📅 2018-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 16 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 июля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 July 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Давлат таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи ёшлар ва талабаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши тизимини такомиллаштириш, истеъдодли ёшларни саралаб олиш ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар захирасини шакллантириш, шунингдек, спортчиларни тиббий таъминлаш ишларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг:
а) умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини (кейинги ўринларда спорт клублари деб аталади) ташкил этиш;
б) ташкил этилаётган:
умумтаълим мактаблари ҳузуридаги спорт клубларини — Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг (кейинги ўринларда спорт жамияти деб аталади) бюджетдан ташқари маблағлари;
академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клубларини — таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобига молиялаштириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
спорт клублари тегишлича спорт жамияти ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) таълим муассасаларидаги филиали ҳисобланади ҳамда мазкур спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг мақсад ва вазифаларини тегишли давлат таълим муассасаларида амалга оширишга кўмаклашади;
спорт клублари раҳбари этиб жамоатчилик асосида спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаси раҳбари (директор, ректор) тавсия этилади ва спорт клубларининг тўлиқ ва самарали фаолият юритишига масъул ҳисобланади;
спорт клублари аъзолари ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш тегишлича спорт жамиятининг ҳамда клубларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тегишлилиги бўйича давлат таълим муассасаларида спорт клубларининг фаолияти ривожланишига кўмаклашади ва тегишли шарт-шароитлар яратади.
3. Қуйидагилар спорт клубларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
а) ўқувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
ўқувчилар ва талабалар ўртасида спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан, «мактаб лигаси» ва «талабалар лигаси»ни ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;
б) умумтаълим мактабларида:
жисмоний тарбия фани ўқитувчилари таркибини юқори маҳоратли спортчилар орасидан танлов асосида шакллантириб бориш;
ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
спорт турлари бўйича ўқувчилардан иборат жамоаларни шакллантириш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан, «мактаб чемпионати»ни ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;
жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда ўқувчилар орасидан истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш;
мактаб спорт клуби машғулотлари жараёнига жамоатчилик асосида малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш;
в) академик лицейлар ва касбий таълим ташкилотларида — ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
г) олий таълим ташкилотларида — истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ҳамда Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
д) жисмоний тарбия ва спорт жараёнига машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш.
4. Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар спорт клубларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
спорт жамиятининг бюджетдан ташқари маблағлари (умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
Ассоциация маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг грантлари;
таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
спорт клубларига аъзолик бадаллари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Спорт вазирлиги билан биргаликда спорт клубларининг самарали фаолият кўрсатиши, уларнинг моддий-техник база ва тренер-ўқитувчилар таркиби билан таъминланганлиги, ўқув-машқ жараёнининг сифати устидан назорат қилиниши, спорт машғулотлари мунтазам ўтказилиши ва ўқувчилар ҳамда талабалар қатнови даражаси мониторингини тизимли асосда олиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда спорт клубларида шуғулланадиган ўқувчилар ва талабаларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўришда ва ўқув-тайёргарлик машқлари давомида функционал ҳолати диагностикасини ташкил этиш, маслаҳат-диагностика ҳамда даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларида бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказсин;
Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда доимий равишда спорт турлари бўйича халқаро спорт мусобақалари ва уларга тайёргарлик машғулотлари давомида спортчиларни тиббий ходимлар (врач, массажчи, психолог) билан таъминлашни ташкил этиш ва кузатиб боришни таъминласин;
уч ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг спорт тиббиёти бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х. Исроилов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги 542-сон қарорига ИЛОВА
Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клубларининг (кейинги ўринларда спорт клуби деб аталади) ҳуқуқий мақоми, мақсади ва асосий вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Спорт клуби тегишлича Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти (кейинги ўринларда спорт жамияти деб аталади) ҳамда Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) таълим муассасаларидаги филиали ҳисобланади.
Спорт клуби «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига мувофиқ юридик шахс сифатида ташкил этилиши мумкин.
3. Спорт клуби тегишлича спорт жамияти ҳамда Ассоциациянинг рамзий белгиларидан фойдаланади.
