📅 2018-yil 1-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 1-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 1 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони билан олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби (кейинги ўринларда Мактаб деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Мактаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади;
Мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги тегишли мутахассисликлар бўйича бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади.
3. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилангани инобатга олинсин:
Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш;
ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш.
4. Қуйидагилар:
Мактабда ўқиш муддати беш йил эканлиги, у кундузги таълим шаклида олиб борилиши;
Мактабда «Ҳадисшунослик» таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши;
Мактабга 2018/2019 ўқув йили учун қабул квотаси жами 10 та ўрин этиб ва кейинги йиллар учун қабул квотасини шакллантириш ушбу соҳадаги талаб ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Мактаб муассиси томонидан белгиланиши;
Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олиниши;
Мактаб битирувчиси таълимни ўз ихтисослигига кўра Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси магистратурасида давом эттириши, таянч докторантура ва докторантура босқичларида таҳсил олиши инобатга олинсин.
5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда белгиланган тартибда Мактабнинг тузилмаси ва уставини тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш;
Мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида илмий-педагог кадрлар таркибини республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатаётган мутахассислардан шакллантириш, шу жумладан, Мактабга хорижий таълим (илмий) муассасаларида малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, соҳанинг салоҳиятли, етук мутахассисларини жалб этиш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни Мактабга жалб қилиш;
Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриш;
Мактаб битирувчилари Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратураси ва докторантурасида илмий ишларини давом эттириши учун уларни пухта ва мукаммал ўқув режалари ҳамда ўқув дастурлари асосида тайёрлаш тавсия этилсин.
6. Мактаб фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобиданамалга оширилиши инобатга олинсин:
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ва муассис томонидан ажратиладиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Мактабнинг ўқув режаси ва ўқув дастурларини пухта ишлаб чиқиш, унинг ахборот-ресурс марказини диний ва дунёвий фанлар бўйича зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар, даврий нашрлар билан таъминлашда кўмаклашсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Дин ишлари қўмитасининг буюртмасига асосан Мактабдаги таълим жараёнида иштирок этувчи хорижий ўқитувчилар ва экспертларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларсиз расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Дин ишлари қўмитасининг буюртмасига асосан Мактабдаги таълим жараёнида иштирок этувчи хорижий ўқитувчилар ва экспертларга давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик яшаш жойида вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва муддатининг узайтирилишини таъминласин.
10. Мактаб Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Хожа Исмоил шаҳарчасида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
11. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Зиё» медиа марказига Мактаб билан ҳамкорликда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва юртимиздан етишиб чиққан бошқа буюк уламоларнинг сабоқлари рукни остида телекўрсатувлар ҳамда радиоэшиттиришлар тайёрлаш ва мақолалар чоп этиш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.К. Акрамов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 1 ноябрь,
896-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Hadis ilmi maktabi faoliyatini tashkil etish va qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Diniy-maʼrifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 16-apreldagi PF-5416-son Farmoni ijrosini taʼminlash, islom dini va hadis ilmi rivojiga beqiyos hissa qoʻshgan buyuk vatandoshlarimizning boy merosini chuqur oʻrganish, ular tomonidan asos solingan hadis ilmi maktablari faoliyatini qayta tiklash va rivojlantirish hamda islom dini asoslari va hadis ilmini mukammal oʻzlashtirgan oliy maʼlumotli yetuk mutaxassislarni tayyorlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Diniy-maʼrifiy soha faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 16-apreldagi PF-5416-son Farmoni bilan oliy diniy-maʼrifiy taʼlim muassasasi shaklidagi Hadis ilmi maktabi (keyingi oʻrinlarda Maktab deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilab qoʻyilsinki:
Maktab Oʻzbekiston musulmonlari idorasi muassisligidagi oliy diniy taʼlim beruvchi nodavlat taʼlim muassasasi hisoblanadi;
Maktab bitiruvchilariga beriladigan davlat namunasidagi diplom Oʻzbekiston Respublikasida oliy diniy taʼlim sohasidagi tegishli mutaxassisliklar boʻyicha bakalavr darajasini beruvchi oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat deb eʼtirof etiladi.
3. Quyidagilar Maktabning asosiy vazifalari etib belgilangani inobatga olinsin:
Qurʼoni karim va hadislarning asl mohiyatini, hadis ilmining ilmiy-nazariy asoslarini chuqur oʻrgangan, hadis ilmi rivojiga beqiyos hissa qoʻshgan ulugʻ vatandoshlarimizning ulkan ilmiy merosini puxta oʻzlashtirgan, hadisshunoslik sohasida ilmiy izlanishlar olib borish koʻnikmasiga ega mutaxassislarni tayyorlash;
hadisshunoslik maktabi shakllanishi va rivojlanishi, uning ilmiy-maʼnaviy asoslarini har tomonlama chuqur oʻrganish, tadqiq etish va uning natijalari asosida hadislardagi ezgu umuminsoniy gʻoyalarni xalqimizga, ayniqsa, yosh avlodga yetkazish.
