UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 28-aprel · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 28 апрель · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 апреля 2018 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 April 2018 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида »ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сон «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/23-сон қарорига ИЛОВА

Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситалари — ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун унинг криптографик алмаштирилишини амалга оширувчи техник ва дастурий воситалар;

банк телекоммуникация тармоғи — банк тизимининг идоравий телекоммуникация тармоғи;

кредит ахбороти алмашинуви тизими (бундан буён матнда тизим деб юритилади) — кредит ахбороти алмашинуви иштирокчилари ўртасида вужудга келадиган муносабатлар мажмуаси;

электрон ахборот — Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тизим иштирокчилари ўзаро алмашадиган электрон маълумот;

VPN тармоғи — электрон ахборот алмашинуви жараёнида алоқа каналларида бир ёки бир нечта тармоқлари боғланишларини таъминлайдиган виртуал тармоқ.

2. Кредит бюролари фаолиятини кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) асосида амалга оширади.

Кредит бюроларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан амалга оширилади .

3. Лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.

4. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Марказий банк Бошқаруви қарори билан амалга оширилади .

2-боб. Кредит бюросини ташкил этиш

5. Кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаган юридик шахслар ва (ёки) норезидент юридик шахслар кредит бюросининг муассислари (муассиси) бўлиши мумкин.

6. Имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудларда (оффшор ҳудудлар) рўйхатга олинган норезидент юридик шахслар кредит бюросининг муассислари (муассиси) бўлиши мумкин эмас.

6 1 . Кредит бюроси устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори икки миллиард сўмни ташкил этиши керак.

7. Кредит бюроси ўзининг фирма номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақли .

8. Қуйидаги шахслар кредит бюросининг ижро органи раҳбари лавозимига мувофиқ эмас деб топилади ҳамда ушбу лавозимни эгаллаши мумкин эмас:

олий иқтисодий маълумотга эга бўлмаган шахслар;

камида беш йиллик иш тажрибасига, шу жумладан кредит амалиёти билан боғлиқ йўналишда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлмаган шахслар;

ижро органи аъзоси, кузатув кенгаши аъзоси ёки ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган иштирокчи (акциядор) сифатида ёхуд бошқа усулда ўзи томонидан назорат қилинган юридик шахсни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида тўловга қобилиятсизлик ва мажбурий ликвидация ҳолатига олиб келган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар.

3-боб. Кредит бюросида дастурий-техник воситалар, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашга қўйиладиган талаблар

9. Кредит бюроси ўз фаолиятида ахборот тизимларида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқ бўлган, лицензияланган ва сертификатланган дастурий-техник воситаларга эга бўлиши ҳамда улар қуйидагиларни таъминлаши керак:

тизим иштирокчилари бўлган кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда уларнинг ходимларини идентификация ва аутентификация қилишни;

тизимдаги ахборотларнинг махфийлигини;

аутентификацияланган маълумот алмашинувини;

ахборотни шакллантириш, узатиш, фойдаланиш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларида маълумотларнинг бутлигини;

нормал фойдаланиш шароитида тизимнинг барча ресурсларига авторизациялашган рухсат ёрдамида киришни;

фойдаланувчиларнинг ресурсларга кириш чегараларини белгилашни;

фойдаланувчиларнинг тизимга кириш ва чиқиш бўйича ҳаракатларини ҳамда кириш ҳуқуқларини бузишга уринишларини қайд этишни;

фавқулодда ҳолатларда тизимнинг хавфсизлиги ва узилишларсиз фаолиятини;

ахборот хавфсизлиги бўйича хавфларни аниқлаш ва олдини олишни;

маълумотларни захиралаш ва қайта тиклаш имкониятини.

Кредит бюроси ахборот тизимларида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқ бўлган, лицензияланган ва сертификатланган дастурий-техник воситалар билан ҳимояланган скоринг бўйича дастурий таъминотига эга бўлиши лозим.

9 1 . Кредит бюросининг скоринг бўйича дастурий таъминоти потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш ва мавжуд кредит ахбороти алмашинуви тизимига интеграциялашув имкониятини бериши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

анкета саволлари;

баллаш тартиби;

ишлатиладиган коэффициентлар (моделларнинг ишончлилик даражасини тасдиқловчи кўрсаткичлар, эҳтимолий дефолт кўрсаткичлари);

математик моделлар.

10. Кредит бюросининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигини таъминлаш Кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3679, 2025 йил 23 сентябрь) мувофиқ ташкил этилади.

