UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 15-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 15 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 августа 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 August 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

низом

СХЕМАСИ

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, саломатликларини муҳофаза қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг 2018/2019 ўқув йили давомида давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун замонавий ягона мактаб формасини (кейинги ўринларда мактаб формаси деб юритилади) жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасининг шакллари 1-иловага мувофиқ;

давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига 1-иловага мувофиқ тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этилади.

4. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудида) инобатга олган ҳолда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантирсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчаларини ташкил этсин ва уларнинг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан назорат ўрнатсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мактаб формасининг давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ихтиёрий жорий қилинишига кўмаклашсин;

ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орасида давлат умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб борсин.

8. Тижорат банкларига аҳолининг мактаб формаларини харид қилиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мактаб формаси жорий қилинишининг ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгликни мустаҳкамлашга ва сифатли таълим-тарбия олиш учун шароит яратишга хизмат қилиши оммавий ахборот воситаларида, жумладан, ижтимоий роликлар орқали мунтазам ва кенг ёритиш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.О. Саидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибиятига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формаларининг шакллари

1 — 6-синфлар учун

Т.р Кийимлар Ранги Мато таркиби Изоҳ 1. Кўйлак oқ 100% пахта Оддий классик бичимда тикилган , енги калта вариантда ҳам тикилади. 2. Нимча кўк, кўк катак 65% пахта, 35% полиэстер Ўғил болалар нимчасининг олд тарафида кўк катак матодан фойдаланилган, қиз болалар нимчасининг ёнида ёлғон чўнтак тикилган. 3. Шим кўк 65% пахта, 35% полиэстер Шимнинг олд қисмида стрелка ва икки ёнида чўнтаклари бор. Шим кийиб юрилганида оёқнинг тўпиғи ёпиқ ҳолатда бўлиши таъминланиши шарт. 4. Юбка кўк катак 65% пахта, 35% полиэстер Трапеция шаклида тикилган ва ён қисмида тўртта йиғма мавжуд. Юбка кийиб юрилганида тиззадан тепасини тўлиқ ёпиши ва тиззадан пастга кўпи билан 8 сантиметргача узайтирилиши мумкин. 5. Енгил куртка кўк 65% пахта, 35% полиэстер Эркин бичимда тикилган, ёқа ва манжет қисмида резина материал ва икки ёнида чўнтаклари бор.

7 — 11-синфлар учун

Т.р Кийимлар Ранги Мато таркиби Изоҳ 1. Кўйлак оқ 70% пахта, 30% полиэстер Классик услубда тикилган, енги узун ва калта вариантларда тикилади. 2. Нимча тўқ кўк 45% пахта, 55% полиэстер Ўғил болаларнинг нимчасида икки қатор тугма ва қизларникида бир қатор тугма мавжуд. 3. Шим тўқ кўк 45% пахта, 55% полиэстер Шимнинг олд қисмида стрелка ва икки ёнида чўнтаклари бор.Шим кийиб юрилганда оёқнинг тўпиғи ёпиқ ҳолатда бўлиши таъминланиши шарт. 4. Юбка тўқ кўк 45% пахта, 55% полиэстер Тиззадан юқори бўлмаган, классик услубда тикилган.Юбка кийиб юрилганида тиззадан тепасини тўлиқ ёпиши ва тиззадан пастга кўпи билан 12 сантиметргача узайтирилиши мумкин. 5. Пиджак тўқ кўк 45% пахта, 55% полиэстер Классик услубда тикилган, рельеф виточкалари ва чўнтаклари мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат умумий ўрта таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб юритилади) ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини (кейинги ўринларда — мактаб формаси) жорий этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари таълим муассасалари ўқувчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Мазкур Низом талаблари ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаблари ва мактаб-интернатлари учун татбиқ этилмайди.

3. Мактаб формасининг матоси ўқувчиларнинг ёшига, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ жавоб бериши шарт.

2-боб. Таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этишнинг мақсад ва вазифалари

4. Мактаб формасини жорий этишнинг мақсади ўқувчиларнинг билимли, одоб-ахлоқли, соғлом фикрли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб етишишига кўмаклашиш, ўзаро тенглик ва белгиланган тартиб-қоидаларга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш учун шарт-шароит яратиш, ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини юзага келтиришдан иборат.

