UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 22 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Идоралараро коллегиал органлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 28 августдаги ПФ-5527-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, идоралараро коллегиал органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 28 августдаги ПФ-5527-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан тузилган идоралараро коллегиал органлар тубдан қисқартирилганлиги ҳамда уларни оптималлаштириш чора-тадбирлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Идоралараро коллегиал органлар тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 948-сон қарорига ИЛОВА

Идоралараро коллегиал органлар тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом идоралараро коллегиал органларнинг (кейинги ўринларда коллегиал органлар деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек, коллегиал органлар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Коллегиал орган ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда идоралараро ҳамкорликни таъминловчи ҳамда ушбу орган ва ташкилотларга ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашувчи доимий ёки вақтинчалик жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатлашув органи ҳисобланади.

3. Коллегиал органлар ҳудудий тегишлилигига қараб республика ва ҳудудий миқёсида, шаклига кўра эса — комиссия, кенгаш, қўмита, ишчи гуруҳ ва бошқа кўринишдаги коллегиал органлар сифатида ташкил этилиши мумкин.

Коллегиал органларнинг шакли ва унинг ишчи органи мазкур органларга юклатилаётган вазифаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларда белгиланади.

4. Коллегиал органлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

5. Коллегиал органлар ўз фаолиятини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлиги мустақиллик, ўзига бўйсунувчи соҳада самарали фаолият юритиш ва вазифаларнинг лозим даражада бажарилиши учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги тамойилларига асосланади.

2-боб. Коллегиал органларнинг асосий вазифалари

6. Қуйидагилар коллегиал органларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзига юклатилган масалаларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро келишилган фаолият юритишини таъминлаш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган масалалар ва функцияларни бажариш борасида ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашиш;

идоралараро ҳамкорликни талаб қилган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, комплекс таҳлил қилиш ва ҳал қилиш учун ваколатли давлат органлари ва ташкилотларга асослантирилган таклифлар киритиш.

Коллегиал органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

3-боб. Коллегиал органларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

7. Коллегиал органлар ўзларига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул асосда олиш;

ўз ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро масалаларни ҳал этиш мақсадида таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларига тақдим этиш;

коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг вакилларини жалб этиш.

Коллегиал органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

8. Комиссия, кенгаш, қўмита сифатида ташкил этилган коллегиал органлар ўзлари ташкил этилган ҳужжатлар (ва) ёки улар тўғрисидаги низомлар асосида тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

9. Коллегиал органлар ўзларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, шунингдек, тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳамкорликнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.

4-боб. Коллегиал органларни ташкил этиш ва тугатиш

10. Республика ва ҳудудлараро миқёсидаги коллегиал органлар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, топшириқлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан, ҳудудлар миқёсидаги коллегиал органлар эса — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан ташкил этилади.

11. Коллегиал органларни ташкил этиш ҳақидаги қарорлар асосланган бўлиши, уларнинг таркиби эса барча аъзоларнинг самарали иштирокини таъминлайдиган даражада шакллантирилиши лозим.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларни киритишда коллегиал органларни ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига тушунтириш хатида ташкил этилиши таклиф этилаётган коллегиал органларга юклатилган вазифаларни шундай органни тузмаган ҳолда амалга ошириб бўлмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар тўлиқ асослантирилган бўлиши лозим.

12. Коллегиал органларни ташкил этишда қуйидагилар тақиқланади:

коллегиал органларга давлат-ҳокимият ваколатларини бериш, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

амалий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, давлат бошқарувида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўладиган коллегиал органларни ташкил этиш ва фаолият юритиши;

коллегиал органларга давлат органлари вазифа ва функцияларининг ўрнини эгаллашга, қабул қилинаётган қарорлар ва аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келувчи такрорловчи ва параллел функцияларни юклаш;

коллегиал органлар ишига уларнинг фаолият соҳасига бевосита алоқаси бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини жалб этиш;

коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, тегишли электрон реестрга киритилган шахсларни коллегиал органларнинг аъзоси сифатида киритиш.

13. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

14. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

15. Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан ташкил этилган ва раҳбари томонидан самарасиз фаолият юритаётган деб ҳисобланган коллегиал органлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур коллегиал органларни тугатиш тўғрисида тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига белгиланган тартибда таклиф киритади.

5-боб. Коллегиал органларни ташкил этиш заруратини асословчи мезонлар

16. Қуйидагилар коллегиал органларни ташкил этиш заруратини асословчи мезонлар ҳисобланади:

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро мувофиқлаштиришни талаб этувчи масалаларни кўриб чиқиш ва бажарилишини таъминлаш зарурати;

тармоқлараро, идоралараро ва ҳудудлараро масалаларни ҳал этиш учун таклифлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш зарурати;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш борасида уларга ташкилий-амалий, услубий, илмий ва бошқа жиҳатдан кўмаклашиш зарурати.

Мазкур бандда назарда тутилган мезонлар мавжуд бўлмаган ҳолларда коллегиал органларни ташкил этилишига йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

6-боб. Коллегиал органлар фаолиятининг самарадорлиги учун жавобгарлик ва натижадорликка доир талаблар

17. Коллегиал органлар раҳбарлари мазкур органлар фаолиятини ташкил этиш, юклатилган вазифалар ва функцияларни сифатли бажариш, таркибни янгилаб бориш, шунингдек, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилган ёки самарасиз фаолият юритилган ҳолларда уларни оптималлаштириш ёхуд тугатиш бўйича ўз вақтида тегишли давлат органлари ва ташкилотларига таклиф киритиш юзасидан шахсан жавобгардир.

18. Коллегиал органлар фаолиятининг натижадорлиги улар ташкил этилган пайтдан бошлаб биринчи йил якунлари бўйича қуйидаги мезонларга асосан уларнинг раҳбарлари томонидан баҳоланади:

коллегиал органларни ташкил этиш учун асос бўлган вазифаларнинг бажарилиши сифати;

коллегиал органларнинг ишида уларнинг барча аъзоларини самарали иштирокини таъминлаш.

7-боб. Якунловчи қоидалар

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органлар фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиб, баҳолаб боради ва таҳлил натижалари бўйича уларни келгусида қисқартириш ва оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди. Бунда бир йилдан узоқ муддат давомида фаолият юритмаган коллегиал органларни тугатиш масаласи мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

21. Республика миқёсидаги коллегиал органлар фаолияти устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, ҳудудлар миқёсидаги коллегиал органлар фаолияти устидан назорат эса — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 22 ноябрь,

948-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.11.2018 й., 09/18/948/2213-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Idoralararo kollegial organlar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Idoralararo kollegial organlarni tubdan qisqartirish va yanada optimallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 28-avgustdagi PF-5527-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, idoralararo kollegial organlar faoliyatining samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Idoralararo kollegial organlarni tubdan qisqartirish va yanada optimallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 28-avgustdagi PF-5527-son Farmoni bilan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati qarorlari bilan tuzilgan idoralararo kollegial organlar tubdan qisqartirilganligi hamda ularni optimallashtirish chora-tadbirlari belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Idoralararo kollegial organlar toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri oʻrinbosarlari hamda Oʻzbekiston Respublikasining adliya vaziri R.K. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-noyabrdagi 948-son qaroriga ILOVA

Idoralararo kollegial organlar toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom idoralararo kollegial organlarning (keyingi oʻrinlarda kollegial organlar deb ataladi) maqomi, asosiy vazifalari, huquqlari va javobgarligi, shuningdek, kollegial organlar faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Kollegial organ vakolatli davlat organlari va tashkilotlariga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni bajarishda idoralararo hamkorlikni taʼminlovchi hamda ushbu organ va tashkilotlarga tashkiliy-amaliy, uslubiy, ilmiy va boshqa jihatdan koʻmaklashuvchi doimiy yoki vaqtinchalik jamoatchilik asosida faoliyat yuritadigan maslahatlashuv organi hisoblanadi.

3. Kollegial organlar hududiy tegishliligiga qarab respublika va hududiy miqyosida, shakliga koʻra esa — komissiya, kengash, qoʻmita, ishchi guruh va boshqa koʻrinishdagi kollegial organlar sifatida tashkil etilishi mumkin.

Kollegial organlarning shakli va uning ishchi organi mazkur organlarga yuklatilayotgan vazifalarning xususiyatidan kelib chiqib kollegial organlarni tashkil etish toʻgʻrisidagi hujjatlarda belgilanadi.

4. Kollegial organlar oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga hamda boshqa qonun hujjatlariga amal qiladi.

5. Kollegial organlar oʻz faoliyatini amalga oshirishda davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.

Davlat organlari va tashkilotlarining idoralararo hamkorligi mustaqillik, oʻziga boʻysunuvchi sohada samarali faoliyat yuritish va vazifalarning lozim darajada bajarilishi uchun rahbarlarning shaxsiy javobgarligi tamoyillariga asoslanadi.

2-bob. Kollegial organlarning asosiy vazifalari

6. Quyidagilar kollegial organlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:

oʻziga yuklatilgan masalalarni oʻz vaqtida va samarali bajarilishini taʼminlash;

davlat organlari va tashkilotlarining oʻzaro kelishilgan faoliyat yuritishini taʼminlash;

vakolatli davlat organlari va tashkilotlariga yuklatilgan masalalar va funksiyalarni bajarish borasida tashkiliy-amaliy, uslubiy, ilmiy va boshqa jihatdan koʻmaklashish;

idoralararo hamkorlikni talab qilgan muammolarni oʻz vaqtida aniqlash, kompleks tahlil qilish va hal qilish uchun vakolatli davlat organlari va tashkilotlarga asoslantirilgan takliflar kiritish.

Kollegial organlarga qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalar ham yuklatilishi mumkin.

3-bob. Kollegial organlarning huquqlari va javobgarligi

7. Kollegial organlar oʻzlariga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:

oʻz vakolatiga kiradigan masalalarni hal etish uchun davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlaridan, mahalliy davlat hokimiyati organlaridan zarur axborotni belgilangan tartibda soʻrash va olish;

oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha zarur statistik axborotni davlat statistika organlaridan bepul asosda olish;

oʻz vakolatiga kiradigan masalalarda davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtirish;

tarmoqlararo, idoralararo va hududlararo masalalarni hal etish maqsadida takliflar ishlab chiqish va ularni vakolatli davlat organlari hamda tashkilotlariga taqdim etish;

kollegial organlar ishiga ularning faoliyat sohasiga bevosita aloqasi boʻlgan davlat organlari va tashkilotlarining vakillarini jalb etish.

Kollegial organlar qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

8. Komissiya, kengash, qoʻmita sifatida tashkil etilgan kollegial organlar oʻzlari tashkil etilgan hujjatlar (va) yoki ular toʻgʻrisidagi nizomlar asosida tegishli qarorlar qabul qilish huquqiga ega.

9. Kollegial organlar oʻzlariga yuklangan vazifalarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi, shuningdek, tarmoqlararo, idoralararo va hududlararo hamkorlikning samarali amalga oshirilishi uchun javob beradi.

4-bob. Kollegial organlarni tashkil etish va tugatish

10. Respublika va hududlararo miqyosidagi kollegial organlar qonunlar, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hujjatlari, topshiriqlari va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati qarorlari bilan, hududlar miqyosidagi kollegial organlar esa — mahalliy davlat hokimiyati organlari qarorlari bilan tashkil etiladi.

11. Kollegial organlarni tashkil etish haqidagi qarorlar asoslangan boʻlishi, ularning tarkibi esa barcha aʼzolarning samarali ishtirokini taʼminlaydigan darajada shakllantirilishi lozim.

Vazirliklar, idoralar, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kollegial organlarni tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflarni kiritishda kollegial organlarni tashkil etish toʻgʻrisidagi normativ-huquqiy hujjat loyihasiga tushuntirish xatida tashkil etilishi taklif etilayotgan kollegial organlarga yuklatilgan vazifalarni shunday organni tuzmagan holda amalga oshirib boʻlmasligi bilan bogʻliq holatlar toʻliq asoslantirilgan boʻlishi lozim.

12. Kollegial organlarni tashkil etishda quyidagilar taqiqlanadi:

kollegial organlarga davlat-hokimiyat vakolatlarini berish, qonunda belgilangan hollar bundan mustasno;

amaliy ahamiyatga ega boʻlmagan, shuningdek, davlat boshqaruvida, davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida byurokratizm, sansalorlik va boshqa maʼmuriy toʻsiqlarning yuzaga kelishiga sabab boʻladigan kollegial organlarni tashkil etish va faoliyat yuritishi;

kollegial organlarga davlat organlari vazifa va funksiyalarining oʻrnini egallashga, qabul qilinayotgan qarorlar va aniq natijalarga erishish uchun javobgarlikning susayishiga olib keluvchi takrorlovchi va parallel funksiyalarni yuklash;

kollegial organlar ishiga ularning faoliyat sohasiga bevosita aloqasi boʻlmagan davlat organlari va tashkilotlarini jalb etish;

korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda aybdor deb topilib, tegishli elektron reyestrga kiritilgan shaxslarni kollegial organlarning aʼzosi sifatida kiritish.

13. Hukumat qarori bilan tashkil etilgan va rahbari tomonidan samarasiz faoliyat yuritayotgan deb hisoblangan kollegial organlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi ularni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

14. Mahalliy davlat hokimiyati organlari qarori bilan tashkil etilgan va rahbari tomonidan samarasiz faoliyat yuritayotgan deb hisoblangan kollegial organlar boʻyicha mahalliy davlat hokimiyati organlari ularni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

15. Qonunlar, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hujjatlari bilan tashkil etilgan va rahbari tomonidan samarasiz faoliyat yuritayotgan deb hisoblangan kollegial organlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi mazkur kollegial organlarni tugatish toʻgʻrisida tegishlicha Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga belgilangan tartibda taklif kiritadi.

5-bob. Kollegial organlarni tashkil etish zaruratini asoslovchi mezonlar

16. Quyidagilar kollegial organlarni tashkil etish zaruratini asoslovchi mezonlar hisoblanadi:

tarmoqlararo, idoralararo va hududlararo muvofiqlashtirishni talab etuvchi masalalarni koʻrib chiqish va bajarilishini taʼminlash zarurati;

tarmoqlararo, idoralararo va hududlararo masalalarni hal etish uchun takliflar tayyorlash samaradorligini oshirish zarurati;

vakolatli davlat organlari va tashkilotlariga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni bajarish borasida ularga tashkiliy-amaliy, uslubiy, ilmiy va boshqa jihatdan koʻmaklashish zarurati.

Mazkur bandda nazarda tutilgan mezonlar mavjud boʻlmagan hollarda kollegial organlarni tashkil etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunda nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

6-bob. Kollegial organlar faoliyatining samaradorligi uchun javobgarlik va natijadorlikka doir talablar

17. Kollegial organlar rahbarlari mazkur organlar faoliyatini tashkil etish, yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni sifatli bajarish, tarkibni yangilab borish, shuningdek, yuklatilgan vazifalar va funksiyalar toʻliq bajarilgan yoki samarasiz faoliyat yuritilgan hollarda ularni optimallashtirish yoxud tugatish boʻyicha oʻz vaqtida tegishli davlat organlari va tashkilotlariga taklif kiritish yuzasidan shaxsan javobgardir.

18. Kollegial organlar faoliyatining natijadorligi ular tashkil etilgan paytdan boshlab birinchi yil yakunlari boʻyicha quyidagi mezonlarga asosan ularning rahbarlari tomonidan baholanadi:

kollegial organlarni tashkil etish uchun asos boʻlgan vazifalarning bajarilishi sifati;

kollegial organlarning ishida ularning barcha aʼzolarini samarali ishtirokini taʼminlash.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Adliya vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda har yili faoliyat yuritayotgan idoralararo kollegial organlar faoliyati samaradorligini tahlil qilib, baholab boradi va tahlil natijalari boʻyicha ularni kelgusida qisqartirish va optimallashtirish yuzasidan takliflar tayyorlaydi. Bunda bir yildan uzoq muddat davomida faoliyat yuritmagan kollegial organlarni tugatish masalasi majburiy tartibda koʻrib chiqilishi lozim.

20. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda javob beradilar.

21. Respublika miqyosidagi kollegial organlar faoliyati ustidan nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga, hududlar miqyosidagi kollegial organlar faoliyati ustidan nazorat esa — mahalliy davlat hokimiyati organlari zimmasiga yuklatiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 22-noyabr,

948-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 23.11.2018-y., 09/18/948/2213-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz