📅 2018-yil 26-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 26-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 26 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 октября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 October 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 13 ноябрдаги ПҚ-2065-сон ва « Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида » 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 октябрдаги 873-сон қарорига ИЛОВА
Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ва Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) бошқарув ходимлари, шунингдек, прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз (кейинги ўринларда қарз деб аталади) бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
иш берувчи — Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Департамент ҳамда Бюронинг марказий аппаратлари ва уларнинг ҳудудий бошқармалари;
ходим — Бош прокуратура, Академия, Департамент, Бюро органларида аттестациядан ўтиш талаб этиладиган лавозимларда хизматни ўтаётган, шунингдек, бошқа лавозимларда ишлаётган даражали унвонларга эга ходимлар.
3. Жамғармадан пул маблағларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сон қарори билан тасдиқланган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
4. Ходимга қарз бериш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Аризаларни кўриб чиқиш тартиби
5. Қарз бериш масаласини кўриб чиқиш учун иш берувчи раҳбарининг буйруғи билан етти нафар аъзодан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этилади.
Академия, Марказ ва Жамғарма ходимлари, шунингдек, прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг аризалари бевосита Бош прокуратура комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
6. Ходим қарз олиш учун комиссияга ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
фуқаролик паспорти нусхаси;
уй-жой ёки автотранспорт воситасини сотиб олиш юзасидан тузилган шартнома нусхаси;
кафилнинг паспорти нусхаси ва даромадлари тўғрисидаги маълумотнома.
7. Комиссия йиғилиши заруратга кўра, қоида тариқасида, ҳар ойда камида бир марта ўтказилади. Комиссия ходимнинг аризасини кўриб чиқиш натижасига кўра аризани қаноатлантириш ёки қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.
8. Комиссия қарори унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
9. Комиссия томонидан аризани қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, икки кун муддатда тегишли раҳбарнинг буйруғи билан қарз беришга тақдим этиладиган ходимлар рўйхати тасдиқланади.
Ушбу рўйхат бир ҳафта муддатда Бош прокуратура комиссиясига тақдим қилинади.
10. Бош прокуратура комиссияси комиссиялар томонидан тасдиқланадиган рўйхатларни ўрганиб чиқиб, якуний рўйхатни тасдиқлайди.
Бунда, ўрганиб чиқишда ва рўйхатда ходимларнинг навбати кетма-кетлигини белгилашда қуйидагиларга эътибор қаратилади:
ходимнинг уй-жой ва автотранспорт воситасига бўлган эҳтиёжи;
ходимнинг уй-жой шароитларини яхшилашга ва автотранспорт воситасини янгилашга бўлган эҳтиёжи;
ходимнинг кўп йиллик хизмати;
хизмат вазифаларини виждонан ва намунали бажариши, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга муносиб ҳисса қўшганлиги.
3-боб. Қарзни бериш тартиби
11. Қарз ходимларга якуний рўйхатдаги навбат бўйича берилади.
Якуний рўйхатда иш берувчининг номи, ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, сотиб олинадиган уй-жойнинг манзили ёки автотранспорт воситасининг русуми кўрсатилади.
12. Қарз миқдори сотиб олинадиган уй-жой ва автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.
13. Қарз шартномаси Жамғарма ва ходим ўртасида тузилади.
14. Қарз шартномаси, қоида тариқасида, автотранспорт воситаси бўйича 5 йил ва уй-жой бўйича 10 йил муддатга тузилади.
15. Комиссия тавсиясига кўра қарз шартномаси кредитни қайтариш муддатидан кам бўлмаган бошқа муддатга тузилиши мумкин.
16. Қарз ходимнинг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
17. Жамғарма қарз шартномаси тузилган кундан бошлаб 10 кун муддатда маблағларни ходимнинг депозит ҳисоб рақамига ўтказади.
18. Қарз фақат ходимга уй-жой ва автотранспорт воситасини сотиб олиш юзасидан расмийлаштирилган кредитнинг дастлабки бадалини киритиш учун берилади.
19. Қарз учинчи шахс кафиллиги тақдим этилган ҳолда берилади.
20. Кафиллик шартномаси Жамғарма ва кафил ўртасида оддий ёзма шаклда тузилади. Кафиллик шартномасини нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
21. Жамғарма номидан қарз ва кафиллик шартномасини тузиш (имзолаш) ваколати қонунчиликда белгиланган тартибда иш берувчига берилиши мумкин.
22. Ходимнинг эҳтиёжини инобатга олиб, муайян кредит тури (уй-жой ёки автотранспорт воситаси) учун қарз берилган вақтдан 3 йил ўтгач ва қарз тўлиқ қайтарилган тақдирда айни шу кредит тури бўйича такроран қарз берилиши мумкин.
23. Жамғарма қарзлар ва уларнинг қайтарилиши бўйича тушумларнинг ҳисобини алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида юритади.
4-боб. Қарзни қайтариш тартиби
24. Ходим қарз суммасини қарз шартномасида белгиланган муддатлар ва миқдорда қайтаради.
25. Ходим қарз шартномасида белгиланган тўловларни белгиланган муддатдан олдин амалга ошириш ҳуқуқига эга.
26. Қарзни қайтариш Жамғарманинг ғазначиликдаги шахсий ғазна ҳисобварағига иш ҳақи, пенсия, омонат ва бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш ҳамда нақд пул топшириш йўли билан амалга оширилади.
27. Ходим прокуратура органлари тизимида бошқа ҳудудга ёки бошқа органга ўтган ёхуд хизматни ўташни тугатган ҳолларда иш берувчи бу ҳақда 1 ой ичида Жамғармага маълум қилади.
28. Ходим ёки иш берувчининг ташаббуси билан прокуратура органларида хизматни ўташ тугатилганда ходим қарзни 3 ой ичида бир йўла тўлиқ қайтаради.
29. Жамғарма ва иш берувчи қарздан фойдаланишнинг бутун даври давомида берилган маблағларни қайтариш муддатларига риоя қилиниши юзасидан биргаликда доимий мониторинг олиб боради.
30. Қарз бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда ёки тўлиқ қайтарилмаслик хавфи юзага келганда, Жамғарма қонунчиликда белгиланган тартибда қарзни ундириш чораларини кўради.
31. Қарзни ундириш жараёнида иш берувчи Жамғарма номидан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракат қилиши мумкин.
32. Қарз бўйича тўловлар кечиктирилиши шартномада белгиланган тартибда ва миқдорда пеня ундириш учун асос ҳисобланади.
33. Ходим қарзни, қарз шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши мумкин эмас.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Қарзни қайтариш билан боғлиқ низолар қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.
35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Қарз бериш
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 октябрь,
873-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Prokuratura organlari xodimlariga imtiyozli shartlarda kreditga uy-joy va avtotransport vositalarini sotib olish uchun dastlabki badalni kiritish maqsadida Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan foizsiz qarz berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi prokuratura organlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilishni kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2013-yil 13-noyabrdagi PQ-2065-son va “ Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida ” 2017-yil 15-iyundagi PQ-3060-son qarorlariga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Prokuratura organlari xodimlariga imtiyozli shartlarda kreditga uy-joy va avtotransport vositalarini sotib olish uchun dastlabki badalni kiritish maqsadida Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan foizsiz qarz berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-oktabrdagi 873-son qaroriga ILOVA
Prokuratura organlari xodimlariga imtiyozli shartlarda kreditga uy-joy va avtotransport vositalarini sotib olish uchun dastlabki badalni kiritish maqsadida Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan foizsiz qarz berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi (keyingi oʻrinlarda Bosh prokuratura deb ataladi), Oʻzbekiston Respublikasi Huquqni muhofaza qilish akademiyasi (keyingi oʻrinlarda Akademiya deb ataladi), Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti (keyingi oʻrinlarda Departament deb ataladi), Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi (keyingi oʻrinlarda Byuro deb ataladi) hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Axborot-tahlil multimedia markazi (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) va Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasining (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) boshqaruv xodimlari, shuningdek, prokuratura organlarining amaldagi kadrlar zaxirasiga kiritilgan xodimlariga imtiyozli shartlarda kreditga uy-joy va avtotransport vositalarini sotib olish uchun dastlabki badalni kiritish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan foizsiz qarz (keyingi oʻrinlarda qarz deb ataladi) berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ish beruvchi — Bosh prokuratura, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar prokuraturalari va ularga tenglashtirilgan prokuraturalar, Departament hamda Byuroning markaziy apparatlari va ularning hududiy boshqarmalari;
xodim — Bosh prokuratura, Akademiya, Departament, Byuro organlarida attestatsiyadan oʻtish talab etiladigan lavozimlarda xizmatni oʻtayotgan, shuningdek, boshqa lavozimlarda ishlayotgan darajali unvonlarga ega xodimlar.
