UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июндаги ПҚ-3802-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 октябрдаги 811-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоида

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда — Махсус жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2-боб. Махсус жамғарма маблағларини шакллантириш

2. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

солиқларни тўлаш муддатини бузганлик учун пенялар, шу жумладан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар бўйича (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказиладиган маблағлардан ташқари) пенялар ҳамда солиқ қонунчилигини бузганлик учун қўлланилган молиявий жазо чоралари суммаларининг 20 фоизи;

йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларда ўтказилган текширишлар натижасида қўшимча ундирилган суммалар бўйича ҳисобланган пеня ва жарима суммасининг 40 фоизи;

норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан тушадиган тушум суммасининг 3 фоизи;

электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағларнинг ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда 5 фоизи;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан тегишли маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган жарималар суммасининг 20 фоизи;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан мусодара қилинган ва қонунчиликда белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушадиган маблағларнинг 25 фоизи;

Солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари фаолиятининг соф фойдасидан муассиснинг қарорига асосан ажратиладиган қисмлар;

Махсус жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

3. Махсус жамғармага тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус шахсий ҳисобварағида жамланади.

Бунда Махсус жамғармага маблағларни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси, Солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат муассасалари учун тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

3-боб. Махсус жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш

4. Махсус жамғарма тушумларининг прогноз кўрсаткичлари йил бошида кутилаётган Махсус жамғармадаги қолдиқ маблағлар ҳамда охирги икки йилдаги тушумлар динамикасидан келиб чиқиб, Солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

5. Махсус жамғарма маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу жамғармадан молиялаштирилиши мумкин бўлган харажатлар бўйича эҳтиёждан келиб чиқиб, бюджет таснифига асосан Солиқ қўмитаси томонидан ҳисоб-китоб қилинади.

6. Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси тегишли давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланиб, молия органларига молия йилининг 15 январига қадар рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

8. Солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси, Солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасаларининг Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тузилади.

Бунда Махсус жамғарма ҳисобидан Солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасалари учун маблағлар уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда Солиқ қўмитаси томонидан ажратилади.

9. Махсус жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритиш Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига қўшимча маблағ талаб этилганда, унга ўзгартиришлар тушумларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади.

4-боб. Махсус жамғарма маблағларидан фойдаланиш

10. Тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасидан ортиқча ҳақиқий тушумларни харажат қилиш сметаларга тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг амалга оширилади.

11. Солиқ қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси бошлиқлари, Солиқ қўмитасининг таркибидаги давлат унитар корхона ва таълим муассасаларининг раҳбарлари, улар бўлмаган тақдирда эса — уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли равишда Махсус жамғарма маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.

12. Махсус жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:

а) давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш учун:

солиқ текширувлари натижаси бўйича ундирилган солиқлар, йиғимлар ва (ёки) молиявий жарималар суммаларининг 10 фоизига қадар миқдорида мукофотлаш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошларига уларнинг функционал вазифаларини бажариши, билим даражаси, солиқ тўловчилар билан иш олиб бориш бўйича касбий қобилиятлари ҳар йили тест синовидан ўтказилиши асосида берилган тоифаларга қараб лавозим маошларига 10 фоиздан 30 фоизгача миқдорда махсус рағбатлантирувчи устамаларни тўлаш;

Давлат бюджетига тўловлар тушумлари прогнози бажарилганлиги, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари натижалари бўйича ҳар чоракда лавозим маошининг икки баробари миқдоригача мукофотлаш;

иш участкасининг мураккаблиги ва муҳимлигини ҳисобга олиб, шунингдек, мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шахсий ҳиссасини қўшган, меҳнатда юқори натижаларга эришган, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажараётган раҳбар ва ходимларга лавозим маошининг беш баравари миқдоригача шахсий устамалар бериш;

алоҳида муҳим топшириқларни бажарганликлари учун якка тартибда лавозим маошининг беш баробари миқдоригача мукофотлаш;

