UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 24 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 July 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

тузилмаси

Навоий вилоятида ўрмон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Навоий вилоятида ўрмон фонди ерларининг ҳолатини яхшилаш, қайта тиклаш, чўл ҳудудларидаги самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, яйловзорлар, писта, бодом плантацияларини барпо этиш ҳамда доривор ўсимликларни етиштиришни кўпайтириш, ўрмонзорларни кўпайтириш, иҳота ўрмонзорларини барпо этишда инновацион усулларни қўллаш, чўл ҳудудлари хусусиятларини тадқиқ қилиш, юртимизда ўсмайдиган чўл ўсимликлари турларини интродукция қилиш, чўлда ўрмон барпо этиш ишларини илмий асосда ташкил қилиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида давлат муассасаси шаклидаги:

Навоий вилоятининг Нурота туманида Нурота давлат ўрмон хўжалиги;

Навоий вилоятининг Кармана туманида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилсин.

2. Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий марказининг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 6 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Нурота давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

Нурота тумани ҳудудида писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш ҳамда кўчатхоналар ташкил этиш;

ўрмонларни тиклаш, иҳота ўрмонзорларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар, ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш;

ўрмонларни ёнғиндан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа бузилишларидан муҳофаза қилиш ва назоратини олиб бориш.

4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўрмон фонди ерларида шўрланишга ва сувсизликка чидамли ўсимликларни етиштиришнинг илмий асосланган агротехнологиясини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

чўл ҳудудларида яйловларни қайта тиклаш ва кўпайтириш чора-тадбирларини амалга оширишни илмий асослаш;

чўл ўсимликлари кўчатларини етиштиришнинг илмий асосларини ҳамда истиқболли технологияларини ишлаб чиқиш;

ўрмон фонди ерларининг ҳолатини яхшилаш, ўрмонларни кенгайтириш ва қайта тиклаш, иҳота ўрмонзорлари барпо этиш бўйича самарали инновацион усулларни ишлаб чиқиш;

қум кўчиши ва шамол эрозияларига қарши ўрмон барпо этишнинг илмий асосланган технологияларини ишлаб чиқиш;

доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, қурғоқчилик, зараркунанда, касалликларга чидамли чўл ўсимликларини интродукция қилиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

халқаро илмий ва ўқув семинарлар ҳамда анжуманлар ташкил этиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бир ой муддатда Нурота давлат ўрмон хўжалиги ҳамда Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази уставларини белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

6. Навоий вилояти ҳокимлиги:

бир ой муддатда Нурота давлат ўрмон хўжалигига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бино ажратилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Навоий вилоятининг Нурота тумани ҳудудидаги ер майдонларини хатловдан ўтказиб, табиий ўрмонзорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Нурота давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилишини ҳамда ер-кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигининг кўчатчилик иссиқхона комплексини Марказга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилишини таъминласин.

7. Белгилансинки, Марказ директори Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори тавсиясига кўра Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Марказ директори мақомига кўра, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори ўринбосарига тенглаштирилади.

8. Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва Марказнинг 2018 йилги фаолияти Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва бюджетдан ташқари бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

2019 йилдан бошлаб Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва Марказ фаолияти Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга асосан Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Марказ ходимларига республика илмий-тадқиқот институтлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби татбиқ этилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент кимё технологиялари илмий-тадқиқот институти билан биргаликда Нурота давлат ўрмон хўжалигида 2018 — 2021 йилларда:

Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Сентапсой ва Чўя ҳудудларида инновацион технологияларни қўллаган ҳолда 10 минг гектар майдонда писта плантацияларини босқичма-босқич барпо этиш ҳамда унинг қатор орасида 5 минг гектар майдонда каврак етиштиришни ташкил этиш учун ўрмон хўжаликлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни халқаро грантларини жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш;

Марказ фаолияти учун зарур замонавий лаборатория жиҳозларини сотиб олиш ҳамда фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий грантларини жалб этиш чораларини кўрсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда Нурота давлат ўрмон хўжалиги ва Марказга уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари таъминотига лимит ажратилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳамда Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Навоий вилоятининг Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида 2018-2020 йилларда 150 минг гектар майдонда саксовулзор ва озуқага бой яйловларни барпо этиш чораларини кўрсинлар.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 734-модда) 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Навоий вилояти ҳокими Қ.Б. Турсунов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 568-сон қарорига 1-ИЛОВА

Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий марказининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 568-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар

1. 4-иловадаги «Андижон филиали» блокидан кейин «Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази» блоки қўшилсин.