4. Спорт клубига ном бериш тегишлилиги бўйича спорт жамияти ва Ассоциация томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
2-боб. Спорт клубининг мақсади ва асосий вазифалари
5. Спорт клубининг мақсади давлат таълим муассасаларининг ўқувчилари, талабалари, педагог ва бошқа ходимлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олишдан ташқари спорт таълими тизимини янада такомиллаштириш орқали истеъдодли ёшларни саралаб олишдан иборат.
6. Спорт клубининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) ўқувчилар ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
ўқувчилар ва талабалар ўртасида спорт турлари бўйича жамоалар ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан, «мактаб лигаси» ва «талабалар лигаси»ни ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;
б) умумтаълим мактабларида:
жисмоний тарбия фани ўқитувчилари таркибини юқори маҳоратли спортчилар орасидан танлов асосида шакллантириб бориш;
ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
спорт турлари бўйича ўқувчилардан иборат жамоаларни шакллантириш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, хусусан, «мактаб чемпионати»ни ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни аниқлаш;
жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда ўқувчилар орасидан истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ҳамда спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш;
мактаб спорт клуби машғулотлари жараёнига жамоатчилик асосида малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш;
в) академик лицейлар ва касбий таълим ташкилотларида — ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда истеъдодли ёшларни саралаш ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
г) олий таълим ташкилотларида — истеъдодли ёшларни саралаб олиш (селекция) ва спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ҳамда Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, спорт мусобақаларида иштирок этиш учун спорт турлари бўйича ҳафтасига камида 6 соатдан спорт тўгараклари машғулотларини ташкил этиш;
д) жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари жараёнига машғулотлар ўтказиш учун малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш.
3-боб. Спорт клубининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Спорт клуби қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз аъзолари ва қатнашчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
спорт клуби тузилган ҳудудда жисмоний тарбия ва спорт масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига таклифлар киритиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;
ўз муассисининг Низомида белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказиш;
белгиланган тартибда пуллик соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш.
Спорт клуби қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Спорт клуби қуйидагиларга мажбур:
қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя этиш;
ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан клуб аъзоларининг танишиши эркинлигини таъминлаш;
рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиш ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;
спорт клуби вакилларининг чет мамлакатларга спорт клубининг фаолияти билан боғлиқ ташрифлари уюштирилиши ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни ўз вақтида хабардор қилиш.
Спорт клубига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Спорт клуби фаолиятини ташкил этиш
9. Спорт клубини ташкил этиш учун давлат таълим муассасасининг спорт иншооти (спорт тадбирлари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини, спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотлари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўзига қўйиладиган норма ва талабларга жавоб берадиган ҳамда тегишли паспортга эга бўлган ёпиқ ёки очиқ типдаги ихтисослаштирилган иншоот) мавжуд бўлиши, шунингдек, зарур спорт анжомлари ва ускуналар билан таъминланиши лозим.
Спорт клуби давлат таълим муассасасининг спорт иншоотларида дарсдан ташқари вақтларда текинга фойдаланади.
10. Спорт клуби раҳбарлигига жамоатчилик асосида давлат таълим муассасаси раҳбари (директор, ректор) сайланиши мумкин.
11. Спорт клуби фаолияти самарадорлигини оширишга спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаси раҳбари бевосита жавобгардир.
12. Спорт клубида спорт тўгараги ишлари спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) томонидан жамоатчилик асосида олиб борилиши, спорт тўгараги ишларини самарали ташкил этган давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) спорт клуби раҳбари томонидан клуб маблағлари ҳисобига моддий рағбатлантирилиши мумкин.
13. Спорт клубидаги спорт тўгараги ишлари давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг педагогик юкламаларидан ўрин олган соатлар ҳамда давлат таълим муассасаси ихтиёридаги соатлар ҳисобига амалга оширилади.
14. Давлат таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари (йўриқчилари) йиллик иш режалари, педагогик юкламалари соатларини белгилаш ва тасдиқлашда спорт тўгараги ишлари, спорт тадбирлари ҳамда ўқувчилар билан ишлаш назарда тутилган бўлиши зарур.
