Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг
Қарори
НИЗОМ
Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги Ф-5022-сон «Ўзбекистон Республикасида электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ва Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси қарор қилади:
1. Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг 2018 йил 7 февралдаги 3, 2-сон қарорига ИЛОВА
Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (бундан буён матнда ЭНҲАТ деб юритилади) жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни (бундан буён матнда энергия ресурслари деб юритилади) ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
таъминотчи — энергия ресурсларини қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб беришни таъминловчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва/ёки газ таъминоти ташкилотлари;
энергия ресурслари истеъмолчиси (бундан буён матнда истеъмолчи деб юритилади) — электр энергиясидан ва/ёки табиий газдан ишлаб чиқариш ва/ёки маиший эҳтиёжлари учун фойдаланаётган жисмоний шахслар (бундан буён матнда маиший истеъмолчи деб юритилади) ва юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар;
энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг замонавий асбоблари (бундан буён матнда энергия ресурсларини ҳисобга олиш прибори деб юритилади) — энергия ресурслари сарфини ҳисобга олиш прибори бўлиб, истеъмол қилинган энергия ресурсларининг ҳақ тўланиши лозим бўлган ҳажми унинг кўрсаткичлари асосида аниқланади.
2. Мазкур Низом талаблари ЭНҲАТ жорий этиш доирасида янгидан ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари учун тааллуқлидир.
2-боб. Юридик шахсларда ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларда энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ишларини ташкил этиш
3. Таъминотчи томонидан тегишлича электр ва газ тармоқларига уланиш учун истеъмолчига бериладиган техник шартларда ЭНҲАТ жорий этиш доирасида энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш бўйича қўйиладиган талаблар кўрсатилиши лозим.
4. Истеъмолчиларнинг электр таъминоти ва газ таъминоти лойиҳаларида ЭНҲАТ жорий этиш доирасида энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари бўйича алоҳида қисм назарда тутилиши керак.
5. ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари, шунингдек ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатиладиган бошқа зарур элементлар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари ва Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида белгиланган тартибда ўрнатилади.
3-боб. Маиший истеъмолчиларда энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ишларини ташкил этиш
6. ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш бўйича ишлар таъминотчи томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ мустақил равишда ташкил этилади.
7. Таъминотчи ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш бўйича ишлар бошланишидан камида 10 кун олдин жойлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали маиший истеъмолчиларни бу ҳақда хабардор қилади.
8. ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини, шунингдек улар ўрнатиладиган махсус шкафларни харид қилиш, шу жумладан мавжуд (шунингдек индукцион, газ температураси ва босими бўйича коррекциясиз) приборларни алмаштириш, монтаж қилиш, давлат қиёсловидан (шу жумладан, даврий давлат қиёсловидан) ўтказиш ҳамда ўрнатиш таъминотчи ҳисобидан амалга оширилади, таъминотчи томонидан маиший истеъмолчи иштирокида бепул уланади, рўйхатга олинади ва пломбаланади.
4-боб. Энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш
9. Юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларга ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини монтаж қилиш истеъмолчининг танлови бўйича таъминотчи ёки махсус монтаж қилувчи ташкилот томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
Бунда, энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари, шу жумладан электр энергиясини ҳисобга олиш элементларини монтаж қилиш электр таъминоти ва/ёки газ таъминоти лойиҳаларига мувофиқ амалга оширилади.
10. ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари:
юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларга ҳамда якка тартибда қурилган уй-жойларга ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тармоқларнинг мансублик чегарасида;
кўп хонадонли уй-жойларда ва намунали лойиҳалар бўйича қурилган алоҳида уй-жойларда уларнинг электр ва газ таъминоти лойиҳаларида белгиланган махсус жойларга ўрнатилади.
11. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари Электр қурилмаларининг тузилиши қоидалари (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан техник ҳужжатларга тегишли деб топилган, 2004 йил 27 февралдаги 20-15-62/24-сон) талабларига мувофиқ ўрнатилиши керак.
12. Табиий газни ҳисобга олиш приборларини танлаш, жойлаштириш ва ўрнатиш ШНҚ 2.04.08-22 «Газ таъминоти. Лойиҳалаш талаблари»га мувофиқ амалга оширилади.
