UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 2-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 2 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 октября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 October 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Наманган вилоятининг Косонсой туманида «Муғтепа» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини ташкил этиш тўғрисида

Халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, Наманган вилояти Косонсой туманидаги «Муғтепа» археология мероси объектини чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ишончли муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва Наманган вилояти ҳокимлигининг:

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида «Муғтепа» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади);

мажмуа таркибида кўргазма-экспозиция ва ахборот-ресурс марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

«Муғтепа» археология мероси объектини (кейинги ўринларда объект деб аталади) тегишли даражада муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, объектда очиқ варақ ва рухсатнома олган археологлар томонидан объектда археологик қидирув ишлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий-археологик тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

республикамиз ва хорижда объектга оид сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари, бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этиш;

тарихий-илмий асослар бўйича объект макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан кўргазма-экспозиция ташкил этиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш;

туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда объектнинг муҳофаза этиладиган ҳудудидан ташқарида замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш ва объектнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш.

3. Наманган вилояти ҳокимлиги:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, кўргазмалар ташкил этишга мослаштирилган ҳамда ахборот-ресурс маркази ва объектнинг макетларини жойлаштиришни инобатга олган ҳолда, объектнинг муҳофаза ҳудудидан ташқарида мажмуа учун ер участкасини ажратиш чораларини кўрсин;

мажмуа қурилиши учун ажратилган ҳудудда бино ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ пул компенсациялари тўланишини таъминласин;

объектни тегишли ҳудуди билан Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда объектни чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, мажмуанинг самарали фаолият юритиши бўйича тизимли ишларни ташкил этсин;

мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Наманган вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи ҳисобланади, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади;

б) мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва мажмуада қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар — 2019-2020 йилларда Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

в) мажмуада қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг уни сақлаш билан боғлиқ харажатлар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда мажмуада қурилиш-монтаж ишларининг сифатли амалга оширилиши юзасидан назорат ўрнатсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда мажмуага маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган муассасалари билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш ишларини тегишли равишда амалга оширсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш борасида халқаро молия институтлари, хорижий донорлар бўйича тизимли иш олиб борсин;

мажмуани малакали ходимлар билан таъминлаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этсин, шунингдек, мажмуанинг самарали фаолият юритишини ташкил этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси объектга туристларни жалб этиш, шу жумладан археологик туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев, Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 788-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «2017–2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 11 декабрдаги 975-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. 2-иловада :

а) Хоразм вилояти бўлимининг 7-позицияси «Музей номи» устунидаги «Авесто мероси» сўзлари «Хоразм тарихи ва маданияти» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги 8-позиция қўшилсин:

« Наманган вилояти 8. «Муғтепа» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуаси (Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида)* Косонсой тумани ».

2. 3-илованинг «Реконструкция» бўлими 8-позициясининг «Музейлар номи» устунидаги «Авесто мероси» сўзлари «Хоразм тарихи ва маданияти» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. 4-иловада :

а) 5-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 5. Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда унинг қуйидаги филиаллари: Наманган шаҳри »; Косонсой тумани тарихи музейи Косонсой тумани «Муғтепа» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуаси Косонсой тумани

б) «Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан молиялаштириладиган музейлар» бўлимининг 21-позицияси «Музей номи» устунидаги «Авесто мероси» сўзлари «Хоразм тарихи ва маданияти» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 2 октябрь,

788-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.10.2018 й., 09/18/788/1991-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Namangan viloyatining Kosonsoy tumanida “Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish majmuasini tashkil etish toʻgʻrisida

Xalqimizning qadimiy tarixi va boy madaniyatini tiklash, Namangan viloyati Kosonsoy tumanidagi “Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini chuqur ilmiy oʻrganish va keng targʻib qilish, ishonchli muhofaza qilish, konservatsiyalash va asrab-avaylash, bu yerga tashrif buyuruvchilar uchun qulay shart-sharoit yaratish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xorazm viloyatiga tashrifi davomida berilgan topshiriqlari ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi va Namangan viloyati hokimligining:

Namangan viloyat tarixi va madaniyati davlat muzeyining filiali sifatida “Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish majmuasini (keyingi oʻrinlarda majmua deb ataladi);

majmua tarkibida koʻrgazma-ekspozitsiya va axborot-resurs markazini tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Quyidagilar majmuaning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

“Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini (keyingi oʻrinlarda obyekt deb ataladi) tegishli darajada muhofaza qilish, konservatsiyalash va asrab-avaylash, obyektda ochiq varaq va ruxsatnoma olgan arxeologlar tomonidan obyektda arxeologik qidiruv ishlari, arxeologiya qazishmalari va arxeologiya nazoratini tashkil etish, chuqur ilmiy-arxeologik tadqiqot natijalari asosida majmuaning ilmiy-tarixiy konsepsiyasini ishlab chiqish hamda amalga oshirish;

respublikamiz va xorijda obyektga oid saqlanayotgan manbalarni malakali mutaxassis va ekspertlar, olimlarni jalb etgan holda tadqiq etish, ular haqida batafsil maʼlumotlar bazasini yaratish va muntazam yangilab borish, xalqaro ilmiy anjumanlar tashkil etish, matbaa mahsulotlarini tayyorlash, ommaviy axborot vositalari, butunjahon Internet tarmogʻi orqali keng targʻib etish;

tarixiy-ilmiy asoslar boʻyicha obyekt maketlarini tayyorlash, arxeologiya ashyolari, qadimiy qoʻlyozma va toshbosma kitoblar, tarixiy dalil va hujjatlar, osori-atiqalar, zamonaviy ilmiy-tadqiqot ishlari, kitob va toʻplamlar, video va foto hujjatlar hamda boshqa manbalar hisobidan koʻrgazma-ekspozitsiya tashkil etish, yuqori texnologiyalarga asoslangan axborot-resurs markazi faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish;

turistlar, ilmiy tadqiqotchilar va tashrif buyuruvchilar uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, tarixiy koʻrinishni saqlagan holda obyektning muhofaza etiladigan hududidan tashqarida zamonaviy dam olish maskanlarini tashkil etish va obyektning turistik salohiyatini oshirish yuzasidan boshqa zarur chora-tadbirlarni koʻrish.