байрам саналарида — Мустақиллик куни, Конституция куни, Хотин-қизлар куни, Наврўз, Янги йил, диний байрамларда («Рўза ҳайит» (Ийд-ал-Фитр) ва «Қурбон ҳайит» (Ийд-ал-Адҳа)) ҳамда касб байрамларида ходимларни ойлик лавозим маошининг икки баробари миқдоригача мукофотлаш;

давлат солиқ хизмати органларида камида 5 йил ишлаб пенсияга чиқиши муносабати билан пенсияга чиқаётганда ходимга лавозим маошининг уч баробари миқдоригача қимматбаҳо совғалар бериш ёки шу миқдорда пул мукофоти тўлаш;

Давлат мукофотлари ва республика аҳамиятидаги фахрий ёрлиқ билан тақдирлангани учун лавозим маошининг икки баробари миқдоригача ҳамда Солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирлангани учун лавозим маошининг бир баробари миқдоригача рағбатлантириш;

давлат солиқ хизмати органининг идоравий кўкрак нишони билан тақдирланган ходимларни лавозим маошининг тўрт баробари миқдоригача рағбатлантириш;

давлат солиқ хизмати органининг юридик хизмат ходимларини ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат солиқ хизмати органи фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағнинг 5 фоизи, бироқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотлаш;

б) давлат солиқ хизмати органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун:

Солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланмаган давлат солиқ хизмати органлари ходимларига амалдаги сарф-харажатлар доирасида уй-жойни ижарага бериш шартномасига мувофиқ уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ўрнатилган тартибда ҳар ойлик компенсация тўлаш;

транспорт харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравар миқдорида ойлик тўловларини тўлаш;

ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўловларини тўлаш;

ходим вафот этганда ходимнинг ойлик лавозим маошининг ўн баробаридан ошмаган миқдорда бир йўла моддий ёрдам бериш. Бунда моддий ёрдам турмуш ўртоғига тўлаб берилади, агар ходимнинг турмуш ўртоғи бўлмаса, моддий ёрдам фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлари ва ҳомийларига) ёхуд уларнинг вояга етмаган фарзандларини асраб олган шахсларга тўланади, шунингдек, ходим турмуш қурмаган бўлса, моддий ёрдам унинг ота-онаси ёки боқимандалари ўртасида тенг улушларда тақсимланади;

алоҳида заруратга кўра (юбилей саналарида, ходимлар 50, 55 ва 60 ёшга тўлганда, бахтсиз ҳодиса, оғир касаллиги сабабли даволаниш, соғлиғини тиклаш, оиланинг кам таъминланганлиги ва молиявий ҳолатининг оғирлиги) лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун ходимларга бир йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш барвари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

яқин қариндоши (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда — вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда лавозим маошининг уч баробари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

давлат солиқ хизмати органларида ишлаб пенсияга чиққан ходимларга байрамларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдоригача ва соғлиғини тиклаш учун бир йилда бир маротаба меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч баравари миқдоригача моддий ёрдам бериш;

ходимларнинг меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва меҳнатини муҳофаза қилиш, меҳнат таътилларига, фойдаланилмаган меҳнат таътили ва огоҳлантириш даври учун пуллик компенсация, шунингдек вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда ишдан бўшатиш бўйича нафақаларга ҳақ тўлаш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан ходимларнинг хорижий мамлакатларда ва таълим муассасаларида тажриба ўрганишларини ташкил этиш;

в) давлат солиқ хизмати органларининг моддий-техника базасини ривожлантириш учун:

давлат солиқ хизмати органларининг бино ва иншоотларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, қўшимча объектларни (маъмурий бинолар ва бошқа объектлар) қуриш, реконструкция қилиш, сотиб олиш ҳамда объектларни сақлаш харажатлари;

давлат солиқ хизмати органлари иш фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ маъмурий ва хўжалик сарф-харажатларини, жумладан коммунал хизматлар харажатларини қоплаш;

ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш, инновацион ва илғор технологияларни жорий этиш, алоқа воситалари, ҳисоблаш техникаси, компьютер ва ташкилий техникани сотиб олиш, таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситалари харид қилиш ва хизмат кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари тўпламларини, ўқув-методик қўлланмалар ва полиграфия маҳсулотларини сотиб олиш;

давлат солиқ хизмати органларининг фаолияти учун инвентарлар ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бошқаларни сотиб олиш, шунингдек, уларни жорий ва мукаммал таъмирлаш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимлари учун кийим-бош (жумладан спорт кийимлари ва формалари) сотиб олиш;

конференция, симпозиум, семинар, тренинг, йиғилиш, учрашув, байрам, маданий ва спорт тадбирларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;

г) давлат солиқ хизмати органларининг идоравий харажатлари учун:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва чет эл хизмат сафарлари харажатлари, Солиқ қўмитаси раҳбарларининг хорижий давлатларга амалга оширадиган хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробаригача миқдорида эсдалик совғалари харид қилиш;

иқтисодий, маънавий ва маърифий соҳаларга оид маъруза қилувчи мутахассислар, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятига жалб этилган бошқа давлат органлари ва ташкилотлар, шу жумладан хорижий ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш;

хорижий делегацияларни кутиб олиш билан боғлиқ бўлган (меҳмонларни кутиб олиш, транспорт, таржимонларни ёллаш ва бошқа) харажатлар;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб қўйилган, давлат даромадига ўтказиладиган товар ва бошқа моддий бойликларни сақлаш, баҳолаш, экспертизадан ўтказиш, шунингдек, суд харажатлари билан боғлиқ харажатлар;

Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш доирасида назорат харидларини амалга ошириш харажатлари.

д) солиқ тўлашдан қочиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органларига кўрсатилган амалий ёрдамлар учун фуқароларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, жумладан, товарларни яширин ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт товарларни ташиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар (объектлар), тушумларни камайтириб кўрсатиш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари тўғрисида фуқаролар томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилган назорат тадбирлари натижаси бўйича бюджетга тушган солиқлар ва йиғимлар ёки ундирилган молиявий жарималарнинг 5 фоизига қадар, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,52 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда Махсус жамғарма ҳисобидан мукофот пули тўлашга;

е) Солиқ қўмитасининг Ҳайъати қарорига асосан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа харажатлар учун.

13. Мазкур Низомнинг 12-банди «а» кичик бандининг иккинчи , бешинчи ва олтинчи ҳамда «б» кичик бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошилардаги тўловларнинг аниқ миқдори ва мезонлари Солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ёки жамоа шартномасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Бунда, махсус унвон ва кўп йил хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича оширилган тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан устамалар, шахсий устамаларни белгилашда эса уларнинг йиғиндиси миқдорлари қўшиб ҳисоб-китоб қилинади.

14. Солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциялари томонидан Махсус жамғармага туширилган умумий тушумнинг, шунингдек, Солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари фаолиятининг соф фойдасидан муассиснинг қарорига асосан ажратиладиган қисмлар ва Махсус жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадларнинг 25 фоизи миқдоригача ҳар чоракда Бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Ушбу маблағлар Махсус жамғарманинг тасарруф этувчилари томонидан белгиланган тартибда сарфланади.

Махсус жамғарма маблағларидан давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторларга юклатилган ҳудудларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида сарфланиши мумкин.

15. Солиқлар ва йиғимларни ҳамда пеняни ҳисоблаш, солиқ қонунчилигини бузганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якуни бўйича шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида илгари қабул қилинган давлат солиқ хизмати органларининг қарори, шунингдек, молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги суд қарори бекор қилинган тақдирда Махсус жамғармага ундириб олинган маблағлар. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг тегишли хулосаларига асосан тўловчига қайтарилади.

16. Махсус жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молия йилига ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларига олиб қўйилмайди.

5-боб. Махсус жамғарманинг ҳисоботи ва назорати

17. Махсус жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.

18. Махсус жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва мақсадли фойдаланилиши бўйича Солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман (шаҳар) солиқ инспекциялари, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси, Солиқ қўмитаси таркибидаги давлат унитар корхоналари ва таълим муассасасининг раҳбарлари масъул ҳисобланади.

