UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 22-sentabr · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 22 сентябрь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 сентября 2018 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 September 2018 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 22 сентябрдаги 30/14-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки облигацияларининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан банк тизими ликвидлигини тартибга солиш ҳамда пул-кредит сиёсати фоиз инструментлари самарадорлигини ошириш мақсадида Марказий банк облигацияларини муомалага чиқариш, жойлаштириш ва сўндириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Марказий банк облигациялари (бундан буён матнда облигациялар деб юритилади) — облигация эгасига белгиланган тартибда даромад олиш ҳуқуқини берувчи Марказий банк томонидан электрон шаклда чиқариладиган эмиссиявий қимматли қоғозлар;

купон даври — облигация эгасига фоизли даромад тўлаб бериладиган Марказий банк томонидан белгиланган давр;

валюта биржаси — чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини, шунингдек банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари , шу жумладан, микромолия банклари (бундан буён матнда банклар деб юритилади) билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи юридик шахс;

савдо тизими — облигациялар бўйича электрон савдолар ташкиллаштирилишини таъминловчи валюта биржасининг автоматлаштирилган электрон тизими;

Миллий клиринг маркази — облигациялар бўйича клиринг, марказлашган клирингни амалга оширувчи ва марказий контрагент сифатида фаолият юритувчи ташкилот;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (бундан буён матнда Марказий депозитарий деб юритилади) — депо ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларни сақлашнинг, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи ташкилот;

Бош битим — Марказий банк билан банклар, шунингдек банклар билан валюта биржаси, Марказий депозитарий ва Миллий клиринг маркази ўртасида тузиладиган, облигациялар бўйича амалга ошириладиган операцияларнинг умумий шартлари ва тартибини белгиловчи ўзаро ҳаракат;

дилер — Бош битим асосида облигациялар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи банклар;

аукцион савдолари — облигацияларни жойлаштириш бўйича Марказий банк томонидан банклар ўртасида амалга ошириладиган кимошди савдолари;

рақобатли буюртма — аукцион савдоларида иштирок этиш учун банклар томонидан нархи кўрсатилган ҳолда тақдим этиладиган буюртма;

рақобатсиз буюртма — аукцион савдоларида иштирок этиш учун банклар томонидан нархи кўрсатилмаган ҳолда тақдим этиладиган буюртма;

чегириш нархи — аукцион савдолари натижаларига кўра банкларнинг қондириладиган рақобатли буюртмаларида таклиф этилган минимал нарх;

РЕПО битими — битим шартлари билан белгиланган муддат ва баҳода облигацияларни қайта сотиб олиш (сотиш) (РЕПО битимининг иккинчи қисми) шарти билан сотиш (сотиб олиш) (РЕПО битимининг биринчи қисми) бўйича икки томонлама битим.

2-боб. Облигацияларни чиқарилиши

2. Облигациялар Марказий банк томонидан муомалага чиқарилади, жойлаштирилади ва сўндирилади, шунингдек уларнинг ликвидлиги Марказий банк тасарруфидаги барча активлар билан таъминланади.

3. Облигациялар кредитлар учун гаров таъминоти ва дилерлар ўртасида тузиладиган РЕПО битимларида олди-сотди объекти бўлиб хизмат қилиши мумкин.

4. Облигациялар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида номинал қиймати кўрсатилган ҳолда қатъий белгиланган купон ставкаси билан ёки дисконт облигациялар шаклида чиқарилади.

Бунда, дисконт облигациянинг номинал қиймати ҳамда харид қиймати ўртасидаги фарқ дилер учун даромад бўлиб ҳисобланади.

5. Облигацияларнинг чиқарилиши алоҳида эмиссия тарзида амалга оширилади. Ҳар бир чиқарилган эмиссияга идентификацион рақам берилади ва Глобал сертификат билан расмийлаштирилади.

Глобал сертификат иккита асл нусхада расмийлаштирилади, бир нусхаси Марказий банкда, иккинчи нусхаси Марказий депозитарийда сақланади.

Глобал сертификат расмийлаштирилгандан сўнг Марказий банк Марказий депозитарийга облигацияларни жойлаштириш учун мўлжалланган эмиссиявий депо ҳисобварағига муомалага чиқарилаётган облигацияларнинг тўлиқ ҳажмини жойлаштириш бўйича топшириқ беради.

6. Идентификацион рақам ўн белгили разряддан (Х1Х2Х3Х4Х5Х6Х7Х8Х9Х10) иборат.

Биринчи разряд (X1) — «2» рақами қимматли қоғознинг турини кўрсатади.

Иккинчи разряд (Х2) — қимматли қоғознинг муомала даврини кўрсатади:

«1» — уч ой муддатгага муомалада бўлган облигациялар учун;

«2» — олти ой муддатгача муомалада бўлган облигациялар учун;

«3» — тўққиз ой муддатгача муомалада бўлган облигациялар учун;

«4» — ўн икки ой муддатгача муомалада бўлган облигациялар учун.

Учинчи, тўртинчи ва бешинчи разрядлар (Х3Х4Х5) мазкур чиқаришнинг тартиб рақамини кўрсатади.

Олтинчи, еттинчи ва саккизинчи разрядлар (Х6Х7Х8) — «CBU» (Central Bank of Uzbekistan) ҳарфлари эмитентни англатади.

Тўққизинчи разряд (Х9) — «S» ҳарфи ушбу облигация давлат қимматли қоғози эканлигини билдиради.

Ўнинчи разряд (Х10) — «S» ҳарфлари қимматли қоғоз миллий валютада чиқарилганлигини билдиради.

7. Глобал сертификат Марказий банк томонидан ишлаб чиқилиб, унда эмиссияга тегишли асосий параметрлар белгиланади.

8. Облигациялар бўйича барча операциялар валюта биржаси томонидан ишлаб чиқилган биржа савдоларини ўтказиш қоидаларига мувофиқ савдо тизими орқали амалга оширилади, бундан мазкур Низомнинг 10 1 -бандида белгиланган операция мустасно.

9. Облигацияларнинг муомалада бўлиш даври аукцион савдолари ўтказилган кундан бошланиб облигацияларнинг сўндирилиш кунидан аввалги кунда тугайди.

3-боб. Облигацияларни жойлаштириш

10. Марказий банк томонидан чиқарилган облигацияларни банклар ўртасида жойлаштириш валюта биржасининг савдо тизимида ўтказиладиган аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Аукцион савдолари иштирокчилар сони икки ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда ўтказилади.

10 1 . Марказий банк облигацияларни иккиламчи савдоларда олди-сотди қилиш учун ўзининг эмиссиявий депо ҳисобварағидан депо ҳисобварағига ўтказиш орқали жойлаштиради.

11. Аукцион савдолари Марказий банк томонидан жойлаштириладиган облигацияларнинг максимал миқдори ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Аукцион савдоларида облигациялар бўйича максимал фоиз ставкаси ҳам ўрнатилиши мумкин.

13. Облигацияларни жойлаштириш бўйича аукцион савдолари шартлари тўғрисидаги маълумотлар аукцион савдоси ўтказиладиган кундан камида 1 иш куни олдин Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади, бундан банклардаги кутилмаган ликвидлик тебранишларини барқарорлаштириш мақсадида ўтказиладиган аукцион савдолари мустасно.

14. Валюта биржаси Марказий банкнинг эълони асосида ўтказиладиган аукцион савдоси ҳақидаги маълумотни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

15. Марказий банк томонидан облигациялар ҳисобини юритиш ва битимларни рўйхатга олиш учун ҳар бир дилерга алоҳида рўйхатга олиш коди берилади.

16. Дилерни рўйхатга олиш коди уч гуруҳга бўлинган ўн белгили разряддан (X0X1X2X3X4X5X6X7X8X9) иборат.

Биринчи гуруҳ (X0) — «2» бозор кодини англатади — Марказий банк облигациялари.

Иккинчи гуруҳ (X1X2X3X4) дилернинг Марказий банк билан тузган Бош битим асосида берилган тартиб рақамини англатади.

Учинчи гуруҳ (X5X6X7X8X9) доимо 00000 га тенг.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 2000100000 рўйхатга олиш коди берилади.

17. Дилерлар аукцион савдолари ўтказиладиган куни облигацияларни сотиб олиш учун савдо тизимига электрон шаклда рақобатли ва рақобатсиз буюртмалар киритади.

18. Марказий банк аукцион савдолари бўйича банклар томонидан сотиб олинадиган облигациялар сонига ва ҳар бир банкдан аукцион савдоларига қабул қилинадиган буюртмалар сонига лимитлар ўрнатиши мумкин.

19. Рақобатли буюртмаларда сотиб олиниши режалаштирилган облигацияларнинг нархи ва сони кўрсатилади.

Рақобатсиз буюртмаларда сотиб олиниши режалаштирилган облигацияларнинг умумий сони кўрсатилади.

20. Рақобатсиз буюртмалар аукцион савдолари натижалари бўйича аниқланган ўртача тортилган нархда қондирилади.

Ўртача тортилган нарх аукцион савдолари якунлари бўйича тўлиқ ёки қисман қондирилган рақобатли буюртмалар нархи ҳамда сотиб олинган облигациялар миқдорларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

21. Аукцион савдолари икки хил усулда ўтказилади:

«америкача» усул — рақобатли буюртмалар уларда таклиф этилган нархлар бўйича қондирилади;

«голландча» усул — рақобатли буюртмалар чегириш нархи бўйича қондирилади.

22. Савдо тизими банклар томонидан келиб тушган буюртмалар бўйича рўйхат шакллантиради, ушбу рўйхат валюта биржаси томонидан Марказий банкка тақдим этилади.

23. Марказий банк чиқарилган облигацияларнинг ҳажми доирасида банкларнинг буюртмаларида кўрсатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда аукцион савдолари бўйича чегириш нархини белгилайди.

24. Аукцион савдолари натижаларида белгиланган чегириш нархидан паст нархдаги буюртмалар қондирилмайди.

25. Марказий банк аукцион савдолари натижалари бўйича банкларнинг аввал рақобатсиз буюртмаларини тўлиқ, шунингдек таклиф этилган нархи чегириш нархидан паст бўлмаган рақобатли буюртмаларни қондириш бўйича валюта биржасига топшириқ беради.

Рақобатли буюртмалар уларда таклиф қилинган максимал нархлардан чегириш нархигача бўлган тартибда қондирилади.

26. Аукцион савдолари натижаларига кўра қондирилиши лозим бўлган буюртмаларнинг жами миқдори Марказий банк томонидан чиқариладиган облигацияларнинг умумий ҳажмидан ошган ҳолларда, таклиф этилган нархи чегириш нархига тенг бўлган рақобатли буюртмалар савдо тизимига киритилган вақтига қараб қондирилади. Бунда аввал киритилган буюртмалар кейин киритилган буюртмалардан олдин қондирилади.

27. Аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги маълумотлар Марказий банк ва валюта биржаси расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

4-боб. Облигацияларнинг иккиламчи бозорда муомалада бўлиши

28. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида аукцион савдолари натижаларига кўра харид қилинган ва мазкур Низомнинг 10 1 -бандида белгиланган қоидага мувофиқ жойлаштирилган облигациялар бўйича дилерлар ўртасида олди-сотди операциялари амалга оширилади.

29. Марказий банк иккиламчи бозорда дилер сифатида облигациялар билан олди-сотди операцияларида иштирок этиши мумкин.

30. Иккиламчи бозорда облигациялар бўйича операциялар биржа савдоларини ўтказиш қоидаларига мувофиқ марказий контрагент иштирокида ёки марказий контрагент иштирокисиз амалга оширилади.

31. Иккиламчи савдоларда дилерлар савдо тизими орқали облигациялар билан қуйидаги операцияларни амалга оширишлари мумкин:

келишилган нарх ва шартлар асосида облигацияларнинг олди-сотди операциялари;

гаровга олинган облигацияларни савдо тизими орқали сотиш ва сотиб олиш операциялари;

РЕПО битимлари бўйича облигацияларнинг олди-сотди операциялари.

32. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида олди-сотди операцияларини амалга ошириш учун дилерлар томонидан сотилиши ёки сотиб олиниши режалаштирилган облигациялар бўйича буюртмалар миқдори ва нархи кўрсатилган ҳолда савдо тизимга киритилади.

33. Облигацияларнинг иккиламчи бозорида олди-сотди шартномаларини тузиш учун савдо тизими сотиш ёки сотиб олиш учун киритилган буюртмаларга мос келадиган қарама-қарши буюртмаларнинг параметрлари бир-бирига мувофиқлигини текширади.

34. Савдо тизими параметрлари бир-бирига мос келган буюртмаларни автоматик тарзда рўйхатдан ўтказади.

35. Биржа битими савдо тизимида иккита қарама-қарши буюртмаларнинг рўйхатга олиниши билан тузилган ҳисобланади.

36. Ҳар бир биржа битими тузилганда савдо тизими уни рўйхатга олади, унга рўйхатга олиш рақамини бириктиради ва савдо иштирокчиларига биржа битимлари реестридан кўчирма тақдим этади. Шунингдек, савдо тизими биржа битимлари реестрини Миллий клиринг марказига савдо иштирокчиларининг талаб ва мажбуриятларини аниқлаштириш мақсадида тақдим қилади.

37. Иккиламчи бозорда савдо тизимидаги буюртмалар нархи тенг бўлган ҳолларда, улар тақдим этилган вақтига қараб аввал тақдим этилган буюртма кейин тақдим қилинган буюртмадан олдин қондирилади.

Буюртмалар қисман қондирилган ҳолда, унинг қондирилмаган қисми алоҳида буюртма сифатида кўрилади.

38. РЕПО битимлари бўйича операцияларини ўтказиш ва улар бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО битимларини тузиш ва ижро этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1829, 2008 йил 18 июнь) мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Облигациялар ҳисобини юритиш

39. Облигацияларни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритиш Марказий депозитарийда очилган «депо» ҳисобварақларида олиб борилади.

40. Облигациялар бўйича ҳисоб-китоблар биржа битимлари реестри асосида шакллантирилган клиринг топшириқномасига мувофиқ қуйидагилар томонидан амалга оширилади:

марказий контрагент иштирокида тузилган битимлар бўйича Миллий клиринг маркази томонидан;

марказий контрагент иштирокисиз тузилган битимлар бўйича Марказий депозитарий ёки Марказий банк томонидан.

41. Облигацияларнинг сотиб олувчининг депо ҳисобварағига ўтказилиши ва пул маблағларининг сотувчининг ҳисобварағига ўтказиб берилиши «етказиб беришга нисбатан тўлов» (деливерй версус паймент — ДВП) тамойиллари асосида амалга оширилади, бундан мазкур Низомнинг 10 1 -бандида белгиланган операция мустасно.

