UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 11-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 11 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 октября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 October 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ўрмон майдонларини кенгайтириш, мавжуд ўрмон фонди ерларининг ҳолатини яхшилаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, писта, бодом, ёнғоқ плантацияларини барпо этиш ҳамда доривор ўсимликларни етиштиришни кўпайтириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этишни тезлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг:

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация марказини (кейинги ўринларда Инновация маркази деб аталади);

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси муассислигида «Ўрмонинвест» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда «Ўрмонинвест» ДУК деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Инновация марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

республика ҳудудининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга доир тадбирларни амалга ошириш учун инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш;

манзарали, мевали ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш ҳамда кўчатхоналар ташкил этишнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш;

янги ўсимлик турларини интродукция қилиш ва маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва уларни жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

ўрмон фонди ерларида шўрланишга ва сувсизликка чидамли ўсимликларни етиштиришнинг илмий асосланган инновацион технологиясини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишланмаларини жорий этиш;

илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга тизимли жорий этишни ташкил қилиш;

янги инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва амалиётга татбиқ этиш таклифларини ишлаб чиқиш;

ноқулай иқлим шароитига, зараркунанда ва касалликларга чидамли ўрмон ўсимликларини интродукция қилиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

ноёб, манзарали, мевали ва доривор ўсимликлар турларини жадал кўпайтириш усулларини ишлаб чиқиш;

ривожланган давлатларнинг соҳага оид тажрибаларини ўрганиш, шу жумладан хорижий мутахассисларни ва олимларни ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун жалб этиш;

соҳада фаолият кўрсатаётган илмий ходимларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг чет элларда мунтазам малака оширишини ташкил этиш ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш;

халқаро илмий ва ўқув семинарлар ҳамда анжуманлар ташкил этиш.

3. Қуйидагилар «Ўрмонинвест» ДУКнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўрмон хўжаликларида ишлаб чиқариш (маҳсулотлар, хизматлар) сифатини яхшилаш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш ва экспорт потенциалини ошириш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар имиджини ошириш ва хизматлар брендини яратиш ва жаҳон бозорида уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш;

ўрмон ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва бошқариш;

сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида инвесторларни экотуризм, ов туризми ва ўрмон хўжалиги рекреация зоналарини ривожлантириш учун жалб қилиш;

қўшма корхоналар, савдо уйлари, реклама агентликлари, шу жумладан чет элда ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

юқори ликвидли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун тузилмавий қўшма корхоналар учун замонавий корпоратив бошқарув усулларини қўллаш;

ишлаб чиқарилган ва сотилган маҳсулот (товарлар) ва кўрсатиладиган хизматларни реализация қилиш учун маркетинг тадқиқотлари ўтказиш ва истеъмол бозорини ўрганиш, шу жумладан экспорт қилиш стратегиясини амалга ошириш;

ўрмон хўжалигида инновацион технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

маҳсулотлар (товарлар) ва хизматлар учун ички тизим нархларининг мониторинги ва уларнинг рақобатбардошлиги бўйича таклифлар тайёрлаш;

тақдимот ва концепцияларни тайёрлаш, ўтказиш, потенциал инвесторлар билан учрашувлар ташкил этиш, халқаро фондлар ва банклардан инвестицияларни жалб қилиш, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ва грантлар бериш бўйича музокаралар олиб бориш.

4. Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация марказининг тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бир ой муддатда:

Инновация маркази ҳамда «Ўрмонинвест» ДУКнинг уставлари тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

«Ўрмонинвест» ДУКнинг тузилмаси, штатлар жадвалини тасдиқлаш, моддий-техника базасини шакллантириш ҳамда бино ва малакали кадрлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси Андижон вилоят ҳокимлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация марказини бино ва иншоотлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Қуйидагилар Инновация маркази фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

давлат илмий дастурлари доирасида ажратиладиган грантлар;

халқаро молиявий институтлар ва хорижий донор давлатларнинг грантлари, шунингдек ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Қуйидагилар «Ўрмонинвест» ДУК фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Белгилаб қўйилсинки, Инновация маркази ходимларига республика илмий-тадқиқот институтлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби татбиқ этилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Инновация маркази фаолиятини Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китоблар асосида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирсин.

Инновация марказининг 2018 йилги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Инновация марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўрсин.

