UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 18-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 18 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 сентября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 September 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани маҳаллаларида «Тадбиркорлик марказлари»ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишда тизимли амалий ёрдам кўрсатиш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида» 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3777-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилдаи:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 58 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан дастлаб, иловадаги маҳалла фуқаролар йиғинларида тажриба тариқасида «Тадбиркорлик марказлари» (кейинги ўринларда Марказлар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Марказлар бизнес-инкубатор шаклида тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади;

Марказлар юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади;

Фуқаролар йиғинларининг раислари Марказларга раҳбарлик қилади, уларнинг ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Марказлар фаолиятига, зарур ҳолларда, тегишли ҳудуддаги тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг малакали мутахассислари ҳамда фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари жамоатчилик асосида жалб қилиниши мумкин;

Марказлар фаолияти билан боғлик харажатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари, Олмазор тумани маҳаллий бюджети даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан тушадиган даромадлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади;

Марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Олмазор тумани ҳокими ҳар чорак якунида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига ҳисобот бериб боради.

4. Қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳар бир маҳалладаги хонадонларни уйма-уй юриб ўрганиш ва бунинг асосида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш ва уларни Марказларга кенг жалб этиш;

фуқароларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмалари, жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини тўғри танлаш ва қўллаш, бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари, молиявий менежмент ва бухгалтерия ҳисобини ўзлаштириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;

зарур ҳолларда, фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар ўз ишини йўлга қўйгунга қадар уларга Марказлар биносидан, шу жумладан ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан белгиланган тартибда жой ажратишга кўмаклашиш;

тадбиркорларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига ўз бизнесини ташкил этишда бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, солиққа тортиш, ишчилар ёллаш, статистика, молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бино ва иншоотларни ижарага олиш, давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш;

тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишда минитехнологиялар ҳамда ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш;

маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги расмий фаолиятини бошлаш истагида бўлган ҳунармандларга рўйхатдан ўтиш, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги белгиланган имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш;

маҳалла ёшларининг, аввало, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиши ва юритишига кўмаклашиш;

маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги жисмоний ва юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «ягона дарча» тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари, банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, консалтинг, баҳолаш, риэлторлик ва бозор инфратузилмаси субъектларининг бошқа хизматлари ҳақида маълумотлар бериш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятига доир бузилган ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тегишли давлат органларига мурожаат этишда маслаҳатлар бериш ҳамда аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти давомида юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, шунингдек, Марказлар ходимларининг билим ва малакасини ошириш бўйича замонавий интерактив ўқув услубларини қўллаган ҳолда бир йилда икки марта (сентябрь ва март ойларида) ўқув-семинарлар ўтказилишини таъминласин.

6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда тегишли ҳудудда яшовчи ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва стартаплар ташкил этиш учун уларга белгиланган тартибда ёшлар тадбиркорлик кластерлари ҳудудидан майдонлар ажратиш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши буюртманомасига биноан Марказларни белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари билан таъминласин, шунингдек, улар учун Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратсин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олмазор тумани ҳокимлиги:

бир ой муддатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда Марказларни иловага мувофиқ Олмазор туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида жойлаштирилишини ҳамда зарур мебель, жиҳозлар ва ташкилий техника воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш ҳамда Марказларга самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратиб берилишини таъминласинлар;

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар Марказлар фаолиятининг самарадорлиги натижаларини таҳлил қилган ҳолда, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам Марказлар ташкил этсин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олмазор тумани ҳокимлиги раҳбарлари зиммасига Марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги 740-сон қарорига ИЛОВА

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида тажриба тариқасида «Тадбиркорлик марказлари» ташкил этиладиган маҳалла фуқаролар йиғинлари

Т/р Маҳалла фуқаролар йиғинларининг номи 1-сектор 1. Мойариқ маҳалла фуқаролар йиғини 2. Олимпия маҳалла фуқаролар йиғини 3. Янги Тошкент маҳалла фуқаролар йиғини 2-сектор 4. Чуқурсой маҳалла фуқаролар йиғини 5. Гулзор маҳалла фуқаролар йиғини 3-сектор 6. Намуна маҳалла фуқаролар йиғини 7. Эски шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини 4-сектор 8. Чимбой маҳалла фуқаролар йиғини 9. Чиғатой Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғини 10. Университет маҳалла фукаролар йиғини

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 18 сентябрь,

740-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.09.2018 й., 09/18/740/1893-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2023 й., 09/23/327/0549-сон; 23.04.2025 й., 09/25/247/0383-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

