UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 9-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 9 август · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Олий ва ўрта махсус таълим вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 августа 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр высшего и среднего специального образования

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 August 2018 · Ministry and agency documents · Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги 19-2018-сон буйруғига ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизимини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом 2018-2019 ўқув йилида, шунингдек кейинги ўқув йилларида олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган талабаларнинг билимини назорат қилиш ҳамда баҳолашда қўлланилади.

2. Мазкур Низом талаблари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни модул тизимига асосланган олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашда қўлланилмайди.

3. Талабалар олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари томонидан биринчи машғулотда мазкур Низом талаблари билан таништирилиши шарт.

4. Талабалар билимини баҳолашда малакавий амалиёт, курс иши, фан (фанлараро) давлат аттестацияси, битирув малакавий иши, шунингдек магистратура босқичида илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар ҳамда магистрлик диссертацияси бўйича мазкур Низомда белгиланган баҳолаш мезонлари қўлланилади.

2-боб. Назорат турлари ва баҳолаш мезонлари

1-§. Назорат турлари

5. Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

6. Оралиқ назорат семестр давомида ишчи фан дастурининг тегишли бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш мақсадида ўқув машғулотлари давомида ўтказилади.

7. Оралиқ назорат тури ҳар бир фан бўйича фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда 2 мартагача ўтказилиши мумкин.

Оралиқ назорат турини ўтказиш шакли ва муддати фаннинг хусусияти ва фанга ажратилган соатлардан келиб чиқиб тегишли кафедра томонидан белгиланади.

8. Оралиқ назорат турининг топшириқлари тегишли кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилади ва мазкур кафедра мудири томонидан тасдиқланади.

9. Семестр давомида ҳафтасига 2 академик соатдан (тиббиёт олий таълим ташкилотларида 4 академик соатдан) кам бўлган фанлар бўйича оралиқ назорат тури ўтказилмайди.

10. Талабанинг амалий, семинар, лаборатория машғулотлари ва мустақил таълим топшириқларини бажариши, шунингдек унинг ушбу машғулотлардаги фаоллиги фан ўқитувчиси томонидан баҳолаб борилади. Баҳолаш мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган мезонлар асосида амалга оширилади.

Талабани оралиқ назорат тури бўйича баҳолашда, унинг ўқув машғулотлари давомида олган баҳолари инобатга олинади.

11. Якуний назорат тури семестр якунида (тиббиёт олий таълим ташкилотларида фан якунида) тегишли фан бўйича талабанинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ўзлаштириш даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

12. Якуний назорат турини ўтказиш шакли тегишли фан бўйича кафедра томонидан белгиланади.

13. Якуний назорат тури олий таълим ташкилотларининг тегишли факультет декани ёки ўқув-услубий бўлим томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда ўқув ишлари бўйича проректор томонидан тасдиқланадиган Якуний назорат турларини ўтказиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.

14. Тиббиёт олий таълим ташкилотларида оралиқ ва якуний назорат турлари объектив тизимлаштирилган клиник синов ёки объектив тизимлаштирилган имтиҳон шаклларида ўтказилиши мумкин.

2-§. Талабалар билимини баҳолаш мезонлари

15. Талабаларнинг билими қуйидаги мезонлар асосида:

талаба мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 5 (аъло) баҳо;

талаба мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 4 (яхши) баҳо;

талаба олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 3 (қониқарли) баҳо;

талаба фан дастурини ўзлаштирмаган, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмайди ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда — 2 (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланади.

16. Назорат турларини ўтказиш бўйича тузилган топшириқларнинг мазмуни талабанинг ўзлаштиришини холис (объектив) ва аниқ баҳолаш имкониятини бериши шарт.

3-боб. Талабалар билимини баҳолаш

17. Талабалар билимини баҳолаш 5 баҳолик тизимда амалга оширилади.

18. Оралиқ назорат турини ўтказиш ва мазкур назорат тури бўйича талабанинг билимини баҳолаш тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи томонидан амалга оширилади.

Якуний назорат турини ўтказиш ва мазкур назорат тури бўйича талабанинг билимини баҳолаш ўқув машғулотларини олиб бормаган профессор-ўқитувчи томонидан амалга оширилади.

Тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи якуний назорат турини ўтказишда иштирок этиши тақиқланади.