Бунда:

талаб этиладиган замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, зарур мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа моддий воситалар билан таъминлаш;

мавсумдан ташқари пайтларда ўсимликларни ўстириш ва илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун фитотронлар ташкил этиш;

Андижон тажрибасини ва бошқа инновацион ғояларни ўрмон хўжаликларида жорий қилишни татбиқ этиш назарда тутилсин.

12. Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси икки ой муддатда Андижон вилоятининг Хўжаобод, Булоқбоши, Марҳамат, Жалақудуқ туманларида хандон писта, ёнғоқ ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга қулай бўлган, ҳозирги вақтда самарасиз фойдаланилаётган ҳамда туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонларини хатловдан ўтказиб, уларнинг белгиланган тартибда Андижон давлат ўрмон хўжалигига ўтказиб берилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Андижон вилоятидаги чорва молларини озуқа базаси билан таъминлаш учун яйлов сифатида фойдаланиш ҳамда босқичма-босқич доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида, Охангарон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан 20 минг гектар ер майдонини Андижон давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда узоқ муддатли ижара асосида фойдаланиш учун ажратсин.

14. Андижон вилояти ҳокимлиги вилоятда экспортбоп доривор ўсимликларни сақлаш ва дастлабки қайта ишлашни ташкил қилиш мақсадида Андижон вилояти Хонобод шаҳар ҳокимлигининг Хонобод шаҳрида жойлашган собиқ механизациялашган кўчма колонна корхонаси биносини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида Андижон давлат ўрмон хўжалигига бир ой муддатда ўтказиб берсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Андижон давлат ўрмон хўжалигининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида Давлат чегараси чизиғидан 100 метр минтақадан сўнг ўрмонзорлар ва давлат чегараси бўйлаб ёнғинга қарши минтақа барпо этсин ҳамда уни доимий иш ҳолатида сақласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, тармоққа оид илмий ишлар, инновация лойиҳалари ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ихтиролар, илмий ишлар яратишни рағбатлантириш Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2025 йилга қадар ўрмон фонди ерларида экотуризмни ривожлантириш дастурини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 734-модда) билан тасдиқланган Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг тузилмасига «Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази» блокидан сўнг «Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация маркази» блоки қўшилсин.

19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ. Абдурахмонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги 819-сон қарорига ИЛОВА

Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация марказининг

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 11 октябрь,

819-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.10.2018 й., 09/18/819/2034-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон )

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

Oʻzbekiston Respublikasida oʻrmon xoʻjaligi sohasini yanada rivojlantirish va innovatsion texnologiyalarni joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasida oʻrmon xoʻjaligi sohasini rivojlantirish, oʻrmon maydonlarini kengaytirish, mavjud oʻrmon fondi yerlarining holatini yaxshilash, yaylovlardan samarali foydalanish, pista, bodom, yongʻoq plantatsiyalarini barpo etish hamda dorivor oʻsimliklarni yetishtirishni koʻpaytirish, innovatsion gʻoyalar va texnologiyalarni joriy etishni tezlashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi hamda Innovatsion rivojlanish vazirligining:

Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot instituti huzurida davlat muassasasi shaklidagi Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish innovatsiya markazini (keyingi oʻrinlarda Innovatsiya markazi deb ataladi);

Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi muassisligida “Oʻrmoninvest” davlat unitar korxonasini (keyingi oʻrinlarda “Oʻrmoninvest” DUK deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Innovatsiya markazining asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

respublika hududining tuproq-iqlim sharoitidan kelib chiqib, oʻrmon barpo etish, oʻrmon fondini har tomonlama kengaytirish, ularni muhofaza qilish va oʻrmon boyliklaridan oqilona foydalanishga doir tadbirlarni amalga oshirish uchun innovatsion texnologiyalarni ishlab chiqish hamda amaliyotga joriy etish;

manzarali, mevali va dorivor oʻsimliklar plantatsiyalarini barpo etish hamda koʻchatxonalar tashkil etishning innovatsion usullarini ishlab chiqish;

yangi oʻsimlik turlarini introduksiya qilish va mahalliy tuproq-iqlim sharoitiga moslashtirish boʻyicha tadqiqotlar olib borish va ularni joriy etish boʻyicha aniq takliflar ishlab chiqish;

oʻrmon fondi yerlarida shoʻrlanishga va suvsizlikka chidamli oʻsimliklarni yetishtirishning ilmiy asoslangan innovatsion texnologiyasini yaratish boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlanmalarini joriy etish;

