📅 2018-yil 1-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 1-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 1 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 июня 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 June 2018 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
ХАБАРНОМА
ХАБАРНОМА
РЎЙХАТИ
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ-5430-сон «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, буюраман:
1. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ҳамда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
4. Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 308-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисида
Мазкур Низом тегишли адлия органларида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, уларнинг алоҳида бўлинмалари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, диний ташкилотларнинг (бундан буён матнда нодавлат нотижорат ташкилотлари деб юритилади) ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари (бундан буён матнда тадбир деб юритилади) ҳақида хабардор қилиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида тўпланишини ташкил қилиш, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши нодавлат нотижорат ташкилоти тадбири ҳисобланади.
2. Мазкур Низом талаблари сиёсий партиялар томонидан ўтказиладиган тадбирларга, шунингдек диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ибодат, диний расм-русумлар ва маросим тарзидаги тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлигига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи тадбирлар ўтказилишини режалаштириш ва ўтказиш тақиқланади.
4. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган ёки ҳисобга қўйган адлия органини тадбир ҳақида олдиндан хабардор қилиши лозим.
5. Тегишли адлия органларида давлат рўйхатидан ўтган ёки ҳисобга қўйилган икки ёки ундан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорликда тадбир ўтказишни режалаштирганда, мазкур тадбир ҳақида улардан бирининг тегишли адлия органини хабардор қилиши етарли ҳисобланади, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилганда, мазкур тадбир ҳақида уларнинг ҳар бири тегишли адлия органини хабардор қилиши лозим.
2-боб. Тадбир ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш
6. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тегишли адлия органини тадбир ҳақида Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси (бундан буён матнда Платформа деб юритилади) орқали қуйидаги муддатларда хабардор қилиши керак:
тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларининг иштирокисиз ўтказилиши режалаштирилганда — тадбир ўтказилишидан камида 10 кун олдин;
тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари иштирокида ёки хорижий давлат ҳудудида ўтказилиши режалаштирилганда (бундан ушбу банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган тадбир мустасно) — тадбир ўтказилишидан камида 20 кун олдин;
нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши режалаштирилганда — ташриф ўтказилишидан камида 7 кун олдин.
7. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбир ҳақида тегишли адлия органини хабардор қилиши мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақидаги ёки мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги Нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши ҳақидаги хабарномани расмийлаштирган ҳолда тегишли адлия органига юбориш орқали амалга оширилади.
8. Хабарномани берувчи ваколатли шахс ундаги маълумотларнинг тўғрилиги, шунингдек хабарноманинг ўз вақтида юборилиши учун масъул ҳисобланади.
9. Нодавлат нотижорат ташкилоти қуйидаги тадбирлар ўтказилишини режалаштирган ҳолларда тадбир ўтказилишидан камида 3 иш куни олдин тегишли адлия органига Платформа орқали мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги хабарноманинг 1 — 8-бандларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган хат юборади:
нодавлат нотижорат ташкилотининг уставига ёки низомига мувофиқ унинг раҳбар органларининг йиғилишларини ўтказиш режалаштирилганда (нодавлат нотижорат ташкилотининг бош ташкилоти, шу жумладан бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари, шунингдек бундай ваколатхоналарнинг бош ташкилоти ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари бошқа шахслар иштирок этмаган ҳолларда);
нодавлат нотижорат ташкилотининг тегишли лицензия ёки рухсатномага эга бўлган ҳолда ушбу фаолият турини амалга ошириш юзасидан тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларида, шунингдек давлат дастурлари ва миллий режаларда ўтказилиши назарда тутилган тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмалари томонидан ажратилган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси доирасида тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда;
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш режалаштирилганда;
нодавлат нотижорат ташкилотининг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари талабларига мувофиқ тегишли рухсатномага асосан тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда.
9 1 . Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ қуйидаги ташрифлари уюштирилиши режалаштирган ҳолларда ташриф ўтказилишидан камида 1 кун олдин тегишли адлия органига Платформа орқали мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги хабарноманинг 1 — 7-бандларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган хат юборади:
нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари асосида ташкил этилиши назарда тутилган ташрифлари уюштирилиши режалаштирилганда;
Олимпия ўйинлари ва бошқа халқаро спорт мусобақалари доирасида ташрифлари уюштирилиши режалаштирилганда.
10. Адлия органига юборилган тегишли хабарномада кўрсатилган маълумотлар уни юборган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўзгартирилиши мумкин. Бунда нодавлат нотижорат ташкилоти тадбир ўтказилишидан камида 3 иш куни олдин (хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлар бўйича эса — камида 1 иш куни олдин) тегишли хабарноманинг ўзгарган бандларини (кичик бандларини) қайта тўлдиради ва тегишли адлия органига юборади.
11. Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбирни ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилганда тегишли хабарномани бекор қилиши лозим.
12. Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбирни адлия органига тақдим қилган тегишли хабарномада кўрсатилган маълумотларга мувофиқ ташкил этади ва ўтказади.
3-боб. Хабарномани кўриб чиқиш
13. Адлия органи тегишли хабарномани таҳлил қилиш орқали улардаги маълумотларнинг ишончлилигини, шунингдек тадбирларнинг қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур нодавлат нотижорат ташкилотларининг уставида ёки низомида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини ўрганади.
14. Адлия органлари тегишли хабарномани ўрганиш жараёнида, бироқ тадбир ўтказилишига 3 кун қолгунга қадар бўлган муддатда хабарномада кўрсатилган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида қўшимча маълумотларни сўраб олиши мумкин.
15. Адлия органлари мазкур Низомнинг 6-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган тадбирлар бўйича тегишли хабарноманинг ўрганиш натижалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан тадбирларни ўтказилишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
16. Тадбирни ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қарор тегишли адлия органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланадиган хат шаклида расмийлаштирилади.
Адлия органи хатни тадбир ўтказилишидан камида 2 кун олдин тегишли нодавлат нотижорат ташкилотига юборади ва бу ҳақда уни огоҳлантиради.
17. Қуйидаги ҳолатлардан бири ёки бир нечтасининг мавжуд бўлиши адлия органи томонидан тадбирни ўтказишни тақиқлаш учун асос бўлади:
Хабарнома мазкур Низом талабларига риоя этмаган ҳолда тақдим этилганда;
Хабарномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги аниқланганда;
тадбирни ўтказиш қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид бўлганда.
18. Адлия органи томонидан тадбирни ўтказиш мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда тақиқланганда, нодавлат нотижорат ташкилоти адлия органининг хатида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, Хабарномани қайтадан белгиланган тартибда расмийлаштирган ҳолда такроран адлия органига тақдим этиши мумкин.
19. Нодавлат нотижорат ташкилоти адлия органининг тадбирни ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда судга шикоят қилиши мумкин.
4-боб. Якуний қоидалар
20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
21. Мазкур Низом Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилган.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақида
Т/р Ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақидаги маълумотлар 1. Нодавлат нотижорат ташкилотининг тўлиқ номи 2. Тадбирни ўтказишдан мақсад 3. Тадбирнинг шакли ва мавзуси (кун тартиби) 4. Тадбирда иштирок этиши режалаштирилган мақсадли гуруҳлар (вояга етмаганлар, талабалар, аёллар ва ҳ.к.) 5. Тадбирни ўтказиш манзили ҳамда масофадан туриб (онлайн) иштирок этиш имконини берувчи маълумотлар а) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар б ) туман, шаҳар в) маҳалла, мавзе, кўча г) уй д) тадбирда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг махсус дастурлари орқали масофадан туриб (онлайн) иштирок этиш имконини берувчи маълумотлар (агар тадбирда онлайн иштирок этиш кўзда тутилган бўлса) 6. Тадбирда иштирок этиши режалаштирилган шахслар сони 7. Тадбирни ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат (мазкур банд Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандида назарда тутилган тадбирларни ўтказиш режалаштирилганда тўлдирилади) 8. Тадбир ўтказилиши режалаштирилаётган вақт (йил, ой, кун, соат) 9. Тадбирни молиялаштириш манбалари (агар мавжуд бўлса) 10. Тадбирни ўтказишда ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг номи (агар мавжуд бўлса) 11. Тадбирда фойдаланиши мўлжалланган тарқатма, босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг нусхалари (агар мавжуд бўлса илова қилинади) 12. Тадбирда иштирок этувчи чет эл фуқаролари ҳақидаги маълумот (Адлия вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтган чет эл фуқароси бўйича ушбу банднинг «б»–»д» кичик бандлари тўлдирилмайди) а) Ф.И.О. б) фуқаролиги в) яшаш жойи г) туғилган санаси д) иш жойи ва лавозими е) аккредитация карточкаси рақами Раҳбар ___________________ (имзо) ______________________________ (Ф.И.О. ва телефон рақами)
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг хорижий давлатларга нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши ҳақида
Т/р Хорижий давлатга уюштирилиши режалаштирилаётган ташриф ҳақидаги маълумотлар 1. Нодавлат нотижорат ташкилотининг тўлиқ номи 2. Ташрифдан кўзланган мақсад 3. Ташриф манзили а) давлат б) вилоят, туман (шаҳар) 4. Ташрифда иштирок этиши режалаштирилган нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг сони 5. Ташрифда иштирок этувчи нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари ҳақидаги маълумот (Адлия вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтган чет эл фуқароси бўйича ушбу банднинг «б» — «д» кичик бандлари тўлдирилмайди) а) Ф.И.Ш. б) паспорт серияси ва рақами в) ЖШШИР г) иш жойи ва лавозими д) фуқаролиги э) аккредитация карточкаси рақами 6. Ташрифни уюштириш учун асос бўлган ҳужжат 7. Ташриф уюштирилиши режалаштирилаётган муддат (йил, ой, кун) а) муддатдан б) муддатгача 8. Ташрифни молиялаштириш манбалари (турини кўрсатган ҳолда) : 1) шахсий ёки ташкилот маблағлари; 2) давлат бюджети; 3) давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари; 4) хорижий донорлар ҳомийлиги маблағлари. 9. Ташрифни ўтказишда ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг номи (агар мавжуд бўлса) Раҳбар ________________________ (имзо) ______________________________ (Ф.И.Ш. ва телефон рақами)
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 1 июндаги 308-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 4 июндаги 177-мҳ-сон «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2679, 2015 йил 4 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 22-сон, 297-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 27 июлдаги 193-мҳ-сон «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2679-1, 2016 йил 27 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 369-модда).
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси И. НАСРИЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 1 июнь,
2018 йил 31 май
308-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
XABARNOMA
XABARNOMA
ROʻYXATI
Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 4-maydagi PF-5430-son “Mamlakatni demokratik yangilash jarayonida fuqarolik jamiyati institutlarining rolini tubdan oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq, buyuraman:
1. Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq davlat roʻyxatidan oʻtkazilsin hamda Hukumat bayonnoma qarorlari va idoraviy normativ hujjatlarni huquqiy ekspertizadan oʻtkazish boshqarmasi Idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarning davlat reyestriga tegishli yozuv kiritsin.
4. Qonun hujjatlarini tahlil qilish va turkumlash boshqarmasi ushbu idoraviy normativ-huquqiy hujjatni “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami” — “Sobraniye zakonodatelstva Respubliki Uzbekistan”da hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasida eʼlon qilinishini taʼminlasin.
5. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
6. Mazkur buyruqning ijrosini nazorat qilish vazir oʻrinbosari A. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2018-yil 1-iyundagi 308-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisida
Mazkur Nizom tegishli adliya organlarida roʻyxatga olingan nodavlat notijorat tashkilotlari, ularning alohida boʻlinmalari, bosh tashkiloti Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida joylashgan xalqaro nodavlat notijorat tashkilotlarining va chet el nodavlat notijorat tashkilotlarining vakolatxonalari va filiallari, diniy tashkilotlarning (bundan buyon matnda nodavlat notijorat tashkilotlari deb yuritiladi) oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari (bundan buyon matnda tadbir deb yuritiladi) haqida xabardor qilish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan konferensiya, seminar, trening, yigʻilish, aksiya, davra suhbati, uchrashuv, simpozium va boshqa shakllarda shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasi yoki xorijiy davlat hududida toʻplanishini tashkil qilish, shuningdek nodavlat notijorat tashkiloti vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilishi nodavlat notijorat tashkiloti tadbiri hisoblanadi.
2. Mazkur Nizom talablari siyosiy partiyalar tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlarga, shuningdek diniy tashkilotlar tomonidan oʻtkaziladigan ibodat, diniy rasm-rusumlar va marosim tarzidagi tadbirlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining konstitutsiyaviy tuzumini zoʻrlik bilan oʻzgartirishni maqsad qilib qoʻyuvchi, Oʻzbekistonning davlat suverenitetiga, hududiy yaxlitligiga va xavfsizligiga qarshi chiquvchi, urushni, ijtimoiy, milliy, irqiy hamda diniy adovatni targʻib qiluvchi, fuqarolarning konstitutsiyaviy huquqlari va erkinliklariga, aholining sogʻligiga, ijtimoiy axloqqa tajovuz qiluvchi tadbirlar oʻtkazilishini rejalashtirish va oʻtkazish taqiqlanadi.
