UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 13-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 13 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

РЎЙХАТИ

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик сингари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг етакчи тармоқларида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ветеринария сервиси сифатини ошириш, эпизоотик осойишталикни ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, соҳада етук билимли ва илмий салоҳиятли кадрлар салмоғини кўпайтириш, аҳолининг ветеринария медицинаси соҳасидаги билим даражасини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали Ветеринария ва зоотехния факультети негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

меҳнат бозорининг эҳтиёжига мувофиқ ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги ва замонавий билимларга эга бўлган юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

ветеринария таълими мазмунида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, инновацион ғоялар ва ишланмалар, юқори унумли ва ресурсларни тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимлар бериш, ўқув-лаборатория базасини ривожлантириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ветеринария ва чорвачилик соҳалари бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, касбий билим даражаси, шунингдек, амалий тажрибасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришда хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш, хорижий илмий ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва тажриба орттиришини ташкил этиш;

ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишларни ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда соҳанинг илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, сотишга ихтисослашган барча тоифадаги корхона, ташкилот ва хўжаликлар базасида талабаларнинг амалиётларини ташкил этиш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

3. Қуйидагилар:

Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректорига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ходимларнинг белгиланган штатдаги ходимлари сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Филиал тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилансинки, Филиал Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисобварақларига эга бўлади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталарини ишлаб чиқишда Филиалга 50 нафар талаба қабул қилинишини назарда тутсин.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгилансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат ветеринария қўмитаси икки ҳафта муддатда:

Филиалнинг устави ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини, шунингдек, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Филиалнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли йўналишлар бўйича ишлаб чиқариш корхоналарининг катта амалий тажрибага эга мутахассисларидан иборат бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;

Филиал учун мослаштирилган ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;

Филиалда ўқув-методик жараённи самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.

7. Филиал Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон кўчаси 24-уй манзилида жойлашган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зарурат бўлганда Филиалнинг тўлақонли фаолият юритиши учун уни қўшимча бино ва иншоотлар, ер майдонлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Филиалга хизмат сафарига юборилган педагоглар ва уларнинг оила аъзоларини педагоглар Филиалда ишлаган даврда турар жой билан таъминлаш, уларнинг фарзандларини мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларига жойлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.

9. Қуйидагилар Филиалнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган параметрларини шакллантиришда Филиални сақлаш харажатлари учун маблағлар ажратилишини назарда тутсин;

Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та шахсий ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан 2020 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда Филиал ўқув биносини реконструкция қилиш, янги виварий ҳамда клиника бино ва иншоотларини қуриш, ўқув-лабораториялари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш бўйича лойиҳаларнинг белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Филиалда ахборот ва мультимедиа ускуналари қўлланилган, шу жумладан, масофадан ўқитишни назарда тутган ҳолда замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича аниқ тадбирлар режасини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат ветеринария қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Т. Норқобилов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 926-сон қарорига 1-ИЛОВА

Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 926-сон қарорига 2-ИЛОВА

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалида бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари

Т/р Йўналиш шифри Таълим йўналиши 2019/2020ўқув йили учун 1. 5410604 Зооинженерия: йилқичилик ва туячилик 2. 5410607 Зооинженерия: балиқчилик 3. 5440101 Ветеринария медицинаси (йирик шохли моллар касалликлари) 2020/2021ўқув йилидан бошлаб * 4. 5440300 Ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари 5. 5440105 Ветеринария медицинаси (парранда касалликлари) 6. 5410601 Зооинженерия: қорамолчилик 2021/2022ўқув йилидан бошлаб * 7. 5410603 Зооинженерия: қоракўлчилик 8. 5440400 Ветеринария санитария экспертизаси 9. 5440102 Ветеринария медицинаси (майда шохли моллар касалликлари)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 13 ноябрь,

926-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.11.2018 й., 09/18/926/2184-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

ROʻYXATI

Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Nukus filialini tashkil etish toʻgʻrisida

Qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarishini ilm-fan yutuqlari asosida tashkil etish, chorvachilik, parrandachilik, baliqchilik singari qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarishining yetakchi tarmoqlarida ishlab chiqarish samaradorligini oshirish, veterinariya servisi sifatini oshirish, epizootik osoyishtalikni va oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligini taʼminlash, sohada yetuk bilimli va ilmiy salohiyatli kadrlar salmogʻini koʻpaytirish, aholining veterinariya meditsinasi sohasidagi bilim darajasini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Moliya vazirligi, Davlat veterinariya qoʻmitasi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Toshkent davlat agrar universitetining Nukus filiali Veterinariya va zootexniya fakulteti negizida Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Nukus filialini (keyingi oʻrinlarda Filial deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari etib belgilansin:

mehnat bozorining ehtiyojiga muvofiq veterinariya va chorvachilik sohasi uchun yangi va zamonaviy bilimlarga ega boʻlgan yuqori malakali kadrlarni xalqaro standartlar darajasida sifatli tayyorlashni taʼminlash;

veterinariya taʼlimi mazmunida soha boʻyicha zamonaviy ishlab chiqarish jarayonlari, innovatsion gʻoyalar va ishlanmalar, yuqori unumli va resurslarni tejaydigan ilgʻor texnologiyalar boʻyicha bilimlar berish, oʻquv-laboratoriya bazasini rivojlantirish, taʼlim berish jarayonida nazariya va amaliyot uygʻunligini taʼminlash;

xorijiy ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari, olim va mutaxassislarini jalb etgan holda veterinariya va chorvachilik sohalari boʻyicha pedagog va mutaxassis kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish kurslarini tashkil etish, oʻquv jarayoniga zamonaviy taʼlim texnologiyalarini va masofadan oʻqitish usullarini joriy etish;

