📅 2018-yil 22-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 22-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 22 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 июня 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 June 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони ижросини таъминлаш, юртимизда Қуръон илми, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси (кейинги ўринларда Дин ишлари қўмитаси деб аталади) муассислигидаги етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланган Ўзбекистон халқаро ислом академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.
4. Белгилансинки:
Дин ишлари қўмитаси Академия фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Академия ўз фаолиятида бевосита Дин ишлари қўмитаси олдида ҳисобдордир;
Академиянинг ихтисослашган мактаб, академик лицей, бакалавриат ва магистратура босқичлари битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги ҳужжатлар (шаҳодатнома ёки диплом) Ўзбекистон Республикасида муайян мутахассисликлар бўйича тегишлича умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади;
Академиянинг бакалавриат ва магистратурасига қабул қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталари асосида амалга оширилади;
Академия магистратурасига олий таълим муассасаларининг камида бакалавр даражаси дипломига эга бўлган ҳамда Академияда тайёрланадиган мутахассисликлар ихтисослигига мос келадиган йўналишларни битирган Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар фуқаролари қабул қилинади.
Академия битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
5. Академия фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилиши инобатга олинсин:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
муассислар томонидан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Дин ишлари қўмитаси:
а) бир ой муддатда:
Академия уставини тасдиқлаш, шунингдек, уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин;
Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилганлиги муносабати билан уларнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимларини аттестациядан ўтказсин;
б) Тошкент ислом университетида тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим олаётган талабалар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Академияда ташкил этилаётган таълим йўналишлари (зиёрат туризми, халқаро муносабатлар, мумтоз шарқ филологияси, ислом тарихи ва манбашунослиги)нинг тегишли равишда 2, 3 ва 4-курсларида ўқишни давом эттиришларини таъминласин.
в) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
аттестация натижалари бўйича лавозимидан озод қилинадиган ходимларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа ташкилотларга мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилишига кўмаклашсин;
Академияда тайёрланадиган мутахассисликлар учун малака талабларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Тошкент ислом университетининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича таълим олиб, уни 2017/2018 ўқув йилларида битираётган 4-курс бакалавриат босқичи ҳамда 2-курс магистратура босқичи талабаларига ўрнатилган тартибда тегишли йўналиш ва мутахассислик бўйича Тошкент ислом университетининг бакалаврлик ва магистрлик дипломлари берилади;
Тошкент ислом университетининг ўқишни бошқа олий таълим муассасаларида давом эттириш истагини билдирган 2 ва 3-курс талабаларининг ўқишларини кўчириш Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига мувофиқ, улар таҳсил олган давлат гранти ёки тўлов-контракти асосидаги таълим шаклини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Дин ишлари қўмитасининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2019 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган параметрларини шакллантиришда Академиянинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ҳисобига маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси Академия учун қуриладиган ва унга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериладиган биноларни реконструкция қилиш, мукаммал (капитал) таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
Бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер ёки танлов ўтказиш натижалари асосида аниқлансин.
10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Академиянинг республиканинг бошқа ҳудудларидан келиб таълим олаётган талабаларининг турар жойга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб, Академияга яқин бўлган ҳудуддан талабалар турар жойи учун мос бино ажратиш юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда:
етакчи хорижий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини Академияда маъруза ўқиш, илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга жалб қилиш;
Академия профессор-ўқитувчиларини хорижий давлатларнинг таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш чораларини кўрсин.
12. Қуйидагилар:
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Академияга талабалар таълим шаклидан қатъи назар, касбий (ижодий) имтиҳон ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилинсин. Бунда касбий (ижодий) имтиҳон Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган таълим йўналишлари рўйхати бўйича ўтказилсин;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари Академия иқтидорли талабаларига ҳам татбиқ этилсин;
Академиянинг бакалавриат ва магистратура босқичларини битирган талабалар ўз ихтисослиги бўйича давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ишга қабул қилинишида давлат таълим муассасалари битирувчилари билан тенг ҳуқуққа эга бўладилар;
Академияга 3 та, шу жумладан 1 та хизмат, 1 та навбатчи ва 1 та махсус автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.
13. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Академия фаолиятини ривожлантириш, илмий-педагогик ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан хизмат сафарларига борадиган Академия раҳбарлари ва хорижий мутахассисларга ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган юқори мартабали меҳмонларга Академиянинг буюртманомаларига мувофиқ Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортининг VIP ва СIP заллари орқали белгиланган тартибда хизмат кўрсатилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Академияни сақлаш харажатларини 2018 йилда ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда:
Академия билан биргаликда «Исломшунослик» таълим соҳаси ва унга тааллуқли йўналишларни (бакалавриат) ҳамда мутахассисликларни (магистратура) жорий этиш ва уни Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда Академияда ўқув машғулотларини ўтказиш учун салоҳиятли ва юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, Академияни ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ўқув-методик қўлланмалар ва материаллар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Академия фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида Академияни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғи ва бошқа техник воситалар билан белгиланган тартибда таъминлаш чораларини кўрсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.К. Акрамов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 июнь,
466-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi faoliyatini tashkil etish va qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Diniy-maʼrifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 16-apreldagi PF-5416-son Farmoni ijrosini taʼminlash, yurtimizda Qurʼon ilmi, hadis, islom huquqi, aqida, tasavvuf, islom iqtisodiyoti va moliyasi, xalqaro munosabatlar, xorijiy tillar va boshqa xalqaro miqyosda ehtiyoj mavjud boʻlgan sohalar boʻyicha yuqori malakali kadrlar tayyorlash uchun zarur shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Diniy-maʼrifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 16-apreldagi PF-5416-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda Din ishlari qoʻmitasi deb ataladi) muassisligidagi yetakchi taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasasi hisoblangan Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi (keyingi oʻrinlarda Akademiya deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar Akademiyaning asosiy vazifalari etib belgilansin:
islomshunoslik, dinshunoslik, din psixologiyasi, islom iqtisodiyoti, manbashunoslik, xalqaro munosabatlar va ehtiyoj mavjud boʻlgan boshqa sohalar boʻyicha kadrlar tayyorlash;
taʼlim jarayoniga ilgʻor pedagogik texnologiyalarni, ilm-fan va texnikaning soʻnggi yutuqlarini hamda yetakchi xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari tajribasi asosida ishlab chiqilgan taʼlim dasturlarini joriy etish;
vijdon erkinligi va konfessiyalararo bagʻrikenglikni taʼminlash, radikallashuv, ekstremizm va terrorizmga qarshi kurashish hamda diniy sohadagi davlat siyosatining asoslariga oid ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish;
diniy-maʼrifiy yoʻnalishda ilmiy, ilmiy-ommabop adabiyotlarni tayyorlash va nashr qilish, shuningdek, internet tarmogʻida taʼlim resurslarini joylashtirish va muntazam yangilab borish;
talabalarda yuksak maʼnaviy va axloqiy fazilatlarni rivojlantirish, Vatanga muhabbat, uning taqdiriga daxldorlik, kasbga sadoqat hissini mustahkamlash, taʼlim-tarbiya jarayoni hamda maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish;
mamlakatimizda va xorijda diniy sohada faoliyat olib borayotgan ilmiy-tadqiqot va taʼlim muassasalari bilan yaqindan hamkorlik qilish.
4. Belgilansinki:
Din ishlari qoʻmitasi Akademiya faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;
Akademiya oʻz faoliyatida bevosita Din ishlari qoʻmitasi oldida hisobdordir;
Akademiyaning ixtisoslashgan maktab, akademik litsey, bakalavriat va magistratura bosqichlari bitiruvchilariga beriladigan davlat namunasidagi hujjatlar (shahodatnoma yoki diplom) Oʻzbekiston Respublikasida muayyan mutaxassisliklar boʻyicha tegishlicha umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat deb eʼtirof etiladi;
Akademiyaning bakalavriat va magistraturasiga qabul qonunchilik hujjatlariga muvofiq tasdiqlangan davlat grantlari va toʻlov-kontrakt asosida qabul kvotalari asosida amalga oshiriladi;
Akademiya magistraturasiga oliy taʼlim muassasalarining kamida bakalavr darajasi diplomiga ega boʻlgan hamda Akademiyada tayyorlanadigan mutaxassisliklar ixtisosligiga mos keladigan yoʻnalishlarni bitirgan Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy davlatlar fuqarolari qabul qilinadi.
Akademiya bitiruvchilariga umumtaʼlim maktablari, oʻrta maxsus va oliy taʼlim muassasalarida sohaga tegishli fanlar boʻyicha pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish huquqi beriladi.
5. Akademiya faoliyati quyidagi manbalar hisobiga moliyalashtirilishi inobatga olinsin:
Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
muassislar tomonidan ajratiladigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy va donor tashkilotlarning grantlari;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. Din ishlari qoʻmitasi:
a) bir oy muddatda:
Akademiya ustavini tasdiqlash, shuningdek, uni belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazish choralarini koʻrsin;
Toshkent islom universiteti va Oʻzbekiston islom akademiyasi negizida Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi tashkil etilganligi munosabati bilan ularning professor-oʻqituvchilari va xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazsin;
b) Toshkent islom universitetida tegishli taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklar boʻyicha taʼlim olayotgan talabalar 2018/2019 oʻquv yilidan boshlab Akademiyada tashkil etilayotgan taʼlim yoʻnalishlari (ziyorat turizmi, xalqaro munosabatlar, mumtoz sharq filologiyasi, islom tarixi va manbashunosligi)ning tegishli ravishda 2, 3 va 4-kurslarida oʻqishni davom ettirishlarini taʼminlasin.
v) Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda:
attestatsiya natijalari boʻyicha lavozimidan ozod qilinadigan xodimlarning qonun hujjatlarida belgilangan tartibda boshqa tashkilotlarga mutaxassisligi boʻyicha ishga joylashtirilishiga koʻmaklashsin;
Akademiyada tayyorlanadigan mutaxassisliklar uchun malaka talablarini belgilangan tartibda ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
7. Belgilab qoʻyilsinki:
Toshkent islom universitetining tegishli taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari boʻyicha taʼlim olib, uni 2017/2018 oʻquv yillarida bitirayotgan 4-kurs bakalavriat bosqichi hamda 2-kurs magistratura bosqichi talabalariga oʻrnatilgan tartibda tegishli yoʻnalish va mutaxassislik boʻyicha Toshkent islom universitetining bakalavrlik va magistrlik diplomlari beriladi;
Toshkent islom universitetining oʻqishni boshqa oliy taʼlim muassasalarida davom ettirish istagini bildirgan 2 va 3-kurs talabalarining oʻqishlarini koʻchirish Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish, talabalar oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2017-yil 20-iyundagi 393-son qaroriga muvofiq, ular tahsil olgan davlat granti yoki toʻlov-kontrakti asosidagi taʼlim shaklini saqlab qolgan holda amalga oshiriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda Din ishlari qoʻmitasining asoslangan hisob-kitoblariga binoan Oʻzbekiston Respublikasining rivojlanish davlat dasturining 2019-yil va keyingi yillar uchun moʻljallangan parametrlarini shakllantirishda Akademiyaning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, mukammal taʼmirlash hamda jihozlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston Respublikasining rivojlanish davlat dasturlarini moliyalashtirish jamgʻarmasi hisobiga mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin.
9. Toshkent shahar hokimligining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi Akademiya uchun quriladigan va unga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul beriladigan binolarni rekonstruksiya qilish, mukammal (kapital) taʼmirlash hamda jihozlash boʻyicha buyurtmachi etib belgilansin.
Bosh loyiha va bosh pudratchi tashkilotlar belgilangan tartibda tender yoki tanlov oʻtkazish natijalari asosida aniqlansin.
10. Toshkent shahar hokimligi Akademiyaning respublikaning boshqa hududlaridan kelib taʼlim olayotgan talabalarining turar joyga boʻlgan ehtiyojini inobatga olib, Akademiyaga yaqin boʻlgan hududdan talabalar turar joyi uchun mos bino ajratish yuzasidan bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan birgalikda:
yetakchi xorijiy taʼlim hamda ilmiy-tadqiqot muassasalari professor-oʻqituvchilari va mutaxassislarini Akademiyada maʼruza oʻqish, ilmiy-tadqiqot ishlarini oʻtkazishga jalb qilish;
Akademiya professor-oʻqituvchilarini xorijiy davlatlarning taʼlim hamda ilmiy-tadqiqot muassasalariga ilmiy-tadqiqot ishlarini oʻtkazish, malaka oshirish hamda tajriba orttirish uchun yuborish choralarini koʻrsin.
12. Quyidagilar:
2022/2023 oʻquv yilidan boshlab Akademiyaga talabalar taʼlim shaklidan qatʼi nazar, kasbiy (ijodiy) imtihon hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan oʻtkaziladigan test sinovlari orqali qabul qilinsin. Bunda kasbiy (ijodiy) imtihon Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati boʻyicha oʻtkazilsin;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari va nomli davlat stipendiyalari Akademiya iqtidorli talabalariga ham tatbiq etilsin;
Akademiyaning bakalavriat va magistratura bosqichlarini bitirgan talabalar oʻz ixtisosligi boʻyicha davlat hamda nodavlat notijorat tashkilotlariga ishga qabul qilinishida davlat taʼlim muassasalari bitiruvchilari bilan teng huquqqa ega boʻladilar;
Akademiyaga 3 ta, shu jumladan 1 ta xizmat, 1 ta navbatchi va 1 ta maxsus avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratilsin.
13. “Oʻzbekiston havo yoʻllari” milliy aviakompaniyasi Akademiya faoliyatini rivojlantirish, ilmiy-pedagogik hamkorlik oʻrnatish yuzasidan xizmat safarlariga boradigan Akademiya rahbarlari va xorijiy mutaxassislarga hamda ushbu muassasa tomonidan kelgusida oʻtkaziladigan tadbirlarda ishtirok etadigan yuqori martabali mehmonlarga Akademiyaning buyurtmanomalariga muvofiq Islom Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroportining VIP va SIP zallari orqali belgilangan tartibda xizmat koʻrsatilishini taʼminlasin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Akademiyani saqlash xarajatlarini 2018-yilda ijtimoiy soha boʻyicha tasdiqlangan budjet parametrlari doirasida ajratsin, 2019-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutsin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bir oy muddatda:
Akademiya bilan birgalikda “Islomshunoslik” taʼlim sohasi va unga taalluqli yoʻnalishlarni (bakalavriat) hamda mutaxassisliklarni (magistratura) joriy etish va uni Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatoriga kiritish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin;
Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan birgalikda Akademiyada oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun salohiyatli va yuqori malakali professor-oʻqituvchilarni jalb etish, Akademiyani oʻquv rejalari va dasturlari hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalar va materiallar bilan taʼminlashda amaliy yordam koʻrsatsin.
16. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Akademiya faoliyatini samarali tashkil qilish maqsadida Akademiyani aloqa vositalari, keng qamrovli Internet tarmogʻi va boshqa texnik vositalar bilan belgilangan tartibda taʼminlash choralarini koʻrsin.
17. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi J.K. Akramov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 22-iyun,
466-son