4. Nodavlat notijorat tashkilotlari tegishliligi boʻyicha uni davlat roʻyxatidan oʻtkazgan yoki hisobga qoʻygan adliya organini tadbir haqida oldindan xabardor qilishi lozim.
5. Tegishli adliya organlarida davlat roʻyxatidan oʻtgan yoki hisobga qoʻyilgan ikki yoki undan ortiq nodavlat notijorat tashkilotlari hamkorlikda tadbir oʻtkazishni rejalashtirganda, mazkur tadbir haqida ulardan birining tegishli adliya organini xabardor qilishi yetarli hisoblanadi, shuningdek nodavlat notijorat tashkilotlari vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilganda, mazkur tadbir haqida ularning har biri tegishli adliya organini xabardor qilishi lozim.
2-bob. Tadbir oʻtkazilishi haqida xabardor qilish
6. Nodavlat notijorat tashkilotlari tegishli adliya organini tadbir haqida Nodavlat notijorat tashkilotlarining elektron platformasi (bundan buyon matnda Platforma deb yuritiladi) orqali quyidagi muddatlarda xabardor qilishi kerak:
tadbir Oʻzbekiston Respublikasi hududida chet el fuqarolarining ishtirokisiz oʻtkazilishi rejalashtirilganda — tadbir oʻtkazilishidan kamida 10 kun oldin;
tadbir Oʻzbekiston Respublikasi hududida chet el fuqarolari ishtirokida yoki xorijiy davlat hududida oʻtkazilishi rejalashtirilganda (bundan ushbu bandning toʻrtinchi xatboshisida koʻrsatilgan tadbir mustasno) — tadbir oʻtkazilishidan kamida 20 kun oldin;
nodavlat notijorat tashkiloti vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilishi rejalashtirilganda — tashrif oʻtkazilishidan kamida 7 kun oldin.
7. Nodavlat notijorat tashkilotlari tadbir haqida tegishli adliya organini xabardor qilishi mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi Nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbir haqidagi yoki mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi Nodavlat notijorat tashkiloti vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilishi haqidagi xabarnomani rasmiylashtirgan holda tegishli adliya organiga yuborish orqali amalga oshiriladi.
8. Xabarnomani beruvchi vakolatli shaxs undagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi, shuningdek xabarnomaning oʻz vaqtida yuborilishi uchun masʼul hisoblanadi.
9. Nodavlat notijorat tashkiloti quyidagi tadbirlar oʻtkazilishini rejalashtirgan hollarda tadbir oʻtkazilishidan kamida 3 ish kuni oldin tegishli adliya organiga Platforma orqali mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi xabarnomaning 1 — 8-bandlarida nazarda tutilgan maʼlumotlar koʻrsatilgan xat yuboradi:
nodavlat notijorat tashkilotining ustaviga yoki nizomiga muvofiq uning rahbar organlarining yigʻilishlarini oʻtkazish rejalashtirilganda (nodavlat notijorat tashkilotining bosh tashkiloti, shu jumladan bosh tashkiloti Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida joylashgan xalqaro nodavlat notijorat tashkilotlarining hamda chet el nodavlat notijorat tashkilotlarining vakolatxonalari va filiallari, shuningdek bunday vakolatxonalarning bosh tashkiloti xodimlari hamda Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatdan oʻtgan ommaviy axborot vositalari vakillaridan tashqari boshqa shaxslar ishtirok etmagan hollarda);
nodavlat notijorat tashkilotining tegishli litsenziya yoki ruxsatnomaga ega boʻlgan holda ushbu faoliyat turini amalga oshirish yuzasidan tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilganda;
nodavlat notijorat tashkilotining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining, mahalliy davlat hokimiyati organlarining qarorlari va boshqa hujjatlarida, shuningdek davlat dasturlari va milliy rejalarda oʻtkazilishi nazarda tutilgan tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilganda;
nodavlat notijorat tashkilotlarining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi huzuridagi Fuqarolik jamiyati institutlarini qoʻllab-quvvatlash jamoat fondi hamda uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahridagi alohida boʻlinmalari tomonidan ajratilgan davlat granti va davlat ijtimoiy buyurtmasi doirasida tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilganda;
Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan tasdiqlangan yoki ular bilan kelishilgan rejalarga muvofiq oʻtkaziladigan ommaviy jismoniy-tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazish rejalashtirilganda;
nodavlat notijorat tashkilotining Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 29-iyuldagi 205-son qarori bilan tasdiqlangan Ommaviy tadbirlarni oʻtkazish qoidalari talablariga muvofiq tegishli ruxsatnomaga asosan tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilganda.