Якуний назорат турини ўтказишда келишув асосида бошқа олий таълим ташкилотларининг тегишли фан бўйича профессор-ўқитувчилари жалб қилиниши мумкин.

19. Тиббиёт олий таълим ташкилотларида оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш, шунингдек талабаларнинг билимини баҳолаш тегишли кафедра мудири томонидан ташкил этиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркиби тегишли фан профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари орасидан шакллантирилади.

Комиссия таркибига келишув асосида бошқа ташкилотларнинг соҳа мутахассислари ҳам жалб қилиниши мумкин.

20. Олий таълим ташкилотида назорат турларини ўтказилиши тегишли олий таълим ташкилотининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими томонидан доимий равишда ўрганиб борилади. Бунда назорат турларини ўтказилиш тартиби бузилганлиги аниқланган ҳолларда, ўтказилган назорат турларининг натижалари бекор қилиниши ҳамда тегишли назорат тури қайтадан ўтказилиши мумкин.

21. Талаба тегишли фан бўйича якуний назорат тури ўтказиладиган муддатга қадар оралиқ назорат турини топширган бўлишлари шарт.

22. Оралиқ назорат турини топширмаган, шунингдек ушбу назорат тури бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган талаба якуний назорат турига киритилмайди.

Якуний назорат турига кирмаган ёки киритилмаган, шунингдек ушбу назорат тури бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган талаба академик қарздор ҳисобланади.

23. Талаба узрли сабабларга кўра оралиқ ва (ёки) якуний назорат турига кирмаган тақдирда ушбу талабага тегишли назорат турини қайта топширишга факультет деканининг фармойиши асосида рухсат берилади.

24. Бир кунда 1 тадан ортиқ фан бўйича якуний назорат тури ўтказилишига йўл қўйилмайди. Якуний назорат турларини ўтказиш камида 2 кун оралиғида белгиланиши лозим.

25. Битирувчи курс бўлмаган талабалар кузги семестр натижалари бўйича 3 тагача фандан (фанлардан) академик қарздорлиги бўлган ҳолларда талабага бир ойгача, баҳорги семестр натижалари бўйича 3 тагача фандан (фанлардан) академик қарздорлиги бўлган талабага тегишли фан (фанлар) бўйича оралиқ ва (ёки) якуний назорат турларини янги ўқув йили бошидан қайта топшириш учун 1 ой муддат берилади.

Битирувчи курс талабаларига баҳорги семестр натижалари бўйича ўзлаштирмаган фандан (фанлардан) қайта топшириш учун якуний давлат аттестацияси бошлангунга қадар рухсат берилади.

Фанлардан академик қарздорлиги 4 та ва ундан кўп бўлган талабаларга қайта топширишга рухсат берилмайди ва улар олий таълим ташкилоти ректорининг (бошлиғининг, филиал директорининг) буйруғи билан курсдан қолдирилади.

26. Талабага оралиқ ва (ёки) якуний назорат турини қайта топшириш учун берилган муддат давомида талаба томонидан қайта топширишлар сони 2 мартадан кўп бўлмаслиги керак.

Талаба оралиқ ва (ёки) якуний назорат турини биринчи марта қайта топширишдан ўта олмаган тақдирда, факультет декани томонидан комиссия тузилади. Комиссия таркиби тегишли фан бўйича профессор-ўқитувчи ва соҳа мутахассислари орасидан шакллантирилади.

Иккинчи марта оралиқ ва (ёки) якуний назорат турини ўтказиш ва талабани баҳолаш мазкур комиссия томонидан амалга оширилади.

27. Берилган муддат давомида мавжуд бўлган қарздорликни топшира олмаган талаба бўйича факультет декани билдирги билан олий таълим ташкилоти ректорини (бошлиғини, филиал директорини) хабардор қилади ва ушбу талаба ректор (бошлиқ, филиал директори) буйруғи асосида курсдан қолдирилади.

28. Талаба узрли сабабларсиз малакавий амалиётга қатнашмаган, шунингдек малакавий амалиёт якунлари бўйича «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган ҳолларда, у академик қарздор ҳисобланади ва курсдан қолдирилади.

29. Курсда қолдирилган талаба фанни (фанларни) ўзлаштирмаган семестр бошидан тўлов-контракт асосида мазкур ўқув йилининг тегишли семестри учун тасдиқланган ўқув режага мувофиқ ўқишни давом эттиради.