4. Quyidagilar:
Maktabda oʻqish muddati besh yil ekanligi, u kunduzgi taʼlim shaklida olib borilishi;
Maktabda “Hadisshunoslik” taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bakalavr darajasidagi kadrlar tayyorlash yoʻlga qoʻyilishi;
Maktabga 2018/2019 oʻquv yili uchun qabul kvotasi jami 10 ta oʻrin etib va keyingi yillar uchun qabul kvotasini shakllantirish ushbu sohadagi talab hamda ehtiyojdan kelib chiqqan holda Maktab muassisi tomonidan belgilanishi;
Maktabga arab tilini puxta oʻzlashtirgan, hadislarni yod olishga salohiyati boʻlgan oʻrta maxsus diniy taʼlim muassasalarining iqtidorli bitiruvchilari saralab olinishi;
Maktab bitiruvchisi taʼlimni oʻz ixtisosligiga koʻra Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi magistraturasida davom ettirishi, tayanch doktorantura va doktorantura bosqichlarida tahsil olishi inobatga olinsin.
5. Oʻzbekiston musulmonlari idorasiga:
bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita bilan birgalikda belgilangan tartibda Maktabning tuzilmasi va ustavini tasdiqlash va davlat roʻyxatidan oʻtkazish;
Maktab faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish maqsadida ilmiy-pedagog kadrlar tarkibini respublika oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tizimida faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislardan shakllantirish, shu jumladan, Maktabga xorijiy taʼlim (ilmiy) muassasalarida malakasini oshirib kelgan, yuqori saviyali professor-oʻqituvchilar va ilmiy xodimlar, sohaning salohiyatli, yetuk mutaxassislarini jalb etish choralarini koʻrish;
Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda Maktab bilan xorijiy mamlakatlarning nufuzli ilmiy va taʼlim muassasalari oʻrtasida hamkorlik aloqalarini oʻrnatish, xorijlik professor-oʻqituvchilarni Maktabga jalb qilish;
Maktab professor-oʻqituvchilarini malaka oshirish, tajriba almashish va oʻqitish uchun chet mamlakatlarga yuborish choralarini koʻrish;
Maktab bitiruvchilari Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi magistraturasi va doktoranturasida ilmiy ishlarini davom ettirishi uchun ularni puxta va mukammal oʻquv rejalari hamda oʻquv dasturlari asosida tayyorlash tavsiya etilsin.
6. Maktab faoliyatini moliyalashtirish quyidagi manbalar hisobidanamalga oshirilishi inobatga olinsin:
Imom Buxoriy yodgorlik majmui va muassis tomonidan ajratiladigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy va donor tashkilotlarning grantlari;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda Maktabning oʻquv rejasi va oʻquv dasturlarini puxta ishlab chiqish, uning axborot-resurs markazini diniy va dunyoviy fanlar boʻyicha zarur darsliklar va oʻquv qoʻllanmalar, badiiy adabiyotlar, davriy nashrlar bilan taʼminlashda koʻmaklashsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Din ishlari qoʻmitasining buyurtmasiga asosan Maktabdagi taʼlim jarayonida ishtirok etuvchi xorijiy oʻqituvchilar va ekspertlarga kirish vizalarini konsullik va boshqa yigʻimlarsiz rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Din ishlari qoʻmitasining buyurtmasiga asosan Maktabdagi taʼlim jarayonida ishtirok etuvchi xorijiy oʻqituvchilar va ekspertlarga davlat boji undirilmagan holda koʻp martalik vizalar berilishini va ularning muddati uzaytirilishini, shuningdek, ularning Oʻzbekiston Respublikasida vaqtinchalik yashash joyida vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishini va muddatining uzaytirilishini taʼminlasin.
10. Maktab Samarqand viloyati, Payariq tumani, Xoja Ismoil shaharchasida joylashgan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi binosida tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
11. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, “Ziyo” media markaziga Maktab bilan hamkorlikda Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Imom Dorimiy va yurtimizdan yetishib chiqqan boshqa buyuk ulamolarning saboqlari rukni ostida telekoʻrsatuvlar hamda radioeshittirishlar tayyorlash va maqolalar chop etish tavsiya etilsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi J.K. Akramov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 1-noyabr,
896-son