UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 30-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 30 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 июля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 July 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 19 сентябрдаги 745-сон қарорига мувофиқ ҳамда банк, молия, солиқ ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун юқори малакали бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида магистратура тингловчиларининг ўқишини кўчириш, уларни ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг (кейинги ўринларда Академия деб аталади) магистратурасига (кейинги ўринларда магистратура деб аталади) ҳамда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Академия магистратурасида банк, молия ва солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассислари олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ икки йиллик ўқув режалари асосида тайёрланади ҳамда битирувчиларга тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва магистр даражаси берилади.

3. Банк, молия ва солиқ тизими ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассислари бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат таълим талабларига мувофиқ 16 (ўн олти) ҳафтага мўлжалланган таълим дастурлари асосида қайта тайёрланади ва битирувчиларга қайта тайёрлаш курслари якуни бўйича белгиланган намунадаги диплом берилади.

4. Манфаатдор вазирликлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларининг малакаси бошқарув кадрлари ҳамда мутахассислари малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларига мувофиқ 4 (тўрт) ҳафтагача бўлган муддатга мўлжалланган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилиб, битирувчиларга малака ошириш курслари якуни бўйича белгиланган намунадаги сертификат берилади.

5. Магистратурага кириш тест синовлари ва суҳбат шаклида, номзодларнинг танловига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилида амалга оширилади.

6. Магистратурага ўқишга барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов принциплари асосида қабул қилинади.

7. Магистратура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойи ва ўртача иш ҳақи миқдори (кундузги таълим шаклида таълим олаётганда ўртача иш ҳақи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми) ўқиш муддати мобайнида сақланади. Бунда иш берувчи тасдиқланган иш ҳақи фонди доирасида магистратурада таълим олаётган тингловчининг ўқишни тамомлаш даври якунига қадар муддатга тузилган шартнома асосида бошқа ходимларни тегишли иш жойига қабул қилиши мумкин.

2-боб. Магистратурага қабул қилиш тартиби

8. Магистратурага тингловчилар мутахассисликлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул квоталарига мувофиқ давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

9. Магистратурага номзодлар олий маълумотга эга бўлган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналари ҳамда бошқа ташкилотларда камида бош мутахассис ёки унга тенглаштирилган лавозимда ишлаб турган, ёши 40 (қирқ) дан ошмаган шахслар орасидан танлов асосида қабул қилинади.

10. Магистратурага ҳужжат топшираётган вақтда номзодлар тавсия этаётган вазирликлар ва бошқа ташкилотларда камида 2 (икки) йиллик меҳнат стажига эга бўлишлари лозим.

11. Академия магистратурасига киришда номзодлардан қуйидагилар:

меҳнат стажи талаб этиладиган мутахассисликлар учун номзодни тавсия этаётган юқори турувчи вазирлик, идора ёки ташкилот раҳбари томонидан берилган тавсиянома ҳамда турдош бакалавриат таълим йўналиши дипломига эга бўлиши;

меҳнат стажи талаб этилмайдиган мутахассисликлар учун турдош бакалавриат таълим йўналиши дипломига эга бўлиши талаб этилади.

Бунда Бизнесни бошқариш (MBA General) ва Лойиҳа бошқаруви (Project Management) магистратура мутахассисликларига кадрлар буюртмачиларининг таклифи ҳамда Академия кенгашининг қарорига асосан турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларини тамомлаган абитуриентларни ҳам ўқишга қабул қилинишига рухсат берилади.

12. Академия манфаатдор вазирликлар ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили биринчи чорак мобайнида банк, молия, солиқ тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари бўйича бошқарув кадрларига бўлган ҳақиқий ҳамда истиқболдаги талабни ўрганиб чиқади.

Ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини жорий ҳамда истиқболдаги ривожлантириш дастурлари инобатга олинган ҳолда банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрларини тайёрлашга бўлган эҳтиёжлари асосидаги буюртмалар, шунингдек, Академиянинг моддий-техника базаси ва илмий-педагогик имкониятларини инобатга олган ҳолда мутахассисликлар бўйича магистратурага тингловчиларни қабул қилиш квотасининг лойиҳаси шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Академия магистратурасига тингловчиларни қабул қилиш квотасини тасдиқлаш бўйича қарори ҳар йили 1 июлга қадар қабул қилинади.

13. Магистратурага тингловчиларни қабул қилиш уч босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич — бевосита кадрлар буюртмачиларининг ўзида, вазирликлар ва бошқа ташкилотларда, бошқарув лавозими захирасида турган шахслар орасидан магистратурада ўқишга номзодларни ўрганиш ва суҳбат орқали танлаб олиш;

иккинчи босқич — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда Билимни баҳолаш агентлиги деб аталади) томонидан ташкил этиладиган «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик», «Мутахассислик фани» ва «Амалий инглиз тили» фанлари бўйича ўтказиладиган тест синовлари;

учинчи босқич — Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ташкил этилган кириш тест синовлари натижалари ҳамда магистратурада ўқитишнинг таълим шакллари бўйича ажратилган қабул квоталарига мувофиқ тингловчиларни Академияга қабул қилиш натижаларини эълон қилиш.

14. Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган кириш тест синовларига киритилган фанларнинг ўқув дастурлари Академия кафедралари томонидан ишлаб чиқилади ва Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ўқув дастурларининг матнлари кириш тест синовлари бошланишидан камида бир ой олдин Академия томонидан расмий эълон қилинади.

Кириш тест синовларининг саволлари мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган фанларнинг ўқув дастурлари асосида Билимни баҳолаш агентлиги томонидан тузилади.

15. Магистратурага номзодларни дастлабки ўрганиб чиқиш ва суҳбат асосида танлаб олишни ташкил қилиш мақсадида бевосита вазирликлар ва бошқа ташкилотларда идоравий комиссия тузилади. Идоравий комиссиянинг таркиби вазирлик ёки ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Номзодлар уларни юбораётган вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари захираси таркибидан танлаб олинади.

Академия талабларига мос келадиган номзодларни сифатли ва холисона танлаб олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш учун вазирликлар ва бошқа ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари шахсий жавобгар ҳисобланади.

16. Ҳужжатларни қабул қилиш, уларни дастлабки ўрганиб чиқиш ҳамда номзодларни суҳбат асосида танлаб олиш идоравий комиссия томонидан ҳар йили май-июнь ойларида амалга оширилади.

Идоравий комиссия ҳужжатларни дастлаб кўриб чиқади ва уларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини аниқлайди.

Номзоднинг магистратурага кириш танловида қатнашиши учун берилган тавсиялар бўйича идоравий комиссиянинг қарори комиссия раиси (ташкилот раҳбари) томонидан имзоланади, унинг асл нусхаси почта орқали Академияга юборилади.

17. Магистратурага қабул тегишли ўқув йили учун ташкил этилган Академия қабул комиссияси (кейинги ўринларда Қабул комиссияси деб аталади) томонидан ташкил этилади.

Қабул комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан тасдиқланади.

Қабул комиссияси ўз фаолиятини Академия кенгаши томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади.

