UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 24 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 July 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 3 майдаги ПҚ-3693-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги 570-сон қарорига ИЛОВА

Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Ўзчармсаноат» уюшмасининг Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификациялаш ва экспорт қилинадиган товарларни кенгайтириш асосида уларнинг жадал ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, соҳада халқаро сифат менежменти ва стандартларини жорий қилиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини жорий қилиш мақсадида ташкил этилади.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари «Ўзчармсаноат» уюшмасининг (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) тегишли тижорат банкида миллий ва хорижий валютада очиладиган махсус банк ҳисоб рақамларида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

2-боб. Жамғарма даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби

4. Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

5. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимдан тушадиган барча маблағлар;

Уюшма аъзолари — ташкилотларнинг, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ва кредитлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Жамғарманинг маблағлари:

ярим тайёр чармдан — тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига ихтисослашадиган ташкилотларни кейинчалик қайтариш шарти билан маблағ ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

тижорат банкларининг чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, фаолият юритаётган корхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган кредитлари бўйича кафилликлар бериш;

корхоналарда ISO:9001 сифат менежменти тизимини ва бошқа халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, жумладан, ёш мутахассисларнинг хорижда ўқиши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Уюшма аъзолари — ташкилотларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишдаги харажатларини қоплаш;

Уюшманинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Уюшма ижро этувчи аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш, Уюшманинг хорижий ваколатхоналарини сақлаш ва хорижий маслаҳатчилар харажатларини қоплаш;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа мақсадлар учун сарфланади.

7. Жамғармадан мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган йўналишларда маблағлар ажратиш ва харажатларни амалга ошириш Жамғарманинг тасдиқланган харажатлар сметасида белгиланган мақсадли йўналишлар бўйича назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

8. Жамғармадан Уюшма аъзолари ҳисобланган ташкилотларнинг (кейинги ўринларда соҳа ташкилотлари деб аталади) буюртмалари бўйича маблағлар ажратиш, шу жумладан хорижий валютадаги маблағлари ҳисобидан маблағлар ажратиш Уюшма ва соҳа ташкилоти ўртасида тузиладиган қарз шартномаси ёки бошқа турдаги шартномага (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) мувофиқ фоизсиз шартларда амалга оширилади.

9. Шартномада маблағлардан фойдаланиш тартиби, маблағларнинг мақсадли йўналишлари, фойдаланиш шартлари, кейинчалик қайтариш шарти билан ажратилган маблағларни қайтариш муддати ва бошқа зарур шартлар белгиланади.

10. Жамғармадан кейинчалик қайтариш шарти билан ажратилган маблағлар шартномада белгиланган муддатларда соҳа ташкилотлари томонидан Жамғармага қайтарилиши лозим.

11. Жамғармадан соҳа ташкилотларига ажратилган маблағлар мазкур ташкилотлар томонидан шартномада кўрсатилган мақсад ва йўналишларда фойдаланилиши лозим.

12. Уюшма томонидан жойига чиқиб ўрганиш ва мониторинг натижасида Жамғармадан соҳа ташкилотларига ажратилган маблағлар мақсадсиз ёки самарасиз ишлатилганлиги аниқланган ҳолларда Уюшманинг биринчи талабига мувофиқ маблағлар ушбу ташкилотлар томонидан Жамғармага тўлиқ қайтарилиши лозим.

13. Соҳа ташкилотлари томонидан ушбу Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган йўналишларда тижорат банкларидан жалб қилинган кредитлар бўйича Жамғарма томонидан берилган кафилликлар асосида тўланган маблағлар суд тартибида тегишли ташкилотдан Жамғармага ундириб олинади.

3-боб. Жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ва унга ўзгартиришлар киритиш

14. Истиқболдаги вазифаларни сифатли амалга ошириш ва Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг мақсадлилиги ҳамда манзиллилигини таъминлаш мақсадида ҳар бир молия йили учун Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси (кейинги ўринларда смета деб аталади) тузилади ва тасдиқланади.

