📅 2018-yil 2-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 2-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 2 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КОНЦЕПЦИЯСИ
«Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёш авлодни ўқитиш, тарбиялаш ва уларнинг мустақил дунёқарашини шакллантириш ҳамда соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарори билан педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилиш мақсадида 2018 ― 2020 йилларда жойларда «Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»ни ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»нинг концепцияси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда уч ой муддатда «Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»нинг(кейинги ўринларда хиёбонлар деб аталади) намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказилишини таъминласин.
Белгилансинки, хиёбонларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
намунавий лойиҳа асосида хиёбонларнинг яхлит меъморий комплекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
тасдиқланган лойиҳалар асосида барча туман (шаҳар) марказларидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳудудларида хиёбонлар ташкил этиш;
хиёбонларни ташкил этишда ўқитувчи ва мураббийларни улуғловчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ва кўргазма залларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш;
хиёбонларни ташкил этиш учун маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисмини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек,ҳомийлик хайриялари, инвесторлар маблағларини жалб қилиш ва мақсадли йўналтириш;
хиёбонларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ишларни молиялаштиришда тадбиркорлик субъектлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан намунавий лойиҳага мувофиқ хиёбонни ёки унинг ҳудудидаги ерларни танлов савдолари асосида тадбиркорларга ижарага бериш чораларини кўриш вазифалари юклансин.
5. Хиёбонларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳамда уларда ишлаётган боғбонларга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ харажатларни, зарур ҳолларда, маҳаллий бюджетлар параметрларида ободонлаштириш харажатлари учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида қоплаш белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги хиёбонларни ташкил этиш мақсадида янги бино ва иншоотларни қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш бўйича бажарилаётган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда хиёбонларда ҳар ой охирги ҳафтасининг шанба куни шоир ва ёзувчилар, фан, таълим ва маданият соҳасининг кўзга кўринган вакиллари билан бадиий кеча ва учрашувларни тизимли равишда ташкил этсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 ноябрдаги 905-сон қарорига ИЛОВА
«Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»
«Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари»ни (кейинги ўринларда хиёбонлар деб аталади) ташкил этиш орқали педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.
Хиёбонлар аҳолининг табиий муҳит шароитида дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган кўп қиррали маданий-маърифий ва ижодий-ишлаб чиқариш маскани ҳисобланади.
Хиёбонларнинг асосий вазифаси аҳолининг дам олиши, кўнгилли ҳордиқ чиқаришига имкониятлар яратиш ва уни мунтазам ривожлантириб бориш, маданий-оммавий тадбирларни, ижодий учрашувлар, кечалар ўтказиш, бўш вақтни тўлақонли, фаол ва мазмунли уюштириш, инсоннинг табиат билан бевосита муносабатда бўлиши негизида экологик маданиятни тарбиялаш, ҳаваскорлик бадиий ва техник ижодиётининг ривожланиши учун шароит яратишдир.
1-боб. Хиёбонларни ташкил этиш ва унинг асосий йўналишлари
1. «Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари» концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади)Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 1 августдаги ПҚ-3892-сон қарорига асосан амалга оширилади.
2. Хиёбонлар хўжалик ҳисобида ўз-ўзини маблағ билан таъминлаш, шунингдек,ободонлаштириш ишлари учун қисман бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобига ўзини бошқариш, хўжалик мустақиллиги билан ишлаш, ижодий ташаббускорлик тамойиллари асосида фаолият кўрсатади.
3. Мазкур Концепция хиёбонларни ривожлантириш ва унинг доимий фаолиятини ташкил этишнинг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутади:
инфратузилма ва моддий-техник базани такомиллаштириш;
таълим ва маърифий фаолиятни ривожлантириш;
маданий-маънавий дам олиш хизматларидан кенг фойдаланиш;
болалар учун кўнгилочар майдончалари ташкил этиш;
аждодлар томонидан тўпланган тарихий ва маданий тажриба жамият аъзоларининг индивидуал ва умумий ривожланиши учун зарур шарт эканлигини жамоатчилик онгига сингдириш.
4. Хиёбонлар ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш, жамиятда, хусусан ёш авлодда ушбу касб эгаларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғусини уйғотишга хизмат қилади.
5. Хиёбонларда ташкил этиладиган кичик кўргазма залларида намойиш этиладиган истеъдодли ўқувчиларнинг ишларини кенг оммага намойиш этиш орқали устоз-шогирд анъаналарини тарғиб қилишни тизимли равишда амалга оширишга хизмат қилади.
6. Хиёбонларнинг маданий-томоша ва илмий-маърифий фаолиятини ривожлантириш, биринчи навбатда, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, мавжуд ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, муҳандислик тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини оқилона ташкил этиш ва амалга ошириш йўли билан янада қулай шарт-шароитлар яратишни талаб этади.
2-боб. Хиёбонларни ташкил этиш механизми
7. Хиёбонлар тематик хиёбонлар сифатида, 2018 — 2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида ташкил этилади.
8. Хиёбонлар бугунги кунда мавжуд бўлган маданият ва истироҳат боғлари ҳудудининг бир қисмида ҳам ташкил этилиши мумкин.
9. Хиёбонларнинг умумий майдони 2 гектардан кам бўлмаслиги лозим.
10. Хиёбонларда ўқитувчи ва мураббийларнинг сиймосини акс эттирувчи, уларнинг нуфузини оширувчи монументлар, кутубхоналар, илмий-маърифий бинолар, музейлар ёки кичик кўргазма заллари ва бошқа кўнгилочар объектлар ташкил этилиб, бунда:
хиёбонларга ўрнатилган монументлар хиёбоннинг асосий рамзи этиб ҳисобланади;
хиёбонларда ўқитувчи, мураббийлар ва ўқувчилар учун ахборот кутубхона хизматини кўрсатиш фаолияти ташкил этилади;
халқимизнинг бой маданий меросини тўплаш, сақлаш, намойиш этиш кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида музейлар ёки кичик кўргазма заллари фаолияти йўлга қўйилади.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари хиёбонларни ташкил этиш бўйича масъул ҳисобланади.
3-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
12. Концепцияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:
ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини ошириш, уларни маънавий рағбатлантириш ёш авлодда устоз-мураббийларга нисбатан чуқур эҳтиром ҳиссини тарбиялайди;
анъанавий ва умуминсоний қадриятлар ёш авлод онгига сингдирилади, этник маданий анъаналарни асраш ва унга асосланган халқ ижодиёти қўллаб-қувватланади;
ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун зарур бўлган маданий-кўнгилочар объектлар, шу жумладан жойларда турли ижодий тадбирларнинг савияси янада кўтарилади;
ёш авлод онгига Ватанга садоқат ва унинг тақдири учун дахлдорлик туйғусини сингдириб, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига қарши мафкуравий иммунитет шакллантирилади;
хиёбонларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, миллий маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланилади;
соҳада узвий таълим тизими яратилади ҳамда маданият соҳасида илм-фан ва тадқиқот ишлари янада юқори поғонага кўтарилади.
13. Концепциянинг амалга оширилиши фуқароларни аҳил, маънавиятли, масъулиятли, мустақил фикрловчи, ижодкор шахс сифатида шакллантириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 2 ноябрь,
905-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
KONSEPSIYASI
“Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”ni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻqituvchi va murabbiylarning ijtimoiy mavqeyi va nufuzini oshirish, ularni moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirish tizimini tubdan isloh qilish, yosh avlodni oʻqitish, tarbiyalash va ularning mustaqil dunyoqarashini shakllantirish hamda sohadagi ishlarni yanada takomillashtirish, taʼlim-tarbiya sifatini mazmun jihatidan yangi bosqichga koʻtarish, oʻqituvchilik kasbining nufuzini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni maʼnaviy-axloqiy va jismoniy barkamol etib tarbiyalash, ularga taʼlim-tarbiya berish tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-avgustdagi PQ-3907-son qarori bilan pedagoglik kasbining yuksak ijtimoiy mavqeyi va obroʻsini targʻib qilish maqsadida 2018 ― 2020-yillarda joylarda “Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”ni tashkil etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. “Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”ning konsepsiyasi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tegishli loyiha tashkilotlari bilan birgalikda uch oy muddatda “Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”ning(keyingi oʻrinlarda xiyobonlar deb ataladi) namunaviy loyihasini ishlab chiqsin va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga yetkazilishini taʼminlasin.
Belgilansinki, xiyobonlarning namunaviy loyihasini ishlab chiqish Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasining mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga:
namunaviy loyiha asosida xiyobonlarning yaxlit meʼmoriy kompleksi loyihasini ishlab chiqish va tasdiqlash;
tasdiqlangan loyihalar asosida barcha tuman (shahar) markazlaridagi madaniyat va istirohat bogʻlari hududlarida xiyobonlar tashkil etish;
xiyobonlarni tashkil etishda oʻqituvchi va murabbiylarni ulugʻlovchi monumentlar, kutubxonalar, ilmiy-maʼrifiy binolar, muzeylar va koʻrgazma zallarini tashkil etishga alohida eʼtibor qaratish;
xiyobonlarni tashkil etish uchun mahalliy budjet daromadlarining oshirib bajarilgan qismini, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarning budjetdan tashqari mablagʻlari, shuningdek,homiylik xayriyalari, investorlar mablagʻlarini jalb qilish va maqsadli yoʻnaltirish;
xiyobonlarning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash bilan bogʻliq ishlarni moliyalashtirishda tadbirkorlik subyektlari imkoniyatlaridan keng foydalanish, shu jumladan namunaviy loyihaga muvofiq xiyobonni yoki uning hududidagi yerlarni tanlov savdolari asosida tadbirkorlarga ijaraga berish choralarini koʻrish vazifalari yuklansin.
5. Xiyobonlarni koʻkalamzorlashtirish va obodonlashtirish hamda ularda ishlayotgan bogʻbonlarga ish haqi toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarni, zarur hollarda, mahalliy budjetlar parametrlarida obodonlashtirish xarajatlari uchun nazarda tutiladigan mablagʻlar doirasida qoplash belgilansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi xiyobonlarni tashkil etish maqsadida yangi bino va inshootlarni qurish hamda mavjudlarini rekonstruksiya qilish boʻyicha bajarilayotgan ishlarning sifati, shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishi yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Yoshlar ittifoqi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda xiyobonlarda har oy oxirgi haftasining shanba kuni shoir va yozuvchilar, fan, taʼlim va madaniyat sohasining koʻzga koʻringan vakillari bilan badiiy kecha va uchrashuvlarni tizimli ravishda tashkil etsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruvi raisi A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduhakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 2-noyabrdagi 905-son qaroriga ILOVA
“Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”
“Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari”ni (keyingi oʻrinlarda xiyobonlar deb ataladi) tashkil etish orqali pedagoglik kasbining yuksak ijtimoiy mavqeyi va obroʻsini targʻib qilish va ularni ragʻbatlantirish maqsadida tashkil etiladi.
Xiyobonlar aholining tabiiy muhit sharoitida dam olib, hordiq chiqarishi uchun moʻljallangan koʻp qirrali madaniy-maʼrifiy va ijodiy-ishlab chiqarish maskani hisoblanadi.
Xiyobonlarning asosiy vazifasi aholining dam olishi, koʻngilli hordiq chiqarishiga imkoniyatlar yaratish va uni muntazam rivojlantirib borish, madaniy-ommaviy tadbirlarni, ijodiy uchrashuvlar, kechalar oʻtkazish, boʻsh vaqtni toʻlaqonli, faol va mazmunli uyushtirish, insonning tabiat bilan bevosita munosabatda boʻlishi negizida ekologik madaniyatni tarbiyalash, havaskorlik badiiy va texnik ijodiyotining rivojlanishi uchun sharoit yaratishdir.
1-bob. Xiyobonlarni tashkil etish va uning asosiy yoʻnalishlari
1. “Oʻqituvchi va murabbiylar xiyobonlari” konsepsiyasi (keyingi oʻrinlarda Konsepsiya deb ataladi)Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Madaniyat va sanʼat sohasida davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish uchun shart-sharoitlar yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 1-avgustdagi PQ-3892-son qaroriga asosan amalga oshiriladi.
2. Xiyobonlar xoʻjalik hisobida oʻz-oʻzini mablagʻ bilan taʼminlash, shuningdek,obodonlashtirish ishlari uchun qisman budjetdan ajratiladigan mablagʻ hisobiga oʻzini boshqarish, xoʻjalik mustaqilligi bilan ishlash, ijodiy tashabbuskorlik tamoyillari asosida faoliyat koʻrsatadi.
3. Mazkur Konsepsiya xiyobonlarni rivojlantirish va uning doimiy faoliyatini tashkil etishning quyidagi asosiy yoʻnalishlarini nazarda tutadi:
infratuzilma va moddiy-texnik bazani takomillashtirish;
taʼlim va maʼrifiy faoliyatni rivojlantirish;
madaniy-maʼnaviy dam olish xizmatlaridan keng foydalanish;
bolalar uchun koʻngilochar maydonchalari tashkil etish;
ajdodlar tomonidan toʻplangan tarixiy va madaniy tajriba jamiyat aʼzolarining individual va umumiy rivojlanishi uchun zarur shart ekanligini jamoatchilik ongiga singdirish.