9 1 . Nodavlat notijorat tashkilotlari vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq quyidagi tashriflari uyushtirilishi rejalashtirgan hollarda tashrif oʻtkazilishidan kamida 1 kun oldin tegishli adliya organiga Platforma orqali mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi xabarnomaning 1 — 7-bandlarida nazarda tutilgan maʼlumotlar koʻrsatilgan xat yuboradi:
nodavlat notijorat tashkilotining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va topshiriqlari asosida tashkil etilishi nazarda tutilgan tashriflari uyushtirilishi rejalashtirilganda;
Olimpiya oʻyinlari va boshqa xalqaro sport musobaqalari doirasida tashriflari uyushtirilishi rejalashtirilganda.
10. Adliya organiga yuborilgan tegishli xabarnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar uni yuborgan nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan oʻzgartirilishi mumkin. Bunda nodavlat notijorat tashkiloti tadbir oʻtkazilishidan kamida 3 ish kuni oldin (xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflar boʻyicha esa — kamida 1 ish kuni oldin) tegishli xabarnomaning oʻzgargan bandlarini (kichik bandlarini) qayta toʻldiradi va tegishli adliya organiga yuboradi.
11. Nodavlat notijorat tashkiloti tadbirni oʻtkazmaslik toʻgʻrisida qaror qabul qilganda tegishli xabarnomani bekor qilishi lozim.
12. Nodavlat notijorat tashkiloti tadbirni adliya organiga taqdim qilgan tegishli xabarnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarga muvofiq tashkil etadi va oʻtkazadi.
3-bob. Xabarnomani koʻrib chiqish
13. Adliya organi tegishli xabarnomani tahlil qilish orqali ulardagi maʼlumotlarning ishonchliligini, shuningdek tadbirlarning qonunchilik hujjatlariga va mazkur nodavlat notijorat tashkilotlarining ustavida yoki nizomida belgilangan maqsad va vazifalarga muvofiqligini oʻrganadi.
14. Adliya organlari tegishli xabarnomani oʻrganish jarayonida, biroq tadbir oʻtkazilishiga 3 kun qolgunga qadar boʻlgan muddatda xabarnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarga aniqlik kiritish maqsadida qoʻshimcha maʼlumotlarni soʻrab olishi mumkin.
15. Adliya organlari mazkur Nizomning 6-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan tadbirlar boʻyicha tegishli xabarnomaning oʻrganish natijalari yuzasidan nodavlat notijorat tashkilotlar tomonidan tadbirlarni oʻtkazilishini taqiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.
16. Tadbirni oʻtkazishni taqiqlash toʻgʻrisidagi qaror tegishli adliya organi rahbari yoki uning oʻrinbosari tomonidan imzolanadigan xat shaklida rasmiylashtiriladi.
Adliya organi xatni tadbir oʻtkazilishidan kamida 2 kun oldin tegishli nodavlat notijorat tashkilotiga yuboradi va bu haqda uni ogohlantiradi.
17. Quyidagi holatlardan biri yoki bir nechtasining mavjud boʻlishi adliya organi tomonidan tadbirni oʻtkazishni taqiqlash uchun asos boʻladi:
Xabarnoma mazkur Nizom talablariga rioya etmagan holda taqdim etilganda;
Xabarnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilganligi aniqlanganda;
tadbirni oʻtkazish qonunchilik hujjatlari talablariga zid boʻlganda.
18. Adliya organi tomonidan tadbirni oʻtkazish mazkur Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan hollarda taqiqlanganda, nodavlat notijorat tashkiloti adliya organining xatida koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etib, Xabarnomani qaytadan belgilangan tartibda rasmiylashtirgan holda takroran adliya organiga taqdim etishi mumkin.
19. Nodavlat notijorat tashkiloti adliya organining tadbirni oʻtkazishni taqiqlash toʻgʻrisidagi qaroridan norozi boʻlganda sudga shikoyat qilishi mumkin.