Toshkent shahrining Olmazor tumani mahallalarida “Tadbirkorlik markazlari”ni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Tadbirkorlik bilan shugʻullanish istagida boʻlgan aholining tadbirkorlik tashabbuslarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, ularga tadbirkorlik faoliyatini tashkil etish va amalga oshirishda tizimli amaliy yordam koʻrsatish, aholini tadbirkorlik faoliyatiga keng jalb etish maqsadida, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har bir oila — tadbirkor” dasturini amalga oshirish toʻgʻrisida” 2018-yil 7-iyundagi PQ-3777-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qildai:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 22-yanvardagi PF-5308-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Faol tadbirkorlik, innovatsion gʻoyalar va texnologiyalarni qoʻllab-quvvatlash yili”da amalga oshirishga oid Davlat dasturiga muvofiq fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining tadbirkorlik faoliyatini rivojlantirishga koʻmaklashish tizimini takomillashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Toshkent shahar hokimligi, Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi, Iqtisodiyot vazirligi va Moliya vazirligining Toshkent shahri Olmazor tumanidagi 58 ta mahalla fuqarolar yigʻinlaridan dastlab, ilovadagi mahalla fuqarolar yigʻinlarida tajriba tariqasida “Tadbirkorlik markazlari” (keyingi oʻrinlarda Markazlar deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Markazlar biznes-inkubator shaklida tadbirkorlik faoliyatini, shu jumladan oilaviy tadbirkorlik va hunarmandchilik faoliyatini rivojlantirishga koʻmaklashish maqsadida tashkil etiladi;

Markazlar yuridik shaxs hisoblanmaydi va oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida amalga oshiradi;

Fuqarolar yigʻinlarining raislari Markazlarga rahbarlik qiladi, ularning ishini tashkil etadi va muvofiqlashtiradi;

Markazlar faoliyatiga, zarur hollarda, tegishli hududdagi tajribali tadbirkorlar, hunarmandlar, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining malakali mutaxassislari hamda fuqarolar yigʻini raisining maslahatchilari jamoatchilik asosida jalb qilinishi mumkin;

Markazlar faoliyati bilan bogʻlik xarajatlar fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining oʻz mablagʻlari, Olmazor tumani mahalliy budjeti daromadlarining prognoz parametrlarini oshirib bajarishdan tushadigan daromadlar hamda jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hisobidan qoplanadi;

Markazlar faoliyatini yoʻlga qoʻyish va samaradorligini taʼminlash boʻyicha amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisida Olmazor tumani hokimi har chorak yakunida xalq deputatlari Toshkent shahar kengashiga hisobot berib boradi.

4. Quyidagilar Markazlarning asosiy vazifalari etib belgilansin:

har bir mahalladagi xonadonlarni uyma-uy yurib oʻrganish va buning asosida tadbirkorlik bilan shugʻullanish istagi boʻlgan shaxslarni aniqlash hamda ularga tadbirkorlik faoliyatini tashkil etishda koʻmaklashish va ularni Markazlarga keng jalb etish;

fuqarolarning oʻz biznesini tashkil etish va yuritish koʻnikmalari, jumladan, loyiha biznes-rejasini tayyorlash, soliqqa tortishning turli rejimlarini toʻgʻri tanlash va qoʻllash, biznes yuritishning huquqiy asoslari, moliyaviy menejment va buxgalteriya hisobini oʻzlashtirish hamda boshqa yoʻnalishlar boʻyicha oʻqitishni tashkil etish;

zarur hollarda, faoliyatini endi boshlayotgan tadbirkorlar oʻz ishini yoʻlga qoʻygunga qadar ularga Markazlar binosidan, shu jumladan yoshlar tadbirkorlik klasterlari binolaridan belgilangan tartibda joy ajratishga koʻmaklashish;

tadbirkorlarga va tadbirkorlik bilan shugʻullanish istagida boʻlgan aholiga oʻz biznesini tashkil etishda biznes-rejalar ishlab chiqish, marketing tadqiqotlari oʻtkazish, soliqqa tortish, ishchilar yollash, statistika, moliya, soliq va boshqa hisobotlarni topshirish, bank xizmatlari, bino va inshootlarni ijaraga olish, davlat mulkini xususiylashtirish boʻyicha maslahatlar va amaliy yordam berish;

tadbirkorlik subyektlariga ishonchli hamkorlar, yangi bozorlarni izlash va ishlab chiqarilgan mahsulotlarini ichki va tashqi bozorlarga olib chiqishda minitexnologiyalar hamda uskunalar sotib olishda koʻmaklashish;

