UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 28-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Jismoniy tarbiya va sport vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 28 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Жисмоний тарбия ва спорт вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 сентября 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр физической культуры и спорта

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 September 2018 · Ministry and agency documents · Jismoniy tarbiya va sport vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

МАЪЛУМОТ

МЕТОДИКАСИ

НОРМАТИВЛАР

МЕТОДИКАСИ

НОРМАТИВЛАР

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 мартдаги 41-сон «Сурхондарё вилоятида спортнинг миллий кураш турини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 28 сентябрдаги 14-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга (бундан буён матнда мактаб-интернат деб юритилади) ўқувчиларни танлаб олиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоида

1. Мактаб-интернатга ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади.

2-боб. Мактаб-интернатга танлаб олиш ва қабул қилишни ташкил этиш

2. Ўқувчиларни мактаб-интернатга танлаб олишни ташкил этиш мақсадида ҳужжатлар қабул қилиниши бошланишидан икки ой олдин мактаб-интернат томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.

3. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун мактаб-интернатда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг буйруғи билан 7 кишидан иборат (комиссия раиси, котиби ва аъзолари) таркибда қабул комиссияси тузилади.

4. Қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти спорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда мактаб-интернат психологи ва тиббиёт ходими киритилади. Мактаб-интернат директори қабул комиссияси раиси ҳисобланади.

5. Қуйидагилар қабул комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчилар ва ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) ҳамда жамоатчилик ўртасида мактаб-интернатга қабул қилиш тартиби, шунингдек мактаб-интернатнинг фаолияти тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш;

ўқувчилар ва ота-оналар учун маслаҳатлар берилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва расмийлаштириш;

танловни ташкил этиш ва ўтказиш;

қабул жараёни якунларини умумлаштириш.

6. Ўқувчиларнинг ҳужжатларини сақлаш учун қабул комиссияси раиси ва котиби масъул ҳисобланади.

7. Ота-оналар томонидан қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза;

ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси (16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжати) нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси ёхуд туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли кўрсатилади);

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида баҳолар (ўзлаштириш) табелининг асл нусхаси кўрсатилади);

ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса;

ўқувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;

ўқувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида спорт паспортининг асл нусхаси кўрсатилади).

8. Қабул комиссияси томонидан мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

9. Ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 25 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

10. Ҳужжат топширган номзодлар ҳақидаги маълумотлар мактаб-интернат томонидан 1 августга қадар мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигига юборилади.

3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш

11. Танловни ўтказиш учун қабул комиссияси раиси томонидан 5 кишидан иборат таркибда Танлов синовларини ўтказиш ҳайъати (бундан буён матнда Ҳайъат деб юритилади) ташкил этилади.

12. Ўқувчилар мактаб-интернатга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонларини (синовларини) топширади.

13. Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар 1 — 5 август кунлари ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасасида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади. Тиббий комиссия таркибига мактаб-интернатнинг тренер-ўқитувчилари ҳам киритилади.

14. Тиббий кўрикдан ўтказишда ўқувчининг антропометрик кўрсаткичлари (тана вазни, бўйининг узунлиги ва кўкрак қафаси айланаси), функционал имкониятлари ва соғлиғидаги мавжуд нуқсонлари аниқланади.

15. Тиббий кўрик натижаларига кўра соғлом деб топилган ўқувчилар ихтисослик имтиҳонларини топширишга қўйилади.

16. Ихтисослик имтиҳонлари ҳар йили 6 — 10 август кунлари ўтказилади.

17. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонлари мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонлари эса, мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида ўтказилади ҳамда баҳоланади.

18. Ўқувчиларнинг ихтисослик имтиҳонлари натижалари ихтисослик имтиҳонлари тугаган вақтдан бошлаб 3 соат ичида қайдномага киритилади ва ўқувчиларга эълон қилинади ҳамда Ҳайъат аъзолари томонидан имзоланади.

19. Ихтисослик имтиҳонлари бўйича умумий балл умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик учун қўйилган баллар йиғиндисига кўра аниқланади.

20. Ихтисослик имтиҳонлари натижалари улар ўтказилгандан сўнг 1 кун ичида эълон қилинади. Ихтисослик имтиҳонлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 20 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

21. Ихтисослик имтиҳонлари натижаларига кўра ўқувчиларнинг ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, спорт мусобақаларида эришган натижалари юқори бўлган ўқувчилар мактаб-интернатга имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлади.

22. Ўқишга қабул қилинган ўқувчилар қабул комиссиясининг баённомаси билан тасдиқланади. Қабул комиссиясининг баённомаси асосида мактаб-интернат директори томонидан 20 августга қадар ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.

