UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 31-mart · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 31 март · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 марта 2018 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 March 2018 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 31 мартдаги 12/12-сонли қарорига ИЛОВА

Банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ банклараро пул бозорида электрон савдо платформаси орқали операцияларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

банклараро пул бозори — электрон биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш орқали миллий ва хорижий валютада пул маблағларини қисқа муддатга (1 йилгача) жойлаштириш ва/ёки жалб қилиш операцияларини (бундан буён матнда пул бозоридаги операциялар деб юритилади) амалга ошириш тизими;

валюта биржаси — чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини, шунингдек банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари, шу жумладан микромолия банклари (бундан буён матнда банклар деб юритилади) билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи юридик шахс;

электрон савдо платформаси (бундан буён матнда савдо тизими деб юритилади) — банклараро пул бозорида электрон шаклда биржа савдоларини ўтказиш имконини берувчи ҳамда қабул қилинган буюртмаларни рўйхатга олиш, биржа битимларини тузиш, жорий маълумотларни савдо иштирокчилари иш ўринларида акс эттириш, савдо жараёнини баёнлаштириш ва якуний биржа ҳужжатларини шакллантиришни таъминловчи валюта биржасининг автоматлаштирилган тизими;

контрагент — банклараро пул бозорида пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича биржа битими иштирокчиларидан бири;

савдо иштирокчилари — банклараро пул бозорида савдо тизими орқали операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи банклар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади);

буюртма — буюртма берувчи томонидан маълум миқдордаги пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича шартлар акс эттирилган электрон шаклдаги бирламчи таклиф;

биржа битими — биржа томонидан рўйхатга олинган, биржа савдосининг биржада қайд этилган натижаси бўйича тузилган биржа товарига доир олди-сотди шартномаси;

қарши буюртмалар — қарама-қарши йўналишга эга бўлган буюртмалар, яъни пул маблағларини жойлаштириш учун таклифга пул маблағларини жалб этиш учун қўйилган буюртма ёхуд пул маблағларини жалб этиш учун қўйилган буюртмага пул маблағларини жойлаштириш учун таклиф;

индикаторлар — савдо тизими орқали савдо иштирокчилари томонидан амалга оширилган пул бозоридаги операциялар бўйича ҳисобланган ўртача тортилган фоиз ставкалари.

2. Пул бозоридаги операциялар Марказий банк билан банклар ҳамда банклар ўртасида ўзаро савдо тизими орқали амалга оширилади.

3. Пул бозоридаги операциялар банклар томонидан банкнинг ликвидлигини таъминлаш ёки пул маблағларини жойлаштириш орқали даромад олиш мақсадида, Марказий банк томонидан эса пул-кредит сиёсати мақсадларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

4. Савдо иштирокчилари пул бозоридаги операцияларни амалга оширишда мазкур Низом талабларига ҳамда валюта биржасининг биржа савдолари қоидаларига риоя қилишлари шарт.

5. Марказий банк банклараро пул бозорида тузилган барча биржа битимлари бўйича тўлиқ маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга.

6. Банклар банклараро пул бозорида ўз битимлари ва бошқа банклар томонидан ўзаро амалга оширилган операциялар бўйича маълумотлар (банк номлари тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно) билан танишиш ҳуқуқига эга.

7. Валюта биржаси ўз ваколати доирасида:

банклараро пул бозорида биржа савдоларини ташкил этади ва ўтказади;

савдо иштирокчиларига савдо тизими дастурий таъминотини тақдим этади ва уларнинг техник созлигини таъминлайди;

банклараро пул бозори индикаторларини шакллантиради;

пул бозоридаги операцияларга оид маълумотларнинг конфиденциаллигини таъминлайди;

савдо иштирокчиларини савдоларни ўтказиш жойи, вақти ва савдо якунлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади.

2-боб. Савдо тизимида операцияларни амалга ошириш

8. Пул бозоридаги операциялар валюта биржаси ҳамда банклар томонидан тузиладиган Бош битимга мувофиқ амалга оширилади.

9. Бош битимда хўжалик субъектлари фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

Марказий банк ва банклар ўртасида ҳамда банклар ўртасидаги ўзаро тузиладиган биржа битимлари учун мажбурий шартлар;

фоиз тўловларини ҳисоблаш, уларни тўлаш тартиби ва муддатлари;

Бош битимнинг амал қилиш муддати.