18. Магистратурага кириш учун Қабул комиссиясига номзодлар қуйидаги ҳужжатларни ҳар йили 1 июлдан 30 июлга қадар тақдим этадилар:

идоравий комиссия қароридан кўчирма;

мутахассислиги кўрсатилган ҳолда Академия томонидан белгиланган шаклдаги ариза;

номзоднинг иш жойидан тавсифнома;

ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;

ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси.

Қабул комиссиясига паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) ва ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари кўрсатилади.

Номзоднинг олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари, фотосурати ва меҳнат дафтарчасидан нусхаси ҳамда паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

19. Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган кириш тест синовларида қатнашишга Қабул комиссияси томонидан рухсат бериш тўғрисидаги қарор ҳар йили 5 августга қадар қабул қилинади.

20. Магистратурага кириш тест синовлари Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ҳар йили 20 августда ўтказилади.

Магистратурага кириш учун тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Академия билан келишилган ҳолда Билимни баҳолаш агентлиги томонидан тасдиқланади.

21. B2 ва ундан юқори даражада чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи амалдаги давлат намунасидаги малака сертификатларига ёки CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича В2дан кам бўлмаган даражада чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи халқаро сертификатларга эга бўлган, IELTS (International English Language Testing System инглиз тили бўйича тестдан ўтишнинг халқаро тизими) тизими бўйича инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи ва натижалари камида 6.0 баллдан кам бўлмаган жорий сертификатга эга ёки ушбу баллнинг TOEFL (Test of English as a Foreign Language хорижий тил сифатида инглиз тилини билиш бўйича тест) тизими бўйича эквиваленти мавжуд бўлган номзодлар «Амалий инглиз тили» фани бўйича тест синовларидан озод этиладилар ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл белгиланади.

22. Белгиланган тартибда GMAT (The Graduate Management Admission Test — бизнес мактабларида муваффақиятли ўқиш имкониятларини аниқлаш учун стандартлаштирилган тест) тизимида камида умумий 500 баллик амалдаги сертификатга эга бўлган номзодлар «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик» ҳамда «Амалий инглиз тили» фанларидан кириш тест синовларини топширишдан озод этиладилар ва уларга мазкур фанлар бўйича максимал балл белгиланади.

23. Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларининг натижалари ҳар бир фан бўйича 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Тест синовлари натижалари Билимни баҳолаш агентлиги раҳбари томонидан имзоланадиган қайдномага киритилади ва жорий йилнинг 22 августига қадар Қабул комиссиясига тақдим этилади.

Кириш тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Билимни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобга мувофиқ Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

24. Кириш тест синовлари натижаларига кўра,номзодлар тўплаган умумий баллар миқдорини эътиборга олган ҳолда Қабул комиссиясига, айрим мутахассисликлар бўйича юқори балл тўплаган номзодларни қабул қилиш мақсадида тингловчиликка қабулнинг умумий квотаси доирасида мутахассисликлар бўйича қабул кўрсаткичларига ўзгартириш киритишга рухсат берилади.

25. Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган кириш тест синовлари натижалари ҳамда мутахассисликлар бўйича қабул квоталарини эътиборга олган ҳолда, Қабул комиссияси томонидан минимал ўтиш баллари белгиланади.

Бунда минимал ўтиш бали номзод йиғиши мумкин бўлган максимал баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

26. Қабул комиссияси кириш тест синовлари натижаларига кўра,энг юқори балларга эга бўлган номзодларни қабул квотасига мувофиқ танланган мутахассисликлар бўйича давлат гранти асосида магистратурага биринчи навбатда, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилишга тавсия қилади.

27. Қабул комиссияси кириш тест синовлари натижаларига кўра, кейинги юқори балларга эга бўлган номзодларни қабул квотасига мувофиқ танланган мутахассисликлар бўйича тўлов-контракт асосида магистратурага кейинги навбатда, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этган ҳолда қабул қилишга тавсия қилади.

28. Қабул комиссиясининг магистратурага тингловчиликка қабул қилишга тавсия этиш тўғрисида якуний қарори ҳар йили 23 августдан кечиктирмай расмий эълон қилинади.

29. Академия ректорининг тингловчиларни давлат гранти асосида магистратурага қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 30 августга қадар қабул қилинади.

30. Магистратурага тўлов-контракт асосида қабул қилишга тавсия этилган шахсларга Қабул комиссиясининг қарори асосида Академия ректори буйруғига биноан ўқув йили бошидан ўқув машғулотларида қатнашишларига рухсат этилади.

Номзодларни Академия магистратурасига тўлов-контракт асосида қабул қилиш Академия билан жисмоний ёки юридик шахслар ўртасида белгиланган тартибда имзоланган контракт (шартнома)да кўрсатилган тўлов суммаси тўлангандан сўнг расмийлаштирилади.

31. Магистратурага кириш тест синовлари натижалари юзасидан номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун Академия ректорининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига шикоятлар кириш тест синовлари натижалари эълон қилинган кундан бошлаб, беш иш куни мобайнида Апелляция комиссияси раиси номига номзодлар томонидан ариза билан берилиши мумкин.

Апелляция комиссияси тақдим этилган аризаларни улар келиб тушган кундан бошлаб уч кундан ошмаган муддатда кўриб чиқади.

Академия магистратурасига кириш тест синовларини қайта топшириш тақиқланади.

32. Магистратурага хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида қабул қилинади.

I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар (ҳужжат топширган мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул квоталари доирасида белгиланган ўтиш баллини тўплаган бўлса) қабулига алоҳида давлат гранти ажратилиб Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади.

3-боб. Қайта тайёрлаш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тартиби

33. Академиянинг бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларига (кейинги ўринларда қайта тайёрлаш курслари деб аталади) тингловчилар олий маълумотли ҳамда танлаган мутахассислиги бўйича камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган вазирлик ва бошқа ташкилотлар ходимлари таркибидан қабул қилинади.

34. Тингловчиларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш масалалари ўқув дастурларининг давомийлигидан келиб чиқиб, Академия кенгаши қарори билан белгиланади.

35. Тингловчиларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этилган Академия танлов комиссияси (кейинги ўринларда Танлов комиссияси деб аталади) томонидан амалга оширилади. Танлов комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Академия ректори томонидан тасдиқланади.

36. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан тузилган (буютмачилар) тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

37. Қайта тайёрлаш курслари дастурлари бўйича ўқитиладиган номзодларга қўйиладиган талаблар Банк-молия академияси ректори томонидан белгиланади.

38. Қайта тайёрлаш дастурлари доирасида ўқиш учун номзодлар Танлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

мутахассислиги кўрсатилган ҳолда белгиланган шаклдаги ариза;

номзод фаолият юритаётган иш жойидан тавсифнома;

ходимларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;

ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси.

Қабул комиссиясига паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) ва ҳарбий мажбурият тўғрисидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари кўрсатилади.

Номзоднинг олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари, фотосурати ва меҳнат дафтарчасидан нусхаси ҳамда паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

39. Номзодлар қайта тайёрлаш курсларига Танлов комиссияси томонидан суҳбат орқали танлаб олинади.

Суҳбат ўтказишдан мақсад номзодларнинг танлаган мутахассислиги соҳасида назарий ва амалий билимга, бошқарув кўникмаларига, мантиқий, таҳлилий ва креатив фикрлашга эга эканликларини, шунингдек уларнинг етакчилик сифатларини аниқлашдан иборат.

Бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда «Замонавий менежмент, бошқарув психологияси ва лидерлик», «Мутахассислик» ва «Амалий инглиз тили» фанлари бўйича ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳамда уларнинг натижаларини баҳолаш мезонлари Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.

40. Суҳбат натижалари 100 баллик тизим бўйича баҳоланади. Белгиланган максимал баллнинг 55 фоизидан кам бўлмаган суҳбат натижаларига эга номзодлар танловдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

41. Танловдан муваффақиятли ўтиб, юқори балларга эга бўлган номзодлар мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари тингловчилари таркибига киритилиши учун Танлов комиссияси томонидан тавсия қилинади.

4-боб. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тартиби

42. Бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малакаси Академия таъминоти учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига ҳамда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар (буютмачилар) билан тузилган тўғридан-тўғри контрактлар асосида амалга оширилади.

43. Академия малака ошириш курсларига тингловчиларни рўйхатга олиш ташкил этиладиган курслар хусусиятидан келиб чиқиб, Академия томонидан буюртмачилар билан тузиладиган икки томонлама шартномалар асосида белгиланади.

44. Номзодларни бошқарув кадрлари ва мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларига қабул қилиш вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг тегишли ёзма мурожаатлари асосида Академия ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

45. Академия ҳудудларда замонавий шароитларда банк, молия ва солиқ соҳаси бошқарув кадрларининг касбий компетенцияларига қўйилаётган талабларни ҳисобга олиб, Академия профессор-ўқитувчиларини жойларга чиқишини ташкил этган ҳолда тегишли соҳаларнинг маҳаллий кадрлари учун:

сайёр ўқув-амалий семинарлар ташкил этиш, малакасини ошириш, маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги чуқур ва амалиётга йўналтирилган билимларини, шунингдек стратегик режалаштириш, давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларини самарали амалга ошириш, горизонтал ва вертикал муносабатларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш;

сайёр ўқув-амалий семинарлар доирасида тингловчиларда фаолиятни режалаштириш ва иш режалари («йўл ҳариталари»)ни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш, мунтазам равишда интерфаол машғулотлар ва «давра суҳбатлари»ни ўтказиш;

малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарларни ўтказиш жараёнида аниқланган муаммо бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш чораларини кўради.

46. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида магистратура тингловчиларининг ўқишини кўчириш, уларни ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида магистратура тингловчиларининг ўқишини кўчириш, уларни ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) магистратурасида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлашнинг давлат таълим стандартлари хусусиятлари эътиборга олинган ҳолда, мазкур Академияга бошқа олий таълим муассасаларидан ёки бошқа олий таълим муассасаларига Академиядан тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклашга рухсат этилмайди.

3. Академияда ўқув режалари ва дастурларининг даврий янгиланиши эътиборга олинган ҳолда ўқишдан четлатилганидан кейин 5 (беш) йилдан ортиқ вақт ўтган шахсларнинг ўқишга қайта тиклаш бўйича аризалари кўриб чиқилмайди.

4. Якуний давлат аттестацияси натижаларига кўра ўқишдан четлатилган Академия тингловчилари навбатдаги 3 (уч) ўқув йили давомида якуний давлат аттестациясидан қайта ўтишларига фақат бир маротаба рухсат этилади.

5. Академияда тингловчилар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш, жумладан, фанлар орасидаги фарқларни қайта ўзлаштириш ва топшириш жараёни бепул амалга оширилади.

2-боб. Академия тингловчиларининг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш

6. Академияда тингловчиларни бошқа мутахассисликка ўқишини кўчириш ўқув йили (семестри) бошлангунига қадар амалга оширилади.

Тингловчилар ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш учун ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар ва баҳорги семестрга қайта тиклаш учун ҳар йили 5 декабрдан 30 декабрга қадар амалга оширилади.

7. Биринчи курсда тингловчилар ўқишини кўчириш ёки биринчи курсга ўқишга қайта тиклаш (тингловчига касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан мустасно) тақиқланади.

8. Тингловчилар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш масаласида Академия ректори номига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Академияда белгиланган тартибда ректорнинг номига ёзилган ариза;

тингловчи меҳнат фаолиятини олиб бораётган вазирлик ёки бошқа ташкилот раҳбари томонидан Академия раҳбариятига ўқишни кўчириш ёки ўқишга қайта тиклашнинг зарурати асослантирилган хати;

тингловчининг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;

меҳнат дафтарчасидан кўчирма;

тингловчининг паспорти нусхаси.

9. Академияда тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича ариза электрон шаклда берилиши мумкин. Электрон шаклдаги мурожаатга Академия раҳбариятининг ижобий қарори юборилганидан сўнг навбатдаги жараёнларда иштирок этиш учун тингловчининг Академияга келиши талаб этилади.

10. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга риоя этилган ҳолда расмийлаштирилган тингловчининг мурожаати Академия ректори томонидан 5 (беш) иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

11. Тингловчининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашни расмийлаштириш Академия ректорининг буйруғи билан ўқув режалари ва дастурларидаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни топшириш тартиби ва муддатларини ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартларини (давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқитиш ва бошқалар) инобатга олиб белгиланади.

12. Академияда тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш тингловчи таҳсил олаётган (ёки олган) таълим шакли (давлат гранти ёки тўлов-контракт шакли)га асосан амалга оширилади.

Давлат гранти асосида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш фақат мазкур таълим шакли бўйича ажратилган квотага нисбатан бўш ўринлар мавжуд бўлган ҳолатдагина амалга оширилиши мумкин (академик таътилдан қайтган тингловчиларни ўқишга қайта тиклаш бундан мустасно).

13. Тингловчи ўқишдан Академия маъмурияти ёки тингловчининг ўз ташаббуси билан четлатилган бўлса, уни ўқишга қайта тиклаш фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

14. Тингловчининг аризаси ректор томонидан маъқулланган тақдирда 3 (уч) иш кунидан ошмаган муддатда магистратура деканатида рўйхатга олинади. Тингловчининг ўқишни кўчириш ёки ўқишга қайта тиклаш тўғрисидаги аризаси бўйича фанлардан академик қарзлари ёки фарқлари аниқланади.

15. Академик қарзлар ёки фанлар орасидаги фарқларни топшириши учун тингловчига камида 4 (тўрт) ҳафта муддат берилади. Мазкур муддат мобайнида тингловчига ректорнинг буйруғи асосида дарсларга қатнашишига рухсат этилади.

16. Академия ректорининг тингловчининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги буйруғи фанлардан академик қарзлар ёки фарқлар топширилганидан кейин 5 (беш) иш кунида қабул қилинади.

Тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш тўғрисидаги ректорнинг буйруғи ўқиш учун белгиланган тўловни амалга оширилгандан сўнг расмийлаштирилади.

17. Академик қарзлар ёки фанлар орасидаги фарқларни 4 (тўрт) ҳафта муддат ичида бартараф этмаган, шунингдек, тўлов-контракт асосида ўқиши белгиланган тингловчилар ўқиш учун тўловни амалга оширмаган ҳолатда уларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашга рухсат этилмайди.