13. Истеъмолчилардаги мавжуд ҳисобга олиш приборларини, шу жумладан индукцион, газ температураси ва босими бўйича коррекциясиз ишлайдиган ҳисобга олиш приборларини ечиб олиш (демонтаж қилиш) ва ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш таъминотчининг ваколатли ходими томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.
14. Таъминотчининг ваколатли ходими маиший истеъмолчилардаги энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ечиш ва ўрнатиш ишлари соат 8.00 дан 20.00 гача амалга оширилади.
Бунда таъминотчининг ваколатли ходими истеъмолчига ўзининг хизмат гувоҳномасини кўрсатишга мажбур.
15. Таъминотчининг ваколатли ходими истеъмолчидаги энергия ресурсларини ҳисобга олувчи мавжуд ҳисобга олиш приборларини ечиб олишда истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш приборини ва ундаги пломбаларнинг бутунлигини текширади ва бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг барча нусхалари таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи томонидан имзоланади.
16. Далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, унинг завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ечиш пайтидаги кўрсаткичи ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчи нусхаси таъминотчида қолади.
17. Истеъмолчида мавжуд ҳисобга олиш приборини улаш схемаси ўзгарганда, приборга зарар етказилганда (истеъмолчининг айби билан) ёки пломбалари бузилганда, ҳисобга олиш приборларидан ташқари бошқа энергия ресурсларини қабул қилгичлар уланганда ва амалда истеъмол қилинган энергия ресурсларининг кўрсаткичларини камайтириш мақсадида бошқа қоида бузишларга йўл қўйилганда, таъминотчининг ваколатли ходими истеъмолчи иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари ва Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида белгиланган тартибда далолатнома тузади.
18. Таъминотчининг ваколатли ходими томонидан маиший истеъмолчиларга энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификат тақдим этилади.
19. Энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган ва улангандан сўнг таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи иштирокида энергия ресурсларининг ҳисобга олиш прибори ўрнатилганлиги тўғрисида икки нусхада далолатнома тузади.
Далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ўрнатилган пайтдаги кўрсаткичлари, давлат қиёсловидан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификат ва пломбалар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Далолатнома таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи томонидан имзоланади, бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчи нусхаси таъминотчида қолади.
20. Энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган ва улангандан сўнг таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи иштирокида:
а) электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг клемма қопқоғини (схемасини), ўлчов ток трансформаторларининг клеммаларини, ҳисобга олиш асбобининг хотира блокини ва дастурлашга кириш тугмасини (ўчиргичини), ўтиш клеммаларини, кучланиш ўлчов трансформатори ажратгичларининг юритмаларини ва ҳимоя автоматларини пломбалайди;
б) табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари қуйидагича пломбаланилади:
маиший истеъмолчиларда ҳисоблаш механизмини (электрон кўрсаткичларини) ва ҳисобга олиш приборининг газ ўтказгич билан улаш муфтасини;
юридик шахсларда:
босим датчикининг вентилли блоки;
ёпиқ ҳолатда атмосфера билан алоқа учун вентили;
очиқ ҳолатда босим датчигининг газ билан алоқа вентили;
ҳисоб-китоб механизми;
электрон корректори;
босим датчиги;
ҳарорат датчиги;
коррекция блоки алоқа кабелининг кириши;
сарф, босим, ҳарорат датчикларининг сигнал симлари;
ҳисобга олиш приборларининг тўғри участкалари, фильтрнинг, киришли/чиқишли кранларнинг, байпаснинг фланцли уланмалари;
кириш/чиқиш пуфловчи вентиллари.
5-боб. Якуний қоидалар
21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
22. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Ўзбекнефтегаз» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан келишилган.
Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Н. АГЗАМОВ
Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Д. ИСАКУЛОВ
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Б. КУДРАТХОДЖАЕВ
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р. ГУЛЯМОВ
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори А. КАРИМОВ
«Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси У. МУСТАФОЕВ
«Ўзбекгидроэнергия» АЖ бошқаруви раиси А. САНГИНОВ
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси А. СУЛТОНОВ
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси Ш. ЖАВЛОНОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 7 февраль,
Тошкент ш.,
2018 йил 7 февраль,
2018 йил 5 февраль
2018 йил 26 январь
2018 йил 18 январь
2018 йил 15 январь
2018 йил 12 январь
2018 йил 10 январь
2018 йил 2 апрель
2018 йил 24 март
3-сон
2-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/3005/1167-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 28.08.2024 й., 10/24/3551/0660-сон; 17.04.2025 й., 10/25/3005-1/0352-сон )
lex.uz
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish davlat inspeksiyasi Elektr energetikada nazorat boʻyicha davlat inspeksiyasining
Qarori
NIZOM
Energiya resurslarini hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish doirasida elektr energiyasi va tabiiy gazni hisobga olishning zamonaviy asboblarini oʻrnatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 14-avgustdagi F-5022-son “Oʻzbekiston Respublikasida elektr energiyasi va tabiiy gaz nazorati va hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi farmoyishiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish davlat inspeksiyasi va Elektr energetikada nazorat boʻyicha davlat inspeksiyasi qaror qiladi:
1. Energiya resurslarini hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish doirasida elektr energiyasi va tabiiy gazni hisobga olishning zamonaviy asboblarini oʻrnatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish davlat inspeksiyasi hamda Elektr energetikada nazorat boʻyicha davlat inspeksiyasining 2018-yil 7-fevraldagi 3, 2-son qaroriga ILOVA
Energiya resurslarini hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish doirasida elektr energiyasi va tabiiy gazni hisobga olishning zamonaviy asboblarini oʻrnatish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom energiya resurslarini hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimini (bundan buyon matnda ENHAT deb yuritiladi) joriy etish doirasida elektr energiyasi va tabiiy gazni (bundan buyon matnda energiya resurslari deb yuritiladi) hisobga olishning zamonaviy asboblarini oʻrnatish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:
taʼminotchi — energiya resurslarini qabul qilish, taqsimlash va isteʼmolchilarga shartnoma asosida yetkazib berishni taʼminlovchi hududiy elektr tarmoqlari korxonalari va/yoki gaz taʼminoti tashkilotlari;
energiya resurslari isteʼmolchisi (bundan buyon matnda isteʼmolchi deb yuritiladi) — elektr energiyasidan va/yoki tabiiy gazdan ishlab chiqarish va/yoki maishiy ehtiyojlari uchun foydalanayotgan jismoniy shaxslar (bundan buyon matnda maishiy isteʼmolchi deb yuritiladi) va yuridik shaxslar yoki yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy shaxslar;
energiya resurslarini hisobga olishning zamonaviy asboblari (bundan buyon matnda energiya resurslarini hisobga olish pribori deb yuritiladi) — energiya resurslari sarfini hisobga olish pribori boʻlib, isteʼmol qilingan energiya resurslarining haq toʻlanishi lozim boʻlgan hajmi uning koʻrsatkichlari asosida aniqlanadi.
2. Mazkur Nizom talablari ENHAT joriy etish doirasida yangidan oʻrnatilayotgan energiya resurslarini hisobga olish priborlari uchun taalluqlidir.
2-bob. Yuridik shaxslarda va yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslarda energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish ishlarini tashkil etish
3. Taʼminotchi tomonidan tegishlicha elektr va gaz tarmoqlariga ulanish uchun isteʼmolchiga beriladigan texnik shartlarda ENHAT joriy etish doirasida energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish boʻyicha qoʻyiladigan talablar koʻrsatilishi lozim.
4. Isteʼmolchilarning elektr taʼminoti va gaz taʼminoti loyihalarida ENHAT joriy etish doirasida energiya resurslarini hisobga olish priborlari boʻyicha alohida qism nazarda tutilishi kerak.
5. ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatiladigan energiya resurslarini hisobga olish priborlari, shuningdek ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatiladigan boshqa zarur elementlar Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 319-son qarori bilan tasdiqlangan Elektr energiyasidan foydalanish qoidalari va Tabiiy gazdan foydalanish qoidalarida belgilangan tartibda oʻrnatiladi.
3-bob. Maishiy isteʼmolchilarda energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish ishlarini tashkil etish
6. ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatiladigan energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish boʻyicha ishlar taʼminotchi tomonidan tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq mustaqil ravishda tashkil etiladi.
7. Taʼminotchi ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatiladigan energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish boʻyicha ishlar boshlanishidan kamida 10 kun oldin joylardagi fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari orqali maishiy isteʼmolchilarni bu haqda xabardor qiladi.
8. ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatiladigan energiya resurslarini hisobga olish priborlarini, shuningdek ular oʻrnatiladigan maxsus shkaflarni xarid qilish, shu jumladan mavjud (shuningdek induksion, gaz temperaturasi va bosimi boʻyicha korreksiyasiz) priborlarni almashtirish, montaj qilish, davlat qiyoslovidan (shu jumladan, davriy davlat qiyoslovidan) oʻtkazish hamda oʻrnatish taʼminotchi hisobidan amalga oshiriladi, taʼminotchi tomonidan maishiy isteʼmolchi ishtirokida bepul ulanadi, roʻyxatga olinadi va plombalanadi.
4-bob. Energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish
9. Yuridik shaxslarga va yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslarga ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatilayotgan energiya resurslarini hisobga olish priborlarini montaj qilish isteʼmolchining tanlovi boʻyicha taʼminotchi yoki maxsus montaj qiluvchi tashkilot tomonidan shartnoma asosida amalga oshiriladi.
Bunda, energiya resurslarini hisobga olish priborlari, shu jumladan elektr energiyasini hisobga olish elementlarini montaj qilish elektr taʼminoti va/yoki gaz taʼminoti loyihalariga muvofiq amalga oshiriladi.
10. ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatilayotgan energiya resurslarini hisobga olish priborlari:
yuridik shaxslarga va yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslarga hamda yakka tartibda qurilgan uy-joylarga oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun tarmoqlarning mansublik chegarasida;
koʻp xonadonli uy-joylarda va namunali loyihalar boʻyicha qurilgan alohida uy-joylarda ularning elektr va gaz taʼminoti loyihalarida belgilangan maxsus joylarga oʻrnatiladi.
11. Elektr energiyasini hisobga olish priborlari Elektr qurilmalarining tuzilishi qoidalari (Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan texnik hujjatlarga tegishli deb topilgan, 2004-yil 27-fevraldagi 20-15-62/24-son) talablariga muvofiq oʻrnatilishi kerak.
12. Tabiiy gazni hisobga olish priborlarini tanlash, joylashtirish va oʻrnatish SHNQ 2.04.08-22 “Gaz taʼminoti. Loyihalash talablari”ga muvofiq amalga oshiriladi.
13. Isteʼmolchilardagi mavjud hisobga olish priborlarini, shu jumladan induksion, gaz temperaturasi va bosimi boʻyicha korreksiyasiz ishlaydigan hisobga olish priborlarini yechib olish (demontaj qilish) va ENHAT joriy etish doirasida oʻrnatilayotgan energiya resurslarini hisobga olish priborlarini oʻrnatish taʼminotchining vakolatli xodimi tomonidan isteʼmolchi ishtirokida amalga oshiriladi.
14. Taʼminotchining vakolatli xodimi maishiy isteʼmolchilardagi energiya resurslarini hisobga olish priborlarini yechish va oʻrnatish ishlari soat 8.00 dan 20.00 gacha amalga oshiriladi.
Bunda taʼminotchining vakolatli xodimi isteʼmolchiga oʻzining xizmat guvohnomasini koʻrsatishga majbur.
15. Taʼminotchining vakolatli xodimi isteʼmolchidagi energiya resurslarini hisobga oluvchi mavjud hisobga olish priborlarini yechib olishda isteʼmolchi ishtirokida hisobga olish priborini va undagi plombalarning butunligini tekshiradi va bu haqda ikki nusxada dalolatnoma tuzadi hamda dalolatnomaning barcha nusxalari taʼminotchining vakolatli xodimi va isteʼmolchi tomonidan imzolanadi.
16. Dalolatnomada hisobga olish priborining turi, uning zavod raqami, ishlab chiqaruvchining tovar belgisi, yechish paytidagi koʻrsatkichi va boshqa zarur maʼlumotlar koʻrsatiladi. Dalolatnomaning bir nusxasi isteʼmolchiga taqdim etiladi, ikkinchi nusxasi taʼminotchida qoladi.
17. Isteʼmolchida mavjud hisobga olish priborini ulash sxemasi oʻzgarganda, priborga zarar yetkazilganda (isteʼmolchining aybi bilan) yoki plombalari buzilganda, hisobga olish priborlaridan tashqari boshqa energiya resurslarini qabul qilgichlar ulanganda va amalda isteʼmol qilingan energiya resurslarining koʻrsatkichlarini kamaytirish maqsadida boshqa qoida buzishlarga yoʻl qoʻyilganda, taʼminotchining vakolatli xodimi isteʼmolchi ishtirokida Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 319-son qarori bilan tasdiqlangan Elektr energiyasidan foydalanish qoidalari va Tabiiy gazdan foydalanish qoidalarida belgilangan tartibda dalolatnoma tuzadi.
