UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 27-iyun · Prezident farmonlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 27 июнь · Президент фармонлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 июня 2018 г. · Указы Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 June 2018 · Presidential decrees

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

«Обод маҳалла» дастури тўғрисида

Мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини изчил амалга ошириш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўналишларини самарали ҳаракатга келтиришда шаҳарлар салмоқли ҳисса қўшмоқда. Юртимизнинг қадим тарихга эга бўлган ёки яқин ўтмишда ташкил этилган 30 дан ортиқ йирик шаҳарларида яшаётган меҳнатсевар аҳолининг самарали фаолияти туфайли ҳар йили ўрта ҳисобда жами саноат маҳсулотларининг 53,4 фоизи ишлаб чиқарилмоқда.

Мазкур салоҳиятдан оқилона фойдаланиш, хусусан тадбиркорликни жадал ривожлантириш, маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва пировард натижада аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби йўналишлар маҳаллий ҳокимликларнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Бироқ, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва коммунал тармоқ корхоналари томонидан бевосита зиммасидаги мувофиқлаштириш вазифасининг тўлиқ бажарилмаслиги оқибатида маҳалладаги ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмалари ночор аҳволга тушиб қолган.

Шунингдек, маҳалла аҳолисининг ўзи яшайдиган ҳудудини асраб-авайлаш ва сақлашга масъулият билан ёндашиш ҳисси сусайган. Табиийки, бундай ҳолатда жонажон Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида, уйларимизда фаровонлик, файз-барака бўлмайди, қолаверса маҳаллаларимизнинг ободлиги таъминланмайди.

Ўз навбатида, маҳаллалар ҳудудларида аҳолига хизмат кўрсатадиган тузилмаларнинг фаолияти доимий равишда йўлга қўйилмаганлиги оқибатида аҳоли кундалик ижтимоий-маиший масалалар билан ҳам маҳаллий ҳокимлик ва давлат органларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Ҳудудларга ташрифлар жараёнида жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, бевосита маҳаллалар ва хонадонгача кириб бориш ҳамда аҳоли билан мулоқот натижалари шуни кўрсатдики, шаҳар маҳаллаларида қуйидаги тизимли муаммолар мавжуд:

биринчидан, маҳаллаларнинг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларининг мавжуд эмаслиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий архитектура идоралари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари шаҳарсозлик норма ва қоидаларига амал қилмаганлиги оқибатида жойларда ўзбошимчалик билан бетартиб қурилишга барҳам берилмаяпти;

иккинчидан, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ишлари ишончли молиявий манбалар билан таъминланмаганлиги оқибатида, уларни ўз вақтида ва тўлиқ модернизация қилиш имконияти чекланиб, коммунал хизматлар таъминотидаги етишмовчилик ва узилишлар юзага келмоқда;

учинчидан, ички йўллар ҳолати талаб даражасида эмас ва уларнинг ўтказиш қувватлари фойдаланиш учун мослашмаган, дренаж-ирригация тизимининг эскирганлиги ҳамда яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сизот сувлар сатҳини пасайтириш имконини бермайди.

Маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, мавжуд инфратузилмани комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шаҳарларда аҳолининг фаровон яшаши ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашга қаратилган «Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш, хусусан жорий йилда 2 тадан ва 2019 — 2022 йилларда камида 3 тадан маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар «Обод маҳалла» дастурининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ҳар бир маҳаллада ўз ичига маҳалла гузарини, тиббиёт масканлари негизида қулай ва арзон дорихоналарни, зарур маиший хизмат ва сервис шохобчаларини, болалар майдончаси ҳамда кичик истироҳат боғини қамраб оладиган «маҳалла маркази»ни барпо этиш;

ҳар бир маҳалланинг тарихан шаклланган тадбиркорлик ва ҳунармандчилик салоҳиятини ҳамда маънавий-маданий анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

маҳалла ҳудудида бўш турган ер майдонларини ёки фойдаланилмасдан турган бино ва иншоотларни тадбиркор ва ҳунармандларга белгиланган тартибда реализация қилиш асосида микро саноат зоналарини ва ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш ҳисобига маҳалла аҳлини иш билан таъминлаш;

маҳалла аҳлини электр энергияси, ичимлик суви, кўмир ва табиий газ билан ишончли таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва чиқаришнинг зарур инфратузилмасини яратиш ва ҳар бир оила энергия ва коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириши ва хонадонлардаги ўлчов-ҳисоблаш ускуналарининг бир маромда ишлаши учун маҳалланинг масъулиятини кескин ошириш;