15. Смета лойиҳаси йил бошидаги Жамғарма маблағларининг қолдиғи, келгуси йил мобайнида Жамғармага келиб тушиши кутилаётган маблағлар ва истиқболдаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда,Уюшма томонидан тузилади. Сметанинг даромадлар ва харажатлар қисми баланслаштирилган бўлади.

16. Сметанинг даромадлар қисми молия йили бошига Жамғарма маблағлари қолдиғи ҳамда келгуси йилда келиб тушиши кутилаётган маблағлар прогнози кўрсаткичларидан таркиб топади.

17. Сметанинг харажатлар қисми мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган йўналишлар бўйича тегишли ҳисоб-китоблар, шунингдек чарм, чармни қайта ишлаш, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, йирик ва майда шохли молларни сўйиш ва терисини тайёрлаш, мўйна хом ашёси ва жун тайёрловчи ҳамда Уюшма низомига зид бўлмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи соҳа ташкилотларининг асосли ҳисоб-китоблар билан тақдим қилинадиган Жамғарма маблағларидан фойдаланиш учун буюртмалари асосида шакллантирилади.

18. Келгуси йилга Жамғармадан зарур маблағларни олиш учун соҳа ташкилотлари томонидан буюртмалар Уюшмага жорий йилнинг 1 октябрига қадар расмий почта ёки электрон почта алоқаси орқали тақдим этилади.

19. Жамғармадан маблағларни олиш учун буюртмада қуйидагилар кўрсатилиши лозим ташкилотнинг тўлиқ номи ва реквизитлари;

Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг аниқ мақсадлари ва кутиладиган натижа, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари бўйича таклифларни ўз ичига олган асослантириш (тушунтириш) хати;

сўралаётган маблағлар миқдори (ҳисоб-китоби) ва маблағларга бўлган эҳтиёж асослаб берилган ҳужжатлар.

20. Смета лойиҳасини тузиш Уюшма томонидан амалга оширилади ва жорий молия йилининг 1 декабридан кечикмасдан Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишига кўриб чиқиш ва келишиш учун киритилади.

21. Смета лойиҳаси Уюшма томонидан киритилганидан сўнг ўн иш куни муддатида Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан кўриб чиқилади.

22. Смета лойиҳаси бўйича Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан таклиф ва эътирозлар билдирилган тақдирда смета лойиҳаси таклиф ва эътирозлар инобатга олинган ҳолда Уюшма томонидан қайта ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Уюшма бошқаруви раисига киритилади.

Смета молия йилининг 25 декабрига қадар Уюшма бошқаруви раиси томонидан тасдиқланади.

23. Молия йили мобайнида Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши билан келишилган ҳолда сметага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

24. Молия йили давомида фойдаланилмаган (ўзлаштирилмаган) жамғарма маблағлари келгуси молия йилига ўтади.

4-боб. Жамғарма маблағларини бошқаришда Уюшманинг ва соҳа ташкилотларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

25. Уюшма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Жамғарма маблағлари ҳисобидан мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган харажатларни молиялаштириш учун миллий ва хорижий валютада маблағлар ажратиш;

соҳа ташкилотларидан Жамғарма маблағларини бошқариш учун зарур бўлган ахборотни ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш;

Жамғарма маблағларининг мақсадли йўналтирилиши бўйича мониторингни амалга ошириш учун мустақил экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш;

Жамғармадан ажратилган маблағлар мақсадсиз ёки самарасиз фойдаланилганлиги аниқланган ҳолларда соҳа ташкилотларидан маблағларни тўлиқ қайтаришни талаб қилиш;

тижорат банкларининг соҳа ташкилотларига ушбу Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган йўналишларда берилган кредитлари бўйича Жамғарма томонидан берилган кафилликлар асосида тўланган маблағларни суд тартибида тегишли ташкилотдан Жамғармага ундириб олиш.

