UzbekAI

← Qonunlar

📅 2017-yil 28-iyul · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2017 йил 28 июль · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 июля 2017 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 July 2017 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойилларини ҳаётга жорий этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган тарғибот тизими шаклланди. Бу жараёнда Республика Маънавият тарғибот маркази, унинг жойлардаги тузилмалари ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан муайян ишлар амалга оширилганини қайд этиш лозим.

Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, унинг фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Хусусан, оила, маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, чекка ҳудудлар ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан мақсадли ғоявий-тарбиявий ишларнинг юзаки тарзда олиб борилаётгани, жиноятчилик, диний экстремизм ва террористик ҳаракатларга адашиб қўшилиб қолиш, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш, оилавий ажралишлар каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларининг аксарият ҳолларда кутилган натижани бермаётгани бу масалаларга жиддий эътиборни талаб этмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида энг аввало, давлат бошқарув органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳалқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган.

Ана шу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг билим ва малакасини изчил ошириб бориш, туман (шаҳар) даражасидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг барқарор тизимини йўлга қўйиш, соҳада фаолият олиб бораётган муассаса ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарасини ошириш мақсадида:

1. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Республика Маънавият тарғибот маркази хамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат марказини (кейинги ўринларда — Марказ деб аталади) қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Марказ фаолиятини ташкил этишда қуйидаги асосий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ва изчил амалга ошириш, бу борада кенг жамоатчилик, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат «Маърифат» тарғиботчилар жамиятини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш;

дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, «оммавий маданият», наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш;

жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар — эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

миллий ғояни юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш, бунёдкорлик руҳини ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантириш, эртанги кунга ишонч туйғуларини кучайтириш;

тарғибот-ташвиқот ишларида аҳолининг ҳудудий, касбий ҳамда ёш ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мутаносиб, мақсадли ва мазмунли ёндашувни жорий этиш;

маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигининг илмий асосланган мониторингини таъминлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказишни мунтазам йўлга қўйиш;

ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, Интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш;

маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ушбу тоифани ижтимоий-иқтисодий фаоллаштиришда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларимиз ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Республика Маънавият ва маърифат кенгашига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари тегишли равишда ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қиладилар.

4. Қайта ташкил этилаётган Марказ Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши инобатга олинсин.

6. Марказ раҳбарига унинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Марказ раҳбари мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш шарт-шароитларига кўра — вазирга, Марказ раҳбарининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари — тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарига тенглаштирилади;

Марказ, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган иш ҳақи, мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш шартлари татбиқ этилади.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Марказ ҳамда «Тафаккур» ва «Маънавий ҳаёт» журналлари таҳририятини жойлаштириш учун бино ажратиш бўйича таклиф киритсин.

9. Марказ бир ой муддатда ўз Уставини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Республика Маънавият ва маърифат кенгашига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш учун зарур бўлган маблағларни 2017 йилда Ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;

Марказга 5 та автотранспорт воситасини, жумладан, 3 та хизмат кўрсатадиган, 1 та навбатчи ва 1 та махсус автобусни сақлаб туриш учун ҳамда Марказнинг ҳудудий бўлимларига жами 14 та хизмат кўрсатадиган автотранспорт воситасини сақлаб туриш учун лимит ажратсин.

11. Республика Маънавият ва маърифат маркази Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Марказ, ҳудудий бўлимлар ва бўлинмалар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

12. Марказ манфаатдор вазир ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти лекторлари фаолиятини молиялаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда Республика Маънавият ва маърифат кенгашига киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказни зарур телекоммуникациялар, Интернет ахборот тармоғига кириш ва телефон алоқаси, жумладан, ҳукумат телефон алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари икки ой муддатда Марказнинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмаларини белгиланган тартибда зарур хизмат хоналари, мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва Интернет тармоқлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида» 2006 йил 25 августдаги ПҚ-451-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Республика Маънавият ва маърифат маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х. Султонов, Р. Комилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 28 июль,

ПҚ-3160-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Qarori

Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish va sohani rivojlantirishni yangi bosqichga koʻtarish toʻgʻrisida

Mustaqillik yillarida mamlakatimizda jamiyat hayotining maʼnaviy-maʼrifiy asoslarini mustahkamlash, milliy istiqlol gʻoyasining asosiy tushuncha va tamoyillarini hayotga joriy etish, yurtdoshlarimiz, ayniqsa, yosh avlod qalbida Vatanimiz taqdiri va kelajagi uchun daxldorlik va masʼuliyat hissini oshirish, yot gʻoyalarga qarshi mafkuraviy immunitetni kuchaytirishga yoʻnaltirilgan targʻibot tizimi shakllandi. Bu jarayonda Respublika Maʼnaviyat targʻibot markazi, uning joylardagi tuzilmalari hamda Milliy gʻoya va mafkura ilmiy-amaliy markazi tomonidan muayyan ishlar amalga oshirilganini qayd etish lozim.