суғориш учун мавжуд сув ресурсларидан келиб чиқиб ариқ-ирригация тизимини мослаштириш, коллектор ва дренаж тизимларини модернизация қилиш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш;

маҳалла аҳлининг эҳтиёжига мос келадиган, кенг ички йўлларни ва пиёдалар йўлакларини қуриш ҳамда таъмирлаш, йўл бўйини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш тизимларини барпо этиш;

маҳалла ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилотларини, умумтаълим мактабларини, тиббиёт, маданият ва жисмоний тарбия ҳамда спорт ташкилотлари бино ва иншоотларини устувор равишда реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга уларнинг уй-жойларини таъмирлашда моддий ва молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда аҳолини қурилиш материаллари билан имтиёзли тарзда таъминлаш;

ҳар қандай қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини, шунингдек, маҳалланинг замонавий шаҳарсозлик қиёфасини яратишга қаратилган барча лойиҳаларни фақат бош режага мувофиқ ҳолда амалга ошириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳолига хизмат кўрсатадиган тузилма ва ташкилотлар бўлинмалари (вакиллари)нинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ишлашини таъминлашга қаратилган вазифа ва йўналишлардан келиб чиқиб, «Обод маҳалла» дастури параметрларини шакллантириш ҳамда амалга оширишнинг узоқ муддатли механизми ва аниқ манбаларини аниқлаб, ижросини таъминлашга қаратилган қарор лойиҳасини киритсин. Бунда:

кўп хонадонли ва якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш ва уларга туташган ҳудудларни ободонлаштириш, пиёдалар йўлаклари, ирригация ва суғориш тизимлари ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини барпо этиш;

маҳалла ички автомобиль йўлларини ва транспорт коммуникация тизимини таъмирлаш, ичимлик суви ва оқова сув таъминотини яхшилаш, электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда кўчаларни ёритиш тизимини тиклаш, иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш;

ижтимоий соҳа объектлари, замонавий спорт иншоотлари ва маҳалла гузарларини ташкил этиш, бозор инфратузилмаси объектлари, жумладан ҳаммом, савдо ва маиший хизмат мажмуаларини қуриш;

маҳалла ҳудудидаги лойиҳаларни жойлаштириш ва бўш ерларни ажратишда маҳалланинг равнақига хизмат қиладиган йўналишларга устуворлик бериш ва бу борада барча даражадаги архитектура органлари мутасаддиларининг шаҳарсозлик талабларига сўзсиз риоя қилиш юзасидан шахсий масъулиятини ошириш;

маҳалла аҳолисининг фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароит яратиш, мавжуд ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаларини сақлаш, асраб-авайлаш вазифаларини барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар зиммасига шахсан юклатиш;

дастурда ҳар бир маҳалла фуқаросининг ободлик учун кўнгилдан чиқаётган орзу-умидларини рўёбга чиқариш ва шахсий ҳиссасини қўшишда барча имкониятларни сафарбар этиш, бунёдкорлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, «маҳалла ободлиги хонадон ободлигидан бошланади» деган ташаббус асосида ўз маҳалласини обод қилиш учун аҳолида масъулият ҳиссини кучайтириш;

аҳолига кундалик ижтимоий-маиший хизмат кўрсатадиган хизматлар ва тузилмалар фаолиятини бевосита йирик (ўртача доимий аҳоли сони 4 минг кишидан ортиқ) маҳаллаларнинг ўзида йўлга қўйиш назарда тутилсин.

4. «Обод маҳалла» дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарлар ва туманлар учун «Обод маҳалла» жамғармалари ташкил этилсин ҳамда куйидагилар уларнинг манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган трансфертлар;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ва уларнинг қўшимча маблағлари;

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар, ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари;

халқаро молия институтлари ҳамда хорижий давлатлар грант маблағлари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилаб қўйилсинки:

2018 йилда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллалардаги ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти ва канализация хамда коллектор ва дренаж тизимларини модернизация қилиш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш ишларини молиялаштириш учун қўшимча равишда талаб этиладиган маблағлар тенг улушларда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалар ҳамда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, келгуси йилларда эса Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари маблағлари ва халқаро молия институтлари ҳамда хорижий давлатларнинг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