19. Махсус жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ва Солиқ қўмитасининг Ички аудит бошқармаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоида

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 9 октябрь,

811-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.10.2018 й., 09/18/811/2019-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 06.06.2020 й., 09/20/359/0726-сон; 08.01.2021 й., 09/21/1/0002-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.04.2022 й., 09/22/148/0262-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 23.12.2022 й., 09/22/717/1112-сон; 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон; 08.10.2024 й., 09/24/626/0792-сон; 01.07.2025 й., 09/25/400/0556-сон; 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat soliq xizmati organlari faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 26-iyundagi PQ-3802-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 9-oktabrdagi 811-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoida

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Maxsus jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2-bob. Maxsus jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

2. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

soliqlarni toʻlash muddatini buzganlik uchun penyalar, shu jumladan, davlat soliq xizmati organlari tomonidan oʻtkazilgan tekshiruvlar natijasida qoʻshimcha undirilgan summalar boʻyicha (Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamentining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga oʻtkaziladigan mablagʻlardan tashqari) penyalar hamda soliq qonunchiligini buzganlik uchun qoʻllanilgan moliyaviy jazo choralari summalarining 20 foizi;

yirik soliq toʻlovchilar toifasiga kiritilgan yuridik shaxslarda oʻtkazilgan tekshirishlar natijasida qoʻshimcha undirilgan summalar boʻyicha hisoblangan penya va jarima summasining 40 foizi;

noruda qurilish materiallari boʻyicha yer qaʼridan foydalanganlik uchun soliqdan tushadigan tushum summasining 3 foizi;

elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijara huquqini sotishdan tushgan mablagʻlarning ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganidan keyin operator xizmat haqi chegirilgan holda 5 foizi;

davlat soliq xizmati organlari tomonidan tegishli maʼmuriy huquqbuzarlik uchun qoʻllanilgan jarimalar summasining 20 foizi;

davlat soliq xizmati organlari tomonidan musodara qilingan va qonunchilikda belgilangan tartibda davlat daromadiga oʻtkazilgan mol-mulkni sotishdan tushadigan mablagʻlarning 25 foizi;

Soliq qoʻmitasi tarkibidagi davlat unitar korxonalari faoliyatining sof foydasidan muassisning qaroriga asosan ajratiladigan qismlar;

Maxsus jamgʻarmaning vaqtinchalik boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklariga depozitga qoʻyishdan olingan foiz tarzidagi daromadlar;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

3. Maxsus jamgʻarmaga tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan maxsus shaxsiy hisobvaragʻida jamlanadi.

Bunda Maxsus jamgʻarmaga mablagʻlarni oʻtkazish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman (shahar) soliq inspeksiyalari, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi, Soliq qoʻmitasining tarkibidagi davlat muassasalari uchun tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari ochiladi.

3-bob. Maxsus jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini tuzish, tasdiqlash va roʻyxatdan oʻtkazish

4. Maxsus jamgʻarma tushumlarining prognoz koʻrsatkichlari yil boshida kutilayotgan Maxsus jamgʻarmadagi qoldiq mablagʻlar hamda oxirgi ikki yildagi tushumlar dinamikasidan kelib chiqib, Soliq qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.

5. Maxsus jamgʻarma mablagʻlari boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasi amaldagi qonunchilikka muvofiq ushbu jamgʻarmadan moliyalashtirilishi mumkin boʻlgan xarajatlar boʻyicha ehtiyojdan kelib chiqib, budjet tasnifiga asosan Soliq qoʻmitasi tomonidan hisob-kitob qilinadi.

6. Maxsus jamgʻarma boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasi tegishli davlat soliq xizmati organi tomonidan tasdiqlanib, moliya organlariga moliya yilining 15-yanvariga qadar roʻyxatdan oʻtkazish uchun taqdim etiladi.

7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Maxsus jamgʻarma boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasi belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.