5. Қуйидагилар мактаб формасини жорий этишнинг вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларида соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, ёш авлодга замон талаблари ва миллий қадриятлар асосида таълим-тарбия беришга кўмаклашиш;

ўқувчилар ўртасида ўзаро ижтимоий тенглик тамойилларини қарор топтириш;

таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этишларини тартибга солиш;

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ёт бўлган «оммавий маданият» хуружларидан ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

3-боб. Таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш ва уларга қўйилган талаблар

6. Ўқувчилар томонидан мактаб формасини кийишда қуйидаги талабларга риоя этилиши лозим:

кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги;

қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан камида 5 — 15 см пастда бўлиши;

ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши;

оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги;

кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши;

кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.

7. Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида:

ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига;

қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.

8. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактаб формасининг нимчасини ёки костюмини, кўйлакнинг енги узун ёки калта шаклини ихтиёрий равишда кийишлари мумкин. Шунингдек, қишки ўқиш даврида ўқувчи қизларга ягона мактаб формасига мос шим кийишга рухсат берилади.

9. Таълим муассасаси томонидан мактаб формасининг намунавий ягона шаклларининг рангли расмлари ва техник кўрсаткичлари — матонинг таркиби ва ранги ҳақидаги маълумотлар 1 — 6-синфлар ва 7 — 11-синфлар кесимида таълим муассасасининг барчага кўринарли жойига осиб қўйилади.

10. Таълим муассасаси раҳбарияти ҳар йили 20 февралга қадар ўқувчиларнинг тахминий сони тўғрисидаги маълумотларни синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тақдим этади.

11. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳар йили 1 мартга қадар ўқувчиларнинг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги туман (шаҳар) бўйича умумлаштирилган маълумотларни (прогноз) Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига тақдим этади.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тасарруфидаги таълим муассасаларидаги жами ўқувчиларнинг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги сони (прогноз) тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ҳар йили 10 мартга қадар тақдим этади.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари жами ўқувчиларининг синфлар ва жинс (ўғил/қиз) кесимидаги сони (прогноз) тўғрисидаги маълумотларни ҳудудлар бўйича умумлаштирилган ҳолда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига ҳар йили 20 мартга қадар тақдим этилади.

14. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тақдим этилган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили апрель-август ойлари давомида ҳудудлар бўйича мактаб формаларининг ишлаб чиқарилишини ташкил этади.

15. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси мактаб формаларининг ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар бўйича ишлаб чиқариш ва савдоси ташкил этиладиган жойлар тўғрисидаги манзилли маълумотларни ҳар йили 20 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади ва оммавий ахборот воситалари орқали савдоси ташкил этиладиган жойлар тўғрисидаги манзилли маълумотларни эълон қилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ишлаб чиқарувчилар ва савдо шоҳобчаларининг манзиллари ҳақидаги маълумотлар ҳар йили 25 апрелга қадар барча таълим муассасаларга етказилишини таъминлайди.

17. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан ҳар йили 1 майга қадар таълим муассасасининг барчага кўринадиган жойларига мактаб формасини қаерда ва қандай тартибда харид қилиш мумкинлиги тўғрисида тегишли эълон жойлаштирилади ҳамда таълим муассасалари томонидан ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилади.

4-боб. Ўқувчилар томонидан замонавий ягона мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаганлик учун жавобгарлик

18. Ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланиши мумкин:

огоҳлантириш;

кундалик дафтарига қайд этиш;

тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.

5-боб. Якуний қоидалар

19. Ўқувчиларнинг таълим муассасасига мактаб формасида келишларини таъминлаш учун ота-оналар масъул ҳисобланади.

20. Таълим муассасасида ўқувчилар томонидан мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилиниши таълим муассасаси раҳбарияти, синф раҳбарлари ва педагог ходимлар томонидан назорат қилиб борилади.

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 15 август,

666-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.08.2018 й., 09/18/666/1768-сон; 20.06.2019 й., 09/19/509/3316-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2022 й., 09/22/271/0433-сон; 07.06.2022 й., 09/22/312/0493-сон, 04.10.2022 й., 09/22/558/0887-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

nizom

SXEMASI

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarini zamonaviy yagona maktab formasi bilan taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarining kiyinish madaniyati va tartib-intizomga amal qilish koʻnikmalarini mustahkamlash, salomatliklarini muhofaza qilish uchun tegishli shart-sharoitlar yaratish, maʼnaviy va jismoniy sogʻlom avlodni kamol toptirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Moliya vazirligi va “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasining 2018/2019 oʻquv yili davomida davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilar uchun zamonaviy yagona maktab formasini (keyingi oʻrinlarda maktab formasi deb yuritiladi) joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar:

davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasining shakllari 1-ilovaga muvofiq;

davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki, oʻquvchilarning davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasasiga 1-ilovaga muvofiq tasdiqlangan shakllardagi yagona maktab formasi bosqichma-bosqich joriy etiladi.