«Обод маҳалла» дастури доирасида амалга ошириладиган электр энергияси ва табиий газ таъминоти, алоқа тизими ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбектелеком» АК, Республика йўл жамғармаси ҳамда бошқа ташкилот ва тармоқ корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан тегишли мақсадлар учун тўғридан-тўғри молиялаштирилади;

«Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида бажариладиган таъмирлаш ишлари (капитал қурилишдан ташқари) ва ободонлаштириш тадбирлари уларни лойиҳалаштириш билан бир вақтда амалга оширилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда тасдиқланадиган манзилли рўйхат асосида молиялаштирилади;

«Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда объектларнинг иш ҳажми ва смета қийматларини асоссиз равишда ошириб юбормаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шахсан масъулдир.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йилларда ривожланиш дастурлари параметрларини белгилашда «Обод маҳалла» дастурига киритилган объектлар учун зарур миқдордаги маблағларнинг назарда тутилишини таъминласин.

7. «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб берадиган ишлаб чиқариш корхоналарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сон Фармонининг 7-банди билан тақдим этилган имтиёзлар татбиқ этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

«Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига ишсиз аҳолини 6 ойлик муддатгача жалб қилиш ва биринчи ойлик иш ҳақини иш бошлаган кунида олдиндан 50 фоизини бўнак сифатида тўлаш шартларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этсин;

маҳаллаларда бўш турган бино ва иншоотларда микро саноат зоналарини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлигини ошириш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда маҳаллаларда аҳолини, жумладан ёшларни иш билан таъминлаш учун микро саноат зоналарини ташкил этиб, замонавий ихчам ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший техникаларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштирсин.

Бунда ҳудудларда фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш таъминлансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда «Обод маҳалла» жамғармаларини ташкил этиш, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин.

11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлигига барча турдаги оммавий ахборот воситалари билан биргаликда «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга оширилаётган улкан қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини батафсил ёритиб бориш ва кенг халқ оммаси орасида тарғиб қилиш тавсия этилсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А. Худайбергенов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 27 июнь,

ПФ-5467-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.06.2018 й., 06/18/5467/1412-сон; 09.10.2020 й., 07/20/4857/1357-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.04.2025 й., 06/25/70/0375-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Farmoni

“Obod mahalla” dasturi toʻgʻrisida

Mamlakatimizni rivojlantirish boʻyicha Harakatlar strategiyasini izchil amalga oshirish va muhim ijtimoiy-iqtisodiy taraqqiyot yoʻnalishlarini samarali harakatga keltirishda shaharlar salmoqli hissa qoʻshmoqda. Yurtimizning qadim tarixga ega boʻlgan yoki yaqin oʻtmishda tashkil etilgan 30 dan ortiq yirik shaharlarida yashayotgan mehnatsevar aholining samarali faoliyati tufayli har yili oʻrta hisobda jami sanoat mahsulotlarining 53,4 foizi ishlab chiqarilmoqda.

Mazkur salohiyatdan oqilona foydalanish, xususan tadbirkorlikni jadal rivojlantirish, mahalliy budjetning daromad bazasini kengaytirish, zamonaviy infratuzilmani shakllantirish va pirovard natijada aholi turmush sifatini yaxshilash kabi yoʻnalishlar mahalliy hokimliklarning ustuvor vazifalaridan hisoblanadi.

Biroq, barcha darajadagi mahalliy hokimliklar va kommunal tarmoq korxonalari tomonidan bevosita zimmasidagi muvofiqlashtirish vazifasining toʻliq bajarilmasligi oqibatida mahalladagi ijtimoiy va muhandislik infratuzilmalari nochor ahvolga tushib qolgan.

Shuningdek, mahalla aholisining oʻzi yashaydigan hududini asrab-avaylash va saqlashga masʼuliyat bilan yondashish hissi susaygan. Tabiiyki, bunday holatda jonajon Vatanimizning har bir goʻshasida, uylarimizda farovonlik, fayz-baraka boʻlmaydi, qolaversa mahallalarimizning obodligi taʼminlanmaydi.

Oʻz navbatida, mahallalar hududlarida aholiga xizmat koʻrsatadigan tuzilmalarning faoliyati doimiy ravishda yoʻlga qoʻyilmaganligi oqibatida aholi kundalik ijtimoiy-maishiy masalalar bilan ham mahalliy hokimlik va davlat organlariga murojaat qilishga majbur boʻlmoqda.

Hududlarga tashriflar jarayonida joylardagi haqiqiy ahvol bilan tanishish, bevosita mahallalar va xonadongacha kirib borish hamda aholi bilan muloqot natijalari shuni koʻrsatdiki, shahar mahallalarida quyidagi tizimli muammolar mavjud:

birinchidan, mahallalarning bosh rejalari va batafsil rejalashtirish loyihalarining mavjud emasligi hamda mahalliy hokimliklar, hududiy arxitektura idoralari va mahalla fuqarolar yigʻinlari shaharsozlik norma va qoidalariga amal qilmaganligi oqibatida joylarda oʻzboshimchalik bilan betartib qurilishga barham berilmayapti;

ikkinchidan, shahar infratuzilmasini rivojlantirish ishlari ishonchli moliyaviy manbalar bilan taʼminlanmaganligi oqibatida, ularni oʻz vaqtida va toʻliq modernizatsiya qilish imkoniyati cheklanib, kommunal xizmatlar taʼminotidagi yetishmovchilik va uzilishlar yuzaga kelmoqda;

uchinchidan, ichki yoʻllar holati talab darajasida emas va ularning oʻtkazish quvvatlari foydalanish uchun moslashmagan, drenaj-irrigatsiya tizimining eskirganligi hamda yaroqsiz holga kelib qolganligi sizot suvlar sathini pasaytirish imkonini bermaydi.

Mahallalar hududini obodonlashtirish, mavjud infratuzilmani kompleks rivojlantirish, shuningdek, yoʻl-transport infratuzilmasi, muhandislik kommunikatsiyalari va ijtimoiy soha obyektlarini barpo etish hamda shu asosda aholining turmush sharoitini yuksaltirish maqsadida:

1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining shaharlarda aholining farovon yashashi va samarali mehnat faoliyatini taʼminlashga qaratilgan “Obod mahalla” dasturini amalga oshirish, xususan joriy yilda 2 tadan va 2019 — 2022-yillarda kamida 3 tadan mahallalarda qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini bajarish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Quyidagilar “Obod mahalla” dasturining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

har bir mahallada oʻz ichiga mahalla guzarini, tibbiyot maskanlari negizida qulay va arzon dorixonalarni, zarur maishiy xizmat va servis shoxobchalarini, bolalar maydonchasi hamda kichik istirohat bogʻini qamrab oladigan “mahalla markazi”ni barpo etish;

har bir mahallaning tarixan shakllangan tadbirkorlik va hunarmandchilik salohiyatini hamda maʼnaviy-madaniy anʼanalarini qayta tiklash va rivojlantirish;

mahalla hududida boʻsh turgan yer maydonlarini yoki foydalanilmasdan turgan bino va inshootlarni tadbirkor va hunarmandlarga belgilangan tartibda realizatsiya qilish asosida mikro sanoat zonalarini va hunarmandchilik markazlarini tashkil etish hisobiga mahalla ahlini ish bilan taʼminlash;

mahalla ahlini elektr energiyasi, ichimlik suvi, koʻmir va tabiiy gaz bilan ishonchli taʼminlash, maishiy chiqindilarni toʻplash va chiqarishning zarur infratuzilmasini yaratish va har bir oila energiya va kommunal xizmatlar uchun toʻlovlarni toʻliq va oʻz vaqtida amalga oshirishi va xonadonlardagi oʻlchov-hisoblash uskunalarining bir maromda ishlashi uchun mahallaning masʼuliyatini keskin oshirish;

sugʻorish uchun mavjud suv resurslaridan kelib chiqib ariq-irrigatsiya tizimini moslashtirish, kollektor va drenaj tizimlarini modernizatsiya qilish, sizot suvlar sathini pasaytirish;

mahalla ahlining ehtiyojiga mos keladigan, keng ichki yoʻllarni va piyodalar yoʻlaklarini qurish hamda taʼmirlash, yoʻl boʻyini obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, tashqi yoritish tizimlarini barpo etish;

mahalla hududidagi maktabgacha taʼlim tashkilotlarini, umumtaʼlim maktablarini, tibbiyot, madaniyat va jismoniy tarbiya hamda sport tashkilotlari bino va inshootlarini ustuvor ravishda rekonstruksiya qilish va taʼmirlash;

ijtimoiy qoʻllab-quvvatlashga muhtoj oilalarga ularning uy-joylarini taʼmirlashda moddiy va moliyaviy yordam koʻrsatish hamda aholini qurilish materiallari bilan imtiyozli tarzda taʼminlash;

