UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 мая 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 May 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

Маданият ва санъатнинг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, давлатлараро, халқлараро дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ҳамда унинг якуний босқичини Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) 1-иловага ;

«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмитага:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш бўйича чоралар кўриш;

Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, ҳайкалча намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.

4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги белгилансин.

5. Фарғона вилояти ҳокимлиги Марғилон шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва жойлар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фестивалга ташриф буюрувчи иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларини Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида, зарур ҳолларда И. Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда:

Фестивалга бағишланган эсдалик буюмлари лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва Фестиваль доирасида турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилишини;

Фестиваль тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш ва унинг Фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилиши, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, жумладан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминласин.

8. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йил назарда тутиладиган бюджет маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

50 фоизи — Фарғона вилояти маҳаллий бюджети, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Фестивалга хориждан ташриф буюрадиган ҳайъат аъзолари ва иштирок этувчи делегацияларнинг яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатлари Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тасдиқланган сарф-харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Фарғона вилояти ҳокими Ш.М. Ғаниев зиммаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 371-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

Б. Сайфуллаев — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ташкилий қўмита ҳамраиси Ш. Ғаниев — Фарғона вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита ҳамраиси А. Абдуҳакимов — Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А. Абдувахидов — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари А. Нуриддинов — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. Ходжаев — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А. Қодиров — Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси С. Саидов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси У. Абдуллаев — «Ҳунарманд» уюшмаси раиси А. Каримов — Халқаро «Олтин мерос» жамғармаси раиси А. Ҳайдаров — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази директори, Ташкилий қўмита котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 371-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

фольклор мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш, мусиқий меросни замонга мос эъзозлаб сақлаш, ўрганиш, ўзлаштириш, ривожлантириш ва фольклор санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантириш;

ёшлар ва келажак авлод қалбида фольклор мусиқа санъатига бўлган меҳрни ошириш, мусиқий мероснинг бой, бадиий ва эстетик имкониятларини тараннум этиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш;

ўзбек миллий фольклор мусиқа санъати ҳамда бошқа халқларнинг фольклор мусиқа санъатларини қамраб олиш, улар билан яқиндан илмий ва ижодий мулоқотлар ва ҳамкорлик қилиш, маданий-маънавий муносабатларни халқаро миқёсда кенгайтириш.

хорижий давлатлар билан миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, халқ ижодиётининг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш, муҳофаза қилиш ва ривожлантириш;

турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, яхлит маданий муҳитни асраш ҳамда миллий анъаналар ва эстетик идеаллар умумийлиги асосида давлатлараро ва халқлараро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

3. Фестиваль 2019 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта ушбу Низомга мувофиқ уч босқичда ўтказилади.

Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.

4. Фестивалнинг асосий ташкилотчилари — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ташкилий қўмитанинг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳисобланади.

2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

5. Фестивалда қуйидаги номинациялар бўйича танловлар ўтказилади:

қўшиқчилик санъати (алла, ўлан, лапар, терма, маросим қўшиқлари, халфачилик, бахшичилик ва ҳоказо);

рақс санъати (турли ҳудудларга хос халқ рақслари);

миллий қадим фольклор чолғучилик санъати (миллий мусиқа асбобларида асарлар ижроси);

6. Фестивални ўтказиш доирасида илмий-ижодий конференция ўтказилади ва маданият намоёндалари иштирокида гала концерт ташкил этилади.

7. Фестивалда Ўзбекистон Республикасидан иштирок этувчилар учун қуйидаги тартиблар белгиланади:

Фестивалининг I босқичи жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар марказларида ва Тошкент шаҳрида ўтказилади;

I босқич натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари Фестивалнинг кейинги босқичларида қатнашишга тавсия этилганларга оид ариза, ижодий тавсифнома, тадбир ҳақида баённома, фотосуратлар ҳамда видеотасвирлардан иборат ҳужжат ва материалларни Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 10 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тақдим этадилар;

Фестивалнинг II босқичи Тошкент шаҳрида Фестиваль ўтказиладиган йилнинг июнь ойининг иккинчи ярмида Фестивалнинг I босқич натижаларига кўра кейинги босқичда иштирок этиш учун тавсия этилганларнинг ҳужжатлари ва материаллари асосида алоҳида номинациялар бўйича сиртдан танлов шаклида ўтказилади ва унинг натижаларига кўра Фестиваль финал босқичи афишаси шакллантирилади.

