UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 25-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 25 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 июня 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 June 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Бадиий экспертлар кенгаши ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги 474- сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши

1. Ш. Нуруллоев — Маданий мерос агентлиги директори, Бадиий экспертлар кенгашининг раиси 2. Ф. Рузикулов — Маданий мерос агентлиги бошқарма бошлиғи, Бадиий экспертлар кенгашининг раиси ўринбосари 3. Ф. Ташмухаммедов — Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ўринбосари 4. В. Файзиева — Ўзбекистон давлат санъат музейининг директори 5. С. Рахметов — Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, ранг тасвирчи рассом 6. А. Хакимов — Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор 7. А. Мамажонов — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, график рассом 8. А. Рахимов — Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, кулол 9. М. Бородина — Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг кафедра профессори, ҳайкалтарош 10. Н. Ахмедова — Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, санъатшунос 11. З. Рахимова — Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг профессори 12. Лавозимига кўра — Маданий мерос агентлигининг Маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш бўлими бошлиғи, Бадиий экспертлар кенгашининг масъул котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги 474- сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Кенгаш идоравий мансублигидан қатъи назар давлат музейларининг фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ишларини амалга оширувчи ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиловчи коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.

3. Кенгаш аъзоларининг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги тавсияси билан асосий иш жойидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.

4. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига , қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда Маданий мерос агентлигининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари

5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан тақдим этилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш ва уларнинг қийматини баҳолаш;

давлат буюртмалари бўйича бажариладиган бадиий асарларнинг эскизларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, уларнинг бадиий қиймати ва шартнома тузиш имкониятлари тўғрисида тавсиялар бериш;

юксак бадиий қийматга эга бўлган ранг тасвир, миниатюра, ҳайкалтарошлик, графика, декоратив-амалий санъат, инсталляция асарларини кўздан кечириш, ғоявий-бадиий қиймати, бажарилган ишларни қабул қилиш ва муаллифлик ҳақининг миқдори бўйича хулосалар бериш.

3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқлари

6. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича хулосалар, тавсиялар, таклифлар бериш ва қарорлар қабул қилиш;

давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Кенгаш ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш.

7. Ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида Кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.

4-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш

8. Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, камида 7 нафар ва кўпи билан 17 нафар (Кенгаш раиси, ўринбосари, масъул котиби ва кенгаш аъзолари)дан иборат таркибда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

9. Кенгаш таркибига етакчи санъатшунослар ва рассомлар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, декоратив-амалий санъат усталари, археолог, нумизмат, манбашунос олимлар, мутасадди раҳбарлар, музей муҳофизлари ва кўргазма бўлимларининг мутахассислари, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ва фан муассасаларининг ходимлари киритилиши мумкин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Бадиий экспертиза бошқармаси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

11. Кенгашнинг ишчи органи:

Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондини тўлдириб бориш мақсадида тасвирий, анъанавий ва ноанъанавий декоратив-амалий санъат, театр-безак санъати, археологик, нумизматик, ёзма манбалар ҳамда бошқа тарихий ва замонавий маданий бойликларни харид қилиш бўйича эълонлар беради;

харид қилишга ва бошқа тегишли мақсадларда тақдим этилган маданий бойликлар рўйхатини шакллантиради, уларнинг фотосуратларини рўйхатга илова қилади ҳамда асарларни экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритади;

Кенгашда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди.

12. Кенгаш мажлисининг кун тартиби Кенгаш котиби томонидан тайёрланади.

Кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

Кенгаш котиби экспертизадан ўтказиладиган ва қиймати баҳоланадиган ашёларнинг зарур ҳужжатлари тўпламини тайёрлаб, кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига киритади.

13. Кенгаш кўргазмалар ва рассомларнинг устахоналарида бадиий асарларни кўздан кечириши, музей ва кўргазма фондлари учун харидлар ҳақида тавсиялар бериши мумкин.

14. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажарганлик учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратганлик, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларига мувофиқ, шунингдек, ушбу ҳақ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўланганда унинг энг юқори ставкаларига мос равишда асарларнинг баҳосини белгилайди.

Кенгашга маълум бир асар ёки ашёга хулоса бериш эҳтиёжи туғилганда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан қўшимча соҳа мутахассислари жалб этилиши мумкин.

15. Кенгаш мажлиси Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Кенгаш қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда қатнашаётган мутахассисларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир асар бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.