8. Soliq qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman (shahar) soliq inspeksiyalari, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi, Soliq qoʻmitasining tarkibidagi davlat unitar korxona va taʼlim muassasalarining Maxsus jamgʻarma boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasi ularning har biri boʻyicha alohida tuziladi.

Bunda Maxsus jamgʻarma hisobidan Soliq qoʻmitasi tarkibidagi davlat unitar korxona va taʼlim muassasalari uchun mablagʻlar ularning ehtiyojidan kelib chiqqan holda Soliq qoʻmitasi tomonidan ajratiladi.

9. Maxsus jamgʻarma boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasiga tegishli oʻzgartirishlar kiritish Soliq qoʻmitasi tomonidan amalga oshiriladi. Bunda tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga qoʻshimcha mablagʻ talab etilganda, unga oʻzgartirishlar tushumlarning haqiqiy hajmidan kelib chiqqan holda Soliq qoʻmitasi tomonidan amalga oshiriladi.

4-bob. Maxsus jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish

10. Tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasidan ortiqcha haqiqiy tushumlarni xarajat qilish smetalarga tegishli oʻzgartirishlar kiritilgandan soʻng amalga oshiriladi.

11. Soliq qoʻmitasi raisi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman (shahar) soliq inspeksiyalari, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi boshliqlari, Soliq qoʻmitasining tarkibidagi davlat unitar korxona va taʼlim muassasalarining rahbarlari, ular boʻlmagan taqdirda esa — ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar tegishli ravishda Maxsus jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchilar hisoblanadi.

12. Maxsus jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlarga ishlatiladi:

a) davlat soliq xizmati organlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish uchun:

soliq tekshiruvlari natijasi boʻyicha undirilgan soliqlar, yigʻimlar va (yoki) moliyaviy jarimalar summalarining 10 foiziga qadar miqdorida mukofotlash;

davlat soliq xizmati organlari xodimlarining lavozim maoshlariga ularning funksional vazifalarini bajarishi, bilim darajasi, soliq toʻlovchilar bilan ish olib borish boʻyicha kasbiy qobiliyatlari har yili test sinovidan oʻtkazilishi asosida berilgan toifalarga qarab lavozim maoshlariga 10 foizdan 30 foizgacha miqdorda maxsus ragʻbatlantiruvchi ustamalarni toʻlash;

Davlat budjetiga toʻlovlar tushumlari prognozi bajarilganligi, shuningdek, davlat soliq xizmati organlari faoliyati samaradorligini baholash mezonlari natijalari boʻyicha har chorakda lavozim maoshining ikki barobari miqdorigacha mukofotlash;

ish uchastkasining murakkabligi va muhimligini hisobga olib, shuningdek, mamlakat iqtisodiy manfaatlarini himoya qilish borasida shaxsiy hissasini qoʻshgan, mehnatda yuqori natijalarga erishgan, xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarayotgan rahbar va xodimlarga lavozim maoshining besh baravari miqdorigacha shaxsiy ustamalar berish;

alohida muhim topshiriqlarni bajarganliklari uchun yakka tartibda lavozim maoshining besh barobari miqdorigacha mukofotlash;

bayram sanalarida — Mustaqillik kuni, Konstitutsiya kuni, Xotin-qizlar kuni, Navroʻz, Yangi yil, diniy bayramlarda (“Roʻza hayit” (Iyd-al-Fitr) va “Qurbon hayit” (Iyd-al-Adha)) hamda kasb bayramlarida xodimlarni oylik lavozim maoshining ikki barobari miqdorigacha mukofotlash;

davlat soliq xizmati organlarida kamida 5 yil ishlab pensiyaga chiqishi munosabati bilan pensiyaga chiqayotganda xodimga lavozim maoshining uch barobari miqdorigacha qimmatbaho sovgʻalar berish yoki shu miqdorda pul mukofoti toʻlash;