2. 5-илованинг 16-банди саккизинчи хатбошисидаги «раҳбарларини» сўзидан кейин «(Андижон филиали ва Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази директорлари бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 24 июль,

568-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 09/18/568/1564-сон; 14.12.2020 й., 09/20/777/1620-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

tuzilmasi

Navoiy viloyatida oʻrmon xoʻjaliklarini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Navoiy viloyatida oʻrmon fondi yerlarining holatini yaxshilash, qayta tiklash, choʻl hududlaridagi samarasiz foydalanilayotgan yer maydonlaridan unumli foydalanish, yaylovzorlar, pista, bodom plantatsiyalarini barpo etish hamda dorivor oʻsimliklarni yetishtirishni koʻpaytirish, oʻrmonzorlarni koʻpaytirish, ihota oʻrmonzorlarini barpo etishda innovatsion usullarni qoʻllash, choʻl hududlari xususiyatlarini tadqiq qilish, yurtimizda oʻsmaydigan choʻl oʻsimliklari turlarini introduksiya qilish, choʻlda oʻrmon barpo etish ishlarini ilmiy asosda tashkil qilish maqsadida, Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tizimida davlat muassasasi shaklidagi:

Navoiy viloyatining Nurota tumanida Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligi;

Navoiy viloyatining Karmana tumanida Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot instituti huzurida Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazi (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) tashkil etilsin.

2. Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazining boshqaruv xodimlarining umumiy cheklangan soni 6 nafardan iborat boʻlgan tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Quyidagilar Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligining asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

oʻrmon barpo etish, oʻrmon fondini har tomonlama kengaytirish, ularni muhofaza qilish va oʻrmon boyliklaridan oqilona foydalanishga qaratilgan tadbirlarni amalga oshirish;

Nurota tumani hududida pista, bodom va dorivor oʻsimliklar plantatsiyalarini barpo etish hamda koʻchatxonalar tashkil etish;

oʻrmonlarni tiklash, ihota oʻrmonzorlarini koʻpaytirish chora-tadbirlarini ishlab chiqish va amalga oshirish, togʻ yonbagʻirlari, jarliklar, tashlandiq yerlarda eroziyaga qarshi daraxtzorlar barpo etish;

oʻrmonlarni yongʻindan, zararkunanda va kasalliklardan, noqonuniy daraxt kesishdan va oʻrmon toʻgʻrisidagi qonun hujjatlarining boshqa buzilishlaridan muhofaza qilish va nazoratini olib borish.

4. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

oʻrmon fondi yerlarida shoʻrlanishga va suvsizlikka chidamli oʻsimliklarni yetishtirishning ilmiy asoslangan agrotexnologiyasini yaratish boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlarini olib borish;

choʻl hududlarida yaylovlarni qayta tiklash va koʻpaytirish chora-tadbirlarini amalga oshirishni ilmiy asoslash;

choʻl oʻsimliklari koʻchatlarini yetishtirishning ilmiy asoslarini hamda istiqbolli texnologiyalarini ishlab chiqish;

oʻrmon fondi yerlarining holatini yaxshilash, oʻrmonlarni kengaytirish va qayta tiklash, ihota oʻrmonzorlari barpo etish boʻyicha samarali innovatsion usullarni ishlab chiqish;

qum koʻchishi va shamol eroziyalariga qarshi oʻrmon barpo etishning ilmiy asoslangan texnologiyalarini ishlab chiqish;

dorivor oʻsimliklar plantatsiyalarini tashkil etish, qurgʻoqchilik, zararkunanda, kasalliklarga chidamli choʻl oʻsimliklarini introduksiya qilish boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish;

xalqaro ilmiy va oʻquv seminarlar hamda anjumanlar tashkil etish.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bir oy muddatda Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligi hamda Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazi ustavlarini belgilangan tartibda tasdiqlanishini taʼminlasin.