Мазкур Низомнинг 10 1 -бандида белгиланган қоидага мувофиқ облигацияларни Марказий банкнинг эмиссиявий депо ҳисобварағидан ўзининг депо ҳисобварағига ўтказиш орқали жойлаштириш пул маблағларини ўтказмаган ҳолда (фреэ оф паймент — ФОП) амалга оширилади.

42. Облигацияларни сотиб олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви амалга оширилгандан сўнг эгалик ҳуқуқи берилади ва депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

43. Сотиб олинган облигациялар ҳисоби дилерлар томонидан ҳар бир чиқарилиш бўйича алоҳида ҳисобварақларда юритилади.

44. Облигацияларга доир операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

6-боб. Купон миқдорини ҳисоблаш ва уларнинг тўловларини амалга ошириш

45. Купон тўлови миқдори аукцион савдоларида сотиб олинган облигацияларнинг купон ставкаси, уларнинг номинал қиймати ва купон давридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги формулага мувофиқ аниқланади:

C i = N * R * (T / 365)

бунда:

C i — купон қиймати;

N — облигациянинг номинал баҳоси;

R — купон ставкаси;

T — купон даври.

Купон тўловлари облигацияларнинг муомалада бўлиш даври учун ҳисобланиб, ҳар бир купон даври якуни бўйича тўлаб борилади.

46. Марказий депозитарий купон даврининг охирги кунида, жорий савдолар якунидан сўнг, депо ҳисобварағидаги қолдиқлар юзасидан ҳар бир облигация эгаси бўйича Марказий банкка рўйхат тақдим қилади.

47. Марказий банк купон тўловларини амалга ошириш учун тегишли маблағларни купон даври тугаган кундан кейинги иш кунида Марказий депозитарийнинг Марказий банкда очилган вакиллик ҳисобварағига ўтказиб беради.

48. Марказий депозитарий купон тўловлари бўйича келиб тушган маблағларни дилерларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиб беради.

49. Марказий депозитарий облигация сақловчисига тегишли бўлган купон тўловлари тўлангани тўғрисидаги маълумотни ушбу тўловлар амалга оширилган кундан кейинги иш кунида Марказий банкка тақдим этади.

7-боб. Облигацияларни сўндириш

50. Марказий банк томонидан облигацияларни сўндириш уларнинг муомала даври тугаган кундан кейинги иш кунида ёки муддатидан олдин амалга оширилади.

51. Марказий банк облигацияларни сўндириш учун уларнинг тўлиқ ҳажмини номинал қийматда сотиб олиш бўйича савдо тизимига буюртма киритади ёки Марказий депозитарийга сўндирилиши лозим бўлган облигацияларни ҳисобга олиш учун топшириқ беради.

52. Марказий банкнинг сўндирилган облигациялари Марказий депозитарий томонидан Марказий банкнинг эмиссиявий депо ҳисобварағига ўтказиб берилади.

53. Облигацияларни сўндириш ҳамда купон тўловларини амалга ошириш куни дам олиш ёки байрам кунларига тўғри келган ҳолларда, тўловлар кейинги иш кунида амалга оширилади.

8-боб. Маълумотларни ошкор қилиш

54. Валюта биржасида облигациялар бўйича амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар (облигация номланиши, сони, котировкаси (нархи) ва битим санасидан ташқари) учинчи шахсларга ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.

55. Тижорат ва банк сирларидан иборат бўлган барча маълумотларни тақдим этиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

9-боб. Якуний қоида

56. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 22 сентябрь,

30/14-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.10.2018 й., 10/18/3080/2114-сон; 24.09.2020 й., 10/20/3080-1/1312-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 26.01.2026 й., 10/26/3080-2/2075-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki obligatsiyalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 13-sentabrdagi PQ-3272-son “Pul-kredit siyosatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki obligatsiyalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2018-yil 22-sentabrdagi 30/14-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki obligatsiyalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan bank tizimi likvidligini tartibga solish hamda pul-kredit siyosati foiz instrumentlari samaradorligini oshirish maqsadida Markaziy bank obligatsiyalarini muomalaga chiqarish, joylashtirish va soʻndirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

Markaziy bank obligatsiyalari (bundan buyon matnda obligatsiyalar deb yuritiladi) — obligatsiya egasiga belgilangan tartibda daromad olish huquqini beruvchi Markaziy bank tomonidan elektron shaklda chiqariladigan emissiyaviy qimmatli qogʻozlar;

kupon davri — obligatsiya egasiga foizli daromad toʻlab beriladigan Markaziy bank tomonidan belgilangan davr;

valyuta birjasi — chet el valyutasi, davlat qimmatli qogʻozlari, moliyaviy hosila instrumentlari (derivativlar) oldi-sotdisi hamda ular bilan bogʻliq boshqa birja bitimlari boʻyicha birja savdolarini, shuningdek banklararo pul bozorini hamda Markaziy bankning tijorat banklari , shu jumladan, mikromoliya banklari (bundan buyon matnda banklar deb yuritiladi) bilan amalga oshiriladigan kredit va depozit auksionlarini tashkil etuvchi yuridik shaxs;

savdo tizimi — obligatsiyalar boʻyicha elektron savdolar tashkillashtirilishini taʼminlovchi valyuta birjasining avtomatlashtirilgan elektron tizimi;