30. Баҳолаш натижасидан норози бўлган талабалар факультет декани томонидан ташкил этиладиган Апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.

31. Апелляция комиссияси таркибига талабани баҳолашда иштирок этмаган тегишли фан профессор-ўқитувчилари орасидан комиссия раиси ва камида тўрт нафар аъзо киритилади.

32. Талаба баҳолаш натижасидан норози бўлган тақдирда, баҳолаш натижаси эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Талаба томонидан берилган апелляция Апелляция комиссияси томонидан 2 кун ичида кўриб чиқилиши лозим.

33. Талабанинг апелляциясини кўриб чиқишда талаба иштирок этиш ҳуқуқига эга.

34. Апелляция комиссияси талабанинг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади. Қарорда талабанинг тегишли фанни ўзлаштиргани ёки ўзлаштира олмагани кўрсатилади.

Апелляция комиссияси тегишли қарорни факультет декани ва талабага етказилишини таъминлайди.

4-боб. Баҳолаш натижаларини қайд қилиш

35. Талабалар билимини баҳолаш тегишли фан бўйича профессор-ўқитувчи томонидан Талабаларнинг фанларни ўзлаштиришини ҳисобга олиш журналида (бундан буён матнда Журнал деб юритилади) қайд этиб борилади. Профессор-ўқитувчи қўшимча равишда талабалар билимини баҳолашни электрон тизимда ҳам юритиши мумкин.

Профессор-ўқитувчи Журналда талабага қўйилган баҳоларни шу куннинг ўзида қайд этиб боради. Агар талабанинг билимини баҳолаш ёзма иш шаклида ўтказилган бўлса, бунда профессор-ўқитувчи талабаларнинг натижаларини 3 кундан кўп бўлмаган муддатда Журналга қайд этиши лозим.

36. Назорат тури бўйича талабанинг билими «3» (қониқарли) ёки «4» (яхши) ёхуд «5» (аъло) баҳо билан баҳоланганда, назорат турини қайта топширишга йўл қўйилмайди.

37. Талаба назорат тури ўтказилган вақтда узрли сабабларсиз қатнашмаган ҳолларда Журналга «0» белгиси ёзиб қўйилади.

38. Журнал тегишли фан бўйича ўқув машғулотларини олиб борган профессор-ўқитувчи, кафедра мудири ва факультет декани томонидан имзоланади ҳамда факультет деканатида сақланади. Журналнинг сақланиши учун факультет декани масъул ҳисобланади.

39. Талабаларнинг якуний назорат тури бўйича баҳолари Журналга қайд этилганда, шу куннинг ўзида талабанинг Баҳолаш дафтарига ҳам ёзиб қўйилиши керак.

40. Якуний назорат тури бўйича талабанинг билими «2» (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланган ёки Журналга «0» белгиси ёзиб қўйилган ҳолларда ушбу баҳо ёки белги талабанинг Баҳолаш дафтарига ёзилмайди.

41. Журналнинг ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ юритилиши, шунингдек ундаги баҳо ва бошқа маълумотларга асоссиз ўзгартиришлар киритилмаслиги учун факультет декани ва тегишли фан бўйича профессор-ўқитувчи масъул ҳисобланади.

42. Тегишли ўқув йили якуни бўйича ишчи ўқув режадаги фанлар бўйича «3» (қониқарли) ёки «4» (яхши) ёхуд «5» (аъло) баҳо билан баҳоланган талаба олий таълим ташкилоти ректорининг (бошлиғининг, филиал директорининг) буйруғига асосан кейинги курсга ўтказилади.

43. Баҳолаш натижалари кафедра йиғилишлари, факультет ва олий таълим ташкилоти Кенгашларида мунтазам равишда муҳокама этиб борилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади.

44. Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотларида талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизимини 5 баҳо ёки 100 баллик тизим ва илғор хорижий давлатлар олий таълим тизимида қўлланиладиган баҳолаш тизимига қиёсий таққослаш ҳамда уларга ўтказиш мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ жадваллар асосида амалга оширилади.

5-боб. Якуний қоида

45. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.

Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомга ИЛОВА

1-жадвал Баҳолашни 5 баҳолик шкаладан 100 баллик шкалага ўтказиш ЖАДВАЛИ 5 баҳолик шкала 100 баллик шкала 5 баҳолик шкала 100 баллик шкала 5 баҳолик шкала 100 баллик шкала 5,00 — 4,96 100 4,30 — 4,26 86 3,60 — 3,56 72 4,95 — 4,91 99 4,25 — 4,21 85 3,55 — 3,51 71 4,90 — 4,86 98 4,20 — 4,16 84 3,50 — 3,46 70 4,85 — 4,81 97 4,15 — 4,11 83 3,45 — 3,41 69 4,80 — 4,76 96 4,10 — 4,06 82 3,40 — 3,36 68 4,75 — 4,71 95 4,05 — 4,01 81 3,35 — 3,31 67 4,70 — 4,66 94 4,00 — 3,96 80 3,30 — 3,26 66 4,65 — 4,61 93 3,95 — 3,91 79 3,25 — 3,21 65 4,60 — 4,56 92 3,90 — 3,86 78 3,20 — 3,16 64 4,55 — 4,51 91 3,85 — 3,81 77 3,15 — 3,11 63 4,50 — 4,46 90 3,80 — 3,76 76 3,10 — 3,06 62 4,45 — 4,41 89 3,75 — 3,71 75 3,05 — 3,01 61 4,40 — 4,36 88 3,70 — 3,66 74 3,00 60 4,35 — 4,31 87 3,65 — 3,61 73 3,0 дан кам 60 дан кам

2-жадвал Олий таълимда талабалар ўзлаштиришини баҳолаш тизимларини қиёсий таққослаш ЖАДВАЛИ Таклиф этилаётган Ўзбекистон тизими Россия тизими (МДУ)* Европа кредит трансфер тизими (ECTS — European Credit Transfer System) Америка тизими (А- F) Британия тизими (%) Япония тизими (%) Корея тизими (%) Ўзбекистон тизими (%) «5» «5» «A» «A+» 70 — 100 80 — 100 90 — 100 90 — 100 «A» «A-» 65 — 69 «4» «4» «B» «B+» 60 — 64 70 — 79 80 — 89 70 — 89,9 «C» «B» 50 — 59 «B-» «3» «3» «D» «C+» 45 — 49 60 — 69 70 — 79 60 — 69,9 «E» «C» 40 — 44 «C-» «D+» 60 — 69 «D» «D-» «2» «2» «FX» «F» 0 — 39 0 — 59 0 — 59 0 — 59,9 «F»

Вазир И. МАДЖИДОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 9 август,

19-2018-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.09.2018 й., 10/18/3069/1965-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 17.01.2025 й., 10/25/3598/0039-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining

buyrugʻi

NIZOM

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 5-iyundagi PQ-3775-son “Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirish va ularning mamlakatda amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarda faol ishtirokini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining 2018-yil 9-avgustdagi 19-2018-son buyrugʻiga ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 5-iyundagi PQ-3775-son “Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirish va ularning mamlakatda amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarda faol ishtirokini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom 2018-2019 oʻquv yilida, shuningdek keyingi oʻquv yillarida oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilingan talabalarning bilimini nazorat qilish hamda baholashda qoʻllaniladi.

2. Mazkur Nizom talablari qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻquv jarayoni modul tizimiga asoslangan oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholashda qoʻllanilmaydi.

3. Talabalar oliy taʼlim tashkilotlari professor-oʻqituvchilari tomonidan birinchi mashgʻulotda mazkur Nizom talablari bilan tanishtirilishi shart.

4. Talabalar bilimini baholashda malakaviy amaliyot, kurs ishi, fan (fanlararo) davlat attestatsiyasi, bitiruv malakaviy ishi, shuningdek magistratura bosqichida ilmiy-tadqiqot va ilmiy-pedagogik ishlar hamda magistrlik dissertatsiyasi boʻyicha mazkur Nizomda belgilangan baholash mezonlari qoʻllaniladi.

2-bob. Nazorat turlari va baholash mezonlari

1-§. Nazorat turlari

5. Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish oraliq va yakuniy nazorat turlarini oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.

6. Oraliq nazorat semestr davomida ishchi fan dasturining tegishli boʻlimi tugagandan keyin talabaning bilim va amaliy koʻnikmalarini baholash maqsadida oʻquv mashgʻulotlari davomida oʻtkaziladi.