professor-oʻqituvchilarning ilmiy salohiyati, kasbiy bilim darajasi, shuningdek, amaliy tajribasini uzluksiz rivojlantirib borish mexanizmlarini joriy etish, ularning kasbiy salohiyatini rivojlantirishda xorijiy ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasidan keng foydalanish, xorijiy ilmiy va oliy taʼlim muassasalarida professor-oʻqituvchilar, ilmiy va pedagog kadrlarning malakasini oshirish va tajriba orttirishini tashkil etish;

veterinariya va chorvachilik sohasidagi dolzarb muammolarni hal etishga yoʻnaltirilgan ilmiy izlanishlarni tashkil etish, soha boʻyicha ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash, ilmiy-tadqiqot institutlari bilan hamkorlikda sohaning ilmiy muammolarini hal etishga yoʻnaltirilgan amaliy va innovatsion izlanishlarni amalga oshirish;

chorvachilik mahsulotlarini ishlab chiqarish, saqlash, dastlabki qayta ishlash, sotishga ixtisoslashgan barcha toifadagi korxona, tashkilot va xoʻjaliklar bazasida talabalarning amaliyotlarini tashkil etish;

respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlariga istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Filialning ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish.

3. Quyidagilar:

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti Nukus filialining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;

Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Nukus filialida bakalavrlar tayyorlash boʻyicha taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti rektoriga, zarurat boʻlganda, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda xodimlarning belgilangan shtatdagi xodimlari soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida Filial tuzilmasiga oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

4. Belgilansinki, Filial Samarqand veterinariya meditsinasi institutining yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi hisoblanib, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida zarur shaxsiy hisobvaraqlariga ega boʻladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi 2019/2020 oʻquv yilida Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish kvotalarini ishlab chiqishda Filialga 50 nafar talaba qabul qilinishini nazarda tutsin.

2020/2021 oʻquv yilidan boshlab Filialga talabalarni qabul qilish soni belgilangan tartibda har yili tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish kvotalaridan kelib chiqqan holda belgilansin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Davlat veterinariya qoʻmitasi ikki hafta muddatda:

Filialning ustavi ishlab chiqilishini va tasdiqlanishini, shuningdek, uning belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;

Filialning oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari, tegishli yoʻnalishlar boʻyicha ishlab chiqarish korxonalarining katta amaliy tajribaga ega mutaxassislaridan iborat boʻlgan yuqori malakali kadrlar bilan toʻldirilishini;

Filial uchun moslashtirilgan oʻquv rejalari va dasturlari ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini;

Filialda oʻquv-metodik jarayonni samarali tashkil etish boʻyicha aniq chora-tadbirlar amalga oshirilishini taʼminlasinlar.

7. Filial Nukus shahri, Qoraqalpogʻiston koʻchasi 24-uy manzilida joylashgan binoga tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirilsin.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi zarurat boʻlganda Filialning toʻlaqonli faoliyat yuritishi uchun uni qoʻshimcha bino va inshootlar, yer maydonlari bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Filialga xizmat safariga yuborilgan pedagoglar va ularning oila aʼzolarini pedagoglar Filialda ishlagan davrda turar joy bilan taʼminlash, ularning farzandlarini maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga joylashtirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirsin.

9. Quyidagilar Filialning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlarining grantlari;

qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining 2019-yil va undan keyingi yillarga moʻljallangan parametrlarini shakllantirishda Filialni saqlash xarajatlari uchun mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin;

Filialga 2 ta, shu jumladan, 1 ta shaxsiy va 1 ta navbatchi avtotransport vositasini saqlashga limit ajratilishini taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining asoslangan hisob-kitoblariga binoan 2020-yil va keyingi yillar uchun Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirish davlat dasturlarini shakllantirishda Filial oʻquv binosini rekonstruksiya qilish, yangi vivariy hamda klinika bino va inshootlarini qurish, oʻquv-laboratoriyalari va axborot-kommunikatsiya texnologiyalari vositalari bilan jihozlash boʻyicha loyihalarning belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda Filialda axborot va multimedia uskunalari qoʻllanilgan, shu jumladan, masofadan oʻqitishni nazarda tutgan holda zamonaviy taʼlim texnologiyalarini joriy etish boʻyicha aniq tadbirlar rejasini bir hafta muddatda ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Davlat veterinariya qoʻmitasi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat veterinariya qoʻmitasi raisi vazifasini bajaruvchi B.T. Norqobilov va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi Q.R. Sariyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 13-noyabrdagi 926-son qaroriga 1-ILOVA

Samarqand veterinariya meditsinasi instituti Nukus filialining

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 13-noyabrdagi 926-son qaroriga 2-ILOVA

Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Nukus filialida bakalavrlar tayyorlash boʻyicha taʼlim yoʻnalishlari

T/r Yoʻnalish shifri Taʼlim yoʻnalishi 2019/2020oʻquv yili uchun 1. 5410604 Zooinjeneriya: yilqichilik va tuyachilik 2. 5410607 Zooinjeneriya: baliqchilik 3. 5440101 Veterinariya meditsinasi (yirik shoxli mollar kasalliklari) 2020/2021oʻquv yilidan boshlab * 4. 5440300 Veterinariya diagnostikasi va laboratoriya ishlari 5. 5440105 Veterinariya meditsinasi (parranda kasalliklari) 6. 5410601 Zooinjeneriya: qoramolchilik 2021/2022oʻquv yilidan boshlab * 7. 5410603 Zooinjeneriya: qorakoʻlchilik 8. 5440400 Veterinariya sanitariya ekspertizasi 9. 5440102 Veterinariya meditsinasi (mayda shoxli mollar kasalliklari)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 13-noyabr,

926-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 14.11.2018-y., 09/18/926/2184-son)

lex.uz