Milliy kliring markazi — obligatsiyalar boʻyicha kliring, markazlashgan kliringni amalga oshiruvchi va markaziy kontragent sifatida faoliyat yurituvchi tashkilot;

Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysi (bundan buyon matnda Markaziy depozitariy deb yuritiladi) — depo hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni saqlashning, bunday qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olishning va qimmatli qogʻozlar harakatining yagona tizimini taʼminlovchi tashkilot;

Bosh bitim — Markaziy bank bilan banklar, shuningdek banklar bilan valyuta birjasi, Markaziy depozitariy va Milliy kliring markazi oʻrtasida tuziladigan, obligatsiyalar boʻyicha amalga oshiriladigan operatsiyalarning umumiy shartlari va tartibini belgilovchi oʻzaro harakat;

diler — Bosh bitim asosida obligatsiyalar bilan bogʻliq operatsiyalarni amalga oshiruvchi banklar;

auksion savdolari — obligatsiyalarni joylashtirish boʻyicha Markaziy bank tomonidan banklar oʻrtasida amalga oshiriladigan kimoshdi savdolari;

raqobatli buyurtma — auksion savdolarida ishtirok etish uchun banklar tomonidan narxi koʻrsatilgan holda taqdim etiladigan buyurtma;

raqobatsiz buyurtma — auksion savdolarida ishtirok etish uchun banklar tomonidan narxi koʻrsatilmagan holda taqdim etiladigan buyurtma;

chegirish narxi — auksion savdolari natijalariga koʻra banklarning qondiriladigan raqobatli buyurtmalarida taklif etilgan minimal narx;

REPO bitimi — bitim shartlari bilan belgilangan muddat va bahoda obligatsiyalarni qayta sotib olish (sotish) (REPO bitimining ikkinchi qismi) sharti bilan sotish (sotib olish) (REPO bitimining birinchi qismi) boʻyicha ikki tomonlama bitim.

2-bob. Obligatsiyalarni chiqarilishi

2. Obligatsiyalar Markaziy bank tomonidan muomalaga chiqariladi, joylashtiriladi va soʻndiriladi, shuningdek ularning likvidligi Markaziy bank tasarrufidagi barcha aktivlar bilan taʼminlanadi.

3. Obligatsiyalar kreditlar uchun garov taʼminoti va dilerlar oʻrtasida tuziladigan REPO bitimlarida oldi-sotdi obyekti boʻlib xizmat qilishi mumkin.

4. Obligatsiyalar Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida nominal qiymati koʻrsatilgan holda qatʼiy belgilangan kupon stavkasi bilan yoki diskont obligatsiyalar shaklida chiqariladi.

Bunda, diskont obligatsiyaning nominal qiymati hamda xarid qiymati oʻrtasidagi farq diler uchun daromad boʻlib hisoblanadi.

5. Obligatsiyalarning chiqarilishi alohida emissiya tarzida amalga oshiriladi. Har bir chiqarilgan emissiyaga identifikatsion raqam beriladi va Global sertifikat bilan rasmiylashtiriladi.

Global sertifikat ikkita asl nusxada rasmiylashtiriladi, bir nusxasi Markaziy bankda, ikkinchi nusxasi Markaziy depozitariyda saqlanadi.

Global sertifikat rasmiylashtirilgandan soʻng Markaziy bank Markaziy depozitariyga obligatsiyalarni joylashtirish uchun moʻljallangan emissiyaviy depo hisobvaragʻiga muomalaga chiqarilayotgan obligatsiyalarning toʻliq hajmini joylashtirish boʻyicha topshiriq beradi.

6. Identifikatsion raqam oʻn belgili razryaddan (X1X2X3X4X5X6X7X8X9X10) iborat.

Birinchi razryad (X1) — “2” raqami qimmatli qogʻozning turini koʻrsatadi.

Ikkinchi razryad (X2) — qimmatli qogʻozning muomala davrini koʻrsatadi:

“1” — uch oy muddatgaga muomalada boʻlgan obligatsiyalar uchun;

“2” — olti oy muddatgacha muomalada boʻlgan obligatsiyalar uchun;

“3” — toʻqqiz oy muddatgacha muomalada boʻlgan obligatsiyalar uchun;

“4” — oʻn ikki oy muddatgacha muomalada boʻlgan obligatsiyalar uchun.

Uchinchi, toʻrtinchi va beshinchi razryadlar (X3X4X5) mazkur chiqarishning tartib raqamini koʻrsatadi.

Oltinchi, yettinchi va sakkizinchi razryadlar (X6X7X8) — “CBU” (Central Bank of Uzbekistan) harflari emitentni anglatadi.

Toʻqqizinchi razryad (X9) — “S” harfi ushbu obligatsiya davlat qimmatli qogʻozi ekanligini bildiradi.