4-боб. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш шартлари

19. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун Марказий банкка жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолда ариза берилиб, унга қуйидагилар илова қилинади :

муассислар умумий йиғилишининг кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси ёки ягона муассиснинг кредит бюросини ташкил этиш ҳақидаги қарори;

кредит бюросининг таъсис ҳужжатлари;

кредит бюросининг раҳбари ва муассислари (муассиси) ҳақидаги маълумотлар;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг параметрлари ва жойлашуви ушбу Низом талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредит бюросининг устав фонди (устав капитали) шакллантирилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

кредит бюроси биносида ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси;

Аризада муассисларнинг (муассиснинг) электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин. Аризада электрон почта манзилининг кўрсатилиши ушбу ариза бўйича қабул қилинган қарор ҳақида хабарномани ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга розилик ҳисобланади.

20. Мазкур Низомнинг 19-бандида келтирилган барча ҳужжатлар икки нусхада ёки электрон шаклда тақдим этилади.

21. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия олиш юзасидан тақдим этилган аризага ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги барча маълумотларнинг тўғрилигига кредит бюроси муассислари (муассиси) жавобгардир.

22. Марказий банк давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади ва унга лицензия беради ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

23. Марказий банк кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин :

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун зарур бўлган, мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

таъсис ҳужжатлари ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганда;

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан, уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекс мавжуд бўлмаганда ёки дастурий-техникавий комплекс мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

кредит бюросининг раҳбари белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлмаганда.

24. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, такроран кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, ариза берувчига ёзма ва/ёки электрон шаклда юборилади. Бунда кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак .

25. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, ариза ва унга илова қилинган барча зарур ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кунда амалга оширилади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган ҳисобланади .

26. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди .

27. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин .

28. Лицензияни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

29. Марказий банк ариза берувчини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида ёзма хабардор қилиши керак.

30. Кредит бюроси Кредит бюроларининг давлат реестрида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомини олади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда унга лицензия берилади.

Лицензия унинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги тегишли ахборот ресурси манзилига ҳаволани ўз ичига олган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат кўринишида берилади.

31. Лицензия реестрида мавжуд бўлган маълумотлар Марказий банкнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

32. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Кредит бюросига лицензия берганлик учун давлат божи ундирилмайди.

5-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, лицензияни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тартиби

33. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш , тугатиш , уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.

6-боб. Кредит бюросини қайта ташкил этиш ва тугатиш

37. Кредит бюросини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

38. Қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин кредит бюроси бу ҳақда бир иш кунидан кечиктирмай Марказий банкка ёзма шаклда хабар қилади ва икки ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида ҳар ҳафта тегишли эълон бериб боради .

39. Кредит бюроси қайта ташкил этилган тақдирда, кредит ахбороти маълумотлар базаси кредит бюросининг ҳуқуқий ворисига, агар у лицензияга эга бўлса, топширилади. Бу ҳолда кредит бюросининг ҳуқуқий вориси бу ҳақда кредит ахбороти етказиб берувчиларни ва Марказий банкни кредит ахбороти маълумотлар базаси олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма шаклда хабардор этиши шарт. Бунда оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган эълонларда кредит бюросининг кредит ахбороти маълумотлар базаси унинг ҳуқуқий ворисига топширилганлиги кўрсатилади .

40. Кредит бюросининг ҳуқуқий вориси лицензияга эга бўлмаса, шунингдек кредит бюроси тугатилган, лицензиянинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинган ҳолларда, кредит ахбороти маълумотлар базаси Марказий банкка текин топширилади .

7-боб. Якуний қоидалар

41. Кредит бюросининг муассис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Марказий банкда рўйхатдан ўтказилиши керак.

42. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

43. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А. АХМЕДХАДЖАЕВ

Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 28 апрель,

2018 йил 28 апрель

2018 йил 28 апрель

16/23-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.07.2018 й., 10/18/3042/1573-сон; 10.06.2020 й., 10/20/3042-1/0731-сон; 06.11.2020 й., 10/20/3042-2/1477-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 24.01.2023 й., 10/23/3042-3/0050-сон; 30.05.2024 й., 10/24/3042-4/0383-сон; 25.04.2025 й., 10/25/3042-5/0380-сон; 30.12.2025 й., 10/25/3042-6/1244-сон; 20.07.2026 й., 10/26/3042-7/0752-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Kredit byurolarini roʻyxatga olish va ularning faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Kredit axboroti almashinuvi toʻgʻrisida ”gi qonunlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 23-martdagi PQ-3620-son “Bank xizmatlari ommabopligini oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qaror qiladi:

1. Kredit byurolarini roʻyxatga olish va ularning faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2018-yil 28-apreldagi 16/23-son qaroriga ILOVA