Фестивалнинг якуний босқичи Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ўтказилади.

8. Фестивалга хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар учун қуйидаги тартиблар белгиланади:

Фестивалнинг хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилари ҳужжатлари ва материаллари тегишли давлатлардаги мутасадди ташкилотлар ва муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси орқали тақдим этилади;

хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар Фестивалнинг II босқичидан бошлаб иштирок этадилар.

9. Фестивалнинг якуний босқичи, ғолибларнинг гала концерти ҳамда тақдирлаш маросими Ташкилий қўмита томонидан белгиланадиган муддатларда ўтказилади.

10. Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.

11. Фестивалда идоравий мансублигидан қатъи назар турли ҳаваскор фольклор жамоалари, ашула, мусиқа ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочилар иштирок этишлари мумкин.

12. Фестиваль иштирокчиларининг сони фольклор, мусиқа чолғу жамоаларида — 12 нафардан, халқ рақси ансамблларида — 14 нафардан ошмаслиги лозим.

13. Номинация бўйича ҳар бир иштирокчининг чиқиш дастурлари ижроси 15 дақиқадан ошмаслиги керак.

14. Фестивалда иштирок этишда фонограммадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

3-боб. Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш шартлари ва халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш

15. Фестиваль иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан иборат халқаро ҳайъат тузилади.

Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилади.

16. Баҳолаш жараёнида:

репертуарнинг бадиий қиймати (этнографик аниқлик ва асар қайта ишланиши ёки стилизациясидаги афзалликлар), материалда ҳудудий ўзига хосликларининг акс этиши;

маҳорат ва артистизм савияси, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси;

оғзаки, мусиқий, ашулачилик ва рақс миллий анъаналари ижроси услублари ва йўлларининг мутаносиблиги;

безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш;

декоратив-амалий ижод асарлари бадиий савияси асосий мезон ҳисобланади.

17. Фестиваль халқаро ҳайъати коллегиаллик, эркин фикрлилик ва профессионализм нормаларидан келиб чиқиб, фаолиятини тўғри ташкил этган ҳолда якуний босқич барча иштирокчиларининг дастурлари, асарлари ва ишлари билан танишиб чиқадилар, улар бўйича алоҳида номинациялар кесимида мустаҳкам асосли, ҳар томонлама мулоҳазали, мутлақо холис баҳо берадилар.

18. Якуний босқич иштирокчиларни бир неча гуруҳга бўлган ҳолда Фестиваль ўтказиладиган ҳудуддаги турли жойларда ташкил этилади. Халқаро ҳайъат кўригидан ўтиб бўлган ёки ўз навбатини кутаётган гуруҳлардаги иштирокчилар Ташкилий қўмита томонидан тузиладиган махсус жадвал бўйича жойларда ташкил этиладиган концерт дастурлари ва кўргазмаларда қатнашадилар.

4-боб. Мукофотлаш тартиби

19. Фестиваль ғолиблари қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар:

1-ўрин (ҳар бир номинация) — 3 500 АҚШ доллари;

2-ўрин (ҳар бир номинация) — 2 500 АҚШ доллари;

3-ўрин (ҳар бир номинация) — 1 500 АҚШ доллари.

20. Фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.

Халқаро ҳайъат қарори билан энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича биттадан Лауреат дипломлари билан тақдирланадилар.

Бундан ташқари, ҳар бир номинацияда биттадан I, II ва III даражали дипломлар, Фестиваль иштирокчиси дипломлари ҳамда ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади.

21. Халқаро ҳайъатнинг қарорлари қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди.

22. Фестиваль муассислари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, корхоналар, муассасалар, жамғармалар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар иштирокчилар учун махсус мукофотлар, совринлар, эсдалик совғалари ва махсус мукофотлар таъсис этишлари мумкин.

5-боб. Ташкилий-молиявий шартлар

23. Фестивалнинг якуний босқичи иштирокчилари ва меҳмонлари, шунингдек халқаро ҳайъат аъзолари Ташкилий қўмита томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда ётоқхона, овқатланиш ва белгиланган маршрут бўйича транспорт билан таъминланадилар.