4. “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi maktab formasini ishlab chiqaruvchi tashkilotlarni belgilashda ularning texnologik jihatdan ishlab chiqarish imkoniyatlari va hududiy joylashuvini (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududida) inobatga olgan holda maktab formasini ishlab chiqaruvchi tashkilotlar roʻyxatini hududlar boʻyicha shakllantirsin.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi bilan birgalikda maktab formasi savdosini tashkil qilish maqsadida respublikaning har bir tuman (shahar) markazida aholiga qulay joylarda maktab formasini ishlab chiqaruvchi tashkilotlarning savdo shoxobchalarini tashkil etsin va ularning joylashish manzillarini ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oʻzbekiston Texnik jihatdan tartibga solish agentligi, “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi maktab formasining belgilangan standartlarga, sanitariya qoidalari normalari va gigiyena normativlariga muvofiq sifatli toʻqimachilik mahsulotlaridan tayyorlanishi ustidan nazorat oʻrnatsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

2018/2019 oʻquv yilidan boshlab maktab formasining davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida ixtiyoriy joriy qilinishiga koʻmaklashsin;

oʻquvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar orasida davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga maktab formasida kelishning afzalliklari toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini olib borsin.

8. Tijorat banklariga aholining maktab formalarini xarid qilishi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining qayta moliyalashtirish stavkasidan oshmaydigan foiz stavkasi boʻyicha qisqa muddatli (olti oydan kam boʻlmaydigan) isteʼmol kreditlari ajratish tavsiya etilsin.

9. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasiga ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyati, maktab formasi joriy qilinishining oʻquvchilar oʻrtasida ijtimoiy tenglikni mustahkamlashga va sifatli taʼlim-tarbiya olish uchun sharoit yaratishga xizmat qilishi ommaviy axborot vositalarida, jumladan, ijtimoiy roliklar orqali muntazam va keng yoritish tavsiya etilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri B.O. Saidov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim, sogʻliqni saqlash va sport masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 15-avgustdagi 666-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formalarining shakllari

1 — 6-sinflar uchun

T.r Kiyimlar Rangi Mato tarkibi Izoh 1. Koʻylak oq 100% paxta Oddiy klassik bichimda tikilgan , yengi kalta variantda ham tikiladi. 2. Nimcha koʻk, koʻk katak 65% paxta, 35% poliester Oʻgʻil bolalar nimchasining old tarafida koʻk katak matodan foydalanilgan, qiz bolalar nimchasining yonida yolgʻon choʻntak tikilgan. 3. Shim koʻk 65% paxta, 35% poliester Shimning old qismida stryelka va ikki yonida choʻntaklari bor. Shim kiyib yurilganida oyoqning toʻpigʻi yopiq holatda boʻlishi taʼminlanishi shart. 4. Yubka koʻk katak 65% paxta, 35% poliester Trapetsiya shaklida tikilgan va yon qismida toʻrtta yigʻma mavjud. Yubka kiyib yurilganida tizzadan tepasini toʻliq yopishi va tizzadan pastga koʻpi bilan 8 santimetrgacha uzaytirilishi mumkin. 5. Yengil kurtka koʻk 65% paxta, 35% poliester Erkin bichimda tikilgan, yoqa va manjet qismida rezina material va ikki yonida choʻntaklari bor.

7 — 11-sinflar uchun

T.r Kiyimlar Rangi Mato tarkibi Izoh 1. Koʻylak oq 70% paxta, 30% poliester Klassik uslubda tikilgan, yengi uzun va kalta variantlarda tikiladi. 2. Nimcha toʻq koʻk 45% paxta, 55% poliester Oʻgʻil bolalarning nimchasida ikki qator tugma va qizlarnikida bir qator tugma mavjud. 3. Shim toʻq koʻk 45% paxta, 55% poliester Shimning old qismida stryelka va ikki yonida choʻntaklari bor.Shim kiyib yurilganda oyoqning toʻpigʻi yopiq holatda boʻlishi taʼminlanishi shart. 4. Yubka toʻq koʻk 45% paxta, 55% poliester Tizzadan yuqori boʻlmagan, klassik uslubda tikilgan.Yubka kiyib yurilganida tizzadan tepasini toʻliq yopishi va tizzadan pastga koʻpi bilan 12 santimetrgacha uzaytirilishi mumkin. 5. Pidjak toʻq koʻk 45% paxta, 55% poliester Klassik uslubda tikilgan, relyef vitochkalari va choʻntaklari mavjud.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 15-avgustdagi 666-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasalari deb yuritiladi) oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasini (keyingi oʻrinlarda — maktab formasi) joriy etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun majburiy hisoblanadi.