10. Савдо иштирокчилари биржа савдоларида уларнинг номидан биржа битимлари тузишга ваколатли бўлган ўз ходимлари (трейдерлар) (бундан буён матнда трейдер деб юритилади) орқали иштирок этади.

11. Биржа савдолар банк иш кунлари соат 9:00 дан бошланиб Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими иш вақти якунланишига 30 дақиқа қолгунига қадар амалга оширилади.

12. Савдо иштирокчилари мустақил равишда савдо тизимига киришнинг қуйидаги услубларидан бирини танлашлари мумкин:

масофавий — иш ўрнидан фойдаланиш орқали;

валюта биржаси савдо залидаги иш ўрнидан фойдаланиш орқали.

13. Валюта биржаси савдо тизимида ишлаш учун савдо иштирокчиларини икки босқичли логин ва пароль билан таъминлайди.

Биринчи босқич логини ва паролидан фойдаланиш ҳуқуқига фақатгина трейдер эга бўлади.

Биринчи босқич логини ва пароли савдо иштирокчиси савдо тизимини фаоллаштириш ҳуқуқини беради.

Иккинчи босқич логини ва паролидан фойдаланиш ҳуқуқи банк раҳбари томонидан ваколат берилган биржа савдолари бўйича биржа битимларини тузишга масъул бўлган шахсга берилади.

Иккинчи босқич логини ва пароли савдо иштирокчиси биржа битимини тасдиқлаш ҳуқуқини беради.

3-боб. Савдо тизимида операцияларнинг амалга оширилиши

14. Биржа битимлари савдо тизимида томонлар бир-бирини биржа битими бўйича контрагент сифатида кўрсатувчи қарши буюртмалар асосида тузилади.

15. Биржа битимларини тузиш учун савдо тизимига битим тузишга ташаббус қилаётган савдо иштирокчисининг пул маблағларини жойлаштириш ва/ёки жалб этиш бўйича буюртмаси (бундан буён матнда дастлабки буюртма деб юритилади) киритилади.

16. Дастлабки буюртмада қуйидаги кўрсаткичлар кўрсатилиши лозим:

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш;

жалб этиладиган ёки жойлаштириладиган валюта тури;

жалб этиладиган ёки жойлаштириладиган пул маблағлари миқдори;

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш муддати;

пул маблағларини жалб этиш ёки жойлаштириш бўйича фоиз ставкаси;

фоиз тўловларини тўлаш муддати.

17. Савдо тизимига киритилган дастлабки буюртмага пул маблағларини жалб этиш ва/ёки жойлаштириш мақсадида контрагентлар томонидан қарши буюртмалар киритилади.

18. Пул маблағларини жойлаштириш учун буюртмалар навбати фоиз ставкасининг ўсиб бориши тартибида, фоиз ставкалари тенг бўлганда эса буюртмалар тақдим этилган вақт тартибида жойлаштирилади.

19. Пул маблағларини жалб этиш учун буюртмалар навбати фоиз ставкасининг камайиб бориши тартибида, фоиз ставкалари тенг бўлган тақдирда эса буюртмалар тақдим этилган вақт тартибида жойлаштирилади.

20. Биржа битимларини тузишда савдо тизими қарши буюртмаларнинг битим кўрсаткичларининг бир-бирига мувофиқлигини текширади.

21. Дастлабки буюртма тақдим этган савдо иштирокчиси контрагентлар томонидан киритилган қарши буюртмалардан ўзига мос келганларини дастлабки буюртма доирасида тасдиқлайди.

Дастлабки буюртмани тасдиқлаш натижасида савдо тизимида биржа битими автоматик тарзда рўйхатдан ўтади.

22. Биржа битими савдо тизимида қарши буюртмаларнинг (дастлабки буюртма ва қарши буюртмалар) рўйхатга олиниши билан тузилган ҳисобланади.

23. Ҳар бир биржа битими тузилганда савдо тизими уни рўйхатга олади, унга рўйхатга олиш рақамини бириктиради ва савдо иштирокчиларига ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга асос бўладиган биржа гувоҳномаларини тақдим этади.

24. Тузилган биржа битимлари бўйича барча ҳисоб-китоб операцияларининг ижроси савдо иштирокчилари томонидан битим тузилган банк иш куни Марказий банкнинг банклараро ҳисоб-китоблар бўйича электрон тўлов ҳужжатларини узатиш, қабул қилиш ва назорат қилиш вақти якунланишига қадар амалга оширилади.