Bugungi kunda dunyoda globallashuv jarayonlari kuchayib, tinchlik va barqarorlikka qarshi yangi tahdid va xatarlar tobora koʻpayib bormoqda. Bunday murakkab va tahlikali vaziyat sohada amalga oshirilgan ishlarni tanqidiy baholab, uning faoliyatini zamon talablari asosida takomillashtirishni taqozo etmoqda.

Xususan, oila, mahalla va taʼlim muassasalarida yoshlar tarbiyasi, chekka hududlar va mahallalarda uyushmagan yoshlar bilan maqsadli gʻoyaviy-tarbiyaviy ishlarning yuzaki tarzda olib borilayotgani, jinoyatchilik, diniy ekstremizm va terroristik harakatlarga adashib qoʻshilib qolish, milliy qadriyatlarga eʼtiborsizlik, erta turmush qurish, oilaviy ajralishlar kabi salbiy holatlarning oldini olishga qaratilgan targʻibot ishlarining aksariyat hollarda kutilgan natijani bermayotgani bu masalalarga jiddiy eʼtiborni talab etmoqda.

Mamlakatimizda qabul qilingan 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini yanada rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasida eng avvalo, davlat boshqaruv organlarining quyi boʻgʻinlari faoliyatini tubdan yaxshilash, ularning halq bilan muloqot qilishini taʼminlash, bu borada samarali ijtimoiy hamkorlik mexanizmini mustahkamlash ustuvor vazifa sifatida belgilab qoʻyilgan.

Ana shu maqsad va vazifalardan kelib chiqqan holda, maʼnaviy-maʼrifiy targʻibot ishlarining mazmun-mundarijasini tubdan yaxshilash, ularning koʻlami va miqyosini kengaytirish, tizimda faoliyat koʻrsatayotgan soha xodimlarining bilim va malakasini izchil oshirib borish, tuman (shahar) darajasidagi xodimlar mehnatiga haq toʻlashning barqaror tizimini yoʻlga qoʻyish, sohada faoliyat olib borayotgan muassasa va tashkilotlar ishini muvofiqlashtirish va ularning samarasini oshirish maqsadida:

1. Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat kengashining Respublika Maʼnaviyat targʻibot markazi xamda Milliy gʻoya va mafkura ilmiy-amaliy markazini birlashtirish yoʻli bilan ularning negizida Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazini (keyingi oʻrinlarda — Markaz deb ataladi) qayta tashkil etish haqidagi taklifi maʼqullansin.

2. Markaz faoliyatini tashkil etishda quyidagi asosiy vazifalarga alohida eʼtibor qaratilsin:

mamlakatimizda amalga oshirilayotgan ijtimoiy-iqtisodiy islohotlar, qabul qilinayotgan qonun hujjatlari, davlat dasturlarining mazmun va mohiyatini aholining keng qatlamlariga yetkazishga qaratilgan targʻibot ishlarini tizimli va izchil amalga oshirish, bu borada keng jamoatchilik, olimlar, mutaxassislar, ijodkor ziyolilardan iborat “Maʼrifat” targʻibotchilar jamiyatini shakllantirish hamda uning faoliyatini doimiy asosda yoʻlga qoʻyish;

dunyoda yuz berayotgan murakkab geosiyosiy va gʻoyaviy-mafkuraviy jarayonlarning mazmun-mohiyatini har tomonlama chuqur yoritib borish, terrorizm, diniy ekstremizm, aqidaparastlik, separatizm, odam savdosi, “ommaviy madaniyat”, narkobiznes va boshqa tahdidlarga qarshi samarali gʻoyaviy kurash olib borish;

jamiyatimizning barqaror rivojlanishiga toʻsqinlik qilayotgan ichki tahdidlar — el-yurt taqdiriga loqaydlik, mahalliychilik, urugʻ-aymoqchilik, oilaviy qadriyatlar va yoshlar tarbiyasiga eʼtiborsizlik kabi holatlarga barham berishga qaratilgan kompleks tadbirlar tizimini ishlab chiqish va amalga oshirish;

milliy gʻoyani yurtimizda yashayotgan barcha millat va elatlar, ijtimoiy toifa vakillari oʻrtasida keng targʻib etish, bunyodkorlik ruhini yalpi ijtimoiy harakatga aylantirish, ertangi kunga ishonch tuygʻularini kuchaytirish;

targʻibot-tashviqot ishlarida aholining hududiy, kasbiy hamda yosh hususiyatlarini hisobga olgan holda mutanosib, maqsadli va mazmunli yondashuvni joriy etish;

maʼnaviy-maʼrifiy targʻibot ishlari samaradorligining ilmiy asoslangan monitoringini taʼminlashga qaratilgan sotsiologik tadqiqotlar oʻtkazishni muntazam yoʻlga qoʻyish;

yoshlarda sogʻlom dunyoqarash, jumladan, kitobxonlik koʻnikmasini shakllantirish, Internet, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan oqilona foydalanish madaniyatini oshirish, ularda gʻoyaviy va axborot xurujlariga qarshi mafkuraviy immunitetni kuchaytirish;

mahallalarda uyushmagan yoshlar bilan ishlash, ushbu toifani ijtimoiy-iqtisodiy faollashtirishda jamoat tashkilotlari bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish;

xalqimizning tarixiy merosi, urf-odatlari va milliy tarbiya anʼanalarini asrab-avaylash, keng aholi qatlamlari, ayniqsa, yoshlarimiz oʻrtasida dinlararo bagʻrikenglik, millatlararo totuvlik va oʻzaro mehr-oqibat muhitini mustahkamlash boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqish va joriy etish.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat kengashiga, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tumanlar (shaharlar) hokimlari tegishli ravishda hududiy kengashlarga jamoatchilik asosida raislik qiladilar.

4. Qayta tashkil etilayotgan Markaz Respublika Maʼnaviyat targʻibot markazi hamda Milliy gʻoya va mafkura ilmiy-amaliy markazining barcha huquq va majburiyatlari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanishi inobatga olinsin.

6. Markaz rahbariga uning tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy soni doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

Markaz va uning hududiy boʻlimlari hamda boʻlinmalari faoliyatini moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, shuningdek, qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi;

Markaz rahbari maqomi, maishiy taʼminoti, tibbiy va transport xizmatidan foydalanish shart-sharoitlariga koʻra — vazirga, Markaz rahbarining birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosari — tegishli ravishda vazirning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosariga tenglashtiriladi;

Markaz, uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boʻlimlari xodimlariga davlat boshqaruvi organlari xodimlari uchun belgilangan ish haqi, mukofotlash va moddiy yordam koʻrsatish shartlari tatbiq etiladi.

8. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Xususiylashtirilgan korxonalarga koʻmaklashish va raqobatni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga Markaz hamda “Tafakkur” va “Maʼnaviy hayot” jurnallari tahririyatini joylashtirish uchun bino ajratish boʻyicha taklif kiritsin.

9. Markaz bir oy muddatda oʻz Ustavini ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat kengashiga kiritsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

ushbu qarorni amalga oshirish bilan bogʻliq sarf-xarajatlarni moliyalashtirish uchun zarur boʻlgan mablagʻlarni 2017-yilda Ijtimoiy soha boʻyicha tasdiqlangan budjet parametrlari doirasida ajratsin, 2018-yildan boshlab esa — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutsin;

Markazga 5 ta avtotransport vositasini, jumladan, 3 ta xizmat koʻrsatadigan, 1 ta navbatchi va 1 ta maxsus avtobusni saqlab turish uchun hamda Markazning hududiy boʻlimlariga jami 14 ta xizmat koʻrsatadigan avtotransport vositasini saqlab turish uchun limit ajratsin.

11. Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi hamda Moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Markaz, hududiy boʻlimlar va boʻlinmalar xodimlarining mehnatiga haq toʻlash boʻyicha yagona tarif setkasini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

12. Markaz manfaatdor vazir va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda “Maʼrifat” targʻibotchilar jamiyati lektorlari faoliyatini moliyalashtirish yuzasidan takliflarni ishlab chiqsin hamda Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat kengashiga kiritsin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Markazni zarur telekommunikatsiyalar, Internet axborot tarmogʻiga kirish va telefon aloqasi, jumladan, hukumat telefon aloqasi bilan belgilangan tartibda taʼminlasin.

14. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tumanlar (shaharlar) hokimlari ikki oy muddatda Markazning hududiy boʻlimlari va boʻlinmalarini belgilangan tartibda zarur xizmat xonalari, mebel jamlanmasi, kompyuter texnikasi, aloqa vositalari va Internet tarmoqlari bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy gʻoya targʻiboti va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish toʻgʻrisida” 2006-yil 25-avgustdagi PQ-451-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

16. Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qonun hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar yuzasidan bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

17. Mazkur qarorning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchilari X. Sultonov, R. Komilov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2017-yil 28-iyul,

PQ-3160-son

lex.uz