oshirish tartibi qonun hujjatlari talablariga muvofiq belgilanadi.

36. Institut va nomzod (tashkilot) oʻrtasida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish yuzasidan tegishli shartnoma tuziladi.

37. Tinglovchilarni Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga qabul qilish ushbu Nizomning 3-ilovasidagi sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

38. Qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslari bilan bogʻliq xarajatlar Institut va nomzod (tashkilot) bilan kelishilgan holda belgilanadi va nomzod (tashkilot) tomonidan qoplanadi.

39. Institutning qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslariga tinglovchilar tegishli toʻlov-kontrakt shartnomasida nazarda tutilgan mablagʻni belgilangan muddatda toʻlagandan soʻng direktorning buyrugʻi bilan qabul qilinadi.

Qayta tayyorlash oʻquv kurslarini bitirgan tinglovchilarga 4-ilovada keltirilgan namunadagi diplom beriladi.

Malaka oshirish oʻquv kurslarini bitirgan tinglovchilarga 5-ilovada keltirilgan namunadagi sertifikat beriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

40. Mazkur Nizomda belgilangan masalalar yuzasidan nizolar qonun hujjatlariga muvofiq hal qilinadi.

41. Tinglovchi Institutning oʻquv kursidan quyidagi holatlarda chetlashtirilishi mumkin:

oʻz xohishiga binoan;

salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);

oʻquv intizomini va Institutning ichki tartib-qoidalarini buzganligi uchun;

oʻqishi davomida darslarni uzrli sabablarsiz 74 soatdan (malaka oshirish oʻquv kurslari uchun 18 soat) ortiq qoldirganligi uchun;

darslarni oʻzlashtira olmaganligi uchun;

sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi munosabati bilan;

vafot etganligi sababli.

42. Institut faoliyatini muvofiqlashtirib borish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi Akademiyasi qoshidagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Institutning qayta tayyorlash oʻquv kurslariga qabul qilish

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi Akademiyasi qoshidagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga qabul qilish

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi Akademiyasi qoshidagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Institutning malaka oshirish oʻquv kurslariga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish

Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutida tashkil etiladigan qayta tayyorlash oʻquv kurslarini bitirganlik haqida DIPLOM NAMUNASI Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI Qayta tayyorlash haqida DIPLOM QT № 000000 ___________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20_ _____ -yil “ ______” - ___________________ dan 20 ______ -yil “ ______” - ________________________ gacha ___________________________________________________________________________________________ (qayta tayyorlash taʼlim muassasasining nomi) _________________________________________________________________________________________ da ____________________________________________________ __ ___________________ soatga moʻljallangan ___________________________________________________________________________________________ (qayta tayyorlash kursining nomi) kursida taʼlim olib, ___________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________ mavzusida bitiruv ishini Yakuniy attestatsiya komissiyasida _____________________________ bahoga himoya qildi va qayta tayyorlash oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomladi. Yakuniy attestatsiya komissiyasi raisi ______________________ Direktor ______________________ muhr oʻrni ________________ Qayd raqami (sana) _________________

Qayta tayyorlash haqida davlat namunasidagi diplomning

TAVSIFI

Qayta tayyorlash haqidagi diplom A4 formatli oq qogʻozda ofset usulida besh xil rangdan foydalangan holda: matn uchun — qora rangda, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk, qizil ranglarda, fon uchun — och pushti rangda bosib chiqariladi.

Varaqning chap qismida chetidan 10 mm chekingan holda, eni 32 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan tasma joylashtiriladi. Tasmaning yuqori qismida diametri 30 mm boʻlgan Davlat gerbi tasviri, past qismida esa — 35 mm oʻlchamli ikkita kvadrat qoʻshilishidan hosil boʻlgan sakkiz qirrali yulduz, yulduzning oʻrtasida muhr uchun 30 mm diametrli oq aylana joylashgan.

Varaqning qolgan qismida yuqorida lotin yozuvi bilan davlat tilida “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM” soʻzlari bosiladi. Diplom ikki lotin harfi — QT va olti raqamli sondan iborat tartib raqami bilan taʼminlangan. Barcha matn naqshli rastrdan iborat och pushti rang fonda bosib chiqariladi.

Diplom:

bosib chiqarishning ikki usuli — ofset va yuqori usuli;

yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirishni qiyinlashtirish uchun ochiq ranglar;

naqshli rastr;

har xil rangli rastrlardan foydalanish yoʻli bilan turli ranglarni tashkil etish;

maxsus qogʻozlar;

oʻzgaradigan raqamlardan iborat tartib raqami qoʻllangan holda oltita himoyaga ega.

Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutiga tinglovchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA

Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash institutida tashkil etiladigan malaka oshirish oʻquv kurslarini bitirganlik haqida SERTIFIKAT NAMUNASI Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT MO № 000000 ____________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20 _____ -yil “ _____”-___________________ dan 20 _____ -yil “ _____”-_____________________________ gacha __________________________________________________________________________________________ da (malaka oshirish taʼlim muassasasining nomi) ____________________________________________________________________________________________ jami ___________________________________________________________________________________ soatli ____________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish kursining nomi) boʻyicha malakasini oshirdi. Direktor _________________________ muhr oʻrni _____________ Qayd raqami (sana) ________________________

Malaka oshirish haqida davlat namunasidagi sertifikatning

TAVSIFI

Malaka oshirish haqidagi sertifikat A4 formatli oq qogʻozda ofset usulida besh xil rangdan foydalangan holda: matn uchun — qora rangda, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk, qizil ranglarda, fon uchun — och kul rangda bosib chiqariladi.

Varaqning chap qismida chetidan 10 mm chekingan holda, eni 32 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan tasma joylashtiriladi. Tasmaning yuqori qismida diametri 30 mm boʻlgan Davlat gerbi tasviri, past qismida esa-35mm oʻlchamli ikkita kvadrat qoʻshilishidan hosil boʻlgan sakkiz qirrali yulduz, yulduzning oʻrtasida muhr uchun 30 mm diametrli oq aylana joylashgan.

Varaqning qolgan qismida yuqorida lotin yozuvi bilan davlat tilida “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT” soʻzlari bosiladi. Sertifikat ikki lotin harfi — MO va olti raqamli sondan iborat tartib raqami bilan taʼminlangan. Barcha matn naqshli rastrdan iborat och kul rang fonda bosib chiqariladi.

Sertifikat:

bosib chiqarishning ikki usuli — ofset va yuqori usuli;

yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirishni qiyinlashtirish uchun ochiq ranglar;

naqshli rastr;

har xil rangli rastrlardan foydalanish yoʻli bilan turli ranglarni tashkil etish;

maxsus qogʻozlar;

oʻzgaradigan raqamlardan iborat tartib raqami qoʻllangan holda oltita himoyaga ega.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 4-may,

336-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 04.05.2018-y., 09/18/336/1161-son, 12.09.2019-y., 09/19/759/3730-son; 12.03.2021-y., 09/21/132/0202-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.06.2021-y., 09/21/345/0522; 10.08.2024-y., 09/24/493/0600-son; 06.01.2026-y., 09/26/840/0012-son)

lex.uz