Mazkur Nizom talablari ixtisoslashtirilgan sanʼat va madaniyat maktablari va maktab-internatlari, ixtisoslashtirilgan olimpiya zaxiralari maktablari va maktab-internatlari uchun tatbiq etilmaydi.

3. Maktab formasining matosi oʻquvchilarning yoshiga, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga toʻliq javob berishi shart.

2-bob. Taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasini joriy etishning maqsad va vazifalari

4. Maktab formasini joriy etishning maqsadi oʻquvchilarning bilimli, odob-axloqli, sogʻlom fikrli, har tomonlama barkamol shaxs boʻlib yetishishiga koʻmaklashish, oʻzaro tenglik va belgilangan tartib-qoidalarga itoatkorlik hissini uygʻotish, ularning salomatliklarini muhofaza qilish uchun shart-sharoit yaratish, oʻquvchilar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yuzaga keltirishdan iborat.

5. Quyidagilar maktab formasini joriy etishning vazifalari hisoblanadi:

taʼlim muassasalarida sogʻlom ijtimoiy-psixologik muhitni shakllantirish, yosh avlodga zamon talablari va milliy qadriyatlar asosida taʼlim-tarbiya berishga koʻmaklashish;

oʻquvchilar oʻrtasida oʻzaro ijtimoiy tenglik tamoyillarini qaror toptirish;

taʼlim muassasalarida oʻquvchilarning ichki tartib va odob-axloq qoidalariga toʻliq rioya etishlarini tartibga solish;

oʻquvchilarni milliy va umuminsoniy qadriyatlarga yot boʻlgan “ommaviy madaniyat” xurujlaridan himoya qilishga koʻmaklashish.

3-bob. Taʼlim muassasalari oʻquvchilarini zamonaviy yagona maktab formasi bilan taʼminlash va ularga qoʻyilgan talablar

6. Oʻquvchilar tomonidan maktab formasini kiyishda quyidagi talablarga rioya etilishi lozim:

kiyimlarning oʻta tor yoki oʻta keng bichimda boʻlmasligi;

qizlar uchun yubkaning uzunligi tizzadan kamida 5 — 15 sm pastda boʻlishi;

oʻgʻil bolalar uchun shimning uzunligi oyoq toʻpigʻidan pastda boʻlishi;

oyoq kiyimlar poshnasining 3 santimetrdan baland boʻlmasligi;

koʻylakning eng yuqoridagi faqat bitta tugmasidan tashqari boshqa tugmalarning qadalgan boʻlishi;

kiyimlarning toza va dazmollangan boʻlishi.

7. Oʻquvchilar taʼlim muassasasi binosi ichida bosh kiyimsiz yurishlari lozim, taʼlim muassasasida oʻtkaziladigan turli tadbirlar jarayoni bundan mustasno.

Oʻzbekiston Respublikasida aholi turli millat va diniy konfessiyalar vakillaridan iboratligi hamda majburiy umumiy oʻrta taʼlim dunyoviy xaraktyerga egaligi munosabati bilan oʻquvchilarning maktab formasiga turli din va konfessiyalar xamda turli submadaniyatlarga mansublikni aks ettiruvchi elementlarni (hijob, kipa, kashaya, xoch va boshqalar) qoʻshishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Shuningdek, umumtaʼlim maktablarida:

oʻgʻil bola oʻquvchilarning taʼlim muassasasiga tanasining ochiq qismiga tatuirovka tushirgan yoki pirsing qilgan, soqol qoʻygan, sochi 2-3 santimetrdan uzun boʻlgan va yorqin ranglarga boʻyagan holda kelishlariga;

qiz bola oʻquvchilarning taʼlim muassasasiga tanasining ochiq qismiga tatuirovka tushirgan yoki pirsing qilgan, sochini yorqin ranglarga boʻyagan, yuzini koʻzga tashlanadigan darajada makiyaj qilgan, qulogʻiga bittadan ortiq sirgʻa taqqan, barmoqlariga uzuk taqqan, qoʻl tirnoqlarini boʻyagan va uzun qilib oʻstirgan holda kelishlariga yoʻl qoʻyilmaydi.

8. Ob-havo sharoitidan kelib chiqib, oʻquvchilar maktab formasining nimchasini yoki kostyumini, koʻylakning yengi uzun yoki kalta shaklini ixtiyoriy ravishda kiyishlari mumkin. Shuningdek, qishki oʻqish davrida oʻquvchi qizlarga yagona maktab formasiga mos shim kiyishga ruxsat beriladi.