26. Уюшма қуйидагиларга мажбур:

Жамғарма маблағларини соҳа ташкилотлари томонидан мақсадли ишлатилишини ва ўз вақтида қайтарилишини доимий назорат қилиш;

соҳа ташкилотларининг асосли ҳисоб-китоблар билан тақдим қилинадиган Жамғарма маблағларидан фойдаланиш учун буюртмаларини кўриб чиқиш;

Жамғарма маблағлари тушуми ва маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни юритиш мазкур Низомда белгиланган муддатларда тегишли органларга тақдим этишга мажбур.

27. Уюшма Жамғарма маблағларининг қонуний ва мақсадли йўналтирилиши, соҳа ташкилотларининг буюртмаларини ўз вақтида кўриб чиқилиши, ўз вақтида маблағлар ажратилиши, шунингдек, Жамғарма маблағлари бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлари ташкил этилиши учун жавобгардир.

28. Соҳа ташкилотлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Низомда белгиланган тартибда Жамғармадан маблағлар олиш учун буюртмалар тақдим этиш ва маблағлар олиш;

тижорат банкларидан ушбу Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган йўналишларда кредитлар олишда Жамғармадан кафилликлар олиш.

29. Соҳа ташкилотлари қуйидагиларга мажбур:

Жамғармадан ажратилган маблағлардан, шунингдек Жамғармадан кафилликлар олинган кредитлардан қонуний ва мақсадли фойдаланиш;

Жамғармадан ажратилган маблағлардан, шунингдек Жамғармадан кафилликлар олинган кредитлардан қонуний ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан ҳар чоракда Уюшмага ҳисобот бериш.

30. Соҳа ташкилотлари мазкур Низом билан белгиланган ўзларига юкланган мажбуриятлари бўйича жавобгардирлар.

5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоб, ҳисобот ва назорат

31. Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши ҳисоби Уюшма томонидан алоҳида юритилади ва ярим йиллик ҳисоботлар тузилади.

32. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан, ярим тайёр чармни экспорт қилишда ундириладиган йиғим маблағларидан фойдаланиш қисми устидан назорат эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

33. Уюшманинг ижро этувчи аппарати ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунигача Жамғарма маблағларидан фойдаланиши тўғрисида ҳисоботни Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишига, ярим тайёр чармни экспорт қилишда ундириладиган йиғим маблағларидан фойдаланиш қисми бўйича ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Соҳа ташкилотлари Жамғарма маблағларидан фойдаланиш учун Уюшмага буюртма беради. Эҳтиёжга қараб келгуси йил учун жорий йилнинг 1 октябригача 2-босқич Уюшма Мазкур Низомда назарда тутилган манбалар ва тегишли йўналишлар, шунингдек соҳа ташкилотларининг буюртмаларига асосан смета лойиҳасини тузади ва Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишига кўриб чиқиш ва келишиш учун киритади. Жорий молия йилининг 1 декабридан кечикмасдан 3-босқич Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши Смета лойиҳасини кўриб чиқади. Смета лойиҳаси киритилганидан сўнг ўн иш куни муддатида 4-босқич Уюшма бошқаруви раиси Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишидан таклиф ва эътирозлар бўлмаганида сметани тасдиқлайди. Молия йилининг 25 декабрига қадар 5-босқич Уюшма ва соҳа ташкилотлари Жамғармадан маблағлар ажратиш бўйича ўзаро шартнома тузади. Эҳтиёжга қараб молия йили мобайнида 6-босқич Уюшма 1. Мазкур Низомда белгиланган йўналишларда харажатларни амалга оширади. 2. Соҳа ташкилотлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ жамғармадан маблағлар ажратади. 1. Эҳтиёжга қараб. 2. Шартнома шартларига мувофиқ 7-босқич Соҳа ташкилотлари 1. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланади. 2. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Уюшмага ҳисобот тақдим этади. 1. Шартнома шартларига мувофиқ. 2. Ҳар чоракда 8-босқич Уюшма 1. Жамғарма маблағларидан фойдаланиши тўғрисида ҳисоботни Уюшма аъзоларининг умумий йиғилишига тақдим этади. 2. Ярим тайёр чармни экспорт қилишда ундириладиган йиғим маблағларидан фойдаланиш қисми бўйича ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади. Ҳар ярим йилда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунигача

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 24 июль,

570-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 09/18/570/1566-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Charm-poyabzal va moʻynachilik sohalarini rivojlantirish va eksport salohiyatini oshirishni yanada ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 3-maydagi PQ-3693-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Vazirliklar va idoralar bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi raisi S.R. Xolmuradov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 24-iyuldagi 570-son qaroriga ILOVA

Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Oʻzcharmsanoat” uyushmasining Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma charm-poyabzal va moʻynachilik sohalarini boshqarish tizimining samaradorligini oshirish, xomashyoni qayta ishlashni chuqurlashtirish, ilgʻor texnologiyalarni joriy etish, ishlab chiqarilayotgan mahsulot turlarini diversifikatsiyalash va eksport qilinadigan tovarlarni kengaytirish asosida ularning jadal rivojlanishi uchun shart-sharoit yaratish, sohada xalqaro sifat menejmenti va standartlarini joriy qilish, kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirishning samarali tizimini joriy qilish maqsadida tashkil etiladi.

3. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari “Oʻzcharmsanoat” uyushmasining (keyingi oʻrinlarda Uyushma deb ataladi) tegishli tijorat bankida milliy va xorijiy valyutada ochiladigan maxsus bank hisob raqamlarida jamlanadi hamda ushbu Nizomda belgilangan maqsadlarga sarflanadi.

2-bob. Jamgʻarma daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi

4. Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish ushbu Nizomning ilovasida keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

5. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasi orqali yarim tayyor charmni (TIF TN boʻyicha 4104, 4105, 41062 kodlari) olib chiqishga ruxsatnoma berish uchun undiriladigan yigʻimdan tushadigan barcha mablagʻlar;

Uyushma aʼzolari — tashkilotlarning, shuningdek boshqa yuridik va jismoniy shaxslarning ixtiyoriy ajratmalari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari va kreditlari;

Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlari;

qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Jamgʻarmaning mablagʻlari:

yarim tayyor charmdan — tayyor mahsulot ishlab chiqarishgacha boʻlgan toʻliq ishlab chiqarish sikliga ixtisoslashadigan tashkilotlarni keyinchalik qaytarish sharti bilan mablagʻ ajratish orqali moliyaviy qoʻllab-quvvatlash;

tijorat banklarining charm-poyabzal, charm-attorlik, moʻyna, qorakoʻl mahsulotlari va jundan ishlangan mahsulotlarni ishlab chiqarish boʻyicha yangi ishlab chiqarish quvvatlarini tashkil etish, faoliyat yuritayotgan korxonalarni modernizatsiya va rekonstruksiya qilish uchun ajratiladigan kreditlari boʻyicha kafilliklar berish;

korxonalarda ISO:9001 sifat menejmenti tizimini va boshqa xalqaro standartlarni joriy etish boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish;

kadrlar tayyorlash va qayta tayyorlash, mutaxassislar malakasini oshirish, jumladan, yosh mutaxassislarning xorijda oʻqishi va stajirovka oʻtashi bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;

Uyushma aʼzolari — tashkilotlarning xalqaro koʻrgazmalar va yarmarkalarda ishtirok etishdagi xarajatlarini qoplash;

Uyushmaning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, Uyushma ijro etuvchi apparati xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish, Uyushmaning xorijiy vakolatxonalarini saqlash va xorijiy maslahatchilar xarajatlarini qoplash;

qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa maqsadlar uchun sarflanadi.

7. Jamgʻarmadan mazkur Nizomning 6-bandida belgilangan yoʻnalishlarda mablagʻlar ajratish va xarajatlarni amalga oshirish Jamgʻarmaning tasdiqlangan xarajatlar smetasida belgilangan maqsadli yoʻnalishlar boʻyicha nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.