15. Спорт клуби томонидан ўқув йилининг бошланган (сентябрь) ойида ушбу ўқув йили давомида ўтказиладиган оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси ишлаб чиқилади. Ушбу календарь режа Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари билан келишган ҳолда спорт клуби раҳбари томонидан амалга оширилади.
16. Спорт клуби ўз аъзоларининг талабларига кўра спорт турлари бўйича тренер жалб қилган холда пуллик спорт тўгараклари ташкил этиши мумкин.
5-боб. Спорт клубига аъзо бўлиш ҳамда аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
17. Спорт клубига спорт клуби ташкил этилган давлат таълим муассасасида таълим олаётган ва фаолият олиб бораётган ўн ёшга тўлган ўқувчилар, талабалар, педагоглар ва бошқа ходимлар ихтиёрий аъзо бўлиши мумкин.
18. Спорт клубига аъзо бўлиш вояга етган жисмоний шахслар (вояга етмаганлар учун уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг ёзма аризалари ҳамда спорт клуби раҳбарининг буйруғига асосан амалга оширилади.
19. Ўқувчи (талаба)лар бир таълим муассасасидан бошқасига ёки таълимнинг кейинги босқичига ўтганида ушбу спорт клуби сафидан чиқарилади ҳамда танланган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клубига ихтиёрий равишда қабул қилинади.
20. Давлат таълим муассасасида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган педагоглар ва бошқа ходимлар бошқа таълим муассасасида ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган бўлса, ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клубига ҳам аъзо бўлиши мумкин.
21. Давлат таълим муассасасида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган педагоглар ва бошқа ходимлар спорт мусобақалари ва тадбирларида асосий ходим сифатида фаолият юритаётган давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клуби номи билан иштирок этади.
Бир вақтнинг ўзида бошқа таълим муассасасида ўриндош сифатида меҳнат фаолиятини юритаётган педагоглар ва бошқа ходимларнинг спорт тадбирлари ва мусобақаларида бир вақтнинг ўзида иккита давлат таълим муассасаси ҳузуридаги спорт клублари номидан иштирок этишига йўл қўйилмайди.
22. Спорт клуби аъзолари тенг ҳуқуқли бўлиб, улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз хоҳишига кўра спорт клуби аъзолигидан чиқиш;
спорт клуби томонидан ўтказилаётган оммавий жисмоний тарбия тадбирлари, спорт тадбирлари ва мусобақаларида, шунингдек, халқаро спорт тадбирлари ва мусобақаларида спорт клуби номи билан қатнашиш.
Спорт клуби аъзолари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
23. Спорт клуби аъзолари қуйидагиларга мажбур:
спорт клуби фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ушбу Низомда белгиланган талабларга амал қилиш;
спорт клуби томонидан ўтказиладиган турли спорт тадбирлари, кўргазмаларда фаол иштирок этиш.
6-боб. Спорт клубини молиялаштириш
24. Спорт клуби қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:
спорт жамиятининг бюджетдан ташқари маблағлари (умумтаълим мактаблари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
Ассоциация маблағлари (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг грантлари;
таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар (академик лицейлар, ўрта махсус профессионал таълим ва олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган спорт клублари учун);
спорт клубларига аъзолик бадаллари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7-боб. Спорт клуби фаолияти тўғрисида ҳисобот тузиш ва тақдим этиш тартиби
25. Спорт клуби раҳбари спорт клуби фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда (спорт клуби юридик шахс ҳисобланган тақдирда), спорт клуби ташкил этилган давлат муассасаси раҳбарига (давлат муассасасининг педагогика кенгашига) ҳар ойда, спорт жамияти ва Ассоциацияга ҳар чоракда бир марта тақдим этиб боради.
26. Спорт жамияти ва Ассоциация спорт клублари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ярим йилда бир марта тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига киритиб боради.
27. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган спорт клублари фаолияти тўғрисида ахборот сўраш ҳуқуқига эга.