Davlat mukofotlari va respublika ahamiyatidagi faxriy yorliq bilan taqdirlangani uchun lavozim maoshining ikki barobari miqdorigacha hamda Soliq qoʻmitasining faxriy yorligʻi bilan taqdirlangani uchun lavozim maoshining bir barobari miqdorigacha ragʻbatlantirish;

davlat soliq xizmati organining idoraviy koʻkrak nishoni bilan taqdirlangan xodimlarni lavozim maoshining toʻrt barobari miqdorigacha ragʻbatlantirish;

davlat soliq xizmati organining yuridik xizmat xodimlarini har chorakda sudgacha va sud tartibida davlat soliq xizmati organi foydasiga hal qilingan nizolar yuzasidan undirilgan mablagʻning 5 foizi, biroq qonunchilikda belgilangan tartibda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 17,6 barobaridan koʻp boʻlmagan miqdorda mukofotlash;

b) davlat soliq xizmati organlari xodimlarini ijtimoiy himoya qilish uchun:

Soliq qoʻmitasi tomonidan belgilangan tartibda uy-joy bilan taʼminlanmagan davlat soliq xizmati organlari xodimlariga amaldagi sarf-xarajatlar doirasida uy-joyni ijaraga berish shartnomasiga muvofiq uy-joylarni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun oʻrnatilgan tartibda har oylik kompensatsiya toʻlash;

transport xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravar miqdorida oylik toʻlovlarini toʻlash;

xodimlarni ijtimoiy muhofaza qilish va ularning mehnati samaradorligini oshirish maqsadida har oyda ovqatlanish xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida toʻlovlarini toʻlash;

xodim vafot etganda xodimning oylik lavozim maoshining oʻn barobaridan oshmagan miqdorda bir yoʻla moddiy yordam berish. Bunda moddiy yordam turmush oʻrtogʻiga toʻlab beriladi, agar xodimning turmush oʻrtogʻi boʻlmasa, moddiy yordam farzandlariga yoki qonuniy vakillariga (vasiylari va homiylariga) yoxud ularning voyaga yetmagan farzandlarini asrab olgan shaxslarga toʻlanadi, shuningdek, xodim turmush qurmagan boʻlsa, moddiy yordam uning ota-onasi yoki boqimandalari oʻrtasida teng ulushlarda taqsimlanadi;

alohida zaruratga koʻra (yubiley sanalarida, xodimlar 50, 55 va 60 yoshga toʻlganda, baxtsiz hodisa, ogʻir kasalligi sababli davolanish, sogʻligʻini tiklash, oilaning kam taʼminlanganligi va moliyaviy holatining ogʻirligi) lavozim maoshining uch barobari miqdorigacha moddiy yordam berish;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini xarid qilish uchun xodimlarga bir yilda bir marta mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining besh barvari miqdorigacha moddiy yordam berish;

xodim yoki uning farzandlari nikohdan oʻtishi munosabati bilan lavozim maoshining uch barobari miqdorigacha moddiy yordam berish;

yaqin qarindoshi (ota-onasi, turmush oʻrtogʻi, farzandi) vafot etganda — vafoti toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi taqdim etilganda lavozim maoshining uch barobari miqdorigacha moddiy yordam berish;

davlat soliq xizmati organlarida ishlab pensiyaga chiqqan xodimlarga bayramlarda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining bir baravari miqdorigacha va sogʻligʻini tiklash uchun bir yilda bir marotaba mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining uch baravari miqdorigacha moddiy yordam berish;

xodimlarning mehnat shart-sharoitlarini yaxshilash va mehnatini muhofaza qilish, mehnat taʼtillariga, foydalanilmagan mehnat taʼtili va ogohlantirish davri uchun pullik kompensatsiya, shuningdek vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish hamda ishdan boʻshatish boʻyicha nafaqalarga haq toʻlash;

kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan xodimlarning xorijiy mamlakatlarda va taʼlim muassasalarida tajriba oʻrganishlarini tashkil etish;

v) davlat soliq xizmati organlarining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish uchun:

davlat soliq xizmati organlarining bino va inshootlarini mukammal va joriy taʼmirlash, qoʻshimcha obyektlarni (maʼmuriy binolar va boshqa obyektlar) qurish, rekonstruksiya qilish, sotib olish hamda obyektlarni saqlash xarajatlari;

davlat soliq xizmati organlari ish faoliyatini taʼminlash bilan bogʻliq maʼmuriy va xoʻjalik sarf-xarajatlarini, jumladan kommunal xizmatlar xarajatlarini qoplash;

axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini takomillashtirish, innovatsion va ilgʻor texnologiyalarni joriy etish, aloqa vositalari, hisoblash texnikasi, kompyuter va tashkiliy texnikani sotib olish, taʼmirlash, ularga texnik xizmat koʻrsatish va ulardan foydalanish, dasturiy taʼminot vositalari xarid qilish va xizmat koʻrsatish;