23. Ўқувчи ўқишга қабул қилинганда, мактаб-интернат директори томонидан ўқув йили бошлангунга қадар ўқувчини мактаб-интернатга яқин масофада жойлашган умумий ўрта таълим муассасасига ўтказиш чоралари кўрилади, ўқувчи мактаб-интернатга яқин масофада жойлашган умумий ўрта таълим муассасасида таълим олаётган ҳоллар бундан мустасно. Ўқувчини умумий ўрта таълим муассасасига ўтказиш Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2684, 2015 йил 17 июнь) асосан амалга оширилади.

4-боб. Танлов натижалари юзасидан берилган мурожаатларни кўриб чиқиш

24. Танлов натижалари бўйича берилган мурожаатларни кўриб чиқиш учун 5 августга қадар вилоят спорт бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан мактаб-интернатда апелляция комиссияси ташкил этилади ва 3 кишидан иборат таркибда тасдиқланади.

25. Апелляция комиссияси қабул комиссияси ва Ҳайъат таркибида бўлмаган соҳа мутахассисларидан шакллантирилади.

26. Танлов натижаси бўйича мурожаатлар ўқувчининг ота-оналари ёки улардан бири томонидан берилади.

27. Мурожаатлар улар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Мурожаатни кўриб чиқиш вақтида мурожаат қилган шахс апелляция комиссияси ишида ўзининг илтимосига асосан иштирок этиши мумкин.

28. Қабул қилинган қарор натижаси бўйича мурожаат қилган шахсга 1 иш куни ичида апелляция комиссияси томонидан ёзма равишда маълум қилинади.

29. Апелляция комиссияси мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра танлов натижасини бекор қилиши ёки унга тегишли ўзгартириш киритиши мумкин.

30. Апелляция комиссиясининг мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

5-боб. Якуний қоидалар

31. Танловнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилиши ва ўтказилиши учун мактаб-интернат директори жавобгар.

32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

33. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернат директорига ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎________________________________ ‎‎ (яшаш манзили) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_________________да яшовчи фуқаро ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_____________________________ дан ‎ (ариза берувчи шахснинг Ф.И.О.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎‎АРИЗА ‎ ___ Менинг фарзандим _____________________________________________________________га ‎ (ўқувчининг Ф.И.О.) ‎‎Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқишга кириш учун ўтказиладиган танлов синовларида қатнашишга рухсат беришингизни сўрайман. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ___ _____________________________________ __ ___________________ __ __________________ ‎______________ (ариза берувчи шахснинг Ф.И.О.) ______________________ (имзо) ______________________ (сана) ___ _____________________________________ __ ___________________ __ __________________ ‎ ___ _______ __ (аризани қабул қилган шахснинг Ф.И.О.) ___________________ (имзо) ______________________ (сана) ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқишга кириш учун ҳужжатлари топширилган номзодлар ҳақида

Т/р Ф.И.О. Туғилган йили ва жойи Таълим олаётган муассасаси Яшаш манзили Ҳужжат топширилган сана 1. 2. 3. ... ____ Қабул комиссияси раиси (имзо) М.Ў. (Ф.И.О.)

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш

1. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонига қўйиладиган энг юқори балл — 30 баллни ташкил қилади.

2. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонида ўқувчи мазкур методиканинг иловасида кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:

30 метрга югуриш — машқ паст стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан бажарилади. Машқ «старт»дан «марра» чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;

1000 метрга югуриш — машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан бажарилади. Машқ «старт»дан «марра» чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ бир уринишда бажарилади ва натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;

«мокисимон» югуриш (4 x 10 метр) — машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан оралиғи 120 см бўлган икки томонидан чизилган, 10 метр масофали йўлакча ичида зигзаг (илон изи) шаклида югуриш орқали бажарилади. Югуриш жараёнида бурилишларда оёқ учлари чизиқдан ташқарига чиқмаган ҳолда бажарилган машқ ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;

турникда тортилиш — машқ турникка икки қўлда тўғри осилиб турган ҳамда оёқлар ерга тегмаган ҳолатда, ияк турник поясидан ўтгунга қадар қўлларни букиш орқали бажарилади. Машқ бажариш жараёнида оёқларни кериш ёки букиш, танани ҳаракатсиз ҳолатда эгиш, оёқлар билан силтанма ҳаракатлар қилиш ҳамда ияк турник поясидан ўтмагунга қадар тортилиш орқали бажарилмаган ҳаракатлар ҳисобга олинмайди;

югуриб келиб узунликка сакраш — машқ югуриб келиб белгиланган чизиқдан депсиниб сакраш орқали бажарилади. Депсиниш жараёнида оёқ учлари белгиланган чизиқдан ўтиб кетиши орқали бажарилган сакраш ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа депсиниш чизиғидан то тананинг бирорта аъзоси ерга теккан жойгача бўлган масофани ўлчаш орқали аниқланади;

жойидан узунликка сакраш — машқ оёқлар елка кенглигида турган ҳолатда, белгиланган сакраш чизиғидан қўлларни олдинга-юқорига силтаб, икки оёқда олдинга депсиниб сакраш орқали бажарилади. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа депсиниш чизиғидан то оёқ товони ерга теккан жойгача бўлган масофани ўлчаш орқали аниқланади.

Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикасига ИЛОВА

Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича

Т/р Нормативлар Баҳолаш 5 балл 4 балл 3 балл 2 балл 0 балл 1. 30 метрга югуриш 5,3 сония 5,8 сония 6,5 сония 6,8 сония 6,9 сония ва ундан юқори 2. 1000 метрга югуриш 5,30 дақиқа 6 дақиқа 6,30 дақиқа 7 дақиқа 7 дақиқа 1 сония ва ундан юқори 3. «Мокисимон» югуриш (4 x 10 метр) 11 сония 11,5 сония 12 сония 12,5 сония 12,6 сония ва ундан юқори 4. Турникда тортилиш 5 марта 4 марта 3 марта 2 марта 2 мартадан кам 5. Югуриб келиб узунликка сакраш 3 метр 2,60 метр 2,30 метр 2 метр 2 метрдан кам 6. Жойидан узунликка сакраш 1,60 метр 1,40 метр 1,20 метр 1 метр 1 метрдан кам

Спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш

1. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонига қўйиладиган энг юқори балл — 70 баллни ташкил қилади.

2. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонида ўқувчи мазкур методиканинг иловасида кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:

«кўприк» ҳолатида бошда айланиш — машқ «кўприк» ҳолатида бошни кураш гиламига қўйиб, бир нуқта бўйлаб айланиш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. Бош кураш гиламига қўйилиб, қўллар ёрдамисиз нуқта бўйлаб ўнг ёки чап томонга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш ўқувчининг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

«кўприк» ҳолатида қўлда айланиш — машқ «кўприк» ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, ўнг ва чап томонга оёқ ҳаракатлари билан айланиш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, тананинг қўлдан бошқа аъзолари кураш гиламига тегмаган ҳолда доирасимон шаклда ўнг ва чап томонларга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш ўқувчининг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

«кўприк» ҳолатида тик туриш — машқ «кўприк» ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, мувозанатни сақлаган ҳолда қайта тик туриш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. 2-3 сония мувозанат ушлаб турилгандан сўнг қайта тик туриш ҳолатига қайтилади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

«кўприк» ҳолатида оёқларни олд ва орқага ташлаш — машқ «кўприк» ҳолатида қўлларга таяниб, оёқларни олд ва орқа томонга ташлаш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, олд ва орқа томонга тананинг қўлдан бошқа аъзолари гиламга тегмаган ҳолда умбалоқ ошилади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

«қўшша» усулини бажариш — машқ бир қўл билан рақибнинг ўнг ёки чап тирсаги таг қисмидан, иккинчи қўл билан рақиб ёқасининг орқа қисмидан ушлаган ҳолда рақибни ўнг ёки чап ён томондан ошириб гиламга йиқитиш орқали бажарилади. Машқни бажариш давомида рақибнинг икки оёғини бирданига ён томондан ўтказмасдан бажарилган машқ ҳисобга олинмайди. Машқни ўнг ёки чап томондан бошлаб бажариш ўқувчининг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

Беллашув — спортнинг миллий кураш тури бўйича мусобақа қоидаларига биноан икки рақиб ўртасида 4 дақиқа давомида ўтказилади. Бунда «ҳалол» баҳоси учун 45 балл, «ёнбош» баҳоси учун 30 балл, «чала» баҳоси учун 15 балл берилади. Белгиланган вақт мобайнида кўпроқ балл тўплаган ёки огоҳлантириш («танбеҳ», «дакки») олмаган ёхуд нисбатан кам олган ўқувчи ғолиб бўлган ҳисобланади. 4 дақиқа давомида ғолиб аниқланмаса, рақиблардан бири ижобий натижа кўрсатгунга қадар мусобақа давом эттирилади. Натижа ўқувчиларнинг тўплаган баллари асосида аниқланади.

Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикасига ИЛОВА

Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича

Т/р Нормативлар Баҳолаш 1. «Кўприк» ҳолатида бошда айланиш 6 марта ― 5 балл 5 марта ― 4 балл 4 марта ― 3 балл 3-0 марта ― 0 балл 2. «Кўприк» ҳолатида қўлда айланиш 6 марта ― 5 балл 5 марта ― 4 балл 2 марта ― 3 балл 1-0 марта ― 0 балл 3. «Кўприк» ҳолатида тик туриш 6 марта ― 5 балл 5 марта ― 4 балл 2 марта ― 3 балл 1-0 марта ― 0 балл 4. «Кўприк» ҳолатида оёқларни олд ва орқага ташлаш 6 марта ― 5 балл 5 марта ― 4 балл 2 марта ― 3 балл 1-0 марта ― 0 балл 5. «Қўшша» усулини бажариш 8 марта ― 5 балл 6 марта ― 4 балл 3 марта ― 3 балл 2-0 марта ― 0 балл 6. Беллашув «ҳалол» баҳоси — 45 балл «ёнбош» баҳоси — 30 балл «чала» баҳоси — 15 балл 0

Вазир Д. НАБИЕВ

Халқ таълими вазири Ш. ШЕРМАТОВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 28 сентябрь,

2018 йил 28 сентябрь,

2018 йил 28 сентябрь,

14-мҳ-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.11.2018 й., 10/18/3084/2145-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 23.11.2023 й., 10/23/3084-1/0879-сон; 26.02.2024 й., 10/24/3499/0149-сон; 22.10.2026 й., 10/26/3958/1065)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirining

buyrugʻi

NIZOM

MAʼLUMOT

METODIKASI

NORMATIVLAR

METODIKASI

NORMATIVLAR

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2015-yil 3-martdagi 41-son “Surxondaryo viloyatida sportning milliy kurash turini yanada rivojlantirish toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi jismoniy tarbiya va sport vazirining 2018-yil 28-sentabrdagi 14-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga (bundan buyon matnda maktab-internat deb yuritiladi) oʻquvchilarni tanlab olish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoida

1. Maktab-internatga har yili tanlov asosida 20 nafar qobiliyatli oʻquvchilar 5-sinfga qabul qilinadi.

2-bob. Maktab-internatga tanlab olish va qabul qilishni tashkil etish

2. Oʻquvchilarni maktab-internatga tanlab olishni tashkil etish maqsadida hujjatlar qabul qilinishi boshlanishidan ikki oy oldin maktab-internat tomonidan tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida eʼlon beriladi.

3. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish uchun maktab-internatda har yili Oʻzbekiston Respublikasi sport vazirining buyrugʻi bilan 7 kishidan iborat (komissiya raisi, kotibi va aʼzolari) tarkibda qabul komissiyasi tuziladi.

4. Qabul komissiyasi tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi hamda Surxondaryo viloyati sport boshqarmasi masʼul xodimlari hamda maktab-internat psixologi va tibbiyot xodimi kiritiladi. Maktab-internat direktori qabul komissiyasi raisi hisoblanadi.

5. Quyidagilar qabul komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

oʻquvchilar va oʻquvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar (bundan buyon matnda ota-onalar deb yuritiladi) hamda jamoatchilik oʻrtasida maktab-internatga qabul qilish tartibi, shuningdek maktab-internatning faoliyati toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini olib borish;

oʻquvchilar va ota-onalar uchun maslahatlar berilishini tashkil etish;

oʻquvchilarning hujjatlarini qabul qilish va rasmiylashtirish;

tanlovni tashkil etish va oʻtkazish;

qabul jarayoni yakunlarini umumlashtirish.

6. Oʻquvchilarning hujjatlarini saqlash uchun qabul komissiyasi raisi va kotibi masʼul hisoblanadi.

7. Ota-onalar tomonidan qabul komissiyasiga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza;

oʻquvchining tugʻilganlik haqidagi guvohnomasi (16 yoshga toʻlmagan fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning harakatlanish hujjati) nusxasi (hujjatlarni topshirish vaqtida hujjatning asl nusxasi yoxud tugʻilganlik haqidagi guvohnomaning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli koʻrsatiladi);

oʻquvchining baholar (oʻzlashtirish) tabeli nusxasi (hujjatlarni topshirish vaqtida baholar (oʻzlashtirish) tabelining asl nusxasi koʻrsatiladi);

oʻquvchining sport musobaqalarida erishgan natijalarini tasdiqlovchi hujjatlar, agar mavjud boʻlsa;

oʻquvchining 3,5 x 4,5 sm oʻlchamdagi 6 dona rangli fotosurati;

oʻquvchining sport pasporti nusxasi, agar mavjud boʻlsa (hujjatlarni topshirish vaqtida sport pasportining asl nusxasi koʻrsatiladi).

8. Qabul komissiyasi tomonidan mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilmagan hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.