18. Тўлов-контракт асосида тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда тўлов-контракт шартномасини тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

19. Тингловчининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш бўйича аризаси рад этилган тақдирда 10 (ўн) иш кундан ошмаган муддатда асослантирилган ҳолда важлар Академия маъмурияти томонидан ариза берувчига жавоб хати орқали юборилади.

3-боб. Академияда тингловчиларни ўқишдан четлаштириш

20. Академия тингловчиси қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлатилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

белгиланган муддатда академик қарздорликни бартараф этмаганлиги сабабли;

Академия ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 (етмиш тўрт) соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ўқиш учун белгиланган шартномада кўрсатилган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

21. Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида тингловчига академик таътил берилиши мумкин. Академик таътил камида 1 (бир) ўқув йилига берилади.

22. Тингловчи Академиядан четлатилганда унга шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғма жилдга тикиб қўйилади.

23. Тингловчининг ўқишдан четлатилгани тўғрисидаги Академия ректорининг буйруғидан кўчирма буюртмачи вазирлик ёки ташкилотга юборилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

24. Тингловчининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш жараёнида тақдим этилган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилгани ёхуд ҳужжатлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмагани аниқланган ҳолларда, Академия ректори мазкур ҳужжатларни қўшимча текшириш ёки тегишли буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.

25. Академияда ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган тингловчиларнинг шахсий йиғма жилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.

26. Академия маъмурияти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкаларига буюртмалар беради.

Академик маълумотнома бланкларининг қатъий ҳисоби юритилади. Академик маълумотнома бланкалари Академияда белгиланган тартибда сақланади, рўйхатга олинади ва берилади.

27. Тингловчиларнинг ўқишини кўчириш, ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши Академия маъмуриятига юкланади.

28. Академияда тингловчиларнинг ўқишини кўчириш ва тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар Академия архивида 5 (беш) йил давомида сақланиши лозим.

29. Тингловчиларнинг ўқишини кўчириш, ўқишдан четлатиш ва қайта тиклаш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлганлар белгиланган тартибда юқори турувчи ваколатли ташкилот ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

30. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сон қарорига 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 1996 йил 17 майдаги 180-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошисидаги «гувоҳнома» сўзи «диплом» сўзи билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 апрелдаги 220-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 4-сон, 47-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси уставининг 27-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«27. Академия магистратурасига, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 30 июль,

599-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.08.2018 й., 09/18/599/1601-сон; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 06/25/178/0900-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida boshqaruv kadrlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Boshqaruv kadrlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 19-sentabrdagi 745-son qaroriga muvofiq hamda bank, moliya, soliq va iqtisodiyotning real sektori tarmoqlari uchun yuqori malakali boshqaruv kadrlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishning normativ-huquqiy bazasini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasiga tinglovchilarni qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida magistratura tinglovchilarining oʻqishini koʻchirish, ularni oʻqishdan chetlatish va qayta tiklash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 30-iyuldagi 599-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasiga tinglovchilarni qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasining (keyingi oʻrinlarda Akademiya deb ataladi) magistraturasiga (keyingi oʻrinlarda magistratura deb ataladi) hamda boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish kurslariga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Akademiya magistraturasida bank, moliya va soliq tizimi hamda iqtisodiyotning real sektori tarmoqlarining boshqaruv kadrlari va mutaxassislari oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlariga muvofiq ikki yillik oʻquv rejalari asosida tayyorlanadi hamda bitiruvchilarga tegishli mutaxassisliklar boʻyicha davlat namunasidagi diplom va magistr darajasi beriladi.

3. Bank, moliya va soliq tizimi hamda iqtisodiyotning real sektori tarmoqlarining boshqaruv kadrlari va mutaxassislari boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni qayta tayyorlashga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablariga muvofiq 16 (oʻn olti) haftaga moʻljallangan taʼlim dasturlari asosida qayta tayyorlanadi va bitiruvchilarga qayta tayyorlash kurslari yakuni boʻyicha belgilangan namunadagi diplom beriladi.

4. Manfaatdor vazirliklar hamda boshqa tashkilotlarning boshqaruv kadrlari va mutaxassislarining malakasi boshqaruv kadrlari hamda mutaxassislari malakasini oshirishga qoʻyiladigan davlat taʼlim talablariga muvofiq 4 (toʻrt) haftagacha boʻlgan muddatga moʻljallangan oʻquv rejalari va dasturlari asosida amalga oshirilib, bitiruvchilarga malaka oshirish kurslari yakuni boʻyicha belgilangan namunadagi sertifikat beriladi.

5. Magistraturaga kirish test sinovlari va suhbat shaklida, nomzodlarning tanloviga koʻra oʻzbek, rus yoki ingliz tilida amalga oshiriladi.

6. Magistraturaga oʻqishga barcha uchun teng huquqlilik, yagona qabul qoidalari va yagona tanlov prinsiplari asosida qabul qilinadi.

7. Magistratura, qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida ishlab chiqarishdan ajralgan holda taʼlim olayotgan tinglovchilarning asosiy ish joyi va oʻrtacha ish haqi miqdori (kunduzgi taʼlim shaklida taʼlim olayotganda oʻrtacha ish haqi, biroq mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 15 baravaridan oshmagan qismi) oʻqish muddati mobaynida saqlanadi. Bunda ish beruvchi tasdiqlangan ish haqi fondi doirasida magistraturada taʼlim olayotgan tinglovchining oʻqishni tamomlash davri yakuniga qadar muddatga tuzilgan shartnoma asosida boshqa xodimlarni tegishli ish joyiga qabul qilishi mumkin.

2-bob. Magistraturaga qabul qilish tartibi

8. Magistraturaga tinglovchilar mutaxassisliklar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan qabul kvotalariga muvofiq davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida qabul qilinadi.

9. Magistraturaga nomzodlar oliy maʼlumotga ega boʻlgan, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, korxonalari hamda boshqa tashkilotlarda kamida bosh mutaxassis yoki unga tenglashtirilgan lavozimda ishlab turgan, yoshi 40 (qirq) dan oshmagan shaxslar orasidan tanlov asosida qabul qilinadi.

10. Magistraturaga hujjat topshirayotgan vaqtda nomzodlar tavsiya etayotgan vazirliklar va boshqa tashkilotlarda kamida 2 (ikki) yillik mehnat stajiga ega boʻlishlari lozim.

11. Akademiya magistraturasiga kirishda nomzodlardan quyidagilar:

mehnat staji talab etiladigan mutaxassisliklar uchun nomzodni tavsiya etayotgan yuqori turuvchi vazirlik, idora yoki tashkilot rahbari tomonidan berilgan tavsiyanoma hamda turdosh bakalavriat taʼlim yoʻnalishi diplomiga ega boʻlishi;

mehnat staji talab etilmaydigan mutaxassisliklar uchun turdosh bakalavriat taʼlim yoʻnalishi diplomiga ega boʻlishi talab etiladi.

Bunda Biznesni boshqarish (MBA General) va Loyiha boshqaruvi (Project Management) magistratura mutaxassisliklariga kadrlar buyurtmachilarining taklifi hamda Akademiya kengashining qaroriga asosan turdosh boʻlmagan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarini tamomlagan abituriyentlarni ham oʻqishga qabul qilinishiga ruxsat beriladi.