Oʻzbekiston Respublikasining meʼyoriy-huquqiy hujjatlari toʻplamlarini, oʻquv-metodik qoʻllanmalar va poligrafiya mahsulotlarini sotib olish;

davlat soliq xizmati organlarining faoliyati uchun inventarlar va xoʻjalik jihozlari, avtotransport vositalari, ehtiyot qismlar va boshqalarni sotib olish, shuningdek, ularni joriy va mukammal taʼmirlash;

davlat soliq xizmati organlari xodimlari uchun kiyim-bosh (jumladan sport kiyimlari va formalari) sotib olish;

konferensiya, simpozium, seminar, trening, yigʻilish, uchrashuv, bayram, madaniy va sport tadbirlarini tashkil qilish hamda oʻtkazish;

g) davlat soliq xizmati organlarining idoraviy xarajatlari uchun:

Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi va chet el xizmat safarlari xarajatlari, Soliq qoʻmitasi rahbarlarining xorijiy davlatlarga amalga oshiradigan xizmat safarlari bilan bogʻliq xarajatlari hamda bazaviy hisoblash miqdorining ellik barobarigacha miqdorida esdalik sovgʻalari xarid qilish;

iqtisodiy, maʼnaviy va maʼrifiy sohalarga oid maʼruza qiluvchi mutaxassislar, davlat soliq xizmati organlari faoliyatiga jalb etilgan boshqa davlat organlari va tashkilotlar, shu jumladan xorijiy tashkilotlarning ekspertlari va mutaxassislari mehnatiga haq toʻlash;

xorijiy delegatsiyalarni kutib olish bilan bogʻliq boʻlgan (mehmonlarni kutib olish, transport, tarjimonlarni yollash va boshqa) xarajatlar;

davlat soliq xizmati organlari tomonidan olib qoʻyilgan, davlat daromadiga oʻtkaziladigan tovar va boshqa moddiy boyliklarni saqlash, baholash, ekspertizadan oʻtkazish, shuningdek, sud xarajatlari bilan bogʻliq xarajatlar;

Sayyor soliq tekshiruvlarini oʻtkazish doirasida nazorat xaridlarini amalga oshirish xarajatlari.

d) soliq toʻlashdan qochish holatlarini oldini olish maqsadida davlat soliq xizmati organlariga koʻrsatilgan amaliy yordamlar uchun fuqarolarning manfaatdorligini taʼminlash, jumladan, tovarlarni yashirin ishlab chiqarish, kontrabanda va kontrafakt tovarlarni tashish va sotish faoliyati bilan shugʻullanayotgan fuqarolar (obyektlar), tushumlarni kamaytirib koʻrsatish yoki soliq toʻlashdan boʻyin tovlash holatlari toʻgʻrisida fuqarolar tomonidan davlat soliq xizmati organlariga taqdim etilgan maʼlumotlar asosida oʻtkazilgan nazorat tadbirlari natijasi boʻyicha budjetga tushgan soliqlar va yigʻimlar yoki undirilgan moliyaviy jarimalarning 5 foiziga qadar, biroq mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 3,52 baravaridan ortiq boʻlmagan miqdorda Maxsus jamgʻarma hisobidan mukofot puli toʻlashga;

e) Soliq qoʻmitasining Hayʼati qaroriga asosan qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa xarajatlar uchun.