9. Hujjatlar har yili 25-iyundan 25-iyulgacha (shu kuni ham) qabul qilinadi.

10. Hujjat topshirgan nomzodlar haqidagi maʼlumotlar maktab-internat tomonidan 1-avgustga qadar mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shaklda Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligiga yuboriladi.

3-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish

11. Tanlovni oʻtkazish uchun qabul komissiyasi raisi tomonidan 5 kishidan iborat tarkibda Tanlov sinovlarini oʻtkazish hayʼati (bundan buyon matnda Hayʼat deb yuritiladi) tashkil etiladi.

12. Oʻquvchilar maktab-internatga kirish uchun umumiy jismoniy tayyorgarlik hamda maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihonlarini (sinovlarini) topshiradi.

13. Ixtisoslik imtihonlarini topshirishdan oldin oʻquvchilar 1 — 5-avgust kunlari hududiy sogʻliqni saqlash muassasasida tashkil etilgan tibbiy komissiya tomonidan koʻrikdan oʻtkaziladi. Tibbiy komissiya tarkibiga maktab-internatning trener-oʻqituvchilari ham kiritiladi.

14. Tibbiy koʻrikdan oʻtkazishda oʻquvchining antropometrik koʻrsatkichlari (tana vazni, boʻyining uzunligi va koʻkrak qafasi aylanasi), funksional imkoniyatlari va sogʻligʻidagi mavjud nuqsonlari aniqlanadi.

15. Tibbiy koʻrik natijalariga koʻra sogʻlom deb topilgan oʻquvchilar ixtisoslik imtihonlarini topshirishga qoʻyiladi.

16. Ixtisoslik imtihonlari har yili 6 — 10-avgust kunlari oʻtkaziladi.

17. Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihonlari mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish metodikasi asosida, maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihonlari esa, mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish metodikasi asosida oʻtkaziladi hamda baholanadi.

18. Oʻquvchilarning ixtisoslik imtihonlari natijalari ixtisoslik imtihonlari tugagan vaqtdan boshlab 3 soat ichida qaydnomaga kiritiladi va oʻquvchilarga eʼlon qilinadi hamda Hayʼat aʼzolari tomonidan imzolanadi.

19. Ixtisoslik imtihonlari boʻyicha umumiy ball umumiy va maxsus jismoniy tayyorgarlik uchun qoʻyilgan ballar yigʻindisiga koʻra aniqlanadi.

20. Ixtisoslik imtihonlari natijalari ular oʻtkazilgandan soʻng 1 kun ichida eʼlon qilinadi. Ixtisoslik imtihonlari natijalariga koʻra eng yuqori ball toʻplagan 20 nafar oʻquvchi oʻqishga qabul qilinadi.

21. Ixtisoslik imtihonlari natijalariga koʻra oʻquvchilarning oʻtish ballari teng boʻlib qolgan taqdirda, sport musobaqalarida erishgan natijalari yuqori boʻlgan oʻquvchilar maktab-internatga imtiyozli kirish huquqiga ega boʻladi.

22. Oʻqishga qabul qilingan oʻquvchilar qabul komissiyasining bayonnomasi bilan tasdiqlanadi. Qabul komissiyasining bayonnomasi asosida maktab-internat direktori tomonidan 20-avgustga qadar oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida buyruq chiqariladi.

23. Oʻquvchi oʻqishga qabul qilinganda, maktab-internat direktori tomonidan oʻquv yili boshlangunga qadar oʻquvchini maktab-internatga yaqin masofada joylashgan umumiy oʻrta taʼlim muassasasiga oʻtkazish choralari koʻriladi, oʻquvchi maktab-internatga yaqin masofada joylashgan umumiy oʻrta taʼlim muassasasida taʼlim olayotgan hollar bundan mustasno. Oʻquvchini umumiy oʻrta taʼlim muassasasiga oʻtkazish Oʻquvchilarni sinfdan sinfga va bir umumiy oʻrta taʼlim muassasasidan boshqasiga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 2684, 2015-yil 17-iyun) asosan amalga oshiriladi.

4-bob. Tanlov natijalari yuzasidan berilgan murojaatlarni koʻrib chiqish

24. Tanlov natijalari boʻyicha berilgan murojaatlarni koʻrib chiqish uchun 5-avgustga qadar viloyat sport boshqarmasi boshligʻining buyrugʻi bilan maktab-internatda apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi va 3 kishidan iborat tarkibda tasdiqlanadi.