3. Jamgʻarmadan pul mablagʻlarini ajratish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 15-iyundagi PQ-3060-son qarori bilan tasdiqlangan Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
4. Xodimga qarz berish tartibi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Arizalarni koʻrib chiqish tartibi
5. Qarz berish masalasini koʻrib chiqish uchun ish beruvchi rahbarining buyrugʻi bilan yetti nafar aʼzodan iborat tarkibda komissiya (keyingi oʻrinlarda Komissiya deb ataladi) tashkil etiladi.
Akademiya, Markaz va Jamgʻarma xodimlari, shuningdek, prokuratura organlarining amaldagi kadrlar zaxirasiga kiritilgan xodimlarning arizalari bevosita Bosh prokuratura komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi.
6. Xodim qarz olish uchun komissiyaga ariza bilan birgalikda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
fuqarolik pasporti nusxasi;
uy-joy yoki avtotransport vositasini sotib olish yuzasidan tuzilgan shartnoma nusxasi;
kafilning pasporti nusxasi va daromadlari toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma.
7. Komissiya yigʻilishi zaruratga koʻra, qoida tariqasida, har oyda kamida bir marta oʻtkaziladi. Komissiya xodimning arizasini koʻrib chiqish natijasiga koʻra arizani qanoatlantirish yoki qanoatlantirmasdan qoldirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
8. Komissiya qarori uning aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
9. Komissiya tomonidan arizani qanoatlantirish haqida qaror qabul qilingan taqdirda, ikki kun muddatda tegishli rahbarning buyrugʻi bilan qarz berishga taqdim etiladigan xodimlar roʻyxati tasdiqlanadi.
Ushbu roʻyxat bir hafta muddatda Bosh prokuratura komissiyasiga taqdim qilinadi.
10. Bosh prokuratura komissiyasi komissiyalar tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatlarni oʻrganib chiqib, yakuniy roʻyxatni tasdiqlaydi.
Bunda, oʻrganib chiqishda va roʻyxatda xodimlarning navbati ketma-ketligini belgilashda quyidagilarga eʼtibor qaratiladi:
xodimning uy-joy va avtotransport vositasiga boʻlgan ehtiyoji;
xodimning uy-joy sharoitlarini yaxshilashga va avtotransport vositasini yangilashga boʻlgan ehtiyoji;
xodimning koʻp yillik xizmati;
xizmat vazifalarini vijdonan va namunali bajarishi, qonun ustuvorligini taʼminlash, fuqarolarning huquq va erkinliklari, jamiyat va davlat manfaatlarini himoya qilish, huquqbuzarliklarning oldini olish va profilaktika qilishga munosib hissa qoʻshganligi.
3-bob. Qarzni berish tartibi
11. Qarz xodimlarga yakuniy roʻyxatdagi navbat boʻyicha beriladi.
Yakuniy roʻyxatda ish beruvchining nomi, xodimning familiyasi, ismi va otasining ismi, lavozimi, sotib olinadigan uy-joyning manzili yoki avtotransport vositasining rusumi koʻrsatiladi.
12. Qarz miqdori sotib olinadigan uy-joy va avtotransport vositasi qiymatining 25 foizidan oshmasligi lozim.
13. Qarz shartnomasi Jamgʻarma va xodim oʻrtasida tuziladi.
14. Qarz shartnomasi, qoida tariqasida, avtotransport vositasi boʻyicha 5 yil va uy-joy boʻyicha 10 yil muddatga tuziladi.