Кенгаш аъзоси томонидан яратилган асар экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритилган тақдирда ушбу Кенгаш аъзоси овоз беришда иштирок этмайди.

16. Кенгашнинг мажлислари баённомаларида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

а) Кенгаш мажлисида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

б) ҳомийлик хайриялари кўринишидаги ёки харид қилишга тақдим этилган маданий бойликларни музей фондига киритишнинг мақсадга мувофиқлиги;

в) харид қилишга тақдим этилган маданий бойликлар ҳақида қисқа маълумотлар (номланиши, муаллифи, яратилган жойи, қисқа визуал таърифи, материалнинг номи, техникаси, ўлчами, имзонинг мавжудлиги ҳамда сақланганлик ҳолати кўрсатилган ҳолда);

г) маданий бойликларни ҳомийлик хайрияси сифатида ёки харид қилиш учун тақдим этган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, почта манзили ва паспорт маълумотлари;

д) Кенгаш томонидан кўриб чиқиш учун вақтинчалик сақлашга олинган ашёларни қабул қилиш далолатномаси, ҳадя этиш ёки олди-сотди шартномасининг лойиҳасини илова қилган ҳолда (зарур ҳолатларда коллекция рўйхати билан).

17. Кенгаш баённомасининг қарор қисмида сотиб олинган асар ёки ашёнинг йўналиши бўйича қайси давлат музейининг асосий ёки ёрдамчи фондига киритиш тўғрисидаги тавсия ёзилади.

Баённома Кенгаш раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.

18. Кенгаш мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

19. Кенгашда иш юритиш, ҳужжатларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши учун масъулият, шунингдек, қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш Кенгаш раисига юкланади.

20. Музей ашёлари ва коллекцияларини харид қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилганидан сўнг, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги буйруғи нусхаси муаллиф ва мулкни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига топширилади.

Шунингдек, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги буйруғи нусхаси тегишли давлат музейларининг фондларига келиб тушаётган асарларни қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириш учун топширилади.

21. Кенгаш муаллиф ва мулкни тасарруф этувчининг илтимосига кўра асарни унинг иштирокида кўриб чиқиши мумкин, асарнинг баҳоси тўғрисидаги қарор Кенгашнинг ёпиқ мажлисда қабул қилинади.

22. Кенгаш аъзолари узрсиз сабабларга кўра уч маротаба мажлисларда иштирок этмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги уларни Кенгаш таркибидан чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

5-боб. Молиялаштириш ва ҳисоб-китоб тартиби

23. Сотиб олиш учун Кенгаш томонидан баҳоланадиган ашёлар учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида Кенгашнинг қарорига асосан сотиб олинади.

24. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгашнинг тасдиқланган мажлис баённомасини ва Маданий мерос агентлигининг тегишли буйруғи ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда рассомларга муаллифлик гонорари тўлаш ва ашёларни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ шартнома баҳосининг 15 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга оширади.

Тегишли давлат музейининг бош муҳофизи имзоси ва муҳри билан тасдиқланган, асарларни музей ва кўргазма фондларига қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан сўнг, рассомлар ва асарларни тасарруф этувчилар билан тўловнинг қолган 85 фоизи ҳисоб-китоб қилинади.

25. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда давлат музейлари фондини шакллантириш ва тўлдириш учун тасвирий, декоратив-амалий, театр-безак санъати асарлари, тарихий ёдгорликлар, архивлар, ноёб китоблар ва бошқа маданий бойликлар, бадиий асарлар, коллекциялар ёки алоҳида буюмларни харид қилиш учун буюртма бериш ҳуқуқига эга.

6-боб. Якунловчи қоидалар

26. Кенгаш фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги томонидан амалга оширилади. Кенгаш ишчи органи Кенгаш фаолияти юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига маълумот тақдим этади.