8. Jamgʻarmadan Uyushma aʼzolari hisoblangan tashkilotlarning (keyingi oʻrinlarda soha tashkilotlari deb ataladi) buyurtmalari boʻyicha mablagʻlar ajratish, shu jumladan xorijiy valyutadagi mablagʻlari hisobidan mablagʻlar ajratish Uyushma va soha tashkiloti oʻrtasida tuziladigan qarz shartnomasi yoki boshqa turdagi shartnomaga (keyingi oʻrinlarda shartnoma deb ataladi) muvofiq foizsiz shartlarda amalga oshiriladi.

9. Shartnomada mablagʻlardan foydalanish tartibi, mablagʻlarning maqsadli yoʻnalishlari, foydalanish shartlari, keyinchalik qaytarish sharti bilan ajratilgan mablagʻlarni qaytarish muddati va boshqa zarur shartlar belgilanadi.

10. Jamgʻarmadan keyinchalik qaytarish sharti bilan ajratilgan mablagʻlar shartnomada belgilangan muddatlarda soha tashkilotlari tomonidan Jamgʻarmaga qaytarilishi lozim.

11. Jamgʻarmadan soha tashkilotlariga ajratilgan mablagʻlar mazkur tashkilotlar tomonidan shartnomada koʻrsatilgan maqsad va yoʻnalishlarda foydalanilishi lozim.

12. Uyushma tomonidan joyiga chiqib oʻrganish va monitoring natijasida Jamgʻarmadan soha tashkilotlariga ajratilgan mablagʻlar maqsadsiz yoki samarasiz ishlatilganligi aniqlangan hollarda Uyushmaning birinchi talabiga muvofiq mablagʻlar ushbu tashkilotlar tomonidan Jamgʻarmaga toʻliq qaytarilishi lozim.

13. Soha tashkilotlari tomonidan ushbu Nizomning 6-bandi uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan yoʻnalishlarda tijorat banklaridan jalb qilingan kreditlar boʻyicha Jamgʻarma tomonidan berilgan kafilliklar asosida toʻlangan mablagʻlar sud tartibida tegishli tashkilotdan Jamgʻarmaga undirib olinadi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetalarini tuzish, tasdiqlash va unga oʻzgartirishlar kiritish

14. Istiqboldagi vazifalarni sifatli amalga oshirish va Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishning maqsadliligi hamda manzilliligini taʼminlash maqsadida har bir moliya yili uchun Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi (keyingi oʻrinlarda smeta deb ataladi) tuziladi va tasdiqlanadi.

15. Smeta loyihasi yil boshidagi Jamgʻarma mablagʻlarining qoldigʻi, kelgusi yil mobaynida Jamgʻarmaga kelib tushishi kutilayotgan mablagʻlar va istiqboldagi vazifalardan kelib chiqqan holda,Uyushma tomonidan tuziladi. Smetaning daromadlar va xarajatlar qismi balanslashtirilgan boʻladi.

16. Smetaning daromadlar qismi moliya yili boshiga Jamgʻarma mablagʻlari qoldigʻi hamda kelgusi yilda kelib tushishi kutilayotgan mablagʻlar prognozi koʻrsatkichlaridan tarkib topadi.

17. Smetaning xarajatlar qismi mazkur Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan yoʻnalishlar boʻyicha tegishli hisob-kitoblar, shuningdek charm, charmni qayta ishlash, charm mahsulotlari ishlab chiqarish, yirik va mayda shoxli mollarni soʻyish va terisini tayyorlash, moʻyna xomashyosi va jun tayyorlovchi hamda Uyushma nizomiga zid boʻlmagan boshqa faoliyat turlari bilan shugʻullanuvchi soha tashkilotlarining asosli hisob-kitoblar bilan taqdim qilinadigan Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish uchun buyurtmalari asosida shakllantiriladi.

18. Kelgusi yilga Jamgʻarmadan zarur mablagʻlarni olish uchun soha tashkilotlari tomonidan buyurtmalar Uyushmaga joriy yilning 1-oktabriga qadar rasmiy pochta yoki elektron pochta aloqasi orqali taqdim etiladi.