24. Фестивалнинг I босқичида иштирок этиш ҳамда якуний босқич ўтказиладиган ҳудудга жойлардан келиб-кетиш билан боғлиқ харажатлар иштирокчиларни юборувчи ташкилот ва муассасалар ёки иштирокчилар ҳамда ҳомийлар томонидан қопланиши мумкин.

25. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йил назарда тутиладиган бюджет маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

50 фоизи — юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, Фарғона вилояти маҳаллий бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

26. Хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фестивалнинг барча хорижий иштирокчилари ва меҳмонлари учун ички қатновлар бўйича авиа ва темир йўл чипталари белгиланган тартибда сотилади, меҳмонхона ҳақи ҳам сўмда қабул қилинади.

6-боб. Якуний қоидалар.

27. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ маданият ва кўрик-танлов ғолибларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.

28. Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 18 май,

371-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/371/1254-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

“Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisida

Madaniyat va sanʼatning noyob namunalarini keng targʻib qilish, uni asrab-avaylash va rivojlantirish, yosh avlod qalbida sanʼatga boʻlgan mehr-muhabbat tuygʻularini kamol toptirish, davlatlararo, xalqlararo doʻstlik, birodarlik rishtalarini yanada mustahkamlash, ijodiy hamkorlik, madaniy-maʼnaviy munosabatlar doirasini xalqaro miqyosda kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Fargʻona viloyati hokimligining “Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini (keyingi oʻrinlarda Festival deb ataladi) 2019-yildan boshlab har ikki yilda bir marta hamda uning yakuniy bosqichini Fargʻona viloyatining Margʻilon shahrida oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar:

“Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi (keyingi oʻrinlarda Tashkiliy qoʻmita deb ataladi) 1-ilovaga ;

“Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida Nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Tashkiliy qoʻmitaga:

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tadbirlar rejasini ishlab chiqish, tasdiqlash va homiylik xayriyalarini jalb etish boʻyicha choralar koʻrish;

Festival sovrindorlariga topshiriladigan diplom, sertifikat, haykalcha namunalarini ishlab chiqish va tasdiqlash;

Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etish vazifalari yuklansin.

4. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha masʼul etib Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Fargʻona viloyati hokimligi belgilansin.

5. Fargʻona viloyati hokimligi Margʻilon shahrida obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish ishlarini amalga oshirilishini, Festival oʻtkaziladigan sahna maydonlari va joylar talab darajasida tayyorlanishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Festivalga tashrif buyuruvchi ishtirokchilar uchun Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining viza talabnomalariga binoan Oʻzbekiston Respublikasiga kirish vizalarini Oʻzbekiston Respublikasining chet eldagi diplomatik vakolatxonalari hamda konsullik muassasalarida, zarur hollarda I. Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroportida konsullik va boshqa yigʻimlarni undirmasdan rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Fargʻona viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi, Respublika “Hunarmand” uyushmasi bilan birgalikda:

Festivalga bagʻishlangan esdalik buyumlari loyihalari ishlab chiqilishini va Festival doirasida turli koʻrgazmalar, milliy sozlar va liboslar, hunarmandchilik buyumlari, tasviriy va amaliy sanʼat asarlari, badiiy va hujjatli filmlar, audio va video disklar, kitoblar, albomlar, fotosuratlar namoyishi va ularning sotuvi tashkil etilishini;

Festival tadbirlari dasturini ishlab chiqish va uning Festivaldan uch oy avval turistik tashkilotlarga taqdim etilishi, Internet jahon axborot tarmogʻida, jumladan ijtimoiy tarmoqlarda joylashtirilishini taʼminlasin.

8. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar Tashkiliy qoʻmita tomonidan ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida quyidagi tartibda:

50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining xarajatlar smetasida madaniy tadbirlarni oʻtkazish uchun har yil nazarda tutiladigan budjet mablagʻlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan;

50 foizi — Fargʻona viloyati mahalliy budjeti, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

Festivalga xorijdan tashrif buyuradigan hayʼat aʼzolari va ishtirok etuvchi delegatsiyalarning yashash, ovqatlanish va ichki transport xarajatlari Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq tasdiqlangan sarf-xarajatlar smetasida nazarda tutilgan mablagʻlar hisobidan qoplanishi inobatga olinsin.

9. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, “Dunyo” axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni atroflicha yoritib borish tavsiya etilsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev, Fargʻona viloyati hokimi Sh.M. Gʻaniyev zimmalariga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 18-maydagi 371-son qaroriga 1-ILOVA

“Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita

B. Sayfullayev — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vaziri, Tashkiliy qoʻmita hamraisi Sh. Gʻaniyev — Fargʻona viloyati hokimi, Tashkiliy qoʻmita hamraisi A. Abduhakimov — Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi A. Abduvaxidov — Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vaziri oʻrinbosari A. Nuriddinov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi A. Xodjayev — Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi raisi v.b. A. Qodirov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi raisi S. Saidov — Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi U. Abdullayev — “Hunarmand” uyushmasi raisi A. Karimov — Xalqaro “Oltin meros” jamgʻarmasi raisi A. Haydarov — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining Respublika madaniyat muassasalari faoliyatini tashkil etish ilmiy metodik markazi direktori, Tashkiliy qoʻmita kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 18-maydagi 371-son qaroriga 2-ILOVA

“Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini (keyingi oʻrinlarda Festival deb ataladi) oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Festival quyidagilarni nazarda tutgan holda oʻtkaziladi:

folklor musiqa sanʼatini keng targʻib etish, musiqiy merosni zamonga mos eʼzozlab saqlash, oʻrganish, oʻzlashtirish, rivojlantirish va folklor sanʼatining mohir ijrochilarini ragʻbatlantirish;

yoshlar va kelajak avlod qalbida folklor musiqa sanʼatiga boʻlgan mehrni oshirish, musiqiy merosning boy, badiiy va estetik imkoniyatlarini tarannum etish, xalqlar oʻrtasidagi doʻstlik rishtalarini yanada mustahkamlash;

oʻzbek milliy folklor musiqa sanʼati hamda boshqa xalqlarning folklor musiqa sanʼatlarini qamrab olish, ular bilan yaqindan ilmiy va ijodiy muloqotlar va hamkorlik qilish, madaniy-maʼnaviy munosabatlarni xalqaro miqyosda kengaytirish.

xorijiy davlatlar bilan milliy madaniyatlar uygʻunligi va turfa xilligini saqlash va rivojlantirish, xalq ijodiyotining eng yaxshi namunalarini keng targʻib qilish, muhofaza qilish va rivojlantirish;

turli millat vakillarini maʼnaviy muloqotga jalb etish, yaxlit madaniy muhitni asrash hamda milliy anʼanalar va estetik ideallar umumiyligi asosida davlatlararo va xalqlararo madaniy hamkorlikni mustahkamlash.

3. Festival 2019-yildan boshlab, har ikki yilda bir marta ushbu Nizomga muvofiq uch bosqichda oʻtkaziladi.

Festivalni oʻtkazishning aniq sanasi va muddati “Buyuk ipak yoʻli” xalqaro folklor musiqa festivalini oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda Tashkiliy qoʻmita deb ataladi) tomonidan belgilanadi.

4. Festivalning asosiy tashkilotchilari — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Fargʻona viloyati hokimligi, Tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hisoblanadi.

2-bob. Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari

5. Festivalda quyidagi nominatsiyalar boʻyicha tanlovlar oʻtkaziladi:

qoʻshiqchilik sanʼati (alla, oʻlan, lapar, terma, marosim qoʻshiqlari, xalfachilik, baxshichilik va hokazo);

raqs sanʼati (turli hududlarga xos xalq raqslari);

milliy qadim folklor cholgʻuchilik sanʼati (milliy musiqa asboblarida asarlar ijrosi);

6. Festivalni oʻtkazish doirasida ilmiy-ijodiy konferensiya oʻtkaziladi va madaniyat namoyondalari ishtirokida gala konsert tashkil etiladi.