ilmiy-tadqiqot natijalarini amaliyotga tizimli joriy etishni tashkil qilish;

yangi innovatsion gʻoyalarni qoʻllab-quvvatlash va amaliyotga tatbiq etish takliflarini ishlab chiqish;

noqulay iqlim sharoitiga, zararkunanda va kasalliklarga chidamli oʻrmon oʻsimliklarini introduksiya qilish boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish;

noyob, manzarali, mevali va dorivor oʻsimliklar turlarini jadal koʻpaytirish usullarini ishlab chiqish;

rivojlangan davlatlarning sohaga oid tajribalarini oʻrganish, shu jumladan xorijiy mutaxassislarni va olimlarni hamkorlikda ilmiy-tadqiqotlar olib borish uchun jalb etish;

sohada faoliyat koʻrsatayotgan ilmiy xodimlarning salohiyatini oshirish, ularning chet ellarda muntazam malaka oshirishini tashkil etish va iqtidorli yoshlarni jalb qilish;

xalqaro ilmiy va oʻquv seminarlar hamda anjumanlar tashkil etish.

3. Quyidagilar “Oʻrmoninvest” DUKning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

oʻrmon xoʻjaliklarida ishlab chiqarish (mahsulotlar, xizmatlar) sifatini yaxshilash uchun xorijiy va mahalliy investorlarni jalb qilish va eksport potensialini oshirish;

ishlab chiqarilayotgan mahsulot va xizmatlar imidjini oshirish va xizmatlar brendini yaratish va jahon bozorida ularning raqobatbardoshligini taʼminlash;

oʻrmon resurslaridan samarali foydalanish va ularni boshqarish boʻyicha loyihalarni ishlab chiqish, amalga oshirish va boshqarish;

sayyohlar uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida investorlarni ekoturizm, ov turizmi va oʻrmon xoʻjaligi rekreatsiya zonalarini rivojlantirish uchun jalb qilish;

qoʻshma korxonalar, savdo uylari, reklama agentliklari, shu jumladan chet elda ishlab chiqarishni tashkil etish;

yuqori likvidli va raqobatbardosh mahsulot ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatish uchun tuzilmaviy qoʻshma korxonalar uchun zamonaviy korporativ boshqaruv usullarini qoʻllash;

ishlab chiqarilgan va sotilgan mahsulot (tovarlar) va koʻrsatiladigan xizmatlarni realizatsiya qilish uchun marketing tadqiqotlari oʻtkazish va isteʼmol bozorini oʻrganish, shu jumladan eksport qilish strategiyasini amalga oshirish;

oʻrmon xoʻjaligida innovatsion texnologiyalarni joriy etish boʻyicha loyihalarni ishlab chiqish va amalga oshirish;

mahsulotlar (tovarlar) va xizmatlar uchun ichki tizim narxlarining monitoringi va ularning raqobatbardoshligi boʻyicha takliflar tayyorlash;

taqdimot va konsepsiyalarni tayyorlash, oʻtkazish, potensial investorlar bilan uchrashuvlar tashkil etish, xalqaro fondlar va banklardan investitsiyalarni jalb qilish, loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun kreditlar va grantlar berish boʻyicha muzokaralar olib borish.

4. Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish innovatsiya markazining tuzilmasi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bir oy muddatda:

Innovatsiya markazi hamda “Oʻrmoninvest” DUKning ustavlari tasdiqlanishini va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;

“Oʻrmoninvest” DUKning tuzilmasi, shtatlar jadvalini tasdiqlash, moddiy-texnika bazasini shakllantirish hamda bino va malakali kadrlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni kuchaytirish davlat qoʻmitasi Andijon viloyat hokimligi va Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish innovatsiya markazini bino va inshootlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

7. Quyidagilar Innovatsiya markazi faoliyatini moliyalashtirishning asosiy manbalari etib belgilansin:

Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasidan ajratiladigan mablagʻlar;

Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar;

davlat ilmiy dasturlari doirasida ajratiladigan grantlar;

xalqaro moliyaviy institutlar va xorijiy donor davlatlarning grantlari, shuningdek homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

8. Quyidagilar “Oʻrmoninvest” DUK faoliyatini moliyalashtirishning asosiy manbalari etib belgilansin:

xoʻjalik faoliyatidan tushadigan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari va tashkilotlarning grantlari;

qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

9. Belgilab qoʻyilsinki, Innovatsiya markazi xodimlariga respublika ilmiy-tadqiqot institutlari xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi tatbiq etiladi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2019-yildan boshlab Innovatsiya markazi faoliyatini Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tomonidan taqdim etiladigan hisob-kitoblar asosida davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtirsin.

Innovatsiya markazining 2018-yilgi faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi va boshqa budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moliyalashtirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Moliya vazirligi va Iqtisodiyot vazirligi bilan birgalikda Innovatsiya markazining moddiy-texnika bazasini mustahkamlash choralarini koʻrsin.

Bunda:

talab etiladigan zamonaviy laboratoriya asbob-uskunalari, zarur mebel, kompyuter texnikasi, aloqa vositalari va boshqa moddiy vositalar bilan taʼminlash;

mavsumdan tashqari paytlarda oʻsimliklarni oʻstirish va ilmiy-tadqiqotlar olib borish uchun fitotronlar tashkil etish;

Andijon tajribasini va boshqa innovatsion gʻoyalarni oʻrmon xoʻjaliklarida joriy qilishni tatbiq etish nazarda tutilsin.

12. Andijon viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi ikki oy muddatda Andijon viloyatining Xoʻjaobod, Buloqboshi, Marhamat, Jalaquduq tumanlarida xandon pista, yongʻoq va eksportbop mahsulotlar yetishtirishga qulay boʻlgan, hozirgi vaqtda samarasiz foydalanilayotgan hamda tuman hokimligi zaxirasida boʻlgan yer maydonlarini xatlovdan oʻtkazib, ularning belgilangan tartibda Andijon davlat oʻrmon xoʻjaligiga oʻtkazib berilishini taʼminlasin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi va Andijon viloyati hokimligi bilan birgalikda Andijon viloyatidagi chorva mollarini ozuqa bazasi bilan taʼminlash uchun yaylov sifatida foydalanish hamda bosqichma-bosqich dorivor oʻsimliklar yetishtirish maqsadida, Oxangaron davlat oʻrmon xoʻjaligi hududidan 20 ming gektar yer maydonini Andijon davlat oʻrmon xoʻjaligiga belgilangan tartibda uzoq muddatli ijara asosida foydalanish uchun ajratsin.

14. Andijon viloyati hokimligi viloyatda eksportbop dorivor oʻsimliklarni saqlash va dastlabki qayta ishlashni tashkil qilish maqsadida Andijon viloyati Xonobod shahar hokimligining Xonobod shahrida joylashgan sobiq mexanizatsiyalashgan koʻchma kolonna korxonasi binosini tekin foydalanish huquqi asosida Andijon davlat oʻrmon xoʻjaligiga bir oy muddatda oʻtkazib bersin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Andijon viloyati hokimligi bilan birgalikda Andijon davlat oʻrmon xoʻjaligining Qirgʻiziston Respublikasi bilan chegaradosh hududida Davlat chegarasi chizigʻidan 100 metr mintaqadan soʻng oʻrmonzorlar va davlat chegarasi boʻylab yongʻinga qarshi mintaqa barpo etsin hamda uni doimiy ish holatida saqlasin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 19-iyuldagi 530-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan, tarmoqqa oid ilmiy ishlar, innovatsiya loyihalari va ilgʻor texnologiyalarni ishlab chiqish va joriy etish, ixtirolar, ilmiy ishlar yaratishni ragʻbatlantirish Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan moliyalashtirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

17. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan birgalikda 2025-yilga qadar oʻrmon fondi yerlarida ekoturizmni rivojlantirish dasturini ikki oy muddatda ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

18. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 19-iyuldagi 530-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2017-y., 30-son, 734-modda) bilan tasdiqlangan Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot institutining tuzilmasiga “Choʻl hududlarida oʻrmonchilikni rivojlantirish ilmiy markazi” blokidan soʻng “Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish innovatsiya markazi” bloki qoʻshilsin.

19. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari Z.T. Mirzayev, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi raisi N.J. Bakirov, Andijon viloyati hokimi Sh.Q. Abduraxmonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 11-oktabrdagi 819-son qaroriga ILOVA

Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish innovatsiya markazining

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 11-oktabr,

819-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 11.10.2018-y., 09/18/819/2034-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.08.2021-y., 09/21/545/0832-son )

lex.uz