7. Oraliq nazorat turi har bir fan boʻyicha fanning xususiyatidan kelib chiqqan holda 2-martagacha oʻtkazilishi mumkin.

Oraliq nazorat turini oʻtkazish shakli va muddati fanning xususiyati va fanga ajratilgan soatlardan kelib chiqib tegishli kafedra tomonidan belgilanadi.

8. Oraliq nazorat turining topshiriqlari tegishli kafedra professor-oʻqituvchilari tomonidan ishlab chiqiladi va mazkur kafedra mudiri tomonidan tasdiqlanadi.

9. Semestr davomida haftasiga 2 akademik soatdan (tibbiyot oliy taʼlim tashkilotlarida 4 akademik soatdan) kam boʻlgan fanlar boʻyicha oraliq nazorat turi oʻtkazilmaydi.

10. Talabaning amaliy, seminar, laboratoriya mashgʻulotlari va mustaqil taʼlim topshiriqlarini bajarishi, shuningdek uning ushbu mashgʻulotlardagi faolligi fan oʻqituvchisi tomonidan baholab boriladi. Baholash mazkur Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan mezonlar asosida amalga oshiriladi.

Talabani oraliq nazorat turi boʻyicha baholashda, uning oʻquv mashgʻulotlari davomida olgan baholari inobatga olinadi.

11. Yakuniy nazorat turi semestr yakunida (tibbiyot oliy taʼlim tashkilotlarida fan yakunida) tegishli fan boʻyicha talabaning nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarini oʻzlashtirish darajasini aniqlash maqsadida oʻtkaziladi.

12. Yakuniy nazorat turini oʻtkazish shakli tegishli fan boʻyicha kafedra tomonidan belgilanadi.

13. Yakuniy nazorat turi oliy taʼlim tashkilotlarining tegishli fakultet dekani yoki oʻquv-uslubiy boʻlim tomonidan ishlab chiqiladigan hamda oʻquv ishlari boʻyicha prorektor tomonidan tasdiqlanadigan Yakuniy nazorat turlarini oʻtkazish jadvaliga muvofiq oʻtkaziladi.

14. Tibbiyot oliy taʼlim tashkilotlarida oraliq va yakuniy nazorat turlari obyektiv tizimlashtirilgan klinik sinov yoki obyektiv tizimlashtirilgan imtihon shakllarida oʻtkazilishi mumkin.

2-§. Talabalar bilimini baholash mezonlari

15. Talabalarning bilimi quyidagi mezonlar asosida:

talaba mustaqil xulosa va qaror qabul qiladi, ijodiy fikrlay oladi, mustaqil mushohada yuritadi, olgan bilimini amalda qoʻllay oladi, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunadi, biladi, ifodalay oladi, aytib beradi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega deb topilganda — 5 (aʼlo) baho;

talaba mustaqil mushohada yuritadi, olgan bilimini amalda qoʻllay oladi, fanning (mavzuning) mohiyatni tushunadi, biladi, ifodalay oladi, aytib beradi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega deb topilganda — 4 (yaxshi) baho;

talaba olgan bilimini amalda qoʻllay oladi, fanning (mavzuning) mohiyatni tushunadi, biladi, ifodalay oladi, aytib beradi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega deb topilganda — 3 (qoniqarli) baho;

talaba fan dasturini oʻzlashtirmagan, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunmaydi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega emas deb topilganda — 2 (qoniqarsiz) baho bilan baholanadi.

16. Nazorat turlarini oʻtkazish boʻyicha tuzilgan topshiriqlarning mazmuni talabaning oʻzlashtirishini xolis (obyektiv) va aniq baholash imkoniyatini berishi shart.

3-bob. Talabalar bilimini baholash

17. Talabalar bilimini baholash 5 baholik tizimda amalga oshiriladi.

18. Oraliq nazorat turini oʻtkazish va mazkur nazorat turi boʻyicha talabaning bilimini baholash tegishli fan boʻyicha oʻquv mashgʻulotlarini olib borgan professor-oʻqituvchi tomonidan amalga oshiriladi.

Yakuniy nazorat turini oʻtkazish va mazkur nazorat turi boʻyicha talabaning bilimini baholash oʻquv mashgʻulotlarini olib bormagan professor-oʻqituvchi tomonidan amalga oshiriladi.