7. Festivalda Oʻzbekiston Respublikasidan ishtirok etuvchilar uchun quyidagi tartiblar belgilanadi:

Festivalining I bosqichi joylarda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar markazlarida va Toshkent shahrida oʻtkaziladi;

I bosqich natijalariga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari Festivalning keyingi bosqichlarida qatnashishga tavsiya etilganlarga oid ariza, ijodiy tavsifnoma, tadbir haqida bayonnoma, fotosuratlar hamda videotasvirlardan iborat hujjat va materiallarni Festival oʻtkaziladigan yilning 10-mayiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi taqdim etadilar;

Festivalning II bosqichi Toshkent shahrida Festival oʻtkaziladigan yilning iyun oyining ikkinchi yarmida Festivalning I bosqich natijalariga koʻra keyingi bosqichda ishtirok etish uchun tavsiya etilganlarning hujjatlari va materiallari asosida alohida nominatsiyalar boʻyicha sirtdan tanlov shaklida oʻtkaziladi va uning natijalariga koʻra Festival final bosqichi afishasi shakllantiriladi.

Festivalning yakuniy bosqichi Fargʻona viloyatining Margʻilon shahrida oʻtkaziladi.

8. Festivalga xorijiy davlatlardan keladigan ishtirokchilar uchun quyidagi tartiblar belgilanadi:

Festivalning xorijiy davlatlardan keladigan ishtirokchilari hujjatlari va materiallari tegishli davlatlardagi mutasaddi tashkilotlar va muassasalar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalari qoʻmitasi orqali taqdim etiladi;

xorijiy davlatlardan keladigan ishtirokchilar Festivalning II bosqichidan boshlab ishtirok etadilar.

9. Festivalning yakuniy bosqichi, gʻoliblarning gala konserti hamda taqdirlash marosimi Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilanadigan muddatlarda oʻtkaziladi.

10. Festival doirasida ilmiy-ijodiy konferensiyalar, seminarlar, davra suhbatlari, sayillar, konsertlar, koʻrgazmalar va boshqa tadbirlar tashkil etiladi.

11. Festivalda idoraviy mansubligidan qatʼi nazar turli havaskor folklor jamoalari, ashula, musiqa va raqs ansambllari, yakkaxon ijrochilar ishtirok etishlari mumkin.

12. Festival ishtirokchilarining soni folklor, musiqa cholgʻu jamoalarida — 12 nafardan, xalq raqsi ansambllarida — 14 nafardan oshmasligi lozim.

13. Nominatsiya boʻyicha har bir ishtirokchining chiqish dasturlari ijrosi 15 daqiqadan oshmasligi kerak.

14. Festivalda ishtirok etishda fonogrammadan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Festival ishtirokchilarini baholash shartlari va xalqaro hayʼat faoliyatini tashkil etish

15. Festival ishtirokchilarining chiqishlarini baholash uchun Tashkiliy qoʻmita tomonidan yetti kishidan iborat xalqaro hayʼat tuziladi.

Xalqaro hayʼat tarkibiga yuqori malakali mutaxassislar, taniqli sanʼat va madaniyat arboblari, olimlar, tadqiqotchilar, amaliyotchilar, shuningdek, ishtirokchi davlatlardan tegishli sohalar namoyandalari kiritiladi.

16. Baholash jarayonida:

repertuarning badiiy qiymati (etnografik aniqlik va asar qayta ishlanishi yoki stilizatsiyasidagi afzalliklar), materialda hududiy oʻziga xosliklarining aks etishi;

mahorat va artistizm saviyasi, xalq ijrochiligi usullarini egallaganlik darajasi;

ogʻzaki, musiqiy, ashulachilik va raqs milliy anʼanalari ijrosi uslublari va yoʻllarining mutanosibligi;

bezakning badiiy saviyasi (kiyimlar, rekvizit) va uning milliy anʼanalarga mosligi, anʼanaviy musiqa asboblaridan foydalanish;

dekorativ-amaliy ijod asarlari badiiy saviyasi asosiy mezon hisoblanadi.

17. Festival xalqaro hayʼati kollegiallik, erkin fikrlilik va professionalizm normalaridan kelib chiqib, faoliyatini toʻgʻri tashkil etgan holda yakuniy bosqich barcha ishtirokchilarining dasturlari, asarlari va ishlari bilan tanishib chiqadilar, ular boʻyicha alohida nominatsiyalar kesimida mustahkam asosli, har tomonlama mulohazali, mutlaqo xolis baho beradilar.