8-боб. Якуний қоида
28. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 16 июль,
542-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Davlat taʼlim muassasalari huzurida sport klublarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jismoniy tarbiya va sport sohasida davlat boshqaruvi tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-martdagi PF-5368-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda oʻquvchi yoshlar va talabalarning jismoniy tarbiya va sport bilan muntazam shugʻullanishi tizimini takomillashtirish, isteʼdodli yoshlarni saralab olish va sport turlari boʻyicha milliy terma jamoalar zaxirasini shakllantirish, shuningdek, sportchilarni tibbiy taʼminlash ishlarini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Sport vazirligi, Oʻzbekiston “Yoshlik” jismoniy tarbiya va sport jamiyati hamda Oʻzbekiston talabalar sporti assotsiatsiyasining:
a) umumtaʼlim maktablari, akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzurida sport klublarini (keyingi oʻrinlarda sport klublari deb ataladi) tashkil etish;
b) tashkil etilayotgan:
umumtaʼlim maktablari huzuridagi sport klublarini — Oʻzbekiston “Yoshlik” jismoniy tarbiya va sport jamiyatining (keyingi oʻrinlarda sport jamiyati deb ataladi) budjetdan tashqari mablagʻlari;
akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzuridagi sport klublarini — taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari hamda talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar hisobiga moliyalashtirish haqidagi takliflari maʼqullansin.
2. Belgilab qoʻyilsinki:
sport klublari tegishlicha sport jamiyati hamda Oʻzbekiston talabalar sporti assotsiatsiyasining (keyingi oʻrinlarda Assotsiatsiya deb ataladi) taʼlim muassasalaridagi filiali hisoblanadi hamda mazkur sport jamiyati hamda Assotsiatsiyaning maqsad va vazifalarini tegishli davlat taʼlim muassasalarida amalga oshirishga koʻmaklashadi;
sport klublari rahbari etib jamoatchilik asosida sport klubi tashkil etilgan davlat taʼlim muassasasi rahbari (direktor, rektor) tavsiya etiladi va sport klublarining toʻliq va samarali faoliyat yuritishiga masʼul hisoblanadi;
sport klublari aʼzolari oʻrtasida oʻtkaziladigan sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini hamda ishtirokchilarni kiyim-kechak bilan taʼminlashni moliyalashtirish tegishlicha sport jamiyatining hamda klublarning mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tegishliligi boʻyicha davlat taʼlim muassasalarida sport klublarining faoliyati rivojlanishiga koʻmaklashadi va tegishli shart-sharoitlar yaratadi.
3. Quyidagilar sport klublarining asosiy vazifalari etib belgilansin:
a) oʻquvchilar va talabalar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish hamda jismoniy tarbiya va sportni keng targʻib qilish, ularning muntazam ravishda jismoniy tarbiya bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;
oʻquvchilar va talabalar oʻrtasida sport turlari boʻyicha jamoalar tashkil etish, ular oʻrtasida turli sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini, xususan, “maktab ligasi” va “talabalar ligasi”ni tashkil etish orqali isteʼdodli yosh sportchilarni aniqlash;
b) umumtaʼlim maktablarida:
jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari tarkibini yuqori mahoratli sportchilar orasidan tanlov asosida shakllantirib borish;
oʻquvchilar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish hamda jismoniy tarbiya va sportni keng targʻib qilish, ularning muntazam ravishda jismoniy tarbiya bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;
sport turlari boʻyicha oʻquvchilardan iborat jamoalarni shakllantirish, ular oʻrtasida turli sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini, xususan, “maktab chempionati”ni tashkil etish orqali isteʼdodli yosh sportchilarni aniqlash;
jismoniy tarbiya oʻqituvchilarini jalb qilgan holda oʻquvchilar orasidan isteʼdodli yoshlarni saralab olish (seleksiya) hamda sport maktablari sport zaxirasini shakllantirish;
maktab sport klubi mashgʻulotlari jarayoniga jamoatchilik asosida malakali trenerlar va mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, ilgʻor tajribani joriy qilish;
v) akademik litseylar va kasbiy taʼlim tashkilotlarida — oʻquvchilar orasidan jismoniy tarbiya oʻqituvchilarini jalb qilgan holda isteʼdodli yoshlarni saralash va ixtisoslashtirilgan sport maktablari sport zaxirasini shakllantirish, shuningdek, sport musobaqalarida ishtirok etish uchun sport turlari boʻyicha haftasiga kamida 6 soatdan sport toʻgaraklari mashgʻulotlarini tashkil etish;
g) oliy taʼlim tashkilotlarida — isteʼdodli yoshlarni saralab olish (seleksiya) va sport turlari boʻyicha milliy terma jamoalar hamda Sport turlarini rivojlantirish respublika markazlari sport zaxirasini shakllantirish, shuningdek, sport musobaqalarida ishtirok etish uchun sport turlari boʻyicha haftasiga kamida 6 soatdan sport toʻgaraklari mashgʻulotlarini tashkil etish;
d) jismoniy tarbiya va sport jarayoniga mashgʻulotlar oʻtkazish uchun malakali trenerlar va mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, ilgʻor tajribani joriy qilish.