Oʻninchi razryad (X10) — “S” harflari qimmatli qogʻoz milliy valyutada chiqarilganligini bildiradi.

7. Global sertifikat Markaziy bank tomonidan ishlab chiqilib, unda emissiyaga tegishli asosiy parametrlar belgilanadi.

8. Obligatsiyalar boʻyicha barcha operatsiyalar valyuta birjasi tomonidan ishlab chiqilgan birja savdolarini oʻtkazish qoidalariga muvofiq savdo tizimi orqali amalga oshiriladi, bundan mazkur Nizomning 10 1 -bandida belgilangan operatsiya mustasno.

9. Obligatsiyalarning muomalada boʻlish davri auksion savdolari oʻtkazilgan kundan boshlanib obligatsiyalarning soʻndirilish kunidan avvalgi kunda tugaydi.

3-bob. Obligatsiyalarni joylashtirish

10. Markaziy bank tomonidan chiqarilgan obligatsiyalarni banklar oʻrtasida joylashtirish valyuta birjasining savdo tizimida oʻtkaziladigan auksion savdolari orqali amalga oshiriladi.

Auksion savdolari ishtirokchilar soni ikki va undan ortiq boʻlgan hollarda oʻtkaziladi.

10 1 . Markaziy bank obligatsiyalarni ikkilamchi savdolarda oldi-sotdi qilish uchun oʻzining emissiyaviy depo hisobvaragʻidan depo hisobvaragʻiga oʻtkazish orqali joylashtiradi.

11. Auksion savdolari Markaziy bank tomonidan joylashtiriladigan obligatsiyalarning maksimal miqdori oʻrnatilgan holda amalga oshiriladi.

Auksion savdolarida obligatsiyalar boʻyicha maksimal foiz stavkasi ham oʻrnatilishi mumkin.

13. Obligatsiyalarni joylashtirish boʻyicha auksion savdolari shartlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar auksion savdosi oʻtkaziladigan kundan kamida 1 ish kuni oldin Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi, bundan banklardagi kutilmagan likvidlik tebranishlarini barqarorlashtirish maqsadida oʻtkaziladigan auksion savdolari mustasno.

14. Valyuta birjasi Markaziy bankning eʼloni asosida oʻtkaziladigan auksion savdosi haqidagi maʼlumotni oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.

15. Markaziy bank tomonidan obligatsiyalar hisobini yuritish va bitimlarni roʻyxatga olish uchun har bir dilerga alohida roʻyxatga olish kodi beriladi.

16. Dilerni roʻyxatga olish kodi uch guruhga boʻlingan oʻn belgili razryaddan (X0X1X2X3X4X5X6X7X8X9) iborat.

Birinchi guruh (X0) — “2” bozor kodini anglatadi — Markaziy bank obligatsiyalari.

Ikkinchi guruh (X1X2X3X4) dilerning Markaziy bank bilan tuzgan Bosh bitim asosida berilgan tartib raqamini anglatadi.

Uchinchi guruh (X5X6X7X8X9) doimo 00000 ga teng.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga 2000100000 roʻyxatga olish kodi beriladi.

17. Dilerlar auksion savdolari oʻtkaziladigan kuni obligatsiyalarni sotib olish uchun savdo tizimiga elektron shaklda raqobatli va raqobatsiz buyurtmalar kiritadi.

18. Markaziy bank auksion savdolari boʻyicha banklar tomonidan sotib olinadigan obligatsiyalar soniga va har bir bankdan auksion savdolariga qabul qilinadigan buyurtmalar soniga limitlar oʻrnatishi mumkin.

19. Raqobatli buyurtmalarda sotib olinishi rejalashtirilgan obligatsiyalarning narxi va soni koʻrsatiladi.

Raqobatsiz buyurtmalarda sotib olinishi rejalashtirilgan obligatsiyalarning umumiy soni koʻrsatiladi.

20. Raqobatsiz buyurtmalar auksion savdolari natijalari boʻyicha aniqlangan oʻrtacha tortilgan narxda qondiriladi.

Oʻrtacha tortilgan narx auksion savdolari yakunlari boʻyicha toʻliq yoki qisman qondirilgan raqobatli buyurtmalar narxi hamda sotib olingan obligatsiyalar miqdorlaridan kelib chiqqan holda aniqlanadi.

21. Auksion savdolari ikki xil usulda oʻtkaziladi:

“amerikacha” usul — raqobatli buyurtmalar ularda taklif etilgan narxlar boʻyicha qondiriladi;

“gollandcha” usul — raqobatli buyurtmalar chegirish narxi boʻyicha qondiriladi.

22. Savdo tizimi banklar tomonidan kelib tushgan buyurtmalar boʻyicha roʻyxat shakllantiradi, ushbu roʻyxat valyuta birjasi tomonidan Markaziy bankka taqdim etiladi.

23. Markaziy bank chiqarilgan obligatsiyalarning hajmi doirasida banklarning buyurtmalarida koʻrsatilgan narxlardan kelib chiqqan holda auksion savdolari boʻyicha chegirish narxini belgilaydi.