mahalla fuqarolar yigʻini hududidagi rasmiy faoliyatini boshlash istagida boʻlgan hunarmandlarga roʻyxatdan oʻtish, “Hunarmand” uyushmasiga aʼzo boʻlish orqali soliqlar va boshqa turdagi belgilangan imtiyozlardan foydalanishda hamda imtiyozli kreditlar olishda amaliy yordam koʻrsatish;

mahalla yoshlarining, avvalo, oliy va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalari bitiruvchilarining oʻz biznesini tashkil qilishi va yuritishiga koʻmaklashish;

mahalla fuqarolar yigʻini hududidagi jismoniy va yuridik shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali, “yagona darcha” tamoyili boʻyicha faqat Davlat xizmatlari markazlari orqali koʻrsatiladigan davlat xizmatlari, bank, lizing, sugʻurta, auditorlik, konsalting, baholash, rieltorlik va bozor infratuzilmasi subyektlarining boshqa xizmatlari haqida maʼlumotlar berish;

aholi va tadbirkorlik subyektlariga tadbirkorlik faoliyatiga doir buzilgan oʻz huquq va manfaatlarini himoya qilish yuzasidan tegishli davlat organlariga murojaat etishda maslahatlar berish hamda aholini tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyishda, shuningdek, tadbirkorlik subyektlari faoliyati davomida yuzaga keladigan muammolarni hal etishda koʻmaklashish.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi mahalla fuqarolar yigʻinlari raislari, shuningdek, Markazlar xodimlarining bilim va malakasini oshirish boʻyicha zamonaviy interaktiv oʻquv uslublarini qoʻllagan holda bir yilda ikki marta (sentabr va mart oylarida) oʻquv-seminarlar oʻtkazilishini taʼminlasin.

6. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi bilan birgalikda tegishli hududda yashovchi yoshlarni tadbirkorlik faoliyatiga keng jalb qilish hamda tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish va startaplar tashkil etish uchun ularga belgilangan tartibda yoshlar tadbirkorlik klasterlari hududidan maydonlar ajratish choralarini koʻrsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi buyurtmanomasiga binoan Markazlarni belgilangan tartibda zarur aloqa vositalari bilan taʼminlasin, shuningdek, ular uchun Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalanish imkoniyatini yaratsin.

8. Toshkent shahar hokimligi, Olmazor tumani hokimligi:

bir oy muddatda Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi bilan birgalikda Markazlarni ilovaga muvofiq Olmazor tumanidagi mahalla fuqarolar yigʻinlari binolarida joylashtirilishini hamda zarur mebel, jihozlar va tashkiliy texnika vositalari bilan toʻliq jihozlash hamda Markazlarga samarali faoliyat koʻrsatishi uchun sharoit yaratib berilishini taʼminlasinlar;

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi, Iqtisodiyot vazirligi va Moliya vazirligi bilan birgalikda 2019-yil 1-yanvarga qadar Markazlar faoliyatining samaradorligi natijalarini tahlil qilgan holda, Toshkent shahrining Olmazor tumanidagi boshqa mahalla fuqarolar yigʻinlarida ham Markazlar tashkil etsin.

9. Toshkent shahar hokimligi, Olmazor tumani hokimligi rahbarlari zimmasiga Markazlar faoliyatini samarali tashkil etish yuzasidan shaxsiy javobgarlik yuklansin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov va Toshkent shahar hokimi vazifasini bajaruvchi J.A. Artikxodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 18-sentabrdagi 740-son qaroriga ILOVA

Toshkent shahrining Olmazor tumanida tajriba tariqasida “Tadbirkorlik markazlari” tashkil etiladigan mahalla fuqarolar yigʻinlari

T/r Mahalla fuqarolar yigʻinlarining nomi 1-sektor 1. Moyariq mahalla fuqarolar yigʻini 2. Olimpiya mahalla fuqarolar yigʻini 3. Yangi Toshkent mahalla fuqarolar yigʻini 2-sektor 4. Chuqursoy mahalla fuqarolar yigʻini 5. Gulzor mahalla fuqarolar yigʻini 3-sektor 6. Namuna mahalla fuqarolar yigʻini 7. Eski shahar mahalla fuqarolar yigʻini 4-sektor 8. Chimboy mahalla fuqarolar yigʻini 9. Chigʻatoy Oqtepa mahalla fuqarolar yigʻini 10. Universitet mahalla fukarolar yigʻini

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 18-sentabr,

740-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.09.2018-y., 09/18/740/1893-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.08.2023-y., 09/23/327/0549-son; 23.04.2025-y., 09/25/247/0383-son)

lex.uz