27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 25 июнь,

474-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.06.2018 й., 09/18/474/1399-сон; 09.01.2021 й., 09/21/7/0005-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2022 й., 09/22/209/0341-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi faoliyatini rivojlantirish va yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 16-avgustdagi PQ-3219-son qarori ijrosini taʼminlash hamda mamlakatimiz muzeylari fondlarini mustaqillik yillarida yaratilgan yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan tasviriy va amaliy sanʼat asarlari bilan muntazam boyitib borish va asarlar bahosini ularning ijodiy va moddiy qiymatidan kelib chiqqan holda belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi faoliyatini rivojlantirish va yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 16-avgustdagi PQ-3219-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzurida Badiiy ekspertlar kengashi tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 25-iyundagi 474- son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi

1. Sh. Nurulloyev — Madaniy meros agentligi direktori, Badiiy ekspertlar kengashining raisi 2. F. Ruzikulov — Madaniy meros agentligi boshqarma boshligʻi, Badiiy ekspertlar kengashining raisi oʻrinbosari 3. F. Tashmuxammedov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisining oʻrinbosari 4. V. Fayziyeva — Oʻzbekiston davlat sanʼat muzeyining direktori 5. S. Raxmetov — Oʻzbekiston Respublikasi xalq rassomi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademigi, rang tasvirchi rassom 6. A. Xakimov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining akademigi, sanʼatshunoslik fanlari doktori, professor 7. A. Mamajonov — Oʻzbekiston Respublikasida xizmat koʻrsatgan madaniyat xodimi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining akademigi, grafik rassom 8. A. Raximov — Oʻzbekiston Respublikasi xalq ustasi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining akademigi, kulol 9. M. Borodina — Toshkent arxitektura va qurilish institutining kafedra professori, haykaltarosh 10. N. Axmedova — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining akademigi, sanʼatshunos 11. Z. Raximova — Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomlik va dizayn institutining professori 12. Lavozimiga koʻra — Madaniy meros agentligining Madaniy boyliklarni ekspertizadan oʻtkazish boʻlimi boshligʻi, Badiiy ekspertlar kengashining masʼul kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 25-iyundagi 474- son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashining (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlarini, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Kengash idoraviy mansubligidan qatʼi nazar davlat muzeylarining fondlarini yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan tasviriy va amaliy sanʼat asarlari bilan muntazam boyitib borish ishlarini amalga oshiruvchi va asarlar bahosini ularning ijodiy va moddiy qiymatidan kelib chiqqan holda belgilovchi kollegial maslahat organi hisoblanadi.

3. Kengash aʼzolarining faoliyati jamoatchilik asosida tashkil etiladi. Kengash aʼzolari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi tavsiyasi bilan asosiy ish joyidan belgilangan tartibda ragʻbatlantirilishi mumkin.

4. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga , qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlis palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda Madaniy meros agentligining buyruqlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga va boshqa qonun hujjatlariga amal qiladi.

2-bob. Kengashning asosiy vazifalari

5. Quyidagilar Kengashning asosiy vazifalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi tomonidan taqdim etilgan yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan tasviriy va amaliy sanʼat asarlari, shuningdek, boshqa madaniy boyliklarni ekspertizadan oʻtkazish va ularning qiymatini baholash;

davlat buyurtmalari boʻyicha bajariladigan badiiy asarlarning eskizlarini koʻrib chiqish va tasdiqlash, ularning badiiy qiymati va shartnoma tuzish imkoniyatlari toʻgʻrisida tavsiyalar berish;

yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan rang tasvir, miniatura, haykaltaroshlik, grafika, dekorativ-amaliy sanʼat, installyatsiya asarlarini koʻzdan kechirish, gʻoyaviy-badiiy qiymati, bajarilgan ishlarni qabul qilish va mualliflik haqining miqdori boʻyicha xulosalar berish.

3-bob. Kengashning huquqlari

6. Kengash quyidagi huquqlarga ega:

oʻz vakolati doirasiga kiruvchi masalalar boʻyicha xulosalar, tavsiyalar, takliflar berish va qarorlar qabul qilish;

davlat boshqaruvi organlaridan va mahalliy davlat hokimiyati organlaridan Kengash vakolatiga kiruvchi masalalarni hal etishga doir maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrash va olish.

7. Ushbu Nizomda hamda boshqa qonun hujjatlarida Kengashga yuklangan vazifalarning bajarilishi uchun javob beradi.

4-bob. Kengash faoliyatini tashkil etish

8. Kengash tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi tomonidan Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bilan kelishgan holda, qoida tariqasida, kamida 7 nafar va koʻpi bilan 17 nafar (Kengash raisi, oʻrinbosari, masʼul kotibi va kengash aʼzolari)dan iborat tarkibda shakllantiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.