Kredit byurolarini roʻyxatga olish va ularning faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom kredit byurolarini roʻyxatga olish va ularning faoliyatini litsenziyalash tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

axborotni kriptografik muhofaza qilish vositalari — axborot xavfsizligini taʼminlash uchun uning kriptografik almashtirilishini amalga oshiruvchi texnik va dasturiy vositalar;

bank telekommunikatsiya tarmogʻi — bank tizimining idoraviy telekommunikatsiya tarmogʻi;

kredit axboroti almashinuvi tizimi (bundan buyon matnda tizim deb yuritiladi) — kredit axboroti almashinuvi ishtirokchilari oʻrtasida vujudga keladigan munosabatlar majmuasi;

elektron axborot — Oʻzbekiston Respublikasining “Kredit axboroti almashinuvi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq tizim ishtirokchilari oʻzaro almashadigan elektron maʼlumot;

VPN tarmogʻi — elektron axborot almashinuvi jarayonida aloqa kanallarida bir yoki bir nechta tarmoqlari bogʻlanishlarini taʼminlaydigan virtual tarmoq.

2. Kredit byurolari faoliyatini kredit byurosi faoliyatini amalga oshirish uchun beriladigan litsenziya (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) asosida amalga oshiradi.

Kredit byurolarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi .

3. Litsenziya amal qilish muddati cheklanmasdan beriladi.

4. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish, bekor qilish va qayta rasmiylashtirish Markaziy bank Boshqaruvi qarori bilan amalga oshiriladi .

2-bob. Kredit byurosini tashkil etish

5. Kredit byurosini tashkil etish toʻgʻrisidagi taʼsis shartnomasini imzolagan yuridik shaxslar va (yoki) norezident yuridik shaxslar kredit byurosining muassislari (muassisi) boʻlishi mumkin.

6. Imtiyozli soliq rejimini taqdim qiluvchi va (yoki) moliyaviy operatsiyalarni amalga oshirishda ular haqidagi maʼlumotlarni oshkor etmaslikni va taqdim qilmaslikni koʻzda tutuvchi davlatlar va hududlarda (offshor hududlar) roʻyxatga olingan norezident yuridik shaxslar kredit byurosining muassislari (muassisi) boʻlishi mumkin emas.

6 1 . Kredit byurosi ustav fondining (ustav kapitalining) eng kam miqdori ikki milliard soʻmni tashkil etishi kerak.

7. Kredit byurosi oʻzining firma nomi yozilgan shtamplarga, blankalarga va oʻz emblemasiga ega boʻlishga haqli .

8. Quyidagi shaxslar kredit byurosining ijro organi rahbari lavozimiga muvofiq emas deb topiladi hamda ushbu lavozimni egallashi mumkin emas:

oliy iqtisodiy maʼlumotga ega boʻlmagan shaxslar;

kamida besh yillik ish tajribasiga, shu jumladan kredit amaliyoti bilan bogʻliq yoʻnalishda kamida uch yillik ish tajribasiga ega boʻlmagan shaxslar;

ijro organi aʼzosi, kuzatuv kengashi aʼzosi yoki hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan ishtirokchi (aksiyador) sifatida yoxud boshqa usulda oʻzi tomonidan nazorat qilingan yuridik shaxsni harakatlari yoki harakatsizligi oqibatida toʻlovga qobiliyatsizlik va majburiy likvidatsiya holatiga olib kelgan shaxslar;

iqtisodiyot sohasidagi yoki boshqaruv tartibiga qarshi jinoyat uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxslar.

3-bob. Kredit byurosida dasturiy-texnik vositalar, axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlashga qoʻyiladigan talablar

9. Kredit byurosi oʻz faoliyatida axborot tizimlarida qoʻllaniladigan axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga muvofiq boʻlgan, litsenziyalangan va sertifikatlangan dasturiy-texnik vositalarga ega boʻlishi hamda ular quyidagilarni taʼminlashi kerak:

tizim ishtirokchilari boʻlgan kredit tashkilotlari va boshqa tashkilotlarni hamda ularning xodimlarini identifikatsiya va autentifikatsiya qilishni;

tizimdagi axborotlarning maxfiyligini;

autentifikatsiyalangan maʼlumot almashinuvini;

axborotni shakllantirish, uzatish, foydalanish, qayta ishlash va saqlash jarayonlarida maʼlumotlarning butligini;

normal foydalanish sharoitida tizimning barcha resurslariga avtorizatsiyalashgan ruxsat yordamida kirishni;

foydalanuvchilarning resurslarga kirish chegaralarini belgilashni;

foydalanuvchilarning tizimga kirish va chiqish boʻyicha harakatlarini hamda kirish huquqlarini buzishga urinishlarini qayd etishni;

favqulodda holatlarda tizimning xavfsizligi va uzilishlarsiz faoliyatini;

axborot xavfsizligi boʻyicha xavflarni aniqlash va oldini olishni;

maʼlumotlarni zaxiralash va qayta tiklash imkoniyatini.