Tegishli fan boʻyicha oʻquv mashgʻulotlarini olib borgan professor-oʻqituvchi yakuniy nazorat turini oʻtkazishda ishtirok etishi taqiqlanadi.

Yakuniy nazorat turini oʻtkazishda kelishuv asosida boshqa oliy taʼlim tashkilotlarining tegishli fan boʻyicha professor-oʻqituvchilari jalb qilinishi mumkin.

19. Tibbiyot oliy taʼlim tashkilotlarida oraliq va yakuniy nazorat turlarini oʻtkazish, shuningdek talabalarning bilimini baholash tegishli kafedra mudiri tomonidan tashkil etiladigan komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

Komissiya tarkibi tegishli fan professor-oʻqituvchilari va soha mutaxassislari orasidan shakllantiriladi.

Komissiya tarkibiga kelishuv asosida boshqa tashkilotlarning soha mutaxassislari ham jalb qilinishi mumkin.

20. Oliy taʼlim tashkilotida nazorat turlarini oʻtkazilishi tegishli oliy taʼlim tashkilotining taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimi tomonidan doimiy ravishda oʻrganib boriladi. Bunda nazorat turlarini oʻtkazilish tartibi buzilganligi aniqlangan hollarda, oʻtkazilgan nazorat turlarining natijalari bekor qilinishi hamda tegishli nazorat turi qaytadan oʻtkazilishi mumkin.

21. Talaba tegishli fan boʻyicha yakuniy nazorat turi oʻtkaziladigan muddatga qadar oraliq nazorat turini topshirgan boʻlishlari shart.

22. Oraliq nazorat turini topshirmagan, shuningdek ushbu nazorat turi boʻyicha “2” (qoniqarsiz) baho bilan baholangan talaba yakuniy nazorat turiga kiritilmaydi.

Yakuniy nazorat turiga kirmagan yoki kiritilmagan, shuningdek ushbu nazorat turi boʻyicha “2” (qoniqarsiz) baho bilan baholangan talaba akademik qarzdor hisoblanadi.

23. Talaba uzrli sabablarga koʻra oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turiga kirmagan taqdirda ushbu talabaga tegishli nazorat turini qayta topshirishga fakultet dekanining farmoyishi asosida ruxsat beriladi.

24. Bir kunda 1 tadan ortiq fan boʻyicha yakuniy nazorat turi oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Yakuniy nazorat turlarini oʻtkazish kamida 2 kun oraligʻida belgilanishi lozim.

25. Bitiruvchi kurs boʻlmagan talabalar kuzgi semestr natijalari boʻyicha 3 tagacha fandan (fanlardan) akademik qarzdorligi boʻlgan hollarda talabaga bir oygacha, bahorgi semestr natijalari boʻyicha 3 tagacha fandan (fanlardan) akademik qarzdorligi boʻlgan talabaga tegishli fan (fanlar) boʻyicha oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turlarini yangi oʻquv yili boshidan qayta topshirish uchun 1 oy muddat beriladi.

Bitiruvchi kurs talabalariga bahorgi semestr natijalari boʻyicha oʻzlashtirmagan fandan (fanlardan) qayta topshirish uchun yakuniy davlat attestatsiyasi boshlangunga qadar ruxsat beriladi.

Fanlardan akademik qarzdorligi 4 ta va undan koʻp boʻlgan talabalarga qayta topshirishga ruxsat berilmaydi va ular oliy taʼlim tashkiloti rektorining (boshligʻining, filial direktorining) buyrugʻi bilan kursdan qoldiriladi.

26. Talabaga oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turini qayta topshirish uchun berilgan muddat davomida talaba tomonidan qayta topshirishlar soni 2-martadan koʻp boʻlmasligi kerak.

Talaba oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turini birinchi marta qayta topshirishdan oʻta olmagan taqdirda, fakultet dekani tomonidan komissiya tuziladi. Komissiya tarkibi tegishli fan boʻyicha professor-oʻqituvchi va soha mutaxassislari orasidan shakllantiriladi.

Ikkinchi marta oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turini oʻtkazish va talabani baholash mazkur komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

27. Berilgan muddat davomida mavjud boʻlgan qarzdorlikni topshira olmagan talaba boʻyicha fakultet dekani bildirgi bilan oliy taʼlim tashkiloti rektorini (boshligʻini, filial direktorini) xabardor qiladi va ushbu talaba rektor (boshliq, filial direktori) buyrugʻi asosida kursdan qoldiriladi.