19. Jamgʻarmadan mablagʻlarni olish uchun buyurtmada quyidagilar koʻrsatilishi lozim tashkilotning toʻliq nomi va rekvizitlari;

Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishning aniq maqsadlari va kutiladigan natija, mavjud muammolar va ularni hal etish yoʻllari boʻyicha takliflarni oʻz ichiga olgan asoslantirish (tushuntirish) xati;

soʻralayotgan mablagʻlar miqdori (hisob-kitobi) va mablagʻlarga boʻlgan ehtiyoj asoslab berilgan hujjatlar.

20. Smeta loyihasini tuzish Uyushma tomonidan amalga oshiriladi va joriy moliya yilining 1-dekabridan kechikmasdan Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishiga koʻrib chiqish va kelishish uchun kiritiladi.

21. Smeta loyihasi Uyushma tomonidan kiritilganidan soʻng oʻn ish kuni muddatida Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishi tomonidan koʻrib chiqiladi.

22. Smeta loyihasi boʻyicha Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishi tomonidan taklif va eʼtirozlar bildirilgan taqdirda smeta loyihasi taklif va eʼtirozlar inobatga olingan holda Uyushma tomonidan qayta ishlab chiqiladi va tasdiqlash uchun Uyushma boshqaruvi raisiga kiritiladi.

Smeta moliya yilining 25-dekabriga qadar Uyushma boshqaruvi raisi tomonidan tasdiqlanadi.

23. Moliya yili mobaynida Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishi bilan kelishilgan holda smetaga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.

24. Moliya yili davomida foydalanilmagan (oʻzlashtirilmagan) jamgʻarma mablagʻlari kelgusi moliya yiliga oʻtadi.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarishda Uyushmaning va soha tashkilotlarining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi

25. Uyushma quyidagi huquqlarga ega:

Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan mazkur Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish uchun milliy va xorijiy valyutada mablagʻlar ajratish;

soha tashkilotlaridan Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish uchun zarur boʻlgan axborotni va boshqa maʼlumotlarni soʻrash hamda olish;

Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklarining depozitlariga joylashtirish;

Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli yoʻnaltirilishi boʻyicha monitoringni amalga oshirish uchun mustaqil ekspertlar va mutaxassislarni jalb etish;

Jamgʻarmadan ajratilgan mablagʻlar maqsadsiz yoki samarasiz foydalanilganligi aniqlangan hollarda soha tashkilotlaridan mablagʻlarni toʻliq qaytarishni talab qilish;

tijorat banklarining soha tashkilotlariga ushbu Nizomning 6-bandi uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan yoʻnalishlarda berilgan kreditlari boʻyicha Jamgʻarma tomonidan berilgan kafilliklar asosida toʻlangan mablagʻlarni sud tartibida tegishli tashkilotdan Jamgʻarmaga undirib olish.

26. Uyushma quyidagilarga majbur:

Jamgʻarma mablagʻlarini soha tashkilotlari tomonidan maqsadli ishlatilishini va oʻz vaqtida qaytarilishini doimiy nazorat qilish;

soha tashkilotlarining asosli hisob-kitoblar bilan taqdim qilinadigan Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish uchun buyurtmalarini koʻrib chiqish;

Jamgʻarma mablagʻlari tushumi va mablagʻlardan foydalanish toʻgʻrisidagi hisobotlarni yuritish mazkur Nizomda belgilangan muddatlarda tegishli organlarga taqdim etishga majbur.

27. Uyushma Jamgʻarma mablagʻlarining qonuniy va maqsadli yoʻnaltirilishi, soha tashkilotlarining buyurtmalarini oʻz vaqtida koʻrib chiqilishi, oʻz vaqtida mablagʻlar ajratilishi, shuningdek, Jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha buxgalteriya hisobi va hisobotlari tashkil etilishi uchun javobgardir.