12. Akademiya manfaatdor vazirliklar hamda boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikda har yili birinchi chorak mobaynida bank, moliya, soliq tizimi va iqtisodiyotning real sektori tarmoqlari boʻyicha boshqaruv kadrlariga boʻlgan haqiqiy hamda istiqboldagi talabni oʻrganib chiqadi.

Hududlarni va iqtisodiyot tarmoqlarini joriy hamda istiqboldagi rivojlantirish dasturlari inobatga olingan holda bank, moliya, soliq tizimlari va iqtisodiyotning real sektori tarmoqlarining boshqaruv kadrlarini tayyorlashga boʻlgan ehtiyojlari asosidagi buyurtmalar, shuningdek, Akademiyaning moddiy-texnika bazasi va ilmiy-pedagogik imkoniyatlarini inobatga olgan holda mutaxassisliklar boʻyicha magistraturaga tinglovchilarni qabul qilish kvotasining loyihasi shakllantiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga taqdim etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Akademiya magistraturasiga tinglovchilarni qabul qilish kvotasini tasdiqlash boʻyicha qarori har yili 1-iyulga qadar qabul qilinadi.

13. Magistraturaga tinglovchilarni qabul qilish uch bosqichda amalga oshiriladi:

birinchi bosqich — bevosita kadrlar buyurtmachilarining oʻzida, vazirliklar va boshqa tashkilotlarda, boshqaruv lavozimi zaxirasida turgan shaxslar orasidan magistraturada oʻqishga nomzodlarni oʻrganish va suhbat orqali tanlab olish;

ikkinchi bosqich — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda Bilimni baholash agentligi deb ataladi) tomonidan tashkil etiladigan “Zamonaviy menejment, boshqaruv psixologiyasi va liderlik”, “Mutaxassislik fani” va “Amaliy ingliz tili” fanlari boʻyicha oʻtkaziladigan test sinovlari;

uchinchi bosqich — Bilimni baholash agentligi tomonidan tashkil etilgan kirish test sinovlari natijalari hamda magistraturada oʻqitishning taʼlim shakllari boʻyicha ajratilgan qabul kvotalariga muvofiq tinglovchilarni Akademiyaga qabul qilish natijalarini eʼlon qilish.

14. Bilimni baholash agentligi tomonidan oʻtkaziladigan kirish test sinovlariga kiritilgan fanlarning oʻquv dasturlari Akademiya kafedralari tomonidan ishlab chiqiladi va Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

Oʻquv dasturlarining matnlari kirish test sinovlari boshlanishidan kamida bir oy oldin Akademiya tomonidan rasmiy eʼlon qilinadi.

Kirish test sinovlarining savollari mazkur Nizomning 13-bandida belgilangan fanlarning oʻquv dasturlari asosida Bilimni baholash agentligi tomonidan tuziladi.

15. Magistraturaga nomzodlarni dastlabki oʻrganib chiqish va suhbat asosida tanlab olishni tashkil qilish maqsadida bevosita vazirliklar va boshqa tashkilotlarda idoraviy komissiya tuziladi. Idoraviy komissiyaning tarkibi vazirlik yoki tashkilot rahbari tomonidan tasdiqlanadi.

Nomzodlar ularni yuborayotgan vazirliklar va boshqa tashkilotlarning boshqaruv kadrlari zaxirasi tarkibidan tanlab olinadi.

Akademiya talablariga mos keladigan nomzodlarni sifatli va xolisona tanlab olish, tegishli hujjatlarni oʻz vaqtida taqdim etish uchun vazirliklar va boshqa tashkilotlarning birinchi rahbarlari shaxsiy javobgar hisoblanadi.

16. Hujjatlarni qabul qilish, ularni dastlabki oʻrganib chiqish hamda nomzodlarni suhbat asosida tanlab olish idoraviy komissiya tomonidan har yili may-iyun oylarida amalga oshiriladi.

Idoraviy komissiya hujjatlarni dastlab koʻrib chiqadi va ularning mazkur Nizom talablariga muvofiqligini aniqlaydi.

Nomzodning magistraturaga kirish tanlovida qatnashishi uchun berilgan tavsiyalar boʻyicha idoraviy komissiyaning qarori komissiya raisi (tashkilot rahbari) tomonidan imzolanadi, uning asl nusxasi pochta orqali Akademiyaga yuboriladi.

17. Magistraturaga qabul tegishli oʻquv yili uchun tashkil etilgan Akademiya qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda Qabul komissiyasi deb ataladi) tomonidan tashkil etiladi.

Qabul komissiyasi tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda Akademiya rektori tomonidan tasdiqlanadi.

Qabul komissiyasi oʻz faoliyatini Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlanadigan Nizom asosida amalga oshiradi.

18. Magistraturaga kirish uchun Qabul komissiyasiga nomzodlar quyidagi hujjatlarni har yili 1-iyuldan 30-iyulga qadar taqdim etadilar:

idoraviy komissiya qaroridan koʻchirma;

mutaxassisligi koʻrsatilgan holda Akademiya tomonidan belgilangan shakldagi ariza;

nomzodning ish joyidan tavsifnoma;

xodimlarni hisobga olish boʻyicha shaxsiy varaqa;

086-U-shakldagi tibbiy maʼlumotnoma;

harbiy majburiyat toʻgʻrisidagi hujjatlar nusxasi.

Qabul komissiyasiga pasport (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) va harbiy majburiyat toʻgʻrisidagi hujjatlarning asl nusxalari koʻrsatiladi.

Nomzodning oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom maʼlumotlari, fotosurati va mehnat daftarchasidan nusxasi hamda pasport (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) nusxasi “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda olinadi.

19. Bilimni baholash agentligi tomonidan oʻtkaziladigan kirish test sinovlarida qatnashishga Qabul komissiyasi tomonidan ruxsat berish toʻgʻrisidagi qaror har yili 5-avgustga qadar qabul qilinadi.

20. Magistraturaga kirish test sinovlari Bilimni baholash agentligi tomonidan har yili 20-avgustda oʻtkaziladi.

Magistraturaga kirish uchun test sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi Akademiya bilan kelishilgan holda Bilimni baholash agentligi tomonidan tasdiqlanadi.

21. B2 va undan yuqori darajada chet tilini bilish darajasini tasdiqlovchi amaldagi davlat namunasidagi malaka sertifikatlariga yoki CEFR (Common European Framework of Reference) boʻyicha V2dan kam boʻlmagan darajada chet tilini bilish darajasini tasdiqlovchi xalqaro sertifikatlarga ega boʻlgan, IELTS (International English Language Testing System ingliz tili boʻyicha testdan oʻtishning xalqaro tizimi) tizimi boʻyicha ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi va natijalari kamida 6.0 balldan kam boʻlmagan joriy sertifikatga ega yoki ushbu ballning TOEFL (Test of English as a Foreign Language xorijiy til sifatida ingliz tilini bilish boʻyicha test) tizimi boʻyicha ekvivalenti mavjud boʻlgan nomzodlar “Amaliy ingliz tili” fani boʻyicha test sinovlaridan ozod etiladilar va ularga mazkur fan boʻyicha maksimal ball belgilanadi.

22. Belgilangan tartibda GMAT (The Graduate Management Admission Test — biznes maktablarida muvaffaqiyatli oʻqish imkoniyatlarini aniqlash uchun standartlashtirilgan test) tizimida kamida umumiy 500 ballik amaldagi sertifikatga ega boʻlgan nomzodlar “Zamonaviy menejment, boshqaruv psixologiyasi va liderlik” hamda “Amaliy ingliz tili” fanlaridan kirish test sinovlarini topshirishdan ozod etiladilar va ularga mazkur fanlar boʻyicha maksimal ball belgilanadi.

23. Bilimni baholash agentligi tomonidan oʻtkaziladigan test sinovlarining natijalari har bir fan boʻyicha 100 ballik tizim asosida baholanadi. Test sinovlari natijalari Bilimni baholash agentligi rahbari tomonidan imzolanadigan qaydnomaga kiritiladi va joriy yilning 22-avgustiga qadar Qabul komissiyasiga taqdim etiladi.

Kirish test sinovlarini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Bilimni baholash agentligi tomonidan taqdim etiladigan hisob-kitobga muvofiq Akademiyaning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

24. Kirish test sinovlari natijalariga koʻra,nomzodlar toʻplagan umumiy ballar miqdorini eʼtiborga olgan holda Qabul komissiyasiga, ayrim mutaxassisliklar boʻyicha yuqori ball toʻplagan nomzodlarni qabul qilish maqsadida tinglovchilikka qabulning umumiy kvotasi doirasida mutaxassisliklar boʻyicha qabul koʻrsatkichlariga oʻzgartirish kiritishga ruxsat beriladi.

25. Bilimni baholash agentligi tomonidan oʻtkazilgan kirish test sinovlari natijalari hamda mutaxassisliklar boʻyicha qabul kvotalarini eʼtiborga olgan holda, Qabul komissiyasi tomonidan minimal oʻtish ballari belgilanadi.

Bunda minimal oʻtish bali nomzod yigʻishi mumkin boʻlgan maksimal ballning 30 foizidan kam boʻlmasligi kerak.

26. Qabul komissiyasi kirish test sinovlari natijalariga koʻra,eng yuqori ballarga ega boʻlgan nomzodlarni qabul kvotasiga muvofiq tanlangan mutaxassisliklar boʻyicha davlat granti asosida magistraturaga birinchi navbatda, ballar ketma-ketligiga qatʼiy rioya etgan holda qabul qilishga tavsiya qiladi.

27. Qabul komissiyasi kirish test sinovlari natijalariga koʻra, keyingi yuqori ballarga ega boʻlgan nomzodlarni qabul kvotasiga muvofiq tanlangan mutaxassisliklar boʻyicha toʻlov-kontrakt asosida magistraturaga keyingi navbatda, ballar ketma-ketligiga qatʼiy rioya etgan holda qabul qilishga tavsiya qiladi.

28. Qabul komissiyasining magistraturaga tinglovchilikka qabul qilishga tavsiya etish toʻgʻrisida yakuniy qarori har yili 23-avgustdan kechiktirmay rasmiy eʼlon qilinadi.

29. Akademiya rektorining tinglovchilarni davlat granti asosida magistraturaga qabul qilish toʻgʻrisidagi buyrugʻi har yili 30-avgustga qadar qabul qilinadi.

30. Magistraturaga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilishga tavsiya etilgan shaxslarga Qabul komissiyasining qarori asosida Akademiya rektori buyrugʻiga binoan oʻquv yili boshidan oʻquv mashgʻulotlarida qatnashishlariga ruxsat etiladi.

Nomzodlarni Akademiya magistraturasiga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish Akademiya bilan jismoniy yoki yuridik shaxslar oʻrtasida belgilangan tartibda imzolangan kontrakt (shartnoma)da koʻrsatilgan toʻlov summasi toʻlangandan soʻng rasmiylashtiriladi.

31. Magistraturaga kirish test sinovlari natijalari yuzasidan nomzodlarning arizalarini koʻrib chiqish uchun Akademiya rektorining buyrugʻiga asosan Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyasiga shikoyatlar kirish test sinovlari natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab, besh ish kuni mobaynida Apellyatsiya komissiyasi raisi nomiga nomzodlar tomonidan ariza bilan berilishi mumkin.

Apellyatsiya komissiyasi taqdim etilgan arizalarni ular kelib tushgan kundan boshlab uch kundan oshmagan muddatda koʻrib chiqadi.

Akademiya magistraturasiga kirish test sinovlarini qayta topshirish taqiqlanadi.

32. Magistraturaga xorijiy fuqarolar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Xorijiy fuqarolarni Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish va oʻqitish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2008-yil 4-avgustdagi 169-son qarori hamda Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari asosida qabul qilinadi.

I guruh koʻzi ojiz nogironlar (hujjat topshirgan mutaxassisligi boʻyicha toʻlov-kontrakt asosidagi qabul kvotalari doirasida belgilangan oʻtish ballini toʻplagan boʻlsa) qabuliga alohida davlat granti ajratilib Davlat komissiyasi qarori bilan amalga oshiriladi.

3-bob. Qayta tayyorlash kurslariga tinglovchilarni qabul qilish tartibi

33. Akademiyaning boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni qayta tayyorlash kurslariga (keyingi oʻrinlarda qayta tayyorlash kurslari deb ataladi) tinglovchilar oliy maʼlumotli hamda tanlagan mutaxassisligi boʻyicha kamida ikki yillik mehnat stajiga ega boʻlgan vazirlik va boshqa tashkilotlar xodimlari tarkibidan qabul qilinadi.

34. Tinglovchilarni qayta tayyorlash kurslariga qabul qilish va oʻqitishni tashkil etish masalalari oʻquv dasturlarining davomiyligidan kelib chiqib, Akademiya kengashi qarori bilan belgilanadi.

35. Tinglovchilarni qayta tayyorlash kurslariga qabul qilishni tashkil etish tegishli oʻquv yili uchun tashkil etilgan Akademiya tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda Tanlov komissiyasi deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi. Tanlov komissiyasining tarkibi va ish tartibi Akademiya rektori tomonidan tasdiqlanadi.

36. Boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni qayta tayyorlash Akademiya taʼminoti uchun ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlari hisobiga hamda vazirlik, idora va boshqa tashkilotlar bilan tuzilgan (buyutmachilar) toʻgʻridan-toʻgʻri kontraktlar asosida amalga oshiriladi.

37. Qayta tayyorlash kurslari dasturlari boʻyicha oʻqitiladigan nomzodlarga qoʻyiladigan talablar Bank-moliya akademiyasi rektori tomonidan belgilanadi.

38. Qayta tayyorlash dasturlari doirasida oʻqish uchun nomzodlar Tanlov komissiyasiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadilar:

mutaxassisligi koʻrsatilgan holda belgilangan shakldagi ariza;

nomzod faoliyat yuritayotgan ish joyidan tavsifnoma;

xodimlarni hisobga olish boʻyicha shaxsiy varaqa;

086-U-shakldagi tibbiy maʼlumotnoma;

harbiy majburiyat toʻgʻrisidagi hujjatlar nusxasi.

Qabul komissiyasiga pasport (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) va harbiy majburiyat toʻgʻrisidagi hujjatlarning asl nusxalari koʻrsatiladi.

Nomzodning oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom maʼlumotlari, fotosurati va mehnat daftarchasidan nusxasi hamda pasporti (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) nusxasi “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda olinadi.

39. Nomzodlar qayta tayyorlash kurslariga Tanlov komissiyasi tomonidan suhbat orqali tanlab olinadi.

Suhbat oʻtkazishdan maqsad nomzodlarning tanlagan mutaxassisligi sohasida nazariy va amaliy bilimga, boshqaruv koʻnikmalariga, mantiqiy, tahliliy va kreativ fikrlashga ega ekanliklarini, shuningdek ularning yetakchilik sifatlarini aniqlashdan iborat.

Boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni qayta tayyorlash kurslariga qabul qilishda “Zamonaviy menejment, boshqaruv psixologiyasi va liderlik”, “Mutaxassislik” va “Amaliy ingliz tili” fanlari boʻyicha oʻtkaziladigan suhbat tartibi hamda ularning natijalarini baholash mezonlari Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

40. Suhbat natijalari 100 ballik tizim boʻyicha baholanadi. Belgilangan maksimal ballning 55 foizidan kam boʻlmagan suhbat natijalariga ega nomzodlar tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi.

41. Tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtib, yuqori ballarga ega boʻlgan nomzodlar mutaxassislik boʻyicha qayta tayyorlash kurslari tinglovchilari tarkibiga kiritilishi uchun Tanlov komissiyasi tomonidan tavsiya qilinadi.

4-bob. Malaka oshirish kurslariga tinglovchilarni qabul qilish tartibi

42. Boshqaruv kadrlari va mutaxassislarning malakasi Akademiya taʼminoti uchun ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlari hisobiga hamda vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar (buyutmachilar) bilan tuzilgan toʻgʻridan-toʻgʻri kontraktlar asosida amalga oshiriladi.

43. Akademiya malaka oshirish kurslariga tinglovchilarni roʻyxatga olish tashkil etiladigan kurslar xususiyatidan kelib chiqib, Akademiya tomonidan buyurtmachilar bilan tuziladigan ikki tomonlama shartnomalar asosida belgilanadi.

44. Nomzodlarni boshqaruv kadrlari va mutaxassislarning malakasini oshirish kurslariga qabul qilish vazirlik va boshqa tashkilotlarning tegishli yozma murojaatlari asosida Akademiya rektorining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

45. Akademiya hududlarda zamonaviy sharoitlarda bank, moliya va soliq sohasi boshqaruv kadrlarining kasbiy kompetensiyalariga qoʻyilayotgan talablarni hisobga olib, Akademiya professor-oʻqituvchilarini joylarga chiqishini tashkil etgan holda tegishli sohalarning mahalliy kadrlari uchun:

sayyor oʻquv-amaliy seminarlar tashkil etish, malakasini oshirish, mahalliy boshqaruv va hududiy rivojlanish sohasidagi chuqur va amaliyotga yoʻnaltirilgan bilimlarini, shuningdek strategik rejalashtirish, davlat va hududiy rivojlanish dasturlarini samarali amalga oshirish, gorizontal va vertikal munosabatlarni, normativ-huquqiy hujjatlarni sifatli ijro etish koʻnikmalarini shakllantirish;

sayyor oʻquv-amaliy seminarlar doirasida tinglovchilarda faoliyatni rejalashtirish va ish rejalari (“yoʻl haritalari”)ni sifatli ijro etish koʻnikmalarini shakllantirish, muntazam ravishda interfaol mashgʻulotlar va “davra suhbatlari”ni oʻtkazish;

malaka oshirish kurslari va oʻquv-amaliy seminarlarni oʻtkazish jarayonida aniqlangan muammo boʻyicha axborot-tahliliy materiallarni tayyorlash choralarini koʻradi.

46. Mazkur Nizom talablarini buzgan aybdor shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 30-iyuldagi 599-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida magistratura tinglovchilarining oʻqishini koʻchirish, ularni oʻqishdan chetlatish va qayta tiklash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasida magistratura tinglovchilarining oʻqishini koʻchirish, ularni oʻqishdan chetlatish va qayta tiklash tartibini belgilaydi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasi (keyingi oʻrinlarda Akademiya deb ataladi) magistraturasida boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni tayyorlashning davlat taʼlim standartlari xususiyatlari eʼtiborga olingan holda, mazkur Akademiyaga boshqa oliy taʼlim muassasalaridan yoki boshqa oliy taʼlim muassasalariga Akademiyadan tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish va qayta tiklashga ruxsat etilmaydi.

3. Akademiyada oʻquv rejalari va dasturlarining davriy yangilanishi eʼtiborga olingan holda oʻqishdan chetlatilganidan keyin 5 (besh) yildan ortiq vaqt oʻtgan shaxslarning oʻqishga qayta tiklash boʻyicha arizalari koʻrib chiqilmaydi.

4. Yakuniy davlat attestatsiyasi natijalariga koʻra oʻqishdan chetlatilgan Akademiya tinglovchilari navbatdagi 3 (uch) oʻquv yili davomida yakuniy davlat attestatsiyasidan qayta oʻtishlariga faqat bir marotaba ruxsat etiladi.

5. Akademiyada tinglovchilar oʻqishini koʻchirish va qayta tiklash, jumladan, fanlar orasidagi farqlarni qayta oʻzlashtirish va topshirish jarayoni bepul amalga oshiriladi.

2-bob. Akademiya tinglovchilarining oʻqishini koʻchirish va qayta tiklash

6. Akademiyada tinglovchilarni boshqa mutaxassislikka oʻqishini koʻchirish oʻquv yili (semestri) boshlanguniga qadar amalga oshiriladi.

Tinglovchilar oʻqishini kuzgi semestrga qayta tiklash uchun har yili 5-avgustdan 30-avgustga qadar va bahorgi semestrga qayta tiklash uchun har yili 5-dekabrdan 30-dekabrga qadar amalga oshiriladi.

7. Birinchi kursda tinglovchilar oʻqishini koʻchirish yoki birinchi kursga oʻqishga qayta tiklash (tinglovchiga kasallik tufayli akademik taʼtil berilgan holatlar bundan mustasno) taqiqlanadi.

8. Tinglovchilar oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash masalasida Akademiya rektori nomiga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

Akademiyada belgilangan tartibda rektorning nomiga yozilgan ariza;

tinglovchi mehnat faoliyatini olib borayotgan vazirlik yoki boshqa tashkilot rahbari tomonidan Akademiya rahbariyatiga oʻqishni koʻchirish yoki oʻqishga qayta tiklashning zarurati asoslantirilgan xati;

tinglovchining reyting daftarchasi yoki belgilangan shakldagi akademik maʼlumotnoma nusxalari;

mehnat daftarchasidan koʻchirma;

tinglovchining pasporti nusxasi.

9. Akademiyada tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish va qayta tiklash boʻyicha ariza elektron shaklda berilishi mumkin. Elektron shakldagi murojaatga Akademiya rahbariyatining ijobiy qarori yuborilganidan soʻng navbatdagi jarayonlarda ishtirok etish uchun tinglovchining Akademiyaga kelishi talab etiladi.

10. Mazkur Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan talablarga rioya etilgan holda rasmiylashtirilgan tinglovchining murojaati Akademiya rektori tomonidan 5 (besh) ish kunidan oshmagan muddatda koʻrib chiqilishi lozim.

11. Tinglovchining oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklashni rasmiylashtirish Akademiya rektorining buyrugʻi bilan oʻquv rejalari va dasturlaridagi mavjud akademik qarzlarni yoki farqlarni topshirish tartibi va muddatlarini hamda oʻqishga qabul qilishning qonun hujjatlarida belgilangan boshqa shartlarini (davlat granti yoki toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish va boshqalar) inobatga olib belgilanadi.

12. Akademiyada tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash tinglovchi tahsil olayotgan (yoki olgan) taʼlim shakli (davlat granti yoki toʻlov-kontrakt shakli)ga asosan amalga oshiriladi.

Davlat granti asosida oʻqishni koʻchirish yoki qayta tiklash faqat mazkur taʼlim shakli boʻyicha ajratilgan kvotaga nisbatan boʻsh oʻrinlar mavjud boʻlgan holatdagina amalga oshirilishi mumkin (akademik taʼtildan qaytgan tinglovchilarni oʻqishga qayta tiklash bundan mustasno).

13. Tinglovchi oʻqishdan Akademiya maʼmuriyati yoki tinglovchining oʻz tashabbusi bilan chetlatilgan boʻlsa, uni oʻqishga qayta tiklash faqat toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.

14. Tinglovchining arizasi rektor tomonidan maʼqullangan taqdirda 3 (uch) ish kunidan oshmagan muddatda magistratura dekanatida roʻyxatga olinadi. Tinglovchining oʻqishni koʻchirish yoki oʻqishga qayta tiklash toʻgʻrisidagi arizasi boʻyicha fanlardan akademik qarzlari yoki farqlari aniqlanadi.

15. Akademik qarzlar yoki fanlar orasidagi farqlarni topshirishi uchun tinglovchiga kamida 4 (toʻrt) hafta muddat beriladi. Mazkur muddat mobaynida tinglovchiga rektorning buyrugʻi asosida darslarga qatnashishiga ruxsat etiladi.

16. Akademiya rektorining tinglovchining oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash toʻgʻrisidagi buyrugʻi fanlardan akademik qarzlar yoki farqlar topshirilganidan keyin 5 (besh) ish kunida qabul qilinadi.

Toʻlov-kontrakt asosida tahsil oladigan tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash toʻgʻrisidagi rektorning buyrugʻi oʻqish uchun belgilangan toʻlovni amalga oshirilgandan soʻng rasmiylashtiriladi.

17. Akademik qarzlar yoki fanlar orasidagi farqlarni 4 (toʻrt) hafta muddat ichida bartaraf etmagan, shuningdek, toʻlov-kontrakt asosida oʻqishi belgilangan tinglovchilar oʻqish uchun toʻlovni amalga oshirmagan holatda ularning oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklashga ruxsat etilmaydi.

18. Toʻlov-kontrakt asosida tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish va qayta tiklashda toʻlov-kontrakt shartnomasini tuzish tartibi va shartlari, jumladan, toʻlov mablagʻlari va muddatlari qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

19. Tinglovchining oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash boʻyicha arizasi rad etilgan taqdirda 10 (oʻn) ish kundan oshmagan muddatda asoslantirilgan holda vajlar Akademiya maʼmuriyati tomonidan ariza beruvchiga javob xati orqali yuboriladi.

3-bob. Akademiyada tinglovchilarni oʻqishdan chetlashtirish

20. Akademiya tinglovchisi quyidagi hollarda oʻqishdan chetlatilishi mumkin:

oʻz xohishiga binoan;

salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);

belgilangan muddatda akademik qarzdorlikni bartaraf etmaganligi sababli;

Akademiya ichki tartib-qoidalarini buzganligi uchun;

bir semestr davomida darslarni uzrli sabablarsiz 74 (yetmish toʻrt) soatdan ortiq qoldirganligi sababli;

oʻqish uchun belgilangan shartnomada koʻrsatilgan toʻlov oʻz vaqtida amalga oshirilmaganligi sababli (toʻlov-kontrakt boʻyicha tahsil olayotganlar uchun);

tinglovchi sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi munosabati bilan;

vafot etganligi sababli.

21. Harbiy xizmatni oʻtash, salomatligini tiklash, homiladorlik va tugʻish, shuningdek, bolalarni parvarish qilish taʼtillari davrida tinglovchiga akademik taʼtil berilishi mumkin. Akademik taʼtil kamida 1 (bir) oʻquv yiliga beriladi.

22. Tinglovchi Akademiyadan chetlatilganda unga shaxsiy hujjatlari, belgilangan shakldagi akademik maʼlumotnoma topshiriladi va ularning nusxasi shaxsiy yigʻma jildga tikib qoʻyiladi.

23. Tinglovchining oʻqishdan chetlatilgani toʻgʻrisidagi Akademiya rektorining buyrugʻidan koʻchirma buyurtmachi vazirlik yoki tashkilotga yuboriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Tinglovchining oʻqishini koʻchirish yoki qayta tiklash jarayonida taqdim etilgan hujjatlarga oʻzgartirishlar kiritilgani yoxud hujjatlar oʻrnatilgan tartibda tasdiqlanmagani aniqlangan hollarda, Akademiya rektori mazkur hujjatlarni qoʻshimcha tekshirish yoki tegishli buyruq chiqarmaslik huquqiga ega.

25. Akademiyada oʻqishini koʻchirgan yoki qayta tiklagan tinglovchilarning shaxsiy yigʻma jildiga tegishli buyruqdan koʻchirma, ariza va akademik maʼlumotnoma tikib qoʻyiladi.

26. Akademiya maʼmuriyati har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga zarur miqdordagi akademik maʼlumotnoma blankalariga buyurtmalar beradi.

Akademik maʼlumotnoma blanklarining qatʼiy hisobi yuritiladi. Akademik maʼlumotnoma blankalari Akademiyada belgilangan tartibda saqlanadi, roʻyxatga olinadi va beriladi.

27. Tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish, oʻqishdan chetlatish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi taqdim etilgan hujjatlarning toʻgʻri rasmiylashtirilishi Akademiya maʼmuriyatiga yuklanadi.

28. Akademiyada tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish va tiklashiga asos boʻlgan barcha hujjatlar Akademiya arxivida 5 (besh) yil davomida saqlanishi lozim.

29. Tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish, oʻqishdan chetlatish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi qarorlardan norozi boʻlganlar belgilangan tartibda yuqori turuvchi vakolatli tashkilot yoki sudga murojaat qilish huquqiga ega.

30. Mazkur Nizom talablarini buzgan aybdor shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 30-iyuldagi 599-son qaroriga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasining faoliyatini tashkil etish masalalari toʻgʻrisida” 1996-yil 17-maydagi 180-son qarorining 3-bandi ikkinchi xatboshisidagi “guvohnoma” soʻzi “diplom” soʻzi bilan almashtirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-apreldagi 220-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 4-son, 47-modda) bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Bank-moliya akademiyasi ustavining 27-bandi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“27. Akademiya magistraturasiga, qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga qabul qilish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 30-iyul,

599-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.08.2018-y., 09/18/599/1601-son; Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 04.06.2021-y., 09/21/345/0522-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.10.2025-y., 06/25/178/0900-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son; 06.01.2026-y., 09/26/840/0012-son; 03.07.2026-y., 09/26/353/0680-son)

lex.uz