25. Савдо тизимига тақдим этилган ҳар қандай дастлабки буюртма у бекор қилингунга, тўлиқ қондирилгунга ёки биржа савдолари якунига қадар амал қилади. Савдо тизимига тақдим этилган ҳар қандай буюртма биржа битимлари тузилгунга қадар савдо иштирокчилари томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

26. Савдо тизими орқали тузилган биржа битимлари бўйича пул маблағларини қайтариш муддати келганда жалб қилинган маблағлар ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш банк томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Пул маблағларини қайтариш куни пул маблағлари тегишли ҳисобрақамига келиб тушган кун деб ҳисобланади.

27. Биржа битимлари бўйича барча тўловлар битим тузилган валютада амалга оширилади.

28. Биржа битимлари бўйича жойлаштирилган пул маблағлари томонларнинг ўзаро келишувига асосан муддатидан аввал қайтарилиши мумкин.

29. Савдо тизимининг воситачилик ҳақи биржа савдолари қоидаларида белгиланган тартибда ундирилади.

30. Савдо иштирокчиларига қуйидагилар тақиқланади:

бошқа савдо иштирокчиларига, уларнинг бозор хатти-ҳаракатларини ўзгартириш мақсадида, тўғридан-тўғри ёки билвосита босим ўтказиш;

савдо тизимида сохта битимлар тузиш;

савдо тизимида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказишдан воз кечиш;

савдо тизимида шаклланаётган бозор ҳолатига босим ўтказиш мақсадида била туриб ёлғон ахборот тарқатиш;

валюта биржаси ва савдо иштирокчиларига ҳаққоний бўлмаган ва бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш;

бозор конъюнктурасини шакллантиришга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотни валюта биржасига тақдим этмаслик (яшириш).

4-боб. Банклараро пул бозори индикаторлари

31. Валюта биржаси савдо иштирокчилари томонидан савдо тизими орқали амалга оширилган операцияларнинг фоиз ставкалари асосида пул бозори индикаторларини шакллантиради.

32. Индикаторлар пул бозорида амалга оширилган операцияларнинг ставкалари асосида қуйидаги белгиланган стандарт муддатлар кесимида ҳисобланади:

1 кунлик;

2 кундан 7 кунгача;

8 кундан 30 кунгача;

31 кундан 90 кунгача;

91 кундан 180 кунгача;

181 кундан 1 йилгача.

Индикаторларни ҳисоблашда пул бозоридаги операциялар жойлаштирилган муддатларга кўра тегишли белгиланган стандарт муддатлар оралиқларига киритилади.

33. Валюта биржаси савдо тизими орқали стандарт муддатлар кесимида шаклланган индикаторларни мунтазам равишда (ҳафтада камида бир марта) Марказий банкка тақдим этади ҳамда ушбу маълумотлар Марказий банк ва валюта биржасининг расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилади.

5-боб. Якуний қоидалар

34. Савдо иштирокчилари томонидан савдо тизимида тузилган биржа битимининг амал қилиш муддати Бош битимнинг амал қилиш муддати доирасида бўлиши лозим.

35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

36. Мазкур Низом «Ўзбекистон республика валюта биржаси» АЖ билан келишилган.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

«Ўзбекистон Республика валюта биржаси» АЖ бош директори Н. БЕКМИРЗАЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 31 март,

2018 йил 30 март

12/12-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2018 й., 10/18/3010/1215-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 26.05.2026 й., 10/26/3841/0538-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Banklararo pul bozorida elektron savdo platformasi orqali operatsiyalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 13-sentabrdagi PQ-3272-son “Pul-kredit siyosatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qaror qiladi:

1. Banklararo pul bozorida elektron savdo platformasi orqali operatsiyalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2018-yil 31-martdagi 12/12-sonli qaroriga ILOVA

Banklararo pul bozorida elektron savdo platformasi orqali operatsiyalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 13-sentabrdagi PQ-3272-son “Pul-kredit siyosatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq banklararo pul bozorida elektron savdo platformasi orqali operatsiyalarni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

banklararo pul bozori — elektron birja savdolarini tashkil etish va oʻtkazish orqali milliy va xorijiy valyutada pul mablagʻlarini qisqa muddatga (1 yilgacha) joylashtirish va/yoki jalb qilish operatsiyalarini (bundan buyon matnda pul bozoridagi operatsiyalar deb yuritiladi) amalga oshirish tizimi;