har qanday qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini, shuningdek, mahallaning zamonaviy shaharsozlik qiyofasini yaratishga qaratilgan barcha loyihalarni faqat bosh rejaga muvofiq holda amalga oshirish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi mahalliy hokimliklar va jamoat tashkilotlari bilan birgalikda aholiga xizmat koʻrsatadigan tuzilma va tashkilotlar boʻlinmalari (vakillari)ning faoliyatini tashkil etish hamda ularning muntazam ravishda ishlashini taʼminlashga qaratilgan vazifa va yoʻnalishlardan kelib chiqib, “Obod mahalla” dasturi parametrlarini shakllantirish hamda amalga oshirishning uzoq muddatli mexanizmi va aniq manbalarini aniqlab, ijrosini taʼminlashga qaratilgan qaror loyihasini kiritsin. Bunda:

koʻp xonadonli va yakka tartibdagi uy-joylarni taʼmirlash va ularga tutashgan hududlarni obodonlashtirish, piyodalar yoʻlaklari, irrigatsiya va sugʻorish tizimlari hamda chiqindi yigʻish maydonchalarini barpo etish;

mahalla ichki avtomobil yoʻllarini va transport kommunikatsiya tizimini taʼmirlash, ichimlik suvi va oqova suv taʼminotini yaxshilash, elektr energiyasi va gaz taʼminoti hamda koʻchalarni yoritish tizimini tiklash, issiqlik tarmoqlarini modernizatsiya qilish;

ijtimoiy soha obyektlari, zamonaviy sport inshootlari va mahalla guzarlarini tashkil etish, bozor infratuzilmasi obyektlari, jumladan hammom, savdo va maishiy xizmat majmualarini qurish;

mahalla hududidagi loyihalarni joylashtirish va boʻsh yerlarni ajratishda mahallaning ravnaqiga xizmat qiladigan yoʻnalishlarga ustuvorlik berish va bu borada barcha darajadagi arxitektura organlari mutasaddilarining shaharsozlik talablariga soʻzsiz rioya qilish yuzasidan shaxsiy masʼuliyatini oshirish;

mahalla aholisining farovon turmush kechirishi uchun munosib sharoit yaratish, mavjud ijtimoiy va muhandislik infratuzilmalarini saqlash, asrab-avaylash vazifalarini barcha darajadagi mahalliy hokimliklar zimmasiga shaxsan yuklatish;

dasturda har bir mahalla fuqarosining obodlik uchun koʻngildan chiqayotgan orzu-umidlarini roʻyobga chiqarish va shaxsiy hissasini qoʻshishda barcha imkoniyatlarni safarbar etish, bunyodkorlik harakatlarini qoʻllab-quvvatlash, “mahalla obodligi xonadon obodligidan boshlanadi” degan tashabbus asosida oʻz mahallasini obod qilish uchun aholida masʼuliyat hissini kuchaytirish;

aholiga kundalik ijtimoiy-maishiy xizmat koʻrsatadigan xizmatlar va tuzilmalar faoliyatini bevosita yirik (oʻrtacha doimiy aholi soni 4 ming kishidan ortiq) mahallalarning oʻzida yoʻlga qoʻyish nazarda tutilsin.

4. “Obod mahalla” dasturi doirasida bajariladigan qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini moliyalashtirish maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzurida shaharlar va tumanlar uchun “Obod mahalla” jamgʻarmalari tashkil etilsin hamda kuyidagilar ularning manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan transfertlar;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari va ularning qoʻshimcha mablagʻlari;

“Mahalla” xayriya jamoat fondi, hasharlar va xayriya tadbirlarini oʻtkazish hisobidan tushadigan mablagʻlar, tashkilotlarning homiylik xayriyalari;

Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi huzuridagi Jamoat ishlari jamgʻarmasi mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari hamda xorijiy davlatlar grant mablagʻlari;

tashabbuskor tadbirkorlar mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5. Belgilab qoʻyilsinki:

2018-yilda “Obod mahalla” dasturiga kiritilgan mahallalardagi ijtimoiy soha va infratuzilma obyektlari, ichki yoʻllarni qurish va taʼmirlash, ichimlik suvi taʼminoti va kanalizatsiya xamda kollektor va drenaj tizimlarini modernizatsiya qilish va sizot suvlar sathini pasaytirish ishlarini moliyalashtirish uchun qoʻshimcha ravishda talab etiladigan mablagʻlar teng ulushlarda Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti, davlat maqsadli jamgʻarmalar hamda mahalliy budjetlar hisobidan, kelgusi yillarda esa Oʻzbekiston Respublikasining rivojlanish davlat dasturlari mablagʻlari va xalqaro moliya institutlari hamda xorijiy davlatlarning grant mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;

“Obod mahalla” dasturi doirasida amalga oshiriladigan elektr energiyasi va tabiiy gaz taʼminoti, aloqa tizimi va umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini taʼmirlash ishlari “Oʻzbekenergo” AJ, “Oʻztransgaz” AJ, “Oʻzbektelekom” AK, Respublika yoʻl jamgʻarmasi hamda boshqa tashkilot va tarmoq korxonalarining oʻz mablagʻlari hisobidan tegishli maqsadlar uchun toʻgʻridan-toʻgʻri moliyalashtiriladi;

“Obod mahalla” va “Obod qishloq” dasturlari doirasida bajariladigan taʼmirlash ishlari (kapital qurilishdan tashqari) va obodonlashtirish tadbirlari ularni loyihalashtirish bilan bir vaqtda amalga oshiriladi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan mustaqil ravishda tasdiqlanadigan manzilli roʻyxat asosida moliyalashtiriladi;

“Obod mahalla” va “Obod qishloq” dasturlari doirasida bajariladigan qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlari uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanish hamda obyektlarning ish hajmi va smeta qiymatlarini asossiz ravishda oshirib yubormaslik uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari shaxsan masʼuldir.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi va Moliya vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari, boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda kelgusi yillarda rivojlanish dasturlari parametrlarini belgilashda “Obod mahalla” dasturiga kiritilgan obyektlar uchun zarur miqdordagi mablagʻlarning nazarda tutilishini taʼminlasin.

7. “Obod mahalla” dasturiga kiritilgan mahallalarda qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini bajarish uchun mahalliy qurilish materiallari, buyumlari va jihozlarini yetkazib beradigan ishlab chiqarish korxonalariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 29-martdagi “Obod qishloq” dasturi toʻgʻrisida”gi PF-5386-son Farmonining 7-bandi bilan taqdim etilgan imtiyozlar tatbiq etilsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari, sektorlar rahbarlari, xoʻjalik birlashmalari, korxona va tashkilotlar bilan birgalikda:

“Obod mahalla” dasturiga kiritilgan mahallalarda qurilish va obodonlashtirish ishlariga ishsiz aholini 6 oylik muddatgacha jalb qilish va birinchi oylik ish haqini ish boshlagan kunida oldindan 50 foizini boʻnak sifatida toʻlash shartlarida haq toʻlanadigan jamoat ishlarini tashkil etsin;

mahallalarda boʻsh turgan bino va inshootlarda mikro sanoat zonalarini tashkil etish, ijtimoiy soha va bozor infratuzilmasi obyektlarini qurish, shuningdek, aholiga xizmat koʻrsatish va servis shoxobchalarini barpo etish orqali yangi ish oʻrinlari yaratish va aholining ish bilan bandligini oshirish choralarini koʻrsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda mahallalarda aholini, jumladan yoshlarni ish bilan taʼminlash uchun mikro sanoat zonalarini tashkil etib, zamonaviy ixcham ishlab chiqarish korxonalari va maishiy texnikalarga xizmat koʻrsatish shoxobchalarini joylashtirsin.

Bunda hududlarda foydalanilmasdan boʻsh turgan bino va inshootlardan samarali foydalanish taʼminlansin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi Moliya vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda “Obod mahalla” jamgʻarmalarini tashkil etish, uning mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini tasdiqlasin hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazsin.

11. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Milliy axborot agentligi, Matbuot va axborot agentligiga barcha turdagi ommaviy axborot vositalari bilan birgalikda “Obod mahalla” dasturi doirasida amalga oshirilayotgan ulkan qurilish, taʼmirlash va obodonlashtirish ishlarini batafsil yoritib borish va keng xalq ommasi orasida targʻib qilish tavsiya etilsin.

12. Mazkur Farmonning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchisi T.A. Xudaybergenov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2018-yil 27-iyun,

PF-5467-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.06.2018-y., 06/18/5467/1412-son; 09.10.2020-y., 07/20/4857/1357-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.04.2025-y., 06/25/70/0375-son)

lex.uz