13. Mazkur Nizomning 12-bandi “a” kichik bandining ikkinchi , beshinchi va oltinchi hamda “b” kichik bandining uchinchi va toʻrtinchi xatboshilardagi toʻlovlarning aniq miqdori va mezonlari Soliq qoʻmitasi tomonidan belgilangan yoki jamoa shartnomasida koʻrsatilgan tartibda amalga oshiriladi.

Bunda, maxsus unvon va koʻp yil xizmat qilganlik uchun har oylik ustamalar miqdorini belgilashda mehnatga haq toʻlashga oid Yagona tarif setkasi boʻyicha oshirilgan tarif koeffitsiyentlari bilan bir qatorda budjet muassasalari va tashkilotlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish maxsus jamgʻarmasidan ustamalar, shaxsiy ustamalarni belgilashda esa ularning yigʻindisi miqdorlari qoʻshib hisob-kitob qilinadi.

14. Soliq qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman (shahar) soliq inspeksiyalari, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyalari tomonidan Maxsus jamgʻarmaga tushirilgan umumiy tushumning, shuningdek, Soliq qoʻmitasi tarkibidagi davlat unitar korxonalari faoliyatining sof foydasidan muassisning qaroriga asosan ajratiladigan qismlar va Maxsus jamgʻarmaning vaqtinchalik boʻsh mablagʻlarini tijorat banklariga depozitga qoʻyishdan olingan foiz tarzidagi daromadlarning 25 foizi miqdorigacha har chorakda Budjet tashkilotining rivojlantirish jamgʻarmasiga oʻtkaziladi.

Ushbu mablagʻlar Maxsus jamgʻarmaning tasarruf etuvchilari tomonidan belgilangan tartibda sarflanadi.

Maxsus jamgʻarma mablagʻlaridan davlat soliq xizmati organlari rahbarlari boshchilik qiladigan sektorlarga yuklatilgan hududlarni har tomonlama ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish maqsadida sarflanishi mumkin.

15. Soliqlar va yigʻimlarni hamda penyani hisoblash, soliq qonunchiligini buzganlik uchun soliq toʻlovchini javobgarlikka tortish, maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish yakuni boʻyicha shaxsni maʼmuriy javobgarlikka tortish toʻgʻrisida ilgari qabul qilingan davlat soliq xizmati organlarining qarori, shuningdek, moliyaviy jarimalar qoʻllash toʻgʻrisidagi sud qarori bekor qilingan taqdirda Maxsus jamgʻarmaga undirib olingan mablagʻlar. Tuman (shahar) davlat soliq inspeksiyalari va Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo davlat soliq inspeksiyasining tegishli xulosalariga asosan toʻlovchiga qaytariladi.

16. Maxsus jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmay qolgan mablagʻlari keyingi moliya yiliga oʻtkaziladi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti daromadlariga olib qoʻyilmaydi.

5-bob. Maxsus jamgʻarmaning hisoboti va nazorati

17. Maxsus jamgʻarma mablagʻlari tushumi va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlar belgilangan tartibda va muddatlarda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etiladi.

18. Maxsus jamgʻarma mablagʻlarining shakllantirilishi va maqsadli foydalanilishi boʻyicha Soliq qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman (shahar) soliq inspeksiyalari, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi, Soliq qoʻmitasi tarkibidagi davlat unitar korxonalari va taʼlim muassasasining rahbarlari masʼul hisoblanadi.

19. Maxsus jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi yuzasidan nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamentining Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi va Soliq qoʻmitasining Ichki audit boshqarmasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoida

20. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 9-oktabr,

811-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.10.2018-y., 09/18/811/2019-son; 29.12.2019-y., 09/19/1046/4242-son; 06.06.2020-y., 09/20/359/0726-son; 08.01.2021-y., 09/21/1/0002-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.04.2022-y., 09/22/148/0262-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 13.05.2022-y., 09/22/255/0412-son; 06.08.2022-y., 09/22/431/0716-son; 23.12.2022-y., 09/22/717/1112-son; 29.12.2023-y., 07/23/422/0994-son; 08.10.2024-y., 09/24/626/0792-son; 01.07.2025-y., 09/25/400/0556-son; 29.12.2025-y., 07/25/388/1235-son)

lex.uz