25. Apellyatsiya komissiyasi qabul komissiyasi va Hayʼat tarkibida boʻlmagan soha mutaxassislaridan shakllantiriladi.

26. Tanlov natijasi boʻyicha murojaatlar oʻquvchining ota-onalari yoki ulardan biri tomonidan beriladi.

27. Murojaatlar ular kelib tushgan paytdan boshlab 24 soat ichida apellyatsiya komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi va tegishli qaror qabul qilinadi. Murojaatni koʻrib chiqish vaqtida murojaat qilgan shaxs apellyatsiya komissiyasi ishida oʻzining iltimosiga asosan ishtirok etishi mumkin.

28. Qabul qilingan qaror natijasi boʻyicha murojaat qilgan shaxsga 1 ish kuni ichida apellyatsiya komissiyasi tomonidan yozma ravishda maʼlum qilinadi.

29. Apellyatsiya komissiyasi murojaatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra tanlov natijasini bekor qilishi yoki unga tegishli oʻzgartirish kiritishi mumkin.

30. Apellyatsiya komissiyasining murojaatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilgan qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.

5-bob. Yakuniy qoidalar

31. Tanlovning qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashkil etilishi va oʻtkazilishi uchun maktab-internat direktori javobgar.

32. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

33. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishilgan.

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internat direktoriga ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎________________________________ ‎‎ (yashash manzili) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_________________da yashovchi fuqaro ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_____________________________ dan ‎ (ariza beruvchi shaxsning F.I.O.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎‎ARIZA ‎ ___ Mening farzandim _____________________________________________________________ga ‎ (oʻquvchining F.I.O.) ‎‎Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻqishga kirish uchun oʻtkaziladigan tanlov sinovlarida qatnashishga ruxsat berishingizni soʻrayman. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ___ _____________________________________ __ ___________________ __ __________________ ‎______________ (ariza beruvchi shaxsning F.I.O.) ______________________ (imzo) ______________________ (sana) ___ _____________________________________ __ ___________________ __ __________________ ‎ ___ _______ __ (arizani qabul qilgan shaxsning F.I.O.) ___________________ (imzo) ______________________ (sana) ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻqishga kirish uchun hujjatlari topshirilgan nomzodlar haqida

T/r F.I.O. Tugʻilgan yili va joyi Taʼlim olayotgan muassasasi Yashash manzili Hujjat topshirilgan sana 1. 2. 3. ... ____ Qabul komissiyasi raisi (imzo) M.Oʻ. (F.I.O.)

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish

1. Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihoniga qoʻyiladigan eng yuqori ball — 30 ballni tashkil qiladi.

2. Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihonida oʻquvchi mazkur metodikaning ilovasida koʻrsatilgan normativlarni bajaradi. Bunda:

30 metrga yugurish — mashq past startda belgilangan chiziqdan “Startga!”, “Diqqat!”, “Yugur!” buyruqlari bilan bajariladi. Mashq “start”dan “marra” chizigʻigacha boʻlgan masofa boʻylab yugurish orqali bajariladi. Ushbu mashq uch urinishda bajariladi va eng yaxshi natija hisobga olinadi. Natija 0,1 soniyagacha aniqlanadi;

1000 metrga yugurish — mashq yuqori startda belgilangan chiziqdan “Startga!”, “Diqqat!”, “Yugur!” buyruqlari bilan bajariladi. Mashq “start”dan “marra” chizigʻigacha boʻlgan masofa boʻylab yugurish orqali bajariladi. Ushbu mashq bir urinishda bajariladi va natija hisobga olinadi. Natija 0,1 soniyagacha aniqlanadi;

“mokisimon” yugurish (4 x 10 metr) — mashq yuqori startda belgilangan chiziqdan “Startga!”, “Diqqat!”, “Yugur!” buyruqlari bilan oraligʻi 120 sm boʻlgan ikki tomonidan chizilgan, 10 metr masofali yoʻlakcha ichida zigzag (ilon izi) shaklida yugurish orqali bajariladi. Yugurish jarayonida burilishlarda oyoq uchlari chiziqdan tashqariga chiqmagan holda bajarilgan mashq hisobga olinmaydi. Ushbu mashq uch urinishda bajariladi va eng yaxshi natija hisobga olinadi. Natija 0,1 soniyagacha aniqlanadi;

turnikda tortilish — mashq turnikka ikki qoʻlda toʻgʻri osilib turgan hamda oyoqlar yerga tegmagan holatda, iyak turnik poyasidan oʻtgunga qadar qoʻllarni bukish orqali bajariladi. Mashq bajarish jarayonida oyoqlarni kerish yoki bukish, tanani harakatsiz holatda egish, oyoqlar bilan siltanma harakatlar qilish hamda iyak turnik poyasidan oʻtmagunga qadar tortilish orqali bajarilmagan harakatlar hisobga olinmaydi;