24. Auksion savdolari natijalarida belgilangan chegirish narxidan past narxdagi buyurtmalar qondirilmaydi.

25. Markaziy bank auksion savdolari natijalari boʻyicha banklarning avval raqobatsiz buyurtmalarini toʻliq, shuningdek taklif etilgan narxi chegirish narxidan past boʻlmagan raqobatli buyurtmalarni qondirish boʻyicha valyuta birjasiga topshiriq beradi.

Raqobatli buyurtmalar ularda taklif qilingan maksimal narxlardan chegirish narxigacha boʻlgan tartibda qondiriladi.

26. Auksion savdolari natijalariga koʻra qondirilishi lozim boʻlgan buyurtmalarning jami miqdori Markaziy bank tomonidan chiqariladigan obligatsiyalarning umumiy hajmidan oshgan hollarda, taklif etilgan narxi chegirish narxiga teng boʻlgan raqobatli buyurtmalar savdo tizimiga kiritilgan vaqtiga qarab qondiriladi. Bunda avval kiritilgan buyurtmalar keyin kiritilgan buyurtmalardan oldin qondiriladi.

27. Auksion savdolari natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Markaziy bank va valyuta birjasi rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinadi.

4-bob. Obligatsiyalarning ikkilamchi bozorda muomalada boʻlishi

28. Obligatsiyalarning ikkilamchi bozorida auksion savdolari natijalariga koʻra xarid qilingan va mazkur Nizomning 10 1 -bandida belgilangan qoidaga muvofiq joylashtirilgan obligatsiyalar boʻyicha dilerlar oʻrtasida oldi-sotdi operatsiyalari amalga oshiriladi.

29. Markaziy bank ikkilamchi bozorda diler sifatida obligatsiyalar bilan oldi-sotdi operatsiyalarida ishtirok etishi mumkin.

30. Ikkilamchi bozorda obligatsiyalar boʻyicha operatsiyalar birja savdolarini oʻtkazish qoidalariga muvofiq markaziy kontragent ishtirokida yoki markaziy kontragent ishtirokisiz amalga oshiriladi.

31. Ikkilamchi savdolarda dilerlar savdo tizimi orqali obligatsiyalar bilan quyidagi operatsiyalarni amalga oshirishlari mumkin:

kelishilgan narx va shartlar asosida obligatsiyalarning oldi-sotdi operatsiyalari;

garovga olingan obligatsiyalarni savdo tizimi orqali sotish va sotib olish operatsiyalari;

REPO bitimlari boʻyicha obligatsiyalarning oldi-sotdi operatsiyalari.

32. Obligatsiyalarning ikkilamchi bozorida oldi-sotdi operatsiyalarini amalga oshirish uchun dilerlar tomonidan sotilishi yoki sotib olinishi rejalashtirilgan obligatsiyalar boʻyicha buyurtmalar miqdori va narxi koʻrsatilgan holda savdo tizimga kiritiladi.

33. Obligatsiyalarning ikkilamchi bozorida oldi-sotdi shartnomalarini tuzish uchun savdo tizimi sotish yoki sotib olish uchun kiritilgan buyurtmalarga mos keladigan qarama-qarshi buyurtmalarning parametrlari bir-biriga muvofiqligini tekshiradi.

34. Savdo tizimi parametrlari bir-biriga mos kelgan buyurtmalarni avtomatik tarzda roʻyxatdan oʻtkazadi.

35. Birja bitimi savdo tizimida ikkita qarama-qarshi buyurtmalarning roʻyxatga olinishi bilan tuzilgan hisoblanadi.

36. Har bir birja bitimi tuzilganda savdo tizimi uni roʻyxatga oladi, unga roʻyxatga olish raqamini biriktiradi va savdo ishtirokchilariga birja bitimlari reyestridan koʻchirma taqdim etadi. Shuningdek, savdo tizimi birja bitimlari reyestrini Milliy kliring markaziga savdo ishtirokchilarining talab va majburiyatlarini aniqlashtirish maqsadida taqdim qiladi.

37. Ikkilamchi bozorda savdo tizimidagi buyurtmalar narxi teng boʻlgan hollarda, ular taqdim etilgan vaqtiga qarab avval taqdim etilgan buyurtma keyin taqdim qilingan buyurtmadan oldin qondiriladi.

Buyurtmalar qisman qondirilgan holda, uning qondirilmagan qismi alohida buyurtma sifatida koʻriladi.

38. REPO bitimlari boʻyicha operatsiyalarini oʻtkazish va ular boʻyicha hisob-kitoblar Oʻzbekiston Respublikasining davlat qimmatli qogʻozlari bilan REPO bitimlarini tuzish va ijro etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 1829, 2008-yil 18-iyun) muvofiq amalga oshiriladi.

5-bob. Obligatsiyalar hisobini yuritish

39. Obligatsiyalarni saqlash va ularga boʻlgan huquqlarning hisobini yuritish Markaziy depozitariyda ochilgan “depo” hisobvaraqlarida olib boriladi.

40. Obligatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblar birja bitimlari reyestri asosida shakllantirilgan kliring topshiriqnomasiga muvofiq quyidagilar tomonidan amalga oshiriladi:

markaziy kontragent ishtirokida tuzilgan bitimlar boʻyicha Milliy kliring markazi tomonidan;

markaziy kontragent ishtirokisiz tuzilgan bitimlar boʻyicha Markaziy depozitariy yoki Markaziy bank tomonidan.

41. Obligatsiyalarning sotib oluvchining depo hisobvaragʻiga oʻtkazilishi va pul mablagʻlarining sotuvchining hisobvaragʻiga oʻtkazib berilishi “yetkazib berishga nisbatan toʻlov” (delivery versus payment — DVP) tamoyillari asosida amalga oshiriladi, bundan mazkur Nizomning 10 1 -bandida belgilangan operatsiya mustasno.

Mazkur Nizomning 10 1 -bandida belgilangan qoidaga muvofiq obligatsiyalarni Markaziy bankning emissiyaviy depo hisobvaragʻidan oʻzining depo hisobvaragʻiga oʻtkazish orqali joylashtirish pul mablagʻlarini oʻtkazmagan holda (free of payment — FOP) amalga oshiriladi.

42. Obligatsiyalarni sotib oluvchiga uning depo hisobvaragʻiga tegishli kirim yozuvi amalga oshirilgandan soʻng egalik huquqi beriladi va depo hisobvaragʻidan koʻchirma bilan tasdiqlanadi.

43. Sotib olingan obligatsiyalar hisobi dilerlar tomonidan har bir chiqarilish boʻyicha alohida hisobvaraqlarda yuritiladi.

44. Obligatsiyalarga doir operatsiyalarning buxgalteriya hisobi amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

6-bob. Kupon miqdorini hisoblash va ularning toʻlovlarini amalga oshirish

45. Kupon toʻlovi miqdori auksion savdolarida sotib olingan obligatsiyalarning kupon stavkasi, ularning nominal qiymati va kupon davridan kelib chiqqan holda quyidagi formulaga muvofiq aniqlanadi:

C i = N * R * (T / 365)

bunda:

C i — kupon qiymati;

N — obligatsiyaning nominal bahosi;

R — kupon stavkasi;

T — kupon davri.

Kupon toʻlovlari obligatsiyalarning muomalada boʻlish davri uchun hisoblanib, har bir kupon davri yakuni boʻyicha toʻlab boriladi.

46. Markaziy depozitariy kupon davrining oxirgi kunida, joriy savdolar yakunidan soʻng, depo hisobvaragʻidagi qoldiqlar yuzasidan har bir obligatsiya egasi boʻyicha Markaziy bankka roʻyxat taqdim qiladi.

47. Markaziy bank kupon toʻlovlarini amalga oshirish uchun tegishli mablagʻlarni kupon davri tugagan kundan keyingi ish kunida Markaziy depozitariyning Markaziy bankda ochilgan vakillik hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.

48. Markaziy depozitariy kupon toʻlovlari boʻyicha kelib tushgan mablagʻlarni dilerlarning shaxsiy hisobvaraqlariga oʻtkazib beradi.

49. Markaziy depozitariy obligatsiya saqlovchisiga tegishli boʻlgan kupon toʻlovlari toʻlangani toʻgʻrisidagi maʼlumotni ushbu toʻlovlar amalga oshirilgan kundan keyingi ish kunida Markaziy bankka taqdim etadi.

7-bob. Obligatsiyalarni soʻndirish

50. Markaziy bank tomonidan obligatsiyalarni soʻndirish ularning muomala davri tugagan kundan keyingi ish kunida yoki muddatidan oldin amalga oshiriladi.

51. Markaziy bank obligatsiyalarni soʻndirish uchun ularning toʻliq hajmini nominal qiymatda sotib olish boʻyicha savdo tizimiga buyurtma kiritadi yoki Markaziy depozitariyga soʻndirilishi lozim boʻlgan obligatsiyalarni hisobga olish uchun topshiriq beradi.

52. Markaziy bankning soʻndirilgan obligatsiyalari Markaziy depozitariy tomonidan Markaziy bankning emissiyaviy depo hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.

53. Obligatsiyalarni soʻndirish hamda kupon toʻlovlarini amalga oshirish kuni dam olish yoki bayram kunlariga toʻgʻri kelgan hollarda, toʻlovlar keyingi ish kunida amalga oshiriladi.

8-bob. Maʼlumotlarni oshkor qilish

54. Valyuta birjasida obligatsiyalar boʻyicha amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (obligatsiya nomlanishi, soni, kotirovkasi (narxi) va bitim sanasidan tashqari) uchinchi shaxslarga oshkor qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

55. Tijorat va bank sirlaridan iborat boʻlgan barcha maʼlumotlarni taqdim etish qonunda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

9-bob. Yakuniy qoida

56. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladilar.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2018-yil 22-sentabr,

30/14-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.10.2018-y., 10/18/3080/2114-son; 24.09.2020-y., 10/20/3080-1/1312-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 26.01.2026-y., 10/26/3080-2/2075-son)

lex.uz