4-bob. Yakuniy qoidalar
20. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
21. Mazkur Nizom Oʻzbekiston nodavlat notijorat tashkilotlari milliy assotsiatsiyasi bilan kelishilgan.
Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbir haqida
T/r Oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbir haqidagi maʼlumotlar 1. Nodavlat notijorat tashkilotining toʻliq nomi 2. Tadbirni oʻtkazishdan maqsad 3. Tadbirning shakli va mavzusi (kun tartibi) 4. Tadbirda ishtirok etishi rejalashtirilgan maqsadli guruhlar (voyaga yetmaganlar, talabalar, ayollar va h.k.) 5. Tadbirni oʻtkazish manzili hamda masofadan turib (onlayn) ishtirok etish imkonini beruvchi maʼlumotlar a) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar b ) tuman, shahar v) mahalla, mavze, koʻcha g) uy d) tadbirda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarining maxsus dasturlari orqali masofadan turib (onlayn) ishtirok etish imkonini beruvchi maʼlumotlar (agar tadbirda onlayn ishtirok etish koʻzda tutilgan boʻlsa) 6. Tadbirda ishtirok etishi rejalashtirilgan shaxslar soni 7. Tadbirni oʻtkazish uchun asos boʻlgan hujjat (mazkur band Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 9-bandida nazarda tutilgan tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilganda toʻldiriladi) 8. Tadbir oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan vaqt (yil, oy, kun, soat) 9. Tadbirni moliyalashtirish manbalari (agar mavjud boʻlsa) 10. Tadbirni oʻtkazishda hamkorlik qiluvchi tashkilotlarning nomi (agar mavjud boʻlsa) 11. Tadbirda foydalanishi moʻljallangan tarqatma, bosma, audiovizual va boshqa materiallarning nusxalari (agar mavjud boʻlsa ilova qilinadi) 12. Tadbirda ishtirok etuvchi chet el fuqarolari haqidagi maʼlumot (Adliya vazirligi tomonidan akkreditatsiyadan oʻtgan chet el fuqarosi boʻyicha ushbu bandning “b”–”d” kichik bandlari toʻldirilmaydi) a) F.I.O. b) fuqaroligi v) yashash joyi g) tugʻilgan sanasi d) ish joyi va lavozimi e) akkreditatsiya kartochkasi raqami Rahbar ___________________ (imzo) ______________________________ (F.I.O. va telefon raqami)
Nodavlat notijorat tashkilotlarining oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tadbirlari haqida xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Nodavlat notijorat tashkilotlari vakillarining xorijiy davlatlarga nodavlat notijorat tashkilotining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilishi haqida
T/r Xorijiy davlatga uyushtirilishi rejalashtirilayotgan tashrif haqidagi maʼlumotlar 1. Nodavlat notijorat tashkilotining toʻliq nomi 2. Tashrifdan koʻzlangan maqsad 3. Tashrif manzili a) davlat b) viloyat, tuman (shahar) 4. Tashrifda ishtirok etishi rejalashtirilgan nodavlat notijorat tashkiloti vakillarining soni 5. Tashrifda ishtirok etuvchi nodavlat notijorat tashkiloti vakillari haqidagi maʼlumot (Adliya vazirligi tomonidan akkreditatsiyadan oʻtgan chet el fuqarosi boʻyicha ushbu bandning “b” — “d” kichik bandlari toʻldirilmaydi) a) F.I.Sh. b) pasport seriyasi va raqami v) JSHSHIR g) ish joyi va lavozimi d) fuqaroligi e) akkreditatsiya kartochkasi raqami 6. Tashrifni uyushtirish uchun asos boʻlgan hujjat 7. Tashrif uyushtirilishi rejalashtirilayotgan muddat (yil, oy, kun) a) muddatdan b) muddatgacha 8. Tashrifni moliyalashtirish manbalari (turini koʻrsatgan holda) : 1) shaxsiy yoki tashkilot mablagʻlari; 2) davlat budjeti; 3) davlat subsidiyalari, grantlari va ijtimoiy buyurtmalari; 4) xorijiy donorlar homiyligi mablagʻlari. 9. Tashrifni oʻtkazishda hamkorlik qiluvchi tashkilotlarning nomi (agar mavjud boʻlsa) Rahbar ________________________ (imzo) ______________________________ (F.I.Sh. va telefon raqami)
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2018-yil 1-iyundagi 308-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2015-yil 4-iyundagi 177-mh-son “Nodavlat notijorat tashkilotlari tadbirlarini kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2679, 2015-yil 4-iyun) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2015-y., 22-son, 297-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2016-yil 27-iyuldagi 193-mh-son “Nodavlat notijorat tashkilotlari tadbirlarini kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2679-1, 2016-yil 27-iyul) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 30-son, 369-modda).
Vazir R. DAVLETOV
Oʻzbekiston nodavlat notijorat tashkilotlari milliy assotsiatsiyasi raisi I. NASRIYEV
Toshkent sh.,
2018-yil 1-iyun,
2018-yil 31-may
308-mh-son