4. Davlat taʼlim muassasalari huzuridagi sport klublari toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Quyidagilar sport klublarini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
sport jamiyatining budjetdan tashqari mablagʻlari (umumtaʼlim maktablari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
Assotsiatsiya mablagʻlari (akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
xorijiy va xalqaro tashkilotlar hamda xorijiy davlatlarning grantlari;
taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari hamda talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlari (akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
sport klublariga aʼzolik badallari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Sport vazirligi bilan birgalikda sport klublarining samarali faoliyat koʻrsatishi, ularning moddiy-texnik baza va trener-oʻqituvchilar tarkibi bilan taʼminlanganligi, oʻquv-mashq jarayonining sifati ustidan nazorat qilinishi, sport mashgʻulotlari muntazam oʻtkazilishi va oʻquvchilar hamda talabalar qatnovi darajasi monitoringini tizimli asosda olib borsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda sport klublarida shugʻullanadigan oʻquvchilar va talabalarning musobaqalarga tayyorgarlik koʻrishda va oʻquv-tayyorgarlik mashqlari davomida funksional holati diagnostikasini tashkil etish, maslahat-diagnostika hamda davolash-profilaktika ishlarini takomillashtirish maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlarida bir yilda ikki marotaba tibbiy koʻrikdan oʻtkazsin;
Sport vazirligi, Milliy olimpiya qoʻmitasi bilan birgalikda doimiy ravishda sport turlari boʻyicha xalqaro sport musobaqalari va ularga tayyorgarlik mashgʻulotlari davomida sportchilarni tibbiy xodimlar (vrach, massajchi, psixolog) bilan taʼminlashni tashkil etish va kuzatib borishni taʼminlasin;
uch oy muddatda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlarining sport tibbiyoti boʻlimlarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlash, ularni zarur jihozlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduhakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi jismoniy tarbiya va sport vaziri Sh.X. Isroilov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 16-iyuldagi 542-son qaroriga ILOVA
Davlat taʼlim muassasalari huzuridagi sport klublari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat taʼlim muassasalari huzuridagi sport klublarining (keyingi oʻrinlarda sport klubi deb ataladi) huquqiy maqomi, maqsadi va asosiy vazifalarini, huquq va majburiyatlarini, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Sport klubi tegishlicha Oʻzbekiston “Yoshlik” jismoniy tarbiya va sport jamiyati (keyingi oʻrinlarda sport jamiyati deb ataladi) hamda Oʻzbekiston talabalar sporti assotsiatsiyasining (keyingi oʻrinlarda Assotsiatsiya deb ataladi) taʼlim muassasalaridagi filiali hisoblanadi.
Sport klubi “Nodavlat notijorat tashkilotlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 9-moddasiga muvofiq yuridik shaxs sifatida tashkil etilishi mumkin.