28. Talaba uzrli sabablarsiz malakaviy amaliyotga qatnashmagan, shuningdek malakaviy amaliyot yakunlari boʻyicha “2” (qoniqarsiz) baho bilan baholangan hollarda, u akademik qarzdor hisoblanadi va kursdan qoldiriladi.

29. Kursda qoldirilgan talaba fanni (fanlarni) oʻzlashtirmagan semestr boshidan toʻlov-kontrakt asosida mazkur oʻquv yilining tegishli semestri uchun tasdiqlangan oʻquv rejaga muvofiq oʻqishni davom ettiradi.

30. Baholash natijasidan norozi boʻlgan talabalar fakultet dekani tomonidan tashkil etiladigan Apellyatsiya komissiyasiga apellyatsiya berish huquqiga ega.

31. Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga talabani baholashda ishtirok etmagan tegishli fan professor-oʻqituvchilari orasidan komissiya raisi va kamida toʻrt nafar aʼzo kiritiladi.

32. Talaba baholash natijasidan norozi boʻlgan taqdirda, baholash natijasi eʼlon qilingan vaqtdan boshlab 24 soat davomida apellyatsiya berishi mumkin. Talaba tomonidan berilgan apellyatsiya Apellyatsiya komissiyasi tomonidan 2 kun ichida koʻrib chiqilishi lozim.

33. Talabaning apellyatsiyasini koʻrib chiqishda talaba ishtirok etish huquqiga ega.

34. Apellyatsiya komissiyasi talabaning apellyatsiyasini koʻrib chiqib, uning natijasi boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi. Qarorda talabaning tegishli fanni oʻzlashtirgani yoki oʻzlashtira olmagani koʻrsatiladi.

Apellyatsiya komissiyasi tegishli qarorni fakultet dekani va talabaga yetkazilishini taʼminlaydi.

4-bob. Baholash natijalarini qayd qilish

35. Talabalar bilimini baholash tegishli fan boʻyicha professor-oʻqituvchi tomonidan Talabalarning fanlarni oʻzlashtirishini hisobga olish jurnalida (bundan buyon matnda Jurnal deb yuritiladi) qayd etib boriladi. Professor-oʻqituvchi qoʻshimcha ravishda talabalar bilimini baholashni elektron tizimda ham yuritishi mumkin.

Professor-oʻqituvchi Jurnalda talabaga qoʻyilgan baholarni shu kunning oʻzida qayd etib boradi. Agar talabaning bilimini baholash yozma ish shaklida oʻtkazilgan boʻlsa, bunda professor-oʻqituvchi talabalarning natijalarini 3 kundan koʻp boʻlmagan muddatda Jurnalga qayd etishi lozim.

36. Nazorat turi boʻyicha talabaning bilimi “3” (qoniqarli) yoki “4” (yaxshi) yoxud “5” (aʼlo) baho bilan baholanganda, nazorat turini qayta topshirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

37. Talaba nazorat turi oʻtkazilgan vaqtda uzrli sabablarsiz qatnashmagan hollarda Jurnalga “0” belgisi yozib qoʻyiladi.

38. Jurnal tegishli fan boʻyicha oʻquv mashgʻulotlarini olib borgan professor-oʻqituvchi, kafedra mudiri va fakultet dekani tomonidan imzolanadi hamda fakultet dekanatida saqlanadi. Jurnalning saqlanishi uchun fakultet dekani masʼul hisoblanadi.

39. Talabalarning yakuniy nazorat turi boʻyicha baholari Jurnalga qayd etilganda, shu kunning oʻzida talabaning Baholash daftariga ham yozib qoʻyilishi kerak.

40. Yakuniy nazorat turi boʻyicha talabaning bilimi “2” (qoniqarsiz) baho bilan baholangan yoki Jurnalga “0” belgisi yozib qoʻyilgan hollarda ushbu baho yoki belgi talabaning Baholash daftariga yozilmaydi.

41. Jurnalning oʻz vaqtida, toʻgʻri va toʻliq yuritilishi, shuningdek undagi baho va boshqa maʼlumotlarga asossiz oʻzgartirishlar kiritilmasligi uchun fakultet dekani va tegishli fan boʻyicha professor-oʻqituvchi masʼul hisoblanadi.