6. Navoiy viloyati hokimligi:

bir oy muddatda Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligiga tekin foydalanish huquqi bilan bino ajratilishini;

Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda ikki oy muddatda Navoiy viloyatining Nurota tumani hududidagi yer maydonlarini xatlovdan oʻtkazib, tabiiy oʻrmonzorlar va samarasiz foydalanilayotgan yer maydonlarini doimiy foydalanish huquqi bilan Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligiga belgilangan tartibda ajratib berilishini hamda yer-kadastr hujjatlariga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishini;

Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda Navoiy viloyatining Karmana tumanidagi Navoiy davlat oʻrmon xoʻjaligining koʻchatchilik issiqxona kompleksini Markazga tekin foydalanish huquqi asosida berilishini taʼminlasin.

7. Belgilansinki, Markaz direktori Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot instituti direktori tavsiyasiga koʻra Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi raisi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.

Markaz direktori maqomiga koʻra, Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot instituti direktori oʻrinbosariga tenglashtiriladi.

8. Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligi va Markazning 2018-yilgi faoliyati Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari va budjetdan tashqari boshqa mablagʻlar hisobidan moliyalashtirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

9. Belgilab qoʻyilsinki:

2019-yildan boshlab Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligi va Markaz faoliyati Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tomonidan taqdim etiladigan hisob-kitoblarga asosan Moliya vazirligi tomonidan davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan mablagʻlar, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;

Markaz xodimlariga respublika ilmiy-tadqiqot institutlari xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi tatbiq etiladi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Moliya vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi, Toshkent kimyo texnologiyalari ilmiy-tadqiqot instituti bilan birgalikda Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligida 2018 — 2021-yillarda:

Navoiy viloyatining Nurota tumanidagi Sentapsoy va Choʻya hududlarida innovatsion texnologiyalarni qoʻllagan holda 10 ming gektar maydonda pista plantatsiyalarini bosqichma-bosqich barpo etish hamda uning qator orasida 5 ming gektar maydonda kavrak yetishtirishni tashkil etish uchun oʻrmon xoʻjaliklari tomonidan amalga oshiriladigan loyihalarni xalqaro grantlarini jalb etish hisobidan moliyalashtirish;

Markaz faoliyati uchun zarur zamonaviy laboratoriya jihozlarini sotib olish hamda fundamental, amaliy va innovatsion loyihalarni amalga oshirish uchun mahalliy va xorijiy grantlarini jalb etish choralarini koʻrsinlar.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda Nurota davlat oʻrmon xoʻjaligi va Markazga ularning ehtiyojidan kelib chiqib, qishloq xoʻjaligi texnikalari, avtotransport vositalari taʼminotiga limit ajratilishini taʼminlasin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi, Moliya vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi bilan birgalikda Birlashgan Millatlar Tashkilotining Choʻllanishga qarshi kurashish konvensiyasi doirasida ajratiladigan mablagʻlar hamda Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan Navoiy viloyatining Uchquduq, Tomdi va Konimex tumanlarida 2018-2020-yillarda 150 ming gektar maydonda saksovulzor va ozuqaga boy yaylovlarni barpo etish choralarini koʻrsinlar.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Oʻrmon xoʻjaligini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 19-iyuldagi 530-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2017-y., 30-son, 734-modda) 2-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari Z.T. Mirzayev, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi raisi N.J. Bakirov, Navoiy viloyati hokimi Q.B. Tursunov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 24-iyuldagi 568-son qaroriga 1-ILOVA

Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazining

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 24-iyuldagi 568-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Oʻrmon xoʻjaligini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 19-iyuldagi 530-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. 4-ilovadagi “Andijon filiali” blokidan keyin “Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazi” bloki qoʻshilsin.

2. 5-ilovaning 16-bandi sakkizinchi xatboshisidagi “rahbarlarini” soʻzidan keyin “(Andijon filiali va Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazi direktorlari bundan mustasno)” soʻzlari qoʻshilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 24-iyul,

568-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.07.2018-y., 09/18/568/1564-son; 14.12.2020-y., 09/20/777/1620-son)

lex.uz