3. Sport klubi tegishlicha sport jamiyati hamda Assotsiatsiyaning ramziy belgilaridan foydalanadi.
4. Sport klubiga nom berish tegishliligi boʻyicha sport jamiyati va Assotsiatsiya tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
2-bob. Sport klubining maqsadi va asosiy vazifalari
5. Sport klubining maqsadi davlat taʼlim muassasalarining oʻquvchilari, talabalari, pedagog va boshqa xodimlari oʻrtasida jismoniy tarbiya va sportni keng targʻib qilish, ularning muntazam ravishda jismoniy tarbiya bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoitlar yaratish, oʻquvchilar va talabalarning taʼlim olishdan tashqari sport taʼlimi tizimini yanada takomillashtirish orqali isteʼdodli yoshlarni saralab olishdan iborat.
6. Sport klubining vazifalari quyidagilardan iborat:
a) oʻquvchilar va talabalar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish hamda jismoniy tarbiya va sportni keng targʻib qilish, ularning muntazam ravishda jismoniy tarbiya bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;
oʻquvchilar va talabalar oʻrtasida sport turlari boʻyicha jamoalar tashkil etish, ular oʻrtasida turli sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini, xususan, “maktab ligasi” va “talabalar ligasi”ni tashkil etish orqali isteʼdodli yosh sportchilarni aniqlash;
b) umumtaʼlim maktablarida:
jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari tarkibini yuqori mahoratli sportchilar orasidan tanlov asosida shakllantirib borish;
oʻquvchilar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish hamda jismoniy tarbiya va sportni keng targʻib qilish, ularning muntazam ravishda jismoniy tarbiya bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;
sport turlari boʻyicha oʻquvchilardan iborat jamoalarni shakllantirish, ular oʻrtasida turli sport musobaqalari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini, xususan, “maktab chempionati”ni tashkil etish orqali isteʼdodli yosh sportchilarni aniqlash;
jismoniy tarbiya oʻqituvchilarini jalb qilgan holda oʻquvchilar orasidan isteʼdodli yoshlarni saralab olish (seleksiya) hamda sport maktablari sport zaxirasini shakllantirish;
maktab sport klubi mashgʻulotlari jarayoniga jamoatchilik asosida malakali trenerlar va mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, ilgʻor tajribani joriy qilish;
v) akademik litseylar va kasbiy taʼlim tashkilotlarida — oʻquvchilar orasidan jismoniy tarbiya oʻqituvchilarini jalb qilgan holda isteʼdodli yoshlarni saralash va ixtisoslashtirilgan sport maktablari sport zaxirasini shakllantirish, shuningdek, sport musobaqalarida ishtirok etish uchun sport turlari boʻyicha haftasiga kamida 6 soatdan sport toʻgaraklari mashgʻulotlarini tashkil etish;
g) oliy taʼlim tashkilotlarida — isteʼdodli yoshlarni saralab olish (seleksiya) va sport turlari boʻyicha milliy terma jamoalar hamda Sport turlarini rivojlantirish respublika markazlari sport zaxirasini shakllantirish, shuningdek, sport musobaqalarida ishtirok etish uchun sport turlari boʻyicha haftasiga kamida 6 soatdan sport toʻgaraklari mashgʻulotlarini tashkil etish;
d) jismoniy tarbiya va sport mashgʻulotlari jarayoniga mashgʻulotlar oʻtkazish uchun malakali trenerlar va mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, ilgʻor tajribani joriy qilish.
3-bob. Sport klubining huquq va majburiyatlari
7. Sport klubi quyidagi huquqlarga ega:
oʻz aʼzolari va qatnashchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini ifodalash hamda himoya qilish;
sport klubi tuzilgan hududda jismoniy tarbiya va sport masalalariga doir tashabbuslar bilan chiqish, davlat hokimiyati va boshqaruvi organlariga takliflar kiritish;
davlat hokimiyati va boshqaruvi organlarining qarorlarini ishlab chiqishda qonun hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda ishtirok etish;
oʻz faoliyati toʻgʻrisida axborot tarqatish;
oʻz muassisining Nizomida belgilangan maqsadlariga mos keladigan doiralarda tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish;
oʻz faoliyatiga taalluqli masalalar yuzasidan yigʻilishlar oʻtkazish;
belgilangan tartibda pullik sogʻlomlashtirish xizmatlarini koʻrsatish.