42. Tegishli oʻquv yili yakuni boʻyicha ishchi oʻquv rejadagi fanlar boʻyicha “3” (qoniqarli) yoki “4” (yaxshi) yoxud “5” (aʼlo) baho bilan baholangan talaba oliy taʼlim tashkiloti rektorining (boshligʻining, filial direktorining) buyrugʻiga asosan keyingi kursga oʻtkaziladi.

43. Baholash natijalari kafedra yigʻilishlari, fakultet va oliy taʼlim tashkiloti Kengashlarida muntazam ravishda muhokama etib boriladi va tegishli qarorlar qabul qilinadi.

44. Oʻzbekiston Respublikasining oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar oʻzlashtirishini baholash tizimini 5 baho yoki 100 ballik tizim va ilgʻor xorijiy davlatlar oliy taʼlim tizimida qoʻllaniladigan baholash tizimiga qiyosiy taqqoslash hamda ularga oʻtkazish mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq jadvallar asosida amalga oshiriladi.

5-bob. Yakuniy qoida

45. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi, Xalq taʼlimi vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish inspeksiyasi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Moliya vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Madaniyat vazirligi, Jismoniy tarbiya va sport vazirligi, Qurilish vazirligi, “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyati, Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasi, “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” davlat korxonasi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi hamda Davlat soliq qoʻmitasi bilan kelishilgan.

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

1-jadval Baholashni 5 baholik shkaladan 100 ballik shkalaga oʻtkazish JADVALI 5 baholik shkala 100 ballik shkala 5 baholik shkala 100 ballik shkala 5 baholik shkala 100 ballik shkala 5,00 — 4,96 100 4,30 — 4,26 86 3,60 — 3,56 72 4,95 — 4,91 99 4,25 — 4,21 85 3,55 — 3,51 71 4,90 — 4,86 98 4,20 — 4,16 84 3,50 — 3,46 70 4,85 — 4,81 97 4,15 — 4,11 83 3,45 — 3,41 69 4,80 — 4,76 96 4,10 — 4,06 82 3,40 — 3,36 68 4,75 — 4,71 95 4,05 — 4,01 81 3,35 — 3,31 67 4,70 — 4,66 94 4,00 — 3,96 80 3,30 — 3,26 66 4,65 — 4,61 93 3,95 — 3,91 79 3,25 — 3,21 65 4,60 — 4,56 92 3,90 — 3,86 78 3,20 — 3,16 64 4,55 — 4,51 91 3,85 — 3,81 77 3,15 — 3,11 63 4,50 — 4,46 90 3,80 — 3,76 76 3,10 — 3,06 62 4,45 — 4,41 89 3,75 — 3,71 75 3,05 — 3,01 61 4,40 — 4,36 88 3,70 — 3,66 74 3,00 60 4,35 — 4,31 87 3,65 — 3,61 73 3,0 dan kam 60 dan kam

2-jadval Oliy taʼlimda talabalar oʻzlashtirishini baholash tizimlarini qiyosiy taqqoslash JADVALI Taklif etilayotgan Oʻzbekiston tizimi Rossiya tizimi (MDU)* Yevropa kredit transfer tizimi (ECTS — European Credit Transfer System) Amerika tizimi (A- F) Britaniya tizimi (%) Yaponiya tizimi (%) Koreya tizimi (%) Oʻzbekiston tizimi (%) “5” “5” “A” “A+” 70 — 100 80 — 100 90 — 100 90 — 100 “A” “A-” 65 — 69 “4” “4” “B” “B+” 60 — 64 70 — 79 80 — 89 70 — 89,9 “C” “B” 50 — 59 “B-” “3” “3” “D” “C+” 45 — 49 60 — 69 70 — 79 60 — 69,9 “E” “C” 40 — 44 “C-” “D+” 60 — 69 “D” “D-” “2” “2” “FX” “F” 0 — 39 0 — 59 0 — 59 0 — 59,9 “F”

Vazir I. MADJIDOV

Toshkent sh.,

2018-yil 9-avgust,

19-2018-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.09.2018-y., 10/18/3069/1965-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 17.01.2025-y., 10/25/3598/0039-son)

lex.uz