3. Namangan viloyati hokimligi:

ikki oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi hamda Qurilish vazirligi bilan birgalikda madaniy-maʼrifiy tadbirlar, anjumanlar, koʻrgazmalar tashkil etishga moslashtirilgan hamda axborot-resurs markazi va obyektning maketlarini joylashtirishni inobatga olgan holda, obyektning muhofaza hududidan tashqarida majmua uchun yer uchastkasini ajratish choralarini koʻrsin;

majmua qurilishi uchun ajratilgan hududda bino va inshootlar mavjud boʻlgan taqdirda, ularning egalari boʻlgan fuqarolar va yuridik shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2006-yil 29-maydagi 97-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat va jamoat ehtiyojlari uchun yer uchastkalarining olib qoʻyilishi munosabati bilan fuqarolarga va yuridik shaxslarga yetkazilgan zararlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq pul kompensatsiyalari toʻlanishini taʼminlasin;

obyektni tegishli hududi bilan Namangan viloyat tarixi va madaniyati davlat muzeyiga operativ boshqarish huquqi asosida bepul berish va undan samarali foydalanish boʻyicha tegishli chora-tadbirlarni koʻrsin;

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda obyektni chuqur ilmiy oʻrganish va keng targʻib etish, majmuaning samarali faoliyat yuritishi boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etsin;

majmuani qurish va jihozlash boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqilishini taʼminlasin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

a) Namangan viloyati hokimligining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi majmuani qurish va jihozlash boʻyicha buyurtmachi hisoblanadi, bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari qonun hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlanadi;

b) majmuani qurish va jihozlash boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va majmuada qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar — 2019-2020-yillarda Namangan viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari va qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;

v) majmuada qurilish-montaj ishlari yakunlanib, foydalanishga topshirilgandan soʻng uni saqlash bilan bogʻliq xarajatlar — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi majmuani qurish va jihozlash boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarining belgilangan tartibda davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini taʼminlasin hamda majmuada qurilish-montaj ishlarining sifatli amalga oshirilishi yuzasidan nazorat oʻrnatsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi:

Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda majmuaga madaniy-gumanitar sohadagi nufuzli xalqaro tashkilotlar, xorijiy mamlakatlarning mazkur yoʻnalishda faoliyat koʻrsatayotgan muassasalari bilan ilmiy hamkorlik oʻrnatish va rivojlantirish ishlarini tegishli ravishda amalga oshirsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda imtiyozli xorijiy kreditlar va grantlarni jalb qilish borasida xalqaro moliya institutlari, xorijiy donorlar boʻyicha tizimli ish olib borsin;

majmuani malakali xodimlar bilan taʼminlash va boshqa tashkiliy masalalarni hal etsin, shuningdek, majmuaning samarali faoliyat yuritishini tashkil etsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi obyektga turistlarni jalb etish, shu jumladan arxeologik turizmni rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini bir oy muddatda ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

8. Vazirlar Mahkamasining “2017 — 2027-yillarda davlat muzeylari faoliyatini takomillashtirish va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-dekabrdagi 975-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev, Namangan viloyati hokimi X.X. Bozarov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 2-oktabrdagi 788-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “2017–2027-yillarda davlat muzeylari faoliyatini takomillashtirish va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-dekabrdagi 975-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. 2-ilovada :

a) Xorazm viloyati boʻlimining 7-pozitsiyasi “Muzey nomi” ustunidagi “Avesto merosi” soʻzlari “Xorazm tarixi va madaniyati” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) quyidagi mazmundagi 8-pozitsiya qoʻshilsin:

“ Namangan viloyati 8. “Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish majmuasi (Namangan viloyat tarixi va madaniyati davlat muzeyining filiali sifatida)* Kosonsoy tumani ”.

2. 3-ilovaning “Rekonstruksiya” boʻlimi 8-pozitsiyasining “Muzeylar nomi” ustunidagi “Avesto merosi” soʻzlari “Xorazm tarixi va madaniyati” soʻzlari bilan almashtirilsin.

3. 4-ilovada :

a) 5-pozitsiya quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 5. Namangan viloyat tarixi va madaniyati davlat muzeyi hamda uning quyidagi filiallari: Namangan shahri ”; Kosonsoy tumani tarixi muzeyi Kosonsoy tumani “Mugʻtepa” arxeologiya merosi obyektini muhofaza qilish va tadqiq etish majmuasi Kosonsoy tumani

b) “Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlaridan moliyalashtiriladigan muzeylar” boʻlimining 21-pozitsiyasi “Muzey nomi” ustunidagi “Avesto merosi” soʻzlari “Xorazm tarixi va madaniyati” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 2-oktabr,

788-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 03.10.2018-y., 09/18/788/1991-son)

lex.uz