Sport klubi qonun hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8. Sport klubi quyidagilarga majbur:
qonun hujjatlari va taʼsis hujjatlariga rioya etish;
oʻz mol-mulki va pul mablagʻlaridan foydalanish, shu jumladan, moliyalashtirish manbalari toʻgʻrisidagi axborot bilan klub aʼzolarining tanishishi erkinligini taʼminlash;
roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ bilan tadbirlar oʻtkazishni kelishib olish va uning vakiliga oʻtkazilayotgan tadbirlarga erkin kirish imkonini berish;
sport klubi vakillarining chet mamlakatlarga sport klubining faoliyati bilan bogʻliq tashriflari uyushtirilishi haqida roʻyxatdan oʻtkazuvchi organni oʻz vaqtida xabardor qilish.
Sport klubiga qonun hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
4-bob. Sport klubi faoliyatini tashkil etish
9. Sport klubini tashkil etish uchun davlat taʼlim muassasasining sport inshooti (sport tadbirlari va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarini, sport turlari boʻyicha oʻquv-mashq mashgʻulotlari va oʻquv-mashq yigʻinlarini oʻtkazish uchun moʻljallangan, oʻziga qoʻyiladigan norma va talablarga javob beradigan hamda tegishli pasportga ega boʻlgan yopiq yoki ochiq tipdagi ixtisoslashtirilgan inshoot) mavjud boʻlishi, shuningdek, zarur sport anjomlari va uskunalar bilan taʼminlanishi lozim.
Sport klubi davlat taʼlim muassasasining sport inshootlarida darsdan tashqari vaqtlarda tekinga foydalanadi.
10. Sport klubi rahbarligiga jamoatchilik asosida davlat taʼlim muassasasi rahbari (direktor, rektor) saylanishi mumkin.
11. Sport klubi faoliyati samaradorligini oshirishga sport klubi tashkil etilgan davlat taʼlim muassasasi rahbari bevosita javobgardir.
12. Sport klubida sport toʻgaragi ishlari sport klubi tashkil etilgan davlat taʼlim muassasalarining jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari (yoʻriqchilari) tomonidan jamoatchilik asosida olib borilishi, sport toʻgaragi ishlarini samarali tashkil etgan davlat taʼlim muassasalarining jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari (yoʻriqchilari) sport klubi rahbari tomonidan klub mablagʻlari hisobiga moddiy ragʻbatlantirilishi mumkin.
13. Sport klubidagi sport toʻgaragi ishlari davlat taʼlim muassasalarining jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilarining pedagogik yuklamalaridan oʻrin olgan soatlar hamda davlat taʼlim muassasasi ixtiyoridagi soatlar hisobiga amalga oshiriladi.
14. Davlat taʼlim muassasalarining jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari (yoʻriqchilari) yillik ish rejalari, pedagogik yuklamalari soatlarini belgilash va tasdiqlashda sport toʻgaragi ishlari, sport tadbirlari hamda oʻquvchilar bilan ishlash nazarda tutilgan boʻlishi zarur.
15. Sport klubi tomonidan oʻquv yilining boshlangan (sentabr) oyida ushbu oʻquv yili davomida oʻtkaziladigan ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari kalendar rejasi ishlab chiqiladi. Ushbu kalendar reja Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sport vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sport boshqarmalari bilan kelishgan holda sport klubi rahbari tomonidan amalga oshiriladi.
16. Sport klubi oʻz aʼzolarining talablariga koʻra sport turlari boʻyicha trener jalb qilgan xolda pullik sport toʻgaraklari tashkil etishi mumkin.
5-bob. Sport klubiga aʼzo boʻlish hamda aʼzolarning huquq va majburiyatlari
17. Sport klubiga sport klubi tashkil etilgan davlat taʼlim muassasasida taʼlim olayotgan va faoliyat olib borayotgan oʻn yoshga toʻlgan oʻquvchilar, talabalar, pedagoglar va boshqa xodimlar ixtiyoriy aʼzo boʻlishi mumkin.