18. Taʼminotchining vakolatli xodimi tomonidan maishiy isteʼmolchilarga energiya resurslarini hisobga olish priborining davlat qiyoslovidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi sertifikat taqdim etiladi.
19. Energiya resurslarini hisobga olish priborlari oʻrnatilgan va ulangandan soʻng taʼminotchining vakolatli xodimi va isteʼmolchi ishtirokida energiya resurslarining hisobga olish pribori oʻrnatilganligi toʻgʻrisida ikki nusxada dalolatnoma tuzadi.
Dalolatnomada hisobga olish priborining turi, zavod raqami, ishlab chiqaruvchining tovar belgisi, oʻrnatilgan paytdagi koʻrsatkichlari, davlat qiyoslovidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi sertifikat va plombalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Dalolatnoma taʼminotchining vakolatli xodimi va isteʼmolchi tomonidan imzolanadi, bir nusxasi isteʼmolchiga taqdim etiladi, ikkinchi nusxasi taʼminotchida qoladi.
20. Energiya resurslarini hisobga olish priborlari oʻrnatilgan va ulangandan soʻng taʼminotchining vakolatli xodimi va isteʼmolchi ishtirokida:
a) elektr energiyasini hisobga olish priborining klemma qopqogʻini (sxemasini), oʻlchov tok transformatorlarining klemmalarini, hisobga olish asbobining xotira blokini va dasturlashga kirish tugmasini (oʻchirgichini), oʻtish klemmalarini, kuchlanish oʻlchov transformatori ajratgichlarining yuritmalarini va himoya avtomatlarini plombalaydi;
b) tabiiy gaz isteʼmolini hisobga olish priborlari quyidagicha plombalaniladi:
maishiy isteʼmolchilarda hisoblash mexanizmini (elektron koʻrsatkichlarini) va hisobga olish priborining gaz oʻtkazgich bilan ulash muftasini;
yuridik shaxslarda:
bosim datchikining ventilli bloki;
yopiq holatda atmosfera bilan aloqa uchun ventili;
ochiq holatda bosim datchigining gaz bilan aloqa ventili;
hisob-kitob mexanizmi;
elektron korrektori;
bosim datchigi;
harorat datchigi;
korreksiya bloki aloqa kabelining kirishi;
sarf, bosim, harorat datchiklarining signal simlari;
hisobga olish priborlarining toʻgʻri uchastkalari, filtrning, kirishli/chiqishli kranlarning, baypasning flansli ulanmalari;
kirish/chiqish puflovchi ventillari.
5-bob. Yakuniy qoidalar
21. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
22. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi, Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi, “Oʻzbekenergo” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ, “Oʻzbekneftegaz” AJ, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi va Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi bilan kelishilgan.
Oʻzbekiston neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi N. AGZAMOV
Elektr energetikada nazorat boʻyicha davlat inspeksiyasi boshligʻi D. ISAKULOV
Bosh prokuratura huzuridagi Majburiy ijro byurosi direktori B. KUDRATXODJAYEV
Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi R. GULYAMOV
Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi bosh direktori A. KARIMOV
“Oʻzbekenergo” AJ boshqaruvi raisi U. MUSTAFOYEV
“Oʻzbekgidroenergiya” AJ boshqaruvi raisi A. SANGINOV
“Oʻzbekneftgaz” AJ boshqaruvi raisi A. SULTONOV
Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi raisi B. ZAKIROV
Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi boshqaruvi raisi Sh. JAVLONOV
Toshkent sh.,
2018-yil 7-fevral,
Toshkent sh.,
2018-yil 7-fevral,
2018-yil 5-fevral
2018-yil 26-yanvar
2018-yil 18-yanvar
2018-yil 15-yanvar
2018-yil 12-yanvar
2018-yil 10-yanvar
2018-yil 2-aprel
2018-yil 24-mart
3-son
2-son
(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 07.05.2018-y., 10/18/3005/1167-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 28.08.2024-y., 10/24/3551/0660-son; 17.04.2025-y., 10/25/3005-1/0352-son )
lex.uz