yugurib kelib uzunlikka sakrash — mashq yugurib kelib belgilangan chiziqdan depsinib sakrash orqali bajariladi. Depsinish jarayonida oyoq uchlari belgilangan chiziqdan oʻtib ketishi orqali bajarilgan sakrash hisobga olinmaydi. Ushbu mashq uch urinishda bajariladi va eng yaxshi natija hisobga olinadi. Natija depsinish chizigʻidan to tananing birorta aʼzosi yerga tekkan joygacha boʻlgan masofani oʻlchash orqali aniqlanadi;

joyidan uzunlikka sakrash — mashq oyoqlar yelka kengligida turgan holatda, belgilangan sakrash chizigʻidan qoʻllarni oldinga-yuqoriga siltab, ikki oyoqda oldinga depsinib sakrash orqali bajariladi. Ushbu mashq uch urinishda bajariladi va eng yaxshi natija hisobga olinadi. Natija depsinish chizigʻidan to oyoq tovoni yerga tekkan joygacha boʻlgan masofani oʻlchash orqali aniqlanadi.

Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish metodikasiga ILOVA

Umumiy jismoniy tayyorgarlik boʻyicha

T/r Normativlar Baholash 5 ball 4 ball 3 ball 2 ball 0 ball 1. 30 metrga yugurish 5,3 soniya 5,8 soniya 6,5 soniya 6,8 soniya 6,9 soniya va undan yuqori 2. 1000 metrga yugurish 5,30 daqiqa 6 daqiqa 6,30 daqiqa 7 daqiqa 7 daqiqa 1 soniya va undan yuqori 3. “Mokisimon” yugurish (4 x 10 metr) 11 soniya 11,5 soniya 12 soniya 12,5 soniya 12,6 soniya va undan yuqori 4. Turnikda tortilish 5-marta 4-marta 3-marta 2-marta 2-martadan kam 5. Yugurib kelib uzunlikka sakrash 3 metr 2,60 metr 2,30 metr 2 metr 2 metrdan kam 6. Joyidan uzunlikka sakrash 1,60 metr 1,40 metr 1,20 metr 1 metr 1 metrdan kam

Sportning milliy kurash turiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatga oʻquvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish

1. Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihoniga qoʻyiladigan eng yuqori ball — 70 ballni tashkil qiladi.

2. Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha ixtisoslik imtihonida oʻquvchi mazkur metodikaning ilovasida koʻrsatilgan normativlarni bajaradi. Bunda:

“koʻprik” holatida boshda aylanish — mashq “koʻprik” holatida boshni kurash gilamiga qoʻyib, bir nuqta boʻylab aylanish orqali bajariladi. Mashqni bajarish uchun qoʻllar tepaga koʻtarilgan, oyoqlar yelka kengligida tik turgan holatda oyoqlar tizzadan bukilib, tovonlar kurash gilamiga tayanadi hamda bosh orqaga tashlanadi. Beldan orqa tomonga egilgan holda qoʻllar kurash gilamiga tayanib, “koʻprik” holatiga tushiladi. Bosh kurash gilamiga qoʻyilib, qoʻllar yordamisiz nuqta boʻylab oʻng yoki chap tomonga aylaniladi. Oʻng yoki chap tomonga aylanish oʻquvchining xohishiga koʻra tanlanadi. Natija mashq harakatlarining soni va sifat koʻrsatkichlari asosida baholanadi;

“koʻprik” holatida qoʻlda aylanish — mashq “koʻprik” holatida qoʻllar bilan kurash gilamiga tayanib, oʻng va chap tomonga oyoq harakatlari bilan aylanish orqali bajariladi. Mashqni bajarish uchun qoʻllar tepaga koʻtarilgan, oyoqlar yelka kengligida tik turgan holatda oyoqlar tizzadan bukilib, tovonlar kurash gilamiga tayanadi hamda bosh orqaga tashlanadi. Beldan orqa tomonga egilgan holda qoʻllar kurash gilamiga tayanib, “koʻprik” holatiga tushiladi. Qoʻllar kurash gilamiga qoʻyilib, tananing qoʻldan boshqa aʼzolari kurash gilamiga tegmagan holda doirasimon shaklda oʻng va chap tomonlarga aylaniladi. Oʻng yoki chap tomonga aylanish oʻquvchining xohishiga koʻra tanlanadi. Natija mashq harakatlarining soni va sifat koʻrsatkichlari asosida baholanadi;