valyuta birjasi — chet el valyutasi, davlat qimmatli qogʻozlari, moliyaviy hosila instrumentlari (derivativlar) oldi-sotdisi hamda ular bilan bogʻliq boshqa birja bitimlari boʻyicha birja savdolarini, shuningdek banklararo pul bozorini hamda Markaziy bankning tijorat banklari, shu jumladan mikromoliya banklari (bundan buyon matnda banklar deb yuritiladi) bilan amalga oshiriladigan kredit va depozit auksionlarini tashkil etuvchi yuridik shaxs;

elektron savdo platformasi (bundan buyon matnda savdo tizimi deb yuritiladi) — banklararo pul bozorida elektron shaklda birja savdolarini oʻtkazish imkonini beruvchi hamda qabul qilingan buyurtmalarni roʻyxatga olish, birja bitimlarini tuzish, joriy maʼlumotlarni savdo ishtirokchilari ish oʻrinlarida aks ettirish, savdo jarayonini bayonlashtirish va yakuniy birja hujjatlarini shakllantirishni taʼminlovchi valyuta birjasining avtomatlashtirilgan tizimi;

kontragent — banklararo pul bozorida pul mablagʻlarini joylashtirish va/yoki jalb etish boʻyicha birja bitimi ishtirokchilaridan biri;

savdo ishtirokchilari — banklararo pul bozorida savdo tizimi orqali operatsiyalarni amalga oshirishda ishtirok etuvchi banklar hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi);

buyurtma — buyurtma beruvchi tomonidan maʼlum miqdordagi pul mablagʻlarini joylashtirish va/yoki jalb etish boʻyicha shartlar aks ettirilgan elektron shakldagi birlamchi taklif;

birja bitimi — birja tomonidan roʻyxatga olingan, birja savdosining birjada qayd etilgan natijasi boʻyicha tuzilgan birja tovariga doir oldi-sotdi shartnomasi;

qarshi buyurtmalar — qarama-qarshi yoʻnalishga ega boʻlgan buyurtmalar, yaʼni pul mablagʻlarini joylashtirish uchun taklifga pul mablagʻlarini jalb etish uchun qoʻyilgan buyurtma yoxud pul mablagʻlarini jalb etish uchun qoʻyilgan buyurtmaga pul mablagʻlarini joylashtirish uchun taklif;

indikatorlar — savdo tizimi orqali savdo ishtirokchilari tomonidan amalga oshirilgan pul bozoridagi operatsiyalar boʻyicha hisoblangan oʻrtacha tortilgan foiz stavkalari.

2. Pul bozoridagi operatsiyalar Markaziy bank bilan banklar hamda banklar oʻrtasida oʻzaro savdo tizimi orqali amalga oshiriladi.

3. Pul bozoridagi operatsiyalar banklar tomonidan bankning likvidligini taʼminlash yoki pul mablagʻlarini joylashtirish orqali daromad olish maqsadida, Markaziy bank tomonidan esa pul-kredit siyosati maqsadlaridan kelib chiqqan holda amalga oshiriladi.

4. Savdo ishtirokchilari pul bozoridagi operatsiyalarni amalga oshirishda mazkur Nizom talablariga hamda valyuta birjasining birja savdolari qoidalariga rioya qilishlari shart.

5. Markaziy bank banklararo pul bozorida tuzilgan barcha birja bitimlari boʻyicha toʻliq maʼlumotlar bilan tanishish huquqiga ega.

6. Banklar banklararo pul bozorida oʻz bitimlari va boshqa banklar tomonidan oʻzaro amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha maʼlumotlar (bank nomlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bundan mustasno) bilan tanishish huquqiga ega.

7. Valyuta birjasi oʻz vakolati doirasida:

banklararo pul bozorida birja savdolarini tashkil etadi va oʻtkazadi;

savdo ishtirokchilariga savdo tizimi dasturiy taʼminotini taqdim etadi va ularning texnik sozligini taʼminlaydi;

banklararo pul bozori indikatorlarini shakllantiradi;

pul bozoridagi operatsiyalarga oid maʼlumotlarning konfidensialligini taʼminlaydi;

savdo ishtirokchilarini savdolarni oʻtkazish joyi, vaqti va savdo yakunlari toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qiladi.

2-bob. Savdo tizimida operatsiyalarni amalga oshirish

8. Pul bozoridagi operatsiyalar valyuta birjasi hamda banklar tomonidan tuziladigan Bosh bitimga muvofiq amalga oshiriladi.

9. Bosh bitimda xoʻjalik subyektlari faoliyatining shartnomaviy-huquqiy bazasi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa shartlar bilan bir qatorda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:

Markaziy bank va banklar oʻrtasida hamda banklar oʻrtasidagi oʻzaro tuziladigan birja bitimlari uchun majburiy shartlar;

foiz toʻlovlarini hisoblash, ularni toʻlash tartibi va muddatlari;

Bosh bitimning amal qilish muddati.

10. Savdo ishtirokchilari birja savdolarida ularning nomidan birja bitimlari tuzishga vakolatli boʻlgan oʻz xodimlari (treyderlar) (bundan buyon matnda treyder deb yuritiladi) orqali ishtirok etadi.

11. Birja savdolar bank ish kunlari soat 9:00 dan boshlanib Markaziy bankning banklararo toʻlov tizimi ish vaqti yakunlanishiga 30 daqiqa qolguniga qadar amalga oshiriladi.

12. Savdo ishtirokchilari mustaqil ravishda savdo tizimiga kirishning quyidagi uslublaridan birini tanlashlari mumkin:

masofaviy — ish oʻrnidan foydalanish orqali;

valyuta birjasi savdo zalidagi ish oʻrnidan foydalanish orqali.

13. Valyuta birjasi savdo tizimida ishlash uchun savdo ishtirokchilarini ikki bosqichli login va parol bilan taʼminlaydi.

Birinchi bosqich logini va parolidan foydalanish huquqiga faqatgina treyder ega boʻladi.

Birinchi bosqich logini va paroli savdo ishtirokchisi savdo tizimini faollashtirish huquqini beradi.

Ikkinchi bosqich logini va parolidan foydalanish huquqi bank rahbari tomonidan vakolat berilgan birja savdolari boʻyicha birja bitimlarini tuzishga masʼul boʻlgan shaxsga beriladi.

Ikkinchi bosqich logini va paroli savdo ishtirokchisi birja bitimini tasdiqlash huquqini beradi.

3-bob. Savdo tizimida operatsiyalarning amalga oshirilishi

14. Birja bitimlari savdo tizimida tomonlar bir-birini birja bitimi boʻyicha kontragent sifatida koʻrsatuvchi qarshi buyurtmalar asosida tuziladi.

15. Birja bitimlarini tuzish uchun savdo tizimiga bitim tuzishga tashabbus qilayotgan savdo ishtirokchisining pul mablagʻlarini joylashtirish va/yoki jalb etish boʻyicha buyurtmasi (bundan buyon matnda dastlabki buyurtma deb yuritiladi) kiritiladi.

16. Dastlabki buyurtmada quyidagi koʻrsatkichlar koʻrsatilishi lozim:

pul mablagʻlarini jalb etish yoki joylashtirish;

jalb etiladigan yoki joylashtiriladigan valyuta turi;

jalb etiladigan yoki joylashtiriladigan pul mablagʻlari miqdori;

pul mablagʻlarini jalb etish yoki joylashtirish muddati;

pul mablagʻlarini jalb etish yoki joylashtirish boʻyicha foiz stavkasi;

foiz toʻlovlarini toʻlash muddati.

17. Savdo tizimiga kiritilgan dastlabki buyurtmaga pul mablagʻlarini jalb etish va/yoki joylashtirish maqsadida kontragentlar tomonidan qarshi buyurtmalar kiritiladi.

18. Pul mablagʻlarini joylashtirish uchun buyurtmalar navbati foiz stavkasining oʻsib borishi tartibida, foiz stavkalari teng boʻlganda esa buyurtmalar taqdim etilgan vaqt tartibida joylashtiriladi.

19. Pul mablagʻlarini jalb etish uchun buyurtmalar navbati foiz stavkasining kamayib borishi tartibida, foiz stavkalari teng boʻlgan taqdirda esa buyurtmalar taqdim etilgan vaqt tartibida joylashtiriladi.

20. Birja bitimlarini tuzishda savdo tizimi qarshi buyurtmalarning bitim koʻrsatkichlarining bir-biriga muvofiqligini tekshiradi.

21. Dastlabki buyurtma taqdim etgan savdo ishtirokchisi kontragentlar tomonidan kiritilgan qarshi buyurtmalardan oʻziga mos kelganlarini dastlabki buyurtma doirasida tasdiqlaydi.

Dastlabki buyurtmani tasdiqlash natijasida savdo tizimida birja bitimi avtomatik tarzda roʻyxatdan oʻtadi.

22. Birja bitimi savdo tizimida qarshi buyurtmalarning (dastlabki buyurtma va qarshi buyurtmalar) roʻyxatga olinishi bilan tuzilgan hisoblanadi.