Kredit byurosi axborot tizimlarida qoʻllaniladigan axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga muvofiq boʻlgan, litsenziyalangan va sertifikatlangan dasturiy-texnik vositalar bilan himoyalangan skoring boʻyicha dasturiy taʼminotiga ega boʻlishi lozim.

9 1 . Kredit byurosining skoring boʻyicha dasturiy taʼminoti potensial qarz oluvchining kreditga layoqatlilik darajasini baholash va mavjud kredit axboroti almashinuvi tizimiga integratsiyalashuv imkoniyatini berishi va quyidagilarni oʻz ichiga olishi lozim:

anketa savollari;

ballash tartibi;

ishlatiladigan koeffitsiyentlar (modellarning ishonchlilik darajasini tasdiqlovchi koʻrsatkichlar, ehtimoliy defolt koʻrsatkichlari);

matematik modellar.

10. Kredit byurosining axborot xavfsizligi va kiberxavfsizligini taʼminlash Kredit byurolarining axborot xavfsizligi va kiberxavfsizligiga doir minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3679, 2025-yil 23-sentabr) muvofiq tashkil etiladi.

4-bob. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish shartlari

19. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish uchun Markaziy bankka joylashgan yeri (pochta manzili) koʻrsatilgan holda ariza berilib, unga quyidagilar ilova qilinadi :

muassislar umumiy yigʻilishining kredit byurosini tashkil etish toʻgʻrisidagi bayonnomasi yoki yagona muassisning kredit byurosini tashkil etish haqidagi qarori;

kredit byurosining taʼsis hujjatlari;

kredit byurosining rahbari va muassislari (muassisi) haqidagi maʼlumotlar;

kredit axborotini ruxsat etilmagan holda unga kirishdan, yoʻq qilib yuborishdan, oʻzgartirishdan, undan foydalanishdan yoki uni oshkor etishdan himoya qilishni taʼminlovchi dasturiy-texnikaviy kompleksning parametrlari va joylashuvi ushbu Nizom talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlar;

kredit byurosining ustav fondi (ustav kapitali) shakllantirilganligini tasdiqlovchi bank hujjati;

kredit byurosi binosida nogironligi boʻlgan shaxslar uchun shaharsozlik normalari va qoidalarida belgilangan talablarga muvofiq qulay shart-sharoitlar yaratilganligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasining xulosasi;

Arizada muassislarning (muassisning) elektron pochta manzili koʻrsatilishi mumkin. Arizada elektron pochta manzilining koʻrsatilishi ushbu ariza boʻyicha qabul qilingan qaror haqida xabarnomani axborot tizimi orqali elektron shaklda olishga rozilik hisoblanadi.

20. Mazkur Nizomning 19-bandida keltirilgan barcha hujjatlar ikki nusxada yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

21. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya olish yuzasidan taqdim etilgan arizaga va unga ilova qilingan hujjatlardagi barcha maʼlumotlarning toʻgʻriligiga kredit byurosi muassislari (muassisi) javobgardir.

22. Markaziy bank davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish uchun hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻttiz kun ichida kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni amalga oshiradi va unga litsenziya beradi yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

23. Markaziy bank kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni quyidagi hollarda rad etishi mumkin :

davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish uchun zarur boʻlgan, mazkur Nizomning 19-bandida koʻrsatilgan hujjatlar taqdim etilmaganda;

taʼsis hujjatlari va taqdim etilgan boshqa hujjatlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boʻlmaganda;

davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish uchun taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda;

kredit axborotini ruxsat etilmagan holda unga kirishdan, yoʻq qilib yuborishdan, oʻzgartirishdan, undan foydalanishdan, uni oshkor etishdan himoya qilishni taʼminlovchi dasturiy-texnikaviy kompleks mavjud boʻlmaganda yoki dasturiy-texnikaviy kompleks mazkur Nizomning 3-bobida belgilangan talablarga muvofiq boʻlmaganda;

kredit byurosining rahbari belgilangan malaka talablariga muvofiq boʻlmaganda.

24. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror, rad etish sabablari hamda ariza beruvchi koʻrsatilgan sabablarni bartaraf qilib, takroran koʻrib chiqish toʻgʻrisidagi ariza berishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda, ariza beruvchiga yozma va/yoki elektron shaklda yuboriladi. Bunda kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorda koʻrsatilgan muddat kamchiliklarni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi kerak .

25. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish uchun taqdim etilgan hujjatlarni takroran koʻrib chiqish, ariza va unga ilova qilingan barcha zarur hujjatlar olingan kundan eʼtiboran oʻn kunda amalga oshiriladi. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorda koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin berilgan ariza yangidan berilgan hisoblanadi .

26. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish toʻgʻrisidagi ariza takroran koʻrib chiqilayotganda davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etish haqidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi .

27. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni va litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin .

28. Litsenziyani yoki ularga doir huquqlarni boshqa shaxslarga berish taqiqlanadi.

29. Markaziy bank ariza beruvchini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganligi haqida ushbu qaror qabul qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida yozma xabardor qilishi kerak.

30. Kredit byurosi Kredit byurolarining davlat reyestrida roʻyxatga olingan vaqtdan boshlab yuridik shaxs maqomini oladi. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bir vaqtda unga litsenziya beriladi.

Litsenziya uning haqqoniyligini onlayn tekshirish imkonini beradigan, Internet butunjahon axborot tarmogʻidagi tegishli axborot resursi manziliga havolani oʻz ichiga olgan QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan elektron hujjat koʻrinishida beriladi.

31. Litsenziya reyestrida mavjud boʻlgan maʼlumotlar Markaziy bankning veb-saytiga joylashtiriladi va tanishib chiqish uchun ochiq boʻladi.

32. Kredit byurosini davlat roʻyxatidan oʻtkazganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda davlat boji undiriladi.

Kredit byurosiga litsenziya berganlik uchun davlat boji undirilmaydi.

5-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish, litsenziyani bekor qilish va qayta rasmiylashtirish tartibi

33. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish , tugatish , uni bekor qilish va qayta rasmiylashtirish Oʻzbekiston Respublikasining “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan holatlarda va tartibda amalga oshiriladi.

6-bob. Kredit byurosini qayta tashkil etish va tugatish

37. Kredit byurosini qayta tashkil etish va tugatish Oʻzbekiston Respublikasining “Kredit axboroti almashinuvi toʻgʻrisida”gi Qonuni va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

38. Qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan keyin kredit byurosi bu haqda bir ish kunidan kechiktirmay Markaziy bankka yozma shaklda xabar qiladi va ikki oy mobaynida ommaviy axborot vositalarida har hafta tegishli eʼlon berib boradi .

39. Kredit byurosi qayta tashkil etilgan taqdirda, kredit axboroti maʼlumotlar bazasi kredit byurosining huquqiy vorisiga, agar u litsenziyaga ega boʻlsa, topshiriladi. Bu holda kredit byurosining huquqiy vorisi bu haqda kredit axboroti yetkazib beruvchilarni va Markaziy bankni kredit axboroti maʼlumotlar bazasi olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida yozma shaklda xabardor etishi shart. Bunda ommaviy axborot vositalarida joylashtirilgan eʼlonlarda kredit byurosining kredit axboroti maʼlumotlar bazasi uning huquqiy vorisiga topshirilganligi koʻrsatiladi .

40. Kredit byurosining huquqiy vorisi litsenziyaga ega boʻlmasa, shuningdek kredit byurosi tugatilgan, litsenziyaning amal qilishi tugatilgan yoki u bekor qilingan hollarda, kredit axboroti maʼlumotlar bazasi Markaziy bankka tekin topshiriladi .

7-bob. Yakuniy qoidalar

41. Kredit byurosining muassis hujjatlariga kiritilgan oʻzgartishlar va qoʻshimchalar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda Markaziy bankda roʻyxatdan oʻtkazilishi kerak.

42. Mazkur Nizom talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

43. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri A. AXMEDXADJAYEV

Savdo-sanoat palatasi raisi A. IKRAMOV

Toshkent sh.,

2018-yil 28-aprel,

2018-yil 28-aprel

2018-yil 28-aprel

16/23-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.07.2018-y., 10/18/3042/1573-son; 10.06.2020-y., 10/20/3042-1/0731-son; 06.11.2020-y., 10/20/3042-2/1477-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 24.01.2023-y., 10/23/3042-3/0050-son; 30.05.2024-y., 10/24/3042-4/0383-son; 25.04.2025-y., 10/25/3042-5/0380-son; 30.12.2025-y., 10/25/3042-6/1244-son; 20.07.2026-y., 10/26/3042-7/0752-son)

lex.uz