9. Kengash tarkibiga yetakchi sanʼatshunoslar va rassomlar, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademiklari, dekorativ-amaliy sanʼat ustalari, arxeolog, numizmat, manbashunos olimlar, mutasaddi rahbarlar, muzey muhofizlari va koʻrgazma boʻlimlarining mutaxassislari, shuningdek, madaniyat va sanʼat sohasidagi taʼlim va fan muassasalarining xodimlari kiritilishi mumkin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Badiiy ekspertiza boshqarmasi Kengashning ishchi organi hisoblanadi.

11. Kengashning ishchi organi:

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy muzey fondini toʻldirib borish maqsadida tasviriy, anʼanaviy va noanʼanaviy dekorativ-amaliy sanʼat, teatr-bezak sanʼati, arxeologik, numizmatik, yozma manbalar hamda boshqa tarixiy va zamonaviy madaniy boyliklarni xarid qilish boʻyicha eʼlonlar beradi;

xarid qilishga va boshqa tegishli maqsadlarda taqdim etilgan madaniy boyliklar roʻyxatini shakllantiradi, ularning fotosuratlarini roʻyxatga ilova qiladi hamda asarlarni ekspertizadan oʻtkazish va qiymatini baholash uchun Kengashga kiritadi;

Kengashda ish yuritilishini tashkil etadi, hujjatlarni saqlash va ulardan foydalanishni belgilangan tartibda taʼminlaydi.

12. Kengash majlisining kun tartibi Kengash kotibi tomonidan tayyorlanadi.

Kengash majlislari zaruratga qarab, lekin har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

Kengash kotibi ekspertizadan oʻtkaziladigan va qiymati baholanadigan ashyolarning zarur hujjatlari toʻplamini tayyorlab, koʻrib chiqish uchun Kengash majlisiga kiritadi.

13. Kengash koʻrgazmalar va rassomlarning ustaxonalarida badiiy asarlarni koʻzdan kechirishi, muzey va koʻrgazma fondlari uchun xaridlar haqida tavsiyalar berishi mumkin.

14. Kengash Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 14-avgustdagi PQ-3201-son qarori bilan tasdiqlangan Ommaviy ijro etish uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik adabiy asarlar yaratish boʻyicha buyurtmalarni bajarganlik uchun, haykaltaroshlik asarlari, tasviriy sanʼat asarlari yaratganlik, badiiy loyihalashtirish va konstruksiyalash uchun mualliflik haqining eng kam stavkalariga muvofiq, shuningdek, ushbu haq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga toʻlanganda uning eng yuqori stavkalariga mos ravishda asarlarning bahosini belgilaydi.

Kengashga maʼlum bir asar yoki ashyoga xulosa berish ehtiyoji tugʻilganda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi tomonidan qoʻshimcha soha mutaxassislari jalb etilishi mumkin.

15. Kengash majlisi Kengash raisi va uning oʻrinbosari rahbarligida oʻtkaziladi hamda Kengash qarori aʼzolarning kamida 2/3 qismi ishtirok etgan taqdirda, ochiq ovoz berish yoʻli bilan, majlisda qatnashayotgan mutaxassislarning oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Kengashning har bir aʼzosi umumiy qarordan norozi boʻlgan taqdirda, oʻz fikrini bildirish huquqiga ega va bu bayonnomada qayd etiladi. Bayonnomada har bir asar boʻyicha ovoz berish natijalari koʻrsatiladi. Qoʻshimcha taklif etilgan maslahatchilar va ekspertlar ovoz berishda ishtirok etmaydilar.

Kengash aʼzosi tomonidan yaratilgan asar ekspertizadan oʻtkazish va qiymatini baholash uchun Kengashga kiritilgan taqdirda ushbu Kengash aʼzosi ovoz berishda ishtirok etmaydi.

16. Kengashning majlislari bayonnomalarida quyidagi maʼlumotlar boʻlishi lozim:

a) Kengash majlisida ishtirok etgan aʼzolar va taklif etilganlarning familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;

b) homiylik xayriyalari koʻrinishidagi yoki xarid qilishga taqdim etilgan madaniy boyliklarni muzey fondiga kiritishning maqsadga muvofiqligi;

v) xarid qilishga taqdim etilgan madaniy boyliklar haqida qisqa maʼlumotlar (nomlanishi, muallifi, yaratilgan joyi, qisqa vizual taʼrifi, materialning nomi, texnikasi, oʻlchami, imzoning mavjudligi hamda saqlanganlik holati koʻrsatilgan holda);

g) madaniy boyliklarni homiylik xayriyasi sifatida yoki xarid qilish uchun taqdim etgan shaxslarning familiyasi, ismi va otasining ismi, pochta manzili va pasport maʼlumotlari;

d) Kengash tomonidan koʻrib chiqish uchun vaqtinchalik saqlashga olingan ashyolarni qabul qilish dalolatnomasi, hadya etish yoki oldi-sotdi shartnomasining loyihasini ilova qilgan holda (zarur holatlarda kolleksiya roʻyxati bilan).

17. Kengash bayonnomasining qaror qismida sotib olingan asar yoki ashyoning yoʻnalishi boʻyicha qaysi davlat muzeyining asosiy yoki yordamchi fondiga kiritish toʻgʻrisidagi tavsiya yoziladi.

Bayonnoma Kengash raisi, kotibi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan imzolanadi.

18. Kengash majlisining bayonnomasi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining tegishli buyrugʻi bilan tasdiqlangandan soʻng kuchga kiradi.

19. Kengashda ish yuritish, hujjatlarning saqlanishi va ulardan foydalanilishi uchun masʼuliyat, shuningdek, qabul qilingan qarorlarning ijrosini nazorat qilish Kengash raisiga yuklanadi.

20. Muzey ashyolari va kolleksiyalarini xarid qilish toʻgʻrisidagi masala koʻrib chiqilganidan soʻng, Kengash majlisi bayonnomasi va Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi buyrugʻi nusxasi muallif va mulkni tasarruf etuvchilar bilan hisob-kitob qilish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasiga topshiriladi.

Shuningdek, Kengash majlisi bayonnomasi va Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi buyrugʻi nusxasi tegishli davlat muzeylarining fondlariga kelib tushayotgan asarlarni qabul qilish dalolatnomasini rasmiylashtirish uchun topshiriladi.

21. Kengash muallif va mulkni tasarruf etuvchining iltimosiga koʻra asarni uning ishtirokida koʻrib chiqishi mumkin, asarning bahosi toʻgʻrisidagi qaror Kengashning yopiq majlisda qabul qilinadi.

22. Kengash aʼzolari uzrsiz sabablarga koʻra uch marotaba majlislarda ishtirok etmagan taqdirda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi ularni Kengash tarkibidan chiqarish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritadi.

5-bob. Moliyalashtirish va hisob-kitob tartibi

23. Sotib olish uchun Kengash tomonidan baholanadigan ashyolar uchun toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi.

Mustaqillik yillarida yaratilgan yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan tasviriy va amaliy sanʼat asarlari, shuningdek, boshqa madaniy boyliklar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining daromadlari va xarajatlari smetasida ushbu maqsadlar uchun nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida Kengashning qaroriga asosan sotib olinadi.

24. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi Kengashning tasdiqlangan majlis bayonnomasini va Madaniy meros agentligining tegishli buyrugʻi hamda qonun hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda rassomlarga mualliflik gonorari toʻlash va ashyolarni tasarruf etuvchilar bilan hisob-kitob qilish boʻyicha tuzilgan shartnomalarga muvofiq shartnoma bahosining 15 foizi miqdorida oldindan toʻlovni amalga oshiradi.

Tegishli davlat muzeyining bosh muhofizi imzosi va muhri bilan tasdiqlangan, asarlarni muzey va koʻrgazma fondlariga qabul qilish dalolatnomasi taqdim etilgandan soʻng, rassomlar va asarlarni tasarruf etuvchilar bilan toʻlovning qolgan 85 foizi hisob-kitob qilinadi.

25. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bilan birgalikda davlat muzeylari fondini shakllantirish va toʻldirish uchun tasviriy, dekorativ-amaliy, teatr-bezak sanʼati asarlari, tarixiy yodgorliklar, arxivlar, noyob kitoblar va boshqa madaniy boyliklar, badiiy asarlar, kolleksiyalar yoki alohida buyumlarni xarid qilish uchun buyurtma berish huquqiga ega.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Kengash faoliyatini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi tomonidan amalga oshiriladi. Kengash ishchi organi Kengash faoliyati yuzasidan har chorakda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligiga maʼlumot taqdim etadi.

27. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 25-iyun,

474-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.06.2018-y., 09/18/474/1399-son; 09.01.2021-y., 09/21/7/0005-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.04.2022-y., 09/22/209/0341-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz