📅 2018-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 22 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
«Ўзбеккино» Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда кино саноатини янада ривожлантириш, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1030-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 йил, 12-сон, 308-модда) билан тасдиқланган «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
3. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Ф.Ш. Зокиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 947-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Ўзбеккино» Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) мақоми, мақсади ва вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Кенгаш кинолойиҳаларни кўриб чиқиш, саралаш ва давлат ижтимоий гранти асосида фильмлар яратиш масалалари бўйича хулоса ва тавсия бериш ваколатига эга бўлган доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди.
3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
адабий сценарий — фильм эпизодларидаги кўриш ва овозли тасвирлар матнда ифода этиладиган, фильм ишлаб чиқариш талабларига мувофиқ бўлган ўзига хос тугал бадиий асар;
давлат ижтимоий гранти — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан фильмлар яратиш учун йўналтириладиган ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинадиган маблағлар ҳисобига танловлар асосида миллий фильмлар ишлаб чиқаришга мақсадли ажратиладиган маблағлар;
кинолойиҳа — фильмнинг адабий сценарийси, синопсиси, режиссёр сценарийси, фильм учун яратилган матнли ёки матнсиз мусиқа асари, тасвирга олиш жойи ва объектлар тўғрисидаги маълумотлар, тасвирга олиш гуруҳи, актёрлар таркиби, сарф-харажатлар сметаси, фильмнинг ишчи материаллари ва фильмни яратиш билан боғлиқ бўлган бошқа жараёнларни қамраб олувчи материаллар мажмуи;
режиссёр сценарийси — фильмни тасвирга олиш учун зарур бўлган барча деталлар акс эттирилган, режиссёрнинг тасвирга олиш майдончасида қулай ишлашига мослаштирилган сценарий;
синопсис — адабий сценарийнинг қисқача баёни ва сюжети мазмун-моҳияти;
талабгор — ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахс;
фильм — бадиий, бадиий-публицистик, хроникал-ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув, анимацион ёки бошқа шаклларда ижодий ғоя асосида яратилган, бир-бири билан боғлиқ бўлган тасвирларнинг овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз ёзиб олинган туркумдан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида қайд этилган, кўриб ва эшитиб идрок этиш учун мўлжалланган аудиовизуал асар.
2-боб. Кенгашнинг мақсади ва вазифалари
5. Миллий кинематографиянинг жамият ижтимоий-маданий ҳаётидаги ролини ошириш, ўзбек кино санъати қадриятларини асраш ва ривожлантириш, давлат ижтимоий гранти учун эълон қилинган танловнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, тақдим этилган кинолойиҳаларни бадиий-ижодий мезонлар асосида баҳолашнинг соғлом муҳитини яратиш Кенгашнинг мақсади ҳисобланади.
6. Қуйидагилар Кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:
фуқаролар, айниқса ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, ёт оммавий маданиятга қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қиладиган миллий фильмлар яратиш, ғоявий-бадиий даражаси юксак бўлган, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳорати етарли даражада сифатли бўлган кино маҳсулотларини ишлаб чиқиш учун танлов асосида соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш;
мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий фильмларнинг ғоявий, маънавий ва бадиий савиясини ошириш чораларини кўриш, киностудияларга зарур тавсиялар бериш ва уларнинг вакиллари учун семинарлар ўтказиш;
болалар ва ўсмир ёшларга мўлжалланган юқори савиядаги бадиий ва мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар ва юмористик киножурналлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, киноижодкорларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятига ижодий кўмаклашиш;
давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг йиллик ҳажмига нисбатан фоизда жанрлар бўйича квоталарни белгилаш;
давлат ижтимоий грантига мувофиқ яратиладиган фильмлар учун тақдим этилган кинолойиҳаларни ўрганиб чиқиш ва малакали баҳолаш натижасида энг яхшиларини саралаш ва уларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) томонидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириш бўйича тегишли хулосалар тайёрлаш;
миллий кинематография тизимида шаклланган энг яхши ижодий анъаналарни изчил давом эттириш, ёзувчилар, кинодраматурглар, режиссёрлар, операторлар, актёрлар ва бошқа ижодкорлар фаолияти самарадорлигини оширишда уларнинг хизматларидан унумли фойдаланиш;
кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ижодий фаолиятига кўмаклашиш;
томошабинларнинг талаб ва истакларини ўрганиш асосида фильмларнинг мавзу ва жанрларини шакллантириб бориш ва уларни киноижодкорларга тавсия этиш;
ҳар йили кейинги календарь йили бошлангунига қадар иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, фан, таълим ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг мазмунли кинофильмларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат ижтимоий гранти асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун устувор мавзулар рўйхатини шакллантириш ва уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.
3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Кенгаш ўз ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентликнинг йиллик ижодий режасини белгилаш, уни долзарб ижтимоий мавзулар ва давлат буюртмалари асосида бойитиб бориш;
Кенгаш муҳокамасига қўйилган ҳар бир кинолойиҳа юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдириш, лойиҳаларни рад этиш, уларни қайта ишлашга ёки ишлаб чиқаришга тавсия бериш;
давлат ижтимоий гранти асосида ишлаб чиқишга туширилган фильмларни тасвирга олиш босқичлари ва жараёнларини, шартномада белгиланган ҳар бир босқичи якунида тайёр маҳсулотнинг Кенгаш тасдиғидан ўтган режиссёр сценарийсига, сарф-харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослигини ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари якунланган фильмларни қабул қилиш;
фильмларни ишлаб чиқариш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни тузатиш юзасидан кино ишлаб чиқарувчиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш;
фильмни тасвирга олиш жараёнида тасвирга олинаётган материалнинг ҳақиқий мазмуни билан режиссёр сценарийси ўртасида тафовутлар аниқланган ҳолларда Агентлик раҳбариятига тегишли чоралар кўриш масаласида билдиришнома киритиш;
муайян мавзу бўйича икки ёки ундан ортиқ талабгорлар томонидан кинолойиҳа тақдим этилганида, Кенгаш томонидан энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилиш;
замонавий, тарихий ва турли ижтимоий долзарб мавзуларда фильмлар ишлаб чиқариш бўйича давлат грантларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилиш;
турли мавзуларда сценарийларни ва кинолойиҳаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан тавсиялар бериш.
Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Кенгаш:
кинематография соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этиши;
ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориши лозим.
Кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши ва натижадорлиги учун жавоб беради.
4-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
9. Кенгаш аъзолари таркиби ўн бир кишидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентлик бош директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
Кенгаш таркибига продюсерлар, адиблар, тарихчилар, кинооператорлар, режиссёрлар, кинопрокатчилар, кинотанқидчилар, психологлар, кинематография соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ва бошқа мутахассислар билан бирга Агентлик томонидан эълон қилинадиган танловнинг ишчи гуруҳи раҳбари киритилади. Зарур ҳолларда, Кенгаш ишига бошқа мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.
Кенгаш таркибига Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлардан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахсларнинг киришига ва уларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди
10. Кенгаш таркиби ҳар йили камида 15 фоиз ротация қилиш йўли билан янгиланиб борилади. Кенгаш йиғилишларида узрли сабабларсиз икки ёки ундан ортиқ маротаба иштирок этмаган, шунингдек, ўзининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан Кенгашнинг нормал иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган аъзолар Кенгаш аъзолигидан чиқарилиши мумкин. Кенгаш аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор Кенгаш раисининг билдиришномасига асосан Агентлик бош директори томонидан қабул қилинади.
11. Кенгаш йиғилишига Агентлик бош директори раислик қилади. Кенгаш раиси узрли сабабларга кўра иштирок этолмаган ҳолатларда йиғилишни у ваколат берган Кенгаш аъзоларидан бири бошқаради.
12. Кенгаш кинолойиҳаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш учун камида бир ойда бир марта чақирилади. Кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда Кенгаш ваколатли ҳисобланади.
13. Кенгаш аъзоси кўриладиган ҳар бир масала бўйича муҳокамада қатнашиш, зарурат туғилганда эксперт сифатида хулосаларини тақдим этиш, қарор қабул қилиш жараёнида овоз бериш ҳуқуқига эга.
14. Танловда қатнашган ижодий гуруҳнинг таркибида Кенгаш аъзоси ҳам қатнашган ҳолларда, у фақат ўзи тақдим қилган кинолойиҳа тақдимотида қатнашади, бироқ кинолойиҳа муҳокамасида ва қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши мумкин эмас.
15. Кенгаш ва унинг аъзолари томонидан қуйидаги ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилмайди:
Кенгашга тақдим қилинган кинолойиҳаларнинг муҳокамасида ижодкорларнинг шахсиятини камситиш;
кинолойиҳаларнинг қийматини сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш;
давлат ижтимоий грантига талабгор бўлган киностудияларга босим ўтказиш, уларни ноқонуний равишда танловдан четлатиш;
Кенгаш томонидан тасдиқланмаган ва расмий тус олмаган нотўғри ахборотларни тарқатиш.
16. Кенгаш аъзолари ҳар ойда Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдорида рағбатлантириб борилади.
5-боб. Кенгаш томонидан кинолойиҳаларни кўриб чиқиш
17. Кенгаш аъзолари Кенгашнинг навбатдаги йиғилишидан камида беш кун олдин хабардор қилинади ҳамда кўриб чиқиладиган сценарийлар нусхаси билан таъминланади. Бирор узрли сабаб билан йиғилишда қатнаша олмайдиган аъзолар йиғилиш ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинганидан сўнг дарҳол бу ҳақда Кенгаш раисини хабардор қилишлари шарт.
18. Кенгаш сценарийлар ва кинолойиҳаларни кўриб чиқишда қуйидагиларни ўрганиб чиқади:
сценарий ёки кинолойиҳаларда зўравонлик ва порнографиянинг тарғиб қилиниши ҳолатларининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;
мамлакатда хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка таҳдид қилувчи, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси ҳақида нотўғри ахборот тарқатилишини ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, адабий тил меъёрлари бузиб кўрсатилиши мумкин бўлган ҳамда тақиқланган лексикадан фойдаланилганлиги;
ўзига хос янги ижодий ғоя ва фикрлардан фойдаланилганлиги,
мавзунинг долзарблиги;
бадиий сифати ва сюжетнинг қизиқарлилиги;
кино тилининг ўзига хос услуби;
режиссёрлик топилмалари;
ижтимоий аҳамияти, тарбиявий йўналиши, маънавий ва умуминсоний қадриятларнинг тарғиб қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси халқларининг тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларининг ҳақиқатга мувофиқлиги;
Ўзбекистоннинг ўзига хос ижобий нуфузи кўрсатиб берилганлиги;
мамлакатда эркин демократик жамият қуриш йўлида юз бераётган ўзгаришлар ва реал ютуқлар, миллий мустақиллик ғоясининг моҳияти акс эттирилганлиги;
номзод сифатида кўрсатилган актёрларнинг бош рол ва асосий персонажларга мослиги;
фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағнинг асослантирилганлиги (фильм ишлаб чиқаришнинг тахминий харажатлари);
ариза берувчиларнинг шерикликда (ҳамкорликда) фильм ишлаб чиқаришга йўналтириладиган шахсий маблағлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар улуши;
фильмни ишлаб чиқаришга бошқа фильм яратилишини ташкил этувчи шахслар (продюсерлар) жалб қилинганлиги.
19. Кўриб чиқилган материаллар қайтариб берилмайди.
20. Кенгаш қарори йиғилишда иштирок этаётганларнинг очиқ овоз бериши йўли билан қабул қилинади. Ҳар бир Кенгаш аъзоси битта овоз ҳуқуқига эга.
Овоз бериш жараёнида тарафдорлар ва қаршилар сони тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
21. Кўриб чиқилган сценарий ва кинолойиҳалар Кенгаш баёни билан тасдиқланади.
Кенгаш баёнида кўриб чиқилган сценарий ва кинолойиҳалар юзасидан тегишли тавсиялар умумлаштирилади.
Кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади ва Кенгаш аъзолари томонидан имзоланганидан кейин Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.
22. Кенгаш қарорига асосан ишлаб чиқаришга туширилган кинолойиҳалар Агентликнинг бош директори буйруғи билан расмийлаштирилади.
23. Агентлик бош директори буйруғи ҳамда Кенгаш баёнидан кўчирма тавсиялар илова қилинган ҳолда кинолойиҳани тақдим этган студияга юборилади.
24. Агентлик кинолойиҳаларни танлаш тўғрисида Кенгаш қарор қабул қилганидан кейин ўн кундан кечиктирмасдан ариза берувчиларга танлов натижаси ҳақида хабар беради ва бу ҳақидаги ахборотларни белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
25. Кенгаш томонидан давлат буюртмаси бўйича киномаҳсулотни ишлаб чиқариш юзасидан шартномада белгиланган киномаҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи якунида тайёр маҳсулот режиссёр сценарийсига, харажатлар сметаси параметрларига, суратга олиш жараёнининг техник ва технологик талабларига мослиги ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши юзасидан баҳолангандан сўнг ушбу киномаҳсулот (унинг қисмлари) қабул қилинади.
26. Талабгорлар Кенгаш қароридан норози бўлган тақдирда, Агентликнинг бош директорига мурожаат қилишлари ёки қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 947-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1030-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш
1. 46-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«46. Агентликда таркиби продюсерлар, адиблар, тарихчилар, кинооператорлар, режиссёрлар, кинопрокатчилар, кинотанқидчилар, психологлар, кинематография соҳасидаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ва бошқа мутахассислардан иборат Бадиий кенгаш тузилади.
Бадиий кенгаш таркиби Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланади. Унинг таркибига Кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлардан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахсларнинг киришига ва уларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Бадиий кенгаш ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 ноябрь,
947-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
“Oʻzbekkino” Milliy agentligining Badiiy kengashi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy kinoindustriyani rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 24-iyuldagi PQ-3880-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, mamlakatda kino sanoatini yanada rivojlantirish, “Oʻzbekkino” Milliy agentligi Badiiy kengashining faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Oʻzbekkino” Milliy agentligining Badiiy kengashi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 28-dekabrdagi 1030-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-yil, 12-son, 308-modda) bilan tasdiqlangan “Oʻzbekkino” Milliy agentligi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish kiritilsin.
3. “Oʻzbekkino” Milliy agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish “Oʻzbekkino” Milliy agentligi bosh direktori F.Sh. Zokirov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-noyabrdagi 947-son qaroriga 1-ILOVA
“Oʻzbekkino” Milliy agentligining Badiiy kengashi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Oʻzbekkino” Milliy agentligi Badiiy kengashining (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) maqomi, maqsadi va vazifalari, huquqlari va majburiyatlari hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Kengash kinoloyihalarni koʻrib chiqish, saralash va davlat ijtimoiy granti asosida filmlar yaratish masalalari boʻyicha xulosa va tavsiya berish vakolatiga ega boʻlgan doimiy faoliyat koʻrsatuvchi kollegial organ hisoblanadi.
Kengash yuridik shaxs hisoblanmaydi.
3. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, boshqa qonun hujjatlariga hamda ushbu Nizomga amal qiladi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
adabiy ssenariy — film epizodlaridagi koʻrish va ovozli tasvirlar matnda ifoda etiladigan, film ishlab chiqarish talablariga muvofiq boʻlgan oʻziga xos tugal badiiy asar;
davlat ijtimoiy granti — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan filmlar yaratish uchun yoʻnaltiriladigan va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalardan olinadigan mablagʻlar hisobiga tanlovlar asosida milliy filmlar ishlab chiqarishga maqsadli ajratiladigan mablagʻlar;
kinoloyiha — filmning adabiy ssenariysi, sinopsisi, rejissor ssenariysi, film uchun yaratilgan matnli yoki matnsiz musiqa asari, tasvirga olish joyi va obyektlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, tasvirga olish guruhi, aktyorlar tarkibi, sarf-xarajatlar smetasi, filmning ishchi materiallari va filmni yaratish bilan bogʻliq boʻlgan boshqa jarayonlarni qamrab oluvchi materiallar majmui;
rejissor ssenariysi — filmni tasvirga olish uchun zarur boʻlgan barcha detallar aks ettirilgan, rejissorning tasvirga olish maydonchasida qulay ishlashiga moslashtirilgan ssenariy;
sinopsis — adabiy ssenariyning qisqacha bayoni va syujeti mazmun-mohiyati;
talabgor — tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, kinematografiya sohasida faoliyat koʻrsatayotgan yuridik shaxs;
film — badiiy, badiiy-publitsistik, xronikal-hujjatli, ilmiy-ommabop, oʻquv, animatsion yoki boshqa shakllarda ijodiy gʻoya asosida yaratilgan, bir-biri bilan bogʻliq boʻlgan tasvirlarning ovoz joʻrligida yoki ovoz joʻrligisiz yozib olingan turkumdan iborat boʻlgan, tegishli texnika vositalari yordamida qayd etilgan, koʻrib va eshitib idrok etish uchun moʻljallangan audiovizual asar.
2-bob. Kengashning maqsadi va vazifalari
5. Milliy kinematografiyaning jamiyat ijtimoiy-madaniy hayotidagi rolini oshirish, oʻzbek kino sanʼati qadriyatlarini asrash va rivojlantirish, davlat ijtimoiy granti uchun eʼlon qilingan tanlovning shaffofligi va xolisligini taʼminlash, taqdim etilgan kinoloyihalarni badiiy-ijodiy mezonlar asosida baholashning sogʻlom muhitini yaratish Kengashning maqsadi hisoblanadi.
6. Quyidagilar Kengashning vazifalari hisoblanadi:
fuqarolar, ayniqsa yosh avlodni jasorat va qatʼiyatlilik ruhida tarbiyalash, yot ommaviy madaniyatga qarshi immunitetni shakllantirishga xizmat qiladigan milliy filmlar yaratish, gʻoyaviy-badiiy darajasi yuksak boʻlgan, ssenariynavislik, rejissorlik va aktyorlik mahorati yetarli darajada sifatli boʻlgan kino mahsulotlarini ishlab chiqish uchun tanlov asosida sogʻlom raqobat muhitini yuzaga keltirish;
mamlakatimizda ishlab chiqarilayotgan milliy filmlarning gʻoyaviy, maʼnaviy va badiiy saviyasini oshirish choralarini koʻrish, kinostudiyalarga zarur tavsiyalar berish va ularning vakillari uchun seminarlar oʻtkazish;
bolalar va oʻsmir yoshlarga moʻljallangan yuqori saviyadagi badiiy va multiplikatsion va qisqa metrajli filmlar va yumoristik kinojurnallar ishlab chiqarilishini kengaytirish, kinoijodkorlarning mazkur yoʻnalishdagi faoliyatiga ijodiy koʻmaklashish;
davlat buyurtmasi boʻyicha ishlab chiqariladigan badiiy filmlarning yillik hajmiga nisbatan foizda janrlar boʻyicha kvotalarni belgilash;
davlat ijtimoiy grantiga muvofiq yaratiladigan filmlar uchun taqdim etilgan kinoloyihalarni oʻrganib chiqish va malakali baholash natijasida eng yaxshilarini saralash va ularni davlat budjeti mablagʻlari hisobidan “Oʻzbekkino” Milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda Agentlik deb ataladi) tomonidan toʻliq yoki qisman moliyalashtirish boʻyicha tegishli xulosalar tayyorlash;
milliy kinematografiya tizimida shakllangan eng yaxshi ijodiy anʼanalarni izchil davom ettirish, yozuvchilar, kinodramaturglar, rejissorlar, operatorlar, aktyorlar va boshqa ijodkorlar faoliyati samaradorligini oshirishda ularning xizmatlaridan unumli foydalanish;
kinematografiya sohasida faoliyat koʻrsatayotgan jismoniy va yuridik shaxslarning ijodiy faoliyatiga koʻmaklashish;
tomoshabinlarning talab va istaklarini oʻrganish asosida filmlarning mavzu va janrlarini shakllantirib borish va ularni kinoijodkorlarga tavsiya etish;
har yili keyingi kalendar yili boshlanguniga qadar iqtisodiyot, siyosat, madaniyat, sanʼat, fan, taʼlim hamda ijtimoiy hayotning boshqa sohalarida amalga oshirilayotgan yangilanishlar, shuningdek, aholining mazmunli kinofilmlarga boʻlgan real ehtiyojidan kelib chiqqan holda davlat ijtimoiy granti asosida milliy filmlar ishlab chiqarish uchun ustuvor mavzular roʻyxatini shakllantirish va ularni ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilish.
3-bob. Kengashning huquqlari va majburiyatlari
7. Kengash oʻz vakolati doirasida quyidagi huquqlarga ega:
Agentlikning yillik ijodiy rejasini belgilash, uni dolzarb ijtimoiy mavzular va davlat buyurtmalari asosida boyitib borish;
Kengash muhokamasiga qoʻyilgan har bir kinoloyiha yuzasidan fikr va mulohazalar bildirish, loyihalarni rad etish, ularni qayta ishlashga yoki ishlab chiqarishga tavsiya berish;
davlat ijtimoiy granti asosida ishlab chiqishga tushirilgan filmlarni tasvirga olish bosqichlari va jarayonlarini, shartnomada belgilangan har bir bosqichi yakunida tayyor mahsulotning Kengash tasdigʻidan oʻtgan rejissor ssenariysiga, sarf-xarajatlar smetasi parametrlariga, suratga olish jarayonining texnik va texnologik talablariga mosligini hamda boshqa talablarga rioya etilishi yuzasidan baholash hamda ishlab chiqarish ishlari yakunlangan filmlarni qabul qilish;
filmlarni ishlab chiqarish jarayonida yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni tuzatish yuzasidan kino ishlab chiqaruvchilarga tegishli koʻrsatma va tavsiyalar berish;
filmni tasvirga olish jarayonida tasvirga olinayotgan materialning haqiqiy mazmuni bilan rejissor ssenariysi oʻrtasida tafovutlar aniqlangan hollarda Agentlik rahbariyatiga tegishli choralar koʻrish masalasida bildirishnoma kiritish;
muayyan mavzu boʻyicha ikki yoki undan ortiq talabgorlar tomonidan kinoloyiha taqdim etilganida, Kengash tomonidan eng maqbul variant foydasiga yakuniy qaror qabul qilish;
zamonaviy, tarixiy va turli ijtimoiy dolzarb mavzularda filmlar ishlab chiqarish boʻyicha davlat grantlarini ajratish boʻyicha qarorlar qabul qilish;
turli mavzularda ssenariylarni va kinoloyihalarni koʻrib chiqish va ular yuzasidan tavsiyalar berish.
Kengash qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8. Kengash:
kinematografiya sohasini tartibga soluvchi qonun hujjatlariga, shuningdek, ushbu Nizomda belgilangan talablarga rioya etishi;
oʻz faoliyati toʻgʻrisidagi axborotlarni ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilib borishi lozim.
Kengash oʻziga yuklangan vazifalarning samarali bajarilishi va natijadorligi uchun javob beradi.
4-bob. Kengash faoliyatini tashkil etish
9. Kengash aʼzolari tarkibi oʻn bir kishidan kam boʻlmagan miqdorda shakllantiriladi hamda Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda Agentlik bosh direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Kengash tarkibiga prodyuserlar, adiblar, tarixchilar, kinooperatorlar, rejissorlar, kinoprokatchilar, kinotanqidchilar, psixologlar, kinematografiya sohasidagi nodavlat tashkilotlar vakillari va boshqa mutaxassislar bilan birga Agentlik tomonidan eʼlon qilinadigan tanlovning ishchi guruhi rahbari kiritiladi. Zarur hollarda, Kengash ishiga boshqa mutaxassislar ham jalb qilinishi mumkin.
Kengash tarkibiga Kengash tomonidan qabul qilinadigan qarorlardan bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlgan shaxslarning kirishiga va ularning tanlovda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi
10. Kengash tarkibi har yili kamida 15 foiz rotatsiya qilish yoʻli bilan yangilanib boriladi. Kengash yigʻilishlarida uzrli sabablarsiz ikki yoki undan ortiq marotaba ishtirok etmagan, shuningdek, oʻzining harakatlari yoki harakatsizligi bilan Kengashning normal ish faoliyatiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan aʼzolar Kengash aʼzoligidan chiqarilishi mumkin. Kengash aʼzoligidan chiqarish toʻgʻrisidagi qaror Kengash raisining bildirishnomasiga asosan Agentlik bosh direktori tomonidan qabul qilinadi.
11. Kengash yigʻilishiga Agentlik bosh direktori raislik qiladi. Kengash raisi uzrli sabablarga koʻra ishtirok etolmagan holatlarda yigʻilishni u vakolat bergan Kengash aʼzolaridan biri boshqaradi.
12. Kengash kinoloyihalarni koʻrib chiqish va baholash uchun kamida bir oyda bir marta chaqiriladi. Kengash aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda Kengash vakolatli hisoblanadi.
13. Kengash aʼzosi koʻriladigan har bir masala boʻyicha muhokamada qatnashish, zarurat tugʻilganda ekspert sifatida xulosalarini taqdim etish, qaror qabul qilish jarayonida ovoz berish huquqiga ega.
14. Tanlovda qatnashgan ijodiy guruhning tarkibida Kengash aʼzosi ham qatnashgan hollarda, u faqat oʻzi taqdim qilgan kinoloyiha taqdimotida qatnashadi, biroq kinoloyiha muhokamasida va qaror qabul qilish jarayonida ishtirok etishi mumkin emas.
15. Kengash va uning aʼzolari tomonidan quyidagi holatlar sodir etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
Kengashga taqdim qilingan kinoloyihalarning muhokamasida ijodkorlarning shaxsiyatini kamsitish;
kinoloyihalarning qiymatini sunʼiy ravishda oshirish yoki pasaytirish;
davlat ijtimoiy grantiga talabgor boʻlgan kinostudiyalarga bosim oʻtkazish, ularni noqonuniy ravishda tanlovdan chetlatish;
Kengash tomonidan tasdiqlanmagan va rasmiy tus olmagan notoʻgʻri axborotlarni tarqatish.
16. Kengash aʼzolari har oyda Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobiga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 1,41 baravari miqdorida ragʻbatlantirib boriladi.
5-bob. Kengash tomonidan kinoloyihalarni koʻrib chiqish
17. Kengash aʼzolari Kengashning navbatdagi yigʻilishidan kamida besh kun oldin xabardor qilinadi hamda koʻrib chiqiladigan ssenariylar nusxasi bilan taʼminlanadi. Biror uzrli sabab bilan yigʻilishda qatnasha olmaydigan aʼzolar yigʻilish oʻtkazilishi toʻgʻrisida xabardor qilinganidan soʻng darhol bu haqda Kengash raisini xabardor qilishlari shart.
18. Kengash ssenariylar va kinoloyihalarni koʻrib chiqishda quyidagilarni oʻrganib chiqadi:
ssenariy yoki kinoloyihalarda zoʻravonlik va pornografiyaning targʻib qilinishi holatlarining mavjudligi yoki mavjud emasligi;
mamlakatda xavfsizlik va ijtimoiy-siyosiy barqarorlikka tahdid qiluvchi, fuqarolar tinchligi, millatlararo va dinlararo totuvlikka raxna soluvchi holatlarning mavjudligi yoki mavjud emasligi;
Oʻzbekiston Respublikasi haqida notoʻgʻri axborot tarqatilishini hamda uning tarixiy, madaniy va maʼnaviy qadriyatlari, adabiy til meʼyorlari buzib koʻrsatilishi mumkin boʻlgan hamda taqiqlangan leksikadan foydalanilganligi;
oʻziga xos yangi ijodiy gʻoya va fikrlardan foydalanilganligi,
mavzuning dolzarbligi;
badiiy sifati va syujetning qiziqarliligi;
kino tilining oʻziga xos uslubi;
rejissorlik topilmalari;
ijtimoiy ahamiyati, tarbiyaviy yoʻnalishi, maʼnaviy va umuminsoniy qadriyatlarning targʻib qilinganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi xalqlarining tarixi, madaniyati, anʼanalari va urf-odatlarining haqiqatga muvofiqligi;
Oʻzbekistonning oʻziga xos ijobiy nufuzi koʻrsatib berilganligi;
mamlakatda erkin demokratik jamiyat qurish yoʻlida yuz berayotgan oʻzgarishlar va real yutuqlar, milliy mustaqillik gʻoyasining mohiyati aks ettirilganligi;
nomzod sifatida koʻrsatilgan aktyorlarning bosh rol va asosiy personajlarga mosligi;
film ishlab chiqarish uchun sarflanadigan mablagʻning asoslantirilganligi (film ishlab chiqarishning taxminiy xarajatlari);
ariza beruvchilarning sheriklikda (hamkorlikda) film ishlab chiqarishga yoʻnaltiriladigan shaxsiy mablagʻlari va (yoki) qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar ulushi;
filmni ishlab chiqarishga boshqa film yaratilishini tashkil etuvchi shaxslar (prodyuserlar) jalb qilinganligi.