15. Komissiya tavsiyasiga koʻra qarz shartnomasi kreditni qaytarish muddatidan kam boʻlmagan boshqa muddatga tuzilishi mumkin.
16. Qarz xodimning tijorat bankida ochilgan maxsus depozit hisob raqamiga pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
17. Jamgʻarma qarz shartnomasi tuzilgan kundan boshlab 10 kun muddatda mablagʻlarni xodimning depozit hisob raqamiga oʻtkazadi.
18. Qarz faqat xodimga uy-joy va avtotransport vositasini sotib olish yuzasidan rasmiylashtirilgan kreditning dastlabki badalini kiritish uchun beriladi.
19. Qarz uchinchi shaxs kafilligi taqdim etilgan holda beriladi.
20. Kafillik shartnomasi Jamgʻarma va kafil oʻrtasida oddiy yozma shaklda tuziladi. Kafillik shartnomasini notarial tasdiqlash talab etilmaydi.
21. Jamgʻarma nomidan qarz va kafillik shartnomasini tuzish (imzolash) vakolati qonunchilikda belgilangan tartibda ish beruvchiga berilishi mumkin.
22. Xodimning ehtiyojini inobatga olib, muayyan kredit turi (uy-joy yoki avtotransport vositasi) uchun qarz berilgan vaqtdan 3 yil oʻtgach va qarz toʻliq qaytarilgan taqdirda ayni shu kredit turi boʻyicha takroran qarz berilishi mumkin.
23. Jamgʻarma qarzlar va ularning qaytarilishi boʻyicha tushumlarning hisobini alohida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida yuritadi.
4-bob. Qarzni qaytarish tartibi
24. Xodim qarz summasini qarz shartnomasida belgilangan muddatlar va miqdorda qaytaradi.
25. Xodim qarz shartnomasida belgilangan toʻlovlarni belgilangan muddatdan oldin amalga oshirish huquqiga ega.
26. Qarzni qaytarish Jamgʻarmaning gʻaznachilikdagi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga ish haqi, pensiya, omonat va boshqa daromadlar hisobidan naqd pulsiz mablagʻ oʻtkazish hamda naqd pul topshirish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
27. Xodim prokuratura organlari tizimida boshqa hududga yoki boshqa organga oʻtgan yoxud xizmatni oʻtashni tugatgan hollarda ish beruvchi bu haqda 1 oy ichida Jamgʻarmaga maʼlum qiladi.
28. Xodim yoki ish beruvchining tashabbusi bilan prokuratura organlarida xizmatni oʻtash tugatilganda xodim qarzni 3 oy ichida bir yoʻla toʻliq qaytaradi.
29. Jamgʻarma va ish beruvchi qarzdan foydalanishning butun davri davomida berilgan mablagʻlarni qaytarish muddatlariga rioya qilinishi yuzasidan birgalikda doimiy monitoring olib boradi.
30. Qarz boʻyicha toʻlovlar oʻz vaqtida amalga oshirilmaganda yoki toʻliq qaytarilmaslik xavfi yuzaga kelganda, Jamgʻarma qonunchilikda belgilangan tartibda qarzni undirish choralarini koʻradi.
31. Qarzni undirish jarayonida ish beruvchi Jamgʻarma nomidan qonunchilikda belgilangan tartibda harakat qilishi mumkin.
32. Qarz boʻyicha toʻlovlar kechiktirilishi shartnomada belgilangan tartibda va miqdorda penya undirish uchun asos hisoblanadi.
33. Xodim qarzni, qarz shartnomasi boʻyicha huquq va majburiyatlarini boshqa shaxsga oʻtkazishi mumkin emas.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Qarzni qaytarish bilan bogʻliq nizolar qonunchilikka muvofiq hal etiladi.
35. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Prokuratura organlari xodimlariga imtiyozli shartlarda kreditga uy-joy va avtotransport vositalarini sotib olish uchun dastlabki badalni kiritish maqsadida Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan foizsiz qarz berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Qarz berish
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 26-oktabr,
873-son