“koʻprik” holatida tik turish — mashq “koʻprik” holatida qoʻllar bilan kurash gilamiga tayanib, muvozanatni saqlagan holda qayta tik turish orqali bajariladi. Mashqni bajarish uchun qoʻllar tepaga koʻtarilgan, oyoqlar yelka kengligida tik turgan holatda oyoqlar tizzadan bukilib, tovonlar kurash gilamiga tayanadi hamda bosh orqaga tashlanadi. Beldan orqa tomonga egilgan holda qoʻllar kurash gilamiga tayanib, “koʻprik” holatiga tushiladi. 2-3 soniya muvozanat ushlab turilgandan soʻng qayta tik turish holatiga qaytiladi. Natija mashq harakatlarining soni va sifat koʻrsatkichlari asosida baholanadi;

“koʻprik” holatida oyoqlarni old va orqaga tashlash — mashq “koʻprik” holatida qoʻllarga tayanib, oyoqlarni old va orqa tomonga tashlash orqali bajariladi. Mashqni bajarish uchun qoʻllar tepaga koʻtarilgan, oyoqlar yelka kengligida tik turgan holatda oyoqlar tizzadan bukilib, tovonlar kurash gilamiga tayanadi hamda bosh orqaga tashlanadi. Beldan orqa tomonga egilgan holda qoʻllar kurash gilamiga tayanib, “koʻprik” holatiga tushiladi. Qoʻllar kurash gilamiga qoʻyilib, old va orqa tomonga tananing qoʻldan boshqa aʼzolari gilamga tegmagan holda umbaloq oshiladi. Natija mashq harakatlarining soni va sifat koʻrsatkichlari asosida baholanadi;

“qoʻshsha” usulini bajarish — mashq bir qoʻl bilan raqibning oʻng yoki chap tirsagi tag qismidan, ikkinchi qoʻl bilan raqib yoqasining orqa qismidan ushlagan holda raqibni oʻng yoki chap yon tomondan oshirib gilamga yiqitish orqali bajariladi. Mashqni bajarish davomida raqibning ikki oyogʻini birdaniga yon tomondan oʻtkazmasdan bajarilgan mashq hisobga olinmaydi. Mashqni oʻng yoki chap tomondan boshlab bajarish oʻquvchining xohishiga koʻra tanlanadi. Natija mashq harakatlarining soni va sifat koʻrsatkichlari asosida baholanadi;

Bellashuv — sportning milliy kurash turi boʻyicha musobaqa qoidalariga binoan ikki raqib oʻrtasida 4 daqiqa davomida oʻtkaziladi. Bunda “halol” bahosi uchun 45 ball, “yonbosh” bahosi uchun 30 ball, “chala” bahosi uchun 15 ball beriladi. Belgilangan vaqt mobaynida koʻproq ball toʻplagan yoki ogohlantirish (“tanbeh”, “dakki”) olmagan yoxud nisbatan kam olgan oʻquvchi gʻolib boʻlgan hisoblanadi. 4 daqiqa davomida gʻolib aniqlanmasa, raqiblardan biri ijobiy natija koʻrsatgunga qadar musobaqa davom ettiriladi. Natija oʻquvchilarning toʻplagan ballari asosida aniqlanadi.

Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha normativlarni bajarish metodikasiga ILOVA

Maxsus jismoniy tayyorgarlik boʻyicha

T/r Normativlar Baholash 1. “Koʻprik” holatida boshda aylanish 6-marta ― 5 ball 5-marta ― 4 ball 4-marta ― 3 ball 3-0-marta ― 0 ball 2. “Koʻprik” holatida qoʻlda aylanish 6-marta ― 5 ball 5-marta ― 4 ball 2-marta ― 3 ball 1-0-marta ― 0 ball 3. “Koʻprik” holatida tik turish 6-marta ― 5 ball 5-marta ― 4 ball 2-marta ― 3 ball 1-0-marta ― 0 ball 4. “Koʻprik” holatida oyoqlarni old va orqaga tashlash 6-marta ― 5 ball 5-marta ― 4 ball 2-marta ― 3 ball 1-0-marta ― 0 ball 5. “Qoʻshsha” usulini bajarish 8-marta ― 5 ball 6-marta ― 4 ball 3-marta ― 3 ball 2-0-marta ― 0 ball 6. Bellashuv “halol” bahosi — 45 ball “yonbosh” bahosi — 30 ball “chala” bahosi — 15 ball 0

Vazir D. NABIYEV

Xalq taʼlimi vaziri Sh. SHERMATOV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. SHADMANOV

Toshkent sh.,

2018-yil 28-sentabr,

2018-yil 28-sentabr,

2018-yil 28-sentabr,

14-mh-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.11.2018-y., 10/18/3084/2145-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 23.11.2023-y., 10/23/3084-1/0879-son; 26.02.2024-y., 10/24/3499/0149-son; 22.10.2026-y., 10/26/3958/1065)

lex.uz