18. Sport klubiga aʼzo boʻlish voyaga yetgan jismoniy shaxslar (voyaga yetmaganlar uchun ularning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar)ning yozma arizalari hamda sport klubi rahbarining buyrugʻiga asosan amalga oshiriladi.
19. Oʻquvchi (talaba)lar bir taʼlim muassasasidan boshqasiga yoki taʼlimning keyingi bosqichiga oʻtganida ushbu sport klubi safidan chiqariladi hamda tanlangan davlat taʼlim muassasasi huzuridagi sport klubiga ixtiyoriy ravishda qabul qilinadi.
20. Davlat taʼlim muassasasida asosiy xodim sifatida faoliyat yuritayotgan pedagoglar va boshqa xodimlar boshqa taʼlim muassasasida oʻrindosh sifatida mehnat faoliyatini yuritayotgan boʻlsa, oʻrindosh sifatida mehnat faoliyatini yuritayotgan davlat taʼlim muassasasi huzuridagi sport klubiga ham aʼzo boʻlishi mumkin.
21. Davlat taʼlim muassasasida asosiy xodim sifatida faoliyat yuritayotgan pedagoglar va boshqa xodimlar sport musobaqalari va tadbirlarida asosiy xodim sifatida faoliyat yuritayotgan davlat taʼlim muassasasi huzuridagi sport klubi nomi bilan ishtirok etadi.
Bir vaqtning oʻzida boshqa taʼlim muassasasida oʻrindosh sifatida mehnat faoliyatini yuritayotgan pedagoglar va boshqa xodimlarning sport tadbirlari va musobaqalarida bir vaqtning oʻzida ikkita davlat taʼlim muassasasi huzuridagi sport klublari nomidan ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
22. Sport klubi aʼzolari teng huquqli boʻlib, ular quyidagi huquqlarga ega:
oʻz xohishiga koʻra sport klubi aʼzoligidan chiqish;
sport klubi tomonidan oʻtkazilayotgan ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari, sport tadbirlari va musobaqalarida, shuningdek, xalqaro sport tadbirlari va musobaqalarida sport klubi nomi bilan qatnashish.
Sport klubi aʼzolari qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
23. Sport klubi aʼzolari quyidagilarga majbur:
sport klubi faoliyatini tartibga soladigan normativ-huquqiy hujjatlar va ushbu Nizomda belgilangan talablarga amal qilish;
sport klubi tomonidan oʻtkaziladigan turli sport tadbirlari, koʻrgazmalarda faol ishtirok etish.
6-bob. Sport klubini moliyalashtirish
24. Sport klubi quyidagi manbalar hisobiga moliyalashtiriladi:
sport jamiyatining budjetdan tashqari mablagʻlari (umumtaʼlim maktablari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
Assotsiatsiya mablagʻlari (akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
xorijiy va xalqaro tashkilotlar hamda xorijiy davlatlarning grantlari;
taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari hamda talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar (akademik litseylar, oʻrta maxsus professional taʼlim va oliy taʼlim muassasalari huzurida tashkil qilingan sport klublari uchun);
sport klublariga aʼzolik badallari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7-bob. Sport klubi faoliyati toʻgʻrisida hisobot tuzish va taqdim etish tartibi
25. Sport klubi rahbari sport klubi faoliyatining natijalari hisobini yuritadi hamda roʻyxatdan oʻtkazuvchi organga belgilangan tartibda (sport klubi yuridik shaxs hisoblangan taqdirda), sport klubi tashkil etilgan davlat muassasasi rahbariga (davlat muassasasining pedagogika kengashiga) har oyda, sport jamiyati va Assotsiatsiyaga har chorakda bir marta taqdim etib boradi.
26. Sport jamiyati va Assotsiatsiya sport klublari faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotni har yarim yilda bir marta tegishliligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga kiritib boradi.
27. Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi davlat taʼlim muassasalari huzurida tashkil etilgan sport klublari faoliyati toʻgʻrisida axborot soʻrash huquqiga ega.
8-bob. Yakuniy qoida
28. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 16-iyul,
542-son