4. Xiyobonlar oʻqituvchi va murabbiylarning ijtimoiy mavqeyi va nufuzini oshirish, jamiyatda, xususan yosh avlodda ushbu kasb egalariga nisbatan hurmat va ehtirom tuygʻusini uygʻotishga xizmat qiladi.
5. Xiyobonlarda tashkil etiladigan kichik koʻrgazma zallarida namoyish etiladigan isteʼdodli oʻquvchilarning ishlarini keng ommaga namoyish etish orqali ustoz-shogird anʼanalarini targʻib qilishni tizimli ravishda amalga oshirishga xizmat qiladi.
6. Xiyobonlarning madaniy-tomosha va ilmiy-maʼrifiy faoliyatini rivojlantirish, birinchi navbatda, ularning moddiy-texnika bazasini mustahkamlashni, mavjud hududni obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, muhandislik tarmoqlarini taʼmirlash va tiklash ishlarini oqilona tashkil etish va amalga oshirish yoʻli bilan yanada qulay shart-sharoitlar yaratishni talab etadi.
2-bob. Xiyobonlarni tashkil etish mexanizmi
7. Xiyobonlar tematik xiyobonlar sifatida, 2018 — 2020-yillarda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri markazlarida tashkil etiladi.
8. Xiyobonlar bugungi kunda mavjud boʻlgan madaniyat va istirohat bogʻlari hududining bir qismida ham tashkil etilishi mumkin.
9. Xiyobonlarning umumiy maydoni 2 gektardan kam boʻlmasligi lozim.
10. Xiyobonlarda oʻqituvchi va murabbiylarning siymosini aks ettiruvchi, ularning nufuzini oshiruvchi monumentlar, kutubxonalar, ilmiy-maʼrifiy binolar, muzeylar yoki kichik koʻrgazma zallari va boshqa koʻngilochar obyektlar tashkil etilib, bunda:
xiyobonlarga oʻrnatilgan monumentlar xiyobonning asosiy ramzi etib hisoblanadi;
xiyobonlarda oʻqituvchi, murabbiylar va oʻquvchilar uchun axborot kutubxona xizmatini koʻrsatish faoliyati tashkil etiladi;
xalqimizning boy madaniy merosini toʻplash, saqlash, namoyish etish keng jamoatchilikka tanitish maqsadida muzeylar yoki kichik koʻrgazma zallari faoliyati yoʻlga qoʻyiladi.
11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari xiyobonlarni tashkil etish boʻyicha masʼul hisoblanadi.
3-bob. Konsepsiyani amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar
12. Konsepsiyani amalga oshirish orqali quyidagi natijalarga erishiladi:
oʻqituvchi va murabbiylarning ijtimoiy mavqeyi va nufuzini oshirish, ularni maʼnaviy ragʻbatlantirish yosh avlodda ustoz-murabbiylarga nisbatan chuqur ehtirom hissini tarbiyalaydi;
anʼanaviy va umuminsoniy qadriyatlar yosh avlod ongiga singdiriladi, etnik madaniy anʼanalarni asrash va unga asoslangan xalq ijodiyoti qoʻllab-quvvatlanadi;
yoshlarning boʻsh vaqtini mazmunli tashkil etish uchun zarur boʻlgan madaniy-koʻngilochar obyektlar, shu jumladan joylarda turli ijodiy tadbirlarning saviyasi yanada koʻtariladi;
yosh avlod ongiga Vatanga sadoqat va uning taqdiri uchun daxldorlik tuygʻusini singdirib, ularda yot gʻoya va qarashlarning salbiy taʼsiriga qarshi mafkuraviy immunitet shakllantiriladi;
xiyobonlarda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari joriy etiladi, milliy madaniyatni yanada keng tadqiq va targʻib etish jarayonida innovatsion gʻoyalar va texnologiyalardan samarali foydalaniladi;
sohada uzviy taʼlim tizimi yaratiladi hamda madaniyat sohasida ilm-fan va tadqiqot ishlari yanada yuqori pogʻonaga koʻtariladi.
13. Konsepsiyaning amalga oshirilishi fuqarolarni ahil, maʼnaviyatli, masʼuliyatli, mustaqil fikrlovchi, ijodkor shaxs sifatida shakllantirish imkonini beradi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 2-noyabr,
905-son