23. Har bir birja bitimi tuzilganda savdo tizimi uni roʻyxatga oladi, unga roʻyxatga olish raqamini biriktiradi va savdo ishtirokchilariga oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirishga asos boʻladigan birja guvohnomalarini taqdim etadi.

24. Tuzilgan birja bitimlari boʻyicha barcha hisob-kitob operatsiyalarining ijrosi savdo ishtirokchilari tomonidan bitim tuzilgan bank ish kuni Markaziy bankning banklararo hisob-kitoblar boʻyicha elektron toʻlov hujjatlarini uzatish, qabul qilish va nazorat qilish vaqti yakunlanishiga qadar amalga oshiriladi.

25. Savdo tizimiga taqdim etilgan har qanday dastlabki buyurtma u bekor qilingunga, toʻliq qondirilgunga yoki birja savdolari yakuniga qadar amal qiladi. Savdo tizimiga taqdim etilgan har qanday buyurtma birja bitimlari tuzilgunga qadar savdo ishtirokchilari tomonidan oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin.

26. Savdo tizimi orqali tuzilgan birja bitimlari boʻyicha pul mablagʻlarini qaytarish muddati kelganda jalb qilingan mablagʻlar va unga hisoblangan foizlarni qaytarish bank tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Pul mablagʻlarini qaytarish kuni pul mablagʻlari tegishli hisobraqamiga kelib tushgan kun deb hisoblanadi.

27. Birja bitimlari boʻyicha barcha toʻlovlar bitim tuzilgan valyutada amalga oshiriladi.

28. Birja bitimlari boʻyicha joylashtirilgan pul mablagʻlari tomonlarning oʻzaro kelishuviga asosan muddatidan avval qaytarilishi mumkin.

29. Savdo tizimining vositachilik haqi birja savdolari qoidalarida belgilangan tartibda undiriladi.

30. Savdo ishtirokchilariga quyidagilar taqiqlanadi:

boshqa savdo ishtirokchilariga, ularning bozor xatti-harakatlarini oʻzgartirish maqsadida, toʻgʻridan-toʻgʻri yoki bilvosita bosim oʻtkazish;

savdo tizimida soxta bitimlar tuzish;

savdo tizimida tuzilgan bitimlar boʻyicha hisob-kitoblarni oʻtkazishdan voz kechish;

savdo tizimida shakllanayotgan bozor holatiga bosim oʻtkazish maqsadida bila turib yolgʻon axborot tarqatish;

valyuta birjasi va savdo ishtirokchilariga haqqoniy boʻlmagan va buzib koʻrsatilgan axborotni taqdim etish;

bozor konyunkturasini shakllantirishga sezilarli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan axborotni valyuta birjasiga taqdim etmaslik (yashirish).

4-bob. Banklararo pul bozori indikatorlari

31. Valyuta birjasi savdo ishtirokchilari tomonidan savdo tizimi orqali amalga oshirilgan operatsiyalarning foiz stavkalari asosida pul bozori indikatorlarini shakllantiradi.

32. Indikatorlar pul bozorida amalga oshirilgan operatsiyalarning stavkalari asosida quyidagi belgilangan standart muddatlar kesimida hisoblanadi:

1 kunlik;

2 kundan 7 kungacha;

8 kundan 30 kungacha;

31 kundan 90 kungacha;

91 kundan 180 kungacha;

181 kundan 1 yilgacha.

Indikatorlarni hisoblashda pul bozoridagi operatsiyalar joylashtirilgan muddatlarga koʻra tegishli belgilangan standart muddatlar oraliqlariga kiritiladi.

33. Valyuta birjasi savdo tizimi orqali standart muddatlar kesimida shakllangan indikatorlarni muntazam ravishda (haftada kamida bir marta) Markaziy bankka taqdim etadi hamda ushbu maʼlumotlar Markaziy bank va valyuta birjasining rasmiy veb-saytlarida joylashtirib boriladi.

5-bob. Yakuniy qoidalar

34. Savdo ishtirokchilari tomonidan savdo tizimida tuzilgan birja bitimining amal qilish muddati Bosh bitimning amal qilish muddati doirasida boʻlishi lozim.

35. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

36. Mazkur Nizom “Oʻzbekiston respublika valyuta birjasi” AJ bilan kelishilgan.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

“Oʻzbekiston Respublika valyuta birjasi” AJ bosh direktori N. BEKMIRZAYEV

Toshkent sh.,

2018-yil 31-mart,

2018-yil 30-mart

12/12-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 14.05.2018-y., 10/18/3010/1215-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 26.05.2026-y., 10/26/3841/0538-son)

lex.uz