18. Yakuniy bosqich ishtirokchilarni bir necha guruhga boʻlgan holda Festival oʻtkaziladigan hududdagi turli joylarda tashkil etiladi. Xalqaro hayʼat koʻrigidan oʻtib boʻlgan yoki oʻz navbatini kutayotgan guruhlardagi ishtirokchilar Tashkiliy qoʻmita tomonidan tuziladigan maxsus jadval boʻyicha joylarda tashkil etiladigan konsert dasturlari va koʻrgazmalarda qatnashadilar.

4-bob. Mukofotlash tartibi

19. Festival gʻoliblari quyidagi pul mukofotlari bilan taqdirlanadilar:

1-oʻrin (har bir nominatsiya) — 3 500 AQSH dollari;

2-oʻrin (har bir nominatsiya) — 2 500 AQSH dollari;

3-oʻrin (har bir nominatsiya) — 1 500 AQSH dollari.

20. Festivalning yakuniy bosqichi gʻoliblariga Tashkiliy qoʻmita tomonidan diplomlar, sovrinlar va Festival ramzlari tushirilgan esdalik sovgʻalari topshiriladi.

Xalqaro hayʼat qarori bilan eng yaxshi deb topilgan ishtirokchilar har bir nominatsiya boʻyicha bittadan Laureat diplomlari bilan taqdirlanadilar.

Bundan tashqari, har bir nominatsiyada bittadan I, II va III darajali diplomlar, Festival ishtirokchisi diplomlari hamda har bir qatnashchiga maxsus diplom beriladi.

21. Xalqaro hayʼatning qarorlari qatʼiy va qayta koʻrib chiqilmaydi.

22. Festival muassislari, davlat va nodavlat tashkilotlari, ommaviy axborot vositalari, korxonalar, muassasalar, jamgʻarmalar, ijodiy uyushmalar va boshqa tashkilotlar ishtirokchilar uchun maxsus mukofotlar, sovrinlar, esdalik sovgʻalari va maxsus mukofotlar taʼsis etishlari mumkin.

5-bob. Tashkiliy-moliyaviy shartlar

23. Festivalning yakuniy bosqichi ishtirokchilari va mehmonlari, shuningdek xalqaro hayʼat aʼzolari Tashkiliy qoʻmita tomonidan Festival oʻtkaziladigan davr va hududda yotoqxona, ovqatlanish va belgilangan marshrut boʻyicha transport bilan taʼminlanadilar.

24. Festivalning I bosqichida ishtirok etish hamda yakuniy bosqich oʻtkaziladigan hududga joylardan kelib-ketish bilan bogʻliq xarajatlar ishtirokchilarni yuboruvchi tashkilot va muassasalar yoki ishtirokchilar hamda homiylar tomonidan qoplanishi mumkin.

25. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Tashkiliy qoʻmita tomonidan ishlab chiqilgan va oʻrnatilgan tartibda tasdiqlangan smeta asosida quyidagi tartibda:

50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining xarajatlar smetasida madaniy tadbirlarni oʻtkazish uchun har yil nazarda tutiladigan budjet mablagʻlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan;

50 foizi — yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari, Fargʻona viloyati mahalliy budjeti va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

26. Xorijiy mehmonlarning Oʻzbekiston hududidagi alohida mehmonxona va transport xarajatlari ularni taklif etgan mezbon tashkilot va muassasalar yoki mehmonlarning oʻzlari tomonidan qoplanadi.

Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi hududida Festivalning barcha xorijiy ishtirokchilari va mehmonlari uchun ichki qatnovlar boʻyicha avia va temir yoʻl chiptalari belgilangan tartibda sotiladi, mehmonxona haqi ham soʻmda qabul qilinadi.

6-bob. Yakuniy qoidalar.

27. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksiga muvofiq madaniyat va koʻrik-tanlov gʻoliblariga beriladigan bir martalik pul mukofotlari jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻiga tortilmaydi, shuningdek, yagona ijtimoiy toʻlov va sugʻurta badallari boʻyicha soliqqa solish obyekti hisoblanmaydi.

28. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi Festivalni tashkil etish va oʻtkazish uchun ajratilgan budjet mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi va toʻgʻri toʻlanishini nazorat qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 18-may,

371-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.05.2018-y., 09/18/371/1254-son; 06.08.2022-y., 09/22/431/0716-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son)

lex.uz