19. Koʻrib chiqilgan materiallar qaytarib berilmaydi.
20. Kengash qarori yigʻilishda ishtirok etayotganlarning ochiq ovoz berishi yoʻli bilan qabul qilinadi. Har bir Kengash aʼzosi bitta ovoz huquqiga ega.
Ovoz berish jarayonida tarafdorlar va qarshilar soni teng boʻlgan taqdirda Kengash raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
21. Koʻrib chiqilgan ssenariy va kinoloyihalar Kengash bayoni bilan tasdiqlanadi.
Kengash bayonida koʻrib chiqilgan ssenariy va kinoloyihalar yuzasidan tegishli tavsiyalar umumlashtiriladi.
Kengash qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va Kengash aʼzolari tomonidan imzolanganidan keyin Kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi.
22. Kengash qaroriga asosan ishlab chiqarishga tushirilgan kinoloyihalar Agentlikning bosh direktori buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
23. Agentlik bosh direktori buyrugʻi hamda Kengash bayonidan koʻchirma tavsiyalar ilova qilingan holda kinoloyihani taqdim etgan studiyaga yuboriladi.
24. Agentlik kinoloyihalarni tanlash toʻgʻrisida Kengash qaror qabul qilganidan keyin oʻn kundan kechiktirmasdan ariza beruvchilarga tanlov natijasi haqida xabar beradi va bu haqidagi axborotlarni belgilangan tartibda ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi.
25. Kengash tomonidan davlat buyurtmasi boʻyicha kinomahsulotni ishlab chiqarish yuzasidan shartnomada belgilangan kinomahsulotlar ishlab chiqarishning har bir bosqichi yakunida tayyor mahsulot rejissor ssenariysiga, xarajatlar smetasi parametrlariga, suratga olish jarayonining texnik va texnologik talablariga mosligi hamda boshqa talablarga rioya etilishi yuzasidan baholangandan soʻng ushbu kinomahsulot (uning qismlari) qabul qilinadi.
26. Talabgorlar Kengash qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, Agentlikning bosh direktoriga murojaat qilishlari yoki qonunda belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-noyabrdagi 947-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 28-dekabrdagi 1030-son qarori bilan tasdiqlangan “Oʻzbekkino” Milliy agentligi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish
1. 46-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“46. Agentlikda tarkibi prodyuserlar, adiblar, tarixchilar, kinooperatorlar, rejissorlar, kinoprokatchilar, kinotanqidchilar, psixologlar, kinematografiya sohasidagi nodavlat tashkilotlar vakillari va boshqa mutaxassislardan iborat Badiiy kengash tuziladi.
Badiiy kengash tarkibi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda Agentlik tomonidan tasdiqlanadi. Uning tarkibiga Kengash tomonidan qabul qilinadigan qarorlardan bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlgan shaxslarning kirishiga va ularning tanlovda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Badiiy kengash oʻz faoliyatini Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan nizom asosida amalga oshiradi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 22-noyabr,
947-son