📅 2018-yil 6-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 6-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 6 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 6 августа 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 6 August 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида «Мақом музейи» фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3391-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатининг қадимий ва ўрта асрлардаги тарихи, замонавий ижодий анъаналари, асрлар давомида моҳир бастакорлар, ҳофиз ва созандаларнинг ижодий тафаккури билан сайқал топиб келаётган ноёб санъат намуналарини музей экспозицияси орқали халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида «Мақом музейи»ни (кейинги ўринларда музей деб аталади) Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейининг филиали сифатида ташкил этиш;
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри, Ипак йўли кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар маданият бўлими ҳузуридаги Маданият ва аҳоли дам олиш маркази (кейинги ўринларда марказ деб аталади) биносининг 1278,0 кв.м майдонга тенг ҳудудини музейни жойлаштириш учун Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар музей фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мақом санъатига оид музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, аниқлаш, тўплаш, ўрганиш ва уларни эълон қилиш, шунингдек, маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;
мақом санъати ва тарихига оид халқимизнинг бой маданий мероси, унинг инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ижобий ишлар ва эришилган ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган музей экспозицияларини ташкил этиш;
мақом санъатининг ривожланиш босқичлари, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналар, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, мамлакат фуқароларига намойиш этиш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш;
музей экспозициялари орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат, муҳаббат туйғуларини тарбиялаш ва кучайтириш;
ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш;
саёҳатчиларни мақом санъати билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;
музей экспозициясини ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, ноаньанавий экспозициялар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш;
мумтоз мусиқа меросимиз намуналари ноталарини йиғиш, мақом санъатининг тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш.
3. Марказ ва музей биносини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, музей экспозициясини яратиш бўйича:
буюртмачи этиб — Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси;
бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлари этиб — белгиланган тартибда ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича ғолиблар белгилансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ ва музей биносини капитал таъмирлаш ва Марказни жиҳозлаш — Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағларидан Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, жумладан, пудратчи ташкилотига, истисно тариқасида, бир йўла ўтказиладиган 50 фоиз миқдорида бўнак маблағлар;
музейни жиҳозлаш, музей экспозициясини яратиш ҳамда эскиз ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;
музейни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Қашқадарё вилоятининг 2018 йил учун тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда:
ташкил этилаётган музейнинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи тўғрисида янгиланган низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда музей концепцияси асосида экспозиция яратиш учун мақом санъатига оид ҳужжатлар, кино, фоно-, фотоматериаллар ва музей ашёлари билан тўлдириш чораларини кўрсин;
музейнинг штатлар жадвалини белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин;
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мақом санъатига оид миллий меросимиз, қадимий тарихимиз ва маданиятимизни тарғиб қилиш мақсадида музейга хорижий сайёҳларни кенг жалб этиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги музейнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказилишини ҳамда қурилиш-монтаж ишлари устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига музей фаолиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 августдаги 621-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-илованинг «Янги қурилиш» бўлими 2-позицияси «Амалга ошириш муддати» устунидаги «2020 — 2022 йиллар» сўзлари «2019-2020 йиллар» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 4-илованинг 23-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 23. Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи ва унинг филиали: Шаҳрисабз тумани Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги «Мақом музейи» Шаҳрисабз шаҳри » .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 август,
621-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahrida “Maqom muzeyi” faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbek milliy maqom sanʼatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 17-noyabrdagi PQ-3391-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, xalqimiz madaniy merosining ajralmas qismi boʻlgan milliy maqom sanʼatining qadimiy va oʻrta asrlardagi tarixi, zamonaviy ijodiy anʼanalari, asrlar davomida mohir bastakorlar, hofiz va sozandalarning ijodiy tafakkuri bilan sayqal topib kelayotgan noyob sanʼat namunalarini muzey ekspozitsiyasi orqali xalqaro miqyosda keng targʻib etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Oʻzbek milliy maqom sanʼati markazi va Qashqadaryo viloyati hokimligining:
Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahrida “Maqom muzeyi”ni (keyingi oʻrinlarda muzey deb ataladi) Qashqadaryo viloyati Amir Temur nomidagi moddiy-madaniyat tarixi muzeyining filiali sifatida tashkil etish;
Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahri, Ipak yoʻli koʻchasi, 3-uy manzilida joylashgan Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahar madaniyat boʻlimi huzuridagi Madaniyat va aholi dam olish markazi (keyingi oʻrinlarda markaz deb ataladi) binosining 1278,0 kv.m maydonga teng hududini muzeyni joylashtirish uchun Qashqadaryo viloyati Amir Temur nomidagi moddiy-madaniyat tarixi muzeyiga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilar muzey faoliyatining asosiy vazifalari etib belgilansin:
maqom sanʼatiga oid muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini saqlash, aniqlash, toʻplash, oʻrganish va ularni eʼlon qilish, shuningdek, madaniy, maʼrifiy, ilmiy va taʼlim faoliyatini amalga oshirish;
maqom sanʼati va tarixiga oid xalqimizning boy madaniy merosi, uning insoniyat tarixidagi rolini haqqoniy yoritish, shuningdek, mamlakatimizda olib borilayotgan ijobiy ishlar va erishilgan yutuqlarni keng targʻib etishga qaratilgan muzey ekspozitsiyalarini tashkil etish;
maqom sanʼatining rivojlanish bosqichlari, bu borada shakllangan ijro va ijodiy maktablar va anʼanalar, buyuk bastakorlar, hofiz va sozandalar merosini avaylab-asrash, oʻrganish, boyitib borish, mamlakat fuqarolariga namoyish etish, dunyo jamoatchiligiga tanitish va targʻib etish;
muzey ekspozitsiyalari orqali fuqarolarda, ayniqsa yosh avlodda milliy va umuminsoniy qadriyatlar, bebaho tarixiy va madaniy merosga hurmat, gʻurur va iftixor, Vatanga sadoqat, muhabbat tuygʻularini tarbiyalash va kuchaytirish;
oʻzbek maqom sanʼati mumtoz va zamonaviy ijro namunalarining fondini yaratish hamda muzey ashyolari va muzey kolleksiyalarini ilmiy tadqiq qilish ishlarini kuchaytirish va uning natijalarini eʼlon qilib borish;
sayohatchilarni maqom sanʼati bilan keng tanishtirish orqali ularda milliy oʻzlikni anglash tuygʻusi, yuksak badiiy-estetik did va tafakkurni kamol toptirish;
muzey ekspozitsiyasini tashkil etishda zamonaviy axborot texnologiyalaridan keng foydalanish, noananaviy ekspozitsiyalar yaratish boʻyicha xalqaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyish, chet el muzeylari bilan koʻrgazmalar tashkil etish borasida oʻzaro manfaatli hamkorlik aloqalarini mustahkamlash;
mumtoz musiqa merosimiz namunalari notalarini yigʻish, maqom sanʼatining tarixiy ildizlari, ilmiy-nazariy negizlari, milliy va umumbashariy qadriyatlar bilan bogʻliq jihatlarini chuqur oʻrganish, ilmiy tadqiqotlar olib borish.
3. Markaz va muzey binosini kapital taʼmirlash va jihozlash, shuningdek, muzey ekspozitsiyasini yaratish boʻyicha:
buyurtmachi etib — Qashqadaryo viloyati hokimligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi;
bosh loyihachi va pudratchi tashkilotlari etib — belgilangan tartibda oʻtkazilgan tender (tanlov) savdolari natijalari boʻyicha gʻoliblar belgilansin.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
Markaz va muzey binosini kapital taʼmirlash va Markazni jihozlash — Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlaridan Qashqadaryo viloyati mahalliy budjetiga ajratiladigan mablagʻlar hisobidan, jumladan, pudratchi tashkilotiga, istisno tariqasida, bir yoʻla oʻtkaziladigan 50 foiz miqdorida boʻnak mablagʻlar;
muzeyni jihozlash, muzey ekspozitsiyasini yaratish hamda eskiz va loyiha-smeta hujjatlarini tayyorlash — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan;
muzeyni saqlash bilan bogʻliq xarajatlar Qashqadaryo viloyatining 2018-yil uchun tasdiqlangan budjet parametrlari doirasida, 2019-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida ijtimoiy sohaga nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bir oy muddatda:
tashkil etilayotgan muzeyning asosiy vazifalaridan kelib chiqib, Amir Temur nomidagi moddiy-madaniyat tarixi muzeyi toʻgʻrisida yangilangan nizomni ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda muzey konsepsiyasi asosida ekspozitsiya yaratish uchun maqom sanʼatiga oid hujjatlar, kino, fono-, fotomateriallar va muzey ashyolari bilan toʻldirish choralarini koʻrsin;
muzeyning shtatlar jadvalini belgilangan tartibda ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini hamda malakali kadrlar bilan toʻldirilishini taʼminlasin;
Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Qashqadaryo viloyati hokimligi bilan birgalikda maqom sanʼatiga oid milliy merosimiz, qadimiy tariximiz va madaniyatimizni targʻib qilish maqsadida muzeyga xorijiy sayyohlarni keng jalb etish choralarini koʻrsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi muzeyning loyiha-smeta hujjatlarini davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini hamda qurilish-montaj ishlari ustidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini amalga oshirsin.
7. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi va boshqa ommaviy axborot vositalariga muzey faoliyatini keng yoritish tavsiya etilsin.
8. Vazirlar Mahkamasining “2017 — 2027-yillarda davlat muzeylari faoliyatini takomillashtirish va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-dekabrdagi 975-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev, Qashqadaryo viloyati hokimi Z.Sh. Roʻziyev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 6-avgustdagi 621-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “2017 — 2027-yillarda davlat muzeylari faoliyatini takomillashtirish va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-dekabrdagi 975-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 3-ilovaning “Yangi qurilish” boʻlimi 2-pozitsiyasi “Amalga oshirish muddati” ustunidagi “2020 — 2022-yillar” soʻzlari “2019-2020-yillar” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. 4-ilovaning 23-pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 23. Qashqadaryo viloyati Amir Temur nomidagi moddiy-madaniyat tarixi muzeyi va uning filiali: Shahrisabz tumani Qashqadaryo viloyati Shahrisabz shahridagi “Maqom muzeyi” Shahrisabz shahri ” .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 6-avgust,
621-son