9. Taʼlim muassasasi tomonidan maktab formasining namunaviy yagona shakllarining rangli rasmlari va texnik koʻrsatkichlari — matoning tarkibi va rangi haqidagi maʼlumotlar 1 — 6-sinflar va 7 — 11-sinflar kesimida taʼlim muassasasining barchaga koʻrinarli joyiga osib qoʻyiladi.

10. Taʼlim muassasasi rahbariyati har yili 20-fevralga qadar oʻquvchilarning taxminiy soni toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni sinflar va jins (oʻgʻil/qiz) kesimida tegishli tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimiga taqdim etadi.

11. Tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari har yili 1-martga qadar oʻquvchilarning sinflar va jins (oʻgʻil/qiz) kesimidagi tuman (shahar) boʻyicha umumlashtirilgan maʼlumotlarni (prognoz) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, viloyatlar xalq taʼlimi boshqarmalari va Toshkent shahar xalq taʼlimi bosh boshqarmasiga taqdim etadi.

12. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, viloyatlar xalq taʼlimi boshqarmalari va Toshkent shahar xalq taʼlimi bosh boshqarmasi tomonidan tasarrufidagi taʼlim muassasalaridagi jami oʻquvchilarning sinflar va jins (oʻgʻil/qiz) kesimidagi soni (prognoz) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga har yili 10-martga qadar taqdim etadi.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan umumtaʼlim maktablari jami oʻquvchilarining sinflar va jins (oʻgʻil/qiz) kesimidagi soni (prognoz) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hududlar boʻyicha umumlashtirilgan holda “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasiga har yili 20-martga qadar taqdim etiladi.

14. “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi taqdim etilgan maʼlumotlarni hisobga olgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda har yili aprel-avgust oylari davomida hududlar boʻyicha maktab formalarining ishlab chiqarilishini tashkil etadi.

15. “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi maktab formalarining hududlar va tuman (shahar)lar boʻyicha ishlab chiqarish va savdosi tashkil etiladigan joylar toʻgʻrisidagi manzilli maʼlumotlarni har yili 20-aprelga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga taqdim etadi va ommaviy axborot vositalari orqali savdosi tashkil etiladigan joylar toʻgʻrisidagi manzilli maʼlumotlarni eʼlon qiladi.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi ishlab chiqaruvchilar va savdo shohobchalarining manzillari haqidagi maʼlumotlar har yili 25-aprelga qadar barcha taʼlim muassasalarga yetkazilishini taʼminlaydi.

17. Taʼlim muassasasi rahbariyati tomonidan har yili 1-mayga qadar taʼlim muassasasining barchaga koʻrinadigan joylariga maktab formasini qayerda va qanday tartibda xarid qilish mumkinligi toʻgʻrisida tegishli eʼlon joylashtiriladi hamda taʼlim muassasalari tomonidan ota-onalar oʻrtasida tushuntirish ishlari olib boriladi.

4-bob. Oʻquvchilar tomonidan zamonaviy yagona maktab formasini kiyish tartibiga rioya qilmaganlik uchun javobgarlik

18. Oʻquvchilarning maktab formasini kiyish tartibiga rioya qilmaslik taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalarini buzish deb baholanadi va bunday oʻquvchilarga quyidagi choralar qoʻllanishi mumkin:

ogohlantirish;

kundalik daftariga qayd etish;

tushuntirish ishlarini olib borish uchun ota-onasini xabardor qilish;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va taʼlim muassasasidagi yigʻilishlarda ota-onalar ishtirokida muhokama qilish.

5-bob. Yakuniy qoidalar

19. Oʻquvchilarning taʼlim muassasasiga maktab formasida kelishlarini taʼminlash uchun ota-onalar masʼul hisoblanadi.

20. Taʼlim muassasasida oʻquvchilar tomonidan maktab formasini kiyish tartibiga rioya qilinishi taʼlim muassasasi rahbariyati, sinf rahbarlari va pedagog xodimlar tomonidan nazorat qilib boriladi.

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy maktab formasini joriy etish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun zamonaviy yagona maktab formasini joriy etish tartibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 15-avgust,

666-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 16.08.2018-y., 09/18/666/1768-son; 20.06.2019-y., 09/19/509/3316-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.05.2022-y., 09/22/271/0433-son; 07.06.2022-y., 09/22/312/0493-son, 04.10.2022-y., 09/22/558/0887-son)

lex.uz