28. Soha tashkilotlari quyidagi huquqlarga ega:

ushbu Nizomda belgilangan tartibda Jamgʻarmadan mablagʻlar olish uchun buyurtmalar taqdim etish va mablagʻlar olish;

tijorat banklaridan ushbu Nizomning 6-bandi uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan yoʻnalishlarda kreditlar olishda Jamgʻarmadan kafilliklar olish.

29. Soha tashkilotlari quyidagilarga majbur:

Jamgʻarmadan ajratilgan mablagʻlardan, shuningdek Jamgʻarmadan kafilliklar olingan kreditlardan qonuniy va maqsadli foydalanish;

Jamgʻarmadan ajratilgan mablagʻlardan, shuningdek Jamgʻarmadan kafilliklar olingan kreditlardan qonuniy va maqsadli foydalanilishi yuzasidan har chorakda Uyushmaga hisobot berish.

30. Soha tashkilotlari mazkur Nizom bilan belgilangan oʻzlariga yuklangan majburiyatlari boʻyicha javobgardirlar.

5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan hisob, hisobot va nazorat

31. Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishi va ulardan foydalanilishi hisobi Uyushma tomonidan alohida yuritiladi va yarim yillik hisobotlar tuziladi.

32. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi ustidan nazorat Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishi tomonidan, yarim tayyor charmni eksport qilishda undiriladigan yigʻim mablagʻlaridan foydalanish qismi ustidan nazorat esa Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.

33. Uyushmaning ijro etuvchi apparati hisobot davridan keyingi oyning 15-kunigacha Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishi toʻgʻrisida hisobotni Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishiga, yarim tayyor charmni eksport qilishda undiriladigan yigʻim mablagʻlaridan foydalanish qismi boʻyicha hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

34. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.

Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Charm-poyabzal sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi daromadlarini shakllantirish va mablagʻlaridan foydalanish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Soha tashkilotlari Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish uchun Uyushmaga buyurtma beradi. Ehtiyojga qarab kelgusi yil uchun joriy yilning 1-oktabrigacha 2-bosqich Uyushma Mazkur Nizomda nazarda tutilgan manbalar va tegishli yoʻnalishlar, shuningdek soha tashkilotlarining buyurtmalariga asosan smeta loyihasini tuzadi va Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishiga koʻrib chiqish va kelishish uchun kiritadi. Joriy moliya yilining 1-dekabridan kechikmasdan 3-bosqich Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishi Smeta loyihasini koʻrib chiqadi. Smeta loyihasi kiritilganidan soʻng oʻn ish kuni muddatida 4-bosqich Uyushma boshqaruvi raisi Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishidan taklif va eʼtirozlar boʻlmaganida smetani tasdiqlaydi. Moliya yilining 25-dekabriga qadar 5-bosqich Uyushma va soha tashkilotlari Jamgʻarmadan mablagʻlar ajratish boʻyicha oʻzaro shartnoma tuzadi. Ehtiyojga qarab moliya yili mobaynida 6-bosqich Uyushma 1. Mazkur Nizomda belgilangan yoʻnalishlarda xarajatlarni amalga oshiradi. 2. Soha tashkilotlari bilan tuzilgan shartnomalarga muvofiq jamgʻarmadan mablagʻlar ajratadi. 1. Ehtiyojga qarab. 2. Shartnoma shartlariga muvofiq 7-bosqich Soha tashkilotlari 1. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanadi. 2. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida Uyushmaga hisobot taqdim etadi. 1. Shartnoma shartlariga muvofiq. 2. Har chorakda 8-bosqich Uyushma 1. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishi toʻgʻrisida hisobotni Uyushma aʼzolarining umumiy yigʻilishiga taqdim etadi. 2. Yarim tayyor charmni eksport qilishda undiriladigan yigʻim mablagʻlaridan foydalanish qismi boʻyicha hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etadi. Har yarim yilda hisobot davridan keyingi oyning 15-kunigacha

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 24-iyul,

